Сайт  харитаси

Янгиликлар

<  1   2   3   4   5   6   7   8  >

 

 

6 сентябр 2013

 Самарқанда давра сухбати

 

Самарқанд. Мамлакатимиз бўйлаб Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатига   150 йил тўлганлиги муносабати билан турли тадбир ва учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.  2013 йил 6 сентябр куни Самарқанд шаҳрида бир қатор ташкилот мутахассислари иштирокида “Давра суҳбати” бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Марказий Осиёдаги минтақавий ташкилоти - томонидан ташкил этилди. Унда Самарқанд вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, жамоат ташкилотлари ҳамда маҳаллий  ОАВ  журналистлари иштирок этдилар. Учрашувни  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти раиси очиб, бу борадаги ҳамкорлик учрашувлар инсонпарварлик ташкилотининг масаларини ечишда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Йил бошидан буён биз жамоат ва давлат ташкилотлари иштирокида  ўнлаб семинар, давра суҳбатлари,тренинглар ва мастер-класслар ўтказиб келмоқдамиз. Бундай  учрашувлар Ўзбекистоннинг энг кекса инсонпарвар ташкилотининг  самарали  лойиҳалари билан таништирибгина қолмай, балки йиғилган тажрибалар, фойдали маълумотлар алмашуви жараёнида ҳам муҳим аҳамиятга эга”,- деди  ўзининг кириш сўзида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Ижрочи директори Э.А.Амиралиева.

“Биз Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган Халқаро Ҳаракатнинг 150 йиллигига бағишланган ёрқин ва қизиқарли воқеаларнинг иштирокчиларига айландик. Ва шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан олиб борилаётган кенг  кўламли ишларга юксак баҳо берган ҳолда, келгусида бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз самарали ва янада мустаҳкам бўлишига ишончим комил”,-дея  таъкидлади ўз чиқишида   Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ташкилоти раҳбарининг ўринбосари И.Асланов.

“Давра суҳбати” давомида улуғ сана – Ҳаракатнинг 150 йиллигига бағишланган бир қатор презентациялар бўлиб ўтди.  Уларда Халқаро Ҳаракатнинг тариҳи, Халқаро Қизил Хоч эмблемаларини қўлланилиши,  Қизил Хоч  ва Қизил Ярим Ой Жамиятларининг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги муҳим жиҳатлар акс эттирилди. Жамиятнинг минтақавий бўлинмаларининг фаол иш тажрибалари, ҳамкорликдаги лойиҳалар ва эришилган ютуқлар тўғрисида иштирокчиларга  батафсил   сўзлаб берилди. Семинар иштирокчиларининг эътиборига Миллий Жамият ва Халқаро Ҳаракат фаолиятига бағишланган видеофильмлар ҳам намойиш этилди.

 

 

 

3 сентябр 2013

 

Бухорода амалий семинари

 

Кейинги йиллар ичида таркибий ўзгаришлар натижасида ташкилот сафига  янги ғоялари ва шижоати билан ёшлар кириб келди. Амалий семинарнинг асосий мақсади ҳам - айнан янги ходимларни малакаларини ошириш учун қаратилган.

Семинарда иштирок этиш учун Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамда Наманган вилоят ташкилотидан тажрибали мутахассислар таклиф этилди.   Малакали  мутахассислар томонидан тайёрланган презентациялар Халқаро Ҳаракат тарихи ва таркибий тузилмаси,  Миллий Жамиятнинг гуманитар фаолияти, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришга доир қонунчилик хужжатлари каби муҳим мавзуларга бағишланиб,  ЎҚЯО Жамиятнинг 2011-2015 йилларга бағишланган стратегик ривожланиш дастури тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Жамиятнинг энг фаолларидан бири бўлган -  Наманган вилоят ташкилотининг  етук мутахассислари   ўзларининг  тажрибалари хусусида гапириб бердилар.

Тадбир ниҳоясида намойиш этилган   инсонпарвар ташкилотининг  фаолиятига бағишланган  “Эзгулик” номли видеофильми  иштирокчиларда  катта тааъсурот қолдирди.

 

 

29 август 2013

Бирнчи тиббий ёрдам бўйича амалий семинар

 

 Қорақалпоғистон. Хаётда шундай вазиятлар бўладики,  билим ва кўникмалар сустлигидан ёрдамга мухтож одамга нафингиз тегмай қолади. Айниқса,  яқин  одаминигиз бетоб  бўлиб қолса, фавқулодда вазиятлар, табиий офатлар рўй берганда биринчи ёрдам беришни ҳамма билиши лозим. Эзгуликка биринчи қадам қўйган инсон Анри Дюнан меҳр-саховат дебочасини очиб берди ва бугунга қадар,бир ярим аср ўтгандан кейин ҳам инсонлар қалбига инсонийлик туйғуларини улашиб келмоқда.

 

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг бир қанча лойиҳалари ахолининг кенг қатламларини бириничи ёрдамга ўргатиш масалаларига қаратилган. Бу вазифа олис худудларда ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.  Миллий Жамиятнинг Қорақалпоғистон республикаси ташкилоти Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 августда қабул қилинган 242 Қарорига биноан  бир қатор амалий вазифаларни ўз ичига олган Дастур ишлаб чиқди.

 

2013 йил  29 август куни “Қорақалпоғистон Толаси” корхонаси ичшилари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.Тадбир бошида Халқаро Ҳаракатнинг 150-йиллиги арафида тайерланиб, ЎҚЯО Жамияти  фаолиятига бағишланган “Эзгулик” видеофильми намойиш этилди. Семинар машғулотларида ёнғин вақтида жарохатланганларга, юрак хуружида ва нафас қисиб қолганда биринчи ёрдам кўникмалари берилди. Тажрибали тренерлар юқори технологиялардан фойдаланган холда, мультимедиа дисклари, ўқув-методик қўлланмалар  асосида амалий дарслар ўтказиб бердилар. Корхонанинг 15 нафар ишчилари биринчи тиббий ёрдам кўникмаларини пухта ўзлаштириб олдилар. Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

Биринчи тиббий ёрдам амалиётига ахолининг кенг қатламларини самарали  ўргатиш учун Қорақалпоғистоннинг чекка худудларида жойлашган бошланғич ташкилортларида 27 марказ очилди. Ушбу ўқув марказларида мунтазам равишда биринчи ёрдам бўйича инструкторлар тайёрланиб келинмоқда. Ҳар бир марказ етарли даражада методик қўлланма, информацион материаллар ва мультимедиа технологиялари билан таъминланган. Ахолининг биринчи ёрдамга ўргатиш бўйича  турли семинарлар уюштирилмоқда, улар ишида албатта район ва шаҳар бўлинмалари Ижрочи директорлари қатнашиб, ўзлари олган тажрибаларни кенг оммага улашиб келмоқдалар. Ўқув марказларда бошланғич ташкилотларнинг мутахассислари, сандружиначилар, санпост вакиллари ва ўз хохиши билан келган  ёшлар биринчи тиббий ёрдам бўйича сабоқ олишмоқда. Энг асосийси - юқори малакали мутахассислар ёрдамида  керакли билим ва кўникмаларга эга бўладилар.

 

 

 

29 август 2013

ФВларга тайёргарлик бўйича семинар-тренинг

 

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг “Инсонийлик” ўқув методика марказида ХалқароҚизил Хоч Ҳаракати  кўмагида “ФВ ларга тайёргарлик кўриш ва уларни олдини олиш” лойихаси асосида семинар – тренинг бўлиб ўтди. Унда Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарьё  вилоятл ташкилотларининг ФВ чора кўриш гуруҳи аъзолари иштирок этишди.  Қатнашчилар ичида 30 нафари  - янги аъзолар. Бундан ташқари, семинар ишида фасилитаторлар сифатида  илк маротаба ушбу лойиҳа асосида ўқиб тайёрланган Наманган ва Андижон вилоят ташкилотлари мутахассислари фаол  иштирок этишди.

Тренинг давомида турли мавзулар кўриб чиқилди. Улар қаторида ФВ ҳолатларида бошқарув гуруҳи ҳаракати, аҳлоқий нормалар, ўз-ўзини боқариш, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, дала лагерини жихозлаш, сув санитарияси. Тренинг уч босқичда амалга оширилди – ФВ тайёргарлик кўриш, оилавий алоқаларни тиклаш ва биринчи ёрдам  кўрсатишга доир  масалаларни ўз ичига олиб бу борада иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, Гуруҳ кўнгиллиларини тайёрлаш бўича олиб борилган тренингда  назарий дарслар билан бирга амалий машғулотлар ҳам ташкил қилинди.  Кўнгиллилар чодир ўрнатиш, сув тозалаш техник қурилмаларини ўрнатиш ва фойдаланиш каби  кўникамалари  билан  ҳам танишиб олишди.

Тренинг қатнашчиларига ўз навбатида жойларда вилоят ташкилотлари гуруҳлари билан амалий машғулотлар ўтказишни тавсия этилди,  бу эса  кўнгиллиларнинг  ФВ тайёргарлигини мустаҳкамлашга  ёрдам беради.

 

 

 

25 август 2013

ДИПЕКО-7 лоиҳаси

 Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан бир қатор ўзига хос ноёб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларнинг бири – ДИПЕКО-7 глобал лойиҳаси ўтган йилнинг ноябр ойида бошланган эди.

 Ушбу лойиҳа аҳоли хабардорлигини ошириш ва болаларни ҳимоя қилишда кўмаклашиш орқали табиий офатлар хатари тўғрисида огоҳлантиришда аҳолининг салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.

 Мазкур лойиҳа Европа инсонпарварлик масалалари бўйича Офиси (ЕСНО) ва «Save the Children Korea» (“Болаларни қутқаринг”) ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Уни рўёбга чиқаришда Ангрен шаҳри ва Тошкент вилояти Охангарон туманининг 20та мактаблари ва яна шунча маҳалла қўмиталари иштирок этмоқда.

Лойиҳа вазифаларига мувофиқ ушбу мактаблар таркибида 25-30та  боладан иборат бўлган ФВга тайёрланиш Ёшлар клублари яратилди. Ўқув семинар ва тренинглар ўтказилиб, уларнинг давомида ўқувчилар турли офатлар юзага келганда ҳимояланиш асослари бўйича зарур кўникмаларга эга бўлдилар. Шу каби тадбирлар маҳалла қўмиталари аҳолиси билан ҳам ўтказилмоқда. Фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари қошида таркиби 15-20 кишидан иборат ФВга муносабат билдириш гуруҳлари ташкил этилган.  

ДИПЕКО-7 лойиҳасини амалга ошириш доирасида бугунги кунда барча 20та мактаблар ўт ўчириш воситалари, ёритгич фонарлар, мегафонлар ва ФВга муносабат билдириш учун зарур бўлган бошқа анжомлар билан таъминланган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг сел босиши хавфи мавжуд бўлган ҳудудларида жойлашган 20та маҳалла қўмиталарига резинали этиклар, белкураклар ва рўй бериши эҳтимоли бор бўлган фавқулодда вазиятларга қарши курашиш учун бошқа керакли анжомлар топширилди.       

Айни пайтда, лойиҳавий фаолият доирасида, мактаблар ва маҳаллалар учун эвакуация карталари, турли фавқулодда вазиятлар содир бўлганда мактабда тўғри йўналиш топиш учун махсус таниш белгилари ишлаб чиқилди ва ўқув юртидан чиқиш жойлари белгилаб қўйилди.        

ДИПЕКО-7 лойиҳаси давом этмоқда. Келгусида ишлаб чиқилган ФВ сценарийси бўйича аҳоли ва мактаб ўқувчилари билан симуляцион ўқув машғулотларини ўтказиш ҳамда қўшимча равишда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича семинар ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган. 

Лойиҳа якунлангандан сўнг, яшовчилар ва оила аъзолари ўртасида ФВга тайёрланиш соҳасидаги билимларни янада тарқатиш ҳамда рўй бериши мумкин бўлган табиий офатларга аҳолининг тайёрлик даражасини ошириш мақсадида 500дан ортиқ нафар мактаб ўқувчиларини ва 300 дан зиёд маҳалла фуқароларини ўқитиш ва тайёрлаш режалаштирилмоқда.

 

 

 

15 - 18 июл  2013 г.

Маҳаллий ОАВ журналистлари учун “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фуқаролик жамияти гуманитар ва ҳуқуқий асосларини ривожлантиришдаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги семинар-тренинг.

 

- Халқаро Ҳаракат фаолияти тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлиш, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб - қувватлаш бўйича олиб борилаётган муайян ишларни ўз кўзимиз билан кўришга бизга тақдим этилган имконият учун катта раҳмат.  

 

- Сиз – Анри Дюнаннинг ҳақиқий издошларисиз. Сизлар туфайли шунча фойдали ва керакли маълумотларга эга бўлганимдан фахрланаман. Ушбу Ҳаракатнинг волонтёри бўлиш истагидаман.   

          

Тўрт кунлик семинар-тренинг давомида шу каби жуда кўп фикрлар билдирилди. Биз, ташкилотчилар учун ушбу тадбир  биз билан бирга ишлаган ва бундан кейин ҳам хамкорлик қилмоқчи бўлган юртимиз ОАВ журналистларини бир майдонда бирлаштириш борасидаги илк ҳаракатимиз бўлганига қарамасдан, форум иштирокчиларининг ўзлари бундай мулоқотларни доимий асосда ўтказиш таклифини билдирдилар.

 

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг раиси  проф. Х.Ё.Каримов, семинар ишини очар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди - “Мен бугун ана шу залда йиғилган юртимиз ОАВ – газета, радио ва телевидениенинг  етук вакиллари, кучли мутахассисларини  муборакбод этишдан жуда мамнунман. Сизлар, ҳеч шубҳасиз, истеъдодли ва мақсад сари интилувчан, юқори даражали профессионал журналистларсиз.. Ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда ва бугунги семинар ҳам бунинг яққол далилидир.  

 

Орангиздаги кўпчилик журналистлар олдимизга қўйган  энг устувор мақсад – ижтимоий йўналишдаги давлат дастурларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган   Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фаолияти тўғрисида яхши мълумотга эга. 

 

Сизларга маълумки, жорий йили бутун Жаҳон ҳамжамияти Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг ташкил топганлигининг 150-йиллигини кенг нишонлайди. Республикамиз ОАВ журналистлари учун илк бор ўтказилаетган семинар-тренинг ҳам ушбу юбилей тадбирлари доирасида ташкил этилди.

 

Халқаро Қизил Хочнинг Марказий Осиёдаги Ваколатхонаси раҳбарини мовини Ихтиёр Асланов ўз чиқишида Халқаро Ҳаракатнинг турли йўналишлардаги фаолиятини ёритишда журналистлар алоҳида аҳамият касб этиши ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: «Сизлар воқеа содир бўлган жойга биринчилар қатори етиб келасиз, тезкор маълумотларни энг биринчи манбадан оласиз. Сиз ушбу маълумотларни нақадар ишончли ва аниқ материал шаклида тақдим этсангиз, кўрсатиладиган зарурий ёрдам ҳам шу қадар тезкор ва самарали бўлади. Семинарда орттирилган билимлар, шубҳасиз, келгуси фаолиятингизда жуда керак бўлади».

 

Ёзнинг айни чилласида шинам ва салқин “Ҳожикент” санаториясида ўтказилган тўрт кун ҳар бир қатнашувчида катта таассурот қолдирди. Семинар-тренинг ўтказилган ҳар бир кун жуда сермазмун ва унумли ўтди.  

 

Унинг давомида Миллий жамият фаолияти, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг эмблемаларидан фойдаланиш, Миллий жамият тўғрисидаги масалаларга тааллуқли Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги ҳуқуқий меъёрларига  бағишланган маърузалар тақдимоти бўлиб ўтди, волонтёрлар ҳаракати тўғрисида батафсил сўзлаб берилди, Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятига бағишланган “Эзгулик” ҳужжатли видеофильм намойиш этилди.

 

Журналистлар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси эксперт ва мутахассисларининг ХҚХ мандати ва фаолияти, Халқаро гуманитар ҳуқуқ асослари тўғрисидаги тақдимотларини катта қизиқиш билан тингладилар. Секцияларда интерфаол шаклда олиб борилган ишлар журналистларга тақдимотлар давомида олинган материални янада чуқур ўзлаштириб олишга имкон берди.     

 

Амалий топшириқларни бажариш давомида Миллий Жамият волонтёрлари репортажларнинг қаҳрамонларига айландилар. Гап шундаки, журналистлар учун семинар билан бир вақтнинг ўзида Бўстонлиқ тумани ҳудудида яна бир муҳим тадбир ўтказилди. Шу ернинг ўзида  Ўзбекистон ҚЯОЖнинг офатларга қарши ҳаракат қўллаш Миллий жамоаси дала тактик ўқув машқларини ўтказди.  Маълумки, Жамият фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири  - юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва қарши ҳаракат қўллаш бўйича ишларни олиб бориш ҳисобланади. Ўтказилган дала ўқув машқлари тезкор Миллий жамоасининг тайёргарлик даражаси, унинг тартиблилиги ва аҳлоқий-руҳий барқарорлиги, ўта мураккаб вазиятларга ўхшатиб ташкил этилган ҳолатлардаги ҳаракатлар жараёнида жиддий жисмоний ва руҳий юкланмаларни енгиб ўтиш қобилиятини намойиш этди. Кейинги 3 йилда биринчи марта ўтказилган ўқув машқи волонтёрларнинг фавқулодда вазиятларга тайёрланиш борасидаги билимларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади ва келгусида орттирилган тажрибани жойлардаги жамоаларга тегишли сабоқ бериш жараёнида қўллашга имкон яратади.

 

Тренинг ташкилотчилари томонидан ўтказилган викторина эса олинган билимлар мустаҳкамлигининг ўзига хос синовига айланди. Унда иштирок этган журналистлар зийраклик ва мантиқий фикрлашни талаб этадиган 40дан ортиқ саволларга дадиллик билан жавоб бердилар. Тўпланган баллар натижаларига кўра 5 нафар журналистлар махсус совринлар билан тақдирланди.  

         

Семинар-тренинг якунида унинг барча иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

15 - 18 июл  2013 г.

ЎҚЯО Жамияти Миллий Жамоасининг дала машғулотлари

 

2013 йил 15-18 июл кунлари Тошкент вилоятининг «Хожикент» пансионатида Ўзбекистон ҚЯОЖ Офатларга Муносабат билдириш Миллий Жамоасианинг дала машғулотлари бўлиб ўтди.Ўқув машғулотларини ўтказишнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг офатларга муносабат билдириш жамоалари (ОМЖ) кўнгиллилари, жамият ходимлари ва аъзоларини амалий кўникмаларга ўргатиш ҳамда  календарь ҳаракатлар режасига мувофиқ фавқулодда вазиятларга тайёрланиш борасида Миллий Жамият салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат эди. 

Ўқув машғулотлари Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда Вазиятларда ҳаракатланиш ва олдини олиш Давлат Тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.     

Ўзбекистогн ҚЯОЖ Миллий Жамоаси  2011 йилда ташкил этилган ва юқори даражадаги профессионал кўнгиллилари ва ходимларидан шаклланган. Миллий Жамоанинг барча аъзолари ФВ юзага келганда қидирув ишларини ташкил қилиш, қўл остидаги воситалардан фойдаланган ҳолда жабрланганларни олиб чиқиш, сув билан таъминлаш, санитария талабларига риоя қилиш, ФВ рўй берганда 5000 кишига мўлжалланган дала лагерини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларига эга.

Ўқув машғулотлари беш босқичда ўтказилиб, ФВ соҳасидаги назарий билимлар, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракати тариҳи, табиий офат рўй берган жойда Миллий Жамоанинг ўзини тутиш кодекси, ФВда биринчи ёрдам, шу жумладан психологик ёрдам бериш борасидаги билимларни текшириш жараёнларини қамраб олган. 

Дала машғулотлари давомида фавқулодда вазиятларга тайёрланишнинг барча элементлари пухта ўрганиб чиқилди. Миллий Жамоа  аъзолари ўқув машғулотларнинг биринчи кунида щундай жараёнда шартли равишда жабрланган 80 кишига мўлжалланган чодир лагерини ташкил қилдилар. Тадбирнинг иккинчи кунида зилзила, сув тошқини,  ёнғин каби турли офатлар ва ФВда тегишли ёрдам кўрсатиш учун ўқув станциялари ташкил этилди. Учинчи куни эса имитация ўқув машғулотлари ўтказилди. Қутқарув ишларини ўтказиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва махсус анжомлар, воситалар ва ускуналар, шу жумладан француз техник сув тозалаш тизимидан фойдаланган ҳолда ФВда жароҳатланганларни хавфсиз ҳудудларга ташиш бўйича жамоалар шахсий таркибларининг ҳаракатлари кузатилди ва янада такомиллаштирилди. Ўзбекистон ҚЯОЖнинг ихтиёрида мавжуд бўлган сув қурилмаси ФВ шароитларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ўзининг техник хусусиятларига кўра автомоном режимда ҳар қандай сув ҳавзасидан бир суткада 80 тонна сувни олиб тозалаб бериш имконига эга.

Машғулотлар якунида барча қатнашчилар сертификатлар билан тақдирланди, шунингдек натижалар бўйича Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг офатларга муносабат билдириш Миллий Жамоасининг энг яхши кўнгиллилари аниқланди.

 

 

 

 

Мақсад  - оилавий алоқаларни тиклаш

 

Август ойининг ўрталарида «Инсонийлик» республика ўқув-методик марказида “Оилавий алоқаларни тиклаш” йўналишидаги  вилоят бўлинмалари ходимлари учун икки кунлик семинар – тренинг бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мазкур дастур бажарилишини таъминлаш бўйича тақвимий ҳаракатлар режаси асосида ташкил этилди. Тренинг ишида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг Қорақалпоғистон минтақавий, вилоятлар ташкилотлари мутахассислари ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қумитасининг Марказий Осиёдаги худудиий ваколатхонаси экспертлари иштирок этишди. Семинарни табрик сўз билан Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Ижрочи директори А.Амиралиева очди.

Семинар дастури ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатларни қамраб олган. Унинг мақсади эса фавқулодда вазиятларда оилавий алоқаларни тиклашни режалаштириш учун зарур бўлган билимлар даражаси ва тайёргарликни ошириш, мавжуд воситалардан фойдаланиш эҳтиёжларини тезкор баҳолаш сифатини ошириш, Халқаро ҳаракат доирасида фаолиятни мувофиқлаштиришдан иборат эди. Ташкилотчилар ўз олдиларига Жамият филиалларида кадрлар салоҳиятини ошириш, тўпланган тажриба ва ахборотлар билан алмашиш каби қатор муҳим вазифаларни қўйди. 

Семинар иштирокчиларига дастур мувофиқлаштирувчиси Н.Ким томонидан тайёрланган Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг ушбу соҳадаги фаолияти тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. Мамлакатлараро семинар иштирокчилари оилавий алоқаларни тиклаш борасидаги фаолиятнинг асосий тамойилларини кўриб чиқдилар, Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Самарқанд, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоят ташкилотларидаги иш тажрибаси билан танишдилар. “Табиий офат ва ҳалокатларда қидирув ва оилавий алоқаларни тиклаш бўйича фаолиятни ташкил қилиш” ва “Фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва муносабат билдириш” мавзулари бўйича тақдимотлар ўтказилди.

 

 

 

11 июл  2013 г.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Навоий вилояти бўлими “Электрохимзавод” жамоаси билан биргаликда уч кунлик семинар-тренинг ўтказди

 

Навоий. Июль ойининг бошларида бўлиб ўтган семинар ишида корхонанинг 20дан ортиқ ишчилари, ҳамда халқаро тоифадаги инструктори наргиза Эшбоева билан ЎҚЯО Жамияти Навоий вилояти бўлими раиси Марьяна Бахриева қатнашдилар.

 

Семинар ишидан кўзланган мақсад – фавқулодда вазиятлар содир бўлган холатларида биринчи ёрдам кўникмаларига ўргатиш. Бундан ташқари корхона ишчиларига биринчи тиббий ёрдам амалиёти, ФВда ва бошқа вазиятларда амалий дарслар ёрдамида машғулотлар ўтказиш режалаштирилган эди. Семинарда ўтказилган презентацияларда бугунги кунда давлатимизда олиб борилаетган модернизация ва ривожланиш жараёнлари, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой халқаро ҳаракати тўғрисида маълумотлар берилди. Амалий машғулотлар жараёнида малакали инструктор ёрдамида биринчи тиббий ёрдам турлари ва кўникмалари ҳақида маълумотлар берилди.

 

Олган билимларини семинар қатнашчилари амалий дарсларда кўрсатиб беришга харакат қилишди. Бунда юрак массажи, турли жарохатларда боғлаш ва тўғри муолажа қилиш каби амалиётларни бажардилар. Қатнашчилар ўз фикрғмулохазаларини билдирар эканлар, бундай амалий машғулотлар нақадар мухимлигини айтиб ўтишди. “Оддийгина муолажа бўлиб кўринган бу харакатлар энг аввало инсон хаетини сақлаб қолишга қаратилган. Бизга бу сабоқларни бераетган Миллий Жамият мутахассисларига миннатдорчилигимизни билдирамиз” - дейди семинар қатнашчиси, корхона бўлим бошлиғи Елена Осинская.


Тренинг якунида барча қатнашчиларга сетрификатлар топширилди.

 

18-20 июн 2013

Биринчи ёрдам инструкторлари тайёрланди.

“Инсонийлик” Республика ўқув методик марказида фавқулодда вазиятлар содир бўлганда биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш бўйича тренерларни тайёрлашга бағишланган уч кунлик семинар-тренинг  бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти билан ҳамкорликда Япония Қизил Хоч Жамиятининг CBHFA лойиҳаси асосида ташкил этилди.

Семинарда иштирок этиш  учун  Миллий Жамиятнинг вилоят ташкилотларидан фаол мутахассислар таклиф этилди.Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти мутахассислари ва Япония Қизил Хоч Жамияти бир қатор ташкилотларининг етук мутахассислари мастер-класс дарсларини юқори даражада ўтказдилар. Тренинг очилиш маросимида Япония Қизил Хоч Департаменти директори жаноб Фумиаки Андо  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятига юқори баҳо берди, ва айнан мактаб ўқувчиларини ФВ ҳолатларида амалий ёрдам кўникмаларига ўқитиш ва ўргатиш ишларини  алоҳида эътироф этди.

Лойиҳа асосида компьютер техникаси ва информацион дастурлар, марказлар манекенлар билан тўртта фандрейзинг марказлари  таъминланиб, республика бўйича  52 нафар инструктор ҳамда 1000 га яқин волонтёрлар  тайёрланди.  

Келгусидаги амалий ишларнинг самарадорлигини ошириш  учун ўқув-методик дарсларининг сифатини яхшилаш борасида қўшимча чора тадбирлар ишлаб чиқилган эди. Амалий машғулотларни олиб бориш учун 2010 йил стандартлари асосида  сертификатлар ва  малакага эга бўлган биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича  тренерларни жалб қилиш зарурияти юзага келди.  

Семинар-тренинг доирасида япониялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилотларининг 24 та мутахассислари ўз малакаларини ошириш имкониятига эга бўлдилар.Ўз навбатида,улар энди туман бўлимларининг инструкторларини биринчи  тиббий ёрдам кўникмаларига ўқитиб,тайёрлашлари мумкин.

18 июн 2013

Намангандаги давра сухбати

Наманган.Ушбу юбилей санага багишлаб,  Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг 150-йиллиги муносабати билан Қизил Ярим Ой Жамиятининг Наманган минтақавий ташкилоти томонидан қатор кенг қамровли тадбирлар ўтказилди. Ёзнинг биринчи ойида бу ерда яна бир муҳим  анжуман - “150 йиллик инсонпарварлик ҳаракати” деб номланган “давра суҳбати” ташкил  қилинди. Тадбир Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти, Қизил Хоч Халқаро Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Ваколатхонаси, Наманган минтақавий ташкилоти, Наманган вилояти хокимлиги билан ҳамкорликда  ўтказилди.  

Конференция ишида Наманган вилояти хокимининг ўринбосари М.Азизова, ҚХХҚнинг Марказий Осиёдаги Ваколатхонаси ҳамкорлик бўйича бўлими раҳбари С.Шорин, ваколатхона ходимлари – С.Сафоева, Р.Отажонов, А.Хукумов, Ўзбекистон ҚЯОЖ ташкилий бўлими раҳбари Т.Собитов,  Мудофаа вазирлиги шарқий ҳарбий округи қўмондони ўринбосари Б.Уролбоев ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлари, вилоятнинг чегарадош туманлари ҳокимлари ўринбосарлари, “Маҳалла” жамғармаси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Давра сухбати иштирокчилари  эътиборига “ҚХХҚ Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Харакатининг таркибий қисмларидан бири сифатида”, “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг тарихи ва тузилиши”, “Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятларининг халқаро ҳуқуқий мақоми”, “Фарғона водийсида Халкаро гуманитар хукук тўғрисидаги билимларни тарқатиш бўйича Минтақавий Марказ фаолияти” мавзуидаги маърузалар  такдим килинди.

Шунингдек унинг  доирасида  Наманган вилояти ҚЯОЖнинг фаолияти урганилиб,унга  юкори бахо берилди. Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини тарғиб этиш ва тарқатиш борасидаги ишлар тахлил килинди. Катнашчилар бошланғич ташкилотларнинг фаолияти, хусусан Фарғона водийсида Халқаро ҳуқуқни тарқатиш бўйича Минтақавий ресурс маркази иш услубининг узига  хос йуналишлари, иш тажрибасини оммалаштириш лозимлиги тўғрисида таъкидлаб ўтдилар. Яна бир мухим  жихат, биргина ўтган йилнинг ўзида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида ўттиздан ортиқ турли учрашув ва тақдимотлар ўтказилди.

 

 

 

13 июн  2013 г.

Болалар ёзги оромгоҳларида  ўқув тадбирлари

 

Қорақалпоғистон. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фавқулодда вазиятларни  олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш Давлат тизимини  янада такомиллаштириш тўғрисида” ги Қарорини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг  Қорақалпоғистон Республикаси ташкилоти болаларнинг ёзги таътил даврида бир қатор тадбирларни амалга оширди.

Ўйин шаклида ўтказилган ўқув машғулотлардан кўзланган  асосий мақсад  - ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган  болаларни  биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига  ва фавқулодда вазиятларда ўзини тутишга ўргатишдан иборат. Бир қатор ташкилотларнинг ҳамкорлиги ўз самарасини берди. Аҳолини  фуқаролик мудофааси  ва ФВдан ҳимояланиш борасидаги хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот  тадбирлари ўтказилди,  бундан ташқари, аҳолининг кенг қатламлари орасида  ҳаётий фаолият хавфсизлиги борасидаги маданиятни ошириш бўйича  ишлар олиб борилди.

 “Ёш қутқарувчи” – Нукус шаҳридаги “Жас аулад” ёзги оромгоҳида бўлиб ўтган тадбир шундай деб номланди. Унда Қорақалпоғистон республикаси ФВ ходимлари иштирокида ўйин шаклидаги ўқув тадбирлари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ҚЯЖамияти Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг Ёшлар маркази кўнгиллилари ҳам фаол иштирок этишди. Қизиқарли ўйин машғулотлари ёрдамида болаларга  фавқулодда вазиятларда ўзини тутишнинг турли усуллари таништирилди. Иштирокчилар ёнғин, зилзила ва бошқа ҳолатларда ўзига ва бошқаларга ёрдам кўрсатиш йўлларини билиб олдилар.  Ролли ўйинлар, интерфаол машғулотлар орқали болаларга хашорат чақиши, куйиш ёки офтоб  уриши ҳолатларида  биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари берилди. Тадбир давомида  кўнгиллилар томонидан Халқаро Қизил хоч ва Қизил Ярим Ой  ҳаракатининг тарихи, Ўзбекистон ҚЯЖ фаолияти тўғрисидаги маърузалар тақдимоти ўтказилди. Ҳар бир иштирокчига “Табиий офатлар”    туркумидаги рисолалар эсдалик сифатида топширилди.

Бу каби ўқув тадбирлари Ўзбекистон ҚЯЖ Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг мутахассислари томонидан бутун ёз мавсуми давомида ўтказилди, бундан ташқари республика таълим муассасаларида ҳам ташкил этилди. Тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад –  болалар ва ўсмирларда экологик маданият асосларини шакллантириш ва соғлом тумуш тарзига ўргатиш, турли вазиятларда ўзаро ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик  ҳиссини тарбиялашдан иборатдир.

<  1   2   3   4   5   6   7   8  >

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати