//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Халқаро Ҳаракатнинг 153 йиллигини нишонлаш мақсадида 2016 йил 6 май куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Қуёш нурларига тўлган ушбу кунда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташаббуси билан Тошкентнинг ушбу соя-салқин бурчаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Миллий Жамият фаоллари ва кўнгиллилари ихтиёрига берилди. Асосий дарвозадан бошланувчи аллеяларнинг барчаси Халқаро Ҳаракат тимсоллари ва байроқлари билан безатилди. Марказий саҳна қатнашчиларнинг байрам руҳига мос равишда панно ва турли рангли шарлар билан ясатилди. .
Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг Раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов ва ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Йенс-Мартин Мелер меҳмонларни муборакбод этдилар.
Учрашувда меҳмонлар – депутатлар ва сиёсий партиялар аъзолари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари – энг самимий истаклари билан йиғилганларга мурожаат қилиб, уларни табриклашди.
Боғ марказида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг кенг кўламли фаолиятини акс эттирувчи махсус палаткалар ўрнатилди. Байрам тадбири иштирокчилари Миллий Жамият салоҳиятини катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар. Биринчи ёрдамга ўргатиш кўникмаларига мўлжалланган жиҳозлар, фавқулодда вазиятлар бўйича қўлланмалар, кўчма тиббиёт асбоблари жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди ҳамда жамият ходимлари уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.
Беғараз донорлик Миллий Жамият Низомига оид фаолиятнинг муҳим йўналишидан биридир. Бу куни боғда республика “Қон маркази” шифокорларининг махсус бригадаси ишлади, бу эса донорларга инсонпарварлик акциясида иштирок этишга имкон берди. Боғдаги майдончаларнинг яна бири пойхахтдаги “Саломатликнинг ёш дўстлари” санитар постлари жамоалари ихтиёрига бериб қўйилди. Шу ўринда халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги барча мактабларда бундай постлар тузилганлигини, улар ўқувчилар орасида санитария-гигиенага оид билимлар тарқатиш, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларни ўргатиш, халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи ҳақидаги билимларни тарғиб этиш билан шуғулланишини эслатиб ўтиш жоиз.
Танловда қатнашган 11 та гуруҳ орасидан ғолиблар аниқлаб олинди. Биринчи ўрин Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги 290-мактаб жамоасига, 2-ўрин Яшнобод туманидаги 166-мактаб ва 3-ўрин Сергели туманидаги 305-мактаб гуруҳларига берилди.