20 Fev 2014

Стартовал новый проект

Янги лойиҳа амалга оширилмоқда 2014 йил 20 феврал куни Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг “Инсонийлик” республика ўқув методика марказида “Меҳнат миграцияси” лойиҳасининг амалиётига бағишланган “давра суҳбати” бўлиб ўтди.

Семинар ишида сенатор Ф.Ю.Абдурахимова, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти раиси Ҳ.Ё.Каримов, Тошкент шаҳар ташкилоти раиси У.Қ.Мухамедова, Миллий Жамият бўлим бошлиғи Т.С.Собитов, Тошкент шаҳар Бош бошқармалари раҳбар ва мутаҳассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этишди2013 йилда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятилари Федерацияси билан ҳамкорликда республикамизнинг тўртта вилоятида “Меҳнат миграцияси” лойиҳаси амалга оширила бошланди. Мазкур лойиҳа Европа Иттифоқи кўмагида амалга оширилмоқда.

Ўтган йилнинг ўзида лойиҳа доирасида 9та семинар, учрашув ва “давра суҳбатлари” ташкил этилиб, унда хокимликлар вакиллари, ҳамкор ташкилотлар мутаҳассислари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, олий ўқув юртлари раҳбарлари, махалла фаоллари иштирок этишди.
Тўпланган тажрибалар ва меҳнат миграцияси йўналишида аниқ меҳанизм ишлаб чиқиш хусусида навбатдаги йиғилишда сўз борди.

Мамлакатимизда меҳнат миграцияси масалалари Давлат сиёсати даражасига кўтарилган – деди ўз чиқишида сенатор Ф.Ю.Абдурахимова. Ҳамкор ташкилотлар билан мигрантларнинг ижтимоий химоялаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунда уларнинг хуқуқий саводҳонликни ошириш, молиявий кўмаклашиш масалалари мухим аҳамиятга эга.

Бир нарсани унутмаслигимиз керак – мигранталар оиласига қайтганидан кейинги фаолиятини тиклаш баробарида, фуқароларимизни чет элга кетишини олдини олиш масалаларини чуқурроқ ўйлашимиз керак. Бунда ёшлар масаласи алохида ўрин тутади. Яхши биласиз, колледж битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича Давлат дастури амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларимизга молиявий муассалалар томонидан кўмаклашиш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Яна бир жиҳат, ўқув юртини битириб, баъзи бир сабабларга кўра олган мутаҳассислиги бўйича ишламаётган ёш қизларимиз учун биз бепул ўқув курслари ташкил қилдик. Унда тикув, тўқув, пазандачилик курслари мавжуд бўлиб, ёшларимиз янги мутахассисликни ҳам эгаллашмоқда. Агарда ёшларимизни кўнглига ёқадиган иш билан боғлаб қўйсак, шароит яратиб берсак, чет элни орзу қилишни унутиши турган гап.

– Янги лойиҳа доирасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш, юқумли касалликларни олдини олиш, биринчи тиббий ёрдам масалалари бўйича турли хил семинар, тренинг, “давра суҳбатлари”ни ўтказиш режалаштирилган – деди ўз чиқишида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти раиси Ҳ.Ё.Каримов.- Бугунги кунда республикамизнинг тўрт вилоятида меҳнат мигрантлари учун ахборот ўқув марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Марказлар соғлом турмуш тарзи, юқумли касалликлар профилактикасини, рус тили ва компютер саводхонлигига ўргатиш каби йўналишларда, шунингдек ҳуқуқий, руҳий ва ижтимоий масалаларда ахборот – маслаҳат ёрдамини бериб келмоқдалар. Ёшларда мигрантларга нисбатан инсонпарварлик муносабатини тарбиялаш йўналишида ва ўз яқинларини йўқотган оилаларга уларни излаб топишда ёрдам бермоқдалар.

Кенг кўламли ишларни мақсадли бажариш учун Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат миграцияси республика агентлиги, вилоят ҳокимиятлари, шунингдек “Маҳалла”, «Нуроний, «Камолот», Республика хотин – қизлар Қўмитаси билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Шунингдек, мавзуга оид турли буклетлар, баннер, ахборот бюллетенлар тайёрланиб минтақавий ташкилотларга етказилди.