//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тарихидаги нуфузли воқеалар тақвими бу йил яна бир сана билан бойиди. “Соғлом бола йили”да Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг бирданига иккита – Тошкент ва Фарғонада тиббий-ижтимоий марказлари ишга тушди.
Маълумки, Миллий Жамият фаолиятининг устувор йўналишларидан бири – давлат ва унинг органларига муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг кам таъминланган қатламига тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ёшларни инсонпарварлик рўхида тарбиялаш, ёлғиз ва кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Ўзбекистон ҚЯО Жамияти ташкилотларининг қошида очилган замонавий марказлар фаолияти ҳам шу каби аниқ манзилли ёрдам кўрсатишга йўналтирилади.
“Бунёдкор, 44-А”. Бу, “Инсонийлик” Республика ўқув методик маркази биносида жойлашган янги ижтимоий – тиббий марказининг манзили. Шинамлик, қулай иш тартиби, тажрибали ва малакали шифокорлар – янги муассаса фаолиятининг усуворлигидир. Бу ерда беморларга кенг кўламдаги тибий хизмат кўрсатилади.
– Биз биринчи навбатда Миллий Жамиятимиз қарамоғидаги инсонларга хизмат кўрсатамиз, – дейди бўлим раҳбари Нигора Исломбекова. – Улар невропотолог, терапевт, ЛОР-шифокор, стоматолог, кардиологлар томонидан бепул маслаҳат оладилар. Бу ерда шунингдек, УЗИ, ЭКГ- тезкор-ташхисдан ўтиш мумкин, физиотерапевт кабинети фаолият юритади.
Шунингдек, марказда ҳар бир истаган киши замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланган юқори малакали тиббий кўрикдан ўтиши ва тегишли даволаниш муолажаларини олишлари мумкин. Тез кунларда фитобар хизмати ҳам кўрсатилади.
Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Фарғона вилояти ташкилотининг тиббий-ижтимоий маркази Янги аср кўчасидаги кўркамгина бинода жойлашган.
– Марказ бизнинг “Меҳр-шафқат” тиббий-ижтимоий хизматимиз тузилмасига киради, – дейди бош шифокор Шуҳратжон Абдужалилов. – Ббу ерда ЭКГ, УЗИ кабинетлари ишлаб турибди, шифокор-терапевт, уролог, невропатолог ва физиотерапевт қабуллари ташкил этилган. Васийларимиз қаторида кекса ёшдагилар кишилар бўлгани учун геронтолог мутахассисларни ҳам ишга жалб этиш режалаштирилган. Стоматолог кабинети фаолият юритаяпти. Иккита палата, дам олиш хонасидан иборат кундузги стационар ташкил этилган.
– “Меҳр-шафқат” марказига келиш мен учун бир алоҳида воқеа, – дейди Галина Дик. – Менинг ўзим тиббиёт соҳасида меҳнат қилганман. Узоқ йиллар фельдшер бўлиб ишлаганман ва кекса кишининг саломатлиги мутахассис назоратида бўлиши қанчалик муҳим эканлигини яхши тушунаман.
– Инсонларга ғамхўрлик қилаётган, унинг тақдирига масъулият билан ёндошаётган бу фидоийлардан фақат миннатдормиз, – дейди яна бир васийликдаги Зулайхо Машрапова
Яқин келажакда маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда бошқа шаҳар ва туманлардан ҳам кекса қариялар қабули йўлга қўйилиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш чора-тадбирлари режалаштирилмоқда.