//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш устувор вазифалардан саналади. Низомга оид вазифаларни амалга ошириш мақсадида Наманган вилоят ташкилоти минтақадаги бир қатор ташкилот ва муассасалар билан шартномалар тузди.
Бугунги кунда аҳолини биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўқитиш бўйича комплекс дастур тадбирлари ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Жумладан, мониторинг бўйича ишчи гуруҳи томонидан “Наманган электр тармоқлари”, “Наманган телеком” акциядорлик компаниялари, “Ўзбекистон почтаси” АКнинг вилоят филиали, “Наманган автойўл”, “Норин-Сирдарё” ирригация тизими бошқармаси, “Сувоқава” ДУК билан шу хусусда музокаралар ўтказилди.
“Наманган автойўл” ва “Қамчиқ автойўл” ташкилотлари билан график асосида 200 та ишчини ўқитиш ҳақида икки томонлама шартномалар имзоланди. Шу кунгача ушбу ташкилотларининг 100 та ходими ўқув курсларини тугаллагани тўғрисида сертификатлар олишди. Йилнинг биринчи ярмида вилоятдаги 38 та ташкилот ва муассасаларнинг 1549 ходимлари ва ўқувчи ёшлар ўқитилди.
Санитар дружиналар фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўнгиллилар учун эҳтимолий техноген вазиятларга тайёрланиш бўйича тренинглар ташкил этилди. Волонтерлардан тузилган санитар дружиналарнинг “Қамчиқ” довонидаги ўқув тактик машғулотларда қатнашуви таъминланди. Бунинг учун Поп туман ташкилотларида ишлайдиган ёшлардан иборат дружиналар тузилди. Бундан ташқари, Наманган муҳандислик технология институти ректорати билан ушбу олий ўқув юрти талабалари ўртасида ФВга қарши Тезкор жамоасини тузиш ва уларни аҳоли орасида фуқаро муҳофазаси тадбирларига жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.