03 Iyn 2024

БИРИНЧИ ЁРДАМ БЎЙИЧА МУРАББИЙЛАР УЧУН ТРЕНИНГ

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг “Биринчи ёрдам” лойиҳаси бўйича минтақавий ваколатхонаси билан биргаликда тренерлар (инструкторлар) учун республика миқёсида ўқув семинари ўтказди.

“Биринчи ёрдам кўрсатишда билим ва кўникмалар жуда муҳим, чунки жабрланувчининг соғлиғи ва ҳаёти воқеа содир бўлганидан кейин биринчи дақиқаларда ҳал қилинади” – дейди Қизил Ярим Ой Жамиятининг халқаро тоифадаги мураббийи Диана Алиева. Тўғри кўрсатилган биринчи ёрдам даволаниш вақтини қисқартиради, жароҳатларнинг тезроқ битишига ёрдам беради ва кўпинча жабрланувчининг ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омил бўлади.

Биринчи ёрдам – бу назария эмас, балки маҳорат. Мунтазам машғулотлар орқали қон кетишни тўхтатиш, ярани боғлаш ёки сунъий нафас олиш қобилияти яхшиланади. Аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш ҳаётни сақлаб қолишнинг ҳақиқий имкониятидир. Шу муносабат билан семинарда манекенлар ва интерактив медиа воситаларидан фойдаланган ҳолда комплекс амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг 2024-йил 18-мартдаги  06-а-сонли “Аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўргатиш тизимига жалб этилган мутахассисларга малака тоифалари бериш тўғрисида”ги буйруғи асосида мутахассисларга имконият яратувчи сертификатлар топширилди.