Сайт  харитаси

Ҳуқуқий асослари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ ЎЗБЕКИСТОН ҚИЗИЛ ЯРИМ ОЙ ЖАМИЯТИ ТЎҒРИСИДА

ўзбекистон респуликаси адлия вазиргиги низоми

ҚИЗИЛ ЯРИМ ОЙ ВА ҚИЗИЛ ХОЧ ТИМСОЛЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲАМДА УЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

ТЎҒРИСИДА

ўзбекистон республикаси қонуни

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан, фарқловчи сигналлардан, шунингдек "Қизил Ярим ой" ва "Қизил Хоч" номларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

санитария-транспорт воситалари - ярадор бўлган, касалланган ва кема ҳалокатига учраган шахсларни, шунингдек тиббий ходимларни ва тиббий мол-мулкни ташиш учун мўлжалланган ташиш воситалари;

тиббий тузилмалар - ярадор бўлган, касалланган ва кема ҳалокатига учраган шахсларни қидириб топиш, ташиш, уларга ташхис қўйиш ёки уларни даволаш, шу жумладан уларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун, шунингдек касалликларнинг олдини олиш учун ташкил этилган стационар, кўчма тиббий муассасалар (бўлинмалар) ҳамда бошқа фуқаро ва ҳарбий тиббий тузилмалар;

тиббий ходимлар - ярадор бўлган, касалланган ва кема ҳалокатига учраган шахсларни қидириб топиш, ташиш, уларга ташхис қўйиш ёки уларни даволаш, шу жумладан уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш учун, шунингдек тиббий тузилмаларни хўжалик, моддий-техника ва бошқа жиҳатдан таъминлаш учун доимий ёки вақтинчалик асосда тайинланган шахслар;

фарқловчи сигналлар - тиббий тузилмалар ва санитария-транспорт воситаларини таниб олиш учун фойдаланиладиган радиосигнал, ёруғлик сигнали, электрон танув белгиси ёки бошқа сигнал.

  

4-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсоллари

Оқ фонда ифодаланган, биринчи ёки тўртинчи чораги ҳолатидаги қизил рангли ярим ойнинг халқаро нормаларда эътироф этилган тасвири қизил ярим ой тимсоли ҳисобланади.

Оқ фонда ифодаланган, тўрттала томони тенг узунликка эга бўлган қизил рангли хочнинг халқаро нормаларда эътироф этилган тасвири қизил хоч тимсоли ҳисобланади.

 

5-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланишнинг асосий принциплари

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фақат инсонпарварлик мақсадларида фойдаланилади.

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсоллари улардан фойдаланишда бир хил аҳамиятга эга.

 

6-модда. Ўзбекистон Республикаси фойдаланадиган тимсол

Ўзбекистон Республикаси қизил ярим ой тимсолидан фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси фойдаланадиган қизил ярим ой тимсоли оқ фонда ойнинг биринчи чорагидаги ҳолатда, унга қараб турган одамга нисбатан олганда ҳар иккала учи чап тарафга қаратилган тарзда ифодаланган қизил рангли ярим ой тасвиридан иборат.

 

7-модда. Қизил ярим ой тимсолидан фойдаланиш

Қизил ярим ой тимсолидан фарқловчи ёки ҳимояловчи тимсол сифатида фойдаланилиши мумкин.

Қизил ярим ой тимсолидан бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, бошқа мол-мулк, шунингдек ходимлар Қизил Ярим ой ва Қизил Хоч Халқаро ҳаракати ташкилотларига мансублигини белгилаш учун фарқловчи тимсол сифатида фойдаланилади. Умум эътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ фарқловчи тимсол ўлчами кичикроқ бўлиши ва ундан қўлбоғичларда фойдаланилмаслиги ҳамда бу тимсол биноларнинг томига ўрнатилмаслиги керак.

Қуролли можаролар даврида қизил ярим ой тимсолидан ярадор бўлган, касалланган ва кема ҳалокатига учраган шахсларга ёрдам кўрсатувчи тиббий тузилмаларни, тиббий ходимларни, шунингдек санитария-транспорт воситаларини белгилаш учун ҳимояловчи тимсол сифатида фойдаланилади. Ҳимояловчи тимсол текис сиртга ёки байроққа туширилган бўлади ва у ҳамма тарафдан ҳамда узоқ масофадан кўриниб туриши лозим.

 

8-модда. Қизил ярим ой тимсолидан ҳарбий тиббий тузилмаларнинг фойдаланиши

Ҳарбий тиббий тузилмалар қизил ярим ой тимсолидан ўз тиббий ходимларини ва санитария-транспорт воситаларини белгилаш учун ҳимояловчи тимсол сифатида фойдаланадилар.

Қизил ярим ой тимсолидан ҳимояловчи тимсол сифатида фойдаланувчи ҳарбий тиббий ходимлар қизил ярим ой тимсоли туширилган қўлбоғич тақиб юришлари ва ёнларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган шахсий гувоҳнома бўлиши лозим.

 

9-модда. Қизил ярим ой тимсолидан фуқаро тиббий тузилмаларининг фойдаланиши

Бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи фуқаро тиббий тузилмалари Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг розилиги билан тинчлик даврида қизил ярим ой тимсолидан санитария-транспорт воситаларини ва биринчи тиббий ёрдам пунктлари жойлашган ерларни белгилаш учун фарқловчи тимсол сифатида фойдаланадилар.

Қуролли можаролар даврида фуқаро тиббий тузилмалари, тиббий ходимлар, шунингдек санитария-транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг рухсатига биноан ҳимояловчи тимсол сифатида қизил ярим ой тимсоли билан белгиланади.

Тиббий ходимлар қизил ярим ой тимсоли туширилган қўлбоғич тақиб юришлари ва ёнларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган шахсий гувоҳнома бўлиши лозим.

 

10-модда. Қизил ярим ой тимсолидан Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг фойдаланиши

Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти қизил ярим ой тимсолидан ўз бинолари, иншоотлари, транспорт воситалари, бошқа мол-мулки, шунингдек ходимлари мансублигини белгилаш учун фарқловчи тимсол сифатида фойдаланади.

Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг тиббий тузилмалари, тиббий ходимлари, шунингдек санитария-транспорт воситалари қуролли можаролар даврида ҳар ий тиббий тузилмаларнинг ихтиёрига берилган тақдирда қизил ярим ой тимсолидан ҳимояловчи тимсол сифатида фойдаланилади. Тиббий ходимлар бундай пайтларда уруш даври қонунларига бўйсунадилар ҳамда қизил ярим ой тимсоли туширилган қўлбоғич тақиб юришлари ва ёнларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган шахсий гувоҳнома бўлиши лозим.

 

11-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан чет давлатларнинг Қизил Ярим ой ёки Қизил Хоч жамиятлари фойдаланиши

Чет давлатларнинг Қизил Ярим ой ёки Қизил Хоч жамиятлари, агар уларнинг вакиллари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлса, қизил ярим ой ёки қизил хоч тимсолидан Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг назорати остида фарқловчи тимсоллар сифатида фойдаланадилар.

Қуролли можаро юз берган тақдирда бетараф давлатларнинг ҳамда қуролли можарода иштирок этмаётган бошқа чет давлатларнинг Қизил Ярим ой ёки Қизил Хоч жамиятларининг тиббий тузилмалари, тиббий ходимлари, шунингдек санитария-транспорт воситалари инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг рухсати билан ва Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг назорати остида ҳарбий тиббий тузилмаларнинг ихтиёрига берилиши ҳамда қизил ярим ой ёки қизил хоч тимсолидан ҳимояловчи тимсол сифатида фойдаланиши мумкин. Тиббий ходимлар бундай пайтларда уруш даври қонунларига бўйсунадилар ҳамда қизил ярим ой ёки қизил хоч тимсоли туширилган қўлбоғич тақиб юришлари ва ёнларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган шахсий гувоҳнома бўлиши лозим.

 

12-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ҳаракати ташкилотларининг фойдаланиши

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятларининг Халқаро Федерацияси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошираётганда қизил ярим ой ёки қизил хоч тимсолидан фойдаланадилар.

 

13-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларини ҳимоя қилиш

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсоллари давлат томонидан ҳимоя қилинади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиладиган фарқловчи сигналлар ҳамда "Қизил Ярим ой" ва "Қизил Хоч" номлари ҳам давлат ҳимояси остида бўлади.

 

14-модда. Қизил ярим ой ва Қизил хоч тимсолларидан, фарқловчи сигналлардан, "Қизил Ярим ой" ва "Қизил Хоч" номларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан, фарқловчи сигналлардан, "Қизил Ярим ой" ва "Қизил Хоч" номларидан ёки уларга ўхшатиб қилинган бошқа белгилар ҳамда номлардан тижорат фаолиятида фойдаланишга, шунингдек қуролли можаролар даврида улардан хиёнаткорлик билан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

 

15-модда. Низоларни ҳал этиш

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

16-модда. Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Ўзбекистон

Республикасининг

Президенти

И. Каримов                                                                                                                                         Тошкент, 29 апрель 2004 йил

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати