04 Yan 2017

Илғор тажрибани ўрганамиз

Ушбу рукн остида    жойларда меҳнат қилаётган ходимларимизнинг  касб  маҳоратларини ошириш мақсадида  ўзининг бой тажрибасига эга бўлган ташкилотларимиз ҳақида ҳикоя қилиб борамиз.  Биринчи саҳифамизда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Тошкент шаҳар ташкилоти фаолияти билан таништирамиз. 1991 йилдан бери ушбу ташкилотга Умида Қобуловна Мухамедова раҳбарлик қилиб келадилар. 

-Бугунги кундаги раҳбар ўз касбини ҳақиқий устаси бўлган, юртимизнинг ёруғ келажагига интилаётган, жамиятнинг фаолиятини чуқур тушунадиган, тахлил қилиш қобилиятига эга, меҳнатсеварлик фазилати, ўз кучи, салоҳиятига таянган холда қатъият билан ишлашга қодир бўлган, ўзининг юриш туриши, берилган вазифаларни сидқидилдан бажаришда коллективга ўрнак бўладиган инсон бўлмоғи даркор.

Яхши биласиз, барча юклатилган вазифаларни жамоа бажаради. Коллективимизда 40 дан зиёд ходимимиз фаолият юритади. Кўп йиллик тажрибага эга бўлган, ишини сидқидилдан севадиган инсонлар булар.  Ҳар бирини ўз ўрни бор. Биз битта жамоамиз, ҳар доим бир биримизни қўллаб қувватлаймиз.  Сан салоликка умуман йўл қўйилмайди. Кейин, ҳар бир мутахассис бемалол ҳамкасбини ишини эплай олади. Бу деган сўз бирор бир сабаб билан ходим ишга келолмаса, бошқа мутахассис уни ишини тўлдириб бораверади.

Ташкилотимиз кадрлар захирасига ҳам алохида эътибор берилади. Оммани ўз орқасидан эргаштира оладиган, сўзи ўткир, талабчан, меҳнатсевар, чинакам инсоний фазилатларга эга бўлган кадрлар билан  шакллантирилиб борилади. Ҳар бир мутахассисга давлат сиёсати қонунлари, давлат дастурлари, Жамиятнинг барча ҳужжатларини юксак даражада бажариш ёки бажаришда ҳисса қўшиш мезонлари ўргатиб борилади. Натижада Жамиятимиз тасарруфига олинадиган фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоялашни тўғри олиб бориб, ижтимоий шериклар билан мақсадли фаолият олиб боришга замин яратамиз.

Муҳим масала – йиллик, чорак иш режаларни, молиявий харажатлар режаларини тўла қонли исботи билан тузиб молиявий база яратишга эришаяпмиз. Шу бугунга қадар йиллик молиявий режамиз 110% бажарилди. Тинимсиз изланишлар, самарали мулоқотлар ўлароқ бу ишимиз изчил давом этмоқда.

Ишимизнинг натижаси яна бир нарса билан боғлиқ. Шаҳар худудидаги барча давлат ташкилотлари, улар қаторида соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ФВ, ўрта махсус касб ҳунар  бошқармалари, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла жамоат фонди  билан шериклик шартномалари тузилиб, аниқ манзилли режалар ишлаб чиқилиши барча тизим билан ишлаш жараёнини енгиллаштираяпти.

Фаолиятимиз бешта асосий йўналишдан иборат. Улар барчаси инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Шундай экан. ушбу ғоя  самарали амалга оширилиши  –  бизнинг инсонийлик фазилатларимизга, танлаган касбимизни сидқидилдан севиб, унга хизмат қилишимизга боғлиқдир.