29 May 2023

ХАЛҚАРО ҚИЗИЛ ХОЧ ВА ҚИЗИЛ ЯРИМ ОЙ ҲАРАКАТИНИНГ 160 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ЮБИЛЕЙ ТАДБИРИ САМАРҚАНДДА НИШОНЛАНДИ

Жорий йил 27 май куни Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилотининг фахрийлари, фаоллари, ҳамкор ташкилотлари раҳбарлари, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари, вилоятдаги шаҳар ва туманлар ташкилотлари ходимлари, кўп сонли волонтерлар гуруҳи  . Самарқанддаги байрамона безатилган “Ёшлар маракази” биноси майдонига тўпландилар. Барча йиғилганлар карнай-сурнай садолари остида ушбу бинонинг анжуманлар залига кириб келдилар. Тадбирни “Зарафшон” доирачилр ансамбли  ўз чиқиши билан очиб берди. Шундан сўнг Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари З. Раҳмонова, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Бош котиби Э. Амиралиева, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси минтақавий ваколатхонаси раҳбар ўринбосари Жак Барберис  йиғилганлар олдида табрик сўзлари билан чиқиш қилдилар.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг пайдо бўлиш тарихидан сўзловчи видеоролик намойиш қилиниши билан биргаликда Самарқанд вилоят ўзбек мусиқали драма театри актерлари Ҳаракатнинг пайдо бўлиш тарихини саҳна кўриниши орқали намойиш қилдилар. Самарқанддаги “Оксфорд мактаби” нодавлат таълим муассасасининг бир гуруҳ волонтерлари Ҳаракатнинг еттита тамойиллари мазмун-моҳиятини етказиб бериш бўйича  ўзбек ва инглиз тилларида кўргазмали чиқишлар қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти ва унинг Самарқанд вилоят ташкилоти фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш қилинди. Ҳаракатнинг тарихи, мақсади ва вазифалари, фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш асослари бўйича викторина ўтказилди. Бир гуруҳ фахрийлар, фаоллар, ҳамкорлар, ходимлар ва волонтерлар, викторинада фаол этган иштирокчилар вилоят ташкилотининг ташаккурномалари, фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилдилар.

Тадбирда “Жонона” болалар қўшиқ ва рақс ансамбли, “Шарқоний Самарқанд” гуруҳи ҳамда турк миллий маркази санъаткорлари ўзларининг жозибали чиқишлари билан байрам тадбири иштирокчиларини хушнуд қилдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти ташқи алоқалар бўлими бошлиғи П. Абдуллахонов, ҳамда фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи З. Раҳмонов иштирок этдилар.