//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Янгиланиш, гўзаллик ва нафосат байрами – Наврўз азал азалдан энг қадимий миллий байрамимиз бўлиб келган. У инсонпарварлик, раҳмдиллик, ўзаро ёрдам ва олийҳимматлик каби абадий қадриятларни ўзига жо этганлиги учун ҳам ҳаммамиз учун қадрлидир. Бу баҳорий байрам ўзининг инсонпарварлик руҳи билан ҳар бир кишининг қалбига яқин. Наврўз ғоялари бу йил ўзининг 92 ёшини нишонлаётган мамлакатимизнинг энг кекса гуманитар ташкилоти – Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг.
Биз бу санани кучли кадрлар салоҳияти, ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кўп томонлама фаолиятимиз билан қарши оламиз. Алоҳида мамнуният билан Миллий Жамиятимиз Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси томонидан юқори даражада баҳолаганлигини таъкидламоқчиман. “Сизнинг Жамиятингиз барча мезонларга жавоб беради ва илғор 50 та Миллий Жамиятлар қаторида турибди” – дейилади ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг мактубида. Ташкилотимизнинг аҳолини ФВ юз берганда биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш, Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини тарғиб қилиш, кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантириш йўналишларида олиб бораётган фаолияти экспертларнинг ижобий баҳосини олди. Бунда Миллий Жамиятимизнинг ҳар бир аъзосининг ҳиссаси беқиёс.
Кириб келган 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Демак, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятида қарамоғимиздагиларга манзилли ёрдам кўрсатишга, кўп болали оилаларга моддий ва маънавий кўмаклашишга, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга, оилада тиббий маданиятни оширишга, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилади. Кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш учун Жамиятимизда кучли ва ишончли салоҳият мавжуд.
Баҳорнинг шундай ёруғ кунларида оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат, мустаҳкам соғлик-омонлик тилайман. Хонадонингиздан файзу барака аримасин!