01 Iyn 2024

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ЧОРАЛАРИ

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти ҳисобидан 2024-йил май ойи давомида “Фавқулодда вазиятларда аҳолига биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш – касбий бурчимиз!” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Наманган вилоятида бир қатор тадбирлари бўлиб ўтди. Чуст, Янгиқўрғон, Поп туманлари ва Наманган шаҳридаги бир қатор маҳалла ва таълим муассасаларида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ҳудудий ташкилоти томонидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича кўргазмали симуляция машғулотлари ва маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Машғулотларда амалий ҳаракатлар орқали сув тошқини, ёнғин, кўчки ва зилзила ҳавфи юқори бўлган ҳудудларда фавқулодда вазиятлардан жабрланганларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш, биринчи ёрдам кўрсатиш, ёнғин хавфсизлигини чораларини ошириш, аҳолининг сув таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш, зарарланиш хавфи мавжуд ҳудудларда яшовчи жабрланган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш вазифалари белгиланди. 

Машғулотлар Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси иштирокида ўтказилди ва шу боис уларда фавқулодда вазиятлар юзага келганда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда аҳолининг тегишли хизматлар етиб келгунига қадар ҳаракатларини амалиётга тадбиқ этиш ва уларни тартибга солиш масалалари, бошқарув ва сафарбарлик, шунингдек, фуқаролик мудофааси хизматлари ва Қизил ярим ой жамиятининг амалий ҳаракатларини амалга ошириш муҳим ўрин тутди. Шунингдек, мутахассислар томонидан кўргазмали машғулотлар орқали маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда тегишли фуқаро муҳофазаси хизматларининг ҳамкорлиги муҳимлиги тушунтирилиб, бошқа фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш вазифалари ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Машқлар ташкил этилган барча жойларда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида эълон қилинган “Расмлар ва иншолар” танлови натижалари ҳам сарҳисоб қилиниб, ғолибларга Жамият томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Амалга оширилган тадбирлар Наманган вилояти раҳбарияти, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Халқ таълими ва маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш вазирликларининг вилоят бошқармалари томонидан ҳам катта қизиқиш уйғотди ва маъқулланди ҳамда Наманган вилояти оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.