27 Yan 2024

СУРХОНДАРЁДА ТРЕНИНГ

Жорий йилнинг 27 январ куни “Ёшлар фаоллиги ва волонтёрликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида жамиятнинг Сурхондарё вилояти ташкилоти томонидан Денов туманидаги 81-умумтаълим мактабида ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Машғулотлардан кўзланган мақсад ёшлар ва кўнгиллилар, қиз ва ўғил болалар, мактаб ўқувчиларини Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятига жалб этиш, уларни фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва табиий офатларда тўғри ҳаракатланишга тайёрлашдан иборатдир.

Ўқув машғулотида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Сурхондарё вилояти ташкилоти, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, туман соғлиқни сақлаш бўлими, Ички ишлар вазирлигининг туман бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирок этдилар.

Ўқув машғулотлари давомида ўқитувчилар ва талабалар Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракати тарихи ҳамда Ўзбекистон ҚЯОЖ тарихи ва фаолияти билан яқиндан танишдилар, лекин асосий масала зилзила содир бўлганда тўғри ҳаракат қилишни ўргатиш, бу вақтда бино ичида ҳаракатни ташкил этиш, эвакуация жараёнининг тартиби ва биринчи ёрдам кўрсатиш асосларини ўргатиш эди. Айни пайтда Сурхондарёдаги умумтаълим мактабларида жадвалга мувофиқ эвакуация дарсларини ташкил этиш ишлари давом этмоқда.