Сайт  харитаси

 

Анри Дюнан — Қизил Хоч таъсисчиси

 

У ярадорларга ёрдам кўрсатиш бўйича энг йирик жаҳон ташкилотини яратиб, Нобель мукофотининг биринчи лауреати бўлди, ва барча маблағларини хайрли мақсадларга бериб, ўзи гадойликда вафот этди. Унинг исми камчиликка маълум, аммо унинг иши натижасини ҳамма билади.

Жан Анри Дюнан 1828 йил 08 май куни Женева шаҳрида, шаҳарни бошқариш кенгаши аъзоси, улгуржи савдогар Жан Жак Дюнан оиласида туғилган. Ота-онаси чиндан Худога ишонган одамлар бўлиб, болаликдан ўғилларини нафақат ишбилармонликка, шу билан бирга инсонпарварликка, ҳамдардликка, яхшилик қилишга интилишга ўргатишар эди. Дюнан иқтисодиёт, дин, ижтимоий фаолият билан қизиқади. 18 ёшидан у кундузи иқтисодга ўрганади, кечқурунлари эса, қамбағал ва касалларни кўргани боради. 20 ёшидан бошлаб ҳар якшанба куни у шаҳар қамоғидаги маҳбуслар ёнларига бориб, улар билан суҳбатлашади, уларга кўмак беришга, одамларга ва Худога ишончларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Колледжни битиргач, у банкка шогирд бўлиб ишга киради.

26 ёшида Дюнан Жазоирга келади ва у ерда Женева банкининг ваколатхонасида ишлайди, бунда у ўзининг хайрли фаолиятини қолдирмайди, қулчиликка қарши курашда фаол иштирок этиб келади. 1859 йилда у ўз корхонасини очишга қарор қилади ва Мон-Жемил тегирмонлари акциядорлик жамиятини яратади, уни молиялаштириш учун у дўстлари ва қариндошларини таклиф этади. Етарли капитал тўпланди, яхши жой танланди, тегирмон энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди. Режаларни амалга ошириш учун, ер олиш қолди. Аммо бу ерда Дюнан бюрократларнинг енгиб бўлмайдиган тўсқинлигига дуч келади. Жазоир амалдорлари билан музокараларда муваффақиятга эриша олмай, у Парижга боради, турли идораларга ташриф буюради. Бефойда. Дюнан ҳафсаласи пир бўлмади ва у, ўзига хос қайсарлик ва мақсадга йўналганлик билан охирги инстанцияга –императорга мурожаат қилади. Наполеон III бу вақтда Франция армияси бошида Сольферинода бўлган, у ерда армия италиялик тарафдорлари билан биргаликда Австрия ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда. Дюнан Италияга жўнайди.

Одам ҳаётини тўлиқ ўзгартириб юборадиган воқеалар қандай вужудга келади? Воқеалар бир-бирига тўғри келиб қолишими? Тақдирми? Балки одам, у тайёр бўлган ва бошидан кечириши лозим бўлган вазиятларни ўзи яратиб, ўз тақдирини ўзи ўзгартирар?

Италияда Дюнан XIX асрнинг энг раҳмсиз ва қонли жанглардан бири – Сольфернино жанги (1859 йил 24 июнь) жанги гувоҳи бўлади. Жанг натижасида 40 минг аскар ўлди ва яраланди.

“25 июнь куни қуёш одам ҳаёлига келтириши мумкин бўлган энг даҳшатли манзарани ёритди, - деди Дюнан. – Бутун жанг майдони одамлар ва отлар мурдаларига тўлган; йўл, ариқ ва жарликлар мурдаларга тўлиб кетган, Сольферино атрофида эса, ер улар билан деярли тўлиқ қопланган... Бечора ярадорлар кун давомида туришмоқда, улар ўлик каби оқариб кетган, кучлари йўқ; айримларида, айниқса оғир яраланганларнинг қараши маъносиз, улар ҳеч нарсани тушунмагандай, аммо бу... уларга қийноқларни сезишга халақит бергани йўқ; айримлари қўзғалган ва асаб титроғида; бошқалари, яллиғланган очиқ ярали аскарлар, раҳмсиз қийноқлардан ақлдан озгандай кўринади; улар ўлдир деб илтимос қилишади ва ўзгариб кетган юз билан, ўлим олдидаги талвасада ётишибди... Турли парчалар, суяк бўлаклари, кийим парчалари, қўрғошин бўлаклари яраларни яллиғлаб, ярадорларнинг қийноқларини кучайтиришмоқда”.

Ҳалок бўлган аскарларнинг мурдаларини уч кун давомида кўмишади.

Энг яқин жойлашган Кастильон шаҳри ярадорларга тўлиб кетган. 9000 киши кўчада, черковларда, майдонларда ётибди. Четда қола олмай, Дюнан ярадорларга ёрдам беришга фаол қўшилади, кўнгилли ёрдамчиларни ташкиллаштиради. Унда ҳеч қандай тиббий билимлар йўқ, аммо у билганича яраларни боғлайди, овқат, сув, тамаки олиб келади. Уларга ҳеч ким ёрдам бермаганлиги учун тушкун аҳволдаги ярадорлар билан суҳбатлашади. Д.нан ҳаммага ёрдам беради – ўзлариникиларга ҳам, душман аскарларига ҳам, ва бу ёндашувга бошқа кўнгилли ёрдамчиларни ҳам кўндиради. Унинг шиори «Tutti Fratelli» («Барчамиз ака-ука»), кейинчалик ёрдам тизимининг шиорига айланди.

У шу ерда тасодиф туфайли бўлган. У, кўпчилик каби, тўхтамай ўтиб кетиши мумкин эди. Аммо бундай қила олмади. Балки айни шу ҳақиқий Инсонни ажратиб туради?

Армияларнинг тиббий хизмати ўша вақтда кўп сонли эмас эди ва шу сонли ярадорларга ёрдам беришга қодир эмас эди. Шаҳарда атиги олтита француз шифокор бор. “Жангдан сўнг биринчи ҳафта давомида, шифокорлар улар тўғрисида “бу ерда ҳеч иложиси йўқ” деган ярадорлар ҳеч қандай ёрдамсиз қолдирилган, улар қарамсиз кетма-кет ўлишган. Фельдшерлар сони чекланганлиги ва ярадорлар сони кўплиги сабабли, бу табиий ҳол эди. Бу раҳмсиз ва даҳшат ҳол, аммо бу муқаррар эди; қутқарилиши мумкин бўлган ярадорларга ёрдам кераклигида, иложсиз бўлганларга вақт сарфлаш мумкин эмас”. “Қанча ёш венгр, чех ва руминлар эндигина ҳарбий хизматга кириб, жангдан сўнг чарчоқдан ёки қон йўқотишда ҳалок бўлишди, ҳаттоки енгил яраланганлар очлик ва ёрдам йўқлигидан вафот этишди!”

Бу даҳшатли кунларда Дюнанда кўнгилли тиббий жамиятлар яратиш ғояси туғилади, улар уоуш пайтида ярадорларга ёрдам беришлари мумкин эди.

“Ломбардиянинг шу шаҳарларида юзта – икки юзта кўнгилли, аммо тажрибали ва ўз ишини биладиган фельдшерлар нақадар керак эди!... Ҳақиқатан ҳам, катта ва шошилинч ишда бир нечта шахс, яхши ниятлар билан қанчалик руҳланган бўлса ҳам, ҳеч нарса қила олмайди”. “...Медоль текислигида, Сан-Мартино жарларида ва Сольферино адирларида 24 июнь куни ярадорларни кўтариш учун лазарет хизматкорлари етарли бўлганда эди, бечоралар бир неча соат давомида ёрдамсиз, қолиб кетишдан қўрқув ва даҳшатда қолиб кетишмас эди, уларни кўриб, замбил олиб келиш умидида туришга интилиб, уларнинг аҳволини баттар ёмонлаштирувчи уринишларни қилишмас эди. Ниҳоят, кейинги кунда тирик одамга ўликлар билан кўмилиш хавфи йўқ бўлар эди!”

Бу кунлар Дюнан ҳаётини ўзгартириб юборишди. Император билан учрашмай, у Женевага қайтади ва “Сольферино жанги тўғрисида хотиралар” деб номланган китобни ёзади, унда урушнинг даҳшатга тўла тескари тарафини ҳаётий таърифлаб беради, ваҳоланки, у пайтларда бу ҳақида гапириш қоидаларга тўғри келмас эди. Китобида у ярадорларга ёрдам бериш учун кўнгилли жамиятларни ташкил этиш тўғрисидаги ғояларини билдиради.

Китоб ўз вақтига тўғри келди ва кўплаб одамларда катта таассурот қолдирди. Европанинг барча қисмларидан Дюнанга хатлар кела бошлади. Унинг ғоялари рўёбга чиқишни бошлади. 1863 йил февраль ойида Дюнан Женева шаҳрида бундай кўнгилли жамиятлари яратишни мақсад қўйган кичик қўмитани ташкиллаштиради. Дюнан – қўмита котиби. Турли мамлакатлар ҳукуматлари билан музокаралар олиб борилмоқда, миллий ёрдам гуруҳлари уринишларини бирлаштириш учун халқаро конференция тайёрланмоқда.

Дюнан турли мамлакатлар ҳукуматларига хатлар ёзади, уларда у ўз ғояларини билдиради, кўплари билан учрашади. Ниҳоят, унинг уринишлари ва чексиз ғайрати натижасида 29 октябрь 1863 йилда, Женева шаҳрида 16 мамлакатнинг 39 делегати учрашди. Женева конвенцияси деб маълум бўлган шартнома имзоланди. Унга ёрдам бераётганларнинг дахлсизлиги кафолати, ушбу одамлар учун ажратувчи белги – оқ фонда қизил хоч (ушбу ғояларни билдирган Швейцария вакилига миннатдорчилик сифати, бироз ўзгартирилган Швейцария байроғи) каби муҳим қоидалар кирди. 1863 йил 29 октябрь куни Қизил Хоч туғилган куни ҳисобланади. Икки ойдан кам вақт ўтгач Вюртенбергда биринчи ёрдам Жамияти очилади. Кейинги йил давомида яна 10 та Қизил Хоч жамиятлари очилди: улар Ольденбург герцоглиги, Бельгия, Пруссия, Дания, Франция, Италия, Макленбург, Испания ва Германияда очилишди.

8 август 1864 йилда ярадорларга ёрдам кўрсатиш Халқаро Қўмитаси конференциясида Қизил Хоч рамзи махсус мақомга эга бўлди, энди у ушбу рамзни тақиб олган одамлар, ҳаракат воситалари, биноларнинг ҳимоясини таъминлайди. Бу 1864 йил 22 сентябрь куни имзоланган “Қуруқликда уруш пайтида ярадор ва касал аскарларнинг тақдирини яхшилаш бўйича Женева конвенцияси” деб номланган ҳукуматлараро келишув билан конунлаштирилган.

Бир дақиқа ўйлаб кўринг. Икки йилда беш кишидан иборат қўмита яратилишидан 16 та мамлакат ҳукуматлари имзолаган халқаро келишувгача йўл босиб ўтилган (ваҳоланки, Женева конвенцияси ҳозиргача халқаро ҳуқуқнинг энг мустаҳкам келишувларидан бири ҳисобланади). Буларнинг ҳаммаси, асосан, битта одам уринишлари ва кураши эвазига қилинган!

Қўмита аъзолари билан вужудга келган келишмовчиликлар оқибатида, Дюнан 1867 йилгача унинг котиби ҳисобланса ҳам, у деярли якка ҳолда ҳаракат қилади. У, шунингдек, асирга олинган, ярадорлар ва кема ҳалокатига учраганларга ҳимоя тақдим этиш учун курашади. Шу пайтида Дюнан эътибори четида қолган Жазоирдаги корхонаси барбод бўлади. 1867 йилда Дюнан банкрот деб эълон қилинади ва Женева жамоатчилиги томонидан кескин қораланади. Шунга қарамасдан, шу йилнинг ўзида у Австрия, Голландия, Швеция, Пруссия ва Испания Қизил Хоч Қўмиталарининг фахрий аъзоси деб эълон қилинади. Аммо ҚХХҚ да аъзолик шартларидан бири маълум моддий таъминланганлик ҳисобланганлиги учун, нотўғри гаплар сабаби бўлмаслиги учун Дюнан Халқаро Қўмита котиби лавозимидан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза беришга мажбур. Ариза қондирилди.

Баъзи одамлар тўғрисида “осмондан тушган каби” дейишади. Бундай одамларни моддий фаровонлик, жамиятда ўрни қизиқтирмайди, улар битта ғоя деб яшашади ва шу ғояни амалга ошириш учун, унга бутун ҳаётини, бутун истеъдодини бағишлашади. Ишбилармон одамга нисбатан бу сўзлар ғалати туюлса керак, шундай эмасми? Аммо Анри Дюнан бу кўринишга тўла мос келади.

1870 йил. Европада янги уруш (Пруссия ва Франция ўртасида). Молиявий аҳволи ўта оғирлигига қарамасдан, Дюнан яна ярадорларга ёрдам беради. У ярадорларга ёрдам бериш бўйича Франция жамияти фронтга жўнатаётган тиббий лазаретларни жиҳозларда фаол иштирок этади. Дюнан Париж касалхоналаридаги ярадорлар олдига боради. Айни Дюнан таклифи бўйича, аскар медальонлари жорий этилади, улар ёрдамида ҳалок бўлган ва оғир яраланган аскарларни таниш мумкин.

Дюнаннинг кўп ғоялари замонасидан илгари бўлган. Масалан, оммани маърифатли қилиш заруратини тушуниб, у халқаро кутубхонаси лойиҳаси билан шуғулланади. Биринчи китоблар 1869 йилда чиқишни бошлади, аммо уруш ушбу лойиҳани амалга оширишга халал қилди.

1874 йилда Дюнан яна ўзи тўғрисида эслатади, у қул савдосига қарши кампания ташаббускори сифатида чиқади. 1875 йил 1 февраль куни Дюнан охирги маротаба жамоатчилик олдида нутқ билан чиққан. Унинг молиявий аҳволи нолга тенг эди.

Деярли ҳамма томонидан унутилган Дюнан ўн йил давомида чорасиз қашшоқликда яшайди. У Эльзас, Германия, Италия, Швейцария бўйича пиёда кезиб юради, аксарият ҳолда овқат сотиб олишга пули йўқ, камзул эскилигини сиёҳ ёрдамида яширади, кўйлагини бўр ёрдамида оқартиради. Қариндошлари юборишни бошлаган оз миқдордаги пул эвазига, у Хайден бошпанасига жойлашади ва у ерда умри охиригача яшайди.

Барча нарсадан, бойлиги, яхши яшаш шароитлари, жамият обрўсидан маҳрум бўлиб, у қийналганми? Буни айтиш қийин. Аммо бир фикрни айтишга журъат қиламан, бу муҳтожлик унинг учун даҳшатли бўлмаган деб ўйлайман. Чунки у маҳрум бўлган нарсалар унинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлмаган эди. Унинг учун муҳим бўлган нарсаларни эса, бу – шафқат, ҳамдардлик, бировнинг дардига ачинишга тайёрлиги, бошқалар деб яшаш қобилиятини ҳеч ким олиб қўйиши мумкин эмас эди.

1895 йилда Қизил Хоч дунёнинг 37 да давлатида мавжуд, ярадорлар билан муносабат тўғрисида Женева конвенцияси 42 та давлат томонидан имзоланган. Шу йилнинг ўзида, Дюнанни топган Вильгельм Зондреггер журналист ҳаракатлари билан, дунё яна бир бор Дюнанни эслайди. Дюнан билан интервью шов-шувга олиб келади, уни дунёнинг етакчи газеталари қайта чоп этишади. Дюнаннинг ночор аҳволи тўғрисида билиб, рус император аёли унга пенсия тайинлайди. Дюнан бу пулларни ҳам, унга берилган бошқа ёрдам тариқасида берилган пулларни ҳам сарфламай, ўз ҳаётига етарли кичик миқдорларни олиб қолиб, деярли ҳамма маблағларни Қизил Хочга ўтказади.

1901 йилда Анри Дюнан Нобель дунё мукофотининг, Фредерик Пасси билан биринчи лауреати бўлди. Олинган йирик миқдорни у Швейцария ва Норвегияда хайрли фаолиятга топширди.

Дюнан 1910 йил 30 октябрь куни вафот этди. Қабрида қўйилган тош, ярадор аскарёнида тиз чўкиб, унга сув бераётган одам кўринишига эга.

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати