13 Dek 2024

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ УЧУН “СФЕРА СТАНДАРТЛАРИ” БЎЙИЧА ТРЕНИНГ

Гуманитар ёрдам кўрсатиш ва табиий офатларга жавоб беришда ёрдам операцияларининг сифати ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. СФЕРА стандартлари инсонпарварлик хартияси, ҳимоя тамойиллари ва асосий жавоб секторлари (сув, санитария, озиқ-овқат ва бошпана ва бошқалар) каби асосий соҳаларда минимал стандартларни белгилаш орқали инсонпарварлик ёрдами ва табиий офатларга жавоб бериш сифатини яхшилашга қаратилган глобал ташаббусдир.

Жорий йилнинг 10-12 декабр кунлари Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой федерациясининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси ташаббуси билан Олмаота шаҳрида,  Марказий Осиё мамлакатлари Қизил ярим ой жамиятлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари учун “Сфера” стандартларини ўрганиш бўйича тренинг ташкил этилди.  Тадбирда Жамиятимиздан ташкилотнинг Наманган вилояти ташкилоти раиси Дилором Сайфутдинова иштирок этди, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан Сардор Нигматов иштирок этиш учун тавсия этилди. Тадбирда қўшни давлатлардан ҳам фавқулодда вазиятларда фаолият юритувчи миллий жамиятлар ва ваколатли давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Маълумот учун, “Сфера” Швейцария қонунчилигига мувофиқ уюшма сифатида рўйхатдан ўтган нотижорат ташкилот бўлиб, у 1997-йилда “Сфера” лойиҳасининг давомчиси сифатида ташкил этилган, гуманитар инқирозларда ёрдам бериш мақсадида келишилган минимал стандартларни ўрнатиш учун вақт билан чекланган ташкилотлараро ташаббусдир. “Сфера” қўлланмаси гуманитар соҳани профессионаллаштиришга кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, инсонпарварлик тамойиллари, сифат ва масъулиятнинг умумий асосига қурилган. Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб инсонпарварлик ёрдамининг минимал стандартлари «Сфера» стандартлари асосида амалга оширилмоқда. Ушбу стандартларни яхши билиш ва уларни жамиятимиз ходимлари орасида жорий этиш жуда муҳимдир. Шу боис, Халқаро федерация билан биргаликда амалга оширилаётган Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик дастури доирасида “Сфера” стандартлари бўйича тадбирлар ҳам режалаштирилган. Албатта, бу тадбирлар малакали мутахассисларимиз томонидан ўтказилишига катта эътибор қаратилмоқда, шу боис Дилором Сайфутдинованинг мазкур тренингда иштирок этиши биз учун алоҳида аҳамиятга эга.