Сайт  харитаси

Янгиликлар

<  1   2   3   4   5   6   7   8  >

 

Азиз ҳамкасблар!

 

Янги йил кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Барчангизга маълумки, у биз учун алоҳида аҳамият касб этувчи  юбилей йили саналади. 2015 йилда сайёрамиздаги энг кекса инсонпарварлик ташкилоти – Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташкил этилганига 90 йил тўлади.     

 

У 1925 йил 14 ноябрьда ташкил топган. 1992 йил 28 май ойида эса Республика Президенти томонидан  “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Унда жумладан шундай дейилади - “Инсонпарварлик, раҳм-шафқат ва беғараз ёрдам бериш, халқ анъаналарини намоён қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракатининг мақсад ва қоидаларини рўёбга чиқаришда республика жамоатчилигининг иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида... белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти республиканинг бутун ҳудудида иш кўради ва инсонпарварлик ёрдами бериш соҳасида давлатга ҳамда унинг соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идораларига ихтиёрий равишда кўмаклашади”.

 

Хабарингиз бор, мустақиллик йилларида Миллий Жамиятнинг ривожлантириш, унинг нуфузини кўтариш, имкониятларини ошириш учун самарали ишлар амалга оширилди. 

 

Жумладан, кундалик фаолиятимиз якка –ёлғиз, кекса инсонларга инсонпарварлик ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва аҳолига биринчи ёрдам кўрсатишни  ўргатиш, Халқаро гуманитар ҳуқуқини татбиқ қилиш,  кўнгилли фаолларни сафини кенгайтириш каби мухим масалаларни қамраб олган. Бундан ташқари, ёшларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялаш, беғараз донорликни тарғиб қилиш, ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш, оилавий алоқаларни тиклаш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.   

 

Биз бундан буён ҳам ўз фаолиятимизни давом эттирамиз. Юбилей санага бағишлаб анжуман ва учрашувлар, кўрик-танловлар, фото кўргазмалар ташкил этилади. 2015 йил муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан “Қарияларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. Демак, кириб келаётган йил воқеаларга бундан ҳам бой бўлади.

 

Анъанага кўра, ҳар йили ноябрь ойида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти республикамизнинг барча минтақаларида Миллий Жамият фондига маблағ йиғиш хайрия акцияларини ўтказади. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 5 октябрьдаги Қарорига асосан декада ўтказишда ҳар бир минтақада жамоат ва нодавлат ташкилотлари, ўқув муассасалари, корхона ва турли идоралар фаол иштирок этади. Декаданинг самарали ўтиши

 

Миллий Жамиятимизнинг ижтимоий химояга йўналтирилган дастурларини муваффақиятли амалга оширилишига  ёрдам беради.

 

Барчангизга мустаҳкам соғлик, ишларингизда муваффақиятлар, бахт тилайман,  олийжаноб ишларингизда зафар ёр бўлсин!

 

                      Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раиси

Х.Я.Каримов

 

24 декабр 2014 й.

Илғорлар тажрибасини ўрганамиз

 “Эзгулик ва инсонпарварлик кучларини сафарбар этган ҳолда аҳолининг ижтимоий заиф   қатламларини турмушини яхшилаш”.  Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой  Ҳаракати жорий йилдаги  фаолиятини шундай шиор билан юритишга қарор қилди. Бу муҳим  вазифани бажаришга Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг асосий йўналишларидан бири – “Меҳр-шафқат” тиббий-ижтимоий хизмати йўналтирилган. Мазкур  хизмат ходимларининг вазифалари қаторида  қарамоғидагиларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларига, кам таъминланган оилаларга яқиндан ёрдам бериб, уйларида патронаж  хизматини кўрсатишдан иборат

.    

Бу  борада  Миллий Жамиятнинг Тошкент шаҳар ташкилоти тажрибаси эътиборга лойиқ. Ҳозирда «Мехр-шафкат»  хизмати мутахассислар 330 нафар кишини ўз васийлигига олган. Уларнинг кўпчилиги ёши улуғ, хаста,  уйдан чиқолмай қолган кишилардир.   

 

Бундай инсонларга нафақат ёрдам кўрсатиш, шунингдек, улар билан хушмуомала суҳбат қуриш,  кўнглига йўл топа олиш  ҳам жуда муҳим. Ёлғиз, касал кишиларга  хомийлик қилиш нозик ва қийин иш. Бундай маъсулиятни ўз зиммасига олган кишиларга осон эмас. Шу боис ҳам бундай  ишга бағри кенг, раҳмдил, ўзгалар ташвишини чуқур ҳис эта оладиган кишилар жалб этилади. Пойтахт ташкилотида бундай мажбурият олти нафар тиббий ҳамширасига юкланган.  

 

               – Биз учун энг асосийси, топширилган  вазифани нафақат малакали адо этиш, шунингдек, ўз қарамоғимизга васийликка олинганларга алоҳида эътибор, меҳр   билан қарашимиз лозимдир, – дейди «Меҳр-шафқат»  хизмати раҳбари Фотима Қудратуллаева. – Шифокорлар кўрсатмасига асосан турли муолажалар  олиб борамиз.   Бундан ташқари,  керакли нарсаларин харид қилиш, дорихонадан дориларни етказиб бериш, шунингдек, уй юмушларини ҳал этишда кўмаклашиш ҳам бизнинг вазифамизга киради. 

 

Йил бошидан буён 9 ой давомида 298 нафар васийликка олинган киши диспансерлаштиришдан ўтказилди. Оилавий поликлиника ходимлари билан биргаликда соғломлаштириш чора-тадбирлари олиб борилди. Пойтахтдаги бешта туманда чекка худудларда  тиббий-ижтимоий хоналар ташкил қилинди. Бу ерда васийликка олинганларга   ҳамширалар бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатади. Яна бир мухм жиҳат - хизмат ходимларининг касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Уларнинг ҳар бири аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини мукаммал ўрганиб, сертификатларга эга. Тиббиёт хамширалари Ўзбекистон ҚЯО Жамияти танловларида фаол иштирок этиб келишмоқда.

 

Ўз самарасини бераётган дасурлардан яна бири -    “Ташриф” лойиҳаси. Унда   қатнашишни истаганлар сони ошиб бораётир. Ёш волонтёрлар  “Меҳр-шафқат” хизмати мутахассислари билан биргаликда  васийликка олинганларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этишади. Шундай қилиб, хайрли  раҳм-шафқат анъаналари давом этмоқда. Яхшилик кўрсатиш, ёрдамга муҳтож кишиларни кўнглини олиш халқимизга хос  фазилат. Бундай эзгу қадриятларни фарзандларимиз, невараларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим. 

 

  

10 декабр 2014 й.

                        Биринчи ёрдам: буни ҳамма билиши шарт

 Биринчи ёрдам кўрсатиш сабоқларини кенг аҳоли қатламларига ўргатиш - бу биринчи навбатда инсонларга шифокор етиб келгунга қадар оддий усулда илк ёрдам бериш ва зарур ҳолатларда атрофдагиларга ёрдам кўрсатиш учун керакли малакага эга бўлишдир.  

 –Аҳолини шифокор етиб келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятининг устувор йўналишлари қаторига киради, – дейди Ўзбекистон ҚЯОЖ бўлим бошлиғи Наталья Ким. –  Жамиятимиз ва хорижий давлатлар  Миллий  Жамиятлари,  Халқаро  Қизил  Хоч Қўмитаси ва Халқаро  Қизил Хоч ва Қизил  Ярим Ой  Федерацияси билан тегишли дастурни амалга ошириш доирасида мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган.  Ҳамкорликдаги фаолият давомида турли ҳаётий вазиятларда юзага келадиган салбий оқибатларни камайтириш борасидаги маълумотлар,  янгиликлар билан ўзаро тажриба алмашадилар. Жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, Жамиятимиз томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича янги стандартлар ишлаб чиқилган.  Ҳодиса юз берган жойда хавф-хатарни ва жабрланувчининг аҳволини тезда баҳолаш имконини берувчи аниқ ва тушунарли ҳатти-ҳаракатлар ўқув дастурининг асосини ташкил этади.   

 Миллий Жамият мутахассислари томонидан яратилган “Биринчи ёрдам”ни ўргатиш дастури – турли мамлакатлар қутқарувчилари ҳамда маслаҳатчиларининг ҳамкорликда яратган ўзига хос таълим курсидир. Бу курс Европа Ҳамжамиятининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш  ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари сертификатларига эга ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган. Дастурнинг асосий курси – бу, махсус тиббиёт маълумотига эга бўлмаган кишилар учун мўлжалланган курс саналади. Ўзлаштирилган малакалар ишлаб чиқаришда ёки йўл ҳаракати ҳодисасида жароҳат олган, касаллик тўсатдан хуруж қилишидан қийин аҳволга тушиб қолган кишиларга биринчи ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларда малакали тиббий ёрдам ва бошқа ихтисослашган хизмат бўлимлари етиб келгунга қадар ўзини босиқ, ишончли тута билиш кўникмаларига эга бўлишга имкон беради. 

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракатланишнинг давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти мутахассислари томонидан ўтган йилда  жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш малакалари бўйича тўққизта пуллик тренинглар ўтказилди. Унда турли ташкилотлар ходимларидан иборат 95 киши ўқитилди.                                                                       

 Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Ўқув маркази ходимлари корхоналарда биринчи ёрдам кўрсатиш каби соҳаларда ходимларни сифатли тайёрлашни ўтказишга тайёр. Юқори малакали мутахассислар ҳам жойларга бориб, ҳам Марказ ҳудудида ўқув курсини ўтказиши мумкин.  Таълим жараёнида ходимлар ёнғин  ҳолатларида, заҳарли  моддалар ёки  газ билан  заҳарланганда ва ишлаб чиқаришдаги бошқа фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатишга батафсил ўргатилади.

 

 

1 декабр 2014 й.

Инсонпарварлик анъаларини давом этириб

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тарихидаги нуфузли воқеалар  тақвими бу йил яна бир сана билан бойиди.  “Соғлом бола йили”да Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг бирданига  иккита – Тошкент ва Фарғонада тиббий-ижтимоий марказлари ишга тушди.

 

Маълумки, Миллий Жамият фаолиятининг устувор йўналишларидан бири – давлат ва унинг органларига муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг кам таъминланган қатламига  тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ёшларни инсонпарварлик рўхида тарбиялаш, ёлғиз ва кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.   Ўзбекистон ҚЯО Жамияти  ташкилотларининг қошида очилган замонавий  марказлар фаолияти ҳам шу каби аниқ манзилли ёрдам кўрсатишга йўналтирилади.

 

“Бунёдкор, 44-А”.  Бу,  “Инсонийлик” Республика ўқув методик маркази биносида жойлашган янги ижтимоий - тиббий марказининг манзили. Шинамлик, қулай иш тартиби, тажрибали  ва малакали шифокорлар – янги муассаса фаолиятининг усуворлигидир. Бу ерда беморларга кенг кўламдаги тибий хизмат кўрсатилади.

 

– Биз биринчи навбатда Миллий  Жамиятимиз  қарамоғидаги инсонларга  хизмат кўрсатамиз, - дейди бўлим раҳбари Нигора Исломбекова. – Улар невропотолог, терапевт, ЛОР-шифокор, стоматолог, кардиологлар томонидан бепул маслаҳат оладилар. Бу ерда шунингдек, УЗИ, ЭКГ- тезкор-ташхисдан ўтиш мумкин, физиотерапевт кабинети фаолият юритади.

Шунингдек, марказда ҳар бир истаган киши замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланган юқори малакали тиббий кўрикдан ўтиши ва тегишли даволаниш муолажаларини олишлари мумкин. Тез кунларда фитобар хизмати ҳам кўрсатилади.

 

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Фарғона вилояти ташкилотининг тиббий-ижтимоий маркази Янги аср кўчасидаги кўркамгина бинода жойлашган.

 

– Марказ бизнинг “Меҳр-шафқат” тиббий-ижтимоий хизматимиз тузилмасига киради, – дейди бош шифокор Шуҳратжон Абдужалилов. – Ббу ерда ЭКГ, УЗИ кабинетлари ишлаб турибди, шифокор-терапевт, уролог, невропатолог ва физиотерапевт қабуллари ташкил этилган. Васийларимиз қаторида кекса ёшдагилар кишилар бўлгани учун геронтолог мутахассисларни ҳам ишга жалб этиш режалаштирилган. Стоматолог кабинети фаолият юритаяпти. Иккита палата, дам олиш хонасидан иборат кундузги стационар ташкил этилган.  

 

– “Меҳр-шафқат” марказига келиш мен учун бир алоҳида воқеа, – дейди Галина Дик. – Менинг ўзим тиббиёт соҳасида  меҳнат қилганман. Узоқ йиллар фельдшер бўлиб ишлаганман ва кекса кишининг саломатлиги мутахассис назоратида бўлиши қанчалик муҳим эканлигини яхши тушунаман.

 

– Инсонларга ғамхўрлик қилаётган, унинг тақдирига масъулият билан ёндошаётган бу фидоийлардан фақат миннатдормиз, - дейди яна бир васийликдаги Зулайхо Машрапова

 

Яқин келажакда маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда бошқа шаҳар ва туманлардан ҳам кекса қариялар қабули йўлга қўйилиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш чора-тадбирлари режалаштирилмоқда.

 

 

 

 

28 ноябр 2014 й.

БУДАПЕШТДАГИ ФОРУМ  ЯКУНЛАРИ

2014 йил 27 ноябрда Венгрия пойтахтида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Федерацияси Европа Офиси кўмагида аҳолининг  кам ҳимояланган қатламига ёрдам кўрсатиш учун ресурсларни сафарбар этиш бўйича Минтақавий учрашув ташкил этилди.   

 

Форум ишида МДҲ мамлакатлари Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой  Миллий Жамиятлари вакиллари билан бир қаторда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти вакиллари ҳам иштирок этди. Иштирокчилар томонидан аҳолининг кам ҳимояланган қатлами заруратлари ва эҳтиёжларига хайрия воситаларини тўплаш, шунингдек,  Миллий Жамиятларда молиявий имкониятларни ва моддий-техник ресурсларни ривожлантириш орқали  аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш борасидаги ишларни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

 

Учрашув доирасида гуманитар ташкилотлар мутахассислари ўз мамлакатларида фандрайзинг тизимини ривожлантириш бўйича тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашишди ва хайрия маблағларини тўплашнинг  янги усуллари ҳамда воситалари ҳақида сўзлаб беришди. Таъкидланганидек, кенг имкониятлар амалга оширилаётган инсонпарварлик фаолиятда  юқори самарага эришишга йўналтирилган. 

 

Форумда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти мутахассислари томонидан таклиф этилган  Миллий Жамиятга аъзоликни ривожлантиришнинг  муваффақиятли модели тўғрисидаги тақдимоти  иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

 

Уч кун давом этган учрашув якунида Миллий Жамиятларнинг донорлардан мустақил бўлишига эришиш мақсадида фандрайзингни ривожлантириш ва ўз молиявий ресурсларини ташкил этиш, ижтимоий секторда давлат лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда ўзининг кўмакчилик вазифасини самарали бажариш усуллари бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

 

 

 

3-6 ноябр 2014 й.

ТРАСЕКА : Йўллар бехатарлиги

2014 йил 3-6 ноябрь кунлари Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти делегацияси Алмати шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуман ишида иштирок этди. Форум Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамияти Федерацияси томонидан Евроиттифоқ кўмагида амалга оширилмоқда.    

 

Маълумки, Европа-Кавказ-Осиё Халқаро транспорт йўлаги (ТРАСЕКА) – бу, бир қатор давлатлар транспорт тизимининг мултимодаль мажмуаси саналади. Унинг фаолияти савдо-иқтисодий муносабатларни ва мамлакатлар ҳамда минтақалар ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.  Бу эса ўз навбатида тарихий Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган ўзига хос ҳаракатдир. Ташкилотга 1993 йил асос солинган бўлиб, бугунги кунда 13 та давлатни бирлаштириб турибди. Экспертлар таъкидлашича, янги лойиҳа амалга оширилиши автомобил йўлларни хавфсизлигини таъминлашда  катта аҳамиятга эга.

 

Гуманитар ташкилотлар вакиллари билан навбатдаги мулоқатда мутахассисларни қайта тайёрлаш, йўл ҳаракати  хавфсизлигини таъминлаш бўйича дастурни амалга оширишни ташкил қилиш орқали йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш соҳасидаги имкониятларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.     

 

“Экспертлар дунё тажрибаси ва Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари минтақавий вакилларининг маълумотларини баҳолашди ва унинг асосида тавсияларни ишлаб чиқишди. Агар минтақа мамлакатларининг давлат ташкилотлари уларни амалга оширса йўлларда нохуш ҳодисалар камаяди”,– дея таъкидлади ўз маърузасида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Глобал ҳамкорлик ташкилотининг  катта эксперти Ян Хьюз.  

 

Автомобиль йўлларда болалар хавфсизлиги, – лойиҳанинг муҳим йўналишларидан биридир. Ушбу масалага Халқаро Федерация томонидан ҳам, ТРАСЕКА томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилади.  “Мактабга хатарсиз – уйга хатарсиз” номли алоҳида дастурда ажратиб кўрсатилган.  Кўриб чиқилган мавзунинг долзарблиги ва муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти вакиллари ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини хавфсизлиги таълимига йўналтирилган лойиҳани Ўзбекистонада жорий қилишни таклиф этди. Ўз навбатида лойиҳанинг минтақавий раҳбари ушбу таклифни Марказий офисда кўриб чиқилишига ваъда берди.

 

 

25 октябр 2014 й.

ДЕКАДА   

 Мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тўғрисида»ги Фармонини амалга ошириш доирасида анъанавий равишда ноябьр ойида Миллий Жамият фондига маблағ тўплаш декадаси бошланади. Бу муҳим ҳаракат Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Наманган вилоят ташкилотида юқори савияда ўтказилди. 

 2014 йил 25 октябрьда Наманган вилоят ҳокими томонидан  “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Наманган  вилоят ташкилотининг қўллаб-қувватлаш  бўйича қўшимча чоралар тўғрисида” қарор қабул қилинди. Ўз навбатида Наманган шаҳри ва барча туманлари хокимлари томонидан ҳам ана шундай мазмундаги хужжат қабул қилинди.

 Акция мақсади – кам таъминланган оилаларга, ёлғиз кекса, ногиронлар ва аҳолининг ҳимояланмаган  бошқа қатламига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун маблағ йиғишдан иборат.Бундан ташқари декада доирасида аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда  тўғри йўл тутиш қоидаларини тушунтириш, Миллий Жамиятнинг бошланғич ташкилотларини тузиш, вилоят корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларида жамоат ташкилотларини ташкил этиш бўйича семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари умумтаълим муассасаларида санитар постлари, корхона ва ташкилотларда  санитар дружиналари ташкил этилади. Ҳамкорлар – халқ таълими ва соғлиқни сақлаш вилоят бошқармалари билан биргаликда мактаб, коллеж ва лицейлар санитария постлари аъзоларини йил давомида ўқитиш бўйича вазифалар белгиланди. Декадани  самарали ўтказишда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Наманган вилоятининг  Чуст, Поп, Косонсой туманлари ташкилотлари фаол иштирок этмоқда.

Вилоят ташкилоти  фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан биргаликда   фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун энг зарур маҳсулотлар заҳирасини ташкиллаштириш бўйича таклифлар тайёрламоқда.

Ҳамкор ташкилотлар кўмагида вилоят ёшлари ўртасида семинар,  тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказилади, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси билан оммавий ахборот воситалари орқали Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолияти мазмун ва моҳиятини тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

 

 

13 октябр 2014 й.

Табиий офатларга қарши бирлашиб

 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси ташаббусига кўра ҳар йили, октябрь ойининг бошларида бутун дунёда Халқаро  табиий офатлар хатарини камайтириш  куни нишонланади. Бу йил мазкур тадбир  8 октябрда бўлиб ўтди. 

 

 2014 йил 10-13 октябрь кунлари мухим сана доирасида Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва БМТ Ривожланиш дастури кўмагида бир қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҚЯОЖ мутахассислари ҳам фаол иштирок этдилар. 

 

Республика ФВВ Фуқаролар ҳимояси институтида табиий офатлар хатарини камайтириш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Маърузаларда таъкидланганидек, табиий офатлар йилига ўн минглаб инсонлар умрига зомин бўлмоқда, сайёрамиз мамлакатлари иқтисодига улкан, баъзан эса тиклаб бўлмайдиган зарар етказмоқда. Шунинг учун табиий офатлар хавфини камайтириш учун катта куч сафарбар этиш таклиф этилмоқда.  Бундай учрашувлар долзарб масалани ҳал этишнинг янги йўлларни излашга қаратилган. Давра иштирокчилари Миллий Жамиятнинг бўлим бошлиғи М.Миржапаровнинг “Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик фаолияти” тўғрисидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.     Тақдимотда Миллий Жамият ва унинг минтақавий бўлинмаларининг  давлат органлари билан  ҳамкорликдаги фаолиятининг устувор йўналишлари ва  фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари маълум қилинди.   Семинар иштирокчилари Миллий Жамиятнинг ФВларга тайёргарлик даражаси, бундай ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш борасидаги тажрибаси ҳамда имкониятлари билан кўргазмали мисолларда танишиб олишди.

 

 Байрам тадбирлари доирасида “Туркистон” саройи фойесида  фавкулодда вазиятларда фойдаланиладиган янги қутқарув жиҳозлари ва замонавий техникалари экспонатлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҚЯОЖнинг  ФВга тайёргарлик бўйича экспозицияси муносиб ўрин эгаллади.

 

Жамият ходимлари ва волонтёрлари томонидан  дастлабки  ёрдам кўрсатиш бўйича чодир ҳамда сафарбарлик пункти тикланди. Реквизитлар қаторида ФВ ҳолатида дастлабки ёрдам кўрсатиш маҳсулотларининг замонавий турлари – электр генератор, ошхона тўплами, озиқ-овқатларни транспортда ташиш контейнери,  яралар ва турли жароҳатлар имитаторлари, канистр ва санитария замбиллари ўрин олди.

 

 Шу ернинг ўзида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Офатларга тезкор қарши курашиш жамоаси аъзолари томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулотлар намойиш этилди.

 

 

9-10 октябр 2014 й.

Ғолиблар аниқланди

 Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Темир йўл минтақавий ташкилоти томонидан ўтказиладиган бундай тадбирларнинг асосий хусусияти – мунтазамлик. 

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг табиий ва техноген мазмундаги фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги тўғрисида”ги Қарорига кўра  “Қарши” минтақавий темирйўл узели  базасида “Тошкент, “Қўқон”, “Бухоро”, “Қарши”, “Термиз” ва “Ўзтемирйўлтаъмирлаш” минтақавий бўлимларининг  қутқарув гуруҳлари ўртасида мусобақалар бўлиб ўтди. 

 

Тадбирнинг асосий мақсади – фуқаролик муҳофазаси ва темирйўл транспорти ходимларини табиий, техноген, экологик характердаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда тўғри ҳаракатланишга тайёрлашдан иборатдир. Мусобақа тўртта босқичда ташкил этилди ва унда 90 нафар мутахассис – қутқарув гуруҳининг шахсий таркиби, жюри аъзолари, масъул ходимлар ва юздан ошиқ темирйўлчилар иштирок этди.

 

Мусобақа якунларига кўра, энг яхши қутқарув жамоалари аниқланди. Ғолиблик ўринлари “Қўқон”, “Ўзтаъмирйўлтаъмирлаш”   ва “Тошкент”  командалари ўртасида тақсимланди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва совринлар билан тақдирланди.

 

 

 

14 сентябр 2014 йил

ЁШЛАР АКЦИЯЛАРИ

 “Соғлом бола йили”  дастурини самарали амалга ошириш доирасида ўтказилган Ўзбекистон  Қизил Ярим Ой Жамияти Навоий вилоят ташкилоти тадбирларида кўплаб болажонлар иштирок этишди. Кармана туманидаги “Офтобжон” соғломлаштириш оромгоҳида бўлиб ўтган Ёшлар форуми самимий ва  жўшқинлиги билан эсда қолди.   

 

Бу ерда  “Соғлом авлод – юрт келажаги” шиори остида  ранг-баранг тадбирлар ўтказилди.  Вилоятнинг барча туманларидан  йиғилган ёшлар ўз истеъдодларини намоён қилишди.  Ҳар бир  тадбирда  болажонлар асосий қаҳрамонга айланишди. Семинар, фото-кўргазмалар, “Қувноқлар ва зукколар” ўйинлари ва турли тақдимотлар  ташкил қилинди.

 

Халқаро Ҳаракат фаолиятининг асосий тамойиллари, тарихи, ривожланиш ва амалий фаолияти тўғрисида болалар “Эзгулик” фильми, буклетлар ва кўргазмали материаллар  орқали билиб олишди.

 

Интерфаол ўйинларда катта қизиқиш  билан иштирок этган мамлакатимизнинг келажак бунёдкорларига инсонпарварлик ташкилотининг ранг-баранг  фаолияти тўғрисида  чуқур маълумот олиш, ўз билим доирасини кенгайтириш, эзгулик иштирокчиси бўлиш имконини берди. 

 

 

 

27 август 2014 й.

«Дипеко-8» лойиҳаси амалда

 Жорий йилнинг август ойи охирида Марказий Осиё Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари, Германия, Австрия, Хитой, Швейцария Қизил Хочлари ва Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси вакиллари Бишкек шаҳрида тўпланди. Навбатдаги Халқаро форумда янги  «DIPECHO – VIII» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Дастур Европа Комиссиясининг инсонпарварлик ёрдами ва фуқаролар ҳимояси бўйича бош директорати кўмагида амалга оширилади.  

 

Эслатиб ўтамиз, 2003 йилдан бошлаб, «DIPECHO» лойиҳаси орқали Европа комиссияси табиий офатлар хатарини олдини олиш ва аҳолининг заиф  қатламларини ҳаёти ва турмушига салбий таъсирини камайтириш мақсадида  Марказий Осиё худудида ўз фаолиятни молиялаштиради. Лойиҳа Марказий Осиёдаги бешта мамлакат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни қамраб олади.

Янги дастур Марказий Осиёда амалга оширилиши фалокатлар хатарини камайтириш бўйича координаторлар учун семинар ва тренингларни ўтказишдан бошланди. Унда лойиҳани бошқариш, ҳисобот ва мониторинг тизими вазифалари, шунингдек, ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида махсус тренинг ўтказилиб, унда асосий ижрочилар лойиҳанинг техник йўналиши, уни жойларда амалга оширишнинг воситалари ҳамда механизмлари тўғрисида маълумотларга эга бўлишди. 

Ўзбекистонда лойиҳа иккита минтақани – Наманган ва Андижон вилоятларини қамраб олган. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга  тайёрлаш  ва биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш  белгиланган вазифалар қаторидан ўрин олган.  Лойиҳада Наманган ва Андижон вилоятларининг аҳолиси зич туманларидаги мактабларга яқин жойлашган маҳаллалар аҳолиси бевосита иштирок этади.  Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида тренинг, семинарлар, танловлар ва мусобақаларни ўтказиш, шунингдек амалий машғулотларни ташкиллаштириш режалаштирилган.  Лойиҳа амалиётида 8 мактаб ва 8 та махалла керакли асбоб ускуналар билан жихозланади. ЎҚЯО Жамияти томонидан ташкил этилган мактаблардаги санитар постлари негизида  “Ёш қутқарувчи” болалар тўгараклари ташкил қилинади. 

 

 

 

1сентябр 2014 й.

Муҳтарам дўстлар!

 

Бу йил мамлакатимиз, барча Ўзбекистон халқи кўтаринки шодиёналик билан - Республикамиз мустақиллигининг 23 йиллигини нишонламокда. Ҳурматли хамкасблар! Барчангизни қутлуғ сана - энг муқаддас ва азиз байрамимиз билан муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

 

Бугунги кундаги Ўзбекистон - мустақил, суверен давлат бутун дунё тан олган “ўзбек модели” истиқболининг натижасидир. Ўтган йиллар давомида Республикамиз иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ўсиши, аҳолининг турмуш даражасининг ошиши, жаҳон майдонида давлат нуфузи ва салоҳиятининг мустаҳкамланишида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимиз солномасининг янги саҳифаларини бунёд этишда, эркин фуқаролик жамияти ва демократик давлат қурилиши жараёнида бир неча бор нодавлат, нотижорат ташкилотларининг алоҳида ўрин тутишини таъкидлаган эдилар. Бизнинг Миллий Жамиятимиз ҳам бу шарафли вазифани адо этишда давлат ташкилотларининг ижтимоий соҳалардаги дастурларини бажаришда амалий ёрдам бериб келмоқда.

 

Буюк келажак манфаатлари йўлида ҳар биримиз, ўз сафига 1 миллион 800 минг кўнгиллиларни ва 38 минг волонтёрларни бирлаштирган Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг улкан оиласида ўз улушимизни қушмоқдамиз.

 

Мутахассисларимиз ва кўнгилиларимиз мамлакатимизнинг энг чекка минтақаларида ҳам хизмат қилади. Улар ўз ишини юксак даражада биладиган, фаолиятини инсонпарварликдек эзгу ишга бағишлаган фидоий инсонлардир. “Соғлом бола йили” Давлат дастурини, Миллий Жамиятнинг Низом вазифаларини амалга ошириш доирасида мутахассисларимиз томонидан фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва бундай холатларда ёрдам кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини жорий этиш, беғараз донорликни тарғиб қилиш, оилавий алоқаларни тиклаш борасида мақсадли ва самарали ишлар олиб борилмоқда. Миллий Жамиятимизнинг ишончли, кучли имкониятлари бундан буён ҳам буюк мамлакатимизнинг равнақи йўлида сафарбар этилаверади, хизмат қилаверади. Эзгу мақсадлар йўлида барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт ва омад тилайман!

 

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раиси

Х.Я.Каримов

 

 

 

 

28 август 2014 й.

Мустакилликнинг 23 йиллигига хайрия акцияси

 

Навоий.Энг азиз, энг муқаддас байрамимиз арафасида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Навоий вилояти ташкилоти ташаббуси билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди. У Навоий вилояти хокимияти, вилоят хотин-қизлар қумитаси ва “Махалла” хайрия жамғармаси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Тадбирда кам таъминланган оилалар вакиллари, ёлғиз ва қариялардан 350 киши р иштирок этди. Бугунги кунда Жамият ташкилотларига 113 нафар  киши бириктирилган.

 

Бундай учрашувлар вилоят ташкилотининг барча шаҳар ва туман бўлинмаларида бўлиб ўтди. Ёлғиз қариялар, етим болалар, ногиронлар волотёрлар диққат марказида бўлишди. Жумладан, Навбаҳор туман ташкилоти вакиллари томонидан мухтож оилаларга бир тоннадан ортиқ бўғдой тарқатилди. Навоий вилоят ташкилотининг Учқудуқ туман бўлими ишчилари гуманитар юк (озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва санитария жиҳозлари) билан узоқдаги овулларга боришиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказиб қайтишди. Уларга Жамият фаолияти ҳақида сўзлаб беришди, 30 дан ортиқ оилага гуманитар ёрдам улашишди.

 

Вилоят ташкилоти ва жойлардаги унинг бўлинмалари  томонидан 30 дан зиёд турли тадбирлар, учрашувлар, семинарлар, байрам тадбирлари ўтказилиб, уларда 2 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

 

 

26 август 2014 й.

 

“Меҳнат миграцияси” лойиҳаси

 

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти республикамизнинг тўртта минтақаси - Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида Европа Иттифоқи, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамияти кўмагида меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширмоқда. Бугунги кунда туртта вилоятда лойиҳа доирасида Ахборот-таълим марказлари  ташкил қилинган ва фаолият кўрсатмокда. Жорий йилнинг олти ойи давомида Тошкентдаги Марказда 700 кишига турли мавзуда консультациялар берилди. Кам таъминланган оилалардан 16 нафар ёшлар компьютер саводхонлиги курсида ўқиди, 15 нафар ёшлар тил ўрганиб, сертификатларга эга бўлишди.

 

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Тошкент шаҳар бўлими ва “NTV OPPORTINIT1” нодавлат, нотижорат таълим компанияси ўртасида Битим имзоланди. Унга асосан бир қанча йўналишларда мутахассислар тайёрланади. Компания эса курсда таълим олиб сертификатга эга бўлганларни ишга ҳам жойлаштириш мажбуриятини олади. Ҳозирда шундай курсда ўқиган 16 нафар қиз ишга жойлаштирилди. Тез кунларда йигирмага яқин ёшлар янги мутахассислик буйича сертификатга эга бўлади.

 

Шу йилнинг олти ойи мобайнида республика бўйича лойиҳа доирасида 16 та акция, 20 та треннинг ўтказилиб уларда  2,5 минг киши иштирок этди.

 

26 август 2014 й.

Янги лойҳалар ва илк қадамлар

 

Наманганда Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилотининг иккита лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Улардан бири - Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги  нодавлат, нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди грантидир. У аҳоли ва ёшлар ўртасида беғараз донорликни тарғиботига йўналтирилган. Лойиҳа Ўзбекистон ҚЯО Жамияти минтақавий ташкилоти томонидан 8 ой давомида кон қуйиш Маркази ва вилоят ФВ бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилади. Лойиҳада Наманган шаҳридаги 15, 32, 52 -мактаблар ва 49- интернат -мактаб, шуниигдек, “Ишонч“, “Оби-ҳаёт”, “Порлоқ” ва ‘Ғишткўприк” маҳаллалари иштирок этади.

 

- Маълумки, қон - инсон организмининг муҳим таркибий қисми саналади. Керакли пайтда тиббиёт ходимлари беморлар учун шошилинч суръатда қўллаши учун қон қуйиш Марказида доим захира бўлиши лозим, - дейди лойиҳа координатори Акрам Қодиров.

- Биз мазкур йўналишда бир неча йилдан бери ишлаймиз, лекин грантларга эга бўлишимиз ишимизни кенгайтириш ва самарали қилиш имконини беради, - дея таъкидлади ўз маърузасида Наманган вилоят ташкилоти раиси Дилором Сайфитдинова. - Биз кишиларга “ келиб қон топширинг” деб шунчаки айтмоқчи эмасмиз. Йўқ, биз мазкур тадбирлар билан беғараз қон топширишнинг бутун моҳиятини англай биладиган соғлом авлодни тарбияламоқчимиз. Чунки бу билан биз бошқа бир инсоннинг ҳаётини қутқариб қоламиз. Ҳозирда ушбу масала моҳиятини ҳамма ҳам тўлиқ англаб етган эмас. Биз мазкур лойиҳа доирасида кенг маърифий -тарғибот ишларини олиб борамиз.

 

“Дипеко VIII ” лойиҳаси Ўзбекистон ҚЯО Жамияти минтақавий ташкилотлари томонидан Европа комиссиясининг Инсонпарварлик бошқармаси кўмагида Марказий Осиёнинг бешта республикаси, жумладан Ўзбекистонда ҳам  амалга оширилади. Бу сафар лойиҳа Наманган ва Андижон вилоятларида амалга оширилади. Учрашувда таъкидланганидек, фавқулодда вазиятлардан хеч ким кафолатланмаган. Бундай ҳолатлар хатарини камайтириш аҳолининг ҳушёрлигида акс этмоғи лозим. Дастур доирасида асосий эътибор  мактаб ўқувчиларини содир бўлиб турадиган фавкулодда вазиятларда керакли кўникмалар билан таништириб борилади, бу эса ўз навбатида зарар  етказишнинг олдини олади. Лойиха амалиётида ёшларимиз долзарб масалаларни ҳал этиш борасида янада малакали ва билимли бўлишади.

 

 

 

10  август 2014 й.

Самаркандаги билимлар маркази

 

Самарканд. Ўзбекистон  Республикаси Мустақиллигининг 23-йиллиги арафасида янги минтақавий Марказ ўз ишини бошлади.

 

Халқаро инсоннарварлик ҳуқуқини тарғиб қилиш бўйича Минтақавий ресурс маркази Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Халқаро Қизил Хоч Қумитаси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Янги тузилма фаолияти Самарқанд ва Бухоро вилоятларига туташ ҳудудлар аҳолисини қамраб олади. Бўлинма мутахассислари узоқ туманларда қатор учрашувлар, давра суҳбатлари ва тақдимотларни  ўтказди. Шундай учрашувлардан бирига махаллий маъмуриятлар, фуқаролар йиғинлари вакиллари, чегарадош ҳудудлар аҳолиси, ОАВ журналистлари таклиф этилди. Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракати инсоннарварлик фаолиятининг 150 йиллиги, Женева Конвециясининг 150 йиллигига бағишланган маърузалар тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Иштирокчилар катта қизиқиш билан сайёрамиздаги кўҳна инсоннарварлик фалияти тариҳи ва фаолиятига бағишланган видеороликни томоша қилишди. Мутахассислар Халқаро инсоннарварлик ҳуқуқи, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой эмблемаларини химоялаш ва ундан фойдаланиш тўғрисида батафсил суз юритишди. Учрашув якунида турли идораларда бошланғич ташкилотларни ташкил этиш тўғрисида Битим имзоланди.

'

 

1  август 2014 й.

Қувноқ ва зукко талабалар

 

Фарғона. Жамият  сафини кенгайтириш, инсонпарварлик фаолиятига ёшлардан иборат кўнгилларни жалб этиш Миллий Жамиятнинг Низом вазифаларидан биридир. Талабаларнинг қувноқлар ва зукколар танлови ушбу вазифаларни ҳал этишга яқиндан кўмаклашади. Фарғонада бундай танловларни ўтказиш анъана тусини олган. Уларнинг ташаббускорлари қувноқ ва зукко талабалардир. Бу гал олий ўқув юртлари - Фарғона Давлат университети, Политехника институти, Тошкент Ахборот технологиялари университети Фарғона филиали, шунингдек Фарғона тиббиёт академияси талабалари мусобақа иштирокчилари бўлишди.

 

Танлов ташкилотчилари ўз олдиларига инсонпарварлик фаолиятни омммалаштириш, Жамият сафига ёшларни жалб этиш, волонтёрлар командасини кенгайтиришдек устувор вазифаларни қўйишган. Талабалар танловга ўта жиддий тайёргарлик кўришганлигини намойиш қилишди. Ҳар бир жамоа ўзига рамз ва ном ўйлаб топиб, деворий газета тайёрлашди. Танлов давомида иштирокчилар ҳажвий чиқишлар, қўшиқ ва рақслар намойиш қилишди, шеърлар ўқишди, саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб беришди.

 

Қувноқлар ва зукколар танловини ёшлар зўр қизиқиш билан томоша қилишди. Волонтёрлар сафига кўшилиш истагида бўлганларни сафи кенгайди.  Ташкилотчилар фикрига кўра, бундай ижодий танловлар ёшлар харакатини фаоллаштиришга кўмаклашади. Зеро, Миллий Жамиятимизнинг  асосий йуналишларидан бири - ёшларда юксак аҳлоқий қадриятларни, фаол ҳаётий қарашларни шакллантиришдан иборатдир.

 

24 июл 2014 й

САНИТАР ПОСТЛАРИ МУСОБАҚАСИ

 

Қашқадарё.Бундай учрашувлар мусобақа иштирокчилари учун унутилмас воқеа саналади, Чунки танлов давомида катта масъулият билан ўз малака ва билимларини намойиш қилиш, иноқ команда бўлиб ишлаш, ғалабага интилишгина, шунингдек, тўпланган тажрибаларни алмашишга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Қашқадарё вилоятида Ўзбескистон ҚЯО Жамияти минтакавий ташкитлотлари томонидан тузилган Келишув доирасида, Қашқадарё вилояти халқ таълими ва соғликни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда умумтаълим муассасаларининг 7-8 синфларида санитар постлари гуруҳлари ташкил этилган. Бугунги кунда вилоятда улар сони 1120 тага етди. Анъанавий танловда  650 та санитар постлари қатнашди.

 

Мусобақа учта босқичда бўлиб ўтди. Туман ва шаҳар босқичлари ғолиблари вилоят босқичига йўлланма олишди. Шаҳрисабз, Китоб, Қарши, Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод, Миришкор туманлари ва Қарши шаҳрида ташкил этилган мусобақалар қизиқарли ўйинлари ҳамда иштирокчиларнинг юқори даражадаги тайёргарлиги билан ёдда колди.

 

Жюри аъзолари баҳоларига кўра, командалар якуний ўйинларга ҳам алоҳида тайёргарлик кўришган. Улар мусобақалар давомида юқори тайёргарликка, мавзулар бўйича юқори билимга эга эканлигини, шунингдек, мураккаб шароитларда вазиятга мослашиб қўйилган вазифаларни тўғри ҳал эта олида ўз малакаларини намойиш этишди.

 

Мусобақа натижаларига кўра, Шаҳрисабз туманидаги 98- мактаб санитария пости командаси 1-ўринни, Қарши шаҳридаги 8-мактаб командаси иккинчи ва Ғузор туманидаги 20-мактаб жамоаси учинчи ўринни эгаллади

 

16 июл 2014 й

 Эътибор ва кўмак - ҳар бир инсонга

 

Бухоро. Мазур шиор остида Бухородаги бир қатор ташкилотларда Миллий Жамият қарамоғидаги кам таъминланган оилалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Когон ва Қоровулбозор туманлари ташкилотларн мутахассислари фаол иштирок этди.

 

Бухоро вилоят ташкилоти ташаббуси билан “Соглом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбирдаги мулоқотга вилоят соғликни сақлаш бошқармаси, халқ таълими, “Маҳалла” жамғармаси вакиллари таклиф этилди.

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Бухоро вилояти ташкилоти ижрочи директори Ф.Ювмитова таъкидлашича, бундай учрашувлар нафақат инсонпарварлик фаолияти натижалари билан яқиндан танишиш, янги лойиҳалар ва дастурлар тўғрисида маълумотга эга бўлишга, шунингдек, тўпланган тажрибалар билан алмашиш имконини ҳам беради.

 

Мазкур тадбирлар ҳуқуқ-тартибот органлари, ўрта ва махсус таълим бошкармаси ходимлари, коллежлар ва лицейлар, шунингдек, тадбиркорлик соҳаси вакиллари иштирокида ҳам ўтказилди.

 

1 июл 2014 й

Инсонпарвар волонтёр

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Бу инсоннинг ўз билим ва малакасини бошқаларга ўргатиш истаги қанчалар кучли зканлигини куриб, қойил қоласиз. Даулетбой Қалибоев  - Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фаҳрий кўнгиллиси, аниқроғи волонтёри. Ўз ишининг ҳақиқий устаси ва ҳақиқий инсонпарвар. Унинг бутун ҳаёти эзгулик тамойилларига боғликлигидан гувоҳлик беради.

 

Мама 10 йилдирки, Даутлетбой Қалибоев Ўзбекистон ҚЯО Жамияти офатларга қарши Миллий терма жамоаси аъзоси ва Қорақалпоғистон минтақавий ташкилоти командасининг тренери саналади. Бу фидоий инсон тақдир уни ана шундай ҳаёт оқимига бошлаганига ишонади.

Даулетбой аканинг асли касби – шифокор. Республика онкология шифохонасида шифокор-кардиолог бўлиб хизмат қилади. Миллий жамоанинг фаол аъзоси. Команданинг барча ўқув машқлари имкон қадар табиий ҳолатларга якин шароитларда ўтказилади. Бу ер қимирлаш, сув тошқини, ёнгин ҳолатларида қандай йўл тутишга оид ўқув машқларидир. Бу ўринда қутқарувчининг ҳаракатлари жуда муҳим. Улар тезкор, аниқ бажариладиган автоматик даражагача ишлаб чиқилиши лозим. Чунки ҳақиқий табиий офат юз берган вазиятларда бошқалардан қандай йўл тутиш кераклиги борасида тезкор маслаҳат сўраш имкони бўлмайди. Фавқулодда вазиятда тезкор қарорни “шу ерда ва ҳозироқ” қабул қилиш керак бўлади. Бу ўринда масъулият ҳаддан зиёд баланд бўлади.

 

Тажрибали инструктор биринчи ёрдам кўрсатишда профессионал малакага эга ва ўз тажрибасиниёшларга ўргатади. У ҳар доим ҳар бир киши биринчи ёрдам кўрсатишни билиши кераклигини таъкидлайди. Чунки бизнинг яқинларимиз ва атрофдаги кишилар билан фавқулодда вазиятларда нималар рўй бериши мумкинлигини ҳеч ким айта олмайди. Бундай ҳолларда малакали ёрдам  уларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Энг муҳими, бу ёрдам оқилона, тезкор ва тўғри булиши лозим. Зиён етказмаслик - биринчи ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойилларидан биридир.

 

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти эълон қилган анъанавий конкурс натижаларига кўра, Қалибоев Даулетбой энг яхши волонтёр сифатида Фаҳрий ёрлиқ билан тақдирданди. Бу том маънодаги профессионал инструкторга бўлган катта ишонч ва ҳурмат демакдир.

 

<  1   2   3   4   5   6   7   8  >

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати