27 Mar 2015

Биринчи ёрдам: буни ҳамма билиши керак

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Қорақалпоғистон республикаси ташкилоти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири саналади. Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ бу малакани мактаб ўқувчиларидан тортиб, маҳалла аҳолиси, автомашина ҳайдовчилари, республика корхоналари ва ташкилотлари ходимларигача ўрганади.

Бугунги кунда минтақанинг шаҳар ва туманларида аҳолини биринчи ёрдамга ўргатиш бўйича 11 та марказ ташкил этилди. Уларда “Меҳр-шафқат” хизмати мутахассислари ва ходимлари аҳолини юқумли касалликлар профилактикаси, жароҳатланишдан огоҳлантириш, соғлом турмуш тарзи асослари, кексалар ва беморлар хонадонларига бориб ёрдам кўрсатиш малакаси, фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутишнинг дастлабки қоидаларига ўргатадилар.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Қорақалпоғистон республикаси ташкилоти томонидан “Чегара билмас шифокорлар” халқаро гуманитар ташкилоти ходимларини биринчи ёрдам кўрсатиш малакаларига ўргатишни ташкил қилди. ФВ бўйича юқори малакали тренер-мутахассислар – Қуролбой Давлетмуратов ва Давлетбой Калибаев шошилинч вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш малакалари бўйича амалий-ўқув курсларини ўташди. Жумладан, тана турли даражада куйган ҳолатларда, тери ва суяк жароҳат олганда, совуқ урганда, нафас йўллари бўғилишида ва ҳакозо ҳолатларда дастлабки ёрдам кўрсатиш қоидалари кўриб чиқилди.

Ўқув курслари давомида мавзуга оид видеороликлар намойиш этиб борилди. Ҳар бир сессия амалиёт малакасини, интерактив услубий ўқитишни мустаҳкамлаш ҳамда фавқулодда вазиятларда муаммони тезкор ҳал этиш машқлари билан якунланди.