16 Apr 2021

ҚУВАСОЙДА ҚЎМОНДОНЛИК-ШТАБ ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ

2021 йил 13-15 апрел кунлари Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида шаҳар ҳокимининг буйруғига асосан қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу сафарги ўқув машғулотлар мавзуси зилзилага жавоб беришдан иборат бўлиб, мақсад аҳолининг фавқулодда вазиятларда ўзларига ва бошқаларга биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига эга бўлишига ишонч ҳосил қилиш, тиббиёт ходимлари, корхона ва ташкилотларнинг санитария дружиналари волонтерларини ушбу даҳшатли табиий офат оқибатларини бартараф этишга тайёрлашдан иборат эди. Мазкур машғулотларда Жамиятнинг Фарғона вилояти ташкилоти ходимлари ва кўнгиллилари энг фаол иштирокчилардан бўлдилар.

Тадбир ташкил этилган стадионда Ўзбекистон ҚЯОЖнинг чодирлар лагери жойлаштирилди, биринчи ёрдам пунктлари ташкил этилди, Жамият ходимлари ва кўнгиллилари жам бўлдилар.

Ўқув мaшғулотлaри режасига мувофиқ, ҳалокатли зилзила натижасида шаҳарнинг 1244 аҳолиси турли даражадаги жароҳатлар олишди. Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, уларни замбил ва бошқа қўлбола воситалар ёрдамида хавфсиз жойларга, тез тиббий ёрдам ва тиббиёт марказларига етказиш, Ўзбекистон ҚЯОЖ зиммасига юклатилди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҚЯОЖ Фарғона вилояти ташкилоти ходимлари, шунингдек, уларнинг «Кварц» ОAЖ қошида ташкил этилган санитария отряди волонтерлари ва 1-сонли мактабнинг 10 нафар ёш қутқарувчилари олдиларига қўйилган вазифани шараф билан бажара олдилар.