//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2017 йил 23 октябрда Тошкент вилоят Олмалиқ шаҳридаги “Ҳамид Олимжон” МФЙда вилоят ҚЯО ташкилоти Олмалиқ шаҳар бўлинмаси томонидан “Маҳалла ва фуқаро муҳофазаси” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди. Унда шаҳар хокими ўринбосари, вилоят ва шаҳар Фуқаро муҳофазаси ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, шаҳар тиббиёт бирлашмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ички ишлар ва ёнғин хавфсизлиги бўлими, ФВ қутқарув отряди, Сувоқова ташкилоти ҳодимлари, маҳалла раислари, шаҳар ҚЯОЖ аъзолари ва кўнгиллилари иштирок этдилар.
Йиғилганлар эътиборига “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 июндаги ПФ-5066-сонли Президент фармонини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги “Аҳолининг фавқулодда вазиятларда харакат қилишга тайёргарлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 650-сонли қарорини бажаришга оид, шунингдек, Тошкент вилояти Ҳокимининг 2017 йил 31 августдаги 2018 йилнинг 1 июлига қадар “Маҳалла фуқаро мухофазаси” кучларини шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳолини фавқулодда вазиятларда, шу жумладан худудларда радиоактив, кимёвий ва биологик зарарланиш билан боғлиқ ҳолатларда ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича машғулотлар ва амалий машқларни ўтказиш усулларига ўргатишга оид минтақавий семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳақидаги қарорига мувофиқ аҳолининг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёргарлигини ошириш масалалари ҳавола этилди.
Олмалиқ шаҳар Ҳокимининг 2017 йил 13 сентябрдаги 518-сонли қарорига асосан 2018 йилнинг 1 январига қадар ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқаро муҳофазасини ташкил этиш, йиғма гуруҳлар ва ўқув-маслаҳат пунктларини жиҳозлаш, шаҳар ҳокимлиги, ФВ бўлими ва “Маҳалла” фонди шаҳар бўлими билан биргаликда аҳолининг барча қатламларини “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” ишига жалб этиш борасида кенг қамровли тарғибот ишларини олиб борилиши тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Семинар давомида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб ўтилди.
Ўқув-амалий семинар давомида иштирокчилар маҳаллада ташкил этилган “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” штаби ҳамда у ердаги турли қутқарув ва ҳимоя воситалари билан танишишди. Келгусида бу каби ўқув-амалий семинарлар ҳар бир маҳаллада ўтказилиши белгилаб олинди.