29 Apr 2021

НАМАНГАНДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГЛАР

Жорий йилнинг 4 март ва 28 апрел кунлари Наманган вилояти ҚЯОЖ ташкилоти томонидан, ҳамкор ташкилотлар – вилоят ички ишлар бошқармаси ва «Тўрақўрғон нефт» МЧЖ учун иккита ўқув семинари ташкил этилди.

Тадбирларнинг асосий мақсади табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларда ҳаракатларга, авария-қутқарув ишларига, махсус техника ва воситалардан тўғри фойдаланишга, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишга шахсий таркибни ўргатиш эди.

Семинарлар аввалида иштирокчиларга Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракати тамойиллари ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамиятининг кўп қиррали фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Семинарнинг асосий вақти биринчи ёрдам кўрсатишни ўргатишга бағишланди. Семинарлар якунига кўра Ўзбекистон ҚЯОЖ ходимлари ҳар бир иштирокчининг назарий ва амалий билимларини синовдан ўтказдилар. Иштирокчилар семинарлар якунига кўра олган билимлари бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўта олдилар.

Қўшимча сифатида тингловчилар юқумли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ихтиёрий равишда хайр-эҳсон қилиш билан боғлиқ маълумотлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Тадбир давомида иштирокчиларга плакатлари, буклетлари ва кўргазмали қуроллари совға қилинди.