//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Тошкент шаҳар ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан ташкил этилган танловда иштирок этди ва 25 миллион сўм миқдоридаги грант соҳиби бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат Фондининг навбатдаги йиғилишида грант танлови ғолиблари аниқланди. ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун тузилган тизим “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг асосий қоидаларини амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этишга ёрдам беришини, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ННТнинг тўлақонли ўзаро алоқаларини кучайтиришини эслатиб ўтамиз. Бу йилги танловга 394 та лойиҳа тақдим этилди. Танлов натижасида улардан 45 тасига 1,1 миллиард сўм миқдорида молиявий маблағ ажратишга қарор қилинди.
Тақдирланганлар қаторида Ўзбекистон ҚЯОЖ Тошкент шаҳар ташкилотининг “Ўсиб келаётган авлод орасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, кўнгиллилар тайёрлаш, маиший жароҳат олинганда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатиш” деб номланган лойиҳаси ҳам бор. Дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун пойтахтдаги тиббиёт коллежлари ўқувчилари жалб этилади.
Лойиҳа доирасида тиббиёт ходимлари, амалиётчилар ва психологлар билан учрашувлар, семинарлар ўтказиш, маҳорат дарслари ташкил этиш кўзда тутилган, шунингдек, Халқ таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси билан ҳамкорлик алоқалари кучайтирилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 100 кишини ўз қаромоғига олувчи 20 та кўнгилли ўқитиб, тайёрланади. Шу билан бир қаторда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган 1500 та буклет ишлаб чиқилади ва тарқатилади.