08 Iyn 2018

Билимдонлар беллашуви

Ўзбекистон ҚЯОЖ ва Ўзбекистон ЁИ ўртасида “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича тузилган чора-тадбирлар дастури”да ўқувчилар ўртасида турли-туман тадбирлар, шу жумладан Билимдонлар беллашувини ўтказиш кўзда тутилган эди.

Ундан кўзланган асосий мақсад – ёшларнинг маънавий баркамоллигини юксалтириш, талабаларнинг ижодий-интеллектуал қобилияти ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга  кўмаклашиш, уларни миллий қадриятлар ва эзгулик ғоялари руҳида тарбиялаш, талаба ёшлар орасида КХ ва ҚЯО Халқаро ҳаракати  ҳамда халқаро инсонпарварлик тамойилларини  ёйишда йигит-кизларнинг иштирокини фаоллаштириш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда  ёшларнинг ўзини тутиш коидаларига риоя этиши, ўзини ҳимоя килиши ва бошқаларга кўмак беришда уларнинг тайёргарлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифадаги вакилларига меҳр-мурувват, хайрия ва инсонийлик ёрдамларни кўрсатишга ўргатиш, ёшларда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш, талаба-ёшларни  кўнгиллилар сафига кенг жалб этишдан иборат.

Мамлакатнинг деярли барча минтақаларида бундай мусобақалар бўлиб ўтди. Уларда иштирок этган жамоалар Кизил Ярим Ой Жамияти тарихи, фаолияти ва устувор йўналишларини нечоғлик билишлари, фавқулодда вазиятларларда қандай ҳаракат қилиниши, ҳимояланиши ва ўзини тутиши лозимлиги, халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини тарғиб қилиш бўйича ўзларининг билимлари, маҳоратлари, кўникмалари, зукколиги ва топкирлигини намойиш килдилар ва ўзаро беллашдилар. Иштирокчи-жамоаларнинг ҳар бир чиқиши нуфузли Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан холисона ва одиллик билан  баҳолаб борилди.

2018 йилнинг 7 апрел куни Фарғона вилоятидаги касб-ҳунар коллежлари (КҲК) ва академик лицей (АЛ) ўқувчилари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик-танловда биринчи ўринни Ўзбекистон тумани маиший хизмат КҲК жамоаси қўлга киритди, иккинчи ўринни Риштон АЛ жамоаси, учинчи ўринни эса Қўқон шаҳар туризм ва сервис тадбиркорлик КҲК жамоалари қўлга киритишди.

Ушбу кўрик-танловларда жами 1,5 минг нафардан ортиқ ўқувчилар қатнашди. Улар Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фаолияти ва тарихи, турли фавқулодда вазиятлар рўй берганда жабрланганларга биринчи ёрдам бериш бўйича ўз билимларини намойиш этишди.

7 июнь куни Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчок театрида ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасалари талабалари ўртасидаги “Қувноқлар ва зукколар” мусобакасининг вилоят боскичи ўтказилди. 

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар натижасига кўра, Олтинкўл Иқтисодиёт КҲК “Андижон зукколари” жамоаси биринчи ўринни, Пахтаобод Енгил саноат КҲК “Бирлик” жамоаси иккинчи ўринни, Избоскан Агросаноат КҲК “Талабалар” жамоаси эса учинчи ўринни  эгаллади. Уларга КЯОЖ вилоят ташкилоти томонидан таъсис этилган Диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.  

Шунингдек, 8 та номинация бўйича, яъни “Энг намунали коллеж жамоаси” номинацияси бўйича Мархамат тумани “Ёш кўнгиллилар” жамоаси, “Энг фаол иштирок этган жамоа” номинацияси бўйича Андижон тумани “Келажак эгалари” жамоаси, “Энг кувнок ва зукко жамоа” номинацияси бўйича Қўрғонтепа тумани “Нажоткор ёшлар” жамоаси, “Қизил Ярим Ой Жамиятининг энг билимдон жамоаси” номинацияси бўйича Асака тумани “Ибн Сино авлодлари” жамоаси, “Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятини кенг тарғиб этган жамоа” номинацияси бўйича Андижон шаҳар “Ёш тиббиётчилар” жамоаси, “Энг кўркам ва намунали либосга эга бўлган жамоа” номинацияси бўйича Балиқчи тумани  “Фидойилар” жамоаси, “Энг яхши саҳна кўринишини намойиш этган жамоа” номинацияси бўйича Бўз тумани “Нажоткор” жамоаси, “Энг ёш иштирокчи-жамоа” номинацияси бўйича Шаҳрихон тумани “Шаҳрихон қалқонлари” жамоаси ҚЯОЖ вилоят ташкилотининг эсдалик совғалари билан мукофотландилар.