//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2013 йил 27 ноябрда Тошкент шаҳрида амалиётчи шифокорлар учун «Кенг жароҳатланишларда шошилинч тиббий ҳаракатлар» мавзуида уч кунлик ўқув курси ўз ишини бошлади. Ушбу ўқув амалиётини ташкилотчилари – Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий Ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий кўмагида амалга оширилди.
Амалиётчи шифокорлар учун шошилинч тиббий ҳаракатлар бўйича тренинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иккинчи марта ўтказилмоқда. Семинар ишида республиканинг барча вилоятларидан ташриф буюрган шошилинч ёрдам бўйича амалиётчи шифокорлар қатнашмоқдалар.
Ўқув курси давомида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро тоифадаги тренерлар кенг жароҳатланишлар сабабли касалланиш ва ўлим ҳолатларини камайтириш мақсадида беморларга қўлланиладиган стандарт ташхис қўйиш услублари ва терапевтик таомиллар бўйича маҳорат дарсларини ўтказдилар. Кенг жароҳатланишларда шошилинч тиббий ҳаракатлар бўйича мазкур семинар амалий ўқув курси ҳисобланади ва унинг жараёнида стандарт ташхис қўйиш ва терапевтик таомиллар қўлланилиб, айниқса, кенг жароҳатланган беморлар оммавий тартибда келиб тушаётган вазиятларда зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш хизматини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Уни ўтказишдан асосий мақсад бемор аҳволини дарҳол ва бехато баҳолаш, шошилинч ёрдам кўрсатишда устувор ҳаракатларни аниқлаш ва тўғри қарорларни қабул қилиш, кўп сонли жабрланганлар келиб тушганда уларни тўғри тақсимлашда тез тиббий ёрдам шифокорларининг назарий ва амалий билимларини ошириш ва мустаҳкамлашдан иборат.
Ўқув курсининг иккинчи ва учинчи кунлари стандарт ташхис қўйиш услублари ва касалланишни пасайтириш мақсадида мижозларга нисбатан қўлланиладиган терапевтик таомилларга бағишланади. Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг замонавий юқори технологик ускуналари ёрдамида ташхис қўйиш ва тез ёрдам кўрсатиш бўйича амалий кўникмалар ҳам профессионал маҳоратни оширишга хизмат қилади. Ўқув курси давомида мутахассислар олган маълумотлар фавқулодда вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тамойилларини аниқлашга, уларни тартибга солиш ва амалиётда муваффақиятли қўллашга замин бўлиб қолади.