08 May 2014

Юбилей йилида ёшлар ташаббуси

Бахорий кайфият бу кун ҳаммага хамнафас бўлди.  Мафтункор рангларга  безатилган Ғофур Ғулом номидаги маъданият ва истироҳат боғи ўзгача тус олди.  Анъанага кўра, ЎҚЯО Жамияти Тошкент  шаҳар ташкилоти айнан шу боғда  Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати  куни ва  Биринчи Женева Конвенциясининг 150 йиллигига  бағишланган байрам тадбирини ташкил қилди.

Бу йилги байрам қўшалоқ бўлди. Шу кунларда Биринчи Женева Конвенциясига  150 йил тўлди. Боғ меҳмонларни – ХҚХҚ нинг Марказий Осиёдаги  минтақавий ваколатхонаси, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоатчилик идоралари вакилларини қарши олди. Тантана қаҳрамонлари сифатида республикамиз олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари иштирок этишди. Мусобақа мавзуси – Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи. Командалар томонидан моҳирлик билан ижро этилган саҳна асарлари, уларнинг “Қувноқлар ва зукколар” мулоқотларидаги фаол иштироки ёшларнинг чуқур билимга эга эканлигини билдирди.

Шу куни хиёбоннинг очиқ майдонида «Саломатликнинг ёш дўстлари» деб номланувчи мактаб санитария пости   жамоаларининг мусобақалари бўлиб ўтди. Бундай командалар Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва халқ таълими муассасалари ҳамкорлигида республикамизнинг барча мактабларида ташкил этилган. Уларнинг асосий вазифаси –  санитария-гигиена  билимларни тарғиб қилиш, ўқувчиларнинг ушбу билимларни ўзлаштиришидан иборат. Санитария постлари шунингдек, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, Халқаро Ҳаракат тўғрисида билимларни  тарҳиб қилиш бўйича биринчи бўғин саналади. Мазкур танловда туман босқичларимда ғолиб бўлган 11 та команда иштирок этди. Жюри аъзоларнинг якуний хулосасига кўра Бектемир туманидаги 190-мактаб санитария пости жамоаси ғолиб деб топилди ва диплом ҳамда қимматбаҳо совға билан тақдирланди.