//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан бир қатор ўзига хос ноёб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларнинг бири – ДИПЕКО-7 глобал лойиҳаси ўтган йилнинг ноябр ойида бошланган эди.
Ушбу лойиҳа аҳоли хабардорлигини ошириш ва болаларни ҳимоя қилишда кўмаклашиш орқали табиий офатлар хатари тўғрисида огоҳлантиришда аҳолининг салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Мазкур лойиҳа Европа инсонпарварлик масалалари бўйича Офиси (ЕСНО) ва «Save the Children Korea» (“Болаларни қутқаринг”) ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Уни рўёбга чиқаришда Ангрен шаҳри ва Тошкент вилояти Охангарон туманининг 20та мактаблари ва яна шунча маҳалла қўмиталари иштирок этмоқда.
Лойиҳа вазифаларига мувофиқ ушбу мактаблар таркибида 25-30та боладан иборат бўлган ФВга тайёрланиш Ёшлар клублари яратилди. Ўқув семинар ва тренинглар ўтказилиб, уларнинг давомида ўқувчилар турли офатлар юзага келганда ҳимояланиш асослари бўйича зарур кўникмаларга эга бўлдилар. Шу каби тадбирлар маҳалла қўмиталари аҳолиси билан ҳам ўтказилмоқда. Фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари қошида таркиби 15-20 кишидан иборат ФВга муносабат билдириш гуруҳлари ташкил этилган.
ДИПЕКО-7 лойиҳасини амалга ошириш доирасида бугунги кунда барча 20та мактаблар ўт ўчириш воситалари, ёритгич фонарлар, мегафонлар ва ФВга муносабат билдириш учун зарур бўлган бошқа анжомлар билан таъминланган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг сел босиши хавфи мавжуд бўлган ҳудудларида жойлашган 20та маҳалла қўмиталарига резинали этиклар, белкураклар ва рўй бериши эҳтимоли бор бўлган фавқулодда вазиятларга қарши курашиш учун бошқа керакли анжомлар топширилди.
Айни пайтда, лойиҳавий фаолият доирасида, мактаблар ва маҳаллалар учун эвакуация карталари, турли фавқулодда вазиятлар содир бўлганда мактабда тўғри йўналиш топиш учун махсус таниш белгилари ишлаб чиқилди ва ўқув юртидан чиқиш жойлари белгилаб қўйилди.
ДИПЕКО-7 лойиҳаси давом этмоқда. Келгусида ишлаб чиқилган ФВ сценарийси бўйича аҳоли ва мактаб ўқувчилари билан симуляцион ўқув машғулотларини ўтказиш ҳамда қўшимча равишда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича семинар ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.
Лойиҳа якунлангандан сўнг, яшовчилар ва оила аъзолари ўртасида ФВга тайёрланиш соҳасидаги билимларни янада тарқатиш ҳамда рўй бериши мумкин бўлган табиий офатларга аҳолининг тайёрлик даражасини ошириш мақсадида 500дан ортиқ нафар мактаб ўқувчиларини ва 300 дан зиёд маҳалла фуқароларини ўқитиш ва тайёрлаш режалаштирилмоқда.