20 May 2024

ХҚХҚ МИНТАҚАВИЙ ДИРЕКТОРНИНГ ТАШРИФИ

2024-йилнинг 17-20-май кунлари ХҚХҚнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Ариане Бауер хоним Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлди.

     

Бауер хоним 2008-йилдан буён ХҚХҚда ишлайди ва Озарбайжон, Украина, Марказий Африка Республикаси, Ироқ, Филиппин, Конго Демократик Республикаси, Чад ва Қирғизистондаги миссияларда катта тажрибага эга, шунингдек, ХҚХҚнинг Женевадаги бош қароргоҳида бошқарув тажрибасига ҳам эгадир.  У шунингдек, уч йил давомида Женевада Яқин ва Ўрта Шарқ бўйича операциялар координатори бўлиб ишлаган ва COVID-19 ишчи гуруҳининг бир қисми бўлган.

Ташрифнинг расмий қисми Қизил ярим ой жамияти штаб-квартирасида учрашувлар билан бошланди. Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти раиси Х.Я.Каримов ва жамият бош котиби Э.Амиралиева билан бўлиб ўтган батафсил суҳбатда ХҚХҚ Жамиятимизнинг энг содиқ ва ишончли ҳамкори эканлиги таъкидланди. Республикамиз мустақилликка эришган 90-йилларнинг бошларида ХҚХҚ бизни барча соҳаларда қўллаб-қувватлади. Айнан ХҚХҚнинг услубий кўмаги туфайли Ўзбекистон Қизил Ярим Ой халқаро қўллаб-қувватланди ҳамда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ярим Ой Ҳаракатига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. 30 йилдан ортиқ вақт давомида биз ҳамкорликда самарали ишладик ва бир кун ҳам ҳамкорликни тўхтатмадик.

Бауер хоним ва унга ҳамроҳ бўлган Минтақавий делегация раҳбари ўринбосари жаноб Жак Барберис ва ХҚХҚнинг бошқа ходимлари ўз режалаштирилган миссиясини амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси расмий идоралари вакиллари билан ҳам учрашдилар. Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.С.Сафоев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Х.Файзиева билан учрашувларда Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарият ҳам иштирок этди, жамиятимиз томонидан гуманитар соҳада давлатидораларига нисбатан ёрдамчи функциясини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти мақомини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва келгуси йилда жамият ташкил этилганининг 100 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.