25 Noy 2015

90 йил эзгулик йўлида

2015 йил 25 ноябрьда   Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Марказий офис биносида улуғ санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тантанали учрашувда вазирлик ва идоралар, ҳамкор ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, минтақавий ташкилотлар  фахрийлари ва ходимлари қатнашди. 

Фарахбахш қуёшли кун  байрам тантанасига ҳамоҳанг эди. Ён-атрофдан “Табриклаймиз! Байрамингиз билан!”  сингари қутловлар эшитиларди. Таклиф этилган меҳмонлар бир-бирларини қутлаш, мулоқотда бўлиш, янгиликлардан хабардор қилиш, ушбу йилдаги муваффақиятлари ҳақида сўзлаш учун ҳам  эртароқ ташриф буюрган.

Ўзбекистон ҚЯОЖ раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов учрашувни очиш давомида шундай таъкидлаб ўтди:

–Мамлактимздаги минглаб жамоатчилик ташкилотлари қаторида  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти алоҳида ижтимоий мақомга эгалиги билан ажралиб туради. У тиббий, хайрия ёрдамига муҳтож фуқароларга нисбатан раҳм-шавқат, инсонпарварлик вазифасини амалга ошира бориб, давлат органларига устувор ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ёрдамлашиб келади.   

“Кексаларни эъзозлаш йили” давлат Дастурини амалга ошириш учун Жамиятнинг барча минтақавий бўлинмалари катта ҳисса қўшдилар. Агар буни рақамларда ифодаласак,  Дастурнинг биргина иккита банди асосида олиб борилган ишларга 650 миллион сўм сарфланди.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари  Жак  Вилетта  йиғилганларни қутлуғ сана билан қутлар экан, шундай деди:

–Бизни мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради. Биз аҳолига фавқулодда вазиятларда  биринчи ёрдам кўрсатишни  ўргатиш, халқаро гуманитар   ҳуқуқини тарғиб этиш, беғараз донорлик  каби йўналишлар бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширамиз.

Учрашув давомида Жамият фахрийлари ва ходимлари номига кўплаб илиқ сўзлар билдирилди. Ҳар кунги иш соати васийлардан хабар олиш, кўнгилларини кўтариш, лозим бўлса ёрдам бериш билан бошланадиган мутахассислар ва волонтёрлар ана шундай ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир.  

Фидокорона меҳнатлари учун Миллий Жамиятнинг бир қатор ходимларига Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.  Учрашув  ўзига хос яна бир совға билан якунланди. Алишер Навоий номли театр шу куни қутлуғ тантана иштирокчиларини қабул қилди. Жаҳон мумтоз асарларидан бири – Чайковскийнинг “Уйқудаги малика” балети барча учун қувончли совға бўлди.