12 Fev 2023

ФАРҒОНА ШАҲРИДАГИ ҲАЙРИЯ ТАДБИРЛАРИ

Фарғона вилоятида ҳам аҳолининг кам таъминланган, ёлғиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

Шундай қилиб, йил бошида вилоят ва вилоят шаҳарларида “Ҳар бир оилага эътибор” мавзусида акция ўтказилди. Акциядан кўзланган асосий мақсад ҳар бир хонадонда истиқомат қилаётган аҳоли билан фикр алмашиш, уларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат. Фавқулодда вазиятлар, хусусан, қиш мавсуми муносабати билан газдан фойдаланишда эҳтиёт чоралари юзасидан хонадонларда суҳбатлар, фуқаролар йиғинларида семинарлар ўтказилди. Акция давомида хонадонларда бўлиш чоғида оила аъзоларига озиқ-овқат, сабзавот, қишки кийим-кечак тарқатилди. Ногирон ва кам таъминланган фуқаролар фарзандларига совғалар ва ширинликлар топширилди.

Вилоят ҚЯОЖ томонидан вилоят кўп тармоқли шифохонаси қошидаги тез тиббий ёрдам станцияси учун қилинган хайрия Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш тизимида муҳим воқеа бўлди. Кўп миқдорда шприц, пахта, қўлқоп ва боғичлар топширилди. Қайд этиш жоизки, ушбу тиббиёт товарлари харид қилинган маблағлар вилоят ҳокимининг 2022 йил 31-октябрдаги 421-11-0-Қ22-сонли қарорига асосан ўтказилган хайрия  декадаси сифтида маблағ тўплашнинг вилоят ўн кунлигида олинган. Ушбу хайрия  декадаси давомида шифохоналар ходимлари  ҳамда Жамиятимиз кўнгиллилари ҳам фаол иштирок этдилар ҳамда акция давомида қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилдилар.

2023-йил 7-феврал куни Фарғона шаҳар солиқ коллежи ўқувчиларига фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўргатиш мақсадида ҳам семинар ташкил этилди. Семинар амалий ва назарий шаклда ўтказилди. Ҳар бир иштирокчи зилзила ва электр токи уриши ҳолатларида қутқарув ишларини олиб бориш, ҳушини йўқотиш, куйиш, қон кетиш ҳолатларида биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли кўникмаларга эга бўлди. Бундан ташқари, зилзила пайтида хавфсиз ҳудудда бошпаналарни ташкил қилиш усуллари ва жабрланганларни хавфли ҳудуддан кўчириш қоидалари кўрсатилди. Семинар якунида иштирокчиларга Ўзбекистон ҚЯОЖ буклетлари тарқатилди ва кўнгиллилар сафига янги аъзолар қабул қилинди. Семинарда 50 дан ортиқ талабалар ва 8 нафар ўқитувчилар иштирок этдилар.