//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Дунёда ҳар йили 8 май санаси Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро куни сифатида кенг нишонланиб келмоқда. Ушбу кунда жаҳондаги энг кекса гуманитар ташкилотлардан бири – Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг асосчиси, швейцариялик гуманист, жамоат арбоби, тинчлик соҳасидаги Нобель мукофотининг биринчи соҳиби Анри Дюнан таваллуд топган. Ушбу муҳим санада бутун дунё бўйича беморларга, ногиронларга, кам таъминланган, муҳтож оилаларга мурувват ёрдамини кўрсатиш бўйича кенг кўламда хайрия акциялари ўтказилиши анъанага айланган.
24 май куни пойтахтимизнинг Ғ.Ғулом номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон ҚЯОЖ ва ҚЯОЖ Тошкент шаҳар ташкилоти томонидан ташкил этилган Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро кунига бағишланган “Мен Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро ҳаракатини севаман!” шиори остида маҳаллий ҳокимият органлари, таълим, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, талаба ва ўқувчилар, саховат уйлари тарбияланувчилари ҳамда кўнгиллилар иштирокида байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ҚЯОЖ ижрочи директори Э.А.Амиралиева ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Жан Жером Касабьянкалар байрам иштирок-чиларини муборакбод этдилар. “Нафис” чолғу оркестри, “Оловиддин” гуруҳи ҳамда олий ўқув юртлари, коллежлар, саховат уйлари тарбияланувчилардан ташкил этилган мусиқий ва ижодкор жамоаларнинг саҳнадаги чиқишлари тамошабинлар томонидан катта олқишларбилан кутиб олинди. Тантана иштирокчилари Жамиятнинг инсонпарварлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган потенциали билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Булар ичида жамоатчиликка тақдим этилган биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш учун ускуналар, аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва ўша пайтда ҳаракат қилишга ўргатувчи кўникмалар ва ҳ.к. бор эди.
Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – кўнгилли донорлик бўйича катта кўламдаги ишлардир. Тадбирларда “Республика қон қуйиш маркази” шифокорлари бригадаси ўзининг махсус мобил автомашинаси билан иштирок этдилар. Тантанали маросимда пойтахтимиз умумтаълим мактаблари “Саломатликнинг ёш дўстлари” санитария постлари ўртасидаги беллашувлар намойиш этилиб, мусобақа ғолиблари аниқланди. Гуманитар акция саховат уйлари ва интернатлар тарбияланувчиларига ҳамда кўнгиллиларга эсдалик совғаларини топшириш маросими билан якунланди.