//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Пойтахтимизнинг сўлим гўшаларидан бири баҳорий кайфият билан барчани кутиб олди. 2017 йил 19 май куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Қуёш нурларига тўлган кунда ЎҚЯО Жамияти ташаббуси билан Тошкентнинг ушбу соя-салқин бурчаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Миллий Жамият фаоллари ва кўнгиллилари ихтиёрига берилди. Асосий дарвозадан бошланувчи аллеяларнинг барчаси Халқаро Ҳаракат тимсоллари ва байроқлари билан безатилди. Марказий амфитеатр қатнашчиларнинг байрам руҳига мос равишда панно ва турли рангли шарлар билан ясатилди. .
Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг Раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов ва ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Жан Жером Касабьянка меҳмонларни муборакбод этдилар.
Байрам тадбири иштирокчилари Миллий Жамият салоҳиятини катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар. Боғ марказида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг кенг кўламли фаолиятини акс эттирувчи махсус палаткалар ўрнатилди. Биринчи ёрдамга ўргатиш кўникмаларига мўлжалланган жиҳозлар, фавқулодда вазиятлар бўйича қўлланмалар, кўчма тиббиёт асбоблари жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди ҳамда Жамият ходимлари уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.
Беғараз донорлик Миллий Жамият Низомига оид фаолиятнинг муҳим йўналишидан биридир. Боғда республика “Қон маркази” шифокорларининг махсус бригадаси ишлади, бу эса донорларга инсонпарварлик акциясида иштирок этишга имкон берди. Майдончаларнинг яна бири “Саломатликнинг ёш дўстлари” санитар постлари жамоалари ихтиёрига бериб қўйилди. Бу ерда командалар ўртасида танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Танловда қатнашган 11 та гуруҳ орасидан ғолиблар аниқлаб олинди. Биринчи ўрин Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 11-мактаб жамоасига, иккита 2-ўрин Яшнобод туманидаги 166-мактаб ва Учтепа туманининг 116 мактаб сандружиначиларига, иккита 3-ўринни эса Сергели туманидаги 305- ва Юнусобод туманининг 259 мактаб дружиначилари эгаллашди.