Сайт  харитаси

Янгиликлар

<  1   2   3   4   5   6   7   8  >

 

Инсонпарварлар форуми

15 октябр 2016 й.

3-15 октябрь кунлари Болонья шаҳрида (Италия) Европа Иттифоқининг Биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш (FAEEN) бўйича йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йилги йиғилишда 30 га яқин Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари вакиллари, шу жумладан, Озарбайжон, Белоруссия, Грузия, Тожикистон, Эстония, Қирғизистон ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Халқаро Федерацияси вакиллари иштирок этишди.

Форумда ишида Ўзбекистон ҚЯО Жамияти делегацияси ҳам қатнашди. Анъанавий саналган ушбу семинар бу гал “Марказда Биринчи ёрдамни бизнинг ёндошувимиз ва хатти-ҳаракатларимиз билан қандай қўллаб-қувватлаш керак” деган мавзуга бағишланди. FAEEN Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Миллий Жамиятлари ўртасида Биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш ва унинг педагогик методологиясига оид тажриба алмашиш ва уни муҳокама қилишнинг муҳим воситаси саналади.

Йиғилиш кун тартибига кўра “Биринчи ёрдам ва реанимация бўйича 2016 йилги Қулланма”ни, аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитишни ташкил этиш тажрибаси ва унинг сифатини, турли тоифадаги кишилар гуруҳини, шу жумладан, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларни, ўқитишга жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ҚЯОЖ вакили ва Биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича Глобал Ахборот Маркази раҳбари доктор П.Кассан ва менежери Д.Иссард хоним ўртасида ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Суҳбат пайтида Марказ томонидан Биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича бериладиган халқаро сертификатни янгилаш масалалари муҳокама қилинди.

Эрик Бернес билан суҳбатда Миллий жамиятлар вакилларининг ХҚХҚ ҳузуридаги Биринчи ёрдам кўрсатиш ва госпиталгача тез ёрдам Марказида ташкил этилувчи таълим тренингларида иштирок этиши масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида, шунингдек, Биринчи ёрдам кўрсатиш курслари ташкил этишда қўлланилувчи асбоб-ускуна ва инвентарлар кўргазмаси ташкил этилди.

 

 

                     Халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда

6 октябр 2016 й.

2016 йил 6 октябрь кунида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятига   Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича Бошқармаси Минтақавий офисидан  ҳамкорлар ташриф буюришди.

Учрашув ЎҚЯО Жамиятининг Марказий офисида бўлиб ўтди.   Минтақавий офисидан келган ҳамкорлар билан учрашувда Миллий Жамият раҳбарлари ва бўлим бошлиқлари иштирок этишди.

Учрашувни Ўзбекистон ҚЯОЖ Раиси, профессор Ҳамид Ёқубович Каримов очди. Ҳ.Ё.Каримов ўз чиқишида Миллий Жамиятнинг кенг қамровли ишлари ҳақида батафсил гапириб берди. Шунингдек фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва улар содир бўлганда мухим фаолиятнинг шакл ва усуллари тўғрисида маълумот берди. Ўз навбатида БМТ офисининг гуманитар масалалар бўйича координатори жаноб Абдурахим Мухидов Минтақавий Бошқарма томонидан жаҳонда, шу жумладан Марказий Осиёда олиб борилаётган ишлари ҳақида сўзлаб берди. Миллий Жамият раҳбарияти Минтақавий офиснинг вакиллари томонидан таклиф қилинган ҳамкорлик схемасини яратиш ғояларини қўллаб-қувватлади.

Учрашувда Ўзбекистон ҚЯОЖ вакилларига Минтақавий офиснинг ФВда фаолият олиб бориш масалалари бўйича миллий маслаҳатчиси Жапар Мирзаналиева хоним таништирилди. Таъкидланганидек, меҳмон БМТ Бошқармасининг Марказий Осиё мамлакатлари Қизил Ярим Ой Жамиятлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради.

 

 

Инсонпарварлар учрашуви

 27 сентябрь 2016 й.

Хитой. 2016 йил 21 – 27 сентябрь кунлари Пекин шаҳрида коммуникация ва инновация масалалари бўйича Осиё-Тинч океани гуманитар ҳамкорлигига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Халқаро форум ишида Ўзбекистон ҚЯОЖ делегацияси ҳам иштирок этди.

Ушбу минтақавий учрашувда Осиё-Тинч океани, Марказий Осиё минтақалари Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари ва Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.

Семинар доирасида Хитой Қизил Хочининг табиий офатларга тайёрланиш ва улар содир бўлган вақтда ҳаракатланиш, халқаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳамда ҳамкорлик дастурларини амалга оширишга оид фаолиятига бағишланган тақдимоти бўлди. Учрашув давомида Хитой Қизил Хоч Жамияти ёрдамида ўз фаолиятини олиб бораётган “999” Пекин тез тиббий ёрдам Марказининг иши намойиш этилди.

2016 йил 24-26 сентябрь кунлари барча тадбир иштирокчиларининг Гуандонг провинциясига, Гуанчжоу  ва Чжухай шаҳарларига Хитой Қизил Хочи маҳаллий филиалларининг ФВга тайёргарлик кўриш ва уларда фаолият юритиш ишини ўрганиш учун ташрифи ташкил этилди. Жанубий Хитой денгизи қирғоғидаги Чжухай провинциясида Хитой Қизил Хочи қутқарув гуруҳининг машқлари намойиш этилди. Форум иштирокчилари шунингдек Хитой Қизил Хочининг Чжухай шаҳридаги урбанизациялашган зонада жойлашган ўқув-услубий Марказига ҳам ташриф буюрдилар. Марказ шаҳар аҳолисига биринчи ёрдам кўрсатишни ўргатувчи замонавий техника ва инновация қурилмалар, шунингдек, табиий ва техноген характердаги ФВда фаолият юритишга тайёрланишга оид элементлар билан жиҳозланган.

Шунингдек, 2016 йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раиси Х.Я.Каримов бошчилигидаги делегациясининг Хитой Қизил Хочи Вице-президенти жаноб Ван Рупенг билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда гуманитар ташкилотларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва имкониятларини сафарбар қилиш, гуманитар соҳада узоқ келажакка мўлжалланган ҳамкорлик, келгуси хатти-ҳаракатлар стратегияси ва режаларга оид  фикрлар алмашуви бўлиб ўтди. Умуман олганда минтақавий семинар қатнашчиларга ФВга тайёрланиш ва ўша пайтда фаолият олиб боришга инновацион ёндошишни ўрганиш, бу йўналишдаги бой тажрибани алмашиш ва бошқа Миллий Жамиятларнинг аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатишга оид фаолияти билан танишиш имконини берди.

 

 

 

Гуманитарлар учун тренинг

 27 сентябрь 2016 й.

2016 йил 26-27 сентябрда Москвада ҚХ ва ҚЯО ХФнинг Россиядаги Ваколатхонаси ва Россия Қизил Хочи томонидан ташкил этилган психосоциал ёрдам (ПСЁ) бўйича Халқаро тренинг бўлиб ўтди.

Ушбу ишчи учрашувида РҚХнинг 26 минтақавий ташкилоти ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Белоруссия ва Дания вакиллари иштирок этдилар. Тренингда биринчи психологик ёрдам, фавқулодда вазиятлар ва психосоциал ёрдам кўрсатишга конкрет ёндошувлар, психосоциал ёрдамни таъминлаш, асосий психосоциал ёрдам ва бошқа қатор мавзулар очиб берилди. Қатнашчиларга шунингдек, миллий жамият ходимлари ва кўнгиллиларига психологик-социал ёрдам кўрсатишнинг қоида ва тамойилларини амалий жиҳатдан қўллаш ҳақида сўзлаб берилди.

Амалий ва ижтимоий ёрдамни ўз ичига олувчи манзилли индивидуал ёрдам кўрсатишга эътибор бериш зарурлиги, стресс симптомларини аниқлашда медикаментлар қўллашда эҳтиёткор бўлиш кераклиги, ҳодиса рўй бергандан бир ой кейин кўнгиллилар скринингини ўтказиш, менежмент ва биринчи звено кўнгиллилари томонидан амалга оширилувчи кўмаклашиш дастурлари жуда самарали бўлиши таъкидлаб ўтилди. Манзилли психосоциал ёрдам кўрсатувчи кўнгиллиларнинг асосий вазифаси жамоа ва шахснинг ички ресурсларини қўллаб-қувватлаш ва уларни ривожлантиришни, стресс пайтида психосоциал ёрдам кўрсатишнинг турли кўникмаларини ўз ичига олувчи психосоциал ёрдам моделини ўзлаштириш бўлиб, критик вазиятга тушиб қолганда биринчи психологик ёрдам кўрсатиш кўникмаларини эгаллаш ва ундан кейин уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Тренинг натижасида Биринчи ёрдам кўрсатиш дастурининг устувор йўналишларидан бири бўлган ПСЁ ва унинг асосий элементларини жорий этишга қарор қилинди. Тренимнгда иштирок этган барча қатнашчиларга сертификатлар топширилди.

 

 

   Навбатдаги Раёсат якунлари

 25 сентябр 2016 й.

2016 йил 15 сентябрда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Марказий офисида Миллий Жамият Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Раёсат ишида Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарлари ва бўлим бошлиқлари, минтақавий ташкилотлар раислари ва ижрочи директорлари иштирок этишди.

 Йиғилганлар Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан ҳурмат бажо келтирдилар.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида энг азиз байрам муносабати билан Ўзбекистон ҚЯОЖ ходимларининг бир гуруҳи “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик медалига сазовор бўлдилар. Улар орасида мамлакатимизда барқарорликни сақлаш ва унинг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Миллий Жамияти вакиллари, юқори даражадаги профессионал ходимлар ҳам бор. Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов ушбу медал соҳибларини қилган хизматлари учун ҳақли мукофот олганликлари билан табриклади.

Бугунги кун тартибида – биринчи ярим йиллик якунлари ва келгуси ойларга мўлжалланган вазифалар, бўлиб ўтган  йиғилишлардаги қарорларнинг бажарилиши якунлари. Раёсат қатнашчилари шунингдек, Сурхондарё вилоят ва Тошкент шаҳар ташкилотларининг ҳисоботларини, “Инсонийлик” РЎМ марказининг  фаолиятига оид ахборотни тингладилар.

Ўзбекистон ҚЯОЖ Раиси Ҳ.Ё.Каримов ҳисобот маърузасини йиғилганларга хавола этди. Қайд этиб ўтилганидек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини бажариш доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг барча бўлимлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг август ойигача Давлат дастурининг 40-банди бўйича 2 655 оилага 381 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 28-бандда кўрсатилган ахборот бюллетенларини тайёрлаш учун 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Мухим масала – ҳайрия декадаси ва унда ташкилотлар ҳисоб рақамларига маблағ жалб этиш йиғилишда алоҳида кўриб чиқилди. Мазкур масалада маҳаллий ҳокимиятлар, ташкилот ва идоралар бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини қайд этиб ўтиш жоиз, дея таъкидланди маърузада. Тўпланган маблағлар ҳақида гапирсак, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Ўзбекистон ҚЯОЖ ташкилотлари бюджетига 5 миллиард 265 миллион сўмдан ортиқ маблағ жалб этилди.

Бундаги сайъ ҳаракатларда   Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоатчилик  фонди грантлари яхши қўмак бўоиб хизмат қилмоқда. 2016 йилда Ўзбекистон ҚЯОЖнинг 10 та лойиҳаси грант ғолиблари бўлишди. Улар қаторида Андижон, Бухоро, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар ташкилотлари, Бухоро вилоятидаги Қоровулбозор туман ташкилоти, Навоий вилоятидаги Конимех ва Нурота район ташкилотлари, Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон район ташкилоти бор. Ушбу ташкилотларнин ҳисоб рақамларига жами 200 миллион сўмдан ортиқ грант маблағлари тушди.

Шундан кейин ноябр ойида ўтказиладиган навбатдаги маблағ йиғиш декадасини юқори даражада ўтказиш ҳақида алоҳида фикрлашиб олинди. Вилоят ҳокимиларига ана шу масалада ёрдам кўрсатиш ҳақида махсус хат тайёрланган, энди минтақалар ҳокимларининг қарорини қабул қилишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Жамиятнинг XXI Қурултойида бошланғич ташкилотлар иш фаолиятини янада такомиллаштириш, жойларда ижрочи директорлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, барча ходимлар хатти-ҳаракатининг ўзаро уйғунлигини таъминлаш ва ходимларнинг малакасини оширишга оид қарор қабул қилинганлигини эслатиб ўтамиз. Ҳозирги пайтда баъзи минтақавий ташкилотлар ижрочи директорлари статстларга айланиб қолишган, улар телефонга жавоб қайтариш ёки курьерлик билан шуғулланишмоқда. Аслида эса, ижрочи директор – масъул ходим, у инсонпарварлик ташкилоти ишини энг майда икир-чикирларигача биладиган ва унинг фаолияти учун раис билан биргаликда жавоб берадиган юқори даражадаги профессионалга айланиши керак.

Кварталда бир марта ижрочи директорларнинг ишчи йиғилишини ўтказиш -  Миллий Жамият ишидаги янгиликлардан бири саналади. Бундан ташқари, минтақавий ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича тизимли ишлаш ташкил этилади. Бу вазифа “Инсонийлик” РЎМ марказга топширилади.

Ўзбекистон ҚЯОЖ Ижрочи директори Э.А.Амиралиева ҳам ходимларнинг масъулияти ҳақида эслатиб ўтди:

- Биз жойлардаги раҳбарлар қандай ишлаётганини жуда яхши биламиз. Ким ўз ишини сидқидилдан бажараётганини, ким эса ҳафталаб сафар ва саёҳатларда бўлаётганидан хабардормиз. Жойларда ижро интизомига риоя қилиш зарур. Унумли фаолият ҳар бир кишининг қатъий иш графигидан бошланади. Барча ходимлар бир жамоа бўлиб ишлай олсагина,   кўрсатгичлар   юқори бўлиб, натижалар кўнгилдегидек бўлади.

Раёсат йиғилишида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Биринчи ёрдам

25 сентябр 2016 й.

2016 йил 21-23 сентябр кунлари Тел-Авив шаҳрида (Исроил) Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг Европа Минтақавий Ваколатхонаси, Норвегия Қизил Хочи ва Исроилнинг Маген Давид Адом хизмати томонидан ташкил этилган “Оммавий кўнгилсиз ҳалокатлар пайтида биринчи ёрдам кўрсатиш” мавзуида ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Ушбу халқаро форумда Европа ва Осиёдаги 20 дан ортиқ Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Миллий жамиятларининг вакиллари иштирок этдилар. Ўзбекистон ҚЯО Миллий жамияти номидан тиббий-ижтимоий ёрдам бўлими бошлиғи С.Умаров иштирок этди. Учрашув давомида инсонпарварлар азият чекканларга госпиталгача бўлган даврда Биринчи ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларнинг оқибатини бартараф қилишга жалб этилган хизматлар – қутқарувчилар, ёнғинни ўчирувчилар, врачлар, полициячилар, , хавфсизлик ходимлари, шахсий таркиб ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатини мувофиқлаштиришни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Маген Давид Адом, фарцуз, бельгия, герман Қизил Хочи ва турк Қизил Ярим ойи вакиллари ўз тақдимотларини намойиш этдилар.

Учрашув давомида ишчи гуруҳлари ташкил этилди, уларда қатнашчилар ўзлари тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Ўзбекистон томони йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш” ҳақидаги Қарорини амалга ошириш бўйича ўз иш тажрибаси билан таништиришди. Қатнашчилар мамлакатимизда санитар дружиналарини тузиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларнинг эҳтимоли бўлган фавқулодда вазиятларга тайёрланиши, ўқув юртларидаги санитар постларининг фаолияти, кўнгиллилар дружиналарини тузиш, Ўзбекистон ҚЯОЖда фавқулодда вазиятлардан азият чеккан аҳоли учун омборлар ва биринчи эҳтиёж моллари заҳиралари тизимини ташкил этиш ҳақидаги ахборотларни қизиқиш билан тингладилар.

Форум доирасида Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Биринчи ёрдам ва госпиталгача тез ёрдам Маркази раҳбари жаноб Эрик Бернес ва ЖССТ Европа минтақавий бюроси мувофиқлаштирувчиси Махеш Гуносекара, ҚХ ва ҚЯОЖ ХФ вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

 

 

Эзгулик йўлидаги  ҳамкорлик

21 август 2016 й.

2016 йил 18-21 август кунлари ЎҚЯО Жамиятига Халқаро ҚХ ва ҚЯО Федерациясининг Европа офиси рахбари жаноб Саймон Миссири ва Европа ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан ишлаш бўйича бўлими бошлиғи Эльхан Рахимовлардан иборат делегация ташриф буюрди.

Жаноб С. Миссири - юқори имкониятлар ва ёрқин билим савияси кучли инсонлар қаторига киради.  Суданда моливий делегат, ХҚХ ва ҚЯОЖ федерациясининг Африка бўлимининг етакчи мутахассиси, Осиё ва Тинч океани минтақавий бўлими бошлиғи, Жанубий Осиё бўлими бошлиғи – булар унинг фаолиятининг бир қисми холос. Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистонга ташрифидан мақсад - Миллий Жамиятнинг кўп қиррали фаолияти билан танишиш.

Марказий офисда учрашув илиқ ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. ЎҚЯО Жамияти раиси, профессор Х.Я.Каримов мамлакатимизнинг энг кекса инсонпарвар ташкилоти фаолияти тўғрисида батафсил сўзлаб, Жамиятнинг Низом вазифалари, “Соғлом она ва бола” йили Давлат дастури бажарилиши тўғрисида маълумотлар берди. Айтиб ўтилганидек, ФВларга тайёргарлик кўриш ва уларни олдини олишда Вазирлар Махкамасининг Қарорлари ижросини таъминлаш, халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи бўйича лойиҳалар амалга оширилиши, “Меҳр-шафқат” хизмати фаолияти борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. 

Шунингдек ҚХ ва ҚЯОЖ Халқаро Федерацияси вакиллари ЎҚЯОЖ Самарқанд вилоят ташкилоти фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.  

 

 

Буни барча билиши шарт

19 август 2016 й.

2016 йил 18-19 август кунлари ЎҚЯО Жамияти мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти минтақавий ва хамкор ташкилотларининг санитар дружиналари учун  Биринчи ёрдамга ўқитиш бўйича тренинглар ўтказилди.

Ушбу семинар Вазирлар Махкамаси томонидан тасдиқланган “Зилзилалар билан боғлиқ бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш чора-тадбирлари самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, зилзилалар вужудга келганда аҳолининг ҳаракатланишга тайёргарлигини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар  Дастури” доирасида ташкил этилди.

Тренинг фасилитаторлари бўлиб ЎҚЯО Жамияти Тиббий-ижтимоий бўлим бошлиғи - лойиҳа координатори  С.М.  Умаров, ЎҚЯОЖ тренерлари А.Губайдулин ва Қ.Давлетмуратов иштирок этдилар.Ўқув курси тингловчилари турли ташкилот ва идораларнинг  ўттизга яқин вакилларидан иборат бўлди. Муҳим билимлар олганлар қаторида “Устюртгеофизика” ХК, “Аэропорт Нукус” АЖ, “Урганч ёғ” АЖ, “Хоразм гиламлари” корхонаси ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари ўрта-махсус касб–ҳунар коллежлари ва Олий таълим муассасаларидан вакиллар қатнашдилар.

Булиб ўтган тренинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоят ҚЯОЖ ташкилотларининг  хамкорлари ўртасидаги алоқаларини янада  мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади, дея эътироф этишди мутахассислар. Олинган маълумотлар юридик ва жисмоний шахсларнинг ЎҚЯОЖ ташкилотлари фаолияти, яъни  фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уни олдини олиш борасидаги, шу қаторда    аҳолини Биринчи ёрдамга ўқитиш тўғрисидаги билимларини оширишига кўмак беради. Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси Б.Янгибоев “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, ФВларда ва зилзилалар вужудга келганда аҳолининг ҳаракатланишга тайёргарлигини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар  Дастури”ни  имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2016-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҚЯОЖ ташкилоти мутахассислари томонидан 25 мингдан зиёд сандружина ва санпостлар аъзоларининг  Биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига  ўқитиш белгилаб қўйилган.         Тренинглар  якунида барча қатнашчиларга сертификатлар топширилди.

 

 

Журналистлар учун семинар

 12 август 2016 й.

8 – 12 август кунлари Тошкент  вилоятининг соя-салқин оромгоҳларининг бирида “Мамлакатимизда фуқаролик жамияти қарор топишининг ҳуқуқий ва гуманитар асосларини ривожлантиришда Ўзбекистон ҚЯОЖнинг роли ва аҳамияти” мавзуида республика оммавий ахборот воситалари журналистлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

 - Кишилар юрагида ҳамон  эзгулик ва яхшилик борлигига умид берганлигингиз учун Сизларга катта раҳмат. Мен доимо сизлар билан!!! – дейди семинарнинг энг ёш қатнашчиси, Наманган вилоят телевидениесининг мухбири Анастасия Лебедева.

– Сиз – Анри Дюнаннинг ҳақиқий давомчиларисиз. Сизнинг ёрдамингиз билан жуда кўп фойдали ва керакли ахборот олганлигимдан фахрланаман. Ҳаракатнинг кўнгиллиси бўлмоқчиман, деб ёзади ижодий ишида Ўзбекистон Миллиа ахборот агентлиги мухбири И.Аввалбоев.

Ўзбекистон ҚЯОЖ томонидан ташкил этилган беш кунлик семинар давомида бу каби кўплаб истаклар билдирилди.   

– Мен бугун ушбу залда тўпланган мамлакатимиз ОАВнинг – газета, радио, телевидение ва Интернет сайтларида фаолият юритаетган энг яхши вакилларини, ҳақиқатан ҳам истеъдодли, мақсадга интилувчан, юқори профессионал даражадаги мутахассисларни муборакбод этишдан ғоят шодман, - деди ўз табригида Ўзбекистон ҚЯОЖ Ижрочи директори Э.А.Амиралиева.   

 – Бизнинг ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда, бугунги семинар бундан далолатдир. Сизларнинг кўпчилигингиз мамлакатимизнинг энг кекса жамоат ташкилоти бўлмиш Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фаолиятидан, айниқса Давлатимизнинг ижтимоий сохаларга йўналтирилган дастурларига кўмаклашишидан хабардорсиз. Бу йил ҳам жамиятимиз томонидан “Соғлом она ва бола” Давлат дастуридаги   икки бандни ижро этишга 270 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Мутахассисларимиз томонидан тайёрланган тақдимотлар Ўзбекистон ҚЯОЖ ҳақида тўлиқ маълумот олишингизга ёрдам беради, улар эса сизларнинг келгусидаги ижодий фаолиятингизга ёрдам беришига ишонаман.

 Халқаро Ҳаракатнинг мухим йўналишларини ёритишда қалам соҳибларининг ўзига хос аҳамияти борлиги ҳақида ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари жаноб Йенс Меллер алоҳида таъкидлади: “Ўзбекистон ҚЯОЖ – бизнинг биринчи даражадаги қимматли ҳамкоримиздир. Биз кўплаб йўналишларда ҳамкорлик қиламиз, “Коммуникация” лойиҳаси эса бизнинг ОАВ вакиллари билан алоқаларимизнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади”.  

Миллий Жамият фаолияти, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг тимсолларидан фойдаланиш, ушбу белгиларни ишлатиш ва уларни ҳимоя қилишга оид Ўзбекистон Республикасининг қонунига бағишланган тақдимотлар қатнашчилар эътиборига ҳавола қилинди.    

Амалий машғулотларда эса Ўзбекистон ҚЯОЖ мутахассислари асосий қаҳрамонлар сифатида қатнашишди. Гап шундаки, журналистлар учун семинар билан бир вақтда Бўстонлиқ тумани ҳудудида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Офатларда тез ёрдам кўрсатиш Миллий Жамоасининг дала машғулотлари ҳам ташкил этилди. Журналистлар ушбу машқларда фаол иштирок этишди, баъзи бир машқларда жабрланганлар ролини ҳам ижро этдилар ва команданинг эҳтимолий фавқулодда вазиятда нималарга қодирлигини кўришди. Тадбирнинг сўнгги куни журналистлар Миллий жамоа аъзолари иштирокида бадиий кеча ташкил қилдилар. Қутқарувчиларнинг ўзига хос фаолиятини ифодаловчи юмористик саҳналар намойиш этилди. Журналистлар томонидан ОЁКМК ташкил топганининг 5 йиллигига бағишлаб тайёрлаган рамзий медаллари эса  жамоа аъзоларига Хўжакент тоғларида ўтказилган  унутилмас кунлар ҳақида хамиша  эслатиб туради.

 

 

Миллий Жамоасининг дала машғулотлари

 12 август 2016 й. 

2016 йил 8-12 август кунлари Тошкент вилоятидаги “Хўжакент” пансионатида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Офатларда тез ёрдам кўрсатиш Миллий жамоасининг тактик машғулотлари бўлиб ўтди.

Ўқув машқларининг ўтказишдан асосий мақсад – ОТЁКМЖ аъзолари, Ўзбекистон ҚЯОЖ кўнгиллилари ва мутахассисларига амалий кўникмалар ўргатиш, шунингдек, Миллий Жамиятнинг   календарь режасига мувофиқ унинг ФВга тайёрланиш ва ўша пайтда фаолият кўрсатишга оид салоҳиятини мустаҳкамлашдир.

Биринчи машғулот ФВ юз берганда шахсий таркибнинг  саф тортишидан бошланди. Қутқариш ишлари “Инсонийлик” ўқув-услубий маркази асосий биносининг периметри бўйлаб  ташкил этилди. Бунда ФВВ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ёнғиндан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш элементлари машқ қилинди. Жамоа аъзолари юқори профессионализм ва хатти-ҳаракатлар уйғунлигини намойиш этишди. “Дала машқлари Миллий жамоасининг тайёргарлик даражасини, унинг жипслигини, маънавий барқарорлигини, ҳақиқий ҳаётга яқинлаштириб ташкил этилган жисмоний ва психологик тўсиқларни енгиб ўтиш маҳоратини кўрсатади”, - деб таъкидлади Миллий жамоа бошлиғи М.Миржаппаров.

Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан Ўзбекистон ҚЯО Жамияти зиммасига аҳолини эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёрлаш бўйича алоҳида вазифалар юклатилган ягона жамоат ташкилоти эканлигини эслатиб ўтиш жоиз.

Офатларда тез ёрдам кўрсатиш Миллий жамоаси 2011 йил ноябрь ойида тузилган. Унинг сафларида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг минтақавий ташкилотларида фаолият юритувчи 250 дан ортиқ етакчи кўнгиллилар бор. Бу каби тактик машғулотлар мунтазам ташкил этиб турилади. Навбатдаги машғулотларни тайёрлашга катта миқдордаги моддий-техник, молиявий маблағлар сарфланди. Умуман олганда, ушбу дала машғулотлари ўтказиш жойига 4,5 тонна махсус юклар келтирилди.

Жамоа аъзолари дам олувчилар орасида нафақат махсус кийим-кечаги, хотиржам хатти-ҳаракатлари ва моҳирлиги билан ажралиб турдилар. Улар ортиқча шошма-шошарликсиз, тезлик билан чодирлар ўрнатдилар ва унда график асосида кечаю кундуз навбатчилик ҳам ташкил этилди. Бу ерда имитация (яъни воқеликка яқинлаштирилган) машғулотлар ўтказилди. Бунда шахсий таркиб қутқариш бўйича ишларни, махсус жиҳоз ва қурилмалардан фойдаланган ҳолда шартли равишда жабрланганларни транспортировка қилиш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатишни намунали ва юқори даражада намойиш этдилар.

Машғулотлар вақтида  ОЁКМК аъзоларининг қийин шароитларда, кечаю кундуз, турли табиий ҳалокатларда Ўзбекистон ҚЯОЖ низомига кўра инсонпарварлик ёрдамини тарқатиш, биринчи ёрдам кўрсатиш пунктларини жойлаштириш ва ташкил этиш ишларини бажариш тайёргарлиги текширилди.

Дала машғулотлари ниҳоясида барча қатнашчиларга сертификатлар топширилди.

 

 

Биринчи ёрдам барча учун

   3 август 2016 й.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан  Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида  фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш  давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича  ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш устувор вазифалардан саналади.   Низомга оид  вазифаларни амалга ошириш мақсадида Наманган вилоят ташкилоти минтақадаги бир қатор ташкилот ва муассасалар билан  шартномалар тузди.

Бугунги кунда аҳолини биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўқитиш бўйича комплекс дастур тадбирлари ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Жумладан, мониторинг бўйича ишчи гуруҳи томонидан “Наманган электр тармоқлари”, “Наманган телеком” акциядорлик компаниялари, “Ўзбекистон почтаси” АКнинг вилоят филиали, “Наманган автойўл”, “Норин-Сирдарё” ирригация тизими бошқармаси, “Сувоқава” ДУК билан шу хусусда музокаралар ўтказилди.

“Наманган автойўл” ва “Қамчиқ автойўл” ташкилотлари билан график асосида 200 та ишчини ўқитиш ҳақида икки томонлама шартномалар имзоланди. Шу кунгача ушбу  ташкилотларининг 100 та ходими ўқув курсларини тугаллагани тўғрисида сертификатлар олишди. Йилнинг биринчи ярмида вилоятдаги 38 та ташкилот ва муассасаларнинг 1549 ходимлари ва ўқувчи ёшлар ўқитилди.

Санитар дружиналар фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўнгиллилар учун эҳтимолий техноген вазиятларга тайёрланиш бўйича тренинглар ташкил этилди. Волонтерлардан тузилган санитар дружиналарнинг “Қамчиқ” довонидаги ўқув тактик машғулотларда қатнашуви таъминланди. Бунинг учун Поп туман ташкилотларида ишлайдиган ёшлардан иборат дружиналар тузилди. Бундан ташқари, Наманган муҳандислик технология институти ректорати билан ушбу олий ўқув юрти талабалари ўртасида ФВга қарши Тезкор жамоасини тузиш ва уларни аҳоли орасида фуқаро муҳофазаси тадбирларига жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.      

 

 

 

Олий Мажлис грантлари

2 июл 2016 й.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Тошкент шаҳар ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан ташкил этилган танловда иштирок этди ва 25 миллион сўм миқдоридаги грант соҳиби бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат Фондининг навбатдаги йиғилишида грант танлови ғолиблари аниқланди. ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун тузилган тизим “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг асосий қоидаларини амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этишга ёрдам беришини, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ННТнинг тўлақонли ўзаро алоқаларини кучайтиришини эслатиб ўтамиз. Бу йилги танловга 394 та лойиҳа тақдим этилди. Танлов натижасида улардан 45 тасига 1,1 миллиард сўм миқдорида молиявий маблағ ажратишга қарор қилинди.

Тақдирланганлар қаторида Ўзбекистон ҚЯОЖ Тошкент шаҳар ташкилотининг “Ўсиб келаётган авлод орасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, кўнгиллилар тайёрлаш, маиший жароҳат олинганда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатиш” деб номланган лойиҳаси ҳам бор.  Дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун пойтахтдаги тиббиёт коллежлари ўқувчилари жалб этилади.

Лойиҳа доирасида тиббиёт ходимлари, амалиётчилар ва психологлар билан учрашувлар, семинарлар ўтказиш, маҳорат дарслари ташкил этиш кўзда тутилган, шунингдек, Халқ таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси билан ҳамкорлик алоқалари кучайтирилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 100 кишини ўз қаромоғига олувчи 20 та кўнгилли ўқитиб, тайёрланади. Шу билан бир қаторда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган 1500 та буклет ишлаб чиқилади ва тарқатилади.

 

 

Минтақавий учрашув“DIPECHO IX”  

 25 июн 2016 й.

2016 йил 20 июнь куни Иссиқкўлда “Жамоалар, мактаблар ва институтларнинг фавқулодда вазиятларга қарши туриш имкониятини мустаҳкамлаш йўли билан офатлар хавфини камайтириш (ОХК) бўйича фаолиятни бирлаштириш ва кучайтириш” минтақавий лойиҳасининг ҳалқаро семинари ўз ишини бошлади.

Лойиҳа Фуқаро муҳофазаси ва гуманитар ёрдам бўйича Европа тадқиқотлари  Бош директорати (ЕСНО), Германия Қизил Хочи ва унинг ижрочи ҳамкорлари – Марказий Осиё Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари, ҚХ ва ҚЯО ХФ ва Австрия Қизил Хочи томонидан молиялаштирилмоқда.

Ушбу халқаро форум ишида Ўзбекистон ҚЯОЖ бир гуруҳ мутахассислар ҳам иштирок этишди. ФВга тайёрланиш бўлими мутахассиси М.С.Адилов, “ДИПЕО 9” лойиҳасининг молия бўйича мутахассиси Д.Ш.Васиева, лойиҳанинг Андижон вилояти бўйича ходими И.Р.Садовникова, лойиҳанинг Наманган вилояти бўйича ходими Д.Ф.Сайфитдинова, Ўзбекистон ҚЯОЖ Тошкент шаҳар ташкилотининг ФВга тайёрланиш бўлими мутахассиси А.А.Абдуллаевлардан иборат Ўзбекистон ҚЯОЖ делегацияси иштирок этди.

Семинар қатнашчилари лойиҳанинг ўзига хосликлари, уни бошқариш, ундаги ҳисобот тизими, мониторинги ва уни амалга ошириш структурасини кўриб чиқдилар. Лойиҳа доирасида умумтаълим мактабларининг ўрта синф  ўқувчиларини ФВда тўғри хатти-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлаш, уларга Тошкент шаҳри, Андижон ва Наманган вилоятларидаги  аҳоли зич яшайдиган ҳудудларида мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари орасида тренинглар, семинарлар, танловлар ва мусобақалар ташкил этиш  кўзда тутилган.

Ўзбекистон ҚЯОЖ томонидан ташкил этилган санитария постлари негизида мактаб ўқувчиларидан иборат “Ёш қутқарувчи” болалар тўгараклари тузилади. Шунингдек 12 та  мактабда митигация -  ноструктуравий сеймсмик ҳимоянинг оддий элементларини жорий этиш кўзда тутилган.

2016 йил апрельда бошланган лойиҳа 18 ой мобайнида амалга оширилади.   

 

 

Инсонпарварлар форуми

 24 июн 2016 й.

2016 йил 22-24 июнь кунлари Будапештда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Халқаро Федерациясининг Европадаги офиси томонидан ташкил этилган Миллий жамиятларининг 3-минтақавий учрашуви бўлиб ўтди. Форум маблағларни жалб қилиш ва инсонпарварлик фаолиятини такомиллаштириш учун ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали Миллий Жамиятлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

Халқаро форум ишида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Ижрочи директори Э.А.Амиралиева ва Миллий Жамиятнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш бўлими бошлиғи С.С.Шорин иштирок этишди.

Қатнашчилар инсонпарварлик фаолиятини ривожлантиришда    барча Миллий Жамиятларнинг амалий ҳамкорлиги ва ўзаро алоқаларининг долзарб масалаларини, Миллий Жамиятларнинг ўз мамлакатларида ижтимоий таъминот ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Давлат дастурларига кўмак беришга қаратилган бир қатор масалаларни муҳокама қилишди. Инсонпарварликка қаратилган ички маблағлар ҳажмини кенгайтириш ва уларни самарали амалиётга тадбиқ қилишдаги ёрдамчилик вазифасини кучайтириш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида Миллий Жамиятларнинг давлат ва нодавлат институтлари билан ҳамкорлиги тажрибасини ўрганиш ва ушбу механизмни аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг сифатини ошириш ва ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларга кўмаклашишга йўналтириш мақсадида ўрганилди.

Инсонпарварларнинг навбатдаги форуми хайрия маблағларини тўплаш ҳамда фандрайзингнинг локал даражадаги янги усул ва механизмларидан фойдаланиш  фаолиятини янада такомиллаштириш  учун ўзига хос таълим платформаси ҳам бўлди. 

 

 

Ҳамма жойда барча учун

 6 май 2016 й.

Халқаро Ҳаракатнинг 153 йиллигини нишонлаш мақсадида 2016 йил 6 май куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Қуёш нурларига тўлган ушбу кунда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташаббуси билан Тошкентнинг ушбу соя-салқин бурчаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Миллий Жамият фаоллари ва кўнгиллилари ихтиёрига берилди. Асосий дарвозадан бошланувчи аллеяларнинг барчаси Халқаро Ҳаракат тимсоллари ва байроқлари билан безатилди. Марказий саҳна  қатнашчиларнинг байрам руҳига мос равишда панно ва турли рангли шарлар билан ясатилди.   .

Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг Раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов ва ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Йенс-Мартин Мелер меҳмонларни муборакбод этдилар.

Учрашувда меҳмонлар - депутатлар ва сиёсий партиялар аъзолари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари – энг самимий истаклари билан йиғилганларга мурожаат қилиб, уларни табриклашди.

Боғ марказида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг кенг кўламли фаолиятини акс эттирувчи махсус палаткалар ўрнатилди. Байрам тадбири иштирокчилари Миллий Жамият салоҳиятини катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар. Биринчи ёрдамга ўргатиш кўникмаларига мўлжалланган жиҳозлар, фавқулодда вазиятлар бўйича қўлланмалар, кўчма тиббиёт асбоблари жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди ҳамда жамият ходимлари уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.

Беғараз донорлик Миллий Жамият Низомига оид фаолиятнинг муҳим йўналишидан биридир. Бу куни боғда республика “Қон маркази” шифокорларининг махсус бригадаси ишлади, бу эса донорларга инсонпарварлик акциясида иштирок этишга имкон берди. Боғдаги майдончаларнинг яна бири пойхахтдаги “Саломатликнинг ёш дўстлари” санитар постлари жамоалари ихтиёрига бериб қўйилди. Шу ўринда халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги барча мактабларда бундай постлар тузилганлигини, улар ўқувчилар орасида санитария-гигиенага оид билимлар тарқатиш, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларни ўргатиш, халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи ҳақидаги билимларни тарғиб этиш билан шуғулланишини эслатиб ўтиш жоиз. Танловда қатнашган 11 та гуруҳ орасидан ғолиблар аниқлаб олинди. Биринчи ўрин Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги 290-мактаб жамоасига, 2-ўрин Яшнобод туманидаги 166-мактаб ва 3-ўрин Сергели туманидаги 305-мактаб гуруҳларига берилди. 

 

 

 

Мутахассислар учрашуви

30 апрел 2016

Хитой. “Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўрсатиш бўйича салоҳиятини мустаҳкамлаш” мавзусидаги навбатдаги  тренинг ташаббускори Хитой Қизил Хоч Жамияти бўлди. 2016 йил 8-29 апрель кунлари Пекинда халқаро экспертлар иштирокида амалий семинар бўлиб ўтди.

Форум ишида Ўзбекистон ҚЯО Жамияти ҳалкаро бўлим бошлиғи П.Ж.Абдуллахонов ва ФВга тайёргарлик кўриш бўлими мутахассиси М.С Адиловдан иборат делегация иштирок этди.

Хитойда ташкил этилган минтақавий форумда Осиё-Тинч океани, Марказий Осиё минтақаларидаги Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари, шунингдек, ХХР Ташқи ишлар ва Савдо вазирликлари вакиллари иштирок этишди.

Семинар доирасида мутахассислар Хитой Қизил Хочининг табиий офатларга тайёргарлик ва унга муносабат кўрсатиш бўйича фаолияти билан танишдилар. Жумладан, халқаро инсонпарварлик ёрдами бўйича режалар ҳамда ҳамкорлик дастурининг амалга оширилиши ёритиб берилди. Тадбир доирасида Хитой Қизил Хоч Жамияти ёрдамида фаолият юритаётган “999” - фавқулодда вазиятларда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича  Пекин марказининг иши намойиш қилинди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича мутахассислар учун Хубей вохасидаги Вуханг шаҳрига минтақавий филиалларнинг ФВга тайёргарлик кўрсатишга оид ишларини ўрганиш учун ташриф уюштирилди. Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти вакиллари томонидан тайёрланган презентация йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек ЎҚЯОЖ делегацияси вакилларининг Хитой Қизил Хочи ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Хао Лийман хоним билан учрашуви бўлиб ўтди. Сўҳбат давомида инсонпарварлик соҳасида келгуси ҳаракатлар стратегияси ва режалари нуқтаи назаридан Миллий Жамиятларимиз ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

 

 

Малакамизни оширамиз

 28 апрел 2016

Сирдарё.   2016 йил 24 март куни “Инсонийлик” Республика ўқув-услубий марказида Ўзбекистон ҚЯОЖ минтақавий ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари учун амалий семинар ташкил этилган эди. Миллий Жамият раҳбарияти ташаббуси билан  бошланган   ушбу ўқув машғулотлари иш сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланди. Икки ой мобайнида Марказий аппарат мутахассислари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят ташкилотларида худди шундай семинарлар ташкил этилди. 2016 йил 28 апрелда Сирдарё вилоятида ҳам шу каби учрашув бўлиб ўтди.

Гулистон шаҳри пойтахтдан келган меҳмонларни ёрқин баҳор қуёши ва кенг кўламдаги қурилиш майдонлари билан қарши олди. Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Ижрочи директори Э.А.Амиралиева бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи ва вилоят ташкилоти ходимлари биргаликда амалий семинар ўтказдилар. Ширин, Сирдарё, Боёвут шаҳарлари ва барча туман ташкилотлари, кўплаб бошланғич ташкилотлар раҳбарлари қатнашган ушбу семинарда кўплаб масалалар муҳокама қилинди ва баҳс-мунозаралар ташкил этилди.”Соғлом она ва бола йили” дастурини амалга оширишда вилоят ташкилотининг фаолияти”, “Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятида Уставнинг аҳамияти”, “ҚЯОЖ ташкилотларида молиявий-хўжалик фаолияти амалиёти ва тажрибаси”, “Аҳолини ФВга тайёрлаш масалалари”, “Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини тарғиб этиш масалалари”, “Вилоят ташкилотларида кадрлар билан ишлашни янада такомиллаштириш хусусида” каби мавзулар бўйича  презентациялар тақдим этилди. Уларнинг ҳар бири бўйича тажрибали мутахассисларнинг чиқишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Турли вазифалар бўйича кенг қамровли мунозаралар вилоят ташкилотининг келажакдаги ишларини янада яхшиланишига туртки бўлади. Ўзбекистон ҚЯОЖнинг навбатдаги лойиҳаси, энг аввало, вилоят ташкилотлари ходимларининг профессионал даражасини оширишга, улар орасида ўзаро тажриба алмашишга, иш самарадорлигини янада юқори кўтаришга, ушбу йилдаги Давлат дастурини ҳамда  инсонпарварлик ташкилотининг Низом вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади.

 

 

Биринчи ёрдам – барча учун

  8 апрел 2016

2016 йил 6-8 апрель кунлари “Инсонийлик” ўқув-услубий марказида Биринчи ёдам кўрсатиш бўйича мутахассислар учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Семинарда доимий ҳамкоримиз – ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси вакиллари, Ўзбекистон ҚЯОЖнинг раҳбарлари ва бўлим бошлиқлари, шунингдек, Жамиятнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ва Темир йўл минтақавий ташкилотларидан келган 20 нафар биринчи ёрдам мутахассислари иштирок этдилар.

Халқаро тренер, Қирғизистон Республикаси ҚЯОЖ ФВда Бошқариш Департаментининг биринчи ёрдам бўйича катта тренери Замир Дуйшеев ва Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Офатларга қарши  тезкор жамоаси координатори Шавкат Милтиқбоевлар ушбу тренинг фасилитаторлари сифатида иштирок этдилар.

Уч кун мобайнида семинар иштирокчилари биринчи ёрдам бўйича ўқитишнинг самарали услублари, назарий ва амалий машғулотлар олиб бориш тамойиллари, интерфаол усуллардан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Гуруҳларга ажралган ҳолда ишлашда ва қатнашчиларни инструкторлар ҳамда тренерларга бўлиб машғулотлар ўтказиш вақтида Биринчи ёрдам кўрсатишнинг асосий ва устувор йўналишлари, хусусиятларни ҳамда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерациясининг кўрсатмаларини эътиборга олган ҳолда ёритиб берилди.

Тренинг якунлари бўйича ўтказилган тестлар мутахассисларнинг ФВ содир бўлганда харакатланиш бўйича яхши кўникмаларга эга эканлигини, тезкор қарор қабул қилишга қобиллигини, юқори даражадаги профессионалликга эгалигини  кўрсатди. Машғулотларда қатнашган ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ходими Сангита Кёнинг ҳам амалий машғулотларнинг юқори даражада ўтканлигини қайд этди.

Тренинг якунлари бўйича унда иштирок этган ва малакасинини оширган мутахасиссларга сертификатлар топширилди.   

 

 

2016 йил – Соғлом она ва бола йили

Меҳнатимиз унумли бўлсин

 24 март 2016

Анъанага кўра йил бошида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг кенгайтирилган раёсат мажлисида минтақавий, вилоят ташкилотлар вакиллари йиғилиб, янги йилдаги энг муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олишди. “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташкилотларининг Миллий Жамият XXI Қурултойи қарорларини бажаришга оид фаолияти” мавзусидаги семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Темир йўл минтақавий ташкилотлари раислари, ижрочи директорлари ва бош хисобчилари қатнашдилар.

Йиғилишда қайд этиб ўтилганидек, мамлакатимиз Президентининг Қарори билан Миллий Жамиятга “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг икки бандини ижро этишга оид вазифалар юклатилган. 40-бандга мувофиқ Миллий байрамлар арафасида, Болаларни ҳимоя қилиш Халқаро куни ва янги ўқув йили олдидан кам таъминланган кўп болали оилаларга кўмаклашиш учун, уларга эсдалик совғалари, озиқ-овқат жамланмалари, кийим-кечак, ўқув қуроллари билан ёрдам кўрсатиш учун Миллий жамият томонидан 250 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Деярли 2 мингта кам таъминланган оила манзилли ёрдам олади. Бундан ташқари, Давлат дастурининг 28-бандига мувофиқ аҳоли ўртасида репродуктив саломатликни ҳимоя қилиш, соғлом оилани вужудга келтириш, болалар орасида юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган 25 мингта ахборот-таълим материаллари чоп этилади. Давлат дастурини ижро этиш доирасида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ўртасида қўшма Битим имзоланди. Уни амалга оширишда барча минтақавий ташкилотлар иштирок этишади.

Семинарда жамиятнинг кўп қиррали фаолиятига бағишланган йигирмага яқин презентациялар намойиш этилди. Улар орасида инсонпарварлик ташкилоти ривожланишида Жамият Уставини ўрни,  ташкилотларнинг молиявий-хўжалик фаолияти, ФВга тайёргарлик кўриш ишлари, кўнгиллилар ҳаракати, кадрлар билан ишлаш каби мавзулар кўриб чиқилди. Пленар йиғилишларида Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий вилоятлари ва Тошкент  шаҳар ташкилотлари раислари Д.У.Даниярова, Д.Ф.Сайфитдинова, М.А.Баҳриева ва У.Қ.Мухамедовалар ўзларининг амалий ишлари ҳақида сўзлаб беришди. Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. 

 

 

 

24 март 2016

ҒОЛИБЛАРНИ    ҚУТЛАЙМИЗ

2016 йил 24 март куни “Инсонийлик” ўқув-услубий марказида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари журналистлари учун матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Учрашувда “Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолияти ҳақидаги энг яхши журналистик материал” танловининг натижалари эълон қилинди.

Баҳор нафаси уфуриб турган, байрамона тусда безатилган янгиланган “Инсонийлик” маркази меҳмонларни қарши олди. Миллий Жамият раҳбарлари ва мутахассислари, бўлим бошлиқлари, Ҳалқаро Қизил Хоч Қумитаси вакиллари, ва айни байрам қаҳрамонлари - журналистлар мажлислар залига ташриф буюрдилар.

Конференцияни Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Раиси, профессор Ҳамид Ёқубович Каримов очди ва табрик сўзини йўллади. Шунингдек, барча йиғилганларни Ҳалқаро Қизил Хоч Қумитасининг  Марказий  Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари  ўринбосари Йенс – Мартин Мелер табриклади.

2015 йил мамлакатимизнинг энг кекса инсонпарварлик ташкилоти тарихида ўзига хос ўрин эгаллайди. Чунки ўтган йили Миллий Жамият ташкил топганлигининг 90 йиллиги кенг нишонланди, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг XXI съезди бўлиб ўтди, ташкилотнинг салоҳияти “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Жамиятимизга юкланган вазифаларнинг амалга оширилишига имкон берди. Бу энг аввало Жамият ҳомийлигидаги шахслар - кексалар, ногиронлар, кўп фарзандли оилаларга манзилли моддий ва маънавий эзгулик ёрдами кўрсатиш, аҳолига фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш, юз ёшдан ошган кишиларга манзилли ғамхўрлик қилишдир. Бундай мақсадлар учун Миллий жамият томонидан 650 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Учрашувда таъкидланганидек, бу йил Президентимизнинг қарорига кўра Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамиятига ”Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг икки бандини ижро этиш бўйича вазифалар юкланди.   Давлат дастурини бажаришда Миллий Жамиятнинг барча минтақавий ташкилотлари иштирок этишади.

Матбуот анжумани давомида “2015 йилда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятини оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳақидаги энг яхши материал” танловининг якунлари эълон қилинди.

Танловнинг 12 ғолиби – радио, телевидение, газета ва интернет матбуот журналистлари Ўзбекистон ҚЯОЖнинг дипломлари ва совғалари билан тақдирландилар. Улар қаторида Навоий вилоятининг  “Знамя дружбы” газетаси бўлим бошлиғи Е.Умарова, “Наманганская правда” газетаси мухбири И.Решетников, “Самаркандский вестник” газетаси мухбири З.Шералиева,  ЎзМТРК “Пойтахт” информацион дастурлар муҳаррири Н.Хайруллаева, “Махалла” каналининг бош муҳаррир ўринбосари Р.Қулдошев, Бухоро вилоят телевидениеси журналисти О.Хакимова, Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Ю.Мамажонова, Ўзбекистон миллий телерадиокампаниями оператор И.Рустамов,  “Махалла” радиоканали муҳбири О.Хамроева, “Ўзбекистон” радиоканали муҳаррири Г.Давирова,  Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги махбири Н.Усмонова ва Жиззах вилоят хокимлиги матбуот хизмати мутахассиси Ф.Хакимов тақдирландилар.  

 

21 март 2016

НАВРЎЗ ТАБРИГИ

Баҳор келиши ҳамма даврларда инсон ҳаётидаги энг қувончли ҳодисаларидан бири бўлган. Ушбу айёмни турли халқлар турлича нишонлашган. Аммо буларнинг барчасида Наврўз табиатнинг янгиланиши, ҳаётнинг тантанаси, унумли янги йилга умидни акс эттирган.

Ўзбекистон халқи учун Наврўз – гўзаллик ва янгиланиш байрами, энг қадимий, ҳақиқатан миллий байрам бўлган. У биз учун яна шуниси билан аҳамиятлики,   ўзида инсонпарварлик, эзгулик, ўзаро ёрдам ва сахийлик каби абадий қадриятларни акс эттиради. Баҳор байрами бўлмиш Наврўз ўзининг инсонпарварлик руҳи билан ҳар бир кишининг қалбига яқин ва қадрлидир.

Мамлакатимизнинг энг кекса инсонпарвар ташкилоти, 2015 йилда ўзининг 90 йиллигини нишонлаган Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг мақсад ва вазифалари ҳам Наврўз ғояларига ҳамоҳангдир. Жамиятимиз аъзолари ушбу байрамни мамлакатимизнинг ижтимоий аҳамиятга молик  дастурларига кўмаклашувчи кенг қамровли ишлари билан кутиб олди.

Кириб келаётган 2016 йил  Президентимиз ташаббуслари билан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда таъкидлаганидек, “Энг муҳими, “Соғлом она ва бола – бахтли оиланинг асоси, бахтли оила – гуллаётган жамиятнинг асоси” деган эзгу ғоя бизнинг ҳаётимизда мустаҳкамланиши ва унинг мужассам бўлиши ҳар биримиз учун муқаддас бурчга айланиши зарур... Ишонаманки, кўп миллатли халқимизнинг яратувчилик салоҳияти ва меҳнати туфайли биз “Соғлом она ва бола” йилида ўз олдимизга қўйган юксак мақсад ва вазифаларимизга эришамиз”.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятида хомийлигидаги фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, кўп болали оилаларга моддий ва маънавий кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, оиладаги тиббий маданиятни юксалтириш, оналик ва болаликка кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилади. Режалаштирилган кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириш учун бизнинг Жамиятимизда кучли ва ишончли салоҳият мавжуд.

Қадрли дўстлар, мана шундай нурли кунда оилаларингизга сиҳат саломатлик, бахт ва омад, тинчлик ва хотирижамлик  каби энг эзгу тилакларимни билдираман. Хонадонингиздан файзу барака аримасин!

                Ўзбекистон

Қизил Ярим Ой Жамияти

Раиси 

 Ҳ.Ё.КАРИМОВ

 

Эзгулик боғлари гуллади

 20 март 2016

Наманган.Ўзбекистон ҚЯОЖнинг бевосита кўмагида 2003 йилда Чортоқ туманида “Ойқирон” ва “Боғ” фуқаролар йиғинига қарашли тоғ олди зонасида ўн мингта мевали кўчатлар ўтқазилган эди. Бугунги кунга келиб беш гектарлик майдонда катта мевали боғ вужудга келди.

Ҳудуд аҳолиси уни “Эзгулик боғи” деб аташади. Чунки боғнинг витаминга бой барча маҳсулотлари тумандаги кўп болали кам таъминланган оилаларга тарқатилмоқда. Маскандаги мевалардан салмоқли ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Ўрик, шафтоли, олча ва гилослар шиғил мева қилмоқда. Катта ва кичик ҳосилнинг мўл-кўллигидан хурсанд – чунки бу ерда уларнинг барчаси ўзларининг қўли билан ўстирилган, шу боис аҳоли бу ерда ташкил этилувчи ҳашарларда жон дили билан иштирок этишади.

Мана бу йил ҳам Наврўз умумхалқ байрами арафасида яқин атрофдаги маҳаллаларда яшовчилар Эзгулик боғига йиғилишди. Бу ерда “Кўп болали оилалар – бизнинг ҳимоямизда” шиори остида инсонпарварлик акцияси ўтказилди. Унда иштирок этиш учун кўпчилик фарзандлари ва набиралари билан келишган, бундай учрашувлар эса асрий анъаналаримизнинг барчани бирлаштиришида ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.

Боғни парвариш қилишда вилоят ташкилотининг кўнгиллилари намуна бўлишмоқда, ҳар бир дарахтга меҳр улашгани боис боғ ҳам ўз мўл-кўллиги билан кўзни қувонтирмоқда. Шу куни ҳам яна мингдан ортиқ кўчат ўтқазилди.

Тез орада янги ҳосилни йиғиштириб олиш фурсати келади, бу ҳосил билан бирга кўмакка ва эътиборга муҳтож ҳар бир хонадонга эзгулик кириб боради.

 

 

 Ўқув қўмондонлик машқлари

24 февраля 2016 г.

Жиззах. 2016 йилнинг 22-24 февраль кунлари Жиззах вилояти Дўстлик туманида Қўмондонлик-штаб ўқув машқи бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, Фавкулодда вазиятларда Давлат тизими хизматлари ва Ўзбекистон Кизил Ярим ой жамияти Жиззах вилоят ташкилоти ФВ булими мутахассислари, ходимлари хамда барча ташкилот, корхона ва муассасаларнинг фуқаро муҳофазаси тузилмалари қатнашди. учта босқичда ўтказилди.

Дастлаб туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда Қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказиш тартиби ҳамда тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Сўнгра “Дўстликдон” акционерлик жамияти ҳудудидаги дон қабул қилиш майдонида Фавқулодда вазиятларда давлат тизими хизматлари, ҳаракатдаги йиғма механизация отряди куч-воситаларининг шай ҳолга келтирилганлигини текшириш ҳамда ўқув машқига тайёргарлик бўйича саф кўриги текширилди.

Шундан сўнг, Дўстлик тумани “Ғафур Ғулом” номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан аҳолини кўчириш эвакуациясининг ҳаракати – аҳолини ва моддий бойликларни оммавий кўчириш тадбири бўлиб ўтди.

Бунда аҳоли хавфсиз ҳудуд – “Наврўз” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудига жойлаштирилди. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Жиззах вилот ташкилоти томонидан Дўстлик тиббиёт коллежида ташкил қилинган волонтёрлар (кўнгиллилар)дан иборат “Санитар дружина”лари тўлиқ таркиб билан (24 нафар “Санитар дружина”, 6 нафар қутқарувчи гурух, жами 30 нафар) иштирок этди. Уларнинг ҳаракати намунали, дея эътироф этилди. Тадбир доирасида эвакуация қилинган Дўстлик тумани “Ғафур Ғулом” номли МФЙ нинг 50 нафар кам таъминланган оилаларига Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Жиззах вилоят ташкилоти томонидан махсус совғалар (озиқ-овқат махсулотлари) тарқатилди.

Бундан ташқари, аҳолини “Биринчи ёрдам” кўрсатишга ўргатиш, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш қоидаларини тушунтириш, туман корхоналари ва муассасаларида бошланғич ва жамоат ташкилотларини тузиш бўйича тушунчалар берилди. Қолаверса, таълим муассасаларида “Санитар дружина”, корхона ва ташкилотларда санитар дружиналаринини ташкил этиш юзасидан ҳам келишиб олинди.

Асосийси, ёшларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялаш, беғараз донорликни тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, оилавий алоқаларни тиклаш каби кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш Жамиятнинг олдида турган устувор вазифалар ҳисобланиши бўйича тадбир иштирокчиларига тушунчалар берилди.

 

10 феврал 2016

Буни ҳамма билиши шарт

Инсон ҳаёти ва соғлигини экстремал шароитларда, турли характердаги фавқулодда вазиятлар ва ҳалокатларда ҳимоя қилиш - Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятининг устувор йўналишлари қаторида туради. Вазирлар Махкамасининг махсус № 242 сонли қарори билан Миллий Жамиятга аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш вазифаси юклатилган.

Бу ҳужжат бандларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖ мутахассислари томонидан ўзига хос амалий курс, махсус таълимга эга бўлмаган кишиларга мўлжалланган “Биринчи ёрдамга ўргатиш” дастури ишлаб чиқилди.

Шундай вазиятлар бўладики, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишига қарамай, ишчи ва хизматчиларни бахтсиз ҳодисалардан сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди. Бундай вазиятларда ҳар қандай раҳбарнинг вазифаси ишлаб чиқаришда ходимларни Биринчи Ёрдам кўрсатиш масалаларига ўқитишни ташкил этишдан иборат. Тез ёрдам келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатиш ишчиларнинг ишлаб чиқариш кўникмалари рўйхатига киритилиши керак.

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти қошида ташкил қилинган ўқув-услубий Марказ мутахассислари муассасалар ходимларига Биринчи Ёрдам кўрсатишдек вазифани профессионал мутахассислар ёрдамида ўргатишлари мумкин. Биринчи Ёрдам курсларини юқори даражада назарий билимларни эгаллаган ва фавқулодда вазиятларда иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассисларимиз олиб боришади. Ўқув Марказининг ўқитувчилари ушбу курсни жойларга чиқиб ёки Марказ ҳудудида ўтказишади. Таълим жараёнида ишчилар ёнғин вақтида, заҳарли моддалар билан ёки газлар билан заҳарланганда ва ишлаб чиқаришдаги бошқа экстремал вазиятларда Биринчи Ёрдам кўрсатишни батафсил ўрганишади.

Биргина 2015 йилнинг ўзида ЎҚЯОЖ, унинг минтақавий ташкилотлари инструкторлари ва мутахассислари томонидан Биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатувчи 271 та курс ташкил этилди. Курслар доирасида 7000 атрофидаги киши, шу жумладан, таълим муассасларининг 3864 ўқувчиси ўқитилди. Бундан ташқари ВИЧ/ОИТС, туберкулёз профилактикасига бағишланган ва бепул донорлик тарғиботига оид маъруза ва семинарлар ташкил этилди, уларда 6,5 минг киши иштирок этди.“Нестле-Ўзбекистон” қўшма корхонаси, “COSCOM” МЧЖ, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ўқув маркази, «Узбекистан GTL» МЧЖ ходимларига Биринчи Ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўргатувчи тренинглар ташкил этилди.Бизнинг ўқув-услубий Марказимизда билим ва кўникмаларга эга бўлган ташкилот ва муассасаларнинг ходимлари кейинчалик кутилмаган ҳаётий вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатишлари, ўзлари ва яқинларига ёрдам беришлари мумкин.

 

 

28 январ 2016

Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

2016 йил 28 январь куни Миллий Жамиятнинг Марказий офисида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

ЎҚЯО Жамияти ва ХҚХҚ Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик йилдан йилга мустаҳкамланмоқда. Бу борада ўтган йил айниқса воқеаларга бой бўлди, деб таъкидланди учрашувда, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташкил топганлигининг 90 йиллигига бағишланган барча тантана ва тадбирларда ХҚХҚ фаол иштирок этди.

Эслатамиз, Миллий Жамият салоҳиятини кучайтиришда,  Халқаро Ҳаракатининг асосий тамойилларини мустаҳкамлашда ХҚХҚ билан биргаликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳақидаги билимларни тарғиб этиш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва уларга ҳозирлик кўриш, биринчи ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Мамлакатимиз Президенти томонидан “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилинган 2016 йилда имзоланган шартнома доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Фавқулодда вазиятлар, таълим вазирликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, шартномада ФВ бўйича, маҳалла ва мактабларда аҳоли ва болаларни биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатиш, мактаблар учун сейсмик митигация жиҳозлари, яъни хона жихозлари сотиб олиш ва уларни ўрнатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Офатларга қарши курашиш бўйича тезкор Миллий жамоаси  учун анъанавий дала машқлари ташкил этилади. “Ёш қутқарувчи” мусобақалари, шунингдек, санитария дружиналари учун биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тренинглар ўтказилиши мўлжалланган. Лойиҳани амалга оширишда вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари учун илмий-амалий  семинарлар ташкил этилади.

Шартномада кўзда тутилган барча тадбирларда мамлакат ОАВ журналистларининг қатнашуви кўзда тутилган.Шунингдек,  ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этиш мўлжалланган, бундан мақсад – мамлакатимиздаги энг кекса инсонпарвар ташкилотининг фаолияти билан атрофлича таништириш.

 

 

2 января 2016 г.

          Ҳар бир кишига  меҳр ва эътибор

Ўзбекистон ҚЯОЖ “Темир йўл” минтақавий ташкилоти Президентимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган Янги йил арафасида навбатдаги ҳайрия тадбирини ўтказди. “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйларининг мингдан ортиқ тарбияланувчилари эсдалик совғалари олдилар ва қишки таътилларини қизиқарли ўтказдилар.

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Ўзбекистондаги барча ижобий ўзгаришларнинг устувор йўналиши жисмоний соғлом ва руҳий етук, интеллектаул жиҳатдан бой, нафақат ҳар томонлама билимли, ҳозирги даврга мос касб-ҳунарни эгаллаган, балки мустақил, ижодий фикрловчи авлодни тарбиялаш эзгу мақсадлар қаторидан ўрин олган.

“Соғлом она ва  бола йили” Давлат Дастурининг кенг қамровли йўналишлари манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган. Ушбу ҳужжат доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖ “Темир йўл” минтақавий ташкилоти “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деб номланган анъанавий ҳайрия акциясини ташкил қилди. Ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан бирга кўнгиллилар командаси пойтахтдаги бир қатор “Меҳрибонлик уйлари”га ташриф буюрдилар. Тарбияланувчиларга кийим-кечак, спорт кийимлари, пойафзал, гигиеник жиҳозлардан иборат жамланма комплектлари совға қилинди. Ушбу мақсад учун 115 млн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.   

Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ҳам эътибордан четда қолмади. 200 дан ортиқ болалар Тошкент давлат циркида бўлишди, пойтахтдаги музейларга ташриф буюришди, Ёшлар театридаги замонавий пьесани томоша қилишди. Энг асосийси, ҳар бир бола ўзининг доимий эътибор ва ғамхўрлик қуршовида эканлигини ҳис қилишини тушунишидадир, деб ҳисоблайди ташкилотчилар.

Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра доно, кучли, ақлли, ва албатта бахтли бўлишлари керак” деган сўзларида мамлакатимизнинг ёш авлодни тарбиялашга қаратилган сиёсатининг мазмун моҳияти қамраб олинган. Қабул килинган қонунларга кўра  ёш авлод учун бепул тиббий хизмат ва таълим, спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларга  қатнашиш, уй-жой учун имтиёзли равишда кредит олиш,   ижтимоий таъминотдан кенг фойдаланиш каби шароитлар яратилган.

 

 

<  1   2   3   4   5   6   7   8  >

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати