//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2015 йил Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Миллий Жамият ўз васийлари манзилларига медиатур ташкил этди. ЎҚЯО Жамияти Тошкент шаҳар ташкилоти вакиллари билан бирга “Маҳалла” радиоканали, “Пойтахт” информацион дастури ва “Тасвир” журнали ижодкорлари 100 ёшли кексалар хонадонларига ташриф буюришди.
– 100 ёшга кириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди, бу тақдирнинг инояти, – дейди Тошкент шаҳар Бекобод маҳалласида истиқомат қилувчи Абдумажид ота Ҳошимов. – Илоҳим юртимизга кўз тегмасин, фаровонлик аримасин элимиздан.
Табаррук ёшдаги отахоннинг тилаклари ижобат бўлсин, деймиз биз ҳам. Бу ёшда уларга аввало, эътибор керак, яхши хабарлар билан тез-тез ҳол-аҳвол сўраб туриш, асрга тенгдош ҳаёт хотираларидан тинглаш, кўнгилларини кўтариш лозим. Шу боис отахондан маҳаладошлар, ёшлар, таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда хизмат юзасидан оилаларга беғараз кўмаклашувчи инсонлар хабар олиб туришади.
Ўзбекистон ҚЯОЖ Учтепа туман ташкилоти “Меҳр-шафқат” хизмати мутахассислари ҳам Абдумажид ота Ҳошимовдан тез-тез хабар олиб туришади. Байрамлардагина эмас, бегим кунлари ҳам келиб, табаррук отахондан донишлик, шукроналик, ҳаёт сабоқларини олишади.
– Ҳар бир кўрган кунимизга қувониб, Яратганга шукрона айтиш керак, – дейди отахон – Уйғониб тонгни қарши олиш, бола-чақа, неваралар, яқинларингнинг дийдоридан қувониш ҳам бир иноят. Иш ҳам, дам олиш ҳам меъёрида бўлгани маъқул. Кўп ҳаракатда бўлиш, тоза луқма танноввул қилиш саломатликни мустаҳкамлайди. Хотиржамлик, яхши муомала умрни зиёда қилади.
Шу йил январь ойида отахон 100 ёшни қаршилади. У Жаҳон урушида бошдан оёқ қатнашиб омон қайтди. Кейин боғбонлик қилиб она заминда қанча мевали, манзарали дарахтларни ўстирди.
Аҳил Ҳошимовлар оиласининг саноғи ҳам катта – саккиз фарзанд, 36 невара, 93 эвара ва 43 чевара! Отахон меҳмонларни яхши кўради. – Уларни кўрсам, кўнглим кўтарилади, суҳбатлашсам дилим ёзилади, – дейди отахон.
Мана бугун ҳам Абдумажид ота журналистлар билан учрашув чоғида кўп воқеаларни ёдга оли. Яна бир бор уруш йилларини эслади, меҳнат, турмуш ва узоқ умр сирларидан ҳикоя қилди. Ҳаётида кўрган яхши кунларидан, айниқса юрт мустақиллигини кўришдек бахтга етказганидан бениҳоя ҳаяжонланиб сўзлади. Пойтахтдаги бениҳоя улкан янги қурилишлардан, ўзгаришлардан ҳайрона қолиб қувонишини айтди. Айниқса, неваралари билан “Минор” мажмуасига боргани ва олган тассуротларини ҳаяжонланиб қайта-қайта айтиб берди.
Навбатдаги учрашув манзили – Миробод туманидаги Афросиёб маҳалласи бўлди. Бу ерда ҳам Миллий Жамият васийларидан бири истиқомат қилади. Ариада Васильевна Александрова шу йилнинг февраль ойида юз ёшга тўлди. Тиббиёт соҳасида таълимни тугатиб, жаҳон урушида ҳам тиббиёт батальонида хизмат қилди. Кейинчалик узоқ йиллар ўзи таъкидлаганидек, оддий шифокор бўлиб ишлади. Юз ёшда ҳам нутқи тиниқ, гап-сўзи мулойим, фикр-мулоҳазалари ибратли. Очиғи, кўпчиликнинг ҳавас келади. Қўни- қўшнилар хабар олиб туриш билан бирга ҳануз унга мурожаат қилиб туришади. “Кексаликнинг ҳам ўз гашти бор, –дейди у. – ҳаётимдан, ҳозирги кунларимдан мамнунман”. Қалби дарё, меҳри баланд онахон инсонларга яхшилик қилишни эзгу амал деб билади. Эл бойлиги бўлган бундай табаррук кексаларимиз бор бўлсин.