24 Iyn 2016

Инсонпарварлар форуми

2016 йил 22-24 июнь кунлари Будапештда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Халқаро Федерациясининг Европадаги офиси томонидан ташкил этилган Миллий жамиятларининг 3-минтақавий учрашуви бўлиб ўтди. Форум маблағларни жалб қилиш ва инсонпарварлик фаолиятини такомиллаштириш учун ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали Миллий Жамиятлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

Халқаро форум ишида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Ижрочи директори Э.А.Амиралиева ва Миллий Жамиятнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш бўлими бошлиғи С.С.Шорин иштирок этишди.

Қатнашчилар инсонпарварлик фаолиятини ривожлантиришда    барча Миллий Жамиятларнинг амалий ҳамкорлиги ва ўзаро алоқаларининг долзарб масалаларини, Миллий Жамиятларнинг ўз мамлакатларида ижтимоий таъминот ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Давлат дастурларига кўмак беришга қаратилган бир қатор масалаларни муҳокама қилишди. Инсонпарварликка қаратилган ички маблағлар ҳажмини кенгайтириш ва уларни самарали амалиётга тадбиқ қилишдаги ёрдамчилик вазифасини кучайтириш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида Миллий Жамиятларнинг давлат ва нодавлат институтлари билан ҳамкорлиги тажрибасини ўрганиш ва ушбу механизмни аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг сифатини ошириш ва ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларга кўмаклашишга йўналтириш мақсадида ўрганилди.

Инсонпарварларнинг навбатдаги форуми хайрия маблағларини тўплаш ҳамда фандрайзингнинг локал даражадаги янги усул ва механизмларидан фойдаланиш  фаолиятини янада такомиллаштириш  учун ўзига хос таълим платформаси ҳам бўлди.