Сайт  харитаси

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи

 

I Женева Конвенцияси. Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни  яхшилаш тўғрисида

II Женева Конвенцияси. Денгиз  қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини  яхшилаш тўғрисида

III Женева Конвенцияси  Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

IV Женева Конвенцияси Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

I Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

II Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган  қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

 

 

 

 

 

 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

I Протокол.

 

 

 

 

 

 

I Протокол 1977 йил 8 июнда Женевадаги дипломатик конференцияда қабул қилинган

 

 

 

 

  

ПРЕАМБУЛА

 

Олий Аҳдлашувчи Томонлар,

халқларнинг тинчликда яшашини кўришдек самимий хоҳиш-истаклари ҳақида баён қилиб,

ҳар бир давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ ўзининг халқаро муносабатларида бошқа ҳар қандай давлатнинг суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан ёхуд куч ишлатишдан, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мақсадларига номувофиқ бўлган ҳаракатлардан ўзини тутишга мажбур эканлигини эслатиб,

шу билан бирга, қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишни кўзда тутувчи қоидаларни тасдиқлаш ва кенгайтириш, уларнинг янада самарали қўлланилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштириш зарур деб ҳисоблаб,

мазкур Протоколдаги ёки 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларидаги ҳеч бир қоида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига номувофиқ бўлган ҳар қандай босқинчилик ҳаракатини ёхуд ҳар қандай куч ишлатишни қонунлаштирувчи ёки бундай ҳатти-ҳаракатларга рухсат берувчи қоида сифатида талқин қилиниши мумкин эмаслигига ўз ишончларини билдириб,

шунингдек, 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларидаги ва мазкур Протоколдаги қоидалар барча ҳолатларда қуролли можаронинг хусусияти ёки келиб чиқишига, низолашаётган томонлар илгари сураётган ёки нисбат бераётган сабабларга асосланувчи номувофиқ тарздаги бирор-бир фарқ ажратмасдан, ушбу ҳужжатлар ҳомийлигига олинган ҳамма шахсларга нисбатан тўлалигича қўлланилиши зарурлигини тасдиқлаб,

қуйидагилар тўғрисида келишдилар:

 

 

I қисм

 Умумий қоидалар

 

1-модда

Умумий тамойиллар ва қўлланиш соҳаси

 

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Протоколга амал қилиш ва ҳар қандай шароитда унга амал қилинишини таъминлаш мажбуриятини оладилар.

2.            Мазкур Протоколда ёки бошқа халқаро битимларда кўзда тутилмаган ҳолларда, фуқаро шахслар ва комбатантлар мавжуд удумлардан, инсонийлик тамойилларидан ва ижтимоий онг талабларидан келиб чиқувчи халқаро ҳуқуқ тамойилларининг ҳимояси ва таъсири остида бўлади.

3.            Уруш қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларини тўлдирувчи мазкур Протокол ушбу Конвенциялар учун умумий бўлган 2-моддада қайд этилган вазиятларда қўлланилади.

4.            Олдинги бандда қайд этилган вазиятлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида ва мазкур Низомга мувофиқ давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка тааллуқли халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларацияда мустаҳкамлаб қўйилган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш йўлида мустамлакачилик ҳукмронлиги ва чет эл истилосига ҳамда ирқчилик режимларига қарши кураш олиб бораётган қуролли можароларини ўз ичига олади.

 

2-модда

Таърифлар

Мазкур Протокол мақсадлари учун:

a)            «Биринчи конвенция», «Иккинчи конвенция», «Учинчи конвенция» ва «Тўртинчи конвенция» иборалари тегишли равишда Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева конвенциясини; Денгиздаги қуролли кучлар таркибига мансуб ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева конвенциясини; Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева конвенциясини; Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева конвенциясини; «Конвенциялар» уруш қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги тўртта Женева конвенцияларини билдиради;

b)           «қуролли можаролар даврида қўлланадиган халқаро ҳуқуқ нормалари» ибораси низолашаётган томонлар иштирокчи бўлган халқаро битимларда келтирилган қуролли можаролар даврида қўлланадиган нормаларни, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг қуролли можароларга нисбатан қўлланадиган, ҳамма эътироф қилган тамойиллари ва меъёрларини билдиради;

c)            «Ҳомий-Давлат» ибораси бетараф Давлатни ёки низолашаётган томон бўлмаган, низолашаётган томон тайинлаган, қарши томон эса тан олган ҳамда Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ Ҳомий-Давлат зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишга розилик билдирган бошқа давлатни билдиради;

d)           «субститут» ибораси 5-моддага мувофиқ Ҳомий-Давлатнинг ўрнини босадиган ташкилотни билдиради.

               

                3-модда

                Қўлланишнинг бошланиши ва тўхтатилиши

                Ҳар қандай пайтда қўлланадиган қоидаларга зиён етказмаган ҳолда:

                а) Конвенциялар ва мазкур Протокол шу Протоколнинг 1-моддасида тилга олинган ҳар қандай вазиятнинг бошланишиданоқ қўлланади;

                b) Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг қўлланиши низолашаётган томонлар ҳудудида уруш ҳаракатларининг умуман тугаши билан тўхтатилади, босиб олинган ҳудудларда эса истило тугаши билан тўхтайди. Ҳар икки ҳолда ҳам тўлиқ озод қилиниши, ватанига қайтарилиши ёки жойлаштирилиши кечроқ амалга ошадиган шахслар бундан мустаснодир. Бу шахслар тўлиқ озод қилиниши, ватанига қайтарилиши ёки жойлаштирилиши якунланадиган дақиқагача Конвенцияларнинг ва мазкур Протоколнинг тегишли қоидалари ҳомийлигидан фойдаланишда давом этадилар.

               

                4-модда

                Низолашаётган томонларнинг ҳуқуқий статуси

                Конвенцияларнинг ва мазкур Протоколнинг қўлланиши, шунингдек, ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган битимларнинг тузилиши низолашаётган томонларнинг ҳуқуқий статусига дахл қилмайди. Бирор бир ҳудуднинг босиб олиниши ҳам, Конвенцияларнинг ва мазкур Протоколнинг қўлланиши ҳам ушбу ҳудуднинг ҳуқуқий статусига дахл қилмайди.

               

                5-модда

                Ҳомий-Давлатлар ва уларнинг субститутларини тайинлаш

1.            Низолашаётган томонларнинг вазифаси бундай можароларнинг бошланишиданоқ Ҳомий-Давлатлар тизимини қўллаш, шу жумладан уларни тайинлаш ва қуйида келадиган бандларга мувофиқ тан олиш йўли билан Конвенцияларнинг ва мазкур Протоколнинг қўлланиши ва уларга амал қилинишини таъминлашдан иборатдир. Ҳомий-Давлатлар зиммасига низолашаётган томонларнинг манфаатларини муҳофаза қилиш вазифаси юкланади.

2.            1-моддада тилга олинган вазият юзага келиши билан низолашаётган томонларнинг ҳар бири Конвенцияларни ва мазкур Протоколни қўллаш мақсадида кечиктирмасдан Ҳомий-Давлатни тайинлайди, шунингдек, худди шу мақсадда ва кечитирмасдан қарши томон тайинлаган ва ўзи тан олган Ҳомий-Давлатнинг фаолият бошлашига рухсат этади.

3.            Агар 1-моддада тилга олинган вазият юзага келиши билан Ҳомий-Давлат тайинланмаган ёки тан олинмаган бўлса, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси бошқа ҳар қандай беғараз инсонпарварлик ташкилотларининг худди шундай йўл тутиш борасидаги ҳуқуқларини чекламаган ҳолда, низолашаётган томонларга уларнинг розилиги билан кечиктирмасдан Ҳомий-Давлатни тайинлаш мақсадида ўз хайрли хизматини таклиф қилади. Шу мақсадда у, хусусан, ҳар бир томонга душман томон билан муносабатида ўз номидан Ҳомий-Давлат сифатида фаолият кўрсатиши мумкин бўлган камида бешта давлат рўйхатини тақдим этишини сўраб мурожаат қилиши ҳамда қарши томонларнинг ҳар бирига улар бошқа томоннинг Ҳомий-Давлати сифатида маъқул ҳисоблаган камида бешта давлатнинг рўйхатини тақдим этишни сўраб мурожаат қилиши мумкин; бу рўйхатлар шундай илтимос тушганидан сўнг икки ҳафта ичида мазкур Қўмитага юборилиши керак; у ана шу рўйхатларни солиштириб чиқиб, ҳар икки томон рўйхатида ҳам номи қайд этилган ҳар қандай давлатнинг розилигини сўрайди.

4.            Агар юқорида баён этилганига қарамай, Ҳомий-Давлат тайинланмаган ёки фаолият кўрсатмаётган бўлса, низолашаётган томонлар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёхуд холислик ва самарадорлик кафолатини берувчи бошқа ҳар қандай ташкилотнинг юқорида қайд этилган томонлар билан тегишли маслаҳатлашувидан сўнг ва ушбу маслаҳатлашувларнинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда субститут сифатида фаолият кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги таклифини дарҳол қабул қилади. Бундай субститутнинг фаолияти низолашаётган томонларнинг розилигига боғлиқ бўлади; низолашаётган томонлар субститут вазифаларининг Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ бажарилишида унинг фаолиятига кўмаклашиш учун бутун кучларини сарфлайдилар.

5.            4-моддага мувофиқ Конвенциялар ва мазкур Протоколни қўллаш мақсадида Ҳомий-Давлатнинг тайинланиши ва тан олиниши низолашаётган томонларнинг ёки бошқа ҳар қандай ҳудудлар, жумладан, босиб олинган ҳудудларнинг ҳуқуқий статусига дахл қилмайди.

6.            Низолашаётган томонлар ўртасида дипломатик муносабатларни сақлаб туриш ёки дипломатик муносабатларга оид халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ равишда томонлардан бирининг манфаатларини ва унинг фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилишни учинчи давлатга  топширилиши Конвенциялар ва мазкур Протоколни қўллаш мақсадида Ҳомий-Давлатнинг тайинланишига тўсиқ бўлмайди.

7.            Мазкур Протоколда Ҳомий-Давлат атамаси тилга олинган ҳар бир ҳолатда, бу атама субститутга ҳам тааллуқли бўлади.

               

                6-модда

                Махсус тайёрланган ходимлар

1. Тинчлик давридаёқ Олий Аҳдлашувчи Томонлар Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятлари ёрдамида Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг қўлланишига, хусусан, Ҳомий-Давлатлар фаолиятига кўмаклашиш мақсадида махсус ходимлар тайёрлашга бутун кучларини сарфлайдилар.

2. Бундай ходимларни қабул қилиш ва тайёрлаш масаласи давлатлар ваколатига киради.

3. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Олий Аҳдлашувчи Томонларга тақдим қилиши учун ва бу Олий Аҳдлашувчи томонлар тузиши ва шу мақсадда унга юбориши мумкин бўлган тегишли шахслар рўйхатини сақлаб туради.

4. Бу шахслардан миллий ҳудудлар ташқарисида фойдаланиш шартлари ҳар бир ҳолда манфаатдор томонлар ўртасида тузиладиган махсус битимларнинг мавзуси бўлади. 

                                                           

                7-модда

                Кенгашлар

                Мазкур Протокол депозитарийси битта ёки бир нечта Олий Аҳдлашувчи Томонлар илтимосига ва кўпчилик Олий Аҳдлашувчи Томонлар розилигига асосан Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг қўлланишига тааллуқли умумий масалаларни муҳокама этиш учун кўрсатиб ўтилган барча Томонлар иштирокида кенгаш чақиради.

               

                II қисм

               

                Ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар

               

                I бўлим

               

                УМУМИЙ ҲИМОЯ

               

                8-модда

                Атамалар

                Мазкур Протоколнинг мақсадлари учун:

                а) «ярадорлар» ва «беморлар» деганда жароҳатлангани, беморлиги ёхуд бошқа хил жисмоний ёки руҳий касаллиги ёки ногиронлиги туфайли тиббий ёрдамга ёхуд парваришга муҳтож бўлган, ҳар қандай душманлик ҳаракатларига қўшилмаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, фуқаро шахслар тушунилади. Бу атамалар чақалоқли оналар, чақалоқлар ва айни чоғда тиббий ёрдамга ёки парваришга муҳтож бўлган ва ҳар қандай душманлик ҳаракатларига қўшилмаётган бошқа шахслар, масалан, ҳомиладор аёллар ва касалмандларга ҳам тааллуқлидир;

                б) «кема ҳалокатига учраган шахслар» деганда уларнинг ўзлари ёки улар тушган кема ёки учиш аппарати ҳалокатга учраши оқибатида денгизда ёки бошқа сувларда хавф остида қолган, ҳар қандай душманлик ҳаракатларига қўшилмаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, фуқаро шахслар тушунилади. Бу шахслар уларни қутқариш мобайнида Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ ҳар қандай душманлик ҳаракатларига қўшилмасликда давом этиш шарти билан бошқа статусга эга бўлгунларига қадар кема ҳалокатига учраганлар, деб ҳисобланаверади;

                с) «тиббий ходимлар» деганда низолашаётган томонлар фақат «е»-бандда кўрсатилган тиббий мақсадларни бажариш, тиббиёт тузилмаларини маъмурий-хўжалик жиҳатдан таъминлаш ёки санитария-транспорт воситаларида ишлаш, ёхуд бу воситаларни маъмурий-техник жиҳатдан таъминлаш учунгина тайинлаган шахслар тушунилади. Бундай тайинлашлар доимий ёки вақтинча аҳамият касб этиши мумкин. «Тиббий ходимлар» атамаси қуйидагиларни қамраб олади:

i)             низолашаётган томоннинг ҳам ҳарбий ва ҳам фуқаро тиббий ходимлари, шу жумладан, Биринчи ва Иккинчи конвенцияларда қайд этилган ходимлар ва фуқаро мудофааси ташкилотлари ихтиёрига берилган ходимлар;

ii)            Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятлари ва низолашаётган томонлар тегишли тартибда тан олган ва ваколат берган бошқа миллий кўнгилли ёрдам жамиятларининг тиббий ходимлари;

iii)           9-модданинг 2-бандида қайд этилган тиббиёт тузилмалари ёки санитария-транспорт воситаларининг тиббий ходимлари;

                d) «диний ходимлар» деганда фақат ўзларининг диний вазифаларини бажариш билан машғул бўлган ва қуйидагилар ихтиёрига, яъни:

i)             низолашаётган томоннинг қуролли кучларига;

ii)            низолашаётган томоннинг тиббиёт тузилмаларига ёки санитария-транспорт воситаларига;

iii)           9-модданинг 2-бандида қайд этилган тиббиёт тузилмалари ёки санитария-транспорт воситаларига; 

iv)           низолашаётган томоннинг фуқаро мудофааси ташкилотларига берилган ҳам ҳарбий, ҳам фуқаро шахслар, масалан, руҳонийлар тушунилади.

                Диний ходимлар доимий ёки вақтинча муддатга берилиши мумкин ва уларга нисбатан «к» бандининг тегишли қоидалари амал қилади;

e)           «тиббиёт тузилмалари» деганда тиббий мақсадларда, хусусан, ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни қидириш, йиғиб олиш, ташиш, ташхис қўйиш ёки даволаш, шу жумладан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, касалликларнинг олдини олиш билан шуғулланиш учун тузилган ҳам ҳарбий, ҳам фуқаро муассасалари ва бошқа тузилмалар тушунилади. Ушбу атама, масалан, госпиталларга ва шу каби бошқа тиббиёт марказлари ва институтларга, шунингдек, бундай тузилмаларнинг тиббий мулк омборларига ва тиббий-фармацевтика омборларига ҳам тегишлидир. Тиббиёт тузилмалари стационар ёки кўчма, доимий ёхуд вақтинчалик бўлиши мумкин;

f)            «санитарияга тааллуқли ташиш» деганда Конвенциялар ва мазкур Протокол ҳимоясида бўлган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни, шунингдек, тиббий ва диний ходимларни, тиббиёт асбоб-ускуналари ва заҳираларини қуруқликда, сувда ва ҳавода ташиш тушунилади;

g)            «санитария-транспорт воситалари» деганда фақат санитарияга тааллуқли ташишгагина мўлжалланган ва низолашаётган томоннинг ваколатли маъмурий органи назорати остида бўлган ҳам ҳарбий, ҳам ноҳарбий, доимий ёхуд вақтинчалик ҳар қандай ташиш воситалари тушунилади;

h)           «ер устидаги санитария-транспорт воситалари» деганда қуруқликда санитарияга тааллуқли ташишнинг ҳар қандай воситалари тушунилади;

i)             «санитария кемалари ва сузиш воситалари» деганда сувда санитарияга тааллуқли ташишнинг ҳар қандай воситалари тушунилади;

j)             «санитария учиш аппаратлари» деганда ҳавода санитарияга тааллуқли ташишнинг ҳар қандай воситалари тушунилади;

k)            «доимий» деганда тиббиёт тузилмалари, тиббий ходимлар ва санитария-транспорт воситаларининг ноаниқ муддатга фақат тиббиёт мақсадлари учунгина мўлжалланиши тушунилади. «Вақтинча» деганда тиббиёт тузилмалари, тиббий ходимлар ва санитария-транспорт воситаларининг чекланган муддатларга ва шу муддатлар давомида фақат тиббиёт мақсадлари учунгина жалб этилиши тушунилади. Бошқа махсус таърифлар мавжуд бўлмаган ҳолларда «тиббиёт тузилмалари», «тиббий ходимлар» ва «санитария-транспорт воситалари» атамалари ҳам доимий, ҳам вақтинчалик тоифаларга тааллуқли бўлади;

l)             «фарқловчи эмблема» деганда тиббиёт тузилмаларини ва санитария-транспорт воситаларини, тиббий ва диний ходимларни ва тиббиёт асбоб-ускуналари ёки заҳираларини ҳимоялашда қўлланилаётган оқ сатҳдаги қизил хоч, қизил ярим ой ёки қизил шер ва қуёш фарқловчи эмблемалари тушунилади;

m)          «фарқловчи сигнал» деганда мазкур Протоколнинг I Иловасидаги III бобга мувофиқ фақат тиббиёт тузилмалари ёки санитария-транспорт воситаларини таниб олиш учун белгиланган ҳар қандай сигнал ёхуд хабар тушунилади.

               

                9-модда

                Қўлланиш соҳаси

1.            Ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини яхшилашга қаратилган мазкур Қисм қоидалари 1-моддада қайд этилган вазиятларга дахлдор бўлган барча шахсларга, уларнинг ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини ёки эътиқоди, сиёсий ёхуд бошқа хил маслаги, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёки бошқа статуси ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳар қандай мезонларга кўра номувофиқ тарзда фарқ ажратмасдан, бирдек қўлланилади.

2.            Биринчи конвенция 27- ва 32-моддаларининг тегишли қоидалари низолашаётган томонларга:

a)            бетараф давлат ёки низолашаётган томон бўлмаган бошқа давлат томонидан;

b)           бундай давлатнинг тан олинган ва ваколатга эга бўлган ёрдам жамияти томонидан;

c)            беғараз халқаро инсонпарварлик ташкилоти томонидан инсонпарварлик мақсадларида етказиб берилган доимий тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситалари (Иккинчи конвенциянинг 25-моддаси қоидалари қўлланиладиган госпитал кемалардан ташқари) ва уларнинг ходимларига нисбатан қўлланилади.

 

10-модда

Ҳимоя ва парвариш

1.            Қайси томонга мансублигидан қатъи назар барча ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланадилар.

2.            Ҳар қандай вазиятда улар билан инсоний муомала қилинади, уларга иложи борича қисқа муддатларда ва кенгроқ миқёсда аҳволи тақозо этган тегишли тиббий ёрдам кўрсатилади ва парвариш қилинади. Тиббий нуқтаи назардан ташқари ҳеч қандай мулоҳаза асосида уларни бир-биридан фарқлашга йўл қўйилмайди. 

 

11-модда

Алоҳида шахслар ҳимояси

1.            Душман томон ҳукми остида бўлган ёки интернирланган, қўлга олинган, ёхуд 1-моддада қайд этилган вазиятлар натижасида бошқа хил йўллар билан озодликдан маҳрум этилган шахслар соғлиғининг жисмоний ва руҳий ҳолатига, дахлсизлигига бирон-бир оқлаб бўлмайдиган ҳаракат ёки камчилик туфайли зиён етказилмаслиги керак. Шунингдек, мазкур моддада қайд этилган шахсларни уларнинг саломатлиги талаб қилмаётган ва тегишли процедурани амалга оширувчи томоннинг ҳеч қандай тарзда озодликдан маҳрум этилмаган ўз фуқароларига нисбатан тиббий нуқтаи назардан ўхшаш вазиятларда қўлланиши расм бўлиб қолган тиббиёт қоидаларига мос келмайдиган ҳолларда бирон-бир тиббий процедурага дучор этиш тақиқланади.

2.            Хусусан, бундай шахсларни ҳатто ўз розилиги бўлган тақдирда ҳам қуйидагиларга дучор этиш тақиқланади:

a)            жисмоний шикаст етказиш;

b)           тиббий ёки илмий тажрибаларда фойдаланиш;

c)            бошқаларга кўчириб ўтказиш учун тана тўқималари ёки тана аъзоларини кесиб олиш;

                1-бандда қайд этилган талабларга мувофиқ бундай ҳаракатлар ўзини оқлайдиган айрим ҳолатлар бундан мустасно.

3.            Фақат кўнгилли равишда, ҳеч қандай ундаш ва мажбурлашларсиз, қуйиш учун қон ёки кўчириш учун тана тўқимасини топшириш ҳолларигина 2 «с»-банддаги тақиқлардан истисно сифатида қаралиши мумкин; бундай топширишлар фақат терапевтик мақсадларда, расм бўлиб қолган тиббиёт нормаларига мувофиқ тарзда ва қон ёки тана тўқимасини топширувчига ҳам, олувчига ҳам ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган муайян назорат остида амалга оширилиши шарт.

4.            Душман томоннинг ҳукми остида бўлган ва унга мансуб бўлмаган бирон-бир шахснинг жисмоний ёки руҳий ҳолатига ёхуд дахлсизлигига жиддий хавф солувчи ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракат ёки атайин йўл қўйилган камчилик, шунингдек, 1 ва 2-бандлардаги тақиқлардан биронтасининг бузилиши ёки 3-банд талабларининг бажарилмаслиги мазкур Протоколни жиддий бузиш ҳисобланади.

5.            1-бандда кўрсатиб ўтилган шахслар ҳар қандай жарроҳликни рад этиш ҳуқуқига эга. Рад жавоби олинган ҳолларда тиббий ходимлар бу ҳақда мижоз томонидан имзоланган ёки тасдиқланган тегишли ёзма ариза олишга ҳаракат қилиши керак.

6.            Низолашаётган томоннинг бевосита масъулияти остида 1-бандда қайд этилган қуйиш учун қон ёки кўчириш учун тана тўқимасини топшириш амалга оширилаётган бўлса, ҳар бир тегишли томон бу топширишларнинг барчаси ҳақида тиббий ёзувларни қайд этиб бориши керак. Бундан ташқари, низолашаётган томонларнинг ҳар бири интернирланган, қўлга олинган ёхуд 1-моддада кўрсатиб ўтилган вазиятлар натижасида бошқа хил йўллар билан озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қўлланилган барча тиббий процедураларни ёзиб боришга ҳаракат қилиши зарур. Бундай ёзувлар ҳар доим Ҳомий-Давлат текшириши учун тақдим этишга тайёр туриши керак.

               

                12-модда

                Тиббиёт тузилмалари ҳимояси

1.            Тиббиёт тузилмалари ҳар доим ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади ва ҳужум объекти бўлиши мумкин эмас.

2.            1-банд фуқаро тиббиёт тузилмаларига улар қуйидаги шартларга жавоб берган тақдирда қўлланади:

a)            низолашаётган томонлардан бирига мансуб бўлиши керак;

b)           низолашаётган томонлардан бирининг тўла ҳуқуққа эга бўлган маъмурлари эътироф этган ва ваколат берган бўлиши керак; ёхуд

c)            мазкур Протоколнинг 9-моддаси 2-банди ёки Биринчи конвенциянинг 27-моддасига мувофиқ ваколат берилган бўлиши лозим.

3.            Низолашаётган томонларга бир-бирларини ўзларининг стационар тиббиёт тузилмалари жойлашуви ҳақида хабардор этиш тавсия қилинади. Бундай хабарлашувнинг мавжуд эмаслиги томонлардан ҳар бирини 1-банд қоидаларига амал қилиш мажбуриятидан халос этмайди.

4.            Ҳеч қандай вазиятда тиббиёт тузилмасидан ҳарбий объектларни ҳужумдан пана қилиш учун фойдаланиш мумкин эмас. Низолашаётган томонлар, имконияти бўлганда, тиббиёт тузилмаларининг шундай жойлаштирилишини таъминлайдиларки, бунда уларнинг хавфсизлиги ҳарбий объектларга қилинадиган ҳужум таҳдиди остида қолмайди.

 

13-модда

Фуқаро тиббиёт тузилмалари ҳимоясининг тўхтатилиши

1.            Агар фуқаро тиббиёт тузилмалари ўзларининг инсонпарварлик вазифаларидан ташқари душманга зиён етказувчи ҳаракатларни содир этишда фойдаланса, уларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи тўхтатилади. Аммо ҳимоядан фойдаланиш ҳуқуқи тегишли ҳолларда муайян оқилона муддат белгилаб огоҳлантиришдан кейин ва бундай огоҳлантириш эътиборга олинмагач, тўхтатилиши мумкин.

2.            Қуйидагилар душманга зиён етказувчи ҳаракат деб қаралмайди:

a)            тиббиёт тузилмалари ходимларининг ўзини-ўзи муҳофаза қилиш ёки ўз қарамоғидаги ярадорлар ва беморларни ҳимоя қилиш учун енгил шахсий қуролларга эга бўлиши;

b)           тиббиёт тузилмаларининг қоровул, соқчи ёки конвойлар томонидан қўриқланиши;

c)            тиббиёт тузилмаларида ярадорлар ва беморлардан олиб қўйилган ва ҳозирча тегишли хизматларга топширилмаган ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларнинг мавжудлиги;

d)           тиббиёт тузилмаларида тиббий характердаги мулоҳазаларга кўра ҳарбий хизматчилар ёки бошқа комбатантларнинг бўлиши.

 

14-модда

Фуқаро тиббиёт тузилмаларини реквизиция қилишдаги чеклашлар

1.            Истилочи давлат истило этилган ҳудуддаги фуқаро аҳолининг тиббий эҳтиёжлари қондирилишда давом этишини таъминлашга мажбур.

2.            Шунинг учун истилочи давлат фуқаро тиббиёт тузилмалари, уларнинг жиҳозлари, материаллари ёки уларнинг ходимлари фуқаро аҳолига зарур бўлган тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш ҳамда бу ерда даволанаётган ярадорлар ва беморларни парвариш қилиш учун зарур экан, у бу ресурсларни реквизиция қилиши ёки уларнинг ходимларини мажбурий равишда ишга жалб этиши мумкин эмас.

3.            2-бандда қайд этилган умумий қоидаларга риоя қилишда давом этилса, истилочи давлат юқорида тилга олинган ресурсларни қуйидаги аниқ шартларга амал қилган ҳолда реквизиция қилиши мумкин:

a)            бу ресурслар истилочи давлат қуролли кучлари таркибига тегишли ёки ҳарбий асирлар сирасидан бўлган ярадорлар ва беморларга етарли даражада ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлса;

b)           реквизиция фақат бунга зарурат мавжуд бўлиб турган пайтгача давом этса;

c)            бундай реквизиция дахл қилган фуқаро аҳолининг тиббий эҳтиёжи, шунингдек, даволанаётган ярадорлар ва беморларнинг эҳтиёжи қондирилишда давом этишини таъминлаш учун зудлик билан тегишли чоралар кўрилса.

 

15-модда

Фуқаро тиббий ва диний ходимлар ҳимояси

1.            Фуқаро тиббий ходимлар ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади. 

2.            Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида фуқаро тиббиёт хизматлари ишдан чиққан ҳудудларда фуқаро тиббий ходимларга, зарур ҳолларда, мумкин бўлган ҳар қандай ёрдам кўрсатилади.

3.            Истилочи давлат босиб олинган ҳудудлардаги фуқаро тиббий ходимлари ўз инсонпарварлик вазифаларини энг яхши тарзда бажаришларига имконият яратиш учун уларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатади. Истилочи давлат бу ходимлардан ўз вазифаларини бажариш чоғида қайсидир шахсга тиббий мулоҳазалардан келиб чиқмаган ҳолда имтиёзли эътибор беришини талаб қилиши мумкин эмас. Бу ходимлар ўзларининг инсонпарварлик бурчига зид бўлган вазифаларни бажаришга мажбур этилмайди.

4.            Манфаатдор низолашаётган томон зарур деб ҳисоблаган барча назорат ва хавфсизлик чораларига амал қилиш шарти билан, фуқаро тиббий ходимлар хизматларига эҳтиёж мавжуд бўлган ҳар қандай жойга кириш ҳуқуқига эгадир.

5.            Фуқаро диний ходимлар ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади. Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг тиббий ходимларни ҳимоялаш ва таниб олишга тааллуқли қоидалари ушбу шахслар учун ҳам тенг даражада қўлланилади.

 

16-модда

Тиббий вазифаларни бажарувчи шахсларнинг умумий ҳимояси

1.            Ҳеч қандай шароитда ҳеч бир шахс тиббиёт этикасига мос келувчи тиббий вазифаларни бажаргани учун, бу вазифани кимнинг манфаати йўлида бажарганлигидан қатъи назар, жазога тортилиши мумкин эмас.

2.            Тиббий вазифаларни бажарувчи шахслар тиббиёт этикаси ёхуд ярадорлар ва беморлар манфаатларига хизмат қилувчи бошқа тиббиёт меъёрларига ёки Конвенциялар ва мазкур Протокол қоидаларига хилоф равишда ҳаракат қилиш ёхуд бирон ишни бажаришга, ёхуд юқоридаги меъёр ва қоидалар томонидан талаб қилинадиган ҳаракат ёки ишни бажармасликка мажбур этилиши мумкин эмас.

3.            Тиббий вазифаларни бажарувчи шахс ўз қарамоғидаги ёки қачондир қарамоғида бўлган ярадорлар ва беморларга тааллуқли маълумотларни, агар бу маълумотлар, унинг фикрича, шу мижозларга ва уларнинг оила аъзоларига зиён етказса, душман томон ёки ўзи мансуб бўлган томонга тегишли бирон-бир кишига беришга мажбурланиши мумкин эмас; унинг ўзи мансуб бўлган томон қонунчилигида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Аммо юқумли касалликларни билдириш ҳақидаги мажбурий тиббиёт талаблари бажарилиши керак.

 

17-модда

Фуқаро аҳоли ва ёрдам жамиятларининг роли

1.            Фуқаро аҳоли ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларга, ҳатто улар душман томонга мансуб бўлган тақдирда ҳам, ҳурмат кўрсатади ва уларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилишига йўл қўймайди. Фуқаро аҳолига ва Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятлари каби ёрдам жамиятларига, уларнинг ўз ташаббуслари билан бўлса-да, ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни йиғиб олиш ва ҳатто босиб олинган ҳудудларда ҳам уларни парваришлаш учун рухсат этилади. Бундай инсонпарварлик ҳаракатлари учун ҳеч ким қувғин қилиниши, таъқиб этилиши, айбланиши ёки жазоланиши мумкин эмас.

2.            Низолашаётган томонлар фуқаро аҳолига ёки 1-бандда кўрсатилган ёрдам жамиятларига мурожаат этиб, улардан ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни йиғиб олишни ва парваришлашни, ўлганларни қидиришни ва улар топилган жой тўғрисида хабар беришни илтимос қилиши мумкин; улар ушбу мурожаатга жавобан иш бошлаганларни тегишли ҳимоя ва зарур ёрдам билан таъминлайди. Агар душман томон тегишли ҳудуд устидан назорат ўрнатаётган ёки назоратни қайта тиклаётган бўлса, мазкур томон ҳам тегишли эҳтиёж мавжуд бўлиб турган вақт давомида худди шундай ҳимоялайди ва ёрдам кўрсатади.

 

18-модда

Таниб олиш

1.            Низолашаётган томонларнинг ҳар бири тиббий ва диний ходимларни, шунингдек, тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларини таниб олишни таъминлашга интилади.

2.            Низолашаётган томонларнинг ҳар бири, шунингдек, фарқловчи эмблемалар ва фарқловчи сигналлардан фойдаланадиган тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларини таниб олиш имконини берувчи тегишли усул ва процедураларни қўллаш ва бажаришга интилади.

3.            Истило этилган ҳудудларда ва жанг бораётган ёки жанг бошланиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудларда фуқаро тиббий ходимлар ва фуқаро диний ходимлар фарқловчи эмблемалар ва уларнинг статусини тасдиқлайдиган шахсий гувоҳномалар ёрдамида таниб олинади.

4.            Тўла ҳуқуққа эга бўлган маъмурларнинг розилиги асосида тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситалари тегишли эмблема билан белгиланади. Мазкур Протоколнинг 22-моддасида кўрсатиб ўтилган кемалар ва сузиш воситалари Иккинчи конвенция қоидаларига мувофиқ тарзда белгиланади.

5.            Низолашаётган томон мазкур Протоколга I Илованинг III бобига мувофиқ тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларини таниб олиш учун, фарқловчи эмблемадан ташқари фарқловчи сигналлардан фойдаланишга рухсат этиши мумкин. Истисно тариқасида, юқорида кўрсатиб ўтилган бобда кўзда тутилган алоҳида ҳолларда санитария-транспорт воситалари фарқловчи эмблемадан фойдаланмасдан туриб, фарқловчи сигналларни ишлатиши ҳам мумкин.

6.            Ушбу моддадаги 1-5-бандлар қоидаларининг қўлланиш тартиби мазкур Протоколга I Илованинг I - III бобларига мувофиқ равишда белгиланади. Мазкур Илованинг III бобида тавсифланган ҳамда фақат тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситалари томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган сигналлар, мазкур бобда кўрсатилган ҳолларни истисно этганда, ушбу бобда кўрсатилган тиббиёт тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларини таниб олишдан ташқари бирон-бир бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.

7.            Мазкур модда қоидалари тинчлик даврида фарқловчи эмблеманинг қўлланиш доираси Биринчи конвенция 44-моддасида кўзда тутилганига нисбатан кенгайтирилишига рухсат этмайди.

8.            Конвенцияларнинг ва мазкур Протоколнинг фарқловчи эмблемадан фойдаланишни назорат қилиш ва эмблемаларни қўллаш борасида суиистеъмолчиликларга барҳам бериш ва уларнинг олдини олишга тааллуқли қоидалари фарқловчи сигналларга ҳам қўлланилади.

 

19-модда

Бетараф давлатлар ва низолашаётган томонлар ҳисобланмайдиган

 бошқа давлатлар

Бетараф давлатлар ва низолашаётган томонлар ҳисобланмайдиган бошқа давлатлар ўзларига тегишли ҳудудга қабул қилиниши ёки интернирланиши мумкин бўлган ва мазкур Қисмга мувофиқ ҳимоядан фойдаланадиган шахсларга нисбатан, шунингдек, ўзлари қидириб топиши мумкин бўлган низолашаётган томонларга мансуб марҳумларга нисбатан мазкур Протоколнинг тегишли қоидаларини қўллайдилар.

 

20-модда

Жазо чораларининг тақиқланиши

Мазкур Қисмга мувофиқ ҳимояга олинган шахслар ва объектларга қарши репрессалияларни қўллаш тақиқланади.

 

II бўлим

 

САНИТАРИЯГА ТААЛЛУҚЛИ ТАШИШ

 

21-модда

Қуруқликдаги санитария-транспорт воситалари

Қуруқликдаги санитария-транспорт воситалари худди кўчма тиббиёт тузилмалари каби Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади.

 

22-модда

Госпитал кемалар ва қирғоқбўйи қутқарувчи сузиш воситалари

1.            Конвенцияларнинг қуйидагиларга, яъни:

a)            Иккинчи конвенциянинг 22, 24, 25 ва 27-моддаларида кўрсатиб ўтилган кемаларга;

b)           улардаги қутқариш қайиқлари ва кичикроқ кемаларга;

c)            уларнинг ходимлари ва командаларига ҳамда;

d)           уларнинг бортидаги ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларга тааллуқли қоидалари, шунингдек, бу кемалар ташиётган, Иккинчи конвенциянинг 13-моддасида кўрсатилган тоифаларнинг биронтасига ҳам мансуб бўлмаган фуқаро ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади. Аммо бундай фуқаро шахслар ўзлари мансуб бўлмаган бирон-бир томонга топширилиши ёки денгизда асирликка олиниши мумкин эмас. Агар бу шахслар ўзлари мансуб бўлмаган низолашаётган томон ҳукми остига тушиб қолса, улар Тўртинчи конвенция ва мазкур Протоколнинг таъсир доирасига тушадилар.

2.            Иккинчи конвенциянинг 25-моддасида тилга олинган кемалар учун Конвенцияларда кўзда тутилган ҳимоя низолашаётган томонга фақат инсонпарварлик мақсадида ишлатиш учун қуйидагилар, яъни:

a)            бетараф давлат ёки низолашаётган томон ҳисобланмайдиган давлат томонидан; ёки

b)           беғараз халқаро инсонпарварлик ташкилоти томонидан, (бунда ҳар иккала ҳолда ҳам ушбу моддада баён этилган талаблар бажарилиши шарт) тақдим этиладиган госпитал кемаларга тааллуқли бўлади.

3.            Иккинчи конвенциянинг 27-моддасида кўрсатиб ўтилган кичикроқ кемалар, ушбу моддада кўзда тутилган тартибда хабарнома етказилмаган бўлса ҳам, тегишли ҳимоядан фойдаланади. Шунга қарамай, низолашаётган томонларга бундай кемаларни таниб олиш ва аниқлашни осонлаштириши мумкин бўлган барча тафсилотлардан бир-бирларини хабардор этиш тавсия қилинади.

               

                23-модда

                Бошқа санитария кемалари ва сузиш воситалари

1.            Мазкур Протоколнинг 22-моддасида ва Иккинчи конвенциянинг 38-моддасида кўрсатилганларидан ташқари, денгиздаги ёки бошқа сувлардаги санитария кемалари ва сузиш воситалари, кўчма санитария тузилмалари каби, Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ худди шундай ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади. Уларни санитария кемалари ёки сузиш воситалари сифатида таниш ва аниқлаб олиш мумкин бўлган тақдирдагина, бундай ҳимоя самарали бўлиши сабабли, бу кемалар фарқловчи эмблема билан белгиланиши ва, иложи борича, Иккинчи конвенциянинг 43-моддаси 2-банди қоидаларига амал қилиши зарур.

2.            1-бандда кўрсатилган кемалар ва сузиш воситаларига уруш қонунлари тааллуқли бўлишда давом этади. Сув юзида турган ва бу кемаларни ўз буйруғини зудлик билан бажаришга мажбур эта оладиган ҳар қандай ҳарбий кема уларга тўхташ, ҳудудни тарк этиш, муайян йўналиш бўйича ҳаракатланиш юзасидан буйруқлар бериши мумкин ва улар бу каби ҳар қандай буйруққа бўйсунишга мажбур. Бундай кемалар ва сузиш воситалари ундаги ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар учун зарур бўлиб турар экан, уларни бирон-бир йўл билан ўзларининг санитария вазифаларини бажаришдан чалғитиш мумкин эмас.

3.            1-бандда кўрсатилган ҳимоя фақат Иккинчи конвенциянинг 34 ва 35-моддаларида баён этилган ҳоллардагина барҳам топиши мумкин. 2-бандга асосан берилган буйруққа очиқ-ойдин бўйсунмаслик Иккинчи конвенциянинг 34-моддасига мувофиқ равишда душманга зиён етказувчи ҳаракат, деб ҳисобланади. 

4.            Низолашаётган томон ҳар қандай душман томонга санитар кема ёки сузиш воситасининг, айниқса, сув сиғими 2000 брутто-тоннадан ортиқ бўлган кемаларнинг номланиши, техник маълумотлари, кутилаётган сузиб кетиш вақти, сузиш тезлиги ва йўналиши ҳақида иложи борича сузиб кетишидан мумкин қадар олдин хабар бериши мумкин, шунингдек, кемани таниш ва аниқлаб олишни осонлаштирадиган бошқа ҳар қандай маълумотларни ҳам хабар қилиши мумкин. Душман томон бундай маълумотларни олганини тасдиқлайди.

5.            Иккинчи конвенциянинг 37-моддаси қоидалари бундай кемалар ва сузиш воситаларида жойлашган тиббий ва диний ходимларга нисбатан қўлланилади.

6.            Иккинчи конвенция қоидалари Иккинчи конвенциянинг 13-моддасида ва мазкур Протоколнинг 44-моддасида кўрсатиб ўтилган ва бундай санитария кемалари ва сузиш воситаларида жойлашган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларга нисбатан қўлланилади. Иккинчи конвенциянинг 13-моддасида кўрсатилган тоифаларнинг биронтасига ҳам мансуб бўлмаган фуқаро шахс бўлмиш ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар денгиздалик пайтида ўзлари мансуб бўлмаган бирон-бир томонга топширилиши ёки бундай кема ёхуд сузиш воситаларидан тушириб олиниши мумкин эмас. Аммо бу шахслар ўзлари мансуб бўлмаган низолашаётган томон ҳукми остига тушиб қолса, улар Тўртинчи конвенция ва мазкур Протоколнинг таъсир доирасида бўладилар.

               

                24-модда

                Санитария учиш аппаратларининг ҳимояси

                Санитария учиш аппаратлари мазкур Қисм қоидаларига мувофиқ ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланадилар. 

               

                25-модда

                Қарши томон назорат қилмаётган ҳудудлардаги  санитария учиш аппаратлари

                Дўстона кучлар томонидан жисмоний назорат амалга оширилаётган қуруқлик ва унинг устидаги ҳаво ҳудудларида ёки қарши томон жисмоний назоратни амалга оширмаётган денгиз ва унинг устидаги ҳаво ҳудудларида низолашаётган томонга тегишли санитар учиш аппаратларининг ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланиши қарши томон билан тузиладиган бирор битимга боғлиқ эмас. Шунга қарамай, ушбу ҳудудларда санитария учиш аппаратларидан фойдаланувчи низолашаётган томон хавфсизликни таъминлаш мақсадида, хусусан, бу учиш аппаратлари қарши томоннинг «юза–ҳаво» русумидаги қуроллари етадиган баландликда учаётган бўлса, душман томонга 29-моддада кўзда тутилган тартибда хабар беради.

               

                26-модда

                Яқинлашиш зоналари ёки шунга ўхшаш зоналардаги   санитария учиш аппаратлари

1.            Яқинлашиш зоналарининг дўстона кучлар томонидан жисмоний назорат ўрнатилган қисмларида ва бирон-бир кучлар томонидан аниқ жисмоний назорат ўрнатилмаган жойлар ва унинг устидаги ҳаво ҳудудларида санитария учиш аппаратларининг ҳимояси низолашаётган томонларнинг тўла ҳуқуққа эга бўлган ҳарбий маъмурлари ўртасида 29-моддага мувофиқ олдиндан тузиладиган битим асосидагина тўла амал қилиши мумкин. Бундай битим мавжуд бўлмаган ҳолларда санитария учиш аппаратлари ўзини хавф-хатар остига қўйиб ҳаракатланишига қарамай, улар санитария учиш аппаратлари сифатида таниб олинган пайтдан бошлаб ҳурматдан фойдаланадилар.

2.            «Яқинлашиш зонаси» деганда қарама-қарши томонларнинг илғор бўлинмалари бир-бирига яқин жойлашган қуруқликнинг ҳар қандай райони, айниқса, ердан туриб бир-бирига тўғридан-тўғри мўлжаллаб отилган ўқ етиб борадиган даражада яқин жойлашган жой тушунилади.

               

                27-модда

                Қарши томон назорат қилаётган ҳудудлардаги    санитар учиш аппаратлари

1.            Низолашаётган томоннинг санитария учиш аппаратлари қарши томон жисмоний назорат ўрнатган қуруқлик ёки денгиз ҳудудлари устидан учиш пайтида, агар бундай парвоз учун қарши томоннинг ваколатли маъмурларидан олдиндан розилик олинган бўлса, ҳимоядан фойдаланишда давом этади.

2.            Қарши томон жисмоний назорат ўрнатган район ҳудудлари устидан учиш пайтида, агар бундай парвоз учун 1-бандда кўзда тутилган розилик олинмаган ёки парвоз давомида розилик бериш билан боғлиқ шартлар навигациядаги хато ёки парвоз хавфсизлигига таъсир қилувчи фавқулодда вазиятлар натижасида бузилган ҳолларда, санитария учиш аппарати ўзини танитиш ва душман томонни бундай вазиятлардан хабардор этиш учун барча зарур чораларни кўради. Бундай санитария учиш аппаратини қарши томон таниб олиши биланоқ бу томон, 30-модданинг 1-бандида кўзда тутилганидек, унга ерга ёки сувга қўниш тўғрисида буйруқ бериш ёхуд ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бошқа чораларни қўллаш учун барча оқилона имкониятлардан фойдаланади ва ҳар қандай вазиятда ҳам учиш аппаратига ҳужум қилишдан олдин, унга буйруқни бажариши учун вақт беради.

               

                28-модда

                Санитария учиш аппаратларидан фойдаланишдаги чеклашлар

1.            Низолашаётган томонларнинг ўзларининг санитария учиш аппаратларидан қарши томон устидан қандайдир ҳарбий устунликка эришиш мақсадларида фойдаланиши тақиқланади. Санитария учиш аппаратларининг мавжудлигидан ҳарбий объектларнинг ҳужумдан дахлсизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас.

2.            Санитария учиш аппаратлари разведка маълумотларини тўплаш ва узатишда фойдаланилмаслиги ва уларнинг бортида бундай мақсадлар учун мўлжалланган бирон-бир асбоб-ускуна олиб юрилмаслиги керак. Уларнинг 8-модда «f» бандидаги таърифга киритилмаган ҳар қандай шахслар ва юкларни ташиши тақиқланади. Бортдаги шахсларнинг шахсий буюмларини ташиш ёки бортда фақат учишни бошқаришни, алоқа ўрнатишни ёки танитишни осонлаштириш учунгина хизмат қиладиган асбоб-ускуналарнинг мавжуд бўлиши тақиқланмайди.

3.            Санитария учиш аппаратлари ўз бортидаги ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслардан олиб қўйилган, бортда сақлаб турилган ва ҳозирча тегишли хизматга топширилмаган ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар, шунингдек, бортдаги тиббий ходимларга ўзини-ўзи ҳимоя қилиши ёки ўз қарамоғидаги ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни ҳимоялаши учун зарур бўладиган енгил шахсий қуролларидан бошқа ҳеч қандай қурол-аслаҳаларни ташиши мумкин эмас.

4.            26- ва 27-моддаларда кўрсатиб ўтилган парвозларни амалга ошириш пайтида санитария учиш аппаратлари ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларни қидириш учун фойдаланилиши мумкин эмас; қарши томон билан олдиндан тузиладиган битимда кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

               

                29-модда

                Санитария учиш аппаратларига тааллуқли хабарнома ва битимлар

1.            25-моддага мувофиқ хабарномада ёки 26- 27-моддалар, 28-модданинг 4-банди ва 31-моддага мувофиқ олдиндан розилик олиш ҳақидаги сўровларда санитария учиш аппаратларининг тахминий сони, парвоз режаси ва танитиш воситалари ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлади ва улар ҳар бир парвознинг 28-моддага мувофиқ тарзда амалга ошишини билдирувчи сифатида қаралади.

2.            25-моддага мувофиқ юбориладиган хабарномани олган томон дарҳол бундай хабарномани олганлигини тасдиқлайди.

3.            26, 27-моддалар, 28-модданинг 4-банди ёки 31-моддага мувофиқ олдиндан розилик олиш ҳақидаги сўровномани олаётган томон иложи борича тезлик билан сўраётган томонга қуйидагиларни хабар қилади:

a)            сўровни қондиришга рози экани тўғрисида;

b)           сўровни рад этгани тўғрисида; ёки

c)            сўровга жавобан оқилона муқобил таклифлар тўғрисида. Шунингдек, у мазкур ҳудудда бошқа парвозларни тўхтатишни ёки муайян вақтга чеклаб қўйишни ҳам таклиф этиши мумкин. Агар сўров юборган томон муқобил таклифларни қабул қилса, у бошқа томонга бу таклифларни қабул қилишга рози эканини билдиради. 

4.            Томонлар тезлик билан хабар етказиш ва битим тузишни таъминлаш учун зарур чораларни кўради.

5.            Томонлар, шунингдек, бу каби ҳар қандай хабар ва битимларнинг мазмун-моҳияти тегишли ҳарбий қисмларга маълум қилиниши учун зарур чораларни кўради ва мазкур қисмларга бундай санитария учиш аппаратлари фойдаланадиган таниб олиш воситалари ҳақида кўрсатмалар беради.

               

                30-модда

                Санитария учиш аппаратларининг ерга қўниши ва уларни текшириш

1.            Қарши томондан жисмоний назорат ўрнатилган ҳудудлар, шунингдек, аниқ жисмоний назорат ўрнатилмаган ҳудудлар устида парвоз қилаётган санитария учиш аппаратларига, вазият тақозосига кўра, қуйида қайд этилган бандларга мувофиқ текшириш ўтказиш учун ерга ёхуд сувга қўнишга буйруқ берилиши мумкин. Санитария учиш аппаратлари бу каби ҳар қандай буйруққа бўйсуниши керак.

2.            Санитария учиш аппарати буйруқ бўйича ёки бошқа бирон-бир сабаб туфайли ерга ёхуд сувга қўнган тақдирда, у 3 ва 4-бандларда кўрсатилган талабларга нечоғлик жавоб беришини аниқлаш мақсадидагина текширилиши мумкин. Бу каби ҳар қандай текшириш кечиктирмасдан, қисқа муддатда амалга оширилади. Текшириш ўтказаётган томон ярадорлар ва беморларнинг учиш аппарати бортидан ташқарига чиқиб туришларини талаб қилмайди, уларнинг ташқарига чиқиб туриши текшириш учун бевосита зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Текшириш ўтказаётган томон барча ҳолларда ярадорлар ва беморларнинг аҳволи текширишлар оқибатида ёки уларнинг учиш аппарати бортидан ташқарига чиқарилиши натижасида ёмонлашмаслигини таъминлайди.

3.            Агар бундай текшириш учиш аппарати:

a)            8-модданинг «j» банди мазмунидаги санитария учиш аппарати эканлигини;

b)           28-моддада қайд этилган шартларни бузмаганлигини ва;

c)            олдиндан тузилган битимсиз парвоз қилмаганлигини ёки бундай битим тақозо қилинган ҳолатда унинг талабларини бузмаганлигини кўрсатса,

у ҳолда мазкур учиш аппаратига ва унинг бортидаги қарши томонга ёки бетараф давлатга ёхуд низолашаётган томон ҳисобланмайдиган бошқа давлатга мансуб шахсларга парвозни тўхтатмай давом эттириш учун рухсат берилади.

4.            Агар бундай текшириш учиш аппарати:

a)            8-модданинг «j» банди мазмунидаги санитария учиш аппарати эмаслигини;

b)           28-моддада қайд этилган шартларни бузганлигини, ёки;

c)            олдиндан битим тузмасдан парвоз қилганлигини ёки бундай битим тақозо қилинган ҳолатда унинг талабларини бузганлигини кўрсатса,

у ҳолда бундай учиш аппарати ушлаб қолиниши мумкин. Учиш аппаратининг бортидаги барча шахсларга нисбатан Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг тегишли қоидаларига мувофиқ муомала қилинади. Доимий санитария учиш аппарати сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳар қандай ушлаб қолинган учиш аппаратидан кейинчалик фақат санитария учиш аппарати сифатида фойдаланиш мумкин.

               

                31-модда

                Бетараф давлатлар ёки низолашаётган томонлар ҳисобланмайдиган бошқа давлатлар

1.            Санитария учиш аппаратлари, олдиндан эришилган келишувдан ташқари ҳолларда, бетараф давлатлар ёки низолашаётган томонлар ҳисобланмайдиган бошқа давлатлар ҳудуди устидан парвоз қилмаслиги ва бу ҳудудларга қўнмаслиги керак. Бироқ бундай битим мавжуд бўлганда, улар бутун парвоз давомида, шунингдек, мазкур ҳудудда амалга ошириладиган ҳар қандай оралиқ қўнишлари вақтида ҳурматдан фойдаланади. Шунга қарамай, улар, шароит тақозосига кўра, ерга ёки сувга қўниш тўғрисидаги ҳар қандай буйруққа бўйсунишлари керак.

2.            Агар санитария учиш аппарати бетараф давлат ёки низолашаётган томон ҳисобланмайдиган бошқа давлат ҳудуди устидан битим бўлмаган ҳолда парвоз қилаётган бўлса, ёки унинг шартларидан навигациядаги хато  ёки парвоз хавфсизлигига таъсир қилувчи фавқулодда вазиятлар натижасида чекинилса, у бундай парвоздан хабардор этиш ва ўзини танитиш учун барча зарур чораларни кўради. Бундай санитария учиш аппарати таниб олиниши биланоқ бу давлат 30-модданинг 1-бандига мувофиқ, унга ерга ёки сувга қўниш тўғрисида буйруқ бериш учун ёхуд ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бошқа чораларни қўллаш борасида барча оқилона имкониятларни ишга солади ва ҳар қандай вазиятда ҳам учиш аппаратига ҳужум қилишдан олдин, унга буйруқни бажариши учун вақт беради.

3.            Агар санитария учиш аппарати битимга мувофиқ ёки 2-бандда эслатиб ўтилган вазият тақозосига кўра, тегишли буйруққа биноан ёхуд бошқа бирор бир сабаб туфайли  бетараф давлат ёки низолашаётган томон ҳисобланмайдиган бошқа давлат ҳудудидаги ерга ёхуд сувга қўнган тақдирда, у санитария учиш аппарати эканини аниқлаш мақсадида текширилади. Текшириш кечиктирмасдан, қисқа муддатда амалга оширилади. Текшириш ўтказаётган томон учиш аппаратидан фойдаланаётган томоннинг ярадорлари ва беморлари учиш аппарати бортидан ташқарига чиқиб туришларини талаб қилмайди, уларнинг ташқарига чиқиб туриши текшириш учун зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Текшириш ўтказаётган томон барча ҳолларда ярадорлар ва беморларнинг аҳволи текширишлар оқибатида ёки уларнинг учиш аппарати бортидан ташқарига чиқарилиши натижасида ёмонлашмаслигини таъминлайди. Агар текшириш чоғида унинг санитария учиш аппарати эканлиги аниқланса, у ҳолда мазкур учиш аппаратига ва унинг бортидаги шахслар билан бирга (қуролли можаролар даврида қўлланиладиган халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ушлаб қолиниши зарур бўлганлар бундан мустасно) парвозни давом эттиришга рухсат берилади ва парвозни давом эттириш учун зарур шароит яратилади. Агар текшириш чоғида унинг санитария учиш аппарати ҳисобланмаслиги аниқланса, мазкур учиш аппарати ушлаб қолинади ва унинг бортидаги шахсларга нисбатан 4-бандга мувофиқ муомала қилинади.

4.            Вақтинча туширилганларни истисно этганда, бетараф давлат ёки низолашаётган томон ҳисобланмайдиган бошқа давлат ҳудудидаги маҳаллий маъмурлар розилигига мувофиқ санитария учиш аппаратидан тушириб олинган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар, мазкур давлат билан низолашаётган томонлар ўртасида бошқача мазмундаги битим мавжуд бўлмаса, қуролли можаролар даврида қўлланиладиган халқаро ҳуқуқ нормалари талаб қилган пайтда, улар яна қайтадан ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта олмаслиги учун шу давлат томонидан ушлаб турилади. Госпиталга жойлаштириш ва интернирлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни ушбу шахслар мансуб бўлган давлат ўз зиммасига олади.

5.            Бетараф давлатлар ёки низолашаётган томон ҳисобланмайдиган бошқа давлатлар санитария учиш аппаратларининг ўз ҳудуди устидан парвоз қилиши ёки бу ҳудудга қўнишига нисбатан ҳар қандай талаблар ва чеклашларни барча низолашаётган томонлар учун тенг равишда қўллайдилар.

               

                III бўлим

               

                БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ШАХСЛАР ВА ВАФОТ ЭТГАНЛАР

               

                32-модда

                Умумий тамойил

                Мазкур Бўлим қоидаларини қўллашда Олий А�длашувчи Томонлар, низолашаётган томонлар ҳамда Конвенцияларда ва ушбу Протоколда кўрсатиб ўтилган халқаро гуманитар ташкилотлар ўз фаолиятларида энг аввало оилаларнинг ўз қариндошлари тақдири ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига асосланадилар.

               

                33-модда

                Бедарак йўқолган шахслар

1.            Вазият имкон берган пайтданоқ ва энг кечи билан фаол ҳарбий ҳаракатлар тугаши биланоқ низолашаётган томонларнинг ҳар бири қарши томон бедарак йўқолган деб хабар берган шахсларни қидиришга киришади. Қарши томон эса қидирувга кўмаклашиш мақсадида бундай шахслар ҳақидаги барча зарур маълумотларни тақдим этади.

2.            Юқоридаги бандга мувофиқ маълумотлар йиғишга кўмаклашиш мақсадида низолашаётган томонларнинг ҳар бири Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ яхшироқ муносабатдан фойдаланмайдиган шахсларга нисбатан:

a)            ҳарбий ҳаракатлар ёхуд истило натижасида қўлга олинган, турмага қамалган ёки бошқача йўсинда икки ҳафтадан зиёд муддатга озодликдан маҳрум этилган ёхуд ана шундай қўлга олиш пайтида вафот этган шахслар ҳақидаги маълумотларни Тўртинчи конвенциянинг 138-моддасида кўзда тутилган тартибда рўйхатга олади;

b)           бундай шахсларни қидиришга, агар улар ҳарбий ҳаракатлар ёки истило туфайли бошқа бир вазиятда вафот этган бўлса, улар ҳақидаги маълумотларни қайд этишга имкон қадар кенг миқёсда кўмаклашади ва зарур ҳолларда бундай қидириш ва рўйхатга олиш ишларини ўзи амалга оширади.

3.            1-бандга мувофиқ бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар берилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ва бундай маълумотлар бўйича сўровлар ё тўғридан-тўғри, ёки Ҳомий-Давлат ёинки Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Маълумотлар Агентлиги орқали ёхуд Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятлари орқали юборилади. Маълумотлар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва унинг Марказий Маълумотлар Агентлиги орқали юборилмаган тақдирда, низолашаётган томонларнинг ҳар бири бундай маълумотлар Марказий Маълумотлар Агентлигига ҳам жўнатилишини таъминлайди.

4.            Низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатлар районларида ўлганларни қидириш, таниб олиш ва ташиб кетиш учун командалар тузиш тўғрисида битимлар тузишга, шу жумладан, зарур ҳолларда бу командалар қарши томон назорати остидаги ҳудудларда ўз вазифасини бажараётганида, уларга қарши томон ходимларининг ҳамроҳлик қилиши тўғрисида ҳам битим тузишга интиладилар. Бундай командаларнинг ходимлари ўз вазифаларини бажараётган даврдагина ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади.

               

                34-модда

                Марҳумларнинг ҳоки

1.            Истило билан боғлиқ сабабларга кўра, ёки ҳарбий ҳаракатлар ёхуд истило туфайли қамоқдалик пайтида вафот этган шахсларнинг ва ҳарбий ҳаракатлар натижасида ўзлари бевосита фуқароси бўлмаган мамлакатда вафот этган шахсларнинг ҳоклари ва улар дафн этилган жойлар ҳурмат қилинади. Агар бундай шахсларнинг ҳоклари ва улар дафн этилган жойлар Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ равишда яхши муносабатдан фойдаланмаётган бўлса, Барча бундай шахсларнинг дафн этилган жойлари Тўртинчи конвенциянинг 130-моддасида назарда тутилганидек, ҳурмат қилинади, сақланади ва белгиланади.

2.            Шароит ва қарши томонлар ўртасидаги муносабат имкон бериши биланоқ, ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар натижасида ёхуд истило вақтида ёки қамоқхонада вафот этган шахсларнинг қабрлари ва, эҳтимол, уларнинг ҳоклари дафн этилган бошқа жойлар жойлашган Олий Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги мақсадларда битим тузадилар:

a)            марҳумлар қариндошларининг ва қабрларни рўйхатга олувчи расмий хизматлар вакилларининг қабристонларга кириши учун кўмаклашиш, шунингдек, қабристонларга киришни таъминлашга кўмаклашадиган амалий чораларни белгилаш;

b)           бундай қабрларни сақлаш ва уларга мунтазам қараб туриш;

c)            марҳумлар мансуб бўлган мамлакатнинг илтимосига кўра ёки ушбу мамлакат эътироз билдирмаса, марҳумлар қариндошларининг илтимосига кўра уларнинг ҳокларини ва шахсий мулкларини ватанига қайтаришга кўмаклашиш.

3.            Борди-ю 2 «b» ёки 2 «c» бандларда кўзда тутилган битимлар мавжуд бўлмаган ёхуд марҳумларнинг ватани ҳисобланган мамлакат улар дафн этилган жойларни ўз ҳисобидан сақлаб туришни таъминлашга розилик билдирмаган ҳолларда, ҳудудида бундай дафн этиш жойлари жойлашган Олий Аҳдлашувчи Томон бундай марҳумларнинг ҳокларини ватанига қайтаришда кўмаклашишни таклиф этиши мумкин. Бундай таклиф қабул қилинмаган тақдирда, Олий Аҳдлашувчи Томон ушбу таклиф киритилган санадан беш йил ўтганидан ва марҳумларнинг ватани ҳисобланган мамлакатни тегишли тартибда хабардор этганидан сўнг, қабристон ва қабрларга нисбатан ўз қонунчилигида кўзда тутилган чораларни қўллаши мумкин.

4.            Ҳудудида ушбу моддада қайд этилаётган дафн этиш жойлари жойлашган Олий Аҳдлашувчи Томонга фақат қуйидаги ҳоллардагина эксгумация қилиш учун рухсат этилади:

a)            2 «с» ва 3-бандларга мувофиқ равишда; ёки

b)           юксак ижтимоий зарурат, жумладан, тиббий зарурат ва текширув ўтказиш зарурати туфайли эксгумация қилиш шарт бўлган ҳолларда;

бунда Олий Аҳдлашувчи Томон ҳар доим ҳокларга нисбатан ҳурмат билан ёндашади ва марҳумларнинг ватани ҳисобланган мамлакатни эксгумация қилиш нияти ҳақида хабардор қилади, шунингдек, унга қайта дафн этиш назарда тутилаётган жой тўғрисида батафсил маълумот беради.

               

                III қисм

               

                Уруш олиб бориш усуллари ва воситалари.

                Комбатанлар ва ҳарбий асирларнинг статуси

               

                I бўлим

               

                УРУШ ОЛИБ БОРИШ УСУЛЛАРИ ВА ВОСИТАЛАРИ

               

                35-модда

                Асосий нормалар

1.            Ҳар қандай қуролли можаро шароитида низолашаётган томонларнинг уруш олиб бориш усуллари ёки воситаларини танлаш ҳуқуқи чекланмаган эмас.

2.            Ортиқча вайронагарчилик ёки ортиқча азоб-уқубат келтиришга қодир бўлган қурол-яроғлар, снарядлар, моддалар ва уруш олиб бориш усулларини қўллаш тақиқланади.

3.            Уруш олиб боришнинг табиий муҳитга кенг миқёсли, узоқ муддатли ва жиддий зиён етказиш мақсадига эга бўлган ёки етказиш эҳтимоли бўлган усуллари ёки воситаларини қўллаш тақиқланади.

               

                36-модда

                Қурол-яроғларнинг янги турлари

                Янги қурол-яроғларни, уруш олиб бориш усул ва воситаларини ўрганиш, ишлаб чиқиш, сотиб олиш ёки жорий этиш пайтида Олий Аҳдлашувчи Томон уларни қўллаш мазкур Протоколда ёки Олий Аҳдлашувчи Томонга нисбатан қўлланадиган бошқа бирон-бир халқаро ҳуқуқ нормаларида баъзи вазиятларда ёки ҳар қандай вазиятда тақиқланган ёхуд тақиқланмаганлигини аниқлаши зарур.

               

                37-модда

                Мунофиқликни тақиқлаш

1.            Душманни мунофиқлик йўли билан ўлдириш, ярадор қилиш ёки асир олиш тақиқланади. Душманнинг ишончини қозониш ва уни қуролли можаролар пайтида қўлланадиган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ тегишли ҳимояда бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги ёхуд ҳомийлик кўрсатиши шартлигига ишонишга ундаб, шундай ишончни суъистеъмол қилиш мақсадига қаратилган ҳатти-ҳаракатлар мунофиқлик саналади. Қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар мунофиқликка мисол бўлади:

a)            ўзини ярашиш байроғи остида музокара олиб бориш нияти бор қилиб кўрсатиш ёки таслим бўлмоқчи қилиб кўрсатиш;

b)           ўзини ярадорлиги ёки беморлиги туфайли сафдан чиққан қилиб кўрсатиш;

c)            ўзини фуқаро шахс ёки нокомбатант статусига эга қили кўрсатиш; ва

d)           Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бетараф давлатлар ёки низолашаётган томонлар ҳисобланмайдиган бошқа давлатларнинг белгилари, эмблемалари ёхуд формали кийимларидан фойдаланиб, ўзини ҳимояга олинган шахс статусига эга қилиб кўрсатиш.

2.            Ҳарбий ҳийлалар тақиқланмайди. Бундай ҳийлалар душманни чалғитиш ёки шошқалоқлик билан ҳаракат қилишга ундаш учун мўлжалланган, аммо қуролли можаролар даврида қўлланадиган бирон-бир халқаро ҳуқуқ нормаларини бузмайдиган ҳамда ана шу ҳуқуқ асосида бериладиган ҳимояга нисбатан қарши томоннинг ишончини алдамаслиги сабабли мунофиқлик ҳисобланмайдиган ҳатти-ҳаракатлардир. Қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар бундай ҳийлаларга мисол бўлади: ниқоблаш, пистирмалар қўйиш, сохта операцияларни бажариш ва ёлғон маълумот тарқатиш усулларидан фойдаланиш.

               

                38-модда

                Тан олинган эмблемалар

1.            Конвенцияларда ёки мазкур Протоколда кўзда тутилган қизил хоч, қизил ярим ой ёки қизил шер ва қуёш каби фарқловчи эмблемаларни ёхуд бошқа эмблемалар, белгилар ёки сигналларни ўз вазифасидан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, қуролли можаролар пайтида халқаро доирада тан олинган бошқа ҳимоя эмблемаларини, белги ва сигналларни, шу жумладан, ярашиш байроғи ва маданий қадриятларнинг ҳимояловчи эмблемасини атайин суиистеъмол қилиш ҳам тақиқланади.

2.            Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фарқловчи эмблемасидан мазкур Ташкилот рухсатисиз фойдаланиш тақиқланади.

               

                39-модда

                Миллий эмблемалар

1.            Қуролли можарода бетараф давлатларнинг ёки низолашаётган томонлар ҳисобланмаган бошқа давлатларнинг байроқлари, ҳарбий эмблемалари, ҳарбий унвонларни фарқловчи белгилари ёки формали кийимларидан фойдаланиш тақиқланади.

2.            Қарши томонларнинг байроқлари, ҳарбий эмблемалари, ҳарбий унвонларни фарқловчи белгилари ёки формали кийимларидан ҳужум пайтида ёхуд ҳарбий ҳаракатни яшириш, унга кўмаклашиш, уни ҳимоялаш ёки қийинлаштириш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.

3.            Мазкур моддадаги ёки 37-модданинг 1 «d» бандидаги ҳеч бир нарса халқаро ҳуқуқнинг жосусликка ёки денгиздаги қуролли можаролар вақтида байроқлардан фойдаланишга нисбатан қўлланадиган ҳамма эътироф этган мавжуд нормаларга дахл қилмайди.

               

                40-модда

                Раҳм-шафқат

                Ҳеч кимни тирик қолдирмаслик ҳақида буйруқ бериш, шу билан душманга таҳдид солиш ёки уруш ҳаракатларини шундай асосда олиб бориш тақиқланади. 

               

                41-модда

                Қарши томоннинг сафдан чиққан шахслари учун кафолатлар

1.            Сафдан чиққан деб тан олинган ёки айни шароитда шундай деб тан олиниши лозим бўлган шахсни ҳужумга дучор қилиш тақиқланади.

2.            Қуйидаги ҳолатларда ҳар қандай шахс сафдан чиққан ҳисобланади:

a)            қарши томоннинг ҳукми остида бўлса;

b)           асир тушиш ниятини очиқ-ойдин билдирса; ёки

c)            ҳушсиз эканлиги ёки бошқа бирор бир тарзда ярадорлиги ёки беморлиги туфайли сафдан чиқарилган ва шунинг оқибатида ҳимояланишга қодир бўлмаса,

                бу ҳолатларнинг ҳар бирида ушбу шахс ҳар қандай душманлик ҳатти-ҳаракатидан ўзини тийиши ва қочишга уринмаслиги шарт.

3.            Ҳарбий асир сифатида ҳимоя ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳарбий ҳаракатлар пайтидаги ғайриодатий, яъни Учинчи конвенциядаги I Қисмнинг III Бўлимида кўзда тутилган тартибда эвакуация қилишнинг имкони бўлмаган шароитда қарши томон ҳукми остига тушиб қолган тақдирда, ушбу шахслар озод этилади ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча эҳтиёт чоралари кўрилади.

               

                42-модда

                Учиш аппаратлари бортидаги шахслар

1.            Ҳалокатга учраган учиш аппаратини парашютда тарк этаётган ҳеч бир шахсга, у ерга тушиб олишига қадар, ҳужум қилинмайди.

2.            Ҳалокатга учраган учиш аппаратини парашютда тарк этган шахс қарши томон назоратидаги ҳудудда ерга тушган пайтда, унинг душманларча ҳатти-ҳаракат содир этаётгани яққол аён бўлмаган тақдирда, ҳужум объектига айланмасидан олдин, унга асир тушиши учун имконият яратиб берилади.

3.            Ҳаво-десантчи қўшинларига нисбатан мазкур модда ҳимояси татбиқ этилмайди.

               

                П бўлим

                КОМБАТАНТЛАР ВА ҲАРБИЙ АСИРЛАР СТАТУСИ

               

                43-модда

                Қуролли кучлар

1.            Низолашаётган томоннинг қуролли кучлари, агар бу томон қарши томондан тан олинмаган ҳукумат ёки маъмурият бўлган тақдирда ҳам, шу томон олдида ўзига тобе кишиларнинг юриш-туриши учун масъул ҳисобланган шахснинг қўмондонлиги остидаги уюшган барча қуролли кучлар, гуруҳлар ва бўлинмалардан иборат. Бундай қуролли кучлар қуролли можаролар даврида қўлланиладиган турли қоидалар қатори, халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам амал қилинишини таъминлайдиган ички интизом тизимига бўйсунади.

2.            Низолашаётган томонлар қуролли кучлари таркибига кирувчи (Учинчи конвенциянинг 33-моддасида қайд этилган тиббий ва диний ходимлардан ташқари) шахслар комбатантлар ҳисобланади, яъни улар ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

3.            Низолашаётган томон ўз қуролли кучлари таркибига тартиб сақлашни таъминловчи ярим ҳарбий ёки қуролли ташкилотни киритган ҳар бир ҳолда, бу ҳақда бошқа низолашаётган томонларни хабардор этади.

               

                44-модда

                Комбатантлар ва ҳарбий асирлар

1.            Юқоридаги 43-моддада таърифланган ҳар қандай комбатант душман томон ҳукми остига тушиб қолгач, ҳарбий асир ҳисобланади.

2.            Барча комбатантлар қуролли можаролар даврида қўлланиладиган халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилишга мажбур бўлсалар ҳам, бу нормаларнинг бузилиши комбатантни комбатант ҳисобланиш ҳуқуқидан ёки душман томон ҳукми остига тушиб қолган тақдирда, ҳарбий асир ҳисобланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди; 3 ва 4-бандларда кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

3.            Ҳарбий ҳаракатлар оқибатларидан фуқаро аҳолини ҳимоялашни янада кучайтиришга кўмаклашиш учун комбатантлар ҳужумда ёки ҳужумга тайёргарлик бўлган ҳарбий операцияда иштирок этаётган вақтида ўзларини фуқаро аҳолидан фарқлашга мажбурлар. Аммо қуролли низолар вақтида ҳарбий ҳаракатлар характерига кўра комбатант ўзини фуқаро аҳолидан фарқлаши мумкин бўлмаган вазият юзага келган тақдирда, у қуйидаги ҳолларда қуролини очиқ олиб юриш шарти билан ўзининг комбатантлик статусини сақлаб қолади:

a)            ҳар бир қуролли тўқнашув пайтида, ва

b)           у шахсан иштирок этиши лозим бўлган ҳужум бошланишидан олдин жанговар тартибга сафланиш жараёнида душманга очиқ-ойдин кўриниб турган пайтида.

                Мазкур банд талабларига жавоб берадиган ҳатти-ҳаракатларга 37-модда 1 «с» бандининг мазмунига кўра мунофиқлик деб қаралмайди.

4.            Учинчи банддаги иккинчи гапда баён этилган талабларни бажармаётган  пайтда қарши томон ҳукми остига тушиб қолган комбатант ҳарбий асир ҳисобланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, аммо шунга қарамасдан, унга Учинчи конвенция ва мазкур Протоколга мувофиқ ҳарбий асирлар фойдаланадиган ҳимояга ҳар жиҳатдан тенг бўлган ҳимоя ҳуқуқи берилади. Бундай ҳимоя Учинчи конвенцияга мувофиқ ҳарбий асир ўзи содир этган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун суд қилинадиган ва жазони ўтайдиган ҳолда фойдаланадиган ҳимояга тенг бўлган ҳимояни ўз ичига олади.

5.            Ҳужумда ёки ҳужумга тайёргарлик ҳисобланган ҳарбий операцияда иштирок этмаётган пайтда қарши томон ҳукми остига тушиб қолган ҳар қандай комбатант илгари содир этган ҳатти-ҳаракатлари туфайли ўзининг комбатант ва ҳарбий асир ҳисобланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

6.            Мазкур модда ҳар қандай шахснинг Учинчи конвенциянинг 4-моддасига мувофиқ ҳарбий асир ҳисобланиш ҳуқуқига зиён етказмайди.

7.            Мазкур модда низолашаётган томонлар мунтазам қўшинлари қуролли бўлинмаларининг формали кийимдаги таркибига киритилган комбатантларнинг формали кийим кийиши юзасидан давлатлар ўртасида расм бўлиб қолган тартибни ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган.

8.            Биринчи ва Иккинчи конвенцияларнинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилган шахслар тоифасига қўшимча сифатида, мазкур Протоколнинг 43-моддасида белгиланган низолашаётган томонлар қуролли кучлари таркибига кирувчи барча шахслар, агар ярадор ёки бемор бўлсалар, ушбу Конвенцияларга мувофиқ, денгизда ёки бошқа сувларда кема ҳалокатига учраган бўлсалар Иккинчи конвенцияга кўра ҳимоядан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

               

                45-модда

                Ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган шахслар ҳимояси

1.            Ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган ва қарши томон ҳукми остига тушиб қолган шахс ҳарбий асир ҳисобланади ва шу туфайли Учинчи конвенция ҳимоясидан фойдаланади. Бунда ушбу шахс ҳарбий асирлик статусига даъво қилаётган бўлиши ва унинг бундай ҳуқуққа эгалиги аён бўлиши ёки ушбу шахс мансуб бўлган томон уни ушлаб турган давлатни ёхуд Ҳомий-Давлатни хабардор этиш йўли билан унга нисбатан шундай статус берилишини талаб қилиши зарур бўлади. Бу каби шахснинг ҳарбий асир статусига эга бўлиш ҳуқуқи мавжудлиги борасида қандайдир шубҳа юзага келган тақдирда, унинг статуси тўла ҳуқуққа эга бўлган суд органи томонидан аниқлаб берилганига қадар у бундай статусини сақлаб қолади ва, бинобарин, Учинчи конвенция ва мазкур Протокол ҳимоясидан фойдаланишда давом этади.

2.            Агар қарши томон ҳукми остига тушиб қолган шахс ҳарбий асир сифатида ушлаб турилмаган бўлса ва ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлари учун суд қилинадиган бўлса, у судлов органи олдида ўзининг ҳарбий асир статусига эгалик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва бу масала юзасидан тегишли қарор чиқарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Амалдаги процедура бўйича мумкин бўлган ҳолларда бундай қарор тегишли ҳуқуқбузарлик учун суд бошланишидан олдин чиқарилади. Ҳомий-Давлат вакиллари ушбу масала юзасидан суд қарори чиқариладиган судлов жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга; тегишли давлатнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан суд мажлисининг ёпиқ ўтказилиши бундан мустасно. Бундай ҳолда тутиб турувчи давлат Ҳомий-Давлатни тегишли тартибда хабардор этади.

3.            Ҳарбий ҳаракатларда қатнашган, ҳарбий асирлик статусига эга бўлмаган ва Тўртинчи конвенцияга мувофиқ яхшироқ муомаладан фойдаланмаётган ҳар қандай шахс барча ҳолларда мазкур Протоколнинг 75-моддасида кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир. Истило этилган ҳудуддаги бу каби ҳар қандай шахс, агар у жосус сифатида қўлга олинмаган бўлса, Тўртинчи конвенциянинг 5-моддасига қарамасдан, мазкур Конвенцияга мувофиқ алоқа ҳуқуқига ҳам эга.

               

                46-модда

                Жосуслар

1.            Конвенцияларнинг ёки мазкур Протоколнинг бошқа ҳар қандай қоидасидан қатъи назар, низолашаётган томон қуролли кучлари таркибига мансуб ҳар қандай шахс жосуслик билан шуғулланаётган пайтида қарши томон ҳукми остига тушиб қолган тақдирда, у ҳарбий асир статусидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди ва унга нисбатан жосус сифатида муомала қилиниши мумкин.

2.            Низолашаётган томон қуролли кучлари таркибига мансуб шахс шу томон номидан қарши томон назоратида бўлган ҳудудда ахборот йиғаётган ёки йиғишга уринаётган тақдирда, агар бундай фаолият билан шуғулланаётган пайтида ўз қуролли кучларининг формали кийимида бўлса, у жосуслик билан шуғулланаётган шахс, деб ҳисобланмайди.

3.            Низолашаётган томон қуролли кучлари таркибига мансуб бўлган ва қарши томон босиб олган ҳудудда яшаётган шахс ушбу ҳудудда ўзи мансуб томон номидан ҳарбий аҳамиятга молик ахборот йиғаётган ёки йиғишга уринаётган тақдирда, агар бундай фаолият билан шуғулланаётган пайтида алдов йўли билан ҳаракат қилмаётган ёхуд атайлаб хуфя усуллардан фойдаланмаётган бўлса, у жосуслик билан шуғулланаётган шахс, деб ҳисобланмайди. Бундан ташқари, бундай шахс ҳарбий асир статусига эгалик ҳуқуқини йўқотмайди ва агар бу шахс жосуслик қилаётган пайтида қўлга олинмаган бўлса, унга нисбатан жосуслардек муомала қилинмайди.

4.            Низолашаётган томон қуролли кучлари таркибига мансуб бўлган, аммо қарши томон босиб олган ҳудудда яшамайдиган шахс ушбу ҳудудда жосуслик билан шуғулланаётган тақдирда, ҳарбий асирлик статусига эгалик ҳуқуқини йўқотмайди ва унга нисбатан жосуслардек муомала қилинмайди. Бу шахснинг ўзи мансуб қуролли кучларга яна қўшилиб улгурмасидан илгари қўлга олингани билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

               

                47-модда

                Ёлланма шахслар

1.            Ёлланма шахс комбатант ёки ҳарбий асир статусига эга эмас.

2.            Ёлланма шахс - қуйидаги ҳар қандай шахс, яъни у:

a)            қуролли можарода курашиш учун ўша жойда ёки чет элда махсус ёлланган;

b)           амалда ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашаётган;

c)            ҳарбий ҳаракатларда асосан шахсан фойда кўриш истагига амал қилган ҳолда қатнашаётган ва, унга низолашаётган томон ёки шу томоннинг кўрсатмаси билан мазкур томон қуролли кучлари шахсий таркибига мансуб худди шу даража ва шу вазифани бажарувчи комбатантларга ваъда қилинган ёки тўланадиган маблағга нисбатан анча кўп миқдорда ҳақ тўланиши тўғрисида ҳақиқатда ваъда олган;

d)           низолашаётган томон фуқароси ҳам бўлмаган ва низолашаётган томон назорати остида бўлган ҳудудда муқим ҳам яшамайдиган;

e)           низолашаётган томон қуролли кучлари шахсий таркибига кирмайдиган; ва

f)            низолашаётган томон ҳисобланмайдиган давлат томонидан унинг қуролли кучлари таркибига кирувчи шахс сифатида расмий вазифани бажариш учун юборилмаган.

               

                IV қ и с м

                Фуқаро аҳоли

               

                I б ў л и м

                УРУШ ҲАРАКАТЛАРИ ОҚИБАТЛАРИДАН

                УМУМИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

               

                I  Б О Б

                АСОСИЙ НОРМА ВА ҚЎЛЛАШ СОҲАСИ

               

                48-модда

                Асосий қоида

                Низолашаётган томонлар фуқаро аҳоли ва фуқаро объектларини ҳурмат қилиш ва ҳимоялашни таъминлаш учун ҳар доим фуқаро аҳоли билан комбатантлар ўртасида, шунингдек, фуқаро объектлари билан ҳарбий объектлар ўртасида фарқ ажратиши ва ўз ҳаракатларини фақат ҳарбий объектларга қарши қаратиши керак.

               

                49-модда

                Ҳужумларнинг таърифи ва қўллаш соҳаси

1.            «Ҳужумлар» деганда, ҳужум қилиш ёки мудофаа пайтида амалга оширилишидан қатъи назар, душманга қарши куч ишлатиш ҳаракатлари тушунилади.

2.            Мазкур Протоколнинг ҳужумларга тааллуқли қоидалари, қайси ҳудудда, шу жумладан, низолашаётган томонга тегишли, аммо қарши томон назорати остида бўлган миллий ҳудудда, содир этилаётганидан қатъи назар, барча ҳужумларга нисбатан қўлланилади.

3.            Мазкур Бўлимнинг қоидалари қуруқликда, ҳавода ёки денгизда амалга оширилаётган ва фуқаро аҳолига, алоҳида фуқаро шахсларга ёки қуруқликда жойлашган фуқаро объектларига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларга нисбатан қўлланилади. Бу қоидалар, шунингдек, қуруқликдаги объектларга қарши денгиздан ёки ҳаводан амалга оширилувчи барча ҳужумларга нисбатан қўлланилади, аммо денгиздаги ёхуд ҳаводаги қуролли можаролар даврида қўлланиладиган халқаро ҳуқуқ нормаларига бирор бир тарзда дахл қилмайди.

4.            Мазкур Бўлимнинг қоидалари Тўртинчи конвенцияда, хусусан, шу Конвенциянинг II Қисмида ва Олий Аҳдлашувчи Томонлар учун мажбурий бўлган бошқа халқаро битимларда мавжуд бўлган инсонпарварлик ҳимоясига тааллуқли нормаларни тўлдиради, шунингдек, қуруқликдаги, денгиздаги ёки ҳаводаги фуқаро аҳоли ва фуқаро объектларини ҳарбий ҳаракатлар оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган бошқа халқаро ҳуқуқ нормаларини тўлдиради. 

               

                II  Б О Б

                ФУҚАРО ШАХСЛАР ВА ФУҚАРО АҲОЛИ

               

                50-модда

                Фуқаро шахслар ва фуқаро аҳолининг таърифи

1.            Учинчи конвенция 4-моддасининг А.1, 2, 3 ва 6-бандларида ҳамда мазкур Протоколнинг 43-моддасида кўрсатилган тоифалардан ҳеч бирига мансуб бўлмаган ҳар қандай шахс фуқаро шахсдир. Бирон-бир шахснинг фуқаро шахслигига нисбатан шубҳа бўлса, у фуқаро шахс ҳисобланаверади.

2.            Фуқаро аҳоли фуқаро шахс ҳисобланувчи барча шахслардан иборатдир.

3.            Фуқаро аҳоли орасида фуқаро шахс таърифига мос келмайдиган алоҳида шахсларнинг мавжуд бўлиши бу аҳолини фуқаролик характеридан маҳрум қилмайди.

               

                51-модда

                Фуқаро аҳоли ҳимояси

1.            Фуқаро аҳоли ва алоҳида фуқаро шахслар ҳарбий операциялар туфайли юзага келадиган хавф-хатардан умумий ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланади. Бу ҳимояни амалга ошириш мақсадида, халқаро ҳуқуқ нормаларида қўлланиладиган бошқа нормаларга қўшимча равишда, барча ҳолларда қуйидаги нормаларга риоя қилинади.

2.            Фуқаро аҳоли, шунингдек, алоҳида фуқаро шахслар ҳужум объекти бўлмаслиги керак. Асосий мақсади фуқаро аҳолини террор қилишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари ёки шундай зўравонлик билан таҳдид қилиш тақиқланади.

3.            Фуқаро аҳоли ушбу Бўлимда кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланади; уларнинг ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашиш ҳоллари ва қатнашган даври бундан мустасно.

4.            Фарқ ажратмасдан қилинадиган ҳужумлар тақиқланади. Фарқ ажратмаслик хусусиятига эга ҳужумлар қаторига қуйидагилар киради:

a)            аниқ ҳарбий объектларга йўналтирилмаган ҳужумлар;

b)           аниқ ҳарбий объектларга йўналтириш мумкин бўлмаган уруш олиб бориш усуллари ёки воситалари қўлланиладиган ҳужумлар, ёхуд

c)            оқибатларини мазкур Протокол талаблари асосида чеклаш имкони бўлмаган уруш олиб бориш усуллари ёки воситалари қўлланиладиган ҳужумлар;

ва, умуман, юқоридаги ҳолларнинг ҳар бирида ҳарбий объектлар билан бирга фуқаро шахслар ёки фуқаро объектларига ҳам фарқ ажратмаган ҳолда талафот етказилади.

5.            Бошқалар қаторида қуйидаги ҳужум турларини фарқ ажратмасдан қилинадиган ҳужум ҳисоблаш керак:

a)            шаҳарда, қишлоқда ёки фуқаро шахслар ёхуд фуқаро объектлари жойлашган бошқа бир ҳудудда яққол кўриниб турган ва бир-биридан узоқда бўлган муайян ҳарбий объектларга ягона ҳарбий объект сифатида ёндашган ҳолда бомба ташлаш ёки бошқа ҳар қандай усул ва воситалар ёрдамида ҳужум қилиш, ва

b)           эришилиши кўзда тутилаётган аниқ ва бевосита ҳарбий устунликка нисбатан беҳад зиёд бўлган, йўл-йўлакай фуқаро аҳоли ўртасида қурбонлар пайдо бўлишига, фуқаро шахсларнинг яраланишига ва фуқаро объектларига талафот етишига ёки буларнинг барчаси бир йўла содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ҳужум қилиш.

6.            Фуқаро аҳолига ёки алоҳида фуқаро шахсларга репрессалия сифатида ҳужум қилиш тақиқланади.

7.            Фуқаро аҳоли ёки алоҳида фуқаро шахсларнинг мавжудлиги ёки ҳаракатланаётганлиги ҳолатидан муайян пункт ёки ҳудудларни ҳарбий ҳаракатдан ҳимоя қилиш, хусусан, ҳарбий объектларни ҳужумдан сақлаб қолиш ёхуд ҳарбий ҳаракатни яшириш, унга кўмаклашиш ёки халал бериш мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Низолашаётган томонлар ҳарбий объектларни ҳимоя қилиш ёки ҳарбий операцияларни яшириш мақсадида фуқаро аҳоли ёки алоҳида фуқаро шахсларнинг ҳаракатланишига муайян йўналиш беришлари мумкин эмас.

8.            Бу тақиқларнинг ҳар қандай бузилиши низолашаётган томонларни фуқаро аҳоли ва фуқаро шахсларга нисбатан зиммасида бўлган ҳуқуқий мажбуриятларидан, шу жумладан, 57-моддада кўзда тутилган эҳтиёт чораларини қўллаш мажбуриятидан озод қилмайди.

               

                III  Б О Б

               

                ФУҚАРО ОБЪЕКТЛАРИ

               

                52-модда

                Фуқаро объектларининг умумий ҳимояси

1.            Фуқаро объектлари ҳужум ёки жазо чоралари учун нишон бўлмаслиги керак. 2-бандда таърифи берилган ҳарбий объектлар қаторига кирмайдиган барча объектлар фуқаро объектларидир.

2.            Ҳужумлар қатъий равишда фақат ҳарбий объектлар билан чекланиши шарт. Объектларга келсак, ҳарбий объектлар ўз хусусияти, жойлашуви, вазифаси ёки фойдаланилишига кўра ҳарбий ҳаракатларга самарали улуш қўшади ҳамда тўла ёки қисман вайрон этилиши, босиб олиниши ёки таъсирига барҳам берилиши тегишли шарт-шароитда сезиларли ҳарбий устунлик берадиган объектлардир.

3.            Одатда фуқаро мақсадлар учун мўлжалланган объект, масалан, ибодат маскани, кишилар яшайдиган уй ёки бошқа хил турар-жой бинолари ёхуд мактабдан ҳарбий ҳаракатларни самарали қўллаб-қувватлашда фойдаланилаётганлиги борасида шубҳа мавжуд бўлса, бундай объект фуқаро мақсадларида фойдаланилади деб фараз қилинади.

               

                53-модда

                Маданий қадриятлар ва ибодат қилинадиган жойлар ҳимояси

                Қуролли можаролар бўлган ҳолларда маданий қадриятларни ҳимоя қилиш тўғрисида 1954 йил 14 майдаги Гаага конвенцияси қоидаларига ва бошқа тегишли халқаро ҳужжатларга зиён етказмаган ҳолда, қуйидагилар тақиқланади:

a)            халқларнинг маданий ёки маънавий мероси саналадиган тарихий ёдгорликлар, санъат асарлари ёхуд ибодат қилинадиган жойларга қарши қаратилган бирон-бир душманлик хатти-ҳаракатини содир этиш;

b)           бундай объектлардан ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш;

c)            бундай объектларни репрессалиялар объектларига айлантириш.

                 

                54-модда

                Фуқаро аҳоли жон сақлаши учун зарур бўлган объектлар ҳимояси

1.            Фуқаро аҳоли ўртасида очликдан уруш ҳаракатларини олиб бориш усули сифатида фойдаланиш тақиқланади.

2.            Махсус равишда фуқаро аҳолининг ёки қарши томоннинг яшаш воситалари сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик мақсадида, фуқаро шахслар ўртасида очликни келтириб чиқариш, уларни кўчиб кетишга мажбур қилиш ёхуд бошқа бирон-бир сабаблар билан бўлишидан қатъий назар, озиқ-овқат заҳиралари, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалиги районлари, экинзорлар, чорва, ичимлик суви билан таъминловчи қурилмалар ва сув заҳиралари, шунингдек, ирригация иншоотлари каби фуқаро аҳоли жон сақлаши учун зарур бўлган объектларга ҳужум қилиш, уларни яксон қилиш, кўчириб кетиш ёки яроқсиз ҳолга келтириш тақиқланади.

3.            2-бандда кўзда тутилган тақиқлар қарши томон фойдаланаётган мазкур бандда кўрсатиб ўтилган объектларга нисбатан қўлланилмайди:

a)            фақат ўз қуролли кучлари шахсий таркибини сақлаб туриш учунгина зарур бўлган объектлар, ёки

b)           шахсий таркибни сақлаб туриш учун бўлмаса ҳам, ҳарбий ҳаракатларни бевосита қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган объектлар; бунда мазкур объектларга нисбатан, келгусида фуқаро аҳолининг етарли миқдордаги озиқ-овқат ва ичимлик сувисиз қолиши ва оқибатда аҳоли ўртасида очлик бошланиши ёки улар кўчиб кетиши эҳтимолини вужудга келтирувчи хатти-ҳаракатларни ҳеч қачон қўлламаслик шарт бўлади.

4.            Бу объектлар репрессалиялар объектларига айланмаслиги керак.

5.            Низолашаётган ҳар қайси томон учун ўз миллий ҳудудини истилодан ҳимоя қилиш ҳаётий муҳим эҳтиёж эканлигини тан олган ҳолда, низолашаётган томонга, қатъий ҳарбий зарурият талаб этганда, ўз назоратидаги ҳудудда 2-бандда кўзда тутилган тақиқлардан чекиниш учун рухсат берилади. 

               

                55-модда

                Табиий муҳит муҳофазаси

1.            Уруш ҳаракатларини олиб бориш даврида табиий муҳитни кенг миқёсли, узоқ муддатли ва жиддий зарарлардан ҳимоялаш ҳақида ғамхўрлик кўрсатилади. Уруш ҳаракатининг табиий муҳитга шундай зиён етказиш мақсад қилиб олинган ёки у туфайли зиён етиши мумкин бўлган ва бунинг натижасида аҳоли соғлиғига ёхуд унинг жон сақлашига зиён етиши эҳтимол тутилган усул ва воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш ана шундай ҳимоя жумласидандир.

2.            Табиий муҳитга репрессалиялар сифатида зиён етказиш тақиқланади.

               

                56-модда

                Хатарли кучга эга бўлган қурилмалар ва иншоотлар ҳимояси

1.            Хатарли кучга эга бўлган қурилма ва иншоотлар, хусусан, тўғонлар, дамбалар ва атом электр станцияларига ҳужум қилиш, агар бундай ҳужум улардаги хатарли кучларнинг бўшалиб кетишига ва оқибатда фуқаро аҳоли ўртасида оғир талафотлар юзага келишига сабаб бўлса, ҳаттоки ушбу иншоотлар ҳарбий объектлар бўлган тақдирда ҳам, улар ҳужум объектига айланмаслиги керак. Ана шу қурилма ва иншоотлар ичида ёки уларнинг яқинида жойлаштирилган бошқа ҳарбий объектлар, агар уларга ҳужум қилиниши оқибатида хатарли кучларнинг бўшалиб кетиши ва фуқаро аҳоли ўртасида оғир талафотлар юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлса, ҳужум объектига айланмаслиги керак.

2.            Қуйидаги ҳолатларда 1-бандда кўзда тутилган ҳужумдан алоҳида ҳимоя тўхтатилади:

a)            тўғонлар ва дамбаларга нисбатан, агар улардан қандайдир йўл билан уларнинг одатдаги фаолиятидан бошқа мақсадларда ва ҳарбий операцияларни доимий, изчил ва бевосита таъминлаб туришда фойдаланилаётган бўлса ва бу объектларга ҳужум қилиш бундай қўллаб-қувватлашга барҳам беришнинг ягона амалий имконияти ҳисобланса;

b)           атом электр станцияларига нисбатан, агар улар ҳарбий ҳаракатларни доимий, изчил ва бевосита таъминлаб туриш учун электр энергияси ишлаб чиқараётган бўлса ва бу объектларга ҳужум қилиш бундай қўллаб-қувватлашга барҳам беришнинг ягона амалий имконияти ҳисобланса;

c)            ушбу қурилма ва иншоотлар ичида ёки яқинида жойлаштирилган бошқа ҳарбий объектларга нисбатан, агар улардан ҳарбий операцияларни доимий, изчил ва бевосита таъминлаб туришда фойдаланилаётган бўлса ва бу объектларга ҳужум қилиш бундай қўллаб-қувватлашга барҳам беришнинг ягона амалий имконияти ҳисобланса.

3.            Барча ҳолларда фуқаро аҳоли ва алоҳида фуқаро шахслар халқаро ҳуқуқ томонидан бериладиган тўла ҳимояланиш ҳуқуқидан, шу жумладан, 57-моддада кўзда тутилган эҳтиёт чораларини қўллаш йўли билан ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланишда давом этади. Агар ҳимоя тўхтатилиб, 1-бандда кўрсатиб ўтилган қурилма, иншоот ёки ҳарбий объектларнинг биронтасига нисбатан ҳужум қилинса, хатарли кучларнинг бўшалишига йўл қўймаслик учун барча амалий эҳтиёт чоралари кўрилади.

4.            1-бандда кўрсатиб ўтилган ҳар қандай қурилма, иншоот ёки ҳарбий объектларни репрессалиялар объектларига айлантириш тақиқланади.

5.            Низолашаётган томонлар 1-бандда кўрсатилган қурилма ва иншоотлар яқинида ҳеч қандай ҳарбий объектларини жойлаштирмасликка ҳаракат қилиши зарур. Аммо ҳимоядан фойдаланадиган ушбу қурилма ва иншоотларни ҳужумдан мудофаа қилиш ягона мақсади бўлган иншоотлар қурилишига йўл қўйилади; бу иншоотлардан ҳимоядан фойдаланадиган қурилма ва иншоотларга ҳужумларни қайтариш учун зарур мудофаа ҳаракатларидан бошқа бирон-бир ҳарбий ҳаракатларда фойдаланилмаётган тақдирда ва уларнинг қурол-яроғлари ҳимоядан фойдаланадиган қурилма ва иншоотларга нисбатан ҳужумларни қайтаришгагина мўлжалланган қуроллар билан чекланган бўлса, мазкур иншоотлар ҳужум объекти бўлмаслиги керак.

6.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар хатарли кучга эга бўлган объектларни қўшимча ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан ўзаро бошқа битимлар тузишга даъват қилинадилар.

7.            Мазкур моддага мувофиқ ҳимоядан фойдаланадиган объектларни таниб олишни осонлаштириш мақсадида, низолашаётган томонлар уларни мазкур Протоколнинг 1 Иловаси 17-моддасида кўрсатилганидек, бир ўқда жойлашган учта ёрқин тўқ-сариқ доиралар гуруҳи шаклидаги махсус белги ёрдамида белгилашлари мумкин. Бундай белгиларнинг мавжуд эмаслиги низолашаётган томонларнинг ҳеч бирини мазкур моддада уларнинг зиммасига юклатилган мажбуриятлардан мутлақо халос қилмайди.        

                  

                IV  Б О Б

                ЭҲТИЁТ ЧОРАЛАРИ

               

                57-модда

                Ҳужум пайтидаги  эҳтиёт чоралари

1.            Ҳарбий операцияларни ўтказиш пайтида ҳар доим фуқаро аҳолини, фуқаро шахсларни ва фуқаро объектларини эҳтиётлаш учун ғамхўрлик қилинади.

2.            Ҳужумларга нисбатан қуйидаги эҳтиёт чоралари кўрилади:

a)            ҳужум қилишни режалаштираётган ёки уни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилаётганлар:

i)             ҳужум объектлари фуқаро шахслар ҳам, фуқаро объектлари ҳам эмаслигига ва алоҳида ҳимоядан фойдаланмаслигига, балки 52-модданинг 2-банди мазмунидаги ҳарбий объектлар эканлигига, ва мазкур Протокол қоидаларига мувофиқ уларга ҳужум қилиш тақиқланмаганлигига тўла ишонч ҳосил қилиш учун амалда мумкин бўлган барча ишларни қиладилар;

ii)            фуқаро аҳоли ўртасида тасодифий талафотлар юз бериши, фуқаро шахсларнинг жароҳатланиши ва фуқаро объектларига тасодифий зиён етказилишининг олдини олиш, ҳеч бўлмаганда, бундай талафотларни имкони борича камайтириш учун ҳужум воситалари ва усулларини танлашда амалда мумкин бўлган барча эҳтиёт чораларини кўрадилар;

iii)           фуқаро аҳоли ўртасида тасодифий талафотлар юз бериши, фуқаро шахсларнинг жароҳатланиши ва фуқаро объектларига тасодифий зиён етказилиши, ёки барчасининг биргаликда содир бўлиши қўлга киритилиши тахмин қилинаётган аниқ ва бевосита ҳарбий устунликка нисбатан ҳаддан ташқари ортиқ бўлиши эҳтимол бўлган ҳар қандай ҳужумни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилишдан сақланадилар;

b)           агар объект ҳарбийларга тегишли эмаслиги ва алоҳида ҳимоядан фойдаланиши, унга ҳужум қилиш фуқаро аҳоли ўртасида тасодифий талафотлар юз беришига, фуқаро шахсларнинг жароҳатланишига ва фуқаро объектларига тасодифий зиён етказилишига олиб келиши, ёки барчасининг биргаликда содир бўлиши қўлга киритилиши тахмин қилинаётган аниқ ва бевосита ҳарбий устунликка нисбатан ҳаддан ортиқ бўлиши очиқ-ойдин маълум бўлиб қолса, ҳужум бекор қилинади, ёхуд вақтинча тўхтатилади;

c)            фуқаро аҳолига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳужумлар тўғрисида олдиндан самарали равишда огоҳлантириш берилади; вазият имкон бермаган ҳоллар бундан мустасно.

3.            Бир хил даражадаги ҳарбий устунликка эришиш учун бир неча ҳарбий объектлардан бирини танлаш имконияти мавжуд бўлганда, ҳужум қилинганда фуқаро шахслар ва фуқаро объектларига иложи борича камроқ хавф туғдирадиган объект танланади.

4.            Денгизда ёки ҳавода ҳарбий операцияларни ўтказиш даврида низолашаётган томонларнинг ҳар бири қуролли можаролар пайтида қўлланадиган халқаро ҳуқуқ нормаларида кўзда тутилган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига мувофиқ ҳолда фуқаро аҳоли ўртасида талафотлар юз бериши ва фуқаро объектларига зиён етказилишининг олдини олишга қаратилган барча оқилона эҳтиёт чораларини кўради.

5.            Мазкур модданинг бирон-бир қоидаси фуқаро аҳолига, фуқаро шахслар ёки фуқаро объектларига қандайдир ҳужумлар қилиш учун рухсат берадиган мазмунда талқин этилиши мумкин эмас.

               

                58-модда

                Ҳужум оқибатларига нисбатан эҳтиёт чоралари

                Низолашаётган томонлар амалдаги бор имкон даражасида:

a)            Тўртинчи конвенциянинг 49-моддасига зиён етказмаган ҳолда, ўз назорати остида бўлган фуқаро аҳолини, алоҳида фуқаро шахсларни ва фуқаро объектларини ҳарбий объектлар яқинига жойлашган районлардан узоқлаштиришга интилади;

b)           ҳарбий объектларни аҳоли зич жойлашган районларга ёки уларнинг яқинига жойлаштиришдан сақланади;

c)            ўз назорати остида бўлган фуқаро аҳолини, алоҳида фуқаро шахсларни ва фуқаро объектларини ҳарбий операциялар туфайли юзага келадиган хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган бошқа эҳтиёт чораларини кўради.

               

                V  Б О Б

                АЛОҲИДА ҲИМОЯ ОСТИДА БЎЛГАН

                ЖОЙЛАР ВА ЗОНАЛАР

               

                59-модда

                Мудофаа этилмайдиган жойлар

1.            Низолашаётган томонларга мудофаа этилмайдиган жойларни бирон-бир восита ёрдамида ҳужумга дучор этиш тақиқланади.

2.            Низолашаётган томонларнинг тегишли маъмурлари қуролли кучларга туташ зоналарда ёки улар яқинида жойлашган ва қарши томон истило этиши учун очиқ бўлган ҳар қандай аҳоли яшайдиган жойни мудофаа этилмайдиган жой, деб эълон қилиши мумкин. Бундай жой қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

a)            барча комбатантлар, шунингдек, ҳаракатчан жанговар воситалар ва ҳаракатчан ҳарбий аслаҳа-анжомлар эвакуация қилинган бўлиши керак;

b)           стационар ҳарбий қурилма ёки иншоотлардан душманлик мақсадларида фойдаланилмаслиги керак;

c)            на маъмурлар ва на аҳоли томонидан душманлик хатти-ҳаракатлари содир этилмаслиги керак;

d)           ҳарбий операцияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳеч қандай ҳаракат қилинмаслиги керак.

3.            Бу жойда Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ алоҳида ҳимоядан фойдаланадиган шахсларнинг ҳамда қонунийлик ва тартибни сақлашдан иборат ягона мақсад учун қолдириб кетилган полиция кучларининг мавжудлиги 2-бандда баён этилган талабларга зид келмайди.

4.            Қарши томонга 2-бандда кўзда тутилган баёнот берилади ва унда мудофаа этилмайдиган жой чегараларининг имкон қадар аниқ таърифи ва тавсифи кўрсатилади. Бундай баёнот йўлланган низолашаётган томон уни олганлигини тасдиқлайди ва кўрсатилган жойга мудофаа этилмайдиган жой сифатида ёндашади; 2-бандда кўзда тутилган талабларга амал қилинмаган ҳоллар бундан мустасно; бу ҳолда тегишли томон баёнот берган томонни зудлик билан хабардор этади. Ҳатто 2-бандда кўзда тутилган талабларга амал қилинмаган ҳолларда ҳам, бундай жойлар мазкур Протоколнинг бошқа қоидаларида ва қуролли можаролар даврида қўлланиладиган халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларида кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланишда давом этади.

5.            Низолашаётган томонлар бундай жойлар 2-банд талабларига жавоб бермаган тақдирда ҳам уларни мудофаа этилмайдиган жойлар, деб эълон қилишга келишиб олишлари мумкин. Бундай битимда мудофаа этилмайдиган жой чегараларининг таърифи ва тавсифи иложи борича аниқ ифода этилиши керак; зарур ҳолларда унда назорат усуллари ҳам кўзда тутилиши мумкин.

6.            Бундай битимнинг мавзуси ҳисобланган жойни ўз назорати остида сақлаб турган томон, иложи борича, бу жойни бошқа томон билан келишиб олинган муайян белгилар билан белгилаши, бу белгиларни кўзга яққол ташланадиган ерларда, айниқса, жойнинг барча периметрларида, чегараларида ва катта йўлларнинг бўйларида ўрнатиши лозим.

7.            Бу жой 2-бандда баён этилган талабларга ёки 5-бандда тилга олинган битим шартларига жавоб бермай қўйган тақдирда, ўзининг мудофаа этилмайдиган жой, деган статусини йўқотади. Бундай ҳолларда бу жой мазкур Протоколнинг бошқа қоидаларида ва қуролли можаролар даврида қўлланиладиган халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларида кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланишда давом этади. 

               

                60-модда

                Демилитаризация қилинган зоналар

1.            Низолашаётган томонларга ўзаро битим бўйича демилитаризация қилинган зона статуси берилган зоналарга ўз ҳарбий операцияларини ёйиши, агар бу ёйиш бундай битим қоидаларига зид бўлса, тақиқланади.

2.            Бундай битим аниқ ифода этилиши лозим бўлиб, оғзаки ёки ёзма шаклда, бевосита ёхуд Ҳомий-Давлат ёки ҳар қандай беғараз гуманитар ташкилот воситачилигида тузилиши ва томонларнинг бир-бирига зид келмайдиган баёнотлари шаклида бўлиши мумкин. Битим тинчлик пайтида, шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг тузилиши мумкин ва унда демилитаризация қилинган зона чегараларининг иложи борича аниқ таърифи ва тавсифи берилиши, зарур ҳолларда, назорат усуллари ўрнатилиши керак.

3.            Қуйидаги талабларга жавоб берадиган ҳар қандай зона одатда бундай битимларнинг мавзуси бўла олади:

a)            барча комбатантлар, шунингдек, ҳаракатчан жанговар воситалар ва ҳаракатчан ҳарбий аслаҳа-анжомлар эвакуация қилинган бўлиши керак;

b)           стационар ҳарбий қурилма ёки иншоотлардан душманлик мақсадларида фойдаланилмаслиги керак;

c)            на маъмурлар ва на аҳоли томонидан душманлик хатти-ҳаракатлари содир этилмаслиги керак; ва

d)           ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳар қандай фаолият тўхтатилиши керак.

                Низолашаётган томонлар «d» бандда баён этилган шартларни талқин қилиш бўйича ва 4-бандда тилга олинган шахслардан ташқари, демилитаризация қилинган зонага киришига йўл қўйиш лозим бўлган шахслар тўғрисида келишувга эришишлари зарур.

4.            Бу зонада Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ алоҳида ҳимоядан фойдаланадиган шахсларнинг ҳамда қонунийлик ва тартибни сақлашдан иборат ягона мақсад учун қолдирилган полиция кучларининг мавжудлиги 3-бандда баён этилган талабларга зид келмайди.

5.            Бундай зонани ўз назорати остида сақлаб турган томон иложи борича бу зонани бошқа томон билан келишиб олинган белгилар билан белгилаши ва бу белгиларни кўзга яққол ташланадиган ерларда, айниқса зонанинг барча периметрларида, чегараларида ва катта йўлларнинг бўйларида ўрнатиши лозим.

6.            Агар ҳарбий ҳаракатлар демилитаризация қилинган зонага яқинлашиб келса ва низолашаётган томонлар бунга келишган бўлса, у ҳолда томонларнинг биронтаси бу зонадан уруш ҳаракатларини олиб боришга боғлиқ мақсадларда фойдаланиши ёки унинг тегишли статусини бир томонлама бекор қилиши мумкин эмас.

7.            Агар низолашаётган томонлардан бири 3 ёки 6-банддаги қоидаларни жиддий бузса, иккинчи томон бу зонага демилитаризация қилинган зона статусини бериш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ўз мажбуриятларидан халос бўлади. Бундай ҳолларда бу зона ўзининг статусини йўқотади, аммо мазкур Протоколнинг бошқа қоидаларида ва қуролли можаролар даврида қўлланадиган халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларида кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланишда давом этаверади.

               

                VI  Б О Б

                ФУҚАРО МУДОФААСИ

               

                61-модда

                Таърифи ва қўлланиш соҳаси

                Мазкур Протокол мақсадлари учун:

a)            «фуқаро мудофааси» фуқаро аҳолини хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ва унга бевосита ҳарбий ҳаракатлар ёки фалокатлар оқибатларини тугатишда кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг жон сақлаши учун зарур шароит яратишга қаратилган ва қуйида кўрсатилган инсонпарварлик вазифаларининг айримларини ёки барчасини бажаришдир. Бу вазифалар қуйидагилардир:

i)             хабар бериш;

ii)            эвакуация қилиш (кўчириш);

iii)           пана жой бериш ва уларни жойлаштириш;

iv)           ёруғликни тўсиш (светомаскировка) тадбирлари ўтказиш;

v)            қутқарув ишлари;

vi)           тиббий хизмат кўрсатиш, шу жумладан, биринчи ёрдам ва диний ёрдам кўрсатиш;

vii)          ёнғинга қарши кураш;

viii)         хавфли районларни аниқлаш ва белгилаш;

ix)           зарарсизлантириш ва шу каби бошқа ҳимоя чораларини кўриш;

x)            шошилинч равишда бошпана бериш ва таъминотни йўлга қўйиш;

xi)           фалокат районларида тиклаш ва тартибни сақлаш ишларига шошилинч ёрдам кўрсатиш;

xii)          зарурий коммунал хизматларни шошилинч равишда тиклаш;

xiii)         жасадларни шошилинч равишда дафн этиш;

xiv)        омон қолиш учун ўта зарур объектларни сақлаб қолишда кўмаклашиш;

xv)         юқорида қайд этилган вазифалардан ҳар қайсисини амалга ошириш учун зарур бўлган қўшимча фаолият, шу жумладан, режалаштириш ва ташкилотчилик ишлари,  аммо булар билангина чегараланиб қолмаслик керак;

b) «фуқаро мудофааси ташкилотлари» деганда «a» бандда тилга олинган вазифалардан ҳар қайсисини бажариш учун низолашаётган томонларнинг ваколатли маъмурлари  ташкил этган ёки ваколат берган ва худди шу вазифаларни бажаришга мўлжалланган ва фақат шу мақсадлардагина фойдаланиладиган муассасалар ва бошқа ташкилий бирликлар тушунилади;

c) фуқаро мудофааси ташкилотларининг «ходимлари» деганда низолашаётган томоннинг фақат «а» бандда тилга олинган вазифаларни бажариш учун тайинлаган шахслари, шу жумладан, низолашаётган томонларнинг ваколатли маъмурлари фақат шу ташкилотларни бошқариш учун тайинлаган ходимлар тушунилади;

d) фуқаро мудофааси ташкилотларининг «моддий қисми» деганда шу ташкилотлар томонидан «а» бандда тилга олинган фуқаро мудофаасига тааллуқли вазифаларни бажариш учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, материаллар ва транспорт воситалари тушунилади.

 

               

                62-модда

                Умумий ҳимоя

1.            Фуқаро мудофаасининг фуқаровий (ноҳарбий) ташкилотлари ва уларнинг ходимлари мазкур Протокол қоидаларига, айниқса, ушбу Бўлим қоидаларига мувофиқ ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланадилар. Улар фуқаро мудофааси юзасидан ўзларига топширилган вазифаларни бажариш ҳуқуқига эга; жуда муҳим ҳарбий зарурият тақозо этган ҳоллар бундан мустасно.

2.            Фуқаро мудофаасининг фуқаровий ташкилотларига аъзо бўлмаса ҳам, ваколатли маъмурларнинг чақириғига биноан ва уларнинг назорати остида фуқаро мудофааси вазифаларини бажараётган фуқаро шахсларга нисбатан ҳам 1-банднинг қоидалари қўлланилади. 

3.            Мазкур Протоколнинг 52-моддаси фуқаро мудофааси мақсадлари учун фойдаланиладиган бинолар ва моддий қисмга, шунингдек, фуқаро аҳоли учун бериладиган пана жойларга ҳам тааллуқлидир. Фуқаро мудофааси мақсадлари учун фойдаланиладиган объектларни, улар тегишли бўлган томондан ўзга томон, яксон этиши ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.

               

                63-модда

                Истило этилган ҳудудлардаги фуқаро мудофааси

1.            Истило этилган ҳудудларда фуқаро мудофаасининг ноҳарбий ташкилотлари маъмурлардан ўз вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган ёрдамни оладилар. Ҳеч қандай вазиятда уларнинг ходимлари ушбу вазифаларни муносиб даражада бажаришни қийинлаштирадиган ишларга мажбур этилмайди. Истилочи давлат ушбу ташкилотлар тизимига ёки ходимлари таркибига улар фаолиятининг самарали бажарилишини хавф остида қолдириши мумкин бўлган бирон-бир ўзгартириш киритмайди. Бундай ташкилотлардан ушбу давлат фуқаролари ва мафаатларини устун кўриш талаб этилмайди.

2.            Истилочи давлат фуқаро мудофаасининг ноҳарбий ташкилотларини ўз вазифаларини фуқаро аҳоли манфаатларига қайсидир жиҳатдан ёмон таъсир қиладиган аҳволда бажаришга ундаши, мажбурлаши ёки зўрлаши мумкин эмас.

3.            Истилочи давлат хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, фуқаро мудофааси ходимларини қуролсизлантириши мумкин.

4.            Истилочи давлат фуқаро мудофааси ташкилотларига тегишли бўлган ёки улар томонидан ишлатилаётган бинолар ёхуд моддий қисмнинг белгиланган мақсадларини ўзгартириши, реквизиция қилиши, агар бундай ўзгартириш ёки ревизиция қилиш фуқаро аҳолига зиён етказадиган бўлса, мумкин эмас.

5.            Агар 4-банддаги умумий қоидаларга амал қилиш давом этаётган бўлса, истилочи давлат қуйидаги аниқ шартлар мавжуд бўлган ҳолларда ушбу ресурсларни реквизиция қилиши ёки мўлжалланган мақсадини ўзгартириши мумкин:

a)            бу бинолар ёки моддий қисм фуқаро аҳолининг бошқа эҳтиёжлари учун зарур бўлса ва

b)           реквизиция қилиш ёки мақсадини ўзгартириш фақат бунга зарурат мавжуд бўлиб турган давр мобайнида амалга оширилса.

6.            Истилочи давлат фуқаро аҳоли фойдаланиши учун мўлжалланган ёки мазкур аҳолига зарур ҳисобланган пана жойларнинг мақсадини ўзгартириши ёхуд уларни реквизиция қилиши мумкин эмас.

               

                64-модда

                Бетараф давлатлар ёки низолашаётган томонлар ҳисобланмаган бошқа давлатлар фуқаро мудофаасининг ноҳарбий ташкилотлари  ва халқаро мувофиқлаштирувчи ташкилотлар

1.            62, 63, 65 ва 66-моддалар қоидалари низолашаётган томон ҳудудида шу томон розилиги билан ва назорати остида 61-моддада қайд этилган фуқаро мудофааси вазифаларини бажараётган бетараф давлатлар ёки низолашаётган томонлар бўлмаган бошқа давлатлар фуқаро мудофаасининг ноҳарбий ташкилотлари ходимлари ва моддий қисмига нисбатан ҳам қўлланилади. Ҳар қандай манфаатдор қарши томон бундай ёрдам тўғрисида иложи борича тезлик билан хабардор этилади. Ҳеч қандай вазиятда бу фаолиятга можарога аралашув сифатида қаралмайди. Аммо бундай фаолиятни низолашаётган манфаатдор томонлар хавфсизлиги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш зарур. 

2.            1-бандда қайд этилган ёрдамни олувчи низолашаётган томонлар ва бундай ёрдамни кўрсатувчи Олий Аҳдлашувчи Томонлар, зарур ҳолларда, фуқаро мудофааси соҳасидаги бу фаолият халқаро доирада мувофиқлаштирилиши учун ёрдам беришлари керак. Бундай ҳолларда мазкур бобнинг қоидалари тегишли халқаро ташкилотларга ҳам таалллуқли бўлади.

3.            Истило этилган ҳудудларда истилочи давлат фуқаро мудофаасига тааллуқли вазифаларни ўз воситалари ёки истило этилган ҳудуддаги мавжуд воситалар ёрдамида етарли даражада бажарилишини таъминлай олса, у бетараф давлатлар ёки низолашаётган томонлар ҳисобланмаган бошқа давлатлар фуқаро мудофаасининг ноҳарбий ташкилотлари ва халқаро мувофиқлаштирувчи ташкилотлар фаолиятини тақиқлаши ёки чеклаб қўйиши мумкин.

               

                65-модда

                Ҳимоя қилинишнинг тўхтатилиши

1.            Фуқаро мудофаасининг ноҳарбий ташкилотлари, уларнинг ходимлари, бинолар, пана жойлар ва моддий қисмлар ўз вазифаларидан ташқари, душманга зиён етказадиган ҳаракатларни содир этишса ёки шу каби ҳаракатларни содир этиш учун фойдаланилса, улар эга бўлган ҳимоя қилиниш ҳуқуқи тўхтатилади. Аммо ҳимоя қилинишни тўхтатиш зарур бўлган ҳар бир ҳолда оқилона тарзда аниқ муддат белгиланган огоҳлантириш юборилиб, ушбу огоҳлантириш эътиборга олинмаганидан сўнггина ҳимоя қилиниш тўхтатилиши мумкин.

2.            Қуйидагилар душманга зиён етказувчи ҳаракатлар ҳисобланмайди:

a)            фуқаро мудофааси вазифаларининг ҳарбий маъмурлар раҳбарлиги ёки назорати остида бажарилиши;

b)           фуқаро мудофааси вазифаларини бажаришда фуқаро мудофааси фуқаро ходимларининг ҳарбий шахсий таркиб билан ҳамкорлик қилиши ёки ҳарбий хизматчилардан муайян миқдорининг фуқаро мудофааси ноҳарбий ташкилотларига берилиши;

c)            фуқаро мудофааси вазифаларининг бажарилиши ҳарбийлар таркибидан бўлган жабрланганларга, хусусан, сафдан чиққанларга йўл-йўлакай фойда келтириши мумкинлиги.

3.            Шунингдек, фуқаро мудофааси ноҳарбий ходимларининг тартибни сақлаш ёки ўзини-ўзи муҳофаза қилиш мақсадида енгил шахсий қурол тақиб юриши ҳам душманга зиён етказувчи ҳаракат ҳисобланмайди. Аммо жанг бўлаётган ёки жанг бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган қуруқликдаги ҳудудларда, фуқаро мудофааси ходимларини комбатантлардан ажратиб олишни осонлаштириш мақсадида, низолашаётган томонлар бундай қуролларни пистолетлар ёхуд револьверлар каби қўл қуроллари билан чеклаш учун барча зарур чораларни кўрадилар. Ҳатто фуқаро мудофааси ходимлари бундай ҳудудларда бошқа турдаги енгил шахсий қурол тақиб юрган тақдирда ҳам, улар шундай статусда таниб олиниши биланоқ, ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади.

4.            Фуқаро мудофааси ноҳарбий ташкилотларининг ҳарбий намуна бўйича ташкил этилиши ва уларда мажбурий хизмат тартиби жорий қилиниши ҳам уларни ушбу бобда белгиланган ҳимоядан маҳрум этмайди.

               

                66-модда

                Таниб олиниш

1.            Низолашаётган томонларнинг ҳар бири ўзига тегишли фуқаро мудофааси ташкилотлари, уларнинг ходимлари, бинолари ва моддий қисмлари фақат фуқаро мудофаасига тааллуқли вазифаларни бажариш учун мўлжалланган пайтда таниб олиниши учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳаракат қилади. Фуқаро аҳолига мўлжалланган пана жойлар таниб олинишини ҳам худди шу тартибда таъминлаш лозим.

2.            Низолашаётган томонларнинг ҳар бири, шунингдек, фуқаро мудофаасининг халқаро фарқловчи белгиси билан белгиланадиган фуқаро мудофааси ташкилотларини, уларнинг ходимларини, бинолари ва моддий қисмларини таниб олиш имконини берадиган тегишли усул ва процедураларни қабул қилиш ва қўллашга ҳаракат қилади.

3.            Истило этилган ҳудудларда ва жанг бораётган ёки жанг бўлиши мумкин бўлган районларда фуқаро мудофаасининг фуқаро ходимлари фуқаро мудофаасининг халқаро фарқловчи белгиси ва уларнинг статусини тасдиқловчи шахсий гувоҳномалар ёрдамида таниб олинади.

4.            Фуқаро мудофаасининг халқаро фарқловчи белгиси фуқаро мудофааси ташкилотларини, уларнинг ходимлари, бинолари ва моддий қисмларини, шунингдек, фуқаролар учун пана жойларни ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланилаётганда апельсин ранги фонидаги тенг томонли зангори учбурчак кўринишида бўлади.

5.            Низолашаётган томонлар фуқаро мудофаасини таниб олиш мақсадида, фарқловчи белгидан ташқари, фарқловчи сигнал белгиларидан фойдаланиш ҳақида ҳам ўзаро келишиб олишлари мумкин.

6.            Ушбу модданинг 1-4-бандлари қоидаларининг қўлланилиши мазкур Протоколга I Илованинг V боби асосида тартибга солинади.

7.            Тинчлик даврида 4-бандда тавсифланган фарқловчи белгидан, ваколатли давлат маъмурларининг рухсати билан, фуқаро мудофаасини таниб олиш мақсадида фойдаланиш мумкин.

8.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар фуқаро мудофаасининг халқаро фарқловчи белгисидан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаш ва бу борадаги ҳар қандай суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш учун зарур чораларни кўрадилар.

9.            Фуқаро мудофаасининг тиббий ва диний ходимларини, тиббий тузилмалари ва санитария-транспорт воситаларини таниб олиш ҳам 18-модда асосида тартибга солинади.

               

                67-модда

                Фуқаро мудофааси ташкилотларига тайинланган қуролли кучларнинг  шахсий таркиби ва ҳарбий бўлинмалар

1.            Фуқаро мудофааси ташкилотларига тайинланган қуролли кучларнинг шахсий таркиби ва ҳарбий бўлинмалар қуйидаги шартлар асосида ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади:

a)            бундай шахсий таркиб ва бундай ҳарбий бўлинмалар 61-моддада кўрсатиб ўтилган ҳар қандай вазифани бажариш учун доимий тайинланади ва уларни бажариш билангина машғул бўлади;

b)           бундай тартибда тайинланган шахсий таркиб можаро даврида бошқа ҳеч қандай ҳарбий мажбуриятларни бажармайди;

c)            ушбу шахсий таркиб қуролли кучлар таркибига кирувчи бошқа шахслардан ўзининг кўринарли жойига иложи борича каттароқ ўлчамдаги фуқаро мудофаасининг халқаро фарқловчи белгисини тақиб юриши билан ажралиб туради ва бу шахсий таркиб мазкур Протоколга I илованинг V бобида қайд этилган, уларнинг статусини тасдиқловчи шахсий гувоҳномалар билан таъминланади;

d)           бундай шахсий таркиб ва бундай ҳарбий бўлинмалар тартибни сақлаш ёки ўзини-ўзи муҳофаза қилиш мақсадида фақат енгил шахсий қуролгагина эга бўлади. Бундай ҳолларда 65-модда 3-бандининг қоидалари ҳам қўлланилади;

e)           бундай шахсий таркиб ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмайди, фуқаро мудофааси бўйича ўз вазифаларидан ташқари, қарши томонга зиён етказувчи ҳаракатлар содир этмайди ёхуд бундай ҳаракатларни содир этишда улардан фойдаланилмайди;

f)            бундай шахсий таркиб ва бундай ҳарбий бўлинмалар ўзларининг фуқаро мудофааси бўйича ўз вазифаларини фақат ўзлари мансуб томоннинг миллий ҳудуди доирасида амалга оширади.

                Юқоридаги «а» ва «b» бандларда назарда тутилган шартларга дахлдор бўлган қуролли кучлар таркибига кирувчи ҳар қандай шахс томонидан юқоридаги «е» бандда баён этилган талабларга амал қилмаслик тақиқланади.

2.            Қуролли кучлар таркибига кирувчи ва фуқаро мудофааси ташкилотларида хизмат қилувчи шахслар қарши томон ҳукми остига тушиб қолган тақдирда, улар ҳарбий асир ҳисобланади. Истило этилган ҳудудда, бунга зарурат туғилса, улар фақат ушбу ҳудуднинг фуқаро аҳолиси манфаатлари учун фуқаро мудофааси вазифаларини бажаришга жалб этилиши мумкин, агар бундай иш хатарли бўлса, улар ихтиёрий равишда уни бажаришга розилик билдиришлари шарт.

3.            Фуқаро мудофааси ташкилотларига тайинланган ҳарбий бўлинмаларнинг бинолари, йирик асбоб-ускуналари ва транспорт воситалари фуқаро мудофаасининг халқаро фарқловчи белгиси билан аниқ-равшан белгиланиши керак. Бу фарқловчи белги иложи борича катта ўлчамда бўлиши лозим.

4.            Фуқаро мудофааси ташкилотларига доимий асосда тайинланган ва фақат фуқаро мудофааси бўйича вазифаларни бажаришга мўлжалланган ҳарбий бўлинмаларнинг моддий қисм ва бинолари қарши томоннинг қўлига тушиб қолганда, улар уруш қонунларига бўйсунишда давом этадилар. Токи фуқаро мудофааси бўйича вазифаларни бажаришда улардан фойдаланиш зарурати мавжуд экан, улар фуқаро мудофааси мақсадларидан бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас; агар фуқаро аҳоли эҳтиёжларини етарли даражада таъминлаш борасида олдиндан тегишли чоралар кўрилмаган бўлса, қатъий ҳарбий зарурат тақозосига кўра улардан фойдаланиш бундан мустасно.

               

                II б ў л и м

                ФУҚАРО АҲОЛИГА ЁРДАМ

               

                68-модда

                Қўлланиш соҳаси

                               Ушбу бўлим қоидалари, мазкур Протоколда таърифланганидек, фуқаро аҳолига нисбатан қўлланилади ва Тўртинчи конвенциянинг 23, 55, 59, 60, 61 ва 62-моддалари ва бошқа тегишли қоидаларига қўшимча ҳисобланади.

               

                69-модда

                Истило этилган ҳудудлардаги асосий эҳтиёжлар

1.            Тўртинчи конвенциянинг 55-моддасида санаб ўтилган озиқ-овқат ва дори-дармонлар таъминотига тааллуқли мажбуриятларга қўшимча сифатида, истилочи давлат ўз ихтиёридаги воситалардан имкон қадар кенг фойдаланиб ва ҳеч қандай номуносиб равишда фарқ ажратмасдан, истило этилган ҳудуддаги фуқаро аҳолини кийим-кечак, чойшаблар, бошпана воситалари ва жон сақлаш учун ўта зарур бўлган бошқа хил заҳиралар, шунингдек, диний урф-одатларни ўташ учун зарур бўлган нарсалар билан таъминлайди.

2.            Истило этилган ҳудудларнинг фуқаро аҳолисига ёрдам кўрсатиш бўйича тадбирлар Тўртинчи конвенциянинг 59, 60, 61, 62, 108, 109, 110 ва 111-моддалари, шунингдек, мазкур Протоколнинг 71-моддаси билан тартибга солинади ва кечиктирмасдан амалга оширилади.

               

                70-модда

                Ёрдам кўрсатиш тадбирлари

1.            Агар можарода қатнашаётган томон назорати остида жойлашган ҳар қандай ҳудуднинг, истило этилган ҳудуд бундан мустасно, фуқаро аҳолиси 69-моддада кўрсатиб ўтилган заҳиралар билан етарли даражада таъминланмаётган бўлса, у ҳолда ёрдам кўрсатиш тадбирлари амалга оширилади; бундай тадбирлар инсонпарварлик ва холислик характерига эга бўлиб, ёрдам кўрсатишдан манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ ва ҳеч қандай номуносиб равишда фарқ ажратмасдан амалга оширилади. Юқорида кўрсатилган шартларга жавоб берувчи ёрдам кўрсатиш ҳақидаги таклифларга қуролли можарога аралашиш ёки нодўстона хатти-ҳаракатлар сифатида қаралмайди. Ёрдам юкларини тақсимлашда болалар, ҳомиладор аёллар, чақалоқли ва ёш болали оналар каби, Тўртинчи конвенция ёки мазкур Протоколга мувофиқ, алоҳида имтиёзлар ва алоҳида ҳимоядан фойдаланувчи шахсларга биринчи ўринда эътибор берилади.

2.            Низолашаётган томонлар ва Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Бўлимга мувофиқ ёрдам кўрсатиш мақсадида тақдим этилаётган барча юклар, асбоб-ускуналар ва ходимларнинг тезлик билан ва қаршиликсиз ташиб ўтилишига рухсат беради ва, ҳатто бундай ёрдам қарши томоннинг фуқаро аҳолисига мўлжалланган бўлса ҳам, уни етказишда кўмаклашади.

3.            Юклар, асбоб-ускуналар ва ходимларнинг 2-бандга мувофиқ ёрдам кўрсатиш мақсадида ташиб ўтилишига рухсат этаётган низолашаётган томонлар ва Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири:

a)            бундай ташиб ўтишга рухсат беришдан олдин бажарилиши лозим бўлган муайян техник чораларни, шу жумладан, кўздан кечиришни жорий этиш ҳуқуқига эга;

b)           бу ёрдамнинг жойлардаги тақсимоти Ҳомий-Давлат назорати остида амалга оширилишини шундай ташиб ўтишга рухсат беришнинг шарти қилиб белгилаши мумкин;

c)            ёрдам юкининг дастлабки мақсадини ҳеч қандай тарзда ўзгартирмайди ва уларни ташиб ўтишни тўхтатиб қолмайди; тегишли фуқаро аҳоли манфаати учун шошилинч зарурат туғилган ҳоллар бундан мустасно.

4.            Низолашаётган томонлар ёрдам юкларининг ҳимоясини таъминлайди ва уларнинг тезлик билан тақсимланишига кўмаклашади.

5.            Низолашаётган томонлар ва Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири 1-бандда айтиб ўтилган ёрдам кўрсатиш тадбирларини самарали халқаро мувофиқлаштиришни рағбатлантиради ва унга ёрдам беради.

               

                71-модда

                Ёрдам кўрсатиш тадбирларида қатнашувчи ходимлар

1.            Зарур ҳолларда ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга оширишда, айниқса, ёрдам юкларини ташиш ва тақсимлашда кўмаклашиш учун ходимларни ажратиш мазкур тадбирларнинг бир қисми бўлиши мумкин; бундай ходимларнинг ёрдам кўрсатиш тадбирларини бажаришда қатнашиши учун улар ўз вазифаларини бажарадиган ҳудуд мансуб бўлган томоннинг розилиги олиниши керак.

2.            Бундай ходимлар ҳурмат ва ҳимоядан фойдаланади.

3.            Ёрдам юкини олувчи ҳар бир томон 1-бандда кўрсатиб ўтилган ходимларга ёрдам кўрсатиш вазифаларини бажаришида амалда мумкин бўлган даражада кўмаклашади. Фақат қатъий ҳарбий зарурат туфайли бундай ходимларнинг фаолияти ва ҳаракатланиши вақтинча чеклаб қўйилиши мумкин.

4.            Ҳеч қандай вазиятда ёрдам кўрсатиш тадбирларида қатнашувчи ходимлар, мазкур Протоколга мувофиқ, ўз вазифалари доирасидан четга чиқишлари мумкин эмас. Хусусан, улар ўз зиммаларидаги вазифаларини бажараётган ҳудуд мансуб бўлган томоннинг хавфсизлик бўйича талабларини эътиборга олиши шарт. Бундай ходимлар таркибига кирувчи ҳар қандай шахснинг фаолияти,  у ушбу шартларга амал қилмаса, тўхтатилиши мумкин.     

               

                III б ў л и м

               

                НИЗОЛАШАЁТГАН ТОМОН ҲУКМИ ОСТИДА БЎЛГАН

                ШАХСЛАР БИЛАН МУОМАЛА ҚИЛИШ

               

                I  Б О Б

                ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ ҲАМДА ШАХС ВА ОБЪЕКТЛАР ҲИМОЯСИ

               

                72-модда

                Қўлланиш соҳаси

                Мазкур Бўлим қоидалари Тўртинчи конвенциядаги, хусусан, унинг I ва III қисмларида ифодаланган, низолашаётган томон ҳукми остида бўлган фуқаро шахслар ва фуқаро объектларини гуманитар ҳимоя қилишга тааллуқли нормаларга, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг халқаро қуролли можаролар даврида инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли бошқа нормаларига қўшимчадир.

               

                73-модда

                Қочоқлар ва апатридлар

                Манфаатдор томонлар қабул қилган тегишли халқаро ҳужжатларга кўра ёки бошпана берган давлат ёхуд яшаш жойи бўлган давлат миллий қонунчилигига мувофиқ ҳарбий ҳаракатлар бошланишига қадар апатридлар ёки қочоқлар сифатида қаралган шахслар, ҳар қандай шароитларда ва ҳеч қандай номувофиқ фарқ ажратишларсиз, Тўртинчи конвенциянинг I ва III қисмлари мазмунига кўра,  ҳимоядан фойдаланувчи шахслар ҳисобланади. 

               

                74-модда

                Ажратилган оилаларни қайта бирлаштириш

                Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар қуролли можаролар натижасида ажралиб кетган оилаларнинг қайта бирлаштирилишига мумкин бўлган ҳар қандай йўллар билан ёрдам берадилар ва, хусусан, Конвенциялар ва мазкур Протокол қоидаларига мувофиқ ҳамда ўзларининг тегишли хавфсизлик қоидалари асосида бу вазифаларни бажараётган инсонпарварлик ташкилотларининг фаолиятини рағбатлантирадилар.

               

                75-модда

                Асосий кафолатлар

1.            Мазкур Протоколнинг 1-моддасида кўрсатиб ўтилган вазият тақозосидан келиб чиққан ҳолда, можарода иштирок этаётган томоннинг ҳукми остида бўлган ва Конвенциялар ёки мазкур Протоколга мувофиқ яхшироқ муомаладан фойдаланмаётган шахсларга ҳар қандай вазиятда ҳам инсоний муомала қилинади ва улар ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини ёки эътиқоди, сиёсий ёхуд бошқа хил маслаги, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёки бошқа бирон-бир статуси ва шунга ўхшаш бошқа мезонларга асосланган номувофиқ фарқ ажратишларсиз ушбу моддада кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланади. Ҳар бир томон бундай кишиларнинг шахсияти, ор-номуси, эътиқоди ва диний урф-одатларига ҳурмат билан қараши керак.

2.            Қуйидаги хатти-ҳаракатлар, уларни фуқаро ёки ҳарбий маъмурият вакиллари томонидан ва қандай важ билан содир этилганлигидан қатъи назар, тақиқланган, ҳар доим ва ҳамма жойда тақиқланади:

a)            кишиларнинг ҳаётига, соғлиғига ва жисмоний ёки руҳий ҳолатига нисбатан зўравонлик ишлатиш, хусусан:

i)             ўлдириш;

ii)            хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин, қийноқнинг барча турлари;  

iii)           тан жазолари, ва

iv)           майиб қилиш;

b)           инсоний қадр-қимматни таҳқирлаш, хусусан, камситувчи ва ҳақоратловчи муомала қилиш, фоҳишабозликка мажбурлаш ёки бошқа ҳар қандай шаклдаги номуносиб тазйиқлар ўтказиш;

c)            гаровга олиш;

d)           коллектив жазолаш, ва

e)           юқорида кўрсатилган ҳаракатлардан биронтасини содир этиш билан таҳдид қилиш.

3.            Қуролли можаро билан боғлиқ ҳаракатлари учун қамалган, қўлга олинган ёки интернирланган ҳар қандай шахс бундай чоралар кўрилишининг сабаблари тўғрисида унинг учун тушунарли тилда кечиктирмай хабардор этилиши зарур. Жиноий ҳуқуқбузарлик учун қамаш ёки қўлга олиш ҳолларини истисно қилганда, бундай шахсларнинг қамалиши, қўлга олиниши ёки интернирланишини оқловчи вазиятлар барҳам топиши биланоқ, улар қисқа муддат ичида ва қандай вазият бўлмасин, озод этилиши керак.

4.            Қуролли можаро билан боғлиқ жиноий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан ҳеч қандай ҳукм чиқарилиши ва унинг ҳеч қандай жазога тортилиши мумкин эмас; холис ва тегишли тартибда таъсис этилган ва қуйида санаб ўтилган одатдаги судлов ишларининг ҳамма эътироф этган тамойилларига амал қиладиган судларнинг қарорлари бундан мустасно:

a)            айбланувчи ўзига айб сифатида юкланаётган ҳуқуқбузарликнинг тафсилотларидан кечиктирмасдан хабардор этилиши, айбланувчига судгача ва суд пайтида барча зарур ҳуқуқлар ва ҳимоя воситалари берилиши процедурада кўзда тутилиши керак;

b)           шахсий жиноий жавобгарликка асосланилмаса, бирон-бир шахс ҳуқуқбузарлик учун суд қилинмаслиги керак;

c)            бирон-бир шахс томонидан муайян ҳаракат ёки хатолик содир этилган пайтда бу шахсга таъсир этадиган миллий қонунчилик ёки халқаро ҳуқуқ нормаларида жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида қаралмайдиган бу ҳаракат ва хатоликлар учун у жиноий ҳуқуқбузарликда айбланиши ёки шу айб бўйича судланиши мумкин эмас; тенг равишда ушбу жиноий ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда қўлланилганига нисбатан шафқатсизроқ жазо қўлланилиши ҳам мумкин эмас; агар ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин қонун асосида нисбатан енгил жазо белгиланадиган бўлса, бу қонуннинг таъсири ушбу ҳуқуқбузарга ҳам тегишлидир;

d)           ҳуқуқбузарликда айбланаётган ҳар қандай шахснинг айби қонун асосида исбот этилмагунча, у айбсиз ҳисобланади;

e)           ҳуқуқбузарликда айбланаётган ҳар қандай шахс суд бўлаётганда шахсан ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга;

f)            ҳеч бир шахс ўзига қарши гувоҳлик беришга ёки ўзини-ўзи айбдор деб тан олишга мажбур этилмаслиги керак;

g)            ҳуқуқбузарликда айбланаётган ҳар қандай шахс унга қарши кўрсатма бераётган гувоҳларни сўроқ қилиш ёки уларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, шунингдек, ўзига қарши кўрсатма бераётган гувоҳлар билан тенг шароитда уни ёқлаб кўрсатма берадиган гувоҳларни чақириш ва сўроқ қилишни талаб этиш ҳуқуқларига эга;

h)           муайян томон қонунчилиги ва судлов жараёнига мувофиқ шу ҳуқуқбузарлик учун бирор бир шахсга нисбатан илгари оқлаш ёки жазолаш ҳақида якуний ҳукм чиқарилган бўлса, ушбу томон бундай ҳеч бир шахсни шу ҳуқуқбузарлик учун таъқиб этиши ёки жазолаши мумкин эмас;  

i)             ҳуқуқбузарлиги учун судлов тартибида таъқиб этилаётган ҳар қандай шахс ўзига нисбатан суд ҳукми ошкора эълон қилиниши ҳуқуқига эга; ва

j)             ҳукм чиқариш пайтида судланувчига унинг судлов ёки бошқа тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи мавжудлиги, шунингдек, бу ҳуқуқдан қанча муддат мобайнида фойдаланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилиниши керак.

5.            Қуролли можаро билан боғлиқ сабаблар туфайли озодлиги чекланган аёллар эркаклар жойлашган бинолардан ажратилган биноларга жойлаштирилади. Улар бевосита аёлларнинг назоратида бўлади. Аммо оилалар қўлга олинган ёки интернирланган ҳолларда, улар иложи борича бир жойга ва ҳар бир оила алоҳида тарзда жойлаштирилади.

6.            Қуролли можаро билан боғлиқ ҳаракатлари учун қамалган, қўлга олинган ёки интернирланган ҳар қандай шахс тўла озод этилиши, ватанига қайтарилиши ёки жойлаштирилишига қадар, ҳатто қуролли можаро тугаган бўлса ҳам, мазкур моддада кўзда тутилган ҳимоядан фойдаланади.

7.            Ҳарбий жиноятлар ёки инсониятга қарши жиноятларда айбланаётган шахсларни таъқиб этиш ва суд қилишга нисбатан ҳеч қандай шубҳага йўл қўймаслик учун қуйидаги тамойиллар қўлланилади:

a)            бундай жиноятларда айбланувчи шахслар халқаро ҳуқуқнинг қўлланилаётган нормаларига мувофиқ таъқиб этилиши ва суд қилиниши зарур;

b)           Конвенцияларга мувофиқ ва мазкур Протоколга кўра янада яхшироқ муомаладан фойдаланмаётган бу каби ҳар қандай шахслар, улар айбдор деб қаралаётган жиноятлар Конвенциялар ва мазкур Протокол қоидаларининг жиддий бузилиши эканлиги ёки йўқлигидан қатъи назар, ушбу моддада кўзда тутилган муомаладан фойдаланадилар.

8.            Ушбу модданинг бирон-бир қоидаси 1-бандда қайд этилган шахсларга нисбатан халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай қўлланилаётган нормаларига мувофиқ катта имтиёзли ҳимоя беришни кўзда тутувчи янада қулай қоидаларни чеклайдиган ёки уларга зиён етказадиган мазмунда талқин этилмаслиги керак.

               

                II  Б О Б

                АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

               

                76-модда

                Аёллар ҳимояси

1.            Аёллар алоҳида ҳурматдан фойдаланади ва улар, хусусан, номусга тегиш, фоҳишабозликка мажбурлаш ва бошқа ҳар хил номуносиб тажовузлардан ҳимоя билан таъминланади.

2.            Қуролли можаро билан боғлиқ сабабларга кўра қамалган, қўлга олинган ёки интернирланган ҳомиладор аёллар ва қарамоғида ёш боласи бўлган аёлларга оид ишлар биринчи навбатда кўриб чиқилади.

3.            Низолашаётган томонлар қуролли можаро билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этган ҳомиладор аёллар ва қарамоғида ёш боласи бўлган аёлларга нисбатан иложи борича ўлим жазоси бериш ҳақида ҳукм чиқармасликка ҳаракат қиладилар. Бундай аёлларга нисбатан ушбу ҳуқуқбузарликлар учун чиқарилган ўлим жазоси бериш ҳукми ижро этилмайди.

               

                77-модда

                Болаларни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар

1.            Болалар алоҳида ҳурматдан фойдаланадилар ва улар ҳар қандай турдаги номуносиб тажовузлардан ҳимоя билан таъминланади. Низолашаётган томонлар уларни ёши ёки бошқа ҳар қандай сабаблар туфайли талаб қилинадиган ҳимоя ва ёрдам билан таъминлайдилар.     

2.            Низолашаётган томонлар ўн беш ёшга тўлмаган болалар ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаслиги учун зарур бўлган барча амалий чораларни кўрадилар, хусусан, томонлар уларни ўз қуролли кучларига ёллашдан сақланадилар. Ўн беш ёшга тўлган, аммо ҳали ўн саккизга кирмаган шахсларни ёллаш пайтида, низолашаётган томонлар иложи борича ёши каттароқларни афзал кўришга ҳаракат қиладилар.

3.            Борди-ю, 2-банд қоидаларига хилоф равишда, фавқулодда ҳолларда ўн беш ёшга тўлмаган болалар ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этишса ва душман томон ҳукми остига тушиб қолишса, улар ҳарбий асир экани ёки йўқлигидан қатъи назар, мазкур моддада кўзда тутилган алоҳида ҳимоядан фойдаланишда давом этадилар.

4.            Қуролли можаро билан боғлиқ сабабларга кўра қамалган, қўлга олинган ёки интернирланган болалар, 75-модданинг 5-бандида кўзда тутилганидек, оилаларнинг алоҳида жойлаштирилишидан ташқари ҳолларда, катталарнинг хоналаридан ажратилган алоҳида хоналарга жойлаштирилади.

5.            Қуролли можаро билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликни содир этган пайтида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан шу ҳуқуқбузарлик учун чиқарилган ўлим жазоси бериш ҳақидаги ҳукм ижро этилмайди.

               

                78-модда

                Болаларни эвакуация қилиш

1.            Низолашаётган томонларнинг ҳеч бири ўз фуқароси бўлмаган болаларни хорижий давлатга эвакуация қилиш бўйича чора қўлламайди; болалар соғлиғининг аҳволи ёки даволаниши зарурати, ёхуд улар истило этилган ҳудудда бўлмасалар, уларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ шошилинч сабабларга кўра вақтинча эвакуация қилиш ҳақида гап бораётган ҳоллар бундан мустасно. Болаларнинг ота-онаси ёки қонуний васийларини топиш мукин бўлган тақдирда, бундай эвакуация учун улардан ёзма розилик олиниши зарур. Агар бундай шахсларни топиб бўлмаса, қонунга асосан ёки таомил бўйича болаларга ҳомийлик қилиш учун асосий жавобгар ҳисобланган шахслардан бундай эвакуация учун ёзма розилик олинади. Бу каби ҳар қандай эвакуация жараёни Ҳомий-Давлат назорати остида ва манфаатдор томонлар, яъни эвакуацияни амалга оширувчи томон, болаларни қабул қилиб олувчи томон ва фуқаролари эвакуация қилинаётган ҳар қандай томон ўртасидаги келишувга мувофиқ бажарилади. Ҳар бир ҳолатда низолашаётган томонлар эвакуацияга хавф туғдирмаслик учун имконият доирасидаги барча амалий чораларни кўрадилар.

2.            1-бандга мувофиқ эвакуация амалга оширилувчи барча ҳолларда ҳар бир боланинг эвакуация даврида ўқитилиши, шу жумладан, ота-онасининг хоҳишига кўра диний ва ахлоқий тарбияланиши имкони борича узлуксиз равишда таъминланади.  

3.            Мазкур моддага мувофиқ эвакуация қилинган болаларнинг ўз оиласига, ўз мамлакатига қайтаришни енгиллатиш мақсадида, эвакуацияни амалга оширувчи томон маъмурлари, ва, мақсадга мувофиқ топилган ҳолларда эса, қабул қилувчи томоннинг маъмурлари ҳар бир болага фотосуратли махсус карточка тўлдиради ва уни Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий маълумотлар агентлигига жўнатади. Ҳар бир карточкада, иложи бўлса ва бу болага зиён етказувчи хавф туғдирмаса, қуйидаги маълумотлар қайд этилиши керак:

a)            боланинг фамилияси (фамилиялари);

b)           боланинг исми (исмлари);

c)            боланинг жинси;

d)           туғилган жойи ва санаси (туғилган санаси номаълум бўлса, тахминий ёши);

e)           отасининг тўлиқ исми;

f)            онасининг тўлиқ исми ва қизлик фамилияси, агар сақланган бўлса;

g)            боланинг яқин қариндош-уруғлари;

h)           боланинг миллати;

i)             боланинг она тили ва у сўзлаша оладиган бошқа ҳар қандай тиллар;

j)             бола оиласининг адреси;

k)            болага тааллуқли ҳар қандай шахсий номер;

l)             бола соғлигининг аҳволи;

m)          боланинг қон гуруҳи;

n)           алоҳида белгилари;

o)           бола топилган сана ва жой;

p)           бола ўз мамлакатини тарк этган сана ва у тарк этган жойнинг номи;

q)           бола мансуб бўлган дин, агар бўлса;

r)            болани қабул қилган мамлакатдаги ҳақиқий адреси;

s)            бола қайтиб келмасдан олдин вафот этган тақдирда, вафотининг санаси, жойи, ўлим сабаблари ва у дафн этилган жой.

               

                III  Б О Б

                ЖУРНАЛИСТЛАР

               

                79-модда

                Журналистларни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар

1.            Қуролли можаролар ҳудудида хатарли хизмат сафарида бўлган журналистлар 50-модданинг 1-банди мазмунидаги фуқаро шахслар деб ҳисобланади.

2.            Улар фуқаро шахс сифатида ўз статусларига мос келмайдиган ҳеч қандай ҳаракат содир этмаслик ва қуролли кучлар қошида аккредитация қилинган ҳарбий мухбирларнинг Учинчи конвенциянинг 4-моддаси А.4-бандида кўзда тутилган статусига мос ҳуқуқига зиён етказмаслик шарти билан тегишли Конвенциялар ва мазкур Протоколга мувофиқ ҳимоядан фойдаланадилар.

3.            Улар мазкур Протоколнинг II иловасида кўрсатилган намунадагидек шахсий гувоҳнома олишлари мумкин. Журналист фуқароси бўлган, ёки ҳудудида у доимий яшаб турган, ёхуд у ишлаб турган ахборот агентлиги жойлашган давлатнинг ҳукумати томонидан бериладиган ушбу гувоҳнома уни кўрсатувчи журналист статусига эга эканини тасдиқлайди.

               

                V қ и с м

                КОНВЕНЦИЯЛАР ВА МАЗКУР

                ПРОТОКОЛНИНГ БАЖАРИЛИШИ

               

                I б ў л и м

                УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

               

                80-модда

                Бажариш бўйича чоралар

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар кечиктирмасдан Конвенциялар ва мазкур Протоколда зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажариш бўйича зарур бўлган барча чораларни кўрадилар.  

2.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар Конвенциялар ва мазкур Протоколга амал қилишни таъминлаш мақсадида буйруқ ва фармойишлар берадилар ва уларнинг ижросини назорат қиладилар.

               

                81-модда

                Қизил Хоч ва бошқа инсонпарварлик ташкилотларининг фаолияти

1.            Низолашаётган томонлар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси можаролар қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам беришни таъминлаш мақсадида Конвенциялар ва мазкур Протокол унинг зиммасига юклаган инсонпарварлик вазифаларини бажариши учун унга имкониятлари доирасидаги барча воситаларни берадилар; Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси низолашаётган томонларнинг розилиги билан бундай қурбонлар фойдасига қаратилган бошқа ҳар қандай инсонпарварлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

2.            Низолашаётган томонлар ўзларининг тегишли Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) ташкилотларига, Конвенциялар ва мазкур Протокол қоидаларига ҳамда Қизил Хочнинг Халқаро конференцияларида ифодаланган асосий тамойилларига мувофиқ, бундай можаро қурбонлари фойдасига қаратилган инсонпарварлик фаолиятини амалга оширишлари учун зарур бўлган воситаларни берадилар; 

3.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) ташкилотлари ва Қизил Хоч жамиятлари Лигасининг можаролар қурбонларига Конвенциялар ва мазкур Протокол қоидаларига ҳамда Қизил Хочнинг Халқаро конференцияларида ифодаланган асосий тамойилларига мувофиқ кўрсатаётган ёрдамларига имкони бўлган усуллар билан кўмаклашадилар.   

4.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар Конвенциялар ва мазкур Протоколда эслатиб ўтилган ва низолашаётган томонлар тегишли тартибда ваколат берган ҳамда Конвенциялар ва мазкур Протокол қоидалари асосида ўз инсонпарварлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа инсонпарварлик ташкилотларига 2 ва 3-бандларда қайд этилгани каби воситаларни ўз имкониятлари доирасида берадилар.

               

                82-модда

                Қуролли кучлардаги юридик маслаҳатчилар

                Олий Аҳдлашувчи Томонлар исталган вақтда ва низолашаётган томонлар қуролли можаролар даврида юридик маслаҳатчилар мавжуд бўлишини таъминлайдилар. Токи бу маслаҳатчилар, зарур ҳолларда, ҳарбий командирларга  муайян даражада Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг қўлланилиши ҳақида маслаҳатлар, қуролли кучларга эса мазкур масала юзасидан тегишли кўрсатмалар беришга қодир бўлишлари керак.

               

                83-модда

                Оммалаштириш

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар тинчлик даврида ҳам, қуролли можаролар даврида ҳам Конвенциялар ва мазкур Протоколни ўз мамлакатларида имкон қадар кенг ёйиш, хусусан, уларни ўрганишни ҳарбий тайёргарлик дастурларига киритиш ва уларнинг фуқаро аҳоли томонидан ўрганилишини рағбатлантириш мажбуриятларини ўз зиммасига олади, токи бу ҳужжатлардан қуролли кучлар ҳам, фуқаро аҳоли ҳам хабардор бўлсин.

2.            Қуролли можаролар даврида Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг қўлланилиши билан боғлиқ масъулиятни ўз зиммасига олган ҳар қандай ҳарбий ёки фуқаро маъмурлар бу ҳужжатларнинг матни билан тўлиқ танишиб чиқишлари керак.

               

                84-модда

                Қўллаш қоидалари

                Олий Аҳдлашувчи Томонлар депозитарий орқали, зарур ҳолларда Ҳомий-Давлатлар орқали, мазкур Протоколнинг ўзларидаги расмий таржималарини, шунингдек, унинг қўлланилишини таъминлаш учун қабул қилишлари мумкин бўлган қонун ва низомларни энг қисқа муддатларда бир-бирларига жўнатадилар.

               

                II б ў л и м

                КОНВЕНЦИЯЛАР ВА МАЗКУР ПРОТОКОЛ  БУЗИЛИШЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

               

                85-модда

                Мазкур Протокол бузилишларининг олдини олиш

1.            Конвенцияларнинг ушбу Бўлим билан тўлдирилган (қоида)бузилишлар ва жиддий (қоида)бузилишларига барҳам беришга тааллуқли қоидалари мазкур Протоколнинг бузилишлари ва жиддий бузилишларининг олдини олиш учун қўлланилади.    

2.            Конвенцияларда жиддий (қоида)бузилишлар сифатида таърифланган ҳаракатлар, агар улар қарши томон ҳукми остида бўлган ва мазкур Протоколнинг 44, 45 ва 73-моддалари ҳимоясидан фойдаланувчи шахсларга, ёки қарши томонга мансуб бўлган ва мазкур Протокол ҳимоясидан фойдаланувчи ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларга, ёхуд қарши томон назорати остида бўлган ва мазкур Протокол ҳимоясидан фойдаланувчи тиббий ва диний ходимлар, тиббиёт тузилмалари ёки санитария-транспорт воситаларига қарши амалга оширилган бўлса, мазкур Протоколнинг жиддий бузилишлари деб ҳисобланади.

3.            11-моддада қайд этилган жиддий (қоида)бузилишларга қўшимча сифатида мазкур Протоколнинг тегишли қоидаларини қасддан бузган ҳолда содир этилган ва ўлимга ёки жиддий тан жароҳатига ёхуд саломатликка зиён етказишга сабаб бўлган қуйидаги ҳаракатларга мазкур Протоколнинг жиддий бузилишлари сифатида қаралади:

a)            фуқаро аҳолини ёки алоҳида фуқаро шахсларни ҳужум объектига айлантириш;

b)           фуқаро аҳолига ва фуқаро объектларига дахл қилувчи танланмасдан қилинадиган ҳужумларни амалга ошириш, бундай ҳужум 57-модданинг 2 «a.iii» бандида қайд этилганидек, фуқаро шахслар орасида хаддан ортиқ қурбонлар ва ярадорлар пайдо бўлишига ёки фуқаро объектларига зиён етишига олиб келиши маълум бўлса;

c)            хатарли кучларни тутиб турган қурилма ва иншоотларга қарата ҳужум қилиш, бундай ҳужум 57-модданинг 2 «a.iii» бандида қайд этилганидек, фуқаро шахслар орасида хаддан ортиқ қурбонлар ва ярадорлар пайдо бўлишига ёки фуқаро объектларига зиён етишига олиб келиши маълум бўлса;

d)           мудофаа қилинмайдиган жойлар ва демилитаризация қилинган зоналарни ҳужум объектига айлантириш;

e)           бирор-бир шахснинг ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни тўхтатганлиги маълум бўлса ҳам, унга қарши ҳужум қилиш;

f)            қизил хоч, қизил ярим ой ёки қизил шер ва қуёш каби фарқловчи белгилардан ёхуд Конвенциялар ва мазкур Протоколда эътироф этилган бошқа ҳимоя белгиларидан 37-моддага хилоф равишда мунофиқлик билан фойдаланиш.

4.            Юқоридаги бандларда ва Конвенцияларда кўрсатиб ўтилган жиддий (қоида)бузилишларга қўшимча сифатида қуйидаги ҳаракатларга, агар улар қасддан ҳамда Конвенцияларга ёки мазкур Протоколга хилоф равишда содир этилса, мазкур Протоколнинг жиддий бузилиши деб қаралади:

a)            истилочи давлат томонидан ўз фуқаро аҳолисининг бир қисмини ўзи босиб олган ҳудудга кўчирилиши ёки истило этилган ҳудуд аҳолисининг барчасини ёки бир қисмини ушбу ҳудуд ичида ёхуд ундан ташқарига Тўртинчи конвенциянинг 49-моддасига хилоф равишда кўчирилиши ёки депортация қилиниши;

b)           ҳарбий асирлар ёки фуқаро шахсларни ватанига қайтаришни асоссиз ҳолда тўхтатиб туриш;

c)            апартеид амалиётини ва бошқа шу каби ғайриинсоний ва инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, ирқий камситишларга асосланган ҳақоратомуз ҳаракатларни қўллаш;

d)           халқларнинг маданий ёки маънавий мероси бўлган ва махсус битимлар, масалан, ваколатли ташкилот доирасида тузилган битимлар томонидан алоҳида ҳимояланган ва аниқ таниб олиш мумкин бўлган тарихий ёдгорликларни, санъат асарлари ёки ибодат масканларини ҳужум объектига айлантириш, оқибатда уларни кенг миқёсда вайрон этиш, бунда қарши томон 53-модданинг «b» бандини бузгани ҳақида тегишли маълумотлар мавжуд бўлмаса, ва ушбу тарихий ёдгорликлар, санъат асарлари ёки ибодат масканлари ҳарбий объектларнинг бевосита яқинида жойлашмаган бўлса;

e)           Конвенциялар ҳимоясидан фойдаланувчи ёки мазкур модданинг 2-бандида кўрсатиб ўтилган шахсни холис ва одатий тартибда судланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш.

5.            Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг қўлланилишига зиён етказмаган ҳолда, ушбу ҳужжатларни жиддий равишда бузишга ҳарбий жиноят деб қаралади.

               

                86-модда

                Чора кўрмаслик

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар жиддий (қоида)бузилишларга барҳам бериши ва чора кўрилмаганлик натижасида юз берган Конвенциялар ва мазкур Протоколни бузишларнинг барчасига барҳам бериш учун тегишли зарур чора-тадбирлар кўриши керак.

2.            Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг бузилишлари тобе шахс томонидан содир этилганлиги унинг бошлиқларини жиноий ёки интизомий жавобгарликдан озод этмайди; бунда уларнинг ўша пайтда ўзларига тобе шахс бу (қоида)бузилишни содир этаётгани ёки содир этиш мақсадида юргани ҳақида тегишли хулоса чиқариш имконини берувчи муайян ахборотга эга бўлган-бўлмаганлиги, бундай (қоида)бузилишларнинг олдини олиш ёхуд унга барҳам бериш учун ўз ваколатлари доирасида амалда мумкин бўлган барча чораларни кўрган-кўрмаганлиги билан боғлиқ ҳолатлардан келиб чиқилади.

               

                87-модда

                Командирларнинг мажбуриятлари

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар ҳарбий командирлардан Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг бузилишларига йўл қўймасликни ва, зарур ҳолларда, бундай бузилишларнинг олдини олишни ва булар ҳақида тўла ҳуқуққа эга бўлган маъмурларни хабардор этишни талаб қилишлари керак, чунки булар мазкур томонларга тобе бўлган қуролли кучлар таркибига кирувчи шахслар ва уларнинг қўл остидаги бошқа шахсларга тегишлидир.

2.            (Қоида)бузилишларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар командирлардан, уларга юкланган масъулият чегарасида, ўзларига бўйсунувчи қуролли кучлар таркибидаги шахслар Конвенциялар ва мазкур Протокол томонидан уларнинг зиммасига юкланган мажбуриятлардан хабардор бўлишлари учун тегишли чоралар кўришни талаб қилиши зарур.

3.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва низолашаётган томонлар ўзига тобе шахслар ёки назорати остида бўлган бошқа шахсларнинг Конвенциялар ёхуд мазкур Протокол қоидаларини бузишга аҳд қилганидан ёки бузганлигидан хабардор бўлган ҳар бир командирдан, Конвенциялар ёхуд мазкур Протокол қоидаларини бундай бузишнинг олдини олувчи чоралар кўришни ва, зарур ҳолларда, бундай бузилишларга йўл қўйганларни интизомий ёки жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилиши зарур.

               

                88-модда

                Жиноий таъқиб масалаларида ўзаро ёрдам бериш

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонлар Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг жиддий бузилиши ҳолларида қўзғатиладиган жиноий жавобгарликка тортиш муносабати билан бир-бирларига максимал равишда ёрдам кўрсатадилар.

2.            Конвенцияларда ва мазкур Протоколнинг 85-моддаси 1-бандида белгиланган ҳуқуқлар ва мажбуриятларга зиён етказмаган ҳолда ва шароит бунга имкон берган пайтда, Олий Аҳдлашувчи Томонлар ушлаб бериш юзасидан ҳамкорлик қиладилар. Улар гўёки ҳудудида ушбу ҳуқуқбузарлик содир қилинган давлатнинг илтимосини тегишли равишда инобатга оладилар.

3.            Ҳар қандай ҳолларда ҳам ушлаб бериш ҳақида илтимос олган Олий Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилиги қўлланилади. Бироқ, юқоридаги бандларда келтирилган қоидалар жиноий жавобгарликка тортиш масалалари бўйича ўзаро ёрдам кўрсатишни тўлиқ ёки қисман белгилаб берган ёки белгилаб берадиган ҳар қандай икки томонлама ёхуд кўп томонлама битимлар қоидаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга дахл қилмайди.      

               

                89-модда

                Ҳамкорлик

                Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг жиддий бузилиш ҳоллари юз берганда, Олий Аҳдлашувчи Томонлар биргаликда ёки индивидуал равишда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ тегишли чораларни кўриш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

               

                90-модда

                Фактларни аниқлаш бўйича халқаро комиссия

1.            a) Фактларни аниқлаш бўйича халқаро комиссия (бундан буён «Комиссия» деб аталади) юксак ахлоқий хислатларга ва эътироф этилган холисликка эга бўлган ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда таъсис этилади.

b)           Камида йигирмата Олий Аҳдлашувчи Томон Комиссия ваколатини 2-бандга мувофиқ тарзда қабул қилишга розилик билдиргандан кейин, депозитарий ўша пайтда, келгусида эса ҳар беш йилда Комиссия аъзоларини сайлаш мақсадида ушбу Олий Аҳдлашувчи Томонлар вакилларининг конференциясини чақиради. Конференцияда вакиллар Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири биттадан номзод киритадиган рўйхатдан яширин овоз бериш йўли билан Комиссия аъзоларини сайлайдилар.

c)            Комиссия аъзолари ўзларининг шахсий мақомларида иштирок этадилар ва ўз вазифаларини навбатдаги конференцияда янги аъзолар сайлаб олинишига қадар давом эттирадилар.

d)           Сайлов пайтида Олий Аҳдлашувчи Томонлар Комиссияга сайланувчи шахслар, ҳар бири алоҳида олганда, зарур хислатларга эга бўлиши ва тўлиқ таркибдаги Комиссияда барча географик ҳудудлардан вакиллар бўлиши адолатли равишда таъминланишини назорат қиладилар.

e)           Кўзда тутилмаган вакансия пайдо бўлган тақдирда, Комиссиянинг ўзи юқоридаги бандлар қоидаларини етарлича ҳисобга олган ҳолда, ушбу вакансияни тўлдиради.

f)            Депозитарий Комиссияга ўз фаолиятини бажариши учун зарур бўлган маъмурий ёрдам кўрсатади.

2.            a) Олий Аҳдлашувчи Томонлар Протоколни имзолаш, ратификация қилиш ёки унга қўшилиш пайтида ёхуд кейинги ҳар қандай пайтда ipso fakto ва махсус битимларсиз, ўз зиммасига худди шундай мажбуриятни олувчи ҳар қандай Олий Аҳдлашувчи Томонга нисбатан бошқа шундай томоннинг мазкур моддада кўрсатилган тартибдаги аризасини текшириш борасида Комиссия ваколатини эътироф этиши ҳақида баёнот бериши мумкин.

b)           Юқоридаги баёнотлар депозитарийга топширилади, депозитарий мазкур баёнотларнинг нусхаларини Олий Аҳдлашувчи Томонларга юборади.

c)            Комиссия қуйидаги ваколатларга эга:

i)             Конвенциялар ва мазкур Протоколда таърифланишига кўра жиддий бузилиш эканлиги кўзда тутилаётган, ёки Конвенциялар ва мазкур Протоколнинг жиддий бузилиши бўлган бошқа ҳар қандай фактларни текшириш;

ii)            ўзининг хайрли хизматларини кўрсатиш йўли билан Конвенцияларга ва мазкур Протоколга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни тиклаш.

d)           Бошқа ҳолатларда Комиссия низолашаётган томоннинг илтимосига биноан фақат бошқа манфаатдор томон ёки томонларнинг розилиги асосида текширув ўтказишни тайинлайди.

e)           Ушбу банднинг юқоридаги қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, Биринчи, Иккинчи, Учинчи ва Тўртинчи конвенцияларнинг тегишли равишда 52, 53, 132 ва 149-моддаларининг қоидалари Конвенцияларни бузиш деб эҳтимол тутилаётган ҳар қандай ҳолларга нисбатан қўлланишда давом этади ва мазкур Протоколнинг ҳар қандай эҳтимолдаги бузилишларига тааллуқли бўлади.

3.            а) Агар манфаатдор томонлар ўртасида бошқача келишувга эришилмаган бўлса, барча текширишлар қуйидаги тартибда тайинланадиган етти аъзодан иборат Палата томонидан амалга оширилади:

i)             Комиссиянинг низолашаётган томонлардан бирортасининг ҳам фуқароси бўлмаган беш аъзоси Комиссия Раиси томонидан, низолашаётган томонлар билан ўзаро маслаҳатлашувдан сўнг, адолатли равишда географик ҳудудлардан вакиллар бўлишини таъминлаган ҳолда, тайинланади;

ii)            низолашаётган томонлардан бирортасининг ҳам фуқароси бўлмаган иккита махсус аъзо ҳар бир томондан биттадан тайинланади.

b)           Текшириш ўтказиш тўғрисида  илтимос келиб тушиши билан Комиссия Раиси Палатани таъсис этиш учун муайян муддат белгилайди. Агар белгиланган муддат давомида қайсидир махсус аъзо тайинланмай қолса, Раис тезлик билан Комиссиянинг аъзоси ёки аъзоларини қўшимча  равишда Палата таркибини тўлдириш учун тайинлайди.  

4.            a) Текшириш ўтказиш учун 3-бандга мувофиқ таъсис этиладиган Палата низолашаётган томонларни унга ёрдам кўрсатишни ва далил-исботлар тақдим этишни таклиф қилади. Палата, шунингдек, ўзи зарур деб ҳисоблаган бошқа далил-исботларни топиши ва жойнинг ўзида аҳволни текшириши мумкин;

b)           Барча далил-исботлар манфаатдор томонлар эътиборига тўлиқ ҳавола этилади; улар эса бу далил-исботларга нисбатан юзасидан Комиссияга ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади.

c)            ҳар бир манфаатдор томон бундай далил-исботлар юзасидан баҳслашиш ҳуқуқига эга.

5.            a) Комиссия Палата томонидан аниқланган фактлар тўғрисидаги ҳисоботни, ўзи зарур деб ҳисоблаган тавсиялар билан биргаликда, манфаатдор томонларга тақдим этади.

b)           Агар палата объектив ва холис хулосалар тайёрлаш учун етарли далил-исботларни олиш имконига эга бўлмаса, Комиссия бунинг сабабларини  маълум қилади.

c)            Агар барча низолашаётган томонлар Комиссиядан буни илтимос қилишмаса, Комиссия ўз хулосалари тўғрисида оммавий маълумот бермайди.

6.            Комиссия ўзининг процедура қоидаларини, шу жумладан, Комиссияга раислик қилиш ва Палатага раислик қилишга тааллуқли қоидаларни ўзи белгилайди. Бу қоидалар Комиссия Раиси ўз фаолиятини ҳар қандай вақтда бажара олишини, текшириш ўтказилаётган пайтда эса бу фаолият низолашаётган томонлардан бирортасининг ҳам фуқароси ҳисобланмаган шахс томонидан бажарилишини таъминлайди.

7.            Комиссиянинг маъмурий сарф-харажатлари 2-бандга мувофиқ баёнот берадиган Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг бадаллари ва ихтиёрий бадаллар ҳисобидан қопланади. Текшириш ўтказиш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилган низолашаётган томон ёки томонлар Палата харажатларини қоплаш учун зарур бўлган маблағни аванс тариқасида ажратади ва уларга бу маблағ бундай илтимос билан мурожаат қилишга сабабчи бўлган томон ёки томонлардан, Палата харажатларига доир маблағнинг эллик фоизи миқдорида олиб берилади. Палатага ҳар икки томон баёнот берган тақдирда, ҳар қайси томон керакли маблағнинг эллик фоизи миқдорида аванс ажратади.

 

                VI қ и с м

                ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

               

                91-модда

                Жавобгарлик

                Конвенциялар ёки мазкур Протокол қоидаларини бузаётган тегишли низолашаётган томон, бунга асос мавжуд бўлган ҳолларда, етказилган зарарни қоплаши зарур. У ўзининг қуролли кучлари таркибига кирувчи шахслар томонидан содир этиладиган барча хатти-ҳаракатлар учун жавобгардир.

               

                92-модда

                Имзолаш

                Мазкур Протокол Конвенция иштирокчиларининг имзолаши учун Якуний �ужжат имзолангандан сўнг олти ой ўтгач, очиқ бўлади ва ўн икки ой давомида очиқлигича қолади.

               

                93-модда

                Ратификация

                Мазкур Протокол иложи борича тезроқ ратификация қилиниши зарур. Ратификация ёрлиқлари сақлаш учун Швейцария Федерал Кенгашига, Конвенциялар депозитарийсига топширилади.

               

                94-модда

                Қўшилиш

                Мазкур Протокол уни имзоламаган Конвенцияларнинг ҳар қандай иштирокчиси қўшилиши учун очиқдир. Қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатлар сақлаш учун Конвенциялар депозитарийсига топширилади.

               

                95-модда

                Кучга кириши

1.            Мазкур Протокол иккита ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат сақлаш учун топширилганидан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

2.            Мазкур Протокол кейинчалик уни ратификация қилган ёки унга қўшилган Конвенцияларнинг ҳар бир иштирокчиси учун, ана шу иштирокчилар томонидан ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат сақлаш учун топширилганидан сўнг, олти ой ўтгач кучга киради.

               

                96-модда

                Мазкур Протокол кучга кирганидан кейинги шартномавий муносабатлар

1.            Агар Конвенцияларнинг иштирокчилари мазкур Протоколнинг ҳам иштирокчилари бўлса, у ҳолда Конвенциялар мазкур Протокол томонидан уларга киритилган қўшимчалар билан биргаликда қўлланилади.

2.            Агар низолашаётган томонлардан бири мазкур Протокол билан боғлиқ бўлмаса, мазкур Протокол унинг иштирокчиси ҳисобланган томонларнинг ўзаро муносабатларида мажбурийлигини сақлаб қолади. Бундан ташқари, мазкур Протоколга алоқадор бўлмаган, аммо унинг қоидаларини тан оладиган ва қўллайдиган ҳар қайси томон билан уларнинг ўзаро муносабатларида ҳам мазкур Протокол мажбурийдир.

3.            1-модданинг 4-бандида қайд этилган турдаги қуролли можарода бирор-бир Олий Аҳдлашувчи Томонга қарши халқнинг вакили сифатида курашаётган ҳокимият, депозитарийга бир томонлама баёнот бериш йўли билан, бундай можарога нисбатан Конвенциялар ва мазкур Протоколни қўллаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши мумкин. Бундай баёнот депозитарийга келиб тушгач, мазкур можарога нисбатан қуйидаги оқибатларни олиб келади:

a)            Конвенциялар ва мазкур Протокол ушбу ҳокимият учун ҳам, низолашаётган томон сифатида, дарҳол кучга киради;

b)           Конвенциялар ва мазкур Протокол юзасидан Олий Аҳдлашувчи Томонлар қандай ҳуқуқларга эга бўлиб, қайси мажбуриятларни зиммасига олган бўлса, ушбу ҳокимият ҳам худди шундай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади; ва

c)            Конвенциялар ва мазкур Протокол ушбу можарода иштирок этаётган барча томонлар учун бир хилда мажбурий бўлади.

               

                97-модда

                Тузатишлар

1.            Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Протоколга ўз тузатишларини таклиф қилиши мумкин. Таклиф қилинган ҳар қандай тузатиш матни депозитарийга жўнатилади ва у барча Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан маслаҳатлашгандан сўнг, таклиф қилинган тузатиш ёки тузатишларни кўриб чиқиш учун конференция чақириш-чақирмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. 

2.            Депозитарий ушбу конференцияга барча Олий Аҳдлашувчи Томонларни, шунингдек, Конвенциялар иштирокчиларини, улар мазкур Протоколни имзолаган ёки имзоламаганлигидан қатъи назар, таклиф этади.

               

                98-модда

                I иловани қайта кўриб чиқиш

1.            Мазкур Протокол кучга кирганидан сўнг узоғи билан тўрт йилдан кечиктирмай, кейин эса камида ҳар тўрт йилда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Олий Аҳдлашувчи Томонлар билан мазкур Протоколнинг I иловаси юзасидан маслаҳатлашиб боради, ва агар у зарур деб ҳисобласа, I иловани қайта кўриб чиқиш ва унга киритиш лозим топилаётган тузатишлар бўйича таклифларни ўрганиш учун техник экспертлар кенгашини чақиришни таклиф этиши мумкин. Олий Аҳдлашувчи Томонларга бундай кенгаш чақириш ҳақидаги таклиф маълум қилинганидан сўнг олти ой давомида Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг учдан бир қисмидан бу ҳақда эътирозлар тушмаган тақдирда, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси бу кенгашни чақиради ва унга тегишли халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни ҳам таклиф этади. Бундай кенгаш Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси томонидан Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг учдан бирининг илтимоси бўйича исталган вақтда чақирилиши мумкин.

2.            Агар кенгашдан сўнг Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг учдан бири илтимос қилса, депозитарий техник экспертлар кенгаши тавсия этган тузатишларни кўриб чиқиш мақсадида Олий Аҳдлашувчи Томонлар ва Конвенциялар иштирокчилари бўлган томонларнинг конференциясини чақиради.

3.            Бундай конференцияда ҳозир бўлган ва овоз беришда қатнашаётган Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози асосида I иловага тузатишлар қабул қилиниши мумкин.

4.            Депозитарий Олий Аҳдлашувчи Томонларга ва Конвенциялар иштирокчилари бўлган томонларга шу тартибда қабул қилинган ҳар қандай тузатишлар тўғрисида хабар беради. Тузатиш тўғрисида бундай хабар берилганидан сўнг бир йил муддат ўтгач, агар шу давр мобайнида Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг камида учдан бир қисмидан тузатиш қабул қилинмаслиги ҳақида депозитарийга баёнот келиб тушмаса, бу тузатиш қабул қилинган ҳисобланади.

5.            4-бандга мувофиқ қабул қилинган ҳисобланувчи тузатиш у қабул қилинганидан сўнг уч ой муддат ўтгач, барча Олий Аҳдлашувчи Томонлар учун кучга киради; ушбу бандга мувофиқ тузатишни қабул қилмаслиги ҳақида баёнот берган томонлар бундан мустасно. Бундай баёнот берган ҳар бир томон исталган пайтда ўз баёнотини қайтариб олиши мумкин ва бундай ҳолларда мазкур томон учун тегишли тузатиш уч ой муддат ўтгач кучга киради.

6.            Депозитарий Олий Аҳдлашувчи Томонларга ва Конвенциялар иштирокчилари бўлган томонларга қабул қилинган ҳар қандай тузатишнинг кучга кириши, бу тузатиш тааллуқли бўлган томонлар, унинг ҳар бир томон учун кучга кириш санаси, 4-бандга мувофиқ тегишли тузатишни қабул қилмаслик ҳақида берилган баёнотлар ва бундай баёнотларнинг қайтариб олингани тўғрисида хабар беради.

 

                99-модда

                Денонсация

1.            Борди-ю Олий Аҳдлашувчи Томон мазкур Протоколни денонсация қилса, денонсация ҳақдаги ҳужжат олинганидан сўнг бир йил муддат ўтгачгина денонсация кучга киради. Аммо бир йиллик муддат тугаган пайтда денонсация ҳақида баёнот берган томон 1-моддада қайд этилган вазиятлардан бирига тушиб қолган бўлса, денонсация қуролли можаро ёки истило тугамагунча, ҳар ҳолда Конвенциялар ва мазкур Протокол ҳимоясидан фойдаланувчи шахсларни тўла озод этиш, ватанига қайтариш ёхуд жойлаштириш билан боғлиқ ишлар ниҳоясига етмагунига қадар кучга кирмайди.

2.            Денонсация тўғрисидаги билдириш ёзма тарзда депозитарийга жўнатилади ва депозитарий уни барча Олий Аҳдлашувчи Томонларга тарқатади.

3.            Денонсация фақат денонсация ҳақида баёнот берган томонга нисбатан кучга эга бўлади.

4.            Ҳеч қандай денонсация, 1-бандга мувофиқ денонсация ҳақида баёнот берган томон қуролли можаро муносабати билан мазкур Протоколга биноан зиммасига олиб қўйган мажбуриятларга ва у денонсация кучга киргунча содир этган ҳар қандай ҳаракатларга дахл қилмайди.

                100-модда

                Хабар бериш

                Депозитарий барча Олий Аҳдлашувчи Томонларга, шунингдек, Конвенциялар иштирокчиларига, улар мазкур Протоколни имзолаган ёки имзоламаганлигидан қатъи назар, қуйидагиларни хабар қилади:

a)            мазкур Протоколга қўйилган имзолар, 93 ва 94-моддаларга мувофиқ ратификация ёрлиқлари ва қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг сақлашга топширилгани ҳақида;

b)           95-моддага мувофиқ мазкур Протокол кучга кирадиган сана ҳақида;

c)            84, 90 ва 97-моддаларга мувофиқ олинган хабарлар ва баёнотлар ҳақида;

d)           96-модданинг 3-бандига мувофиқ олинган, энг тезкор усулда хабар қилинадиган баёнотлар тўғрисида; ва

e)           99-моддага мувофиқ денонсациялар ҳақида.

               

                101-модда

                Рўйхатга олиш

1.            Мазкур Протокол кучга кирганидан сўнг депозитарий уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 102-моддасига мувофиқ рўйхатга олиш ва эълон қилиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятига юборади.

2.            Депозитарий, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятини мазкур Протокол бўйича олинган барча ратификация ёрлиқлари, қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатлар ва денонсация тўғрисидаги баёнотлар ҳақида хабардор этиб боради.

               

                102-модда

                Матнларнинг асл нусхага мослиги (аутентлиги)

                Мазкур Протоколнинг инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги ўзаро тенг бўлган асл нусхага мувофиқ матнлари сақлаш учун депозитарийга топширилади, депозитарий унинг тасдиқланган нусхаларини Конвенцияларнинг барча иштирокчиларига юборади.

               

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати