//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Маълумки, фавқулодда вазиятларда жабрланган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатишнинг асосий вазифаси зудлик билан ва шошилинч чоралар кўриш орқали уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, аҳволини енгиллаштириш, азоб-уқубатларини минималлаштириш, юзага келиши мумкин бўлган турли асоратларнинг олдини олишдан иборат.
Ўзбекистон ҚЯОЖ Асака тумани ташкилоти корхона, ташкилот ва муассасаларда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича билим даражасини таҳлил қилар экан, маҳаллий мутахассислар ва аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим даражаси ҳали ҳам жуда паст эканлиги аниқланди. Бахтсиз ҳодиса юз берганда, одамлар одатда тез ёрдам машинаси келишини кутишади, чунки улар жароҳат олган ватандошларига ёрдам бериш учун етарли билим ва тажрибага эга эмаслар.
Шуни инобатга олган ҳолда жамиятнинг Асака шаҳар ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти бўйича танловда иштирок этиш учун ариза берди. “Маҳаллаларда ёшлар билимини ошириш” йўналиши бўйича танловда ғолиб чиқди!
Бугунги кунга қадар Чўнтак, Ниёзботир ва Эргашобод маҳаллаларидаги 126 нафар ёшлар учун “Биринчи ёрдам бўйича асосий билимлар” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди. Жамиятнинг туман ташкилоти томонидан нафақат билим, балки улардан амалий фойдаланиш воситалари қолдириш мақсадида ҳар бир ўқув тадбиридан сўнг аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш тўпламлари, шунингдек, Жамият қарамоғидаги 16 нафар фуқарога қон босимини ўлчаш учун танометрлар, икки нафар ногиронга аравача, яна икки нафарга эшитиш мосламалари, яна ўн нафар эҳтиёжманд кишига кийим-кечак ва гигиена воситалари топширилди. Лойиҳа ҳали тугамаган – давом этмоқда!