//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2014 йил 27 ноябрда Венгрия пойтахтида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Федерацияси Европа Офиси кўмагида аҳолининг кам ҳимояланган қатламига ёрдам кўрсатиш учун ресурсларни сафарбар этиш бўйича Минтақавий учрашув ташкил этилди.
Форум ишида МДҲ мамлакатлари Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари вакиллари билан бир қаторда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти вакиллари ҳам иштирок этди. Иштирокчилар томонидан аҳолининг кам ҳимояланган қатлами заруратлари ва эҳтиёжларига хайрия воситаларини тўплаш, шунингдек, Миллий Жамиятларда молиявий имкониятларни ва моддий-техник ресурсларни ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш борасидаги ишларни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув доирасида гуманитар ташкилотлар мутахассислари ўз мамлакатларида фандрайзинг тизимини ривожлантириш бўйича тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашишди ва хайрия маблағларини тўплашнинг янги усуллари ҳамда воситалари ҳақида сўзлаб беришди. Таъкидланганидек, кенг имкониятлар амалга оширилаётган инсонпарварлик фаолиятда юқори самарага эришишга йўналтирилган.
Форумда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти мутахассислари томонидан таклиф этилган Миллий Жамиятга аъзоликни ривожлантиришнинг муваффақиятли модели тўғрисидаги тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Уч кун давом этган учрашув якунида Миллий Жамиятларнинг донорлардан мустақил бўлишига эришиш мақсадида фандрайзингни ривожлантириш ва ўз молиявий ресурсларини ташкил этиш, ижтимоий секторда давлат лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда ўзининг кўмакчилик вазифасини самарали бажариш усуллари бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.