Сайт  харитаси

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи

 

I Женева Конвенцияси. Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни  яхшилаш тўғрисида

II Женева Конвенцияси. Денгиз  қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини  яхшилаш тўғрисида

III Женева Конвенцияси  Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

IV Женева Конвенцияси Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

I Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

II Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган  қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

 

 

 

 

 

 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

II Протокол.

 

 

 

 

 

 

II Протокол 1977 йил 8 июнда Женевадаги дипломатик конференцияда қабул қилинган

 

 

 

 

  

П Р Е А М Б У Л А

 

Олий Аҳдлашувчи Томонлар,

1949 йил 12 августдаги Женева конвенциялари учун умумий бўлган 3-моддада баён этилган инсонпарварлик тамойиллари халқаро характерда бўлмаган қуролли можаролар юзага келган тақдирда инсон шахсини ҳурмат қилиш учун асос бўлиб хизмат қилишини эслатиб,

инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар инсон шахсининг асосий ҳимоясини таъминлашини ҳам эслатиб,

бундай қуролли можаролар қурбонларини энг мақбул ҳимоя билан таъминлаш зарурлигини таъкидлаб,

амалдаги ҳуқуқий нормаларда кўзда тутилмаган ҳолларда, инсон шахси инсонпарварлик тамойиллари ва ижтимоий онг талаблари доирасида ҳимоя этилишини эслатиб,

қуйидагилар тўғрисида келишдилар:

 

 

 

I  қ и с м

Мазкур Протоколни қўллаш соҳаси

 

1-м о д д а

Асосий қўллаш соҳаси

1.      1949 йил 12 августдаги Женева конвенциялари учун умумий бўлган 3-моддани ривожлантирувчи ва тўлдирувчи мазкур Протокол, унинг қўллашдаги шартларни ўзгартирмаган ҳолда, 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига халқаро қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишга доир Қўшимча протокол (I Протокол)нинг 1-моддаси таъсир доирасига тушмайдиган, бирор-бир Олий Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида унинг қуролли кучлари билан ҳукуматга қарши бўлган, масъул қўмондонлик остида бўлиб, муайян ҳудуднинг бир қисми устидан узлуксиз ва келишган ҳолда ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш ҳамда мазкур Протоколни қўллаш учун ўзларига имкон берадиган даражада назоратни амалга оширадиган, қуролли кучлар ёки бошқа уюшган ҳарбий гуруҳлар ўртасидаги барча қуролли можароларга нисбатан қўлланилади.

2.      Мазкур Протокол ички тартиб бузилиши ва ички танглик вазияти юзага келган ҳолатларга, масалан, турли тартибсизликлар, айрим ва тасодифий зўравонлик ҳаракатлари ва шу хусусиятдаги бошқа хил ҳаракатларга нисбатан қўлланилмайди, чунки бундай ҳолатлар қуролли можаролар ҳисобланмайди.

 

2-м о д д а

Алоҳида шахсларга нисбатан қўллаш соҳаси

1.      Мазкур Протокол ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини ёки эътиқоди, сиёсий ёки бошқа хил қарашлари, миллий ёхуд ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, таваллуди ёки бошқа хил статуси ёхуд шунга ўхшаш бошқа бирор бир мезонларга асосланган номувофиқ фарқ ажратишга йўл қўймасдан (бундан кейин «номувофиқ тафовутлар» деб аталади), 1-моддада баён этилган қуролли можаролар таъсирида бўлган барча шахсларга нисбатан қўлланилади.

2.      Қуролли можаро тугагач, шу можаро билан боғлиқ сабаблар туфайли озодликдан маҳрум этилган ёки эркинлиги чеклаб қўйилган шахслар, шунингдек, можаро тугаганидан сўнг худди шу сабаблар асосида озодликдан маҳрум этиладиган ёки эркинлиги чеклаб қўйиладиган шахсларнинг барчаси озодликдан маҳрум этилиш ёки эркинлиги чеклаб қўйилиш даврининг охиригача 5 ва 6-моддаларда кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланадилар.

 

3-м о д д а

Аралашмаслик

1.      Мазкур Протоколнинг ҳеч бир жиҳати давлатнинг суверенитетига дахл этувчи ёки ҳукуматнинг барча қонуний воситалар ёрдамида давлатдаги ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва тиклаш ёхуд миллий бирликни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятларига аралашув сифатида талқин этилмаслиги керак. 

2.      Мазкур Протоколнинг ҳеч бир жиҳати қуролли можарога ёки ушбу можаро бўлиб ўтаётган ҳудуд тегишли бўлган Олий Аҳдлашувчи Томоннинг ички ёхуд ташқи ишларига ҳар қандай сабаб билан бевосита ёки билвосита аралашувни оқлаш учун хизмат қиладиган мазмунда талқин этилмаслиги керак.

 

II қ и с м

Инсоний муомала

 

4-м о д д а

Асосий кафолатлар

1.      Ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаётган ёки иштирок этишни тўхтатган барча шахслар, уларнинг эркинлиги чекланган ёки чекланмаганлигидан қатъи назар, ўз шахси, ор-номуси, эътиқоди ва диний урф-одатларининг ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгадир. Ҳар қандай шароитда уларга нисбатан инсоний ва бирор-бир номувофиқ тафовутларсиз муносабатда бўлинади. Ҳеч кимни тирик қолдирмаслик тўғрисида буйруқ бериш тақиқланади.

2.      Юқорида кўрсатиб ўтилган умумий қоидаларга зиён етказмаган ҳолда 1-бандда қайд этилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳатти-ҳаракатларни содир этиш ҳамма вақт, ҳамма жойда тақиқланган ва тақиқланади:

a)      кишиларнинг ҳаётига, соғлигига, жисмоний ва руҳий аҳволига тажовуз қилиш, хусусан, ўлдириш, шунингдек, қийноққа солиш, майиб-мажруҳ қилиш ёки бошқа хил тан жазоси кўринишида шафқатсиз муомалада бўлиш;

b)      оммавий жазолаш;

c)      гаровга олиш;

d)     террорчилик ҳаракатларини қўллаш

e)      инсоний қадр-қимматини топташ, хусусан, хўрлаш ва ҳақоратлаш, зўрлаш, фоҳишабозликка мажбурлаш ёки бошқа хилдаги номуносиб тажовузлар кўрсатиш;

f)       қулликка солиш ва ҳар қандай кўринишдаги қул савдоси;

g)      талон-торож қилиш;

h)      юқорида кўрсатилган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлардан бирини амалга ошириш билан таҳдид қилиш.

3.      Болаларга зарур ғамхўрлик ва ёрдам кўрсатилади, хусусан:

a)      улар ўз ота-оналарининг, ота-оналари бўлмаган тақдирда, уларга васийлик қилиш бўйича масъул шахсларнинг хоҳиш-истакларига мувофиқ, таълим, шу жумладан, диний ва ахлоқий тарбия оладилар;

b)      вақтинча ажратиб қўйилган оилаларни бирлаштиришга ёрдам бериш учун барча зарурий чоралар кўрилади;

c)      ўн беш ёшга тўлмаган болалар қуролли кучлар ёки гуруҳлар сафига ёлланмайди ва уларга ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун рухсат этилмайди;

d)     агар ўн беш ёшга тўлмаган болалар «с» банддаги қоидаларга хилоф равишда ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашишса, ва асирга тушиб қолишса, мазкур моддадаги улар учун кўзда тутилган махсус ҳимоя уларга нисбатан қўлланишда давом этади;

e)      зарурият туғилган ва имконият мавжуд бўлган ҳолларда, ота-оналарининг ёки қонун ёхуд урф-одат бўйича уларга васийлик қилиш учун асосий масъулият зиммасида бўлган шахсларнинг розилиги билан, болаларни ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан мамлакат ичкарисидаги нисбатан хавфсиз ҳудудга вақтинча кўчириш чоралари кўрилади, бунда болаларнинг хавфсизлиги ва соғ-саломатлиги учун масъул шахсларнинг ҳамроҳлигида бўлиши таъминланади.

 

5-м о д д а

Эркинлиги чекланган шахслар

1.      Қуролли можаро билан боғлиқ сабаблар туфайли озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қўлланиладиган 4-модда қоидаларига қўшимча равишда, уларнинг интернирлангани ёки ушлаб қолинганлигидан қатъи назар, камида қуйидаги қоидаларга амал қилинади:

a)      ярадорлар ва беморлар 7-модда қоидаларига мувофиқ муомаладан фойдаланадилар;

b)      ушбу бандда кўрсатиб ўтилган шахслар, маҳаллий фуқаро аҳоли каби бир хил даражада озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминланади, уларга соғлигини сақлаш ва гигиенага амал қилиш учун тегишли шароит яратилади, шунингдек, оғир иқлим шароитидан ва қуролли можаро хавф-хатарларидан ҳимояланиш имконияти яратиб берилади;

c)      уларга индивидуал равишда ёки оммавий тартибда ёрдам олиш учун рухсат этилади;

d)     уларга ўз диний урф-одатларини амалга оширишлари, ва тегишли илтимослар тушганда ва жоиз деб топилганда, диний вазифани бажарувчи руҳонийлар ва бошқа шундай шахслардан маънавий кўмак олиш учун рухсат этилади;

e)      ишга жалб этилган тақдирда, улар маҳаллий фуқаро аҳоли қатори тегишли иш шароити ва меҳнат муҳофазаси билан таъминланадилар.

2.      1-бандда кўрсатиб ўтилган шахсларнинг интернирланиши ёки ушлаб қолиниши учун масъул шахслар, ўз имкониятлари доирасида, ушбу шахсларга тааллуқли қуйидаги қоидаларга амал қиладилар:

a)      ягона оилани ташкил этувчи эркак ва аёлни биргаликда жойлаштириш ҳолларини истисно этганда, аёллар эркаклар жойлашган хоналардан ажратилган хоналарга жойлаштирилади ва бевосита аёлларнинг назорати остида бўлади;

b)      уларга хатлар ва почта карточкалари жўнатиш ва олиш учун рухсат этилади, бу хат-хабарлар сони тўла ҳуқуққа эга бўлган маъмурлар томонидан, агар улар лозим топсалар, чекланиши мумкин;

c)      интернирланган ва ушлаб қолинган шахслар жойлаштирилган манзил жанговар ҳаракатлар бораётган ҳудуд яқинида бўлмаслиги керак. 1-бандда кўрсатиб ўтилган интернирланган ва ушлаб қолинган шахслар сақланаётган манзил қуролли можаронинг яққол хавф-хатари остида қолган тақдирда, уларни етарли даражада бехатар шароитда кўчириш имконияти мавжуд бўлса, улар бошқа жойга кўчирилиши зарур;

d)     улар тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқидан фойдаланадилар;

e)      улар соғлигининг жисмоний ва руҳий ҳолатига ҳамда дахлсизлигига қандайдир оқлаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат ёки янглишиш туфайли зиён етказиш мумкин эмас. Шу маънода, ушбу моддада кўрсатиб ўтилган шахсларнинг саломатлиги талаб қилмайдиган, тиббиёт нуқтаи назари бўйича худди шундай шароитда озодликдаги шахсга нисбатан қўллаш одатдаги тиббиёт талабларига жавоб бермайдиган ҳар қандай тиббий муолажаларнинг уларга нисбатан қўлланиши тақиқланади.

3.      1-банд қоидалари тааллуқли бўлмаган, аммо қуролли можаро билан боғлиқ сабабларга кўра, қандай тарзда бўлмасин, эркинлиги чекланган шахслар 4-модда ва мазкур модданинг 1 «а», «с» ва «d» бандлари ҳамда 2 «b» бандига мувофиқ инсоний муомаладан фойдаланадилар.

4.      Озодликдан маҳрум қилинган шахсларни озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бундай қарорни қабул қилувчилар ушбу шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча чораларни кўрадилар.

 

6-м о д д а

Жиноятни очиш ва айбдорни фош қилишга доир ҳаракатлар жараёни

1.      Ушбу модда қуролли можаро билан боғлиқ бўлган жиноий ҳуқуқбузарликлар учун судлов ва жазолаш жараёнига нисбатан қўлланилади.

2.      Мустақиллик ва холислик каби асосий кафолатларни таъминловчи суд ҳукми асосида бўлганидан ташқари, ҳеч қандай ҳолатда ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилган шахсга нисбатан ҳеч қанақа суд ҳукми чиқарилмайди ва ҳеч қанақа жазо чораси белгиланмайди. Хусусан:

a)      судлов жараёни айбланувчининг айб сифатида бўйнига қўйилаётган ҳуқуқбузарлик тафсилотларидан кечиктирмасдан хабардор этилишини ҳамда судгача бўлган даврда ва суд пайтида айбланувчи барча тегишли ҳуқуқлар ва ҳимоя воситалари билан таъминланишини кўзда тутиши керак;

b)      шахсий жиноий жавобгарлик асосида бўлганидан ташқари ҳеч қандай ҳолатда ҳеч бир шахс ҳуқуқбузарлик учун жазога ҳукм этилиши мумкин эмас;

c)      ҳеч бир шахс содир этилган пайтда кучда бўлган қонунчиликка кўра жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмаган қайсидир ҳаракат ёки хато билан боғлиқ қандайдир жиноий ҳуқуқбузарлик учун айбдор деб топилиши мумкин эмас; худди шу сингари, жиноий ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда қўлланиши мумкин бўлган жазога нисбатан оғир жазо тайинланиши ҳам мумкин эмас; агар ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин қонунда нисбатан енгил жазо чораси кўзда тутиладиган бўлса, у ҳолда ушбу қонуннинг таъсири мазкур ҳуқуқбузарга ҳам тааллуқли бўлади;

d)     ҳуқуқбузарликда айбланаётган ҳар қандай шахс, токи унинг айби қонун бўйича исбот этилмагунига қадар айбсиз ҳисобланади;

e)      ҳуқуқбузарликда айбланаётган ҳар қандай шахс суд жараёни унинг иштирокида ўтказилиши ҳуқуқига эга;

f)       ҳеч қандай шахс ўзига қарши гувоҳлик беришга ёки ўзини-ўзи айбдор деб тан олишга мажбур этилиши мумкин эмас.

3.      Ҳукм чиқарилиш пайтида маҳкум ўзининг судлов ёки бошқа тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи, шунингдек, ушбу ҳуқуқдан қанча муддат давомида фойдалана олиши мумкинлиги тўғрисида хабардор этилиши керак.

4.      Ўлим ҳукми ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан чиқарилмайди, ҳомиладор аёллар ва ёш болали оналарга нисбатан бундай ҳукм ижро этилмайди.

5.      Уруш ҳаракатлари тугаши биланоқ, ҳукумат органлари қуролли можароларда қатнашган шахсларга ҳамда интернирланганлиги ёхуд ушлаб қолинганлигидан қатъи назар, қуролли можаро туфайли озодликдан маҳрум қилинган шахсларга нисбатан иложи борича кенг амнистия беришга ҳаракат қиладилар.

 

III қ и с м

 

Ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар

 

7-м о д д а

Ҳимоя ва парваришлаш

1.      Барча ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар, қуролли можарода қатнашгани ёки қатнашмаганидан қатъи назар, ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланадилар.

2.      Ҳар қандай шароитда уларга нисбатан инсоний муомала қилинади ва иложи борича ва қисқа фурсатда саломатлиги талаб қиладиган тиббий ёрдам кўрсатилади ва тегишли парвариш қилинади. Улар ўртасида тиббий мулоҳазалардан ташқари ҳеч бир жиҳат бўйича ҳеч қанақа фарқ ажратилмайди.

 

8-м о д д а

Қидирув

Шароит имкон берган барча ҳолларда, айниқса жангдан кейин, ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни қидириб топиш ва йиғиб олиш ҳамда уларни талон-торождан, ножўя муомалалардан муҳофаза қилиш, тегишли парвариш билан таъминлаш, бундан ташқари, мурдаларни қидириб топиш ва уларни талон-торож этишларига йўл қўймаслик ҳамда муносиб равишда дафн этиш юзасидан барча зарурий чоралар кечиктирмасдан амалга оширилади.

 

9-м о д д а

Тиббий ва диний ходимлар ҳимояси

1.      Тиббий ва диний ходимлар ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади ва ўз вазифаларини бажаришлари учун уларга барча зарурий ёрдам кўрсатилади. Улар ўз инсонпарварлик фаолиятига мос келмайдиган ишларни бажаришга мажбур этилиши мумкин эмас.

2.      Ўз вазифасини бажараётган тиббий ходимлардан бирон-бир шахсга нисбатан тиббий хусусиятдаги мулоҳазалардан бошқа, алоҳида муносабатда бўлишни талаб қилиш мумкин эмас.

 

10-м о д д а

Тиббий вазифаларни бажараётган шахсларнинг умумий ҳимояси

1.      Ҳеч қандай шароитда ҳеч бир шахс тиббиёт одоб-ахлоқига мос равишда тиббий вазифаларни бажаргани учун, бу вазифалар қайси шахс манфаатлар учун бажарилишидан қатъи назар, жазога тортилиши мумкин эмас.

2.      Тиббий вазифаларни бажараётган шахс тиббиёт одоб-ахлоқи қоидаларига, ёки ярадорлар ва беморлар манфаатларига хизмат қиладиган бошқа тиббий нормаларга, ёхуд мазкур Протокол қоидаларига хилоф ҳаракатларни содир этишга ёки шундай ишларни бажаришга, шунингдек, ана шу норма ва қоидалар бўйича талаб қилинган ҳаракатларни бажармасликка мажбур этилиши мумкин эмас.

3.      Миллий қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда, тиббий вазифаларни бажараётган шахсларнинг ўз қарамоғида бўлган ярадорлар ва беморларга тааллуқли ахборотга эга бўлиши билан боғлиқ касб мажбуриятлари ҳурмат қилиниши зарур.

4.      Миллий қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда, тиббий вазифаларни бажараётган бирон-бир шахс ўз қарамоғидаги ёки илгари қарамоғида бўлган ярадорлар ва беморларга тааллуқли ахборотни беришдан бош тортгани ёхуд шу ахборотни бермагани учун жазога тортилиши мумкин эмас.

 

11-м о д д а

Тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситалари ҳимояси

1.      Тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситалари доимо ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади ва ҳужум объекти бўлиши мумкин эмас.

2.      Тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларидан инсонпарварлик фаолияти доирасидан четга чиқувчи душманлик ҳаракатларини содир этишда фойдаланилган тақдирда, улар эга бўлган ҳимоя ҳуқуқи барҳам топади. Айни чоғда, ҳимоядан фойдаланишни тўхтатишдан олдин, бу талаб этилганда, оқилона муддат белгилаб, огоҳлантириш берилиши лозим ва бундай огоҳлантириш эътиборга олинмаганидан кейингина ҳимоя тўхтатилиши мумкин.

 

12-м о д д а

Фарқловчи эмблема

Тўла ҳуқуққа эга бўлган тегишли маъмурлар назорати остида оқ рангли фондаги қизил хоч, қизил ярим ой ёки қизил шер ва қуёш эмблемаларини тиббий ёхуд диний ходимларнинг тақиб юриши ёки тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларининг кўринарли жойларида уларнинг тасвири туширилиши кўзда тутилади. Бу фарқловчи белги ҳар қандай шароитда ҳурмат қилинади. Эмблема бошқа мақсадларда фойдаланилмаслиги керак.

 

IV қ и с м

 

Фуқаро аҳоли

 

13-м о д д а

Фуқаро аҳоли ҳимояси

1.      Фуқаро аҳоли ва алоҳида фуқаро шахслар ҳарбий операциялар туфайли юзага келадиган хавф-хатарлардан умумий ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланадилар. Ушбу ҳимояни амалга ошириш мақсадида ҳар қандай шароитда қуйидаги нормаларга риоя қилинади.

2.      Фуқаро аҳоли, шунингдек, алоҳида фуқаро шахслар ҳужум объекти бўлмаслиги керак. Асосий мақсади фуқаро аҳолини террор қилишга қаратилган зўравонлик ҳаракатларини содир этиш ёки шундай зўравонлик билан таҳдид қилиш тақиқланади.

3.      Фуқаро шахслар ушбу қисмда кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланадилар; уларнинг ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашиш ҳоллари ва қатнашган даври бундан мустасно.

 

14-м о д д а

Фуқаро аҳолининг жон сақлаши учун зарур бўлган объектлар ҳимояси

Фуқаро аҳоли ўртасидаги очликдан уруш ҳаракатларини олиб бориш усули сифатида фойдаланиш тақиқланади. Шу сабабли бундай мақсадни амалга ошириш йўлида озиқ-овқат заҳиралари, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалик районлари, экинзорлар, чорва, ичимлик суви билан таъминловчи иншоотлар ва сув заҳиралари, шунингдек, ирригация иншоотлари каби фуқаро аҳоли жон сақлаши учун зарур бўлган объектларга ҳужум қилиш, уларни яксон этиш, кўчириб кетиш ёки яроқсиз аҳволга келтириш тақиқланади.  

 

15-м о д д а

Хатарли кучга эга бўлган қурилмалар ва иншоотлар ҳимояси

Хатарли кучга эга бўлган қурилмалар ва иншоотлар, хусусан, тўғонлар, дамбалар ва атом электростанциялари, агар буларга ҳужум қилиш хатарли кучларнинг бўшалиб кетишига ва оқибатда фуқаро аҳоли ўртасида оғир талафотлар юзага келишига сабаб бўлса, ушбу иншоотлар ҳарбий объектлар бўлганда ҳам, ҳужум объекти бўлмаслиги керак.

 

16-м о д д а

Маданий қадриятлар ва ибодат қилинадиган жойлар ҳимояси

Қуролли можаролар бўлган ҳолларда маданий қадриятларни ҳимоя қилиш тўғрисида 1954 йил 14 майдаги Гаага конвенцияси қоидаларига зиён етказмаган ҳолда, халқларнинг маданий ёки маънавий мероси саналадиган тарихий ёдгорликлар, санъат асарлари ёхуд ибодат қилинадиган жойларга қарши қаратилган бирор-бир душманлик ҳатти-ҳаракатини содир этиш ва улардан ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш тақиқланади.

 

17-м о д д а

Фуқаро шахсларни мажбурий кўчиришнинг тақиқланиши

1.      Қуролли можаро билан боғлиқ сабабларга кўра фуқаро аҳолини кўчириш тўғрисида фармойишлар, агар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаби ёки ҳарбий характерга эга жиддий сабаблар буни тақозо этмаётган бўлса, берилмаслиги лозим. Бундай кўчиришни амалга ошириш зарурати юзага келган ҳолларда, фуқаро аҳолини қабул қилиш учун тегишли бошпана, гигиена, соғлик, хавфсизлик ва озиқ-овқат таъминоти нуқтаи назаридан қониқарли шароит яратиш учун мумкин бўлган барча чоралар кўрилади.

2.      Фуқаро шахслар можаро билан боғлиқ сабаблар туфайли ўзлари яшаб турган ҳудудни тарк этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

 

18-м о д д а

Ёрдам жамиятлари ва ёрдам кўрсатишга доир операциялар

1.      Олий Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашган ёрдам жамиятлари, масалан, Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) каби ташкилотлар қуролли можаро қурбонларига нисбатан анъанавий вазифасини бажариш мақсадида ўз хизматларини таклиф этишлари мумкин. Фуқаро аҳоли, ҳатто ўзининг шахсий ташаббуси билан, ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни йиғиб олиш ва уларни парвариш қилиш ҳақида таклиф бериши мумкин.

2.      Фуқаро аҳоли жон сақлаши учун ўта зарур бўлган заҳиралар, масалан, озиқ-овқат ва тиббиёт материалларининг етишмаслиги туфайли жуда қийин аҳволга тушиб қолган тақдирда, манфаатдор Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг розилиги билан, фуқаро аҳолига, фақат инсонпарварлик ва холислик характерига эга бўлган ва бирон-бир номувофиқ тарзда фарқ ажратмасдан амалга ошириладиган ёрдам кўрсатиш операциялари ўтказилади.

 

V қ и с м

Якуний қоидалар

 

19-м о д д а

Оммалаштириш

Мазкур Протокол имкон қадар кенг миқёсда тарқатилиши керак.

 

20-м о д д а

Имзолаш

Мазкур Протокол Конвенция иштирокчилари имзолашлари учун Якуний ҳужжат имзоланганидан сўнг олти ой ўтгач очиқ бўлади ва ўн икки ой давомида очиқлигича қолади.

 

21-м о д д а

Ратификация

Мазкур Протокол иложи борича тезроқ ратификация қилиниши зарур. Ратификация ёрлиқлари сақлаш учун Швейцария Федерал Кенгашига, Конвенциялар депозитарийсига топширилади.  

22-м о д д а

Қўшилиш

Мазкур Протокол уни имзоламаган ҳар қандай Конвенциялар иштирокчиси қўшилиши учун очиқдир. Қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатлар сақлаш учун Конвенциялар депозитарийсига топширилади.

23-м о д д а

Кучга кириши

1.      Мазкур Протокол иккита ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат сақлаш учун топширилганидан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

2.      Мазкур Протокол кейинчалик уни ратификация қилган ёки унга қўшилган Конвенцияларнинг ҳар бир иштирокчиси учун ана шу иштирокчилар томонидан ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат сақлаш учун топширилганидан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

 

24-м о д д а

Тузатишлар

1.      Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Протоколга ўз тузатишларини таклиф қилиши мумкин. Таклиф қилинган ҳар қандай тузатиш матни депозитарийга жўнатилади ва у барча Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан маслаҳатлашиб, таклиф қилинган тузатиш ёки тузатишларни кўриб чиқиш учун конференция чақириш-чақирмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

2.      Депозитарий ушбу конференцияга барча Олий Аҳдлашувчи Томонларни, шунингдек, Конвенциялар иштирокчиларини, улар мазкур Протоколни имзолаганми-йўқлигидан қатъи назар, таклиф этади.

 

25-м о д д а

Денонсация

1.      Агар Олий Аҳдлашувчи Томон мазкур Протоколни денонсация қилса, денонсация ҳақидаги ҳужжат келиб тушганидан сўнг олти ой муддат ўтгач денонсация кучга киради. Аммо олти ойлик муддат тугаган пайтда денонсация ҳақида баёнот берган томон 1-моддада қайд этилган вазиятга тушиб қолган бўлса, у ҳолда денонсация қуролли можаро тугамагунга қадар кучга кирмайди. Шунга қарамай, ушбу можаро туфайли озодликдан маҳрум этилган ёки эркинлиги чеклаб қўйилган фуқаролар тўла озодликка чиққунига қадар мазкур Протокол қоидалари ҳомийлигидан фойдаланишда давом этаверади.

2.      Денонсация тўғрисидаги билдириш ёзма тарзда депозитарийга жўнатилади ва депозитарий уни барча Олий Аҳдлашувчи Томонларга тарқатади.

 

26-м о д д а

Билдириш

Депозитарий барча Олий Аҳдлашувчи Томонларга, шунингдек, Конвенциялар  иштирокчиларига, улар мазкур Протоколни имзолаганми-йўқлигидан қатъи назар, қуйидагиларни билдиради:

a)      мазкур Протоколга қўйилган имзолар, шунингдек, 21 ва 22-моддаларга мувофиқ ратификация ёрлиқлари ва қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг сақлашга топширилиши ҳақида;

b)      23-моддага мувофиқ мазкур Протокол кучга кирадиган сана ҳақида; ва

c)      24-моддага мувофиқ олинган хабарлар ва баёнотлар ҳақида.

 

27-м о д д а

Рўйхатга олиш

1.      Мазкур Протокол кучга кирганидан сўнг депозитарий уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 102-моддасига мувофиқ рўйхатга олиш ва эълон қилиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибиятига юборади.

2.      Депозитарий, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибиятини мазкур Протокол бўйича олинган барча ратификация ёрлиқлари ва қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳақида хабардор этиб боради.

 

28-м о д д а

Матнларнинг асл нусхага мослиги (аутентлиги)

Мазкур Протоколнинг инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилидаги ўзаро тенг даражадаги асл нусхага мувофиқ бўлган матнлари сақлаш учун депозитарийга топширилади ва депозитарий унинг тасдиқланган нусхаларини Конвенцияларнинг барча иштирокчиларига юборади.

                

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати