07 May 2014

Ноёб фотосуратлар кўргазмаси

2014 йил 7 май куни Ёшлар ижодиёт саройида яна бир ажойиб тадбир бўлиб ўтди. Бу ерда Биринчи Женева Конвенциясига бағишланган фотокўргазма очилди. Мазкур кўргазмада сайёрамизнинг энг кекса гуманитар ташкилоти фаолияти ҳақида сўзловчи фотосуратлар ва фотоколлажлар намойиш этилди.

Кўргазмага таклиф этилган меҳмонлар қаторида сенаторлар, депутлар, дипломатик корпуслар вакиллари, ХҚХҚниг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбарлари ва мутахассислари ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари, вазирликлар ва идоралар, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

– Бугун эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлаётган фотосуратлар Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг узоқ йиллар давомидаги фаолияти ҳақида сўзлаб беради, – дейди ХҚХҚ Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раиси Жак Вилетта.

– Биз XIX, XX ва XXI асрларда олинган бир қанча тарихий ва замонавий фотосуратларни йиғдик. Кўргазма Халқаро ҳаракатнинг бир ярим асрдан ошиқ фаолияти давомида дуч келаётган вазифанинг қанчалик долзарблигини яна бир бор тасдиқлаб турибди. Бу – ажралишган оила аъзоларини қайта бирлаштириш, муҳтож одамларни қўллаб-қувватлаш, гуманитар ҳуқуқни қўллаб-қувватлаш ва ҳакозо.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти раиси Ҳ.Я.Каримов йиғилганларни тантанали сана билан табриклаб шундай таъкидлади:

– Мустақиллккка эришган илк йилларда Ўзбекистон Республикаси инсонпарварлик мазмун касб этувчи Халқаро шартномага, айнан 1949 йилдаги Женева Конвенциясига қўшилишида рамзий маъно мужассам. 1993 йил сентябрда мамлакатимиз Президентининг » Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тўғрисида»ги Фармойишига мувофиқ республика Парламенти Женева конвенциясига қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Кўргазма иштирокчилари намойишга қўйилган ноёб фотосуратларни мириқиб томоша қилишди. Уларда тоғларда, қуруқлик ва денгизда қизил рамзли байроқ билан миллионлаб волонтёрлар меҳнат қилаётгани акс эттирилган. Ҳар бир сурат ўзи билан йиллар залворини, инсонпарварлик ва эзгуликнинг ёрқин ифодасини намойиш этади.