//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2017 йил 28 март куни “Инсонийлик” Республика илмий-методик марказида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг мамлакат ОАВ журналистлари учун матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Учрашувда “2016 йилда Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолияти тўғрисида ОАВдаги энг яхши журналистик материал” кўрик – танлов ғолибларига тантанали равишда совғалар топширилди.
Меҳмонларни байрам муносабати билан безатилган “Инсонийлик” Маркази кутиб олди. Мажлислар зали Жамиятнинг минтақавий ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари, ХҚХҚдан келган меҳмонлар, Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарияти ва мутахассислари ва тантана қаҳрамонлари бўлмиш ОАВ журналистлари билан гавжум.
Ўзбекистон ҚЯОЖ раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов матбуот анжуманининг очилишидаги сўзида 2016 йил мамлакатимизнинг энг кекса ташкилоти учун ўзига хос йил бўлганини таъкидлади. Жумладан, “Соғлом она ва бола” Давлат Дастурида ЎҚЯО Жамиятига юклатилган барча вазифалар шараф билан адо этилди. Жамият тасарруфидаги якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, кўп болали оилаларга хайрия, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар вужудга келганда аҳолига кўмаклашиш, юз ёшли ва ундан ошган кексалар аҳолига манзилли ёрдам кўрсатишдек улкан мақсадли ишлар амалга оширилди. Бундай ҳайрли ишлар учун Миллий Жамият томонидан 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси Раҳбари Жан Жером Касабьянка йиғилганларга ўз табригини йўллади. “Бизнинг ҳамкорлигимиз мустаҳкамланмоқда ва кенгаймоқда – деди у. – Биз келгусида эҳтимоли бўлган фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва ҳаракатланиш, халқаро гуманитар ҳуқуқни тарғиб этиш, аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш малакаларини ўргатиш каби соҳаларда ҳамкорликни давом эттирамиз”.
Ниҳоят энг ҳаяжонли лаҳзалар етиб келди. Саҳнага “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Халқаро Ҳаракатнинг 2016 йидаги фаолиятини ОАВда энг яхши ёритиш” танловининг ғолиблари таклиф этилади. Тадбир қатнашчилари эътиборига ушбу танловга юборилган ишларнинг презентацияси намойиш этилди. Танлов ҳайъати газета, радио, телевидение, интернет-сайт бўйича барча номинациялардаги энг муносиб ишларни аниқлаб берди. Бунда икки юз атрофидаги ишлар кўриб чиқилди.
Танловнинг 12та ғолиби Ўзбекистон ҚЯОЖнинг махсус совға ва дипломлари билан тақдирландилар. Бу йилги танлов ғолиблари қаторида – «Uzbekistan Today» нашри раҳбари Г.Бабаджанова, “Ишонч” газетаси муҳаррири К.Боймуродова, “Вести Каракалпакстана” газетаси мухбири Т.Климова, “Пойтахт”, “Маҳалла” ва “Ўзбекистон” радиоканаллари мухбирлари Ш.Абзалова, Х.Юнусов, М.Оппоқхўжаева, МТРКнинг “Пойтахт” ахборот дастури муҳаррири Э.Дебердеева, “Маҳалла” канали редактори Ш.Худойбердиев, Жиззах вилоят телевидениеси бош муҳаррири Ў.Холбеков, “Туркистон-пресс” ва ЎзА муҳбирлари Х.Қодиров ва И.Аввалбоев, “Новости Узбекистана” сайти мухбири Т.Рахматуллаевлар ўрин олишди.
Шу куни 2017 йилда журналистлар ўртасида бўлиб ўтадиган танловга старт берилди.