01 Yan 2017

Эътироф

Кириб келган янги йил Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти учун  яхши хушхабар билан бошланди. Ўзбекистон ҚЯОЖ 50 та энг яхши Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари орасида муносиб ўрин эгаллади. Ушбу кўрсатгич – Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси Минтақавий  ташкилотларни ривожлантириш Қўмитасининг дунёдаги мавжуд 190 Миллий Жамиятлар фаолиятини мониторинги натижасидир.

Миллий Жамиятлар рейтинги турли категориялар бўйича ХҚХ ва ҚЯОЖ Федерациясининг махсус комиссияси томонидан тасдиқланган қатор кўрсатгичлар асосида тузилади. Ушбу нуфузли ташкилот Қўмитаси раҳбари доктор Муктар Джалохнинг Ўзбекистон ҚЯОЖ раисига йўллаган расмий хатида таъкидланишича, бизнинг Жамиятимиз томонидан амалга оширилаётган гуманитар фаолият салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган хатти-ҳаракатлар ва ўзгартиришлар самарали натижаларга эришишга ёрдам берган.

Шуни қайд этиб ўтиш керакки, Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Халқаро Федерация томонидан эълон қилинган ахборот базаси рейтингига илк бор киритилди. Ушбу ижобий натижани аҳолига кўрсатилаётган ёрдам сифатини янада яхшилаш, барча йўналишларда амалга оширилаётган фаолиятимизни янада такомиллаштириш, келажакда Жамиятимизни муваффақиятли ва динамик ривожлантириш учун қўшимча рағбат сифатида қабул қилишимиз лозим.