30 Iyn 2021

СAМAРAЛИ ТAЙЁРГАРЛИК – ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРГА ҚАРШИ ТУРА ОЛИШНИНГ МУВАФФАҚИЯТЛИ КАЛИТИДИР

2021 йил июн ойида, Ўзбекистон ҚЯОЖ Республика Ўқув-услубий маркази базасида, барча вилоят ташкилотлари фавқулодда вазиятлар ходимлари иштирокида, Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларни бартараф этиш бўйича 2 кунлик Республика ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги ҳолати ва тайёргарлик даражаси чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, бу борада амалга оширилган ишлар бўйича вилоят ташкилотларининг ҳисоботлари тақдим этилди. Муҳокамалар давомида ва тақдим этилган маърузалар асосида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар доимий равишда ривожланиб, такомиллашиб бораётгани қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик соҳасидаги лойиҳалар сони ва сифати сезиларли даражада ошди. Бу лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг деярли барча вилоятларида амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, лойиҳа фаолияти кўп ҳолларда нафақат Жамият салоҳиятини кучайтиришга, балки асосан аҳолининг барча қатламларини табиий ва техноген фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатларга тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, лойиҳа фаолияти билан бир қаторда, Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш ва уларни бартараф этиш бўйича устав вазифаларига катта эътибор қаратилади. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва чора-тадбирлари давлат тизимида (Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги) Ўзбекистон ҚЯОЖ зиммасига юкланган мажбуриятларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган Қўмондонлик-штаб ўқувлари (ҚШЎ) ва Махсус тактик машғулотлар (ТСУ) қўшма қўмондонлик ўқувларида қатнашиш учун Ўзбекистон ҚЯОЖ куч ва воситалари кенг жалб этилади.

Шу аснода, мамлакатимиз Мустақилликнинг 30 йиллик юбилейи нишонланаётган бир даврда яъни йилнинг биринчи ярмида бизнинг ходимларимиз ва ОҚКГ аъзолариинг 100 дан ортиқ мана шундай тадбирларда иштироки таъминланди. Шу нуқтаи назардан шуни таъкидлаш жоизки, Сарез кўли мавзусига бағишланган Жамият тузилмаларининг ҚҚШЎда фаол иштироки муҳим аҳамиятга моликдир. Машқларда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидан қатнашган иштирокчиларимиз яхши натижалар кўрсатдилар. Хусусан, Бухоро, Термиз, Урганч ва Нукус шаҳарларидаги темир йўл бошқармаларининг бутун темир йўл линияси бўйлаб Ўзбекистон ҚЯОЖ Темир йўл ташкилоти ОҚК гуруҳи аъзолари ҳам  ушбу машғулотларда фаол иштирок этдилар

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҚЯОЖнинг барча таркибий бўлинмалари юртимизнинг барча вилоятларида ҳар йили ўтказиладиган ҚШЎ ва ТМЎда иштирок этишди. Уларнинг энг йириклари Самарқанд, Aндижон, Наманган ва Навоий вилоятларида ташкил этилган бўлиб, ушбу машқларнинг мантиқий давоми сифатида яна бир қисми жорий йилнинг куз-қиш мавсумига режалаштирилган.

Шунингдек, ана шундай машқлардан бири Тошкент шаҳридан 150 км жанубда жойлашган Хаваст темир йўл вокзалида ҚЯО ҳудудий Темир йўл ташкилоти ходимлари ва ФВВ бошқармаси ҳамда станция ходимлари иштирокида ўтказилди. Машғулот пайтида станция ходимлари ва ишчилари техноген (авариялар, портлашлар, ёнғинлар) ва табиий (зилзилалар ва ёнғинлар) фавқулодда вазиятларда биргаликдаги ҳаракатларни машқ қилишди. Жабрланганларни биринчи ёрдам ва хавфсиз зонага олиб чиқиш эвакуация қилиш бўйича тренинг ўтказилди. Шунингдек, фавқулодда қутқарув хизматининг қутқарувчилари жабрланганларни поезд вагонидан  чиқариб олиш бўйича кўргазмали чиқишларни амалга оширдилар. 200 киши иштирок этган машғулот натижасига кўра Жамият аъзоларининг ҳаракатлари «аъло» баҳоланди.

Яна бир муҳим воқеа «Ёш қутқарувчи» Республика мусобақаси финалининг Фарғона вилоятида ўтказилиши бўлди. Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирни ташкил этишда техник кўмак сифатида чодирлар, биринчи ёрдам манекенлари ва бошқа ускуналар Фарғона вилояти ҚЯОЖ ташкилоти томонидан таъминланганди. Шунингдек, ходимлар, кўнгиллилар, Фарғона вилояти ҚЯОЖ ОҚКГ аъзолари танловнинг барча босқичларига жалб қилиндилар ва танлов иштирокчилари учун машғулот нуқталарида ташкилотчи сифатида иштирок этдилар.