//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида “Ёшлар билан ишлаш” йўналиши бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга ўргатиш, ўқув семинарлари орқали юқумли касалликларнинг олдини олиш, давра суҳбатлари ва хайрия тадбирлари ўтказади, аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш усулларини ўргатади. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар ва туманлардаги Қизил Ярим Ой Жамияти ташкилотлари томонидан аллақачон хайрли анъанага айланган “Саломатликнинг ёш дўстлари” кўрик-танлови ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 14-май куни пойтахтимиздаги “Анҳор” истироҳат боғида “Саломатликнинг ёш дўстлари” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди ва унда шаҳардаги умумтаълим мактабларининг 6-8 синф ўқувчилари ўртасидаги ҳудудий босқичлар ғолиблари аниқланди.
Танлов шартларига кўра, танлов 7 босқичда ўтказилди: 1-босқич – маъруза ва нутқ; 2-босқич – жароҳатлар, бахтсиз ҳодисалар ва тўсатдан касаллик ҳолатларида биринчи ёрдам кўрсатиш; 3-босқич – беморни уйда парвариш қилиш; 4-босқич – шахсий ва жамоат гигиенаси, юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш; 5-босқич – доривор ўсимликлар ва улардан фойдаланиш; 6-босқич – Йўл ҳаракати қоидалари, бахтсиз ҳодиса қурбонларига биринчи ёрдам кўрсатиш. Ушбу босқич шунингдек, мавзу бўйича расмлар танлови ҳам ўз ичига олди.
Жамоаларнинг билим ва кўникмаларини тажрибали ҳакамлар ҳайъати аъзолари – Тошкент шаҳар мактаб ва мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, шунингдек, ички ишлар бошқармалари вакиллари томонидан баҳоланди.
Мусобақа якунларига кўра, энг юқори балл тўплаган Яшнобод туманидаги 255-сонли мактабнинг санитар пости фахрли 1-ўринни, 2-ўринни Олмазор туманининг 28-сонли мактаб санитар пости, 3-ўринни – Мирзо Улуғбек туманидаги 120-сонли мактаб санитар пости қўлга киритди. Ғолибларга тадбир ташкилотчиси бўлмиш Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Тошкент шаҳар ташкилотининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.