28 Iyn 2014

Ҳамиша бўл тайёр!

Ёзнинг иссиқ кунларининг бирида Тошкент вилоятинииг “Бурчмулла” соғломлаштириш оромгоҳида “Ёш қутқарувчилар куни” бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти минтақавий ташкилотларининг амалга ошириладиган лойиҳаларида ёш авлодни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган бир қатор дастурлар мавжуд.  “Соглом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида бўлиб ўтган “Ёш қутқарувчилар куни’’тадбирда қатнашган болалар учун унутилмас воқеа бўлди.

Таклиф қилинган меҳмонлар  қаторида – Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Темирйўл минтақавий ташкилоти ходимлари, офатларга қарши кураш Миллий жамоа аъзолари,  “Узтемирйулмаштаъмир” корхонасининг санитар дружинаси, ФВ Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этишди.

Уч юз нафардан ортиқ болалар қизиқарли ўқув-соғломлаштириш тадбирида қатнашдилар. Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамияти Ҳаракатининг ташкил этилиши ва фаолияти тариҳи, Темирйўл минтакавий ташкилоти лойиҳалари,   дастур доирасида амалга оширилган  ишлар билан танишдилар.

Волонтёрлардан  иборат офатларга қарши курашиш Миллий жамоа вакиллари болаларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича маҳорат дарсларини ўтказишди. Шунингдек, оромгоҳда дам олаётган 10 нафар ўғил ва 10 нафар қиз боладан иборат ёш қутқарувчи командаси ташкил этилди. Болалар шифокор етиб келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича эстафета ўйинида иштирок этишди. Улар противогаздан фойдаланиш, суяклари жароҳатланганларга  биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш амалларини бажаришди.