//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2017 йил 18 январ куни Олмаота шаҳрида Марказий Осиёда табиий офатлар хавфини камайтиришнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган Консультатив конференцияси бўлиб ўтди. Форум ишида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг делегацияси ҳам иштирок этди.
Ушбу форум Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси томонидан “ДИПЕКО-9” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ташкил этилди. Маълумки, лойиҳа Европа Комиссиясининг Гуманитар Департаменти томонидан молиялаштириб келинмоқда.
Табиий офатларга муносабат кўрсатиш бўйича қонунчиликнинг миллий ва минтақавий даражада такомиллаштирилиши – конференциянинг муҳим мақсад ва вазифалари қаторидан ўрин олди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари минтақада табиий офатлар хавфини камайтиришга ёрдам беришда тайёргарлик кўриш ва турли соҳалардаги шериклар ўртасида тажриба алмашиш, минтақавий ҳамкорликнинг ўрни масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.
“Фавқулодда вазиятларда халқаро ёрдам кўрсатилишига ва дастлабки тиклаш ишларини амалга оширишда ёрдам кўрсатилишига кўмаклашиш ва уларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунни илгари суришга оид ишлар ҳақида маърузалар тингланди. Ушбу ҳужжат Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Парламентлараро Ассамблеяси томонидан қабул қилинган эди.
Форумда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг вакиллари ФВнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга оид амалга оширилаётган тадбирларга бағишланган тақдимотни ҳавола этишди. Учрашув давомида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси аъзолари томонидан махсус меморандумга имзо чекилди.