24 Noy 2015

ОАВ вакиллари билан мулоқат

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг ташкил этилганига 90 йил тўлиши муносабати билан ОАВ вакиллари учун матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарлари, бўлим бошлиқлари, минтақавий ташкилотлар ходимлари қатнашди.

Ўзбекистон ҚЯОЖ раиси, профессор Ҳ.Ё. Каримов сўзга чиқди ва гуманитар ташкилотнинг кўп қиррали фаолияти ҳусусида маъруза қилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мустақиллик йилларида инсонпарварлик миссиясининг қонуний асослари яратилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 1992 йил Республика Президентининг “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ Миллий Жамиятга ижтимоий йўналиш бўйича давлат дастурини амалга оширишга кўмаклашувчи ташкилот сифатида муҳим вазифалар юкланди. Биргина охирги беш йилда кам таъминланган оилалар, ёлғиз пенсионерлар, ногиронларни қўллаб-қувватлаш учун бир ярим миллиард сўм маблағ сарфланди.

Инсонпарварлик ташкилоти “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини амалга оширишда ҳам фаол иштирок этиб келди. Йил бошидан буён кексаларга, кўмакка муҳтож ёлғиз кишиларга, уруш ва меҳнат фахрийларига 650 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. “Меҳр-шафқат” хизмати тиббиёт патронаж ҳамширалари томнидан 3500 нафар ёрдамга муҳтож ёлғиз кексаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Журналистлар томонидан матбуот конференцияси иштирокчиларига минтақаларда байрам тадбирларини ташкил этиш, халқаро алоқалар, давлат ва жамаотчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик, Олий Мажлис грантлари, маблағлар тўплаш ва тақсимлаш мавзуларида кўплаб саволлар берилди ва аниқ жавоблар олинди.