23 Sen 2016

Биринчи ёрдам

2016 йил 21-23 сентябр кунлари Тел-Авив шаҳрида (Исроил) Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг Европа Минтақавий Ваколатхонаси, Норвегия Қизил Хочи ва Исроилнинг Маген Давид Адом хизмати томонидан ташкил этилган “Оммавий кўнгилсиз ҳалокатлар пайтида биринчи ёрдам кўрсатиш” мавзуида ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Ушбу халқаро форумда Европа ва Осиёдаги 20 дан ортиқ Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Миллий жамиятларининг вакиллари иштирок этдилар. Ўзбекистон ҚЯО Миллий жамияти номидан тиббий-ижтимоий ёрдам бўлими бошлиғи С.Умаров иштирок этди. Учрашув давомида инсонпарварлар азият чекканларга госпиталгача бўлган даврда Биринчи ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларнинг оқибатини бартараф қилишга жалб этилган хизматлар – қутқарувчилар, ёнғинни ўчирувчилар, врачлар, полициячилар, , хавфсизлик ходимлари, шахсий таркиб ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатини мувофиқлаштиришни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Маген Давид Адом, фарцуз, бельгия, герман Қизил Хочи ва турк Қизил Ярим ойи вакиллари ўз тақдимотларини намойиш этдилар.

Учрашув давомида ишчи гуруҳлари ташкил этилди, уларда қатнашчилар ўзлари тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Ўзбекистон томони йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш” ҳақидаги Қарорини амалга ошириш бўйича ўз иш тажрибаси билан таништиришди. Қатнашчилар мамлакатимизда санитар дружиналарини тузиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларнинг эҳтимоли бўлган фавқулодда вазиятларга тайёрланиши, ўқув юртларидаги санитар постларининг фаолияти, кўнгиллилар дружиналарини тузиш, Ўзбекистон ҚЯОЖда фавқулодда вазиятлардан азият чеккан аҳоли учун омборлар ва биринчи эҳтиёж моллари заҳиралари тизимини ташкил этиш ҳақидаги ахборотларни қизиқиш билан тингладилар.

Форум доирасида Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Биринчи ёрдам ва госпиталгача тез ёрдам Маркази раҳбари жаноб Эрик Бернес ва ЖССТ Европа минтақавий бюроси мувофиқлаштирувчиси Махеш Гуносекара, ҚХ ва ҚЯОЖ ХФ вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.