06 Sen 2013

Самарқанда давра сухбати

Самарқанд. Мамлакатимиз бўйлаб Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатига   150 йил тўлганлиги муносабати билан турли тадбир ва учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.  2013 йил 6 сентябр куни Самарқанд шаҳрида бир қатор ташкилот мутахассислари иштирокида “Давра суҳбати” бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Марказий Осиёдаги минтақавий ташкилоти – томонидан ташкил этилди. Унда Самарқанд вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, жамоат ташкилотлари ҳамда маҳаллий  ОАВ  журналистлари иштирок этдилар. Учрашувни  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти раиси очиб, бу борадаги ҳамкорлик учрашувлар инсонпарварлик ташкилотининг масаларини ечишда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Йил бошидан буён биз жамоат ва давлат ташкилотлари иштирокида  ўнлаб семинар, давра суҳбатлари,тренинглар ва мастер-класслар ўтказиб келмоқдамиз. Бундай  учрашувлар Ўзбекистоннинг энг кекса инсонпарвар ташкилотининг  самарали  лойиҳалари билан таништирибгина қолмай, балки йиғилган тажрибалар, фойдали маълумотлар алмашуви жараёнида ҳам муҳим аҳамиятга эга”,- деди  ўзининг кириш сўзида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Ижрочи директори Э.А.Амиралиева.

“Биз Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган Халқаро Ҳаракатнинг 150 йиллигига бағишланган ёрқин ва қизиқарли воқеаларнинг иштирокчиларига айландик. Ва шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан олиб борилаётган кенг  кўламли ишларга юксак баҳо берган ҳолда, келгусида бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз самарали ва янада мустаҳкам бўлишига ишончим комил”,-дея  таъкидлади ўз чиқишида   Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ташкилоти раҳбарининг ўринбосари И.Асланов.

“Давра суҳбати” давомида улуғ сана – Ҳаракатнинг 150 йиллигига бағишланган бир қатор презентациялар бўлиб ўтди.  Уларда Халқаро Ҳаракатнинг тариҳи, Халқаро Қизил Хоч эмблемаларини қўлланилиши,  Қизил Хоч  ва Қизил Ярим Ой Жамиятларининг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги муҳим жиҳатлар акс эттирилди. Жамиятнинг минтақавий бўлинмаларининг фаол иш тажрибалари, ҳамкорликдаги лойиҳалар ва эришилган ютуқлар тўғрисида иштирокчиларга  батафсил   сўзлаб берилди. Семинар иштирокчиларининг эътиборига Миллий Жамият ва Халқаро Ҳаракат фаолиятига бағишланган видеофильмлар ҳам намойиш этилди.