13 Fev 2018

Ҳамкорлик битими

2018 йил 13 февралда Миллий жамият марказий офисида Ўзбекистон Қизил Ярим ой Жамияти ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ўртасида 2018 йилда ҳамкорлик қилиш бўйича Келишув имзоланди. Ўзбекистон ҚЯОЖ ва ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

ХҚХҚ Жамият потенциалини мустаҳкамлаш ҳамда Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Халқаро ҳаракатининг Асосий тамойилларини илгари суриш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади. Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини тарқатиш, фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва улар юз берганда ҳаракат қилиш каби йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Масалан, Келишувга кўра фавқулодда вазиятларга тайёргарлик йўналиши бўйича аҳолини, айниқса болаларни маҳаллалар ва мактабларда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўқитиш, зарур қурилмаларни харид қилишга оид лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон ҚЯОЖ қошидаги офатларда ҳаракат қилувчи Миллий терма команда учун анъанавий дала йиғини, сув санитарияси ва ФВда логистика бўйича тренинг ташкил этилади ҳамда ФВ юз берганда заҳиралар тўлдирилади.

Амалга оширилувчи тадбирларда мамлакат ОАВ журналистларининг иштирок этиши кўзда тутилган. Келишув доирасида кўнгилли журналистлар учун ёзги лагер йиғини ташкил этилади.