//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги 650-сонли Қарорига мувофиқ маҳалла фуқаролар йиғинларида “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” марказларини тузиш белгиланган. “Фавқулодда вазиятлардан самарали ҳимояланиш аҳоли хавфсизлиги ва жамият барқарор ривожланишининг асосидир” номли Ижтимоий буюртмани бажариш борасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 20 та маҳалла тажриба тариқасида танлаб олиниб, “Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг бундай йиғма гуруҳларидан фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга махсус тайёрланган тажриба базаси сифатида фойдаланиш режалаштирилган.
Ушбу лойиҳа доирасида сентябр, октябрь ва ноябрь ойларида дастурга киритилган маҳаллаларнинг ҳар бирида Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Маҳалла фуқаролар йиғинлари, Қизил Ярим Ой Жамияти вакиллари иштирокида “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” йиғма гуруҳларини асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва аҳолига “Фавқулодда вазиятларда кўрсатиладиган биринчи ёрдам кўникмаларига ўргатиш”га оид семинарлар ўтказилди. Фуқароларнинг ўқитиш кўламини кенгайтириш мақсадида оилавий шифохоналар, патронаж ҳамширалари, маҳалла миқёсида тайёрланган тренер–инструкторлар ва ҚЯОЖ ходимлари иштирокида ҳар ойда 4 маротаба ўқитиш ишлари олиб борилди. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлардаги ФВларда талофат олиши мумкин бўлган хавфли манзилларнинг хариталари тузиб чиқилди.
Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича ўтказиладиган симуляцион ўқув машқларининг режалари Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси билан келишилиб, машғулот сценарийлари ишлаб чиқилди. 2018 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб 2019 йилнинг февраль ойига қадар Ижтимоий буюртмага киритилган ҳар бир МФЙда “Зилзила”, “Ёнғин” каби симуляцион ўқув машғулотлари ўтказилди. Машғулотларда ҳамкор ташкилотлардан туман ҳокимликлари, Тошкент шаҳар ФВБ, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, туман «Маҳалла» жамғармаси ҳамда иштирокчи маҳаллалар ҳудудида истиқомат қилувчи мактабгача, ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасалари тарбияланувчи болалар, ўқувчи ва ўқитувчилар иштирок этдилар.
Маҳаллий аҳоли билан “болалар боғчаси-мактаб-маҳалла” комплексида муайян хавфсиз жойларга шошилинч йиғилиш ва эвакуация қилиш бўйича ФВда ҳаракатланишга оид амалий машғулотлар ташкил этилиб, Биринчи Ёрдам кўрсатиш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди, маҳаллий жамоа аҳолисининг ФВда маҳаллий имкониятлар (потенциал) ва ресурслар билан мустақил ҳаракатланиш қобилияти текширилди ва амалиётдан ўтказилди.