Сайт  харитаси

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи

 

I Женева Конвенцияси. Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни  яхшилаш тўғрисида

II Женева Конвенцияси. Денгиз  қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини  яхшилаш тўғрисида

III Женева Конвенцияси  Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

IV Женева Конвенцияси Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

I Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

II Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган  қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

 

IV Женева Конвенцияси.

Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

 

 

 

 

Женева 12 август 1949 йил

 

 

 

 

 

Тубанда имзо чекувчилар, 1906 йилдаги Женева Конвенцияси асосий тамойилларини денгиздаги урушга нисбатан қўллаш тўғрисида 1907 йилнинг 18 октябридаги X Гаага Конвенциясини қайта кўриб чиқиш мақсадида 1949 йил 21 апрелдан 12 августгача Женевада ўтказилган Дипломатия Конференцияда иштирок этган Ҳукуматлар Вакиллари қуйидаги битимни туздилар:

 

 

I  б ў л и м

Умумий қоидалар

 

1-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳар қандай ҳолатда ушбу Конвенцияга амал қилиш ва амал қилишга мажбур этишни ўз зиммаларига оладилар.

 

2-модда

Тинчлик давридаёқ кучга кириши лозим бўлган қарорлардан ташқари, мазкур Конвенция икки ёки бир неча Олий Аҳдлашувчи томон ўртасида уруш эълон қилинган ёки бошқа ҳар қандай қуролли можаро юз берган шароитда, ҳатто томонлардан бири уруш ҳолатини тан олмаса ҳам, қўлланилади.

Конвенция, шунингдек, Олий Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди тўлиқ ёки қисман истило этилган барча ҳолларда, ҳатто бу истило ҳеч қандай қуролли қаршиликка учрамаса ҳам, қўлланилади.

Агар низолашаётган Давлатлардан бири мазкур Конвенция иштирокчиси бўлмаса ҳам, иштирокчи бўлган Давлатлар ўзаро муносабатларида у билан боғлиқликларини сақлаб қоладилар. Бундан ташқари, улар юқорида кўрсатилган Давлат мазкур Конвенция қоидаларини қабул қилаётган ва қўллаётган бўлса, бу Давлатга нисбатан Конвенция билан боғланган бўладилар.

3-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида юзага келган ва халқаро характерда бўлмаган қуролли можаро ҳолатида низолашаётган томонлардан ҳар бири энг камида қуйидаги қоидаларга амал қилишга мажбурдир:

1. Ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаётган шахслар, шу жумладан қуролли кучлар таркибидан бўлган ва қуролини ташлаган, шунингдек, касаллиги, ярадорлиги, қўлга олинганлиги ёки бошқа ҳар қандай сабабларга кўра ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тўхтатган шахслар ирқи, танасининг ранги, дини ёки эътиқоди, жинси, насл-насаби, мулкий аҳволи каби белгилар ёки бошқа шунга ўхшаш мезонлар сабабли, ҳеч бир камситишсиз, ҳар қандай шароитда инсоний муомаладан фойдаланиши зарур.

Шу мақсадда юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар тақиқланган ва ҳар доим, ҳамма жойда тақиқланади:

a)      ҳаётига ва жисмоний дахлсизлигига тажовуз қилиш, хусусан, ўлдиришнинг ҳар қандай турлари, жароҳат етказиш, шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қийнаш ва азоблаш;

b)      гаровга олиш;

c)      инсоний қадр-қимматига тажовуз қилиш, хусусан, таҳқирловчи ва камситувчи муносабатда бўлиш;

d)     маданиятли халқлар томонидан зарурий деб тан олинган судлов кафолатлари мавжуд бўлгани ҳолда, тегишли равишда таъсис этилган суд томонидан чиқарилган дастлабки суд қарорисиз ҳукм қилиш ва жазо бериш.

2. Ярадорлар ва беморлар йиғиб олинади ва уларга ёрдам кўрсатилади.

Беғараз инсонпарварлик ташкилоти, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, низолашаётган томонларга ўз хизматини таклиф этиши мумкин.

Бундан ташқари, низолашаётган томонлар мазкур Конвенциянинг қолган жами қоидаларини ёки уларнинг бир қисмини махсус битимлар тузиш йўли билан кучга киритишга интиладилар.

Юқоридаги қоидаларнинг қўлланилиши низолашаётган томонларнинг юридик мақомига таъсир қилмайди.

4-модда

Муайян пайтда ва муайян сабаб билан можаро ёки истило даврида ўзлари фуқароси бўлмаган низолашаётган томон ёхуд истилочи Давлат ҳукми остига тушиб қолган шахслар мазкур Конвенция ҳимоясида бўлади.

Мазкур Конвенцияга алоқадор бўлмаган бирор бир Давлат фуқаролари унинг ҳимояси остида бўлмайдилар. Урушаётган Давлатлардан бирининг ҳудудида бўлган бирор бир бетараф Давлат фуқаролари ва урушаётган Давлатга иттифоқдош бўлган бирор бир Давлат фуқаролари, улар мансуб Давлат уларни ҳукми остида тутиб турган Давлатда тегишли дипломатик ваколатхонасига эга бўлган давр мобайнида ҳомийликдаги шахслар сифатида кўрилмайди.

Бироқ II бўлим қоидалари 13-моддада белгиланганидек кенгроқ қўлланиш доирасига эга бўлади.

Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси, ёки Денгиз қуролли кучлари таркибига мансуб ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси, ёки Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси ҳимоясида бўлган шахсларга мазкур Конвенция мазмунига кўра ҳомийликдан фойдаланувчи шахслар сифатида қаралмайди.    

 

5-модда

Агар низолашаётган томон ўз ҳудудида мазкур Конвенция ҳомийлигидаги бирор бир алоҳида шахс ушбу Давлатнинг хавфсизлигига қарши душманларча фаолият кўрсатаётганликда қонуний асосда гумон қилинаётган бўлса, ёки бундай фаолият ҳақиқатдан аниқланса, у ҳолда бу шахс мазкур Конвенцияда кўзда тутилган, агар улардан фойдаланилса, тегишли Давлатнинг хавфсизлигига зиён етказиши мумкин бўлган муайян ҳуқуқ ва имтиёзларга даъво қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Агар Конвенция ҳомийлиги остидаги алоҳида шахс истило этилган ҳудудда жосус ёки қўпорувчи сифатида, ёки истилочи Давлат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаттиаракат содир этганликда қонуний асосда гумондор сифатида қўлга олинган бўлса, ҳарбий хавфсизлик зарурати жиддий тақозо этган ҳолларда, ушбу шахс мазкур Конвенция томонидан берилган алоқа қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Айни чоғда, бу ҳолатларнинг ҳар бирида юқоридаги хатбошиларда кўрсатилган шахслар инсоний муомаладан фойдаланадилар ҳамда ишлари судга оширилган тақдирда, мазкур Конвенцияда кўзда тутилган адолатли ва нормал судланиш ҳуқуқидан маҳрум этилмайдилар. Улар, шунингдек, иложи борича қисқа муддатда Давлатнинг ёки, тегишли ҳолатда, истилочи Давлатнинг хавфсизлигига мос келадиган, мазкур Конвенцияга мувофиқ ҳомийлик остидаги шахсларга бериладиган, ҳуқуқ ва имтиёзлар билан тўлиқ таъминланади.

 

6-модда

Мазкур Конвенция 2-моддада тилга олинган ҳар қандай можаро ёки истилонинг бошланишиданоқ қўлланилади.

Низолашаётган томонлар ҳудудида Конвенциянинг амал қилиши уруш ҳаракатлари умумий тугаганидан сўнг тўхтайди.

Истило этилган ҳудудда мазкур Конвенциянинг амал қилиши уруш ҳаракатлари умумий тугаганидан сўнг бир йил ўтгач тўхтайди. Бироқ истилочи Давлат мазкур ҳудудда ҳукуматга хос ваколатларни қай даражада амалга ошираётганлигига қараб, истило даврида мазкур Конвенциянинг 1-12, 27, 29-34, 47, 49, 51-53, 59, 61-77 ва 143-моддаларидаги қоидалар билан боғланган бўлади.

Бу муддатлар тугаганидан сўнг озод этиладиган, ватанига қайтариладиган ёки жойлаштириладиган ҳомийлик остидаги шахслар мазкур Конвенция ҳимояси остида қолаверадилар.

 

7-модда

11, 14, 15, 17, 36, 108, 109, 132, 133 ва 149-моддаларда махсус кўзда тутилган битимлардан ташқари, Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзлари алоҳида тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган ҳар қандай масала бўйича бошқа махсус битимлар тузиши мумкин. Ҳеч бир махсус битим ҳомийлик остидаги шахсларнинг мазкур Конвенцияда белгилаб қўйилган мавқеига зиён етказмаслиги, унда кўзда тутилган ҳуқуқларини чекламаслиги шарт.

Ҳомийлик остидаги шахслар уларга нисбатан мазкур Конвенция қўлланилаётган вақт давомида ушбу битимларда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланишда давом этадилар. Юқорида тилга олинган ёки кейинчалик тузиладиган битимларга қарама-қарши мазмундаги шартларнинг махсус киритилиши ёхуд низолашаётган томонлардан бирининг уларга нисбатан қулайроқ бўлган тадбирларни қўллаш ҳоллари бундан мустасно.

 

8-модда

Ҳомийлик остидаги шахслар мазкур Конвенция ҳамда олдинги моддада кўзда тутилган махсус битимлар томонидан, агар шундай битимлар мавжуд бўлса, таъминланадиган хуқуқларидан қисман ёхуд тўлиқ воз кечишлари мутлақо мумкин эмас.

 

9-модда

Мазкур Конвенция низолашаётган томонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган Ҳомий-Давлатларнинг ёрдами билан ва назорати остида қўлланилади. Бунинг учун Ҳомий-Давлатлар ўзларининг дипломатик ва консуллик хизматлари ходимларидан ташқари, ўз фуқаролари ёхуд бошқа бетараф Давлатлар фуқаролари орасидан делегатлар тайинлашлари мумкин. Ушбу делегатлар тайинланиши учун улар ўз вазифаларини бажаришга киришадиган Давлатнинг розилиги олиниши керак.

Низолашаётган томонлар Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатларининг ишини имкони борича енгиллаштирадилар.

Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатлари мазкур Конвенцияда белгиланган ўз вазифалари доирасидан четга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Хусусан, улар ўз вазифаларини бажаришга киришган Давлат хавфсизлигининг ўта муҳим эҳтиёжларини эътиборга олишлари зарур.           

 

10-модда

Мазкур Конвенция қоидалари Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки бошқа ҳар қандай беғараз инсонпарварлик ташкилот томонидан фуқаро шахсларни ҳимоя қилишга ва уларга низолашаётган манфаатдор томонларнинг розилиги билан ёрдам кўрсатишга қаратилган инсонпарварлик фаолиятини амалга оширишига тўсиқ бўлмайди.   

 

11-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Конвенция томонидан Ҳомий-Давлатларга юкланаётган мажбуриятларнинг беғаразлиги ва таъсирчанлигини тўлиқ кафолатловчи муайян ташкилотга топшириш борасида ҳар қандай пайтда ўзаро муросага келишлари мумкин.

Агар қайсидир сабабга кўра ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан муайян Ҳомий-Давлат ёки биринчи хатбошида кўзда тутилган ташкилотнинг фаолияти қўлланилмаётган ёхуд қўлланиши тўхтатиб қўйилган бўлса, ҳимоядаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат низолашаётган томонлар тайинлаган Ҳомий-Давлат мазкур Конвенцияга мувофиқ бажариши лозим бўлган вазифаларни ўз зиммасига олишини сўраб, бетараф Давлатга ёки шундай ташкилотга илтимос билан мурожаат қилиши зарур.

Агар ҳомийликни юқорида кўрсатилган тарзда амалга оширишнинг иложи бўлмаса, ҳимоядаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат муайян инсонпарварлик ташкилотига, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига илтимос билан мурожаат қилиши ёхуд ушбу модда қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, бундай ташкилотнинг мазкур Конвенцияга мувофиқ Ҳомий-Давлатлар томонидан бажариладиган инсонпарварлик вазифаларини адо этишни ўз зиммасига олиши борасидаги таклифларини қабул қилиши керак.

Манфаатдор Давлат томонидан таклиф этилган ёки шу мақсадда ўзини тавсия этаётган ҳар қандай бетараф Давлат ёки ҳар қандай ташкилот мазкур Конвенция ҳимоясидан фойдаланувчи шахслар мансуб бўлган низолашаётган томонга нисбатан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашиши, шунингдек, ўз зиммасига тегишли вазифаларни олишга ва уларни беғараз бажаришга қодирлиги тўғрисида етарлича кафолат бериши шарт. 

Давлатлардан бирининг ҳарбий вазият сабабли, айниқса, мазкур Давлат ҳудудининг тўлалигича ёхуд катта қисми истило этилганлиги туфайли у бошқа бир Давлат ёки унинг иттифоқчилари билан эркин музокаралар ўтказиш имконияти ҳаттоки вақтинча чекланган бўлса ҳам, юқорида келтирилган қоидалар Давлатлар ўртасидаги ўзаро махсус битимлар билан бузилиши мумкин эмас.

Мазкур Конвенцияда Ҳомий-Давлат эслатиб ўтилган ҳар бир ҳолатда, бу ном ушбу моддага мувофиқ унинг вазифасини бажарувчи муайян ташкилотни ҳам билдиради.

Ушбу модда қоидалари бетараф давлатнинг истило этилган ҳудудлардаги ёки ҳузурида бетараф давлат ўзининг тегишли дипломатик ваколатхонасига эга бўлмаган урушаётган давлат ҳудудидаги фуқароларига нисбатан тааллуқли бўлади ва қўлланилади.

 

12-модда

Ҳомий Давлатлар ҳомийликдаги шахслар манфаати йўлида фойдали деб ҳисоблаган барча ҳолларда, хусусан, низолашаётган томонлар ўртасида мазкур Конвенция қоидаларини қўллаш ёки талқин қилиш борасида келишмовчиликлар юзага келганда, бундай келишмовчиликларга барҳам бериш мақсадида ўзларининг хайрли ёрдамларини кўрсатадилар.

Шу мақсадда, Ҳомий-Давлатларнинг ҳар бири томонлардан бирининг илтимосига кўра ёки шахсий ташаббуси билан низолашаётган томонларга уларнинг вакиллари, хусусан, зиммасига ҳомийлик остидаги шахслар қисматига ғамхўрлик қилиш масъулияти юкланган маъмурлар иштирокида кенгаш ташкил қилишни таклиф этиши мумкин. Кенгаш тегишли тарзда танланган бетараф ҳудудда ўтказилиши мумкин. Низолашаётган томонлар бу борада ўзларига тушган таклифларга йўл очишлари шарт. Ҳомий-Давлатлар, зарурат туғилса, бетараф Давлатга мансуб бўлган ёхуд Халқаро Қизил Хоч Қўмитасидан вакил қилинаётган ва ушбу кенгашда иштирок этиш учун таклиф қилинадиган шахсни маъқуллаш учун низолашаётган томонлар эътиборига тавсия этиши мумкин.

 

II  б ў л и м

 

Аҳолини урушнинг айрим оқибатларидан

ҳимоя қилиш тўғрисида

умумий мазмундаги қоидалар

 

13-модда

Мазкур бўлим қоидалари низолашаётган мамлакатларнинг барча аҳолисига уларнинг ирқи, фуқаролиги, диний ёки сиёсий эътиқоди сабабли ҳеч бир камситишларга йўл қўйилмаган ҳолда бир хил тааллуқли бўлади ва уруш келтирадиган азоб-уқубатларни енгиллаштиришга ёрдам бериши лозим.

 

14-модда

Тинчлик давридаёқ Олий Аҳдлашувчи Томонлар, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин эса, низолашаётган томонлар, ўз ҳудудларида, зарур бўлса, истило этилган ҳудудларда ярадорлар ва беморлар, ногиронлар, кексалар, 15 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар ва 7 ёшгача фарзанди бўлган оналарни уруш ҳаракатларидан муҳофаза эта оладиган тарзда хавфсиз ва санитария зоналари ҳамда жойлар барпо этишлари мумкин.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланишида ва унинг давомида манфаатдор томонлар ўзлари ташкил қилган зоналар ва жойларни ўзаро эътироф этиш тўғрисида битимлар тузиши мумкин. Улар бу мақсадда мазкур Конвенцияга илова қилинган битим лойиҳасида кўзда тутилган қоидаларни, бу қоидаларга ўзлари зарур деб ҳисоблаган ўзгартиришларни  киритган ҳолда, қўллашлари мумкин.

Ҳомий-Давлатлар ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ушбу санитария ва хавфсиз зоналар ва жойларнинг барпо этилиши ва тан олинишини осонлаштиришга ёрдам беришга таклиф қилинади.

 

15-модда

Ҳар қандай низолашаётган томон уруш бораётган ҳудудларда бетараф зона ташкил қилиш тўғрисидаги таклиф билан душман томонга тўғридан-тўғри ёки бетараф Давлат ёхуд инсонпарварлик ташкилоти орқали мурожаат қилиши мумкин. Бундай зоналарда қуйидаги шахсларни, уларни ҳеч қандай фарқламасдан, уруш хавф-хатаридан ҳимоя қилиш кўзда тутилади:

а) ярадор ва бемор комбатантлар ва комбатант бўлмаганлар;

б) ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаётган ва ушбу ҳудудда бўлган чоғида ҳарбий характердаги бирон-бир ишни бажармаётган фуқаро шахслар.

Низолашаётган томонлар мўлжал қилинаётган бетараф зонанинг ўрнашган жойи, раҳбарияти, таъминоти ва назорати билан боғлиқ масалаларни ўзаро келишиб олгач, бу ҳақда ёзма битим тузилади ва низолашаётган томонлар вакиллари томонидан имзоланади. Ушбу битим бу зонанинг бетарафлиги бошланиш вақтини ва муддатини белгилаб беради.

 

16-модда

Ярадорлар ва беморлар, шунингдек, ногиронлар ва ҳомиладор аёллар алоҳида ҳомийлик ва ҳимоядан фойдаланадилар.

Низолашаётган томонларнинг ҳар бири, ҳарбий шароит имкон берган даражада, ўлганлар ва яраланганларни излаб топиш, кема ҳалокатига учраган ва бошқа жиддий хавф-хатарга дуч келган шахсларга ёрдам бериш, шунингдек, уларни талон-тарождан ва ғайриинсоний муомаладан ҳимоя қилиш билан боғлиқ тадбирларга кўмаклашади.

 

17-модда

Низолашаётган томонлар истило этилган ёки қамал қилинган зонадан ярадорлар ва беморларни, ногиронларни, қарияларни, болаларни, ҳомиладор аёллар ёхуд чақалоқли оналарни эвакуация қилиш ҳамда ушбу зонага барча динларга мансуб руҳонийларни, санитария ходимларини ва санитария мулкини киритиш юзасидан маҳаллий битимлар тузишга ҳаракат қилади.

 

18-модда

Ярадорлар, беморлар, ногиронлар, ҳомиладор аёллар ёхуд чақалоқли оналарга ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган фуқаро касалхоналари ҳеч қандай шароитда ҳужум қилиш объекти бўлмаслиги, аксинча, низолашаётган томонларнинг доимий эътибори ва ҳомийлигида бўлиши керак.

Низолашаётган томонлар ҳисобланувчи Давлатлар барча фуқаро касалхоналарини уларнинг фуқаро касалхонаси экани тасдиқланган, уларга эгаллаб турган бинолардан 19-модда бўйича касалхонани ҳомийлик ёрдамидан маҳрум қилишга олиб келувчи қандайдир мақсадларда фойдаланилмаслиги қайд этилган махсус гувоҳномалар билан таъминлайди.

Фуқаро касалхоналари тегишли Давлат розилиги асосида Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 38-моддасида кўзда тутилган эмблема билан белгиланади.

Низолашаётган томонлар фуқаро касалхоналарига нисбатан ҳар қандай босқинчилик ҳаракатларининг олдини олиш мақсадида уларнинг фарқловчи эмблемалари душманнинг қуруқликдаги, ҳаводаги ва денгиздаги кучларига равшан кўриниб туриши учун, ҳарбий вазият тақозоси доирасида, барча зарур чораларни кўради.

Касалхоналарнинг ҳарбий объектлар яқинида жойлашуви уларни хавф остига қўйиши мумкинлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, касалхоналарни имкон қадар бундай объектлардан узоқроқда жойлаштириш тавсия этилади.

 

19-модда

Фуқаро касалхоналарининг ҳомийликдан фойдаланиш ҳуқуқи улар нафақат инсонпарварлик мақсадида, балки душманга қарши қаратилган муайян ҳаракат содир қилишда фойдаланилган тақдирдагина тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бироқ ҳомийлик барча зарурий ҳолларда оқилона муддатлар белгиланадиган тегишли огоҳлантириш берилиб, бу огоҳлантириш натижасиз қолгачгина тўхтатилади.

Ушбу касалхоналарда ярадор ёки бемор ҳарбий хизматчиларнинг даволанаётганлиги ёхуд бу ерда мазкур ҳарбий хизматчилардан олиб қўйилган ва ҳали тегишли органга топшириб улгурилмаган қурол-яроғ ҳамда ўқ-дориларнинг топиб олиниш факти душманга қарши қаратилган ҳаракат деб ҳисобланмайди.

 

20-модда

Мунтазам равишда ва фақат фуқаро касалхоналарига хизмат кўрсатиш ва уларни бошқариш билан шуғулланувчи шахслар, шу жумладан, ярадор ва бемор фуқароларни, ногиронларни, ҳомиладор аёллар ва чақалоқли оналарни қидириб топиш, йиғиб олиш, ташиш ҳамда даволаш вазифасини бажарувчи ходимлар ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланадилар.

Истило этилган ҳудудларда ва ҳарбий ҳаракатлар зоналарида юқорида кўрсатиб ўтилган ходимлар уларнинг мақомини тасдиқловчи, ҳужжат эгасининг расми бўлган ва масъул маъмурларнинг аниқ кўриниб турадиган муҳри босилган шахсий гувоҳномалар ҳамда ўз вазифаларини бажараётганида чап енгига тақиладиган ва намликдан яроқсиз ҳолга келмайдиган махсус боғичлар ёрдамида таниб олинади. Бу боғич Давлат томонидан берилади ва унда Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 38-моддасида кўзда тутилган эмблема акс эттирилган бўлади.

Фуқаро касалхоналарига хизмат кўрсатадиган ва уларни бошқариш билан шуғулланадиган бошқа ҳар қандай ходимлар ҳам мазкур моддада қайд этилган шартларга мувофиқ ҳолда тегишли вазифаларни бажаришга жалб этилган давр мобайнида ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланадилар ҳамда боғич тақиб юриш ҳуқуқига эга бўладилар.

Уларнинг шахсий гувоҳномаларида бажарадиган вазифалари қайд этилган бўлиши керак.

Ҳар бир фуқаро касалхонаси маъмуриятида тегишли миллий ёки истилочи маъмурларга тақдим қилиш учун касалхона ходимларининг айни пайтдаги рўйхати тайёр туриши зарур.

 

21-модда

Ярадор ва бемор фуқароларни, ногиронларни, ҳомиладор аёллар ва чақалоқли оналарни қуруқликда ташийдиган транспорт колонналари ва санитар поездлари ёки денгизда шундай ташиш учун мўлжалланган кемалар ҳам 18-моддада кўзда тутилган касалхоналар каби ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланиши лозим. Бу транспорт воситалари тегишли Давлат розилиги асосида Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 38-моддасида кўзда тутилган фарқловчи эмблема билан белгиланган бўлиши керак.

 

22-модда

Фақатгина ярадор ва бемор фуқаро шахсларни, ногиронларни, ҳомиладор аёллар ва чақалоқли оналарни ёки санитария ходимлари ва мол-мулкини ташишда қўлланиладиган учиш аппаратларига ҳужум қилинмайди, аммо улар манфаатдор низолашаётган томонлар ўртасида тузилган битимда махсус кўзда тутилган муайян вақт, баландлик ва йўналиш бўйича учсагина, низолашаётган томонлар уларни ҳурмат қилиши лозим.

Улар Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 38-моддасида кўзда тутилган фарқловчи эмблема билан белгиланиши мумкин.

Бошқача мазмундаги келишув мавжуд бўлмаса, душман ҳудуди ёки у эгаллаб турган ҳудуд устидан учиш тақиқланади.

Бундай учиш аппаратлари қўниш тўғрисидаги ҳар қандай талабга бўйсуниши шарт. Учиш аппарати талабга биноан ерга қўндирилган ҳолларда, агар муайян текширув бўлса, текширувдан сўнг йўловчилари билан у ўз парвозини давом эттириши мумкин.

 

23-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг, ҳатто бу Аҳдлашувчи Томон душман бўлса ҳам, фақат фуқаро аҳолиси учун мўлжалланган тиббиёт ва санитария буюмлари солинган посилкаларни, шунингдек, диний таомил юзасидан зарур бўлган нарсаларни эркин ўтказиш учун имкон яратади. Ҳар бир томон 15 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар ва чақалоқли оналар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва қувват бағишловчи воситалар солинган барча посилкаларни ҳам эркин ўтказиш учун рухсат беради.

Аҳдлашувчи Томон олдинги хатбошида қайд этилган посилкаларни эркин ўтказиш борасидаги мажбуриятига амал қилиши учун қуйидаги масалалар бўйича хавотирланишга жиддий асослар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши шарт: 

а) посилкалар бошқа мақсадларда қўлланилиши мумкин, ёки

б) улар устидан назорат қилиш етарли бўлмаслиги мумкин, ёки

с) посилкалар акс ҳолларда душман таъминлаши ёки ишлаб чиқариши зарур бўлган товарларнинг ўрнини босиб, ёхуд бу товарларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган тегишли хом-ашё, материаллар ва ишчи кучини бўшатиб, муайян йўсинда душманга ҳарбий ҳаракатларда ёхуд иқтисодиётда муваффақиятга эришиши учун қўл келиши мумкин.

Мазкур модданинг биринчи хатбошида кўрсатилган посилкаларни ўтказишга рухсат этувчи Давлат бундай рухсат бериш учун посилкалар ўз эгаларига Ҳомий-Давлатларнинг маҳаллий назорати остида тарқатилишини шарт қилиб қўйиши мумкин.

Бу посилкаларни юбориш иложи борича тез амалга оширилиши керак ва уларни эркин ўтказишга рухсат этувчи Давлат рухсат бериш билан боғлиқ техник талаблар белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт.

 

24-модда

Низолашаётган томонлар уруш оқибатида етим қолган ёки оила аъзоларидан ажратилган 15 ёшгача бўлган болаларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик, уларни парваришлашни, диний эътиқодлари билан боғлиқ амалларни бажаришни ва тарбиялашни ҳар қандай шароитда осонлаштириш учун зарур чораларни кўради. Бундай болаларнинг тарбияси, агар иложи бўлса, улар билан бир хил маданий анъаналарга мансуб кишилар зиммасига юкланади.

Низолашаётган томонлар муайян Ҳомий-Давлат мавжуд бўлса, унинг розилиги асосида ва биринчи хатбошида баён этилган принципларга амал қилинишининг кафолати мавжуд бўлган ҳолларда, можаро даврида бундай болаларнинг бетараф Давлат томонидан қабул қилинишига ёрдам берадилар.

Бундан ташқари, улар танитувчи медальонлар тақиб юриш йўли билан ёки бошқа ҳар қандай усул билан 12 ёшгача болаларнинг шахсини аниқлаш имконини берадиган барча зарур чораларни қўллашга ҳаракат қилади.

 

25-модда

Низолашаётган томонга тегишли ёки у истило этган ҳудудда бўлган ҳар қандай шахс қаерда эканлигини оила аъзоларига хабар қилиши ҳамда улардан фақат оила муносабатларига тааллуқли хабарлар олиши мумкин. Бу ёзишмалар тезкорлик билан ва, зарурат тақозо қилмаса, кечиктирмасдан жўнатилиши керак.

Юзага келган вазият туфайли оилавий ёзишмаларни одатдаги йўл билан почтада жўнатиш қийинлашган ёки мутлақо мумкин бўлмай қолган тақдирда, манфаатдор низолашаётган томонлар бетараф воситачига, масалан, 140-моддада кўзда тутилган Марказий Агентликка мурожаат қилиб, бу борада ўз зиммаларига юкланган вазифаларни қай тарзда яхшироқ бажариш, хусусан, Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятлари кўмагидан фойдаланиш кабиларни белгилаб олади.

Агар низолашаётган томонлар оилавий ёзишмаларни чеклаш зарур деб ҳисобласалар, бундай чеклашлар 25 та сўздан иборат ҳар қандай матнни ёзиш мумкин бўлган муайян андозадаги бланкларни мажбурий жорий этиш ва юбориладиган шундай бланклар сонини бир ойда битта донагача камайтиришдан иборат бўлади.

 

26-модда

Низолашаётган томонларнинг ҳар бири уруш туфайли ажралиб кетган оилаларнинг аъзоларига бир-бирлари билан алоқа боғлаш учун қидиришларини енгиллаштиради ва, иложи бўлса, уларнинг ўзаро бирлашишига кўмаклашади. Улар, хусусан, ўз фаолиятини ана шу ишга бағишлаган ташкилотларни қўллаб-қувватлайди. Бунда ушбу ташкилотлар ўз фаолияти билан мазкур Давлатга мақбул бўлиши ва у жорий қилган хавфсизлик чораларига бўйсуниши лозим.

 

III  б ў л и м

 

Ҳомийлик остидаги шахсларнинг мақоми

ва улар билан муомала қилиш

 

I  қ и с м

 

НИЗОЛАШАЁТГАН ТОМОНЛАР ҲУДУДЛАРИ ВА ИСТИЛО ЭТИЛГАН

 ҲУДУДЛАР УЧУН УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

27-модда

Ҳомийлик остидаги шахслар ҳар қандай шароитда ўз шахси, ор-номуси, оилавий ҳуқуқлари, диний эътиқодлари ва маросимлари, одат ва удумларининг ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Уларга нисбатан доимо инсоний муносабатда бўлинади, хусусан, улар ҳар қандай зўравонлик ёки қўрқитиш ҳаракатларидан, ҳақоратланиш ва оломоннинг қизиқишидан муҳофаза этилади.

Аёллар ор-номусларига ҳар қандай тажовуздан, хусусан, зўрлашдан, фоҳишабозликка мажбурлашдан ёки уларнинг руҳиятига таъсир этувчи бошқа ҳар қандай шаклдаги тажовузлардан алоҳида ҳимоя қилинади.

Ҳомийлик остидаги шахсларнинг соғлиғи, ёши ва жинси билан боғлиқ вазиятларни назарда тутган ҳолда, бу фуқароларни ўз ҳукми остида сақлаб турган низолашаётган томон уларнинг барчасига бир хилда, жумладан, уларнинг ирқи, дини ёки сиёсий қарашларидан қатъи назар, бирон-бир камситишларсиз муносабатда бўлади.

Бироқ низолашаётган томонлар ушбу шахсларга нисбатан назорат қилишнинг ёки хавфсизликни таъминлашнинг уруш сабабли зарур топилиши мумкин бўлган чораларини қўллаши мумкин.

 

28-модда

Ҳомийлик остидаги шахснинг қайсидир жой ёки ҳудудда мавжудлигидан бу жойларни ҳарбий операциялардан муҳофаза қилиш учун фойдаланиш мумкин эмас.

 

29-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган низолашаётган томон ўз вакилларининг ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан муомаласи учун жавобгардир, шу билан бирга бу ҳол ўша вакилларни шахсий жавобгарликдан халос қилмайди.

 

30-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларга Ҳомий-Давлатларга, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига, ўзлари яшаётган мамлакатнинг Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятига шунингдек, уларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай жамиятга мурожаат қилишлари учун барча имкониятлар берилади.

Маъмурлар бунинг учун турли хилдаги бундай ташкилотларга уруш талаблари ёки хавфсизлик мулоҳазалари йўл қўядиган доирада барча имкониятларни яратади.

143-моддада кўзда тутилган Ҳомий-Давлатлар ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси делегатларининг хабар олишларидан ташқари, ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатлар ёки истилочи Давлатлар мақсади ҳомийлик остидаги шахсларга моддий ва маънавий кўмаклашиш бўлган бошқа ташкилотлар вакилларига ҳам ушбу фуқароларни бориб кўришлари учун иложи борича ёрдам кўрсатадилар.

 

31-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан, хусусан, улардан ёки учинчи шахслардан тегишли маълумотларни олиш мақсадида, на жисмоний ва на руҳий тартибдаги мажбурлаш чоралари қўлланилмаслиги керак.

 

32-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг ҳукмида бўлган ҳомийлик остидаги шахсларга жисмонан азоб берадиган ёки уларнинг қирилиб кетишига олиб келадиган ҳар қандай чоралар қўллашнинг тақиқланиши тўғрисида ўзаро махсус келишиб оладилар. Бу тақиқ нафақат ўлдириш, қийнаш, тан жазоси бериш, жароҳатлар етказиш ва ҳомийлик остидаги шахсни тиббий даволаш заруратидан келиб чиқмаган тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказиш, балки, шу билан бирга, фуқаро ёхуд ҳарбий маъмурият вакилларининг бошқа ҳар қандай қўпол зўравонлик қилишига ҳам тааллуқлидир.

 

33-модда

Ҳомийлик остидаги бирор бир шахс ўзи шахсан содир этмаган ҳуқуқбузарлик учун жазоланиши мумкин эмас. Ҳар қандай қўрқитиш ёки террор қилиш чоралари каби, оммавий жазолашлар тақиқланади.

Талон-торож қилиш тақиқланади.

Ҳомийлик остидаги шахсларга ва уларга тегишли мол-мулкка нисбатан жазо чоралари қўллаш тақиқланади.

 

34-модда

Кишиларни гаровга олиш тақиқланади.

 

II  қ и с м

 

НИЗОЛАШАЁТГАН ТОМОНЛАР ҲУДУДИДАГИ ЧЕТ ЭЛЛИКЛАР

 

35-модда

Ҳомийлик остидаги ҳар қандай шахс можаро бошланганда ёки давом этаётганда мамлакат ҳудудини, агар унинг кетиши ушбу мамлакатнинг давлат манфаатларига зид келмаса, тарк этиш ҳуқуқига эгадир. Бу шахсларнинг чиқиб кетиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш одатда белгиланган тартибда амалга оширилиши ва тегишли қарор иложи борича тезроқ қабул қилиниши зарур. Чиқиб кетиш учун рухсат олган шахслар ўзларини сафар учун зарур миқдорда пул билан таъминлаш, ўзига керакли нарсалар ва шахсий буюмларидан етарлича олиш имконига эга бўладилар.

Қайсидир шахсга мамлакатдан чиқиб кетиш учун рухсат этилмаган тақдирда, у ушбу масалани қисқа муддат ичида судда ёки ҳомийлик остидаги шахс жойлашган Давлат томонидан худди шу мақсадда тайинланган тегишли маъмурий органда кўриб чиқилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бундай илтимоснома келиб тушган ҳолларда, агар хавфсизлик талаблари имкон берса ва манфаатдор шахслар бунга қарши бўлмаса, Ҳомий-Давлатлар мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат бериш тўғрисидаги ҳар қандай илтимосноманинг қондирилмагани сабаблари ҳақида хабардор қилиниши ҳамда уларга иложи борича тезлик билан мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат этилмаган барча шахсларнинг исм-фамилиялари қайд этилган маълумот етказиб берилиши мумкин.

 

36-модда

Бу шахсларнинг юқоридаги моддага мувофиқ тарзда чиқиб кетиши хавфсизлик, гигиена, соғлиқни сақлаш ва овқатланиш нуқтаи назаридан қониқарли шароитда амалга оширилиши зарур. Ушбу шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ҳудудидаги чиқиб кетиш жойидан бошлаб бу билан боғлиқ барча сарф-харажатлар мазкур шахслар йўл олган мамлакат томонидан ёки улар бетараф Давлат ҳудудида бўлган тақдирда, ушбу фуқаролар мансуб Давлат томонидан қопланиши керак. Бу хилда бир жойдан иккинчи жойга кўчишнинг амалий шарт-шароити зарур ҳолларда манфаатдор Давлатлар ўртасидаги махсус битимлар ёрдамида аниқлаштириб олинади.

Юқоридаги қоида низолашаётган томонлар ўртасида душман қўлига тушган ўз фуқароларини ўзаро айирбошлаш ва ватанига қайтариш масаласи бўйича тузилиши мумкин бўлган махсус битимларга тааллуқли эмас.

 

37-модда

Суддан олдинги қамоқда сақланаётган ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган ҳомийлик остидаги шахсларга қамоқ даврида инсоний муомала қилиниши лозим.

Улар озодликка чиқишлари биланоқ, юқоридаги моддаларга мувофиқ равишда мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиш учун рухсат сўраб мурожаат қилишлари мумкин.

 

38-модда

Мазкур Конвенцияда, хусусан, 27 ва 41-моддаларда кўзда тутилган алоҳида чораларни истисно қилганда, ҳомийлик остидаги шахсларнинг ҳолати асосан тинчлик даврида чет элликларга муомала қилишга оид қонун-қоидаларга мувофиқ тартибга солинади. Ҳар қандай ҳолда ҳам уларга қуйидаги ҳуқуқлар берилиши керак:

1) улар ўзларига жўнатилган индивидуал ёки жамоавий ёрдамларни олишлари мумкин;

2) соғлиқлари талаб қилган тақдирда, улар манфаатдор Давлат фуқаролари сингари белгиланган тартибда тиббий ёрдам олиш ва касалхонада даволаниш имкониятига эга бўлади;

3) уларга ўзларининг диний маросимларини бажариш ва ўзлари мансуб дин руҳонийларидан маънавий кўмак олиш учун рухсат этилади;

4) агар улар уруш кучли хавф-хатар солаётган ҳудудда яшаб турган бўлса, уларга ушбу ҳудуддан кўчиб кетиш учун манфаатдор Давлат фуқароларига берилган даражада рухсат берилади;

5) 15 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар ва 7 ёшгача боласи бўлган оналар манфаатдор Давлат фуқаролари даражасида тегишли имтиёзлардан фойдаланадилар.

 

39-модда

Можаро оқибатида маошли ишидан маҳрум бўлган ҳомийлик остидаги шахсларга ҳақ тўланадиган иш топиш имконияти яратиб берилиши шарт. Бундай имконият, хавфсизлик мулоҳазаларини ва 40-модда талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу шахслар ҳудудида турган Давлат фуқароларига яратилган имкониятлар билан бир хил бўлиши керак.

Ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ушбу шахсларга нисбатан қўллаган назорат чоралари уларни кун кечириш имкониятларидан маҳрум бўлишига олиб келаётган бўлса, айниқса, бундай шахслар хавфсизлик мулоҳазалари сабабли ўзларини қониқтирадиган маош тўланадиган ишга жойлаша олмаётган бўлса, мазкур Давлат уларни ва уларнинг қарамоғидаги кишиларни кун кечириш учун маблағ билан таъминлаб туриши шарт.

Ҳомийлик остидаги шахслар барча ҳолларда ўз ватанидан, Ҳомий-Давлатдан ёки 30-моддада қайд этилган ёрдам бериш билан шуғулланувчи жамиятлардан кўмак олишлари мумкин.

 

40-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларни фақат улар жойлашган ҳудуддаги низолашаётган томон фуқаролари ишлаган даражада ишлашга мажбур қилиш мумкин.

Ҳомийлик остидаги шахслар душман томон фуқароси бўлган тақдирда, улар фақат одамнинг овқатланишини, турар-жойини, кийим-кечагини, транспортини ва саломатлигини таъминлаш имконини берадиган ҳамда ҳарбий ҳаракатлар олиб боришга бевосита дахлдор бўлмаган ишларга мажбур қилиниши мумкин.

Олдинги хатбошиларда тилга олинган ҳолатларда ишга мажбурланадиган ҳомийлик остидаги шахслар меҳнат шароити ва кафолатлари бўйича, хусусан, маош, иш кунининг давомийлиги, кийим-кечак ва асбоб-аслаҳалар, олдиндан касбга ўргатиш, иш вақтида бахтсиз ҳодисага учрагани ва касб касаллигига чалингани учун товон пули билан таьминлаш каби масалаларда мазкур мамлакат ишчиларига тенглаштирилади.

Юқоридаги қоидалар бузилган тақдирда, ҳомийлик остидаги шахсларга 30-модда асосида шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш учун рухсат этилади.

 

41-модда

Агар ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат мазкур Конвенцияда қайд этилган назорат чораларини етарли эмас, деб ҳисобласа, барибир, уларга нисбатан 42 ва 43-моддалар қоидаларига мувофиқ муайян жойга мажбурий кўчириш ёки интернирлашдан бошқа қандайдир оғирроқ назорат чораларини қўллай олмайди.

Бошқа муайян жойга мажбурий кўчириш тўғрисидаги қарор асосида ўзларининг одатий жойларини тарк этишлари талаб қилинган шахсларга нисбатан 39-модданинг иккинчи хатбошидаги қоида қўлланганда, ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат интернирланган шахслар билан муомала қилишга доир қоидаларга имкони борича аниқ риоя қилиши лозим (мазкур Конвенциянинг III бўлими, IV қисми).

 

42-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларни интернирлаш ёки мажбуран муайян жойга кўчириш тўғрисидаги фармойиш уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат хавфсизлиги учун жуда зарур бўлган тақдирдагина берилиши мумкин.

Агар бирор-бир шахс Ҳомий-Давлат вакиллари орқали ихтиёрий равишда ўзини интернирлаш ҳақида сўраса ва унинг шахсий аҳволи шуни тақозо этаётган бўлса, у ҳолда мазкур шахс уни ҳукми остида сақлаб турган Давлат томонидан интернирланади.

 

43-модда

Интернирланган ёки муайян жойга мажбурий кўчирилган ҳомийлик остидаги ҳар бир шахс бу ҳақдаги қарорнинг тегишли судда ёки интернирланган шахсни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат шу мақсадда тайинлаган тегишли маъмурий орган томонидан қайта кўриб чиқилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Интернирлаш ёки муайян жойга мажбурий кўчириш чораси ўз кучида қолган тақдирда, суд ёки маъмурий орган вақти-вақти билан – камида йилига икки марта мазкур шахсга тааллуқли масалани, агар шароит тақозо қилса, дастлабки қарорни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида қайта кўриб чиқиши керак.

Агар ҳомийлик остидаги манфаатдор шахслар қарши бўлмаса, интернирланган шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат интернирланган ёки муайян жойга мажбурий кўчирилган ҳомийлик остидаги барча шахсларнинг фамилияларини ва интернирланган ёки мажбурий кўчирилган жойлардан озод этилган шахсларнинг фамилияларини имкон қадар тезкорлик билан Ҳомий-Давлатга маълум қилиши керак. Мазкур модданинг биринчи хатбошида қайд этилган судлар ёки органларнинг қарорлари ҳам, худди ўша шартларга риоя қилган ҳолда, имкон қадар тезкорлик билан Ҳомий-Давлатга маълум қилиниши зарур.

 

44-модда

Мазкур Конвенцияда кўрсатилган назорат чораларини қўллаётиб, ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат аслида ҳеч бир ҳукуматнинг ҳомийлигидан амалда фойдаланмаётган қочоқларга улар фақат юридик жиҳатдан душман Давлатига мансуб эканлиги учунгина уларга душман фуқаролари бўлган чет элликлар каби муомала қилмаслиги лозим. 

 

45-модда

Ҳомийлик остидаги шахслар Конвенция иштирокчиси бўлмаган Давлатга топширилиши мумкин эмас.

Бу қоида уруш ҳаракатлари тугаганидан сўнг ҳомийлик остидаги шахсларни ватанига қайтариш ёки уларнинг яшаш жойи бўлган мамлакатга қайтариб юборишга тўсқинлик қилмаслиги керак.

Ҳомийлик остидаги шахслар уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат томонидан фақат Конвенция иштирокчиси бўлган Давлатга топширилиши мумкин; бунда ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат мазкур Давлатнинг Конвенцияни қўллаш истаги ва имконияти мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Ҳомийлик остидаги шахсларни бундай топшириш амалга ошгач, ушбу шахслар ишониб топширилган муддат мобайнида Конвенцияни қўллаш масъулияти бу шахсларни қабул қилиб олган Давлат зиммасига юкланади. Бироқ мазкур Давлат Конвенциянинг бирор-бир муҳим бандидаги қоидаларни бажармаса, ҳомийлик остидаги шахсларни унга топширган Давлат, Ҳомий-Давлатнинг бу ҳақда хабар қилиши биланоқ, аҳволни тўғрилаш учун самарали чоралар кўриши ёки ҳомийлик остидаги шахсларни ўзига қайтариб беришни талаб қилиши керак. Бундай талаб қондирилиши зарур.

Ҳомийлик остидаги шахс ўзининг сиёсий ёки диний эътиқоди сабабли таъқибга учраши мумкинлигидан хавотирда бўлган мамлакатга топширилиши мутлақо мумкин эмас.

Мазкур модданинг қоидалари, ҳарбий ҳаракатлар бошланмасидан олдин тузилган топшириш тўғрисидаги шартномаларга асосан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳомийлик остидаги шахсларни топширишга монелик қилмайди.

 

46-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан қўлланилган чеклов чоралари ҳарбий ҳаракатлар тугагандан сўнг, агар бундан илгарироқ бекор қилинмаган бўлса, иложи борича қисқа вақт ичида бекор қилинади.

Уларнинг мулкига нисбатан қўлланилган чеклов чоралари ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат қонунчилигига мувофиқ равишда, ҳарбий ҳаракатлар тугагандан сўнг, иложи борича қисқа вақт ичида бекор қилинади.  

 

III  қ и с м

 

ИСТИЛО ЭТИЛГАН ҲУДУДЛАР

 

47-модда

Истило этилган ҳудудда жойлашган ҳомийлик остидаги шахслар ҳеч қачон ва ҳеч қандай тарзда, истило натижасида ушбу ҳудудда ёки уни бошқариш борасида жорий этилган ҳар қандай ўзгаришлардан, истило этилган ҳудуд маъмурияти ва истилочи Давлат ўртасида тузилган махсус битимлардан ва ушбу ҳудуднинг тўлалигича ёки қисман зўравонлик билан қўшиб олинишидан қатъи назар, мазкур Конвенция имтиёзларидан маҳрум этилмайди.

 

48-модда

Ҳудуди истило этилган Давлатнинг фуқароси бўлмаган ҳомийлик остидаги шахслар, 35-моддада кўзда тутилган қоидаларга амал қилиш шарти билан, мазкур ҳудудни тарк этиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин ва бу масала бўйича қарор кўрсатилган моддага мувофиқ истилочи Давлат томонидан ўрнатилган тартиб-қоида асосида қабул қилиниши керак.

 

49-модда

Ҳомийлик остидаги шахсларни истило этилган ҳудуддан истилочи Давлат ҳудудига ёки, истило этилганми-йўқлигидан қатъи назар, бошқа ҳар қандай Давлат ҳудудига, қандай сабаб билан бўлмасин, олиб кетиш ёки депортация қилиш тақиқланади.

            Бироқ аҳоли хавфсизлиги ёки ҳарбий хусусиятдаги ўта жиддий сабаблар талаб қилса, истилочи Давлат истило этилган муайян районни тўлалигича ёхуд қисман кўчириши мумкин. Бундай эвакуациялар вақтида ҳомийлик остидаги шахслар истило этилган ҳудуднинг фақат ичкарисига кўчирилиши лозим, амалда мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Бундай тартибда эвакуация қилинган аҳоли мазкур ҳудудда жанговар ҳаракатлар тугаши биланоқ, ўз уйларига қайтарилади.

Истилочи Давлат кўчириш ёки эвакуацияни амалга оширишга киришаётиб, ҳомийлик остидаги шахсларни имконият даражасида тегишли бинолар билан таъминлаши лозим; бундай кўчиришлар хавфсизлик, гигиена, соғлиқни сақлаш ва овқатланиш нуқтаи назаридан қониқарли шароитда амалга оширилиши керак. Бир оила аъзолари бир-биридан ажратиб қўйилмайди.  

Бундай кўчириш ёки эвакуациялар амалга оширилиши биланоқ, бу ҳақда Ҳомий-Давлатга хабар қилиниши лозим.

Агар аҳоли хавфсизлиги ёки ҳарбий хусусиятдаги ўта жиддий сабаблар бўлмаса, истилочи Давлат ҳомийлик остидаги шахсларни уруш хавф-хатарлари бўлган ҳудудларда сақлаб туриши мумкин эмас.

Истилочи Давлат ўзи истило этган ҳудудга ўз фуқаро аҳолисининг бир қисмини депортация қилиши ёки кўчириши мумкин эмас.    

 

50-модда

Истилочи Давлат миллий ва маҳаллий маъмурлар кўмагида болалар васийлиги ва тарбияси топширилган муассасаларнинг иши маваффақиятли олиб борилиши учун уларга ёрдам кўрсатиши зарур.

У болаларнинг шахсини аниқлаш ва уларнинг қариндошлик алоқаларини рўйхатга олишда кўмаклашиш учун барча зарур чораларни кўриши керак. У болаларнинг фуқаролик ҳолатини ўзгартириши ва уларни ўзига тобе тузилма ва ташкилотлар сафига қўшиши мутлақо мумкин эмас.

Маҳаллий муассасалар бу вазифаларни амалга оширишга қодир бўлмаган тақдирда, истилочи Давлат етим болаларни ёки уруш оқибатида ота-оналаридан ажралган болаларни, агар уларни ўз яқин қариндошлари ёхуд дўстларининг ғамхўрлиги билан таъминлаб бўлмаса, боқиш ҳамда уларга таълим бериш чораларини кўриши лозим; таълим бериш иложи борича уларнинг миллати, тили ва динига мансуб шахслар томонидан амалга оширилиши керак.

Болаларнинг шахси борасида шубҳа юзага келган тақдирда, 136-моддага мувофиқ тузилган бюронинг махсус бўлими уларнинг шахсини аниқлаш учун барча зарур чораларни кўради. Ота ва онаси ёки бошқа яқин қариндошлари ҳақида болалар биладиган маълумотлар доим қайд этиб борилиши керак.

Истилочи Давлат овқатлантириш, тиббий парваришлаш ва уруш ҳаракатларидан ҳимоя этиш борасида 15 ёшгача бўлган болаларга, ҳомиладор аёлларга ва 7 ёшгача болали оналарга нисбатан истилога қадар қабул қилинган имтиёзли чораларнинг қўлланишини қийинлаштирмаслиги лозим.

 

51-модда

Истилочи Давлат ҳомийлик остидаги шахсларни ўз қуролли кучларида ёки ёрдамчи қўшинларида хизмат қилишга мажбурлаши мукин эмас. Кўнгилли равишда армияга киришга ҳар қандай йўл билан мажбур этиш ёки тарғиб қилиш тақиқланади.

Истилочи Давлат фақат 18 ёшдан катта бўлган ҳомийлик остидаги шахсларнигина мажбурий ишга юбориши ва фақат истилочи армия эҳтиёжи учун зарур бўлган ёки истило этилган жойдаги аҳолини коммунал корхоналар, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, транспорт ва тиббий хизмат билан таъминлашга тааллуқли ишларгагина юбориши мумкин. Ҳомийлик остидаги шахсларни ҳарбий операцияларда иштирок этишини тақозо этувчи бирор бир ишни бажаришга мажбурлаш мумкин эмас. Истилочи Давлат ҳомийлик остидаги шахслардан улар ўз зиммаларига юкланган ишни бажараётган биноларнинг хавфсизлигини таъминлашда куч ишлатишларини талаб қилиши мумкин эмас.

Ҳар қандай иш ушбу шахслар жойлашган истило қилинган ҳудуд доирасидагина бажарилади. Ана шу шахсларнинг ҳар бири иложи борича ўзининг одатдаги иш жойида қолдирилади. Иш ҳақи адолатли равишда тўланиши ҳамда бу иш ходимларнинг жисмоний ва ақлий қобилиятига мос бўлиши керак. Истило этилган мамлакатда амалда бўлган меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, хусусан, маош, иш куни, асбоб-аслаҳа, олдиндан касбга тайёрлаш, иш вақтидаги бахтсиз ҳодиса ва касб касалликлари учун нафақа тўловлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазкур моддада кўрсатилган ишларга жалб қилинган ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан қўлланади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимларни мажбурий тартибда меҳнатга жалб этиш уларнинг ҳарбий ёки ярим ҳарбий хусусиятга эга ташкилотларга сафарбар қилинишига олиб келмаслиги керак.

 

52-модда

Ҳеч қандай шартнома, битим ёки низом ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий равишда ишга жалб этилган шахснинг, у қаерда бўлишидан қатъи назар, Ҳомий-Давлат вакилларига ҳимоя сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқини чеклаши мумкин эмас.

Истилочи Давлат фойдасига ишлашга мажбурлаш мақсадида истило этилган ҳудуддаги меҳнаткашлар учун ишсизликни келтириб чиқаришга ёки ишлаш имкониятларини чеклашга қаратилган ҳар қандай тадбирлар тақиқланади.

 

53-модда

Ҳарбий операциялар учун мутлақо зарур бўлмаган ҳолларда, истилочи Давлат томонидан хусусий шахслар ёки Давлат, жамоалар ёки ижтимоий ва кооператив ташкилотларнинг хусусий ёхуд жамоа мулки ҳисобланган кўчар ва кўчмас мол-мулкни ҳар қандай йўқ қилиш тақиқланади.

           

54-модда

Истилочи Давлатга истило этилган ҳудуддаги мансабдор шахслар ёки судьяларнинг статусини ўзгартириш ва агар улар виждон амри билан ўз вазифаларидан бош тортсалар, уларга нисбатан санкциялар қўллаш, қандайдир мажбурлаш чораларини кўриш ёки уларни камситиш йўлини тутиш тақиқланади.

Ушбу охирги тақиқ 51-модданинг иккинчи хатбошини қўллашга тўсқинлик қилмайди. У истилочи Давлатнинг мансабдор шахсларни эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш борасидаги ҳуқуқига дахл қилмайди.

 

55-модда

Истилочи Давлат барча мавжуд воситалар ёрдамида фуқаро  аҳолини озиқ-овқат ва санитария маҳсулотлари билан таъминлашга мажбур. Хусусан, истило этилган ҳудуддаги ресурслар етарли бўлмаса, у озиқ-овқат, санитария материаллари ва бошқа буюмларни келтириши керак.

Истилочи Давлат истило этилган ҳудуддаги ғамлаб қўйилган озиқ-овқат ва бошқа буюмларни шунингдек санитария материалларини фуқаро аҳолининг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолдагина, фақат истилочи қўшинлар ва маъмуриятни таъминлаш мақсадида реквизиция қилиши мумкин. Бошқа халқаро конвенцияларга амал қилиш шартига мувофиқ, истилочи Давлат ҳар қандай реквизициянинг адолатли равишда қопланишини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўради.

Ҳомий-Давлат қатъий ҳарбий шароит тақозо этган вақтинчалик чеклашларни назарда тутган ҳолда, истило этилган ҳудудларнинг озиқ-овқат ва санитария маҳсулотлари билан таъминланганлиги ҳолатини ҳар қандай вақтда тўсқинликларсиз текшириб кўриш ҳуқуқига эга.

 

56-модда

Истилочи Давлат барча мавжуд воситалар ёрдамида ҳамда миллий ва маҳаллий маъмурлар кўмагида истило этилган ҳудуддаги санитария ва касалхона муассасалари ва хизматлари фаолиятини ҳамда соғлиқни сақлаш ва жамоат гигиенасини таъминлаши ва қўллаб-қувватлаши, хусусан, юқумли касалликлар ва эпидемиянинг тарқалишига қарши курашиш учун зарур профилактик ва олдини олувчи чораларни қўллаши зарур. Барча тоифалардаги санитария ходимларига ўз вазифаларини бажаришлари учун рухсат этилади.

Истило этилган ҳудудда янги касалхоналар очилган тақдирда, агар ушбу ҳудудда истило қилинган Давлатнинг ваколатли органи фаолият кўрсатмаётган бўлса, зарур ҳолларда, истилочи маъмурлар 18-моддага мувофиқ ушбу касалхоналарни эътироф этиши керак. Худди шундай ҳолларда истилочи маъмурлар 20 ва 21-моддаларга мувофиқ  касалхона ходимлари ва ташиш воситаларини ҳам эътироф этади.

Соғлиқни сақлаш ва гигиена соҳасида тегишли чоралар кўриб, уларни ҳаётга татбиқ этар экан, истилочи Давлат истило этилган ҳудуд аҳолисининг маънавий ва ахлоқий талабларини ҳам эътиборга олиши шарт.

 

57-модда

Истилочи Давлат фуқаро касалхоналарини ярадор ва бемор ҳарбий хизматчиларни парваришлаш учун ўта зарур ҳолларда, мазкур касалхонадаги беморларни даволаш ва парваришлашни ҳамда фуқаро аҳолининг касалхонада даволаниш эҳтиёжини таъминлаш юзасидан ўз вақтида тегишли чораларни кўриш шарти билан, вақтинча муддатга реквизиция қилиши мумкин.

Фуқаро касалхоналарининг мол-мулки ва омборлари фуқаро аҳолининг эҳтиёжи учун зарур бўлиб турар экан, уларни реквизиция қилиш мумкин эмас.

 

58-модда

Истилочи Давлат руҳонийларга ўз диндошларига маънавий кўмак кўрсатишлари учун имкон беради.

Истилочи Давлат китоблар ва диний эҳтиёжларни қондириш учун зарур буюмлар солинган посилкаларни қабул қилиб олади ва уларнинг истило этилган ҳудудда тарқатилишига кўмаклашади.

 

59-модда

Истило этилган ҳудуднинг бутун аҳолисини ёки унинг бир қисмини таъминлаш етарлича бўлмаса, истилочи Давлат мазкур аҳолига кўмаклашиш бўйича тегишли тадбирлар ўтказишга розилик бериши ва бу тадбирларни амалга оширишни ўз ихтиёридаги барча усуллар билан қўллаб-қувватлаши шарт.  

Давлатлар ёки беғараз инсонпарварлик ташкилотлари, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган бундай тадбирлар жумласига, хусусан, озиқ-овқатлар, санитария маҳсулотлари ва кийим-кечакларни жўнатиш ҳам кириши керак.

Барча Аҳдлашувчи Томонлар ушбу посилкаларнинг эркин ташиб ўтилишига рухсат бериши ва қўриқланишини кафолатлаши зарур.

Можарода иштирок этаётган душмани томонидан истило этилган ҳудудга ушбу посилкаларни эркин ташиб ўтиш учун йўл очган Давлат, айни чоғда, бу посилкаларни кўздан кечириш, белгиланган муддат ва йўналиш бўйича ташилишини тартибга солиш ва Ҳомий-Давлат кўмагида ушбу посилкалардан истилочи Давлат манфаатлари йўлида эмас, балки эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш учун фойдаланилишига ишонч ҳосил қилиш ҳуқуқларига эга бўлиши керак.

 

60-модда

Ёрдам юклари истилочи Давлатни 55, 56 ва 59-моддалар билан ўз зиммасига юкланган масъулиятларнинг ҳеч биридан озод этмайди. Истилочи Давлат ёрдам юкларини бошқа ҳеч қандай мақсадларга мўлжаллаши мумкин эмас, истило этилган ҳудуд аҳолиси манфаатлари учун шошилинч зарурат ҳоллари ва Ҳомий-Давлат розилиги мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

61-модда

Олдинги моддаларда қайд этилган ёрдам юкларининг тақсимоти Ҳомий-Давлат кўмаги ва назорати остида амалга оширилади. Истилочи Давлат билан Ҳомий-Давлат ўртасидаги келишув орқали бу масъулият бетараф Давлатга, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига ёки ҳар қандай беғараз инсонпарварлик ташкилотига топширилиши ҳам мумкин. 

Бу ёрдам юклари истило этилган ҳудудларда ҳар қандай тўловлар, солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилади; бу тўловлар мазкур ҳудуд иқтисодиёти манфаатлари учун зарур ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно. Истилочи Давлат ушбу юкларнинг зудлик билан тақсимланишини таъминлашга ҳаракат қилиши керак.

Барча Аҳдлашувчи Томонлар истило этилган ҳудудларга жўнатилаётган ушбу ёрдам юкларини бепул ўтказиш ва ташиш масаласини ҳал этишга ҳаракат қилишлари лозим.

 

62-модда

Истило этилган ҳудудда бўлган ҳомийлик остидаги шахслар бундан ташқари, агар бу қатъий хавфсизлик марфаатларига зид бўлмаса, ўз номларига юборилган посилкаларни ҳам олишлари мумкин.

 

63-модда

Истилочи Давлат томонидан фавқулодда характердаги хавфсизлик мулоҳазаларига кўра истисно тариқасида жорий этилиши мумкин бўлган муваққат чораларга амал қилиш шарти билан:

а) Қизил Хоч (Қизил Ярим Ой, Қизил Шер ва Қуёш)нинг эътироф этилган миллий Жамиятлари Қизил Хочнинг халқаро конференциялари томонидан белгиланган, Қизил Хочнинг тамойилларига жавоб берадиган фаолият билан шуғулланишда давом этишлари мумкин. Ёрдам кўрсатувчи бошқа жамиятларга худди шу шартлар асосида ўз инсонпарварлик фаолиятини давом эттиришга рухсат этилади;

б) истилочи Давлат бу жамиятларнинг ходимлари ёки тузилишига, уларнинг юқорида белгиланган фаолиятига зиён етказиши мумкин бўлган бирон-бир ўзгартиришлар киритишни талаб этиши мумкин эмас.

Худди шу тамойиллар асосий ижтимоий фойдали хизматларни қўллаб-қувватлаш, ёрдамни тақсимлаш ва қутқарувни ташкил қилиш йўли билан фуқаро аҳолининг турмуш шароитини таъминлаш мақсадида тузилган ёки келгусида тузилиши мумкин бўлган ноҳарбий характердаги махсус ташкилотлар фаолияти ва ходимларига ҳам тааллуқлидир.

 

64-модда

Истило этилган ҳудуднинг жиноий қонунчилиги ўз кучида қолади; бу қонунчилик истилочи Давлат хавфсизлигига таҳдид солгани ёки мазкур Конвенцияни қўллашга халал бергани учун истилочи Давлат томонидан бекор қилиниши ёхуд тўхтатиб қўйилиши билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно. Ана шу мулоҳазаларни ва адолатли судловнинг самарали бажарилишини таъминлаш заруратини ҳисобга олган ҳолда, истило этилган ҳудуддаги суд органлари мазкур қонунчиликда кўзда тутилган барча ҳуқуқбузарликлар юзасидан ўз фаолиятини бажаришда давом этади.

Истилочи Давлат шунга қарамасдан истило этилган ҳудуд аҳолисини мазкур Конвенцияга мувофиқ зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариш, ҳудудни оқилона бошқаришни қўллаб-қувватлаш ва истилочи Давлат, истилочи қўшинларнинг шахсий таркиби ва мол-мулки ёки маъмурият, шунингдек, улар фойдаланадиган объектлар ва коммуникация тармоқлари хавфсизлигини таъминлаш учун бевосита зарур бўлган қарорлар таъсирига бўйсундириши мумкин.

 

65-модда

Истилочи Давлат томонидан чиқариладиган жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қарорлар матбуотда чоп этилиб, аҳолига улар тушунадиган тилда етказилганидан сўнг кучга киради. Ушбу мажбурий қарорларнинг таъсири тескари кучга эга бўлмаслиги керак.

 

66-модда

Истилочи давлат томонидан 64-модданинг иккинчи хатбошига асосан чиқарилган жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қарорлар бузилган тақдирда, истилочи Давлат айбланувчини ўзининг тегишли тартибда тузилган ва албатта истило этилган ҳудудда жойлашган носиёсий ҳарбий судларига топшириши мумкин. Иккинчи инстанция судлари ўз мажлисларини асосан истило этилган ҳудудда ўтказади.  

 

67-модда

Бу судлар фақат қонуний тартибда чиқарилган, ҳуқуқбузарлик содир этилгунга қадар кучда бўлган ва ҳуқуқнинг асосий тамойилларига, хусусан, жазо мутаносиблиги тамойилига мос келадиган қарорларнигина қўллаши мумкин. Улар айбланувчи истилочи Давлатнинг фуқароси эмаслиги фактини эътиборда тутишлари лозим.

 

68-модда

Ҳомийлик остидаги шахс истилочи Давлатга зиён етказишдан иборат ягона мақсад билан ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, агар бу ҳуқуқбузарлик истилочи қўшинлар шахсий таркиби ёки маъмурларнинг ҳаётига ёхуд жисмоний дахлсизлигига нисбатан тажовуз бўлмаса, жиддий оммавий хавф туғдирмаса, истилочи қўшинлар ёки маъмуриятга тегишли мол-мулкка ёки улар фойдаланадиган объектларга жиддий зиён етказмаган бўлса, у ҳолда ушбу шахс интернирланади ёки қамоққа олинади, айни чоғда, бундай ҳудудга мажбуран жойлаштириш ёки қамоқда сақлаш муддати мазкур шахс содир этган ҳуқубузарликка мутаносиб бўлиши шарт. Бундан ташқари, интернирлаш ёки қамоқда сақлаш жазоси бундай ҳуқуқбузарликларни содир этган ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан қўлланиладиган озодликдан маҳрум этишнинг ягона чораси ҳисобланади. Мазкур Конвенциянинг 66-моддасида кўзда тутилган судлар қамоқда сақлаш жазосини худди шу муддатга интернирлаш чораси билан бемалол алмаштиришлари мумкин.

Истилочи Давлат 64 ва 65-моддаларга мувофиқ чиқарган жиноий жавобгарлик ҳақидаги қоидаларда ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан ўлим жазоси улар томонидан айғоқчилик, истилочи Давлатнинг ҳарбий объектларига қарши қаратилган жиддий қўпорувчилик ёки бир ёхуд бир неча шахснинг ўлимига сабаб бўлган, қасддан ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари содир этилган ҳоллардагина кўзда тутилиши мумкин. Бунда истило этилган ҳудуднинг истилога қадар амалда бўлган қонунчилигида худди шу сингари ҳолатлар учун ўлим жазоси кўзда тутилган бўлиши шарт.

Айбланаётган ҳомийлик остидаги шахснинг истилочи Давлат фуқароси эмаслиги  ва шу туфайли у ушбу Давлатга нисбатан садоқат туйғуси билан боғланмаганлиги  каби ҳолатларга суднинг алоҳида эътибори қаратилгандан кейингина, айбланувчига нисбатан ўлим жазоси ҳукми чиқарилиши мумкин.

Ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн саккиз ёшга тўлмаган ҳомийлик остидаги шахс ўлим жазосига ҳукм этилиши мутлақо мумкин эмас.

 

69-модда

Барча ҳолларда суддан олдинги қамоқ муддати айбланаётган ҳомийлик остидаги шахс ҳукм этиладиган ҳар қандай қамоқ жазоси муддатига қўшиб ҳисобланади.

 

70-модда

Истилочи Давлат ҳомийлик остидаги шахсларни истилога қадар ёки истило вақтинча тўхтатилган даврда содир этган ҳаракати ёхуд билдирган фикри учун қамоққа олиши, таъқиб қилиши ёки суд қилиши мумкин эмас; уруш қонунлари ва удумларини бузиш ҳоллари бундан мустасно.

Истилочи Давлатнинг истило этилган ҳудудда можаро бошланишидан олдин бошпана истаб юрган фуқаролари фақат ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг содир этган ҳуқуқбузарликлари ёки ҳарбий ҳаракатлар бошланишига қадар содир этган жиноий ҳаракатлари учун (агар ҳудуди истило этилган Давлат қонунларида бундай жиноятчининг тинчлик даврида ушлаб берилиши кўзда тутилган бўлса) қамоққа олиниши, суд қилиниши, жазоланиши ёхуд истило этилган ҳудуддан депортация қилиниши мумкин.

 

71-модда

Истилочи Давлатнинг ваколатли суд органлари ишни белгиланган процессуал тартибда кўриб чиқмасдан туриб, бирор-бир ҳукм чиқариши мумкин эмас.

Истилочи Давлат томонидан айблов қўзғатилган ҳар қандай шахс бу ҳақда кечиктирмасдан, ёзма равишда ўзига қарши қўйилаётган айблар тафсилоти унга тушунарли тилда тўлиқ хабардор этилиши ва унинг иши имкон қадар тезлик билан кўриб чиқилиши керак. Истилочи Давлат томонидан ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан ўлим жазосига ёки икки йил ва ундан ортиқ муддат қамоқ жазосига ҳукм этишга сабаб бўладиган айблар қўйилиши юзасидан бошланган ҳар қандай жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракатлари тўғрисида Ҳомий-Давлат хабардор қилиниши керак; у ҳар қандай вақтда бу хилдаги судлов ишининг ҳолати юзасидан тегишли хабар олиши мумкин. Бундан ташқари, Ҳомий-Давлат бундай судлов ишлари ва истилочи Давлат томонидан ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан қўзғатилган тергов ҳаракатларига тегишли барча маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

Мазкур модданинг иккинчи хатбошида кўзда тутилган билдириш хати Ҳомий-Давлатга зудлик билан жўнатилиши керак ва ҳар ҳолда, Ҳомий-Давлат уни ишнинг биринчи кўрилиши бошланишидан уч ҳафта олдин олиши керак. Суд мажлисининг бошланишида мазкур модда қоидалари тўла бажарилганлиги тўғрисида тегишли далил мавжуд бўлмаса, суд иши кўрилиши мумкин эмас. Бу билдириш хатида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

а) айбланувчининг шахси ҳақидаги маълумотлар;

b) интернирланган ёки қамоқда сақланаётган жой;

            с) айблов ёки айбловларнинг батафсил баёни (айблов асосланаётган жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи тегишли қарорларни кўрсатган ҳолда);

d) ишни кўраётган суднинг номи;

е) ишни биринчи кўрилиш вақти ва манзили.

 

72-модда

Ҳар қандай айбланувчи судда ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган далилларни келтириш ҳуқуқига эга, жумладан, судга гувоҳларнинг чақирилишини талаб этиши мумкин. Айбланувчи ўзи танлаб олган малакали ҳимоячи ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, ушбу ҳимоячи айбланувчини эркин келиб кўриши мумкин ва унга ҳимояга тайёргарлик кўриш учун барча шароит яратилади.

Агар айбланувчи ўзига ҳимоячи танлаб олмаган бўлса, уни Ҳомий-Давлат тақдим қилиши мумкин. Айбланувчи оғир жиноят содир этганликда айбланаётган ва Ҳомий-Давлат мавжуд бўлмаган тақдирда, айбланувчининг розилигига кўра истилочи Давлат унга ҳимоячи топиб бериши керак.

Ҳар қандай айбланувчига суддан олдинги тергов жараёнида, шунингдек, суд мажлислари пайтида таржимондан фойдаланиш учун шароит яратилиши керак, у ўз ихтиёри билан бундай ёрдамни рад этган ҳоллар бундан мустасно. У доимо таржимонга қарши чиқиш ва уни алмаштиришни сўраш ҳуқуқига эга бўлади.

 

73-модда

Жазога маҳкум этилган ҳар қандай киши қонунчиликда кўзда тутилган ва суд томонидан қўлланиладиган барча хилдаги шикоят қилиш усулларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. У ўзининг шикоят қилиш ҳуқуқи, шунингдек, бу ҳуқуқдан қайси муддатлар давомида фойдалана олиши мумкинлиги ҳақида тўла хабардор этилиши зарур.

Мазкур қисмда кўзда тутилган жиноий-процессуал тартиб-қоидалар имкон қадар шикоят қилишда ҳам қўлланилиши керак. Суд томонидан қўлланилган қонун-қоидаларда шикоят қилиш тартиби кўзда тутилмаган тақдирда, ушбу суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳукм устидан истилочи Давлатнинг тегишли маъмурларига шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

74-модда

Ҳомий Давлат вакиллари ҳомийлик остидаги шахсларнинг иши кўриб чиқилаётган ҳар қандай суднинг мажлисларида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга; истилочи Давлат хавфсизлиги манфаатлари нуқтаи назаридан ёпиқ эшиклар ортида тингланадиган суд мажлислари бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда истилочи Давлат Ҳомий-Давлатга олдиндан билдиради. Ишнинг судда кўрилиши бошланадиган жой ва сана ҳақида Ҳомий-Давлатга хабарнома юборилиши керак.

Ўлим жазоси ёки икки йил ва ундан ортиқ муддат қамоқ жазосини кўзда тутувчи барча суд ҳукмлари тўғрисида Ҳомий-Давлатга иложи борича қисқа фурсат ичида билдирилади, бунда чиқарилган ҳукмнинг асослари кўрсатилиши зарур. Хабарномада 71-моддага мувофиқ юборилган билдириш хатига ҳавола мавжуд бўлиши ва озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарилган ҳолларда, жазо ўталадиган тегишли манзил кўрсатилиши лозим. Юқорида қайд этилганидан бошқа ҳукмлар судда сақланиши ва Ҳомий-Давлат вакилларига танишиш учун тақдим қилиниши керак. Ўлим жазоси ёки икки йил ва ундан ортиқ муддат қамоқ жазосини кўзда тутувчи суд ҳукмлари тўғрисидаги хабарнома Ҳомий-Давлатга етиб боргунига қадар, бундай ҳукмлар устидан шикоят қилиш учун белгиланган муддат бошланмаслиги керак.

 

75-модда

Ҳеч қандай ҳолатда ўлимга ҳукм этилганлар авф этиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.

Ҳомий-Давлат ўлим жазосига ҳукмни тасдиқлаш тўғрисида суднинг якуний қарори ёки авф этишни рад қилиш тўғрисидаги қарор юзасидан хабар олган муддатдан эътиборан камида олти ой ўтмагунига қадар бирор-бир ўлим жазоси ижро этилмайди.

Фавқулодда ҳолат муносабати билан истилочи Давлат ёки унинг қуролли кучлари учун хатарли вазиятлар тайёрланган алоҳида ҳолларда ушбу олти ойлик муддат қисқартирилиши ҳам мумкин. Ҳомий-Давлатга бундай муддат қисқартирилиши ҳақида ҳар доим маълум қилинади ва унга бу масалани ҳал қилишда тўла ҳуқуққа эга бўлган истилочи маъмуриятга ана шу ўлим ҳукми юзасидан тақдимнома билан мурожаат қилиши учун тегишли имконият ва зарур муддат берилади.

 

76-модда

Айбланувчи ҳомийлик остидаги шахслар истило этилган мамлакатда қамоқда сақланади ва ҳукм этилганлари тақдирда шу жойда ўз жазо муддатини ўташи керак. Улар, иложи бўлса, бошқа маҳбуслардан алоҳида сақланиши ва уларга саломатлигини яхши аҳволда сақлаб туришлари учун етарли бўлган ва камида истилочи Давлат қамоқхоналари тартибига мос келадиган санитария ва овқатланиш тартиби белгиланиши керак.

Улар соғлиғининг аҳволи тақозо этадиган тиббий ёрдамни оладилар.

Уларга ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда маънавий кўмак олишлари учун ҳам рухсат этилади.

Аёллар алоҳида биноларда қамоқда сақланадилар ва бевосита аёлларнинг назорати остида бўладилар.

Вояга етмаганлар учун кўзда тутилган махсус тартиб эътиборга олинади.

Маҳбус ҳомийлик остидаги шахслар 143-моддага мувофиқ уларни Ҳомий-Давлат ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси делагатлари келиб кўриши ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Бундан ташқари, улар камида ойда бир марта ёрдам посилкаси олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

77-модда

Истило этилган ҳудудда судлар томонидан айбланган ёки ҳукм этилган ҳомийлик остидаги шахслар истило тугагач, уларга нисбатан қўзғатилган иш ҳақидаги ҳужжатлар билан биргаликда озод этилган ҳудуд маъмурларига топширилиши керак.   

 

78-модда

Агар истилочи Давлат қатъий хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиқиб, ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан эҳтиёт чоралари қўллашни зарур деб топса, у қўллайдиган энг катта чора  - бу шахсларни мажбуран бошқа жойга кўчириш ёки интернирлашдан иборат бўлади.

Муайян жойга мажбурий кўчириш ёки интернирлаш тўғрисидаги қарор мазкур Конвенция қоидаларига мувофиқ равишда истилочи Давлат томонидан белгиланган муайян процедура бўйича қабул қилинади. Бу процедура манфаатдор шахсларнинг апелляция ҳуқуқини кўзда тутиши керак. Апелляция бўйича қарор иложи борича қисқа муддатларда қабул қилинади.

Агар қарор ўз кучида қолса, у истилочи Давлат тузган ваколатли орган томонидан вақти-вақти билан, имкон борича олти ойда камида бир марта қайта кўриб чиқилади.

Мажбурий кўчирилаётган, демак ўзининг доимий яшаш жойини ташлаб кетишга мажбур бўлаётган, ҳомийлик остидаги шахслар мазкур Конвенциянинг 39-моддасида кўзда тутилган барча имтиёзлардан ҳеч қандай чеклашларсиз фойдаланадилар.

 

IV қ и с м

 

ИНТЕРНИРЛАНГАНЛАР БИЛАН МУОМАЛА ҚИЛИШГА

ТААЛЛУҚЛИ ҚОИДАЛАР

 

I  Б О Б

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

79-модда

Низолашаётган томонлар ҳомийлик остидаги шахсларни фақат 41, 42, 43, 68 ва 78-моддалардаги қоидаларга мувофиқ равишда интернирлашлари мумкин.

 

80-модда

Интернирланганлар ўзларининг фуқаролик ҳуқуқдорлигини сақлаб қоладилар ва шунинг асосида келиб чиқадиган ҳуқуқларини интернирлаш билан тўғри келган даражада амалга оширадилар.

 

81-модда

Низолашаётган томонлар ҳомийлик остидаги шахсларни интернирлаганда уларни бепул боқишни таъминлашга, шунингдек, соғлиғининг аҳволи тақозо этганда, уларга тегишли тиббий хизмат кўрсатишга мажбур.

Кўрсатилган ана шу сарф-харажатларни қоплаш мақсадида интернирланган шахсларнинг нафақаси ёки маошидан, уларга тегишли бошқа маблағлардан ҳеч қандай чегирмалар ушлаб қолиниши мумкин эмас.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат интернирланганларнинг қарамоғидаги кун ўтказишга етарли даражада маблағи бўлмаган ва ишлаб пул топа олмайдиган барча кишиларга ёрдам кўрсатиши керак.

 

82-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат имкон борича интернирланганларнинг фуқаролиги, тили ва урф-одатларидан келиб чиққан ҳолда жойлаштиради. Интернирланган бир мамлакатнинг фуқаролари фақат тилларидаги фарқлари учун алоҳида жойлаштирилмайди.

Интернирлашнинг бошидан охиригача бир оила аъзолари, айниқса, ота-оналар ва уларнинг болалари интернирлаш ҳудудда биргаликда сақланади; иш шароити ёки саломатлигининг аҳволи туфайли ёхуд мазкур қисмнинг IX боби қўлланиши натижасида вақтинчалик айрилиқ зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Интернирланганлар ота-она қарамоғисиз озодликда қолган болаларини ўзлари билан биргаликда  жойлаштирилишини талаб қилишлари мумкин.

Имконият мавжуд бўлган барча ҳолларда интернирланган бир оиланинг аъзолари битта бинода сақланиши ва бошқалардан алоҳида яшаши керак; уларга, шунингдек, оилавий ҳаёт кечириш учун тегишли шарт-шароит яратиб берилади.

 

П  Б О Б

 

ИНТЕРНИРЛАШ ЖОЙЛАРИ

 

83-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат интернирлаш жойларини уруш хавф-хатари жуда катта бўлган ҳудудларда ташкиллаштирмайди.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат интернирлаш жойларининг географик жойлашуви ҳақидаги барча зарур маълумотларни Ҳомий-Давлат орқали душман Давлатларга маълум қилади.

Ҳарбий тартибга оид мулоҳазалар йўл қўйган ҳар бир ҳолатда интернирланганлар лагерлари «IC» ҳарфлари билан белгиланиши ва бу белги кундузи ҳаводан яққол кўриниб турадиган тарзда ўрнатилиши зарур. Шу билан бирга, манфаатдор томонлар белгилашнинг бошқа усуллари ҳақида ўзаро келишиб олишлари мумкин. Интернирланганлар лагерларидан бошқа бирон-бир жой юқорида кўрсатилган тартибда белгиланиши мумкин эмас.  

 

84-модда

Интернирланганлар ҳарбий асирлар ва бошқа ҳар хил сабаблар бўйича озодликдан маҳрум этилган шахслардан алоҳида жойлаштирилиши ва ўзининг алоҳида маъмуриятига эга бўлиши керак.   

 

85-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ҳомийлик остидаги шахслар интернирлаштирилишининг бошиданоқ уларни гигиена ва соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан тўлиқ кафолат берувчи ва оғир иқлим шароити, шунингдек, уруш ҳаракатларидан етарли даражада ҳимоялашни таъминловчи биноларга ёки бошқа хоналарга жойлаштирилиши учун зарур ва мумкин бўлган барча чораларни кўради. Интернирланганлар учун доимий жойлар носоғлом ерларда ёки иқлими улар учун зарарли бўлган ҳудудларда жойлаштирилиши мутлақо мумкин эмас. Ҳомийлик остидаги шахслар вақтинчалик носоғлом ерларга ёки иқлими уларнинг соғлиғи учун зарарли ҳудудларга интернирланган тақдирда, вазият имкон бериши билан бошқа қулайроқ жойларга кўчирилиши зарур.

Бинолар захдан тўла ҳимояланган бўлиши, етарли даражада иситилиши ва ёритилиши, айниқса интернирлаш жойлари қоронғи тушиши ва чироқни ўчириш учун белгиланган вақт оралиғида ёруғ бўлиши керак. Ётоқхоналар етарли даражада кенг ва яхши шамоллатиладиган бўлиши, интернирланганлар тегишли ётаржой буюмлари ва етарли миқдорда кўрпалар билан таъминланиши ва бунда иқлимни, уларнинг ёши, жинси ва соғлиғини ҳисобга олиш зарур.

Интернирланганлар кеча-кундуз мобайнида гигиена талабларига жавоб берадиган ва доим озода тутиладиган санитария қурилмаларидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Улар ҳар кунги ювиниб-таранишлари ва ўз ич кийимларини ювишлари учун етарли даражада сув ва совун оладилар; шу мақсадлар учун мўлжалланган қурилмалар ва тегишли жиҳозлар билан таъминланадилар. Бундан ташқари, улар учун душ қурилмалари ва ҳаммомлар ташкил этилиши лозим. Уларга гигиена қоидаларига амал қилишлари ҳамда йиғиштириш ишлари билан шуғулланишлари учун зарур бўлган вақт ажратилиши керак.

Истисно тариқасида ва вақтинчалик чора сифатида бирор бир оила аъзоси бўлмаган интернирланган аёлларни интернирланган эркаклар билан бир ерга жойлаштириш зарурати юзага келган тақдирда, бундай аёллар учун албатта алоҳида ётоқхона ва санитария қурилмалари бўлиши зарур.

 

86-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат уларга, диний эътиқодларидан қатъи назар, ўз диний урф-одатларини бажаришлари учун зарур хоналар ажратади.

 

87-модда

Барча интернирлаш жойларида дўконлар ташкил этилади; бошқа тегишли имкониятлар мавжуд бўлган жойлар бундан мустасно. Бундан мақсад интернирланганларнинг ҳар қандай ҳолатда маҳаллий бозорлар нархидан қиммат бўлмаган нархларда озиқ-овқат, уларнинг турмушини яхшилаши мумкин бўлган ва уларга қулайликлар яратадиган кундалик эҳтиёж буюмлари, жумладан совун ва тамаки сотиб олишлари учун имкон яратишдир.

Дўконлардан олинадиган даромад ҳар қайси интернирлаш жойида ташкил этиладиган ёрдам жамғармаларига келиб тушиши ва ундан шу жойда интернирланганлар манфаатлари йўлида фойдаланилиши керак. 102-моддада кўзда тутилган интернирланганлар қўмитаси дўкон ишларининг юритилишини ва жамғармадан фойдаланишни назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бирон-бир интернирлаш жойини тугатишда ёрдам жамғармасининг қолдиқ маблағлари бошқа интернирлаш жойидаги ўша миллатга мансуб интернирланганлар ёрдам жамғармасига ёки бундай жойлар бўлмаса, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлатдаги барча интернирланганлар манфаатларини кўзлаб фаолият юритадиган марказий ёрдам жамғармасига кўчирилади.

Ялпи озод этиш ҳолларида, агар манфаатдор Давлатлар ўртасида бошқача мазмундаги битим мавжуд бўлмаса, ушбу даромад интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ихтиёрида қолади.            

 

88-модда

            Ҳаво ҳужумлари ва урушнинг бошқа хавф-хатари остида бўлган ҳамма интернирлаш жойларида зарур ҳимояни таъминлаш учун тегишли тартибда ва етарли миқдорда пана жойлар қурилиши зарур. Тревога пайтида интернирланганлар ушбу пана жойларга иложи борича тезроқ йўл олишлари керак; ўз яшаш жойларини ҳимоя қилиш учун қолувчилар бундан мустасно. Аҳоли ҳимояси учун қўлланилган ҳар қандай чора-тадбир тенг равишда уларга нисбатан ҳам қўлланиши керак.

Интернирлаш жойларида ёнғинга қарши барча чоралар кўрилиши шарт.

 

III  Б О Б

 

ОЗИҚ-ОВҚАТ ВА КИЙИМ-КЕЧАК

 

89-модда

Интернирланганларнинг кунлик озиқ-овқат таъминоти ўзининг миқдори, сифати ва хилма-хиллигига кўра уларнинг саломатлигини яхши сақлаб туриш учун етарли ва овқат етишмаслигидан келиб чиқадиган ҳолатларга йўл қўймайдиган бўлиши керак. Шунингдек, интернирланганлар учун одатий бўлган овқатланиш тартибини ҳам инобатга олиш лозим.

Бундан ташқари, интернирланганлар ихтиёрида мавжуд бўлган қўшимча озиқ-овқат маҳсулотларидан ўзлари учун таом тайёрлаш имкониятига эга бўладилар.

Уларга етарли даражада ичимлик суви етказиб берилади. Тамаки чекиш учун ижозат берилиши лозим.

Ишлаётганлар ўзлари бажараётган ишига мутаносиб равишда қўшимча овқат билан таъминланади.

Ҳомиладор аёллар, чақалоқли оналар ва 15 ёшгача бўлган болалар ўзларининг физиологик эҳтиёжларига мувофиқ равишда қўшимча озиқ-овқат олишлари керак.

 

90-модда

Интернирланганларга улар қўлга олинган пайтда кийим-кечаклар, оёқ кийимлари ва ич кийимларни ғамлаб олишлари, кейинги даврда зарур бўлган ҳолларда шундай буюмларни харид қилишлари учун барча имкониятлар яратилиши керак. Интернирланган шахснинг етарли миқдорда кийим-кечаги бўлмаган тақдирда, иқлим шароитини ва унинг кийим-кечак ололмаслигини ҳисобга олган ҳолда, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат уни тегишли кийим-кечак билан бепул таъминлаши зарур.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат берган кийим-кечак ва бу Давлат томонидан уларнинг кийимига қўйилиши мумкин бўлган ташқи белгилар уятга қолдирувчи мазмунда ёки масхара қилишга сабаб бўлмаслиги керак.

Ишлаётганлар иш турининг тақозосига кўра тегишли асбоб-аслаҳа ва махсус кийим-бош билан таъминланади.

 

IV   Б О Б

 

ГИГИЕНА ВА ТИББИЙ ЁРДАМ

 

91-модда

            Ҳар қайси интернирлаш жойи бу ерга жойлаштирилганлар ўзлари муҳтож бўлган ёрдамни олиши ва тегишли парҳез билан таъминланиши мумкин бўлган ва малакали шифокор раҳбарлик қиладиган лазаретларга эга бўлади. Юқумли касаллик билан оғриганлар ва руҳий касал беморлар учун изоляторлар ташкил этилади.

            Ҳомиладор ёки кўзи ёриган аёллар ва оғир касалликка чалинган ёхуд соғлиғи махсус даволашни, жарроҳликни ва госпиталга ётқизишни тақозо этадиган интернирланганлар уларнинг даволанишини таъминлай оладиган ҳар қандай муассаса томонидан қабул қилиниши ва аҳоли билан баб-баравар сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши керак.

Интернирланганларга иложи борича уларнинг ўзлари мансуб мамлакат фуқароси ҳисобланган тиббиёт ходимлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилади.

Интернирланганларнинг тиббий маъмурлар қабулига келишларига тўсқинлик қилиш мумкин эмас. Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг тиббий маъмурлари даволаниб чиққан ҳар қайси шахснинг илтимосига биноан, унга ярадорлиги ёки беморлигининг ташхиси ва мазмуни, даволаш муддати ва кўрсатилган тиббий ёрдам баён қилинган расмий маълумотнома беради. Ушбу маълумотноманинг дубликати 140-моддада кўзда тутилган Марказий Агентликка юборилади.

Даволаш, шу жумладан, интернирланганларнинг соғлиғини яхши ҳолатда сақлаб туриш учун ҳар хил зарурий мосламалар, хусусан, ясама тишлар ва бошқа ясама аъзолар ҳамда кўзойнаклар билан таъминлаш интернирланганлар учун бепул бўлади.

 

92- модда

Интернирланганлар ойида камида бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу кўриклар, хусусан, улар соғлиғининг умумий аҳволи, тозалиги ва овқатланишини текшириш, шунингдек, юқумли касалликларни, айниқса, сил, безгак ва таносил касалликларини аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Бундай кўриклар доирасига, жумладан, ҳар қайси интернирланган шахснинг вазнини ўлчаш ва камида йилига бир марта рентген нурида текшириш ҳам киради.

 

V  Б О Б

 

ДИН, АҚЛИЙ ВА ЖИСМОНИЙ ФАОЛИЯТ

 

93-модда

Интернирланганларга маъмурият томонидан ўрнатилган интизомий тартибга риоя этиш шарти билан ўз динларига хос урф-одатларни адо этишлари, шу жумладан, ибодатга боришлари учун тўла эркинлик берилади.

Интернирланган руҳонийларга ўз бурчларини диндошлари ўртасида тўлалигича бажаришга рухсат этилади. Шу мақсадда, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат руҳонийларни уларнинг тилида сўзлашувчи  ва ўша динга эътиқод қилувчи шахслар мавжуд жойларга оқилона тақсимлаш учун ғамхўрлик қилади. Бундай руҳонийларнинг сони етарлича бўлмаган ҳолларда, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат руҳонийларга тегишли шарт-шароит яратади, жумладан, уларга бир манзилдан бошқасига ҳаракатланиш учун транспорт воситалари ажратилади ва касалхоналарда ётган интернирланганларни бориб кўриш ҳуқуқи берилади. Руҳонийлар интернирланганлар жойлашган мамлакатдаги диний маъмурият ва, иложи бўлса, ўз эътиқодларига мансуб халқаро диний ташкилотлар билан ўз эътиқодларига тааллуқли диний масалалар бўйича ёзишмалар олиб бориш эркинлигидан фойдаланадилар. Бу ёзишмалар 107-моддада кўрсатилган қоидалар сирасига кирмайди, аммо 112-модда қоидаларининг таъсирида бўлади.

Интернирланганлар ўз руҳонийлари томонидан маънавий ёрдам ололмаётган бўлса ёки руҳонийларнинг сони етарли бўлмаса, худди шу динга алоқадор маҳаллий диний маъмурлар томонидан интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат билан келишилган ҳолда, уларнинг динига эътиқод қилувчи руҳоний ёки, агар диний нуқтаи назардан бунга йўл қўйилса, шунга ўхшаш динга эътиқод қилувчи руҳоний ёхуд билимдон дунёвий шахс бундай бурчни адо этиш учун  тайинланиши мумкин. Бундай йўл билан тайинланган руҳоний ўз зиммасига олган вазифаси билан боғлиқ имтиёзлардан фойдаланади. Шундай тарзда тайинланган шахслар тегишли тартиб-интизом ва интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўрнатилган барча қоидаларга тўла амал қилишлари керак.

 

94-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат уларнинг ақлий, маърифий ва спорт фаолиятини, шунингдек, уларнинг ўйин-кулги ва сайр-томошаларга бўлган эҳтиёжини (уларга бундай ишларда иштирок этиш ёки этмасликни эркин танлаш имконини берган ҳолда) рағбатлантиради. Ушбу фаолиятни таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилиши, хусусан, бунинг учун тегишли бинолар ажратиб берилиши керак.

Интернирланганлар ўз ўқув машғулотларини давом эттириши ёки янги машғулотларни бошлаши учун уларга мумкин бўлган барча имтиёзлар берилади. Болалар ва ўсмирларни ўқитиш таъминланиши лозим. Улар интернирлаш жойларидаги ёки ундан ташқарида жойлашган мактабларга қатнаши мумкин.

Интернирланганлар очиқ ҳавода жисмоний машқлар билан, спорт ва спорт ўйинлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлиши керак. Барча интернирлаш жойларида шу мақсадда етарли даражада бўш майдонлар ажратилади. Болалар ва ўсмирлар учун алоҳида майдончалар ажратилиши лозим.

 

95-модда

            Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат, агар интернирланганлар буни хоҳласа, уларни ишга жалб этиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда интернирланмаган ҳомийлик остидаги шахсларнинг мажбуран бажариши мазкур Конвенциянинг 40- ёки 51-моддасига хилоф ҳисобланган, шунингдек, камситувчи ва ҳақоратловчи мазмун касб этадиган ишларнинг бажарилиши тақиқланади.

Олти ҳафта ишлаганидан сўнг интернирланганлар, бу ҳақда 8 кун олдин хабардор этиб, истаган пайтда ишни тўхтатишлари мумкин.

Бу қоидалар интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг интернирланган шифокорларни, тиш доктори ва санитария ходимлари таркибидан бўлган бошқа шахсларни интернирланганлар манфаати йўлида ўз касбий фаолияти билан шуғулланишга мажбур этиш, интернирланганларни интернирлаш жойини бошқариш ва озода тутиш ишларига жалб этиш, бу шахсларга ошхона юмушларини ва бошқа хўжалик ишларини топшириш ва, ниҳоят, улардан интернирланганларни ҳаво ҳужумлари ва урушнинг бошқа хил хавф-хатарларидан муҳофаза қилиш билан боғлиқ ишларда фойдаланиш ҳуқуқи учун тўсиқ бўлиб хизмат қилмайди. Шу билан бирга, бирон-бир шахсни, у маъмурият томонидан тайинлаган шифокор томонидан муайян ишга жисмоний жиҳатдан яроқсиз деб топилса, бундай ишларни бажаришга мажбурлаш мумкин эмас.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат меҳнат шароити, тиббий ёрдам, маош, шунингдек, ишга жалб этилган интернирланган шахсларга ишдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касаллиги бўйича қўшимча ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади. Иш шароити ва ишдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касаллиги бўйича қўшимча ҳақ тўлаш тартиби миллий қонунчилик ва амалдаги тартибларга мос келиши зарур; бу шароитлар ўша ҳудудда худди ўша меҳнат учун амалда бўлган шароитдан ёмон ва кам бўлмаслиги лозим. Маош интернирланганлар билан уларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат ўртасида, шунингдек, зарур ҳолларда ушбу Давлатнинг ўрнига бошқа бир муайян иш берувчилар билан тузиладиган махсус битим асосида адолатли тартибда белгиланади. Бунда интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат уларни бепул боқишга, шунингдек, соғлиғи талаб қиладиган тиббий ёрдам кўрсатишга мажбурлиги ҳисобга олинади. Мазкур модданинг учинчи хатбошида кўрсатилган тоифадаги ишларга мунтазам ишлаш учун тайинланган интернирланганлар уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатдан адолатли иш ҳақи оладилар. Бундай ишларга жалб этилган интернирланганларнинг иш шароити ва уларга ишдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касаллиги бўйича тўланадиган қўшимча ҳақ миқдори худди ўша ҳудудда шундай ишларни бажарган шахсларникидан ёмон ва кам бўлмаслиги керак.

 

96-модда

            Ҳар қандай ишчи командаси бирор-бир интернирланган жойнинг тасарруфида бўлади. Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг тегишли маъмурлари ва шу жойнинг коменданти ишчи командаларида мазкур Конвенция қоидаларига амал қилиниши учун жавобгардир. Комендант ўзига бўйсунадиган ишчи командалари рўйхатини тартибли сақлаши ва Ҳомий-Давлат, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва интернирлаш жойларини келиб кўриши мумкин бўлган бошқа инсонпарварлик ташкилотларининг вакилларига бу ҳақда маълумот бериши керак.

             

VI  Б О Б

 

ШАХСИЙ МУЛК ВА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ

 

97-модда

Интернирланганларга шахсий нарса ва буюмларини ўзларида олиб қолишлари учун рухсат этилади. Улардаги пул маблағлари, чеклар, қимматли қоғозлар ва бошқа нарсалар, шунингдек, қимматбаҳо буюмлар белгиланган тартиб-қоидага мувофиқ олиб қўйилиши мумкин. Бу ҳақда уларга батафсил тилхат берилиши керак.

Пул маблағлари, 98-моддада кўзда тутилганидек, интернирланганларнинг шахсий ҳисоб рақамига қайд этиб қўйилиши керак; агар интернирланганлар жойлашган ҳудуд қонунчилиги талаб этмаса ёки интернирланган шахснинг ўзи бунга розилик бермаса, бу пуллар бошқа валютага алмаштирилиши мумкин эмас.

Муҳим субъектив қимматга эга бўлган ёки эсдалик ҳисобланган буюмлар олиб қўйилиши мумкин эмас.

            Интернирланган аёлларни фақат аёллар тинтув қилиб кўришлари мумкин.

Интернирланганлар озод этилаётганида ёки ватанига қайтарилаётганида 98-моддага мувофиқ очилган шахсий ҳисоб рақамидаги кредит қолдиғини нақд пул ҳолида олади, шунингдек, интернирлаш чоғида улардан олиб қўйилган барча буюмлар, пуллар, чеклар, қимматли қоғозлар ва бошқа нарсаларини қайтариб олади. Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ унинг ихтиёрида қолдирилиши зарур бўлган нарсалар ёки бойликлар бундан мустасно. Интернирланганлардан биронтасига тегишли мулк ана шу қонунчиликка мувофиқ ушлаб қолинган тақдирда, манфаатдор шахс бу ҳақда батафсил маълумотнома олади.

Интернирланганларнинг қўлидаги оиласига оид ҳужжатлари ва шахсий гувоҳномалари улардан фақат тилхат асосидагина олиб қўйилиши мумкин. Ҳеч қачон интернирланганлар шахсий гувоҳномасиз қолмасликлари керак. Уларда бундай ҳужжат бўлмаса, улар интернирлаган маъмурлар томонидан махсус гувоҳнома оладилар, бу интернирлаш даври тугагунча шахсий гувоҳноманинг ўрнини босади.

Интернирланганлар керакли нарсалар сотиб олиши учун муайян миқдорда нақд пулга ёки харид талони кўринишидаги маблағга эга бўлиши мумкин.

 

98-модда

Интернирланганганлар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тамаки, пардоз-андоз буюмлари каби бошқа нарсаларни харид қилиши учун уларга мунтазам равишда муайян миқдорда маблағ тўланади. Бу тўловлар кредит ёки харид талони тарзида бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, интернирланганлар ўзлари мансуб бўлган Давлатдан, Ҳомий-Давлатдан, уларга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳар қандай ташкилотлардан ёхуд оиласидан ёрдам олиши, шунингдек, уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат қонунчилигига мувофиқ ўз мулкидан келадиган даромадга ҳам эга бўлиши мумкин. Улар мансуб бўлган Давлат юборадиган ёрдам пулларининг миқдори интернирланганларнинг барча тоифалари (ногиронлар, беморлар, ҳомиладор аёллар ва ҳоказолар) учун бир хил миқдорда бўлиши керак ва ушбу Давлат томонидан бериладиган ёрдам пули миқдорини белгилашда, шунингдек, ёрдам пуллариларнинг интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат томонидан тақсимланишида мазкур Конвенциянинг 27-моддасида тақиқланадиган камситишларга йўл қўйилиши мумкин эмас.

Интернирланган ҳар бир шахсга уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат томонидан шахсий ҳисоб рақами очилиши зарур. Бу ҳисоб рақами кредитига мазкур моддада қайд этилган тўловлар, интернирланган шахснинг маоши, шунингдек, унинг номига келган пул переводлари қайд этилиши керак. Ҳисоб рақамига, шунингдек, ушбу шахсдан олиб қўйилган ва интернирланганлар жойлашган ҳудуд қонунчилигига мувофиқ равишда фойдаланиш мумкин бўлган маблағлар ҳам қайд этилади. Интернирланганлар жойлашган ҳудуд қонунчилигига мувофиқ равишда уларга ўз оила аъзоларига ва моддий жиҳатдан уларга қарам бўлган шахсларга ёрдам пули жўнатишлари учун барча имкониятлар яратиб берилади. Улар шахсий сарф-харажатларини қоплаш учун ўз ҳисоб рақамларидан интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ўрнатган миқдорда маблағ олишлари мумкин. Уларга исталган пайтда ўз ҳисоб рақамлари билан танишиш ва улардан кўчирмалар олиш учун нормал имконият яратилади. Бу ҳисоб рақамларининг ҳолати тўғрисида Ҳомий-Давлатга, унинг илтимосига биноан, маълумот берилади, интернирланган шахслар бошқа жойга кўчирилган тақдирда, ҳисоб рақами уларнинг изидан юборилади.

 

VII  Б О Б

 

РАҲБАРЛИК ВА ИНТИЗОМ

 

99-модда

Интернирлаш жойларининг ҳар бирига уларни ўзҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг мунтазам қуролли кучлари таркибидаги офицер ёки фуқаро маъмурияти ходимлари сирасига кирувчи мансабдор шахс раҳбарлик қилади. Интернирлаш жойига раҳбарлик қилувчи офицер ёки мансабдор шахс мазкур Конвенциянинг расмий тилдаги ёхуд ўз мамлакатининг расмий тилларидан биридаги матнига эга бўлиши ва унинг қўлланиши учун жавоб бериши керак. Интернирланганларни назорат қилувчи ходимлар мазкур Конвенциянинг мазмуни ва унинг қўлланилишига тааллуқли қоидалар билан таништирилиши зарур.

Мазкур Конвенция матни, шунингдек, мазкур Конвенцияга мувофиқ тузилган махсус битимлар матнлари интернирланганлар учун тушунарли тилда ёзилган бўлиши ва улар жойлашган биноларнинг ички томонига осиб қўйилиши ёки интернирланганларнинг қўмитасида бўлиши керак.

Ҳар қандай қоида, буйруқ, эълон ва хабарномалар интернирланганларга тушунарли тилда маълум қилиниши ва улар жойлашган биноларнинг ички томонига улар учун тушунарли тилда ёзиб, осиб қўйилиши керак.

Интернирланган алоҳида шахсларга тааллуқли барча буйруқ ва фармойишлар ҳам улар учун тушунарли тилда берилиши шарт.

 

100-модда

Интернирлаш жойларидаги интизом инсонпарварлик тамойилларига мос келиши ва интернирланганларни уларнинг соғлиғи учун хатарли жисмоний зўриқишларга ёки жисмоний ва ахлоқий хўрлашларга дучор этадиган қоидалардан иборат бўлмаслиги керак. Татуировка қилиш, тамға босиш ёки бошқа хил танитувчи белгиларни баданга чизиш тақиқланади.

Хусусан, интернирланганларни узоқ муддат тик туришга мажбурлаш, уларга нисбатан кўп вақтни оладиган йўқламалар, жазо сифатидаги жисмоний машқлар, қўпол ҳарбий интизом ва овқатдан қисиш каби чораларни қўллаш тақиқланади.

 

101-модда

Интернирланганлар бевосита раҳбар маъмурларга ўзлари учун ўрнатилган режим юзасидан ариза бериш ҳуқуқига эгадир.

Улар, шунингдек, Ҳомий-Давлат вакилларига ўз қўмиталари орқали ёки, агар лозим топсалар, тўғридан-тўғри ҳеч қандай чекловларсиз мурожаат этиш ва ўзлари учун яратилган қайси шарт-шароитга нисбатан шикоятлари борлигини маълум қилиш ҳуқуқига эга.

Бу ариза ва шикоятлар зудлик билан ва ҳеч қандай ўзгаришларсиз етказилиши шарт. Ҳаттоки ариза ва шикоятлар асоссиз деб топилган тақдирда ҳам, уларнинг муаллифлари ҳеч қандай жазога тортилмайди.

Интернирланганлар қўмиталари Ҳомий-Давлат вакилларига интернирлаш жойларидаги аҳвол ва интернирланганларнинг эҳтиёжлари ҳақида мунтазам равишда маълумотлар жўнатиб туради.

 

102-модда

Интернирлаш жойларида интернирланганлар эркин, яширин овоз бериш йўли билан, ҳар олти ойда қўмита аъзоларини сайлайдилар. Бу қўмита интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат, Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва уларга кўмаклашадиган ҳар қандай бошқа ташкилотлар олдида уларнинг номидан вакиллик қилади. Қўмита аъзолари қайта сайланишлари мумкин.

Сайланган аъзолар ўзларининг сайланганликлари интернирловчи маъмурлар томонидан тасдиқланганидан сўнг вазифаларини бажаришга киришадилар. Қўмита аъзоларини тасдиқлашни рад этиш ёки уларни бўшатиш сабаблари ҳақида манфаатдор Ҳомий-Давлатларга хабар берилиши керак.

 

103-модда

Интернирланганлар қўмиталари интернирланганларнинг жисмоний, ахлоқий ва ақлий фаровонлигига кўмаклашиши зарур.

Хусусан, агар интернирланганлар ўзаро ёрдам ташкилоти тузишга аҳд қилса, бу ташкилот Конвенциянинг бошқа қоидаларига мувофиқ зиммасига юкланган махсус вазифаларни бажариш билан шуғулланаётган интернирланганлар қўмитаси тасарруфида бўлиши керак.

 

104-модда

Интернирланганлар қўмиталари аъзоларини ўз вазифаларини бажаришларини қийинлаштирадиган бошқа ишларга жалб этиш мумкин эмас.

Қўмиталар аъзолари интернирланганлар сафидан ўзлари учун зарур ёрдамчиларни тайинлашлари мумкин. Уларга тегишли амалий имкониятлар, хусусан, ўз вазифасини бажариши (ишчи командаларига бориб-келиш, юкларни қабул қилиш ва ҳоказолар) учун зарур бўлган муайян даражадаги ҳаракатланиш эркинлиги  берилади.

Қўмита аъзоларига тегишли раҳбар маъмурлар, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат, Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва уларнинг вакиллари, шунингдек, интернирланганларга ёрдам берадиган бошқа ташкилотлар билан ўзаро почта ва телеграф ёзишмаларини амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилади. Ишчи командалари қўмиталарининг аъзолари ўзларининг асосий интернирлаш жойларидаги қўмита билан ўзаро ёзишмаларни амалга оширишда худди шундай имтиёзлардан фойдаланадилар. Бундай ёзишмалар учун ҳеч қандай чеклашлар белгиланмайди, уларни 107-моддада кўзда тутилган норма ҳисобига кирувчи ёзишмалар сифатида қараш мумкин эмас.

Қўмитанинг ҳеч бир аъзоси унга ўз ўринбосарини ишга ўргатиши учун зарур бўлган етарли вақт ажратилмасдан туриб, бошқа жойга кўчирилиши мумкин эмас.

 

VIII  Б О Б

 

ТАШҚИ ДУНЁ БИЛАН АЛОҚАЛАР

 

105-модда

            Ҳомийлик остидаги шахслар интернирлангандан кейин уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатлар зудлик билан бу шахсларнинг ўзларини, улар мансуб бўлган Давлатларни ва уларнинг Ҳомий-Давлатларини мазкур боб қарорларини бажариш учун кўзда тутилган чора-тадбирлардан хабардор қилади. Шунингдек, у манфаатдор томонларни ана шу тадбирларга киритилган ҳар қандай ўзгартиришдан хабардор этиб боради.

 

106-модда

Интернирланган ҳар бир шахс қўлга олинган вақтидан эътиборан ёки энг кечи билан лагерга жойлаштирилганидан, шунингдек, бетоб бўлиб қолганида касалхонага ёхуд бошқа тегишли жойга кўчирилганидан сўнг бир ҳафта ўтгач, бир томондан, бевосита ўз оиласига, иккинчи томондан, 140-моддада кўзда тутилган Марказий Агентликка интернирлангани тўғрисида карточка-хабарнома жўнатиш имконига эга бўлиши лозим; бу карточка-хабарнома иложи борича мазкур Конвенцияга илова қилинган намунадагидек бўлиши ва унда ўзининг интернирлангани, саломатлиги ва манзили тўғрисида хабар берилиши керак. Ушбу карточкалар иложи борича тезлик билан жўнатилиши зарур ва уларни узатиш жараёни ҳеч қандай йўл билан секинлаштирилиши мумкин эмас.

 

107-модда

Интернирланганларга хат ва почта карточкаларини олиш ва жўнатиш учун рухсат этилади. Мабодо интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ҳар бир интернирланган шахс юборадиган почта карточкалари миқдорини чеклаш зарур деб топса, у ҳолда бу миқдор ҳар ойда иккита хат ва мазкур Конвенцияга илова қилинган намунадагидек тузилган тўртта почта карточкасидан кам бўлмаслиги керак. Агар интернирланганлар номига келадиган хат-хабарларга нисбатан чеклов жорий этиш зарур бўлса, бундай чеклов интернирланганлар мансуб бўлган Давлат томонидан, баъзи ҳолларда ушбу шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг илтимосига биноан белгиланади. Бундай хатлар ва почта карточкалари одатдаги тезликда жўнатилади; тартиб-интизом нуқтаи назаридан уларни етказиш тўхтатиб қолиниши ёки кечиктирилиши мумкин эмас.

Ўз оиласидан узоқ вақт мобайнида хат-хабар олмаган ёки хат олиш ва одатдаги тартибда хат жўнатиш имкониятларидан маҳрум бўлган, шунингдек, ўз қариндошларидан узоқ масофада жойлашган интернирланганларга телеграммалар жўнатиш учун рухсат этилади; бунда телеграмма нархининг ушбу шахслардаги мавжуд валютада тўланиши кўзда тутилади. Масала шошилинч деб тан олинган ҳолларда улар бу имтиёзлардан фойдаланишлари керак.

Умумий қоида тариқасида, интернирланганларнинг ёзишмалари уларнинг она тилида олиб борилади. Низолашаётган томонлар ёзишмаларнинг бошқа тилларда ҳам олиб борилишига рухсат беришлари мумкин.

           

108-модда

Интернирланганганларга почта орқали ва бошқа ҳар қандай йўллар билан якка ёхуд жамоавий посилкалар олишга рухсат этилади; бундай посилкалар таркиби, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармонлар, шунингдек, китоблар ва уларнинг диний эҳтиёжларини қондириши, таълим олиши ёки ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган нарсалардан иборат бўлиши мумкин. Бу посилкалар интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатни унинг зиммасига мазкур Конвенция томонидан юкланадиган мажбуриятларидан асло озод этмайди.

Ҳарбий зарурат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бундай посилкалар сонини чеклаш талаб этилган тақдирда, Ҳомий-Давлатга, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига ёки интернирланганларга ёрдам берувчи ва ушбу посилкаларни юбориш вазифаси юкланган бошқа ташкилотларга бу ҳақда тегишли хабарномалар юборилиши керак.

Якка ва жамоавий посилкаларни жўнатиш тартиби, агар зарур деб топилса, интернирланганларнинг ёрдам посилкалари олишларини тўхтатиб қолишлари мутлақо мумкин бўлмаган, манфаатдор Давлатлар ўртасида тузиладиган махсус битимлар мавзусини ташкил этиши керак. Озиқ-овқатлар ва кийим-кечаклар солинадиган посилкаларда китоблар бўлмаслиги лозим. Санитария материаллари, одатда, жамоавий посилкалар таркибида жўнатилиши керак.

 

109-модда

Манфаатдор томонлар ўртасида жамоавий ёрдам посилкаларини олиш ва тақсимлаш тартиби тўғрисида махсус битимлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, мазкур Конвенцияга илова қилинган жамоавий посилкаларга тааллуқли қоидалар қўлланилади.

Юқорида тилга олинган махсус битимлар интернирланганлар қўмиталарининг келиб тушган, мазкур шахслар учун мўлжалланган посилкаларни қабул қилиб олиш, уларни тегишлича тақсимлаш ва посилка олувчилар манфаати йўлида ишлатиш борасидаги ҳуқуқларини чеклаб қўйиши мутлақо мумкин эмас.

Ушбу битимлар билан жамоавий посилкаларни уни олувчилар ўртасида тақсимлаш жараёнини назорат қилиш ҳуқуқи, яъни Ҳомий-Давлат, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки интернирланганларга ёрдам кўрсатувчи ҳар қандай бошқа ташкилот вакилларига тегишли ҳуқуқ (ана шу посилкаларни бериш шундай вакиллар зиммасига юкланган ҳолларда) чеклаб қўйилиши мумкин эмас. 

 

110-модда

Интернирланганларга мўлжалланган барча ёрдам посилкалари божхона тўловлари ва бошқа хил йиғимлардан озод этилади.

Интернирланганлар номига бошқа мамлакатлардан жўнатилган ёки уларнинг ўзи бевосита почта орқали ёки 136-моддада кўзда тутилган Маълумотлар Бюроси орқали ёхуд 140-моддада кўзда тутилган Марказий Маълумотлар Агентлиги орқали жўнатган нарсалар (шу жумладан ёрдам посилкалари ҳам) ва пул переводлари уларни жўнатган ва қабул қилиб оладиган мамлакатларда ҳам, оралиқ мамлакатларида ҳам барча почта тўловларидан озод қилинади. Шу мақсадда, 1947 йилдаги Жаҳон почта конвенциясида ва Жаҳон почта иттифоқининг битимларида лагерларда ва фуқаро қамоқхоналарида жойлашган душман мамлакат фуқаро шахсларига оид кўзда тутилган почта тўловларидан озод қилиш тартиби мазкур Конвенцияда кўрсатилган барча тоифадаги ҳомийлик остидаги интернирланган шахсларга тааллуқли ҳисобланади. Бу битимлар иштирокчиси бўлмаган мамлакатлар худди шундай шартларда йиғимлардан озод этиш юзасидан тегишли тартибларни жорий этишлари керак бўлади.

Вазни ёки бошқа бирон-бир сабабга кўра почта орқали жўнатиш мумкин бўлмаган ёрдам посилкаларини интернирланганларга юбориш сарф-харажатлари интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат назорати остида бўлган барча ҳудудларда ушбу Давлат томонидан қопланади. Конвенция иштирокчилари ҳисобланган бошқа давлатлар посилкаларнинг ўзларига тегишли ҳудудлардан ташиб ўтилиши билан боғлиқ харажатларни қоплайди.

Юқоридаги хатбошиларда кўзда тутилган имтиёзлар таъсир доирасига кирмайдиган посилкаларни ташиш харажатлари жўнатувчи томонидан тўланади.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар интернирланганларга юборилган ёки улар жўнатган телеграммалар нархларини иложи борича камайтиришга ҳаракат қиладилар.

 

111-модда

Агар ҳарбий операциялар манфаатдор Давлатларга 106, 107, 108 ва 113-моддаларда қайд этилган посилкаларни ташиш билан боғлиқ мажбуриятларини бажаришига халал берса, у ҳолда манфаатдор Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки низолашаётган томонлар эътироф этган бошқа ҳар қандай ташкилот тегишли траспорт воситалари (вагонлар, юк машиналари, кема ёки самолётлар ва шу каби бошқа воситалар) ёрдамида ушбу посилкаларни ташишни таъминлаш билан шуғулланишлари мумкин. Шу мақсадда Олий Аҳдлашувчи Томонлар уларга кўрсатиб ўтилган траспорт воситаларини ажратишга ва уларнинг ҳаракатланиши учун, хусусан, уларга бунинг учун зарур бўлган пропуска (ҳужжат)лар бериш йўли билан ижозат беришга интилади.

Ушбу траспорт воситалари, шунингдек, қуйидагиларни ташиш учун фойдаланилиши мумкин:

а) 140-моддада кўрсатилган Марказий Маълумотлар Агентлиги ва 136-моддада кўзда тутилган Миллий Бюролар томонидан алмашинадиган ёзишмалар, рўйхатлар ҳамда хабарлар;

b) Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки интернирланганларга ёрдам берувчи бошқа ҳар қандай ташкилотнинг ўз вакиллари ва низолашаётган томонлар билан алмашинадиган интернирланганларга тааллуқли ёзишмалар ва хабарлар.

Мазкур қоидалар низолашаётган томонлардан биронтасининг ўзи лозим топган бошқа хил транспорт воситалари  билан таъминлаш ёки ўзаро келишув асосида белгиланиши мумкин бўлган шартлардан келиб чиққан ҳолда пропуска (ҳужжат) бериш билан боғлиқ ҳуқуқларини мутлақо чеклаб қўймайди. 

Мазкур траспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ сарф-харажатларни ушбу хизматлардан манфаатдор ҳисобланувчи фуқаролар мансуб бўлган низолашаётган томонлар ушбу посилкалар қийматига мутаносиб равишда тўлайди.

           

112-модда

Интернирланганларга юборилган ёки уларнинг ўзлари жўнатган ёзишмаларни цензурадан ўтказиш жараёни иложи борича қисқа муддатда амалга оширилиши керак.

Интернирланганганларга жўнатилган посилкаларни кўздан кечириш ундаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланишига зиён етказмайдиган шарт-шароитларда ва олувчи ёки у вакил қилган ўртоғи ҳузурида амалга оширилиши зарур. Интернирланганларга жўнатилган якка ва жамоавий посилкаларни бериш цензура билан боғлиқ қийинчиликларни сабаб қилиб кўрсатиб, кечиктирилиши мумкин эмас.

Низолашаётган томонлар ҳарбий ёки сиёсий сабабларга кўра жорий этадиган ёзишмаларга оид ҳар қандай тақиқ фақат вақтинчалик аҳамият касб этиши ва унинг амал қилиш муддати иложи борича қисқа бўлиши керак.

 

113-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатлар ушбу шахсларга юборилган ёки улар жўнатган васиятнома, ишончнома ва шу каби бошқа барча ҳужжатларни Ҳомий-Давлат ёхуд 140-моддада кўзда тутилган Марказий Маълумотлар Агентлиги орқали ёки бошқа тегишли усуллар билан етказиш учун барча оқилона шароитларни яратиб беради.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатлар барча ҳолатларда уларга ушбу ҳужжатларнинг тегишли тартибда тайёрланиши ва тасдиқланишига ёрдам беради; хусусан, уларга бу борада юрист билан маслаҳатлашиш учун рухсат беради.

 

114-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат бу шахслар ўз мол-мулкини тасарруф этиш имкониятига эга бўлишлари учун уларга режимига ва амалдаги қонунчиликка мос келадиган барча имтиёзларни беради. Бунинг учун ушбу Давлат, зарур бўлганда ва шароит билан бунга йўл қўйилганда, интернирланганларга ўзлари жойлашган ҳудуддан ташқарига чиқишлари учун рухсат бериши мумкин.

 

115-модда

Интернирланган шахс суд жараёнидаги томонларнинг бири ҳисобланган барча ҳолларда уни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат, агар ушбу шахс талаб қилса, судга бу шахснинг қўлга олинганлиги ҳақида маълум қилиши лозим; шунингдек, интернирланганлиги муносабати билан ушбу шахснинг ишини кўришга тайёрлаш, юритиш ёки унга нисбатан суднинг ҳар қандай ҳукмини ижро этиш жараёнларида унинг манфаатларига зиён етказмаслик учун барча зарур чоралар кўрилишини қонун доирасида назорат қилиши зарур.

 

116-модда

Интернирланган ҳар бир шахсга маълум бир вақт оралиғида  ва имкони борича тез-тез, биринчи навбатда, ўз яқин қариндошлари билан учрашиши учун рухсат этилади.

Жуда зарур ҳолларда ва мавжуд имкониятлар доирасида, айниқса, бирон-бир қариндоши вафот этган ёки оғир хасталикка чалинган тақдирда, манфаатдор шахсга ўз оиласини кўриб келиш учун рухсат этилади.

           

IX  Б О Б

 

ЖИНОИЙ ВА ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАР

 

117-модда

Мазкур боб қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, интернирланганлар жойлашган ҳудудда амалда бўлган қонунчилик улар томонидан интернирлаштириш даврида қонунни бузган интернирланганларга нисбатан қўлланишда давом этади.

Агар қонунларда, қарорларда ёки фармойишларда интернирланганлар томонидан содир этилган муайян ҳаттиаракат жазога лойиқ деб кўрсатилган бўлса-ю, худди шу ҳаттиаракат интернирланмаган шахслар томонидан содир этилганда жазога лойиқ деб топилмаса, у ҳолда интернирланганлар фақат интизомий жазога тортилади.

Интернирланган шахс ўзи содир этган битта ножўя ҳатти-ҳаракат  ёки битта айблов бўйича фақат бир марта жазоланиши мумкин.

 

118-модда

Судлар ёки маъмурлар жазо тайинлашда айбланувчининг интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат фуқароси эмаслиги фактига кенг даражада эътибор қаратади. Улар интернирланган шахс айбланаётган ҳуқуқбузарлик учун кўзда тутилган жазони енгиллатишга эркин ёндашадилар ва ушбу жазонинг энг камини қўллашга мажбур ҳисобланмайдилар.

Кундузги ёруғлик тушмайдиган жойларда сақлаш ва умуман, ҳар қандай кўринишдаги шафқатсизлик тақиқланади.

Интернирланганлар ўзларига белгиланган интизомий ёки судлов тартибидаги жазони ўтаб бўлгач, уларга нисбатан интернирланган бошқа шахслар билан бир хил муомала қилиниши керак.

Интернирланган шахс суддан олдин қамоқда ушлаб турилган муддат унга судлов ёки интизомий йўл билан жазо сифатида белгиланган озодликдан маҳрум этиш муддати ҳисобига киритилади.

Интернирланганлар қўмиталари ўзлари вакили бўлган интернирланганларга қарши қўзғатилган барча судлов ишлари ва уларнинг натижаларидан хабардор этилади.

 

119-модда

Интернирланганларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланиши мумкин:

1)                  95-моддада кўзда тутилган, 30 кундан зиёд бўлмаган даврдаги иш ҳақининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда жарима;

2)                  мазкур Конвенцияда кўзда тутилганидан ташқари қўшимча равишда берилган имтиёзлардан маҳрум этиш;

3)                  бир кунда икки соатдан ошмайдиган ва асосан лагерни тартибга солишга қаратилган ишлар билан боғлиқ бўлган навбатдан ташқари нарядлар бериш;

4)                  қамоққа олиш.

Интизомий жазо чораларининг ҳеч бир ҳолда ғайриинсоний, шафқатсиз ёхуд интернирланганлар соғлиғи учун хавфли бўлиши мумкин эмас. Уларни белгилашда шахснинг ёши, жинси ва соғлиғи ҳисобга олиниши керак.

Жазо чораси тўғрисида қарор чиқарилаётган пайтда интернирланган шахс бир йўла бир неча ножўя ҳаттиаракати юзасидан жавоб бераётгани ва бу ножўя ҳаттиаракатларнинг ўзаро боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслигидан қатъи назар, битта жазо муддатининг давомийлиги ҳеч қачон 30 календар кунидан ошмаслиги керак.

 

120-модда

Қочишга уринган пайтда ёки қочиб кетганидан сўнг ушлаб олинган интернирланганлар бу ҳаттиаракати учун, ҳатто бундай ҳаракат такроран содир этилган бўлса ҳам, фақат интизомий жазога тортилади.

Қочишга уринган пайтда ёки қочиб кетганидан сўнг ушлаб олинган ва жазоланган интернирланганлар, 118-модданинг учинчи хатбошидан чекиниш тариқасида, қуйидаги шартларга амал қилган ҳолда алоҳида назорат остига олиниши мумкин – бундай ҳолат уларнинг соғлиғига зиён етказмаслиги, назорат бевосита интернирлаш жойида амалга оширилиши ва мазкур Конвенция томонидан бериладиган кафолатлардан биронтасининг бекор қилинишига олиб келмаслиги керак.

Қочиш ёхуд қочишга уринишда ёрдам берган интернирланганлар бунинг учун фақат интизомий жазога тортилиши мумкин.

 

121-модда

Интернирланганлар қочиш пайтида содир этилган ҳуқуқбузарликлари учун суд жавобгарлигига тортилган тақдирда, уларнинг қочиш ва қочишга уриниш билан боғлиқ бўлган ҳатти-ҳаракати, ҳатто бундай ҳаракат такроран содир этилган бўлса ҳам, айбни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қаралмаслиги керак.

Низолашаётган томонлар интернирланганларга улар томонидан содир этилган муайян ҳуқуқбузарликлар, айниқса қочиш ва қочишга уриниш билан боғлиқ бўлган ҳатти-ҳаракат учун интизомий ёхуд судлов жазоси берилишини ҳал этишда тегишли маъмурларнинг мурувват кўрсатишини кузатиб борадилар.

 

122-модда

Интизомни бузиш фактлари дарҳол текширилиши керак. Хусусан, бу қочиш ва қочишга уринишга тааллуқли бўлиб, ушлаб олинган интернирланган шахс иложи борича тезлик билан тегишли маъмурларга топширилиши зарур.

Интизомни бузган ҳолларда, интернирланганларнинг барчаси учун суддан олдинги қамоқ муддати энг кам миқдорга келтирилиши ва икки ҳафтадан ошмаслиги керак; барча ҳолларда суддан олдинги қамоқ муддати озодликдан маҳрум этиш муддати ҳисобига киритилади.   

124 ва 125-моддаларнинг қоидалари интизомга зид ҳатти-ҳаракати учун (суддан олдинги) қамоқ жазосига тортилган интернирланганларга нисбатан қўлланади.  

           

123-модда

Суд органлари ва олий маъмурлар ваколатига зарар етказмасдан, интизомий жазо фақат интернирлаш жойи коменданти  ёки у ўз маъмурий ваколатини топширган офицер ёхуд масъул мансабдор шахс томонидан берилиши мумкин.

Интизомий жазо бериш ҳақида ҳар қандай қарор чиқаришдан олдин интернирланганган айбланувчи шахс қайси ҳатти-ҳаракати учун айбланаётгани тўғрисида батафсил хабардор қилинади, Унга ўз ҳатти-ҳаракатини тушунтириб бериши ва ўзини ҳимоя қилиши, гувоҳларни чақиртириши ва зарур ҳолларда малакали таржимон хизматидан фойдаланиши учун рухсат этилади. Қарор айбланувчи ва интернирланганлар қўмитаси аъзоларидан бирининг иштирокида эълон қилинади.

Интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида қарор чиқарилган пайтдан то ушбу жазонинг ижро этилишигача бўлган оралиқдаги вақт бир ойдан ошмаслиги керак.

Мабодо интернирланган шахсга нисбатан янги интизомий жазо чораси берилса ва ушбу жазолардан бирининг давомийлик муддати ўн кун ёхуд ундан кўпроқ бўлса, у ҳолда ҳар бир жазони ижро этиш оралиғида камида уч кун ўтиши керак.

Интернирлаш жойи коменданти берилган интизомий жазолар қайд қилиб бориладиган дафтар тутиши ва бу дафтар Ҳомий-Давлатлар вакиллари ихтиёрига тақдим қилиниши керак.

 

124-модда

Ҳеч қандай шароитда интернирланганлар интизомий жазони ўташ учун ахлоқ тузатиш муассасаларига (қамоқхона, ахлоқ тузатиш колонияси ва бошқаларга) кўчирилиши мумкин эмас.

Интизомий жазо ўталадиган иморатлар гигиена талабларига жавоб бериши, хусусан, ётоқ мосламалари билан жиҳозланган бўлиши зарур; жазоланган интернирланганлар ўзларини озода сақлаш имкониятига эга бўлишлари  лозим.

Интизомий жазони ўтаётган интернирланган аёллар эркаклардан ажратилган ҳолда алоҳида хоналарда сақланиши ва бевосита аёлларнинг назорати остида бўлиши керак.

 

125-модда

Интизомий жазони ўтаётган интернирланганлар ҳар куни сайр қилиш ва камида икки соат мобайнида очиқ ҳавода бўлиш имкониятига эга бўладилар.

Уларга, илтимосларига кўра, кундалик тиббий кўрикда ҳозир бўлишга рухсат этилади; улар соғлиғининг аҳволига кўра зарур бўлган тиббий ёрдам оладилар ва зарурат туғилган ҳолларда, улар интернирлаш жойи лазаретига ёки касалхонага жойлаштирилади.

Уларга ўқиш ва ёзиш, шунингдек, хат олиш ва жўнатиш учун рухсат этилади. Аммо уларга посилкалар ва пул переводлари берилиши жазони ўташ муддати тугагунча тўхтатиб турилиши мумкин; бу нарсалар жазо муддати давомида интернирланганлар қўмитасига топширилади, у эса ушбу посилкалар ичидаги тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини лазаретга беради.

Интизомий жазони ўтаётган интернирланганлардан биронтаси 107- ва 143-моддаларда кўзда тутилган ҳуқуқларидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

 

126-модда

71 ва 76-моддалар интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг ўз ҳудудидаги интернирланганларга қарши қўзғатилган судлов ишларига ўхшатиб қўлланилади.

 

Х  Б О Б

 

ИНТЕРНИРЛАНГАНЛАРНИ КЎЧИРИШ

 

127-модда

Интернирланганларни кўчиришда ҳар доим инсонпарварликка амал қилинади. Кўчириш одатда темир йўл орқали ёки бошқа транспорт турлари ёрдамида ва камида интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатнинг ўз қўшинларини силжитишни ташкил этиши пайтидаги билан тенгма-тенг шароитда амалга оширилади. Истисно тариқасида, кўчириш пиёда тарзда амалга оширилиши зарур бўлган ҳолларда, бунга интернирланганларнинг жисмоний аҳволи имкон берган тақдирдагина йўл қўйилади ва бундай кўчириш ҳеч қандай ҳолатда уларнинг ҳаддан ортиқ толиқишларига олиб келмаслиги керак.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат интернирланганларнинг соғлиғини яхши сақлаб туриш учун етарли даражадаги ичимлик сув ва озиқ-овқат, шунингдек, кийим-кечак, бошпана ва тиббий ёрдам билан таъминлаши лозим. У интернирланганларни кўчириш пайтида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча эҳтиёт чораларини кўради ва кўчиришни бошлашдан олдин барча кўчириладиганларнинг тўлиқ рўйхатини тузади.  

Кўчиш интернирланган ярадор ва беморлар, ногиронлар, шунингдек, чақалоқли ёки ҳомиладор аёлларнинг соғлиғига зарарли бўлса, улар кўчирилмайдилар; уларнинг хавфсизлиги буни қатьий талаб қилаётган ҳолатлар бундан мустасно.

Интернирлаш жойига фронт чизиғи яқинлашиб келган тақдирда, бу ердаги шахсларни кўчиришни етарли даражадаги хавфсизлик шароитида амалга ошириш мумкин бўлган ёки уларни кўчиришга қараганда ўз жойларида қолдириш кўпроқ хатарли ҳисобланган ҳоллардагина, интернирланганлар бошқа жойга кўчирилади.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ушбу шахсларни кўчириш масаласини ҳал этишда уларнинг манфаатларини, хусусан, ватанига қайтарилиши ёки муқим яшаб турган жойига қайтишини қийинлаштириб юбормаслик каби ҳолатларни ҳисобга олиши зарур.

 

128-модда

Кўчириладиган ҳолларда интернирланганларга уларнинг жўнатилиши ва янги почта манзили тўғрисида расмий равишда хабар қилинади. Бу хабар улар ўз юкларини саранжом қилиб ва оила аьзоларини огоҳлантириб улгуришлари учун олдиндан айтилиши керак.

Уларга шахсий буюмлар, хатлар ва ўз номларига келган посилкаларни ўзлари билан бирга олишга рухсат этилади; кўчириш шароити талаб қилса, олиб кетиладиган юкларнинг оғирлиги чеклаб қўйилиши мумкин, аммо бу оғирлик киши бошига 25 килограммдан асло кам бўлмаслиги керак.

Аввалги манзилга йўлланган хатлар ва посилкалар ҳеч бир кечиктирмай интернирланганларнинг янги манзилига жўнатилади. 

Зарурат туғилган ҳолларда, интернирлаш жойи коменданти интернирланганлар қўмитаси билан келишган ҳолда, ушбу шахсларга тегишли жамоат мулкини ва бу шахслар мазкур модданинг иккинчи хатбошида кўзда тутилган чеклашлар туфайли ўзлари билан бирга олиб кета олмаган буюмларни ташишни таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўради.

 

XI  Б О Б

 

ИНТЕРНИРЛАНГАНЛАРНИНГ ЎЛИМИ

 

129-модда

Интернирланганлар ўз васиятномаларини масъул маъмурларга топшириши мумкин,  улар эса васиятномаларнинг сақланишини таъминлайдилар. Интернирланганлар вафот этган тақдирда, унинг васиятномаси зудлик билан улар кўрсатган кишиларга етказилади.

Интернирланганлардан ҳар бирининг вафоти шифокор томонидан қайд этилиши, сўнг эса ўлим сабаблари ва у юз берган шарт-шароит қайд этилган далолатнома тузилиши зарур.

Тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган ўлим ҳақидаги расмий далолатнома интернирлаш жойи жойлашган ҳудудда амалда бўлган тартиб-қоидага мувофиқ тарзда тузилиши ва ушбу далолатноманинг муайян тартибда тасдиқланган нусхаси дарҳол Ҳомий-Давлатга, шунингдек, 140-моддада кўзда тутилган Марказий Агентликка жўнатилиши керак.

 

130-модда

Интернирлаштирувчи маъмурлар вафот этган интернирланганларнинг дафн маросими ҳурмат билан ва, иложи бўлса, улар мансуб бўлган диний урф-одатлар асосида амалга оширилишини, марҳумлар қабрлари ҳурмат қилинишини, яхши сақланишини ва ҳар доим топиш мумкин бўладиган тарзда белгиланишини назорат қиладилар.

Муқаррар шароит тақозосига кўра уларни биродарлик қабристонига қўйишни истисно этганда, вафот этган интернирланганларлар алоҳида қабрларда дафн этилиши керак. Жасадларни ёқиш фақат қатъий санитария талабларига кўра ёки марҳумнинг дини шуни талаб этса ёхуд унинг махсус васияти бўлган тақдирдагина амалга оширилади. Ёқиш амалга оширилган тақдирда, ўлим тўғрисидаги далолатномада ёқиш факти ва унинг сабаблари қайд этилиши керак. Марҳумнинг ҳоки интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат маъмурлари томонидан эҳтиёт қилиб сақланиши ва, иложи бўлса, марҳумларнинг яқин қариндошларига уларнинг илтимоси асосида зудлик билан етказилиши зарур.

Шароит имкон берган заҳотиёқ, ҳарбий ҳаракатлар тугаган муддатдан кечиктирмай, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат 136-моддада кўзда тутилган Маълумотлар Бюроси орқали вафот этган интернирланганлар мансуб бўлган Давлатга марҳумлар қабрларининг рўйхатини юборади. Бу рўйхатда вафот этган иетернирланганларни аниқлашда ёрдам берадиган зарур маълумотлар, шунингдек, қабрларнинг аниқ жойи қайд этилиши керак.

 

131-модда

Интернирланганларга соқчилар томонидан ёки бирон-бир интернирланган шахс ёхуд бутунлай бошқа шахслар томонидан етказилган ёки етказилганлиги гумон қилинаётган ҳар қандай жиддий жароҳат ёхуд ўлим ҳолати тўғрисида, шунингдек, номаълум сабабларга кўра юз берган барча ўлим ҳолатлари ҳақида интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат дарҳол расмий тергов ишлари очилиши шарт.

Бу ҳақда тезлик билан Ҳомий-Давлатга хабар берилади. Ҳар бир гувоҳдан кўрсатмалар сўраб олиниши зарур; бу гувоҳлик кўрсатмалари баён этилган маълумотнома тайёрланиб, юқорида қайд этилган Давлатга юборилади.

Тергов натижасида бир ёки бир неча шахсларнинг айбдорлиги аниқланган тақдирда, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат айбдорни ёхуд айбдорларни судга тортиш учун барча чораларни кўради.

 

ХП  Б О Б

 

ИНТЕРНИРЛАНГАНЛАРНИ ОЗОД ЭТИШ, ВАТАНИГА ҚАЙТАРИШ ВА БЕТАРАФ МАМЛАКАТДА ГОСПИТАЛГА ЖОЙЛАШТИРИШ

 

132-модда

Интернирланганларни интернирлаш сабаблари барҳам топиши биланоқ ҳар бир интернирланган шахс уларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат томонидан озод этилади.

Бундан ташқари, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатлар даврида интернирланганларнинг муайян тоифаларини, айниқса, болаларни, ҳомиладор аёлларни, чақалоқли ва ёш болали оналарни, ярадорлар ва беморларни, шунингдек, интернирлаш жойларида узоқ вақт бўлган  шахсларни озод қилиш, ватанига қайтариш, муқим яшаш жойига қайтариб юбориш ёки бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш юзасидан ўзаро битимлар тузишга ҳаракат қиладилар.

 

133-модда

Интернирлаш ҳарбий ҳаракатлар тугаши билан иложи борича тезроқ тўхтатилиши зарур.

Бироқ низолашаётган томонлардан бирининг ҳудудида бўлган ва ҳуқуқбузарлик содир этгани учун судга берилган интернирланганларлар (уларнинг бу ҳатти-ҳаракати фақат интизомий жазо билан чекланилмаган тақдирда), суд жараёни тугагунича ёки, тегишли ҳолларда, жазони ўтаб бўлгунига қадар ушлаб қолиниши мумкин. Бу қоида олдинроқ озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат билан манфаатдор Давлатлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, ҳарбий ҳаракатлар ёки ҳудуднинг истилоси тугаганидан сўнг турли жойларга тарқалиб кетган интернирланганларни қидириш учун комиссиялар тузилиши мумкин.

 

134-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳарбий ҳаракатлар ёки истило тугаганидан сўнг барча интернирланганларнинг аввалги яшаш жойларига қайтишига ёки ватанига қайтарилишига ёрдам беришга ҳаракат қилишлари лозим.

 

135-модда

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ушбу шахслар озод этилганидан сўнг уларни интернирлаш пайтигача яшаб турган жойларига қайтариш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлайди ёки улар сафарда ёхуд очиқ денгизда бўлган пайтида қўлга олинган бўлса, ушбу сафарни тугатиб, манзилига етиб олиши учун ёхуд сафарларини бошлаган жойга элтиш учун зарур бўлган сарф-харажатларни тўлайди.

Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат илгари муқим яшаш жойи ўз ҳудудида жойлашган интернирланган шахсга у озод этилганидан сўнг шу ҳудудда яшаб қолишига рухсат этмаган тақдирда, мазкур шахсга ватанига қайтариш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлайди. Агар интернирланган шахс масъулиятни ўз зиммасига олиб ёки садоқат туйғуси нуқтаи назаридан ўзи бурчдор ҳисобланган ҳукуматга бўйсунган ҳолда ўз мамлакатига кетишни лозим топса, у ҳолда интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат бундай шахсларнинг ўзига тегишли ҳудуддан ташқаридаги йўл харажатларини тўлашга мажбур эмас. Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ўз илтимосларига кўра интернирланган шахсларни ватанига қайтариш билан боғлиқ харажатларни тўлашга мажбур эмас. 

Агар интернирланган шахслар 45-моддага мувофиқ бошқа Давлатга топширилса, у ҳолда топширувчи ва қабул қилувчи Давлатлардан ҳар бири сарф-харажатларнинг қандай қисмини тўлаш юзасидан ўзаро келишиб оладилар.

Юқорида қайд этилган қоидалар низолашаётган томонлар ўртасида душман қўлидаги ўз фуқароларини алмаштириш ва ватанига қайтариш юзасидан тузилиши мумкин бўлган махсус битимларга зиён етказмаслиги керак.

 

V  қ и с м

 

МАЪЛУМОТЛАР БЮРОСИ ВА

МАРКАЗИЙ МАЪЛУМОТЛАР АГЕНТЛИГИ

 

136-модда

Можаронинг бошланишидаёқ ва барча босиб олиш ҳолларида низолашаётган томонлардан ҳар бири расмий Маълумотлар Бюросини таъсис этади ва унга ўз ҳукми остида сақлаб турилган ҳомийлик остидаги шахслар тўғрисида маълумотлар йиғиш ва бериш вазифасини юклайди.  

Низолашаётган томонларнинг ҳар бири муайян яшаш жойида мажбурий кўчириб сақланаётган ёки интернирланган ва икки ҳафтадан ортиқ муддат мобайнида қамоқда бўлган ҳомийлик остидаги ҳар бир шахсга нисбатан қўллаган чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни юқорида қайд этилган Маълумотлар Бюросига имкон қадар тезлик билан маълум қилади. Бундан ташқари, улар ўзларининг турли манфаатдор органлари зиммасига ҳомийлик остидаги шахсларга тааллуқли барча ўзгаришлар, масалан, кўчириш, озод этиш, ватанига қайтариш, қочиш, госпиталга жойлаштирилиш, туғилиш ва вафот этиш каби ҳолатлар билан боғлиқ маълумотларни ана шу Маълумотлар Бюросига зудлик билан тақдим этиш вазифасини юклайди. 

 

137-модда

Миллий Маълумотлар Бюроси, бир томондан, Ҳомий-Давлатнинг, иккинчи томондан, 140-моддада кўзда тутилган Марказий Агентликнинг кўмагида ҳомийлик остидаги шахсларга тааллуқли маълумотларни бу шахслар фуқароси ҳисобланган Давлатга ёхуд бу шахслар ҳудудида яшаб турган Давлатга зудлик билан жўнатиб юборади. Бюро, шунингдек, ҳомийлик остидаги шахслар юзасидан ўз номига келиб тушган барча сўровларга жавоб қайтаради.

Маълумотлар Бюролари берилган маълумот ҳомийлик остидаги шахсга ёки унинг оиласига зиён етказиши мумкин бўлган ҳолларни истисно этганда, ушбу манфаатдор шахсга тааллуқли маълумотларни беради. Ҳатто шундай истисноли ҳолларда ҳам тегишли маълумотларни Марказий Агентликка беришни рад этиш мумкин эмас, бу агентлик эса муайян вазиятдан олдиндан хабардорлиги асосида, 140-моддада қайд этилган эҳтиёткорлик чораларини кўради.

Бюро юборадиган ҳар қандай ёзма маълумотлар имзо ва муҳр билан тасдиқланади.

 

138-модда

Миллий Маълумотлар Бюроси оладиган ва жўнатадиган маълумотлар ҳомийлик остидаги шахснинг кимлигини аниқ белгилаш ва тезлик билан унинг оиласига хабар қилиш имконини бериши лозим. Уларда ҳар бир киши хусусида камида унинг фамилияси, исми, туғилган жойи ва санаси, фуқаролиги, охирги яшаш жойи, алоҳида белгилари, отасининг исми ва онасининг қизлик фамилияси, ушбу шахсга нисбатан қўлланган чораларнинг характери, шунингдек, улар қабул қилинган жой, унга хат-хабар жўнатиш мумкин бўлган манзил, шунингдек, хабардор этилиши лозим бўлган шахснинг исм-фамилияси ва турар-жой манзили аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

Шунингдек, жиддий ярадор ёки оғир бемор бўлган интернирланганларнинг аҳволи ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда, агар иложи бўлса, ҳар ҳафтада жўнатиб турилади.

 

139-модда

Бундан ташқари, Миллий Маълумотлар Бюроси 136-моддада кўзда тутилган ҳомийлик остидаги шахслардан уларнинг ватанига қайтарилиши, озод этилиши, қочиши ёки вафот этиши муносабати билан қолган барча қимматбаҳо шахсий буюмларни тўплаш ва тўғридан-тўғри, зарур ҳолларда эса Марказий Агентлик орқали, манфаатдор шахсларга топшириш учун масъул ҳисобланади. Бу буюмлар бюро муҳри босилган пакетларда жўнатилади. Пакетларга ушбу буюмларнинг эгаси тўғрисидаги батафсил маълумотлар, шунингдек, пакетдаги буюмларнинг аниқ рўйхати қайд этилган ҳужжатлар илова қилинади. Бундай қимматбаҳо буюмларни олиш ва жўнатиш ҳолларининг барчаси батафсил қайд этиб борилади.

 

140-модда

            Ҳомийлик остидаги шахслар, хусусан, интернирланганларнинг ишлари бўйича Марказий Маълумотлар Агентлиги бетараф мамлакатда таъсис этилади. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси агар буни зарур деб топса, манфаатдор Давлатларга бундай агентликни ташкил этишни тавсия қилади; бу ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 123-моддасида кўзда тутилган агентлик ҳам бўлиши мумкин.

Мазкур агентликка расмий ёки хусусий йўл билан олиш мумкин бўлган, 136-моддада кўзда тутилган мазмундаги барча маълумотларни жамлаш вазифаси юкланади; у тегишли маълумотлар ҳомийлик остидаги шахсларга ёки уларнинг оиласига зиён етказиши мумкин бўлган ҳолатларни истисно этган барча ҳолларда, ушбу манфаатдор шахсларга тааллуқли маълумотларни улар фуқароси бўлган мамлакатга ёхуд улар яшаган мамлакатга иложи борича тезлик билан юбориши зарур. Низолашаётган томонлар кўрсатилган маълумотларни юборишни амалга ошириши учун агентликка барча оқилона имкониятларни яратиб беради.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар, хусусан, фуқаролари Марказий Агентлик хизматидан фойдаланаётган Томон, агентлик молиявий кўмакка эҳтиёж сезганда бундай ёрдам кўрсатиш учун таклиф қилинади.

Бу қоидалар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва 142-моддада кўрсатилган ёрдам ташкилотларининг инсонпарварлик фаолиятини чеклаш мазмунида талқин қилинмаслиги керак.

           

141-модда

Миллий Маълумотлар Бюролари ва Марказий Маълумотлар  Агентлиги ҳар қандай почта тўловларидан озод қилинади ва 110-моддада кўзда тутилган барча имтиёзлардан фойдаланади; шунингдек, уларга имкони борича телеграфдан бепул ёки ҳеч бўлмаганда жуда ҳам камайтирилган тариф бўйича фойдаланиш ҳуқуқи ҳам берилади.

 

IV б ў л и м

 

Конвенциянинг бажарилиши

 

I  қ и с м

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

142-модда

            Ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш ёки бошқа оқилона эҳтиёжларни қондириш учун зарур бўлган чора-тадбирларни қўллаш ҳолларидан ташқари, диний жамиятлар, ёрдам жамиятлари ёхуд ҳомийлик остидаги шахсларга кўмаклашувчи бошқа ҳар қандай ташкилотларни энг мақбул даражада қабул қилади. Бу Давлатлар уларга ва худди шу тарзда уларнинг тегишли равишда аккредитация қилинган вакилларига ҳомийлик остидаги шахсларни бориб кўриш, уларга посилкаларни ҳамда тарбиявий ва диний мақсадлар учун, шунингдек, кўнгил очиш ёки интернирлаш жойларида бўш вақтни ташкил қилишга мўлжалланган ҳар хил нарсаларни тарқатишлари учун барча зарур имкониятларни яратиб беради. Юқорида тилга олинган жамиятлар ёки ташкилотлар интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ҳудудида ёки бошқа бир мамлакатда таъсис этилган бўлиши, ёки халқаро характерга эга бўлиши мумкин.

            Ҳомийлик остидаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат вакиллари унинг ҳудудида ва назорати остида ишлаши учун рухсат бериладиган жамият ва ташкилотларнинг сонини чеклаб қўйиши мумкин; лекин бундай чеклаш ҳомийлик остидаги барча шахсларга амалий ва етарли даражада ёрдам кўрсатилишига халал бермайди.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг бу борадаги алоҳида мавқеи ҳар доим эътироф этилиши ва ҳурмат қилиниши лозим.

 

143-модда

            Ҳомий-Давлатларнинг вакиллари ёки делегатларига ҳомийлик остидаги шахслар жойлаштирилган барча жойлар, хусусан, интернирлаш, қамоқда сақлаш жойлари ва ишлаётган жойларини бориб кўришга рухсат этилади.

Улар ҳомийлик остидаги шахслар фойдаланадиган барча хоналарга кириш ҳуқуқига эга бўлади, бу шахслар билан гувоҳларсиз суҳбатлашишлари, зарур бўлганда таржимон ёрдамида гаплашишлари мумкин.

Бундай бориб кўришлар фақат қатъий ҳарбий зарурат тақозосига кўра истисно тариқасида ва муайян муддатга тақиқланиши мумкин. Бориб кўришлар сони ва давомийлиги чекланиши мумкин эмас.

Ҳомий-Давлатларнинг вакиллари ва делегатларига хоҳлаган жойларини бориб кўришлари учун тўла эркинлик берилади. Интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат ёки истилочи Давлат, Ҳомий-Давлат ва, тегишли ҳолларда, бориб кўрилиши керак бўлган шахс мансуб Давлат интернирланганларни бориб кўришни истаган уларнинг ватандошларига ана шу бориб кўришда қатнашиш учун рухсат бериш тўғрисида ўзаро келишиб олишлари мумкин.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси делегатлари ҳам шу ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Бу вакилларни тайинлаш ушбу делегатлар ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлат розилигига боғлиқ бўлади.

 

144-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам мазкур Конвенция матнини ўз мамлакатлари ичида имкон қадар кенгроқ тарқатиш ва, хусусан, уни ўрганиш учун ҳарбий, мумкин бўлса, фуқаровий таълим соҳасининг ўқув дастурларига киритиш мажбуриятини зиммаларига оладилар, токи унинг тамойилларидан бутун аҳоли хабардор бўлсин.

Граждан, ҳарбий ва полиция маъмурлари ва уруш даврида ҳомийлик остидаги шахслар учун жавобгар ҳисобланган бошқа маъмурлар Конвенция матнига эга бўлиши ва унинг қоидалари билан махсус таништирилиши керак.

 

145-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар Швейцария Федерал Кенгаши орқали, ҳарбий ҳаракатлар вақтида эса Ҳомий-Давлатлар орқали мазкур Конвенция таржималарининг расмий матнларини, шунингдек, унинг қўлланишини таъминлаш мақсадида улар қабул қилишлари мумкин бўлган қонунлар ва қарорларни бир-бирига етказадилар.

 

146-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз зиммаларига мазкур Конвенция қоидаларининг кейинги моддада кўрсатилган у ёки бу даражада жиддий бузилишини содир этган ёки содир этишга буйруқ берган шахсларга самарали жиноий жазони таъминлаш учун зарур бўлган қонунчиликни амалга киритиш мажбуриятини оладилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири қоидаларнинг қуйида тилга олинган у ёки бу жиддий бузилишини содир этганликда ёки содир этишга буйруқ берганликда айбланаётган шахсларни қидириб топиш ва қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъи назар, уларни ўз судига топширишни зиммаласига олади. Тегишли Томон, агар хоҳласа, суд қилиш учун уларни бошқа манфаатдор Олий Аҳдлашувчи Томон ихтиёрига бериши ҳам мумкин. Бунинг учун ушбу манфаатдор Олий Аҳдлашувчи Томон ана шу шахсларни айблаш учун асос бўла оладиган далилларга эга бўлиши керак.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири кейинги моддада санаб ўтилган жиддий қоидабузарликлардан ташқари, мазкур Конвенция қоидаларига зид бўлган бошқа ҳар қандай ҳаттиаракатларга барҳам бериш учун зарур чораларни кўради.

Барча ҳолатларда айбланувчи шахслар тегишли суд процедураси ва ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатларидан фойдаланадилар. Бу кафолатларнинг фойдаси ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 105-моддасида ва ундан кейинги моддаларда кўзда тутилган кафолатлардан кам бўлмаслиги керак.

 

147-модда

Аввалги моддада қайд этилган жиддий қоидабузарликлар қаторига мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахслар ёки мол-мулкка қарши қаратилган ва қуйидаги ҳаракатларнинг бири билан боғлиқ бўлган қонунбузарлик ҳаракатлари киради: қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ва ғайриинсоний муносабатда бўлиш, шу жумладан, биологик тажрибалар ўтказиш, атайлаб оғир азоблар ёки жиддий шикаст етказиш, соғлиққа зиён келтириш, ноқонуний депортация қилиш ёки кўчириш, ноқонуний қамоққа олиш, ҳомийлик остидаги шахсни душман Давлатнинг қуролли кучлари сафида хизмат қилишга мажбурлаш ёки мазкур Конвенцияда кўзда тутилган тартибдаги беғараз ва жўяли судлов ҳуқуқларидан маҳрум этиш, гаровга олиш, унинг мулкини ҳарбий вазият тақозо этмаган ҳолда ноқонуний тарзда, ўзбошимчалик билан катта ҳажмда вайрон қилиш ва ўзлаштириб олиш.

 

148-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бирига ўзини ёки бошқа Олий Аҳдлашувчи Томонни юқоридаги моддада кўзда тутилган қоидабузарликлар сабабли ўзига ёки бошқа Аҳдлашувчи Томонга юкланадиган жавобгарликдан халос этиши учун рухсат берилмайди.

 

149-модда

Низолашаётган томонлардан бирининг илтимосига биноан, Конвенция қоидаларининг бузилиши ҳақидаги ҳар қандай айблов юзасидан манфаатдор томонлар ўртасида белгиланадиган процедура тартибида текширув бошланиши лозим.

Текширув процедураси ҳақидаги масала бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, томонлар ўзаро келишган ҳолда арбитр танлайдилар ва арбитр процедура масаласини ҳал қилади.

Қоидабузарлик аниқланиши биланоқ, низолашаётган томонлар унга барҳам берадилар ва имкон қадар қисқа фурсатда айбдорни жазолаш чораларини кўрадилар.

 

II қ и с м

 

ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

150-модда

Мазкур Конвенция француз ва инглиз тилларида тайёрланган. Ҳар икки тилдаги матн бир хил кучга эга.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенциянинг рус ва испан тилларига расмий таржималарини таъминлайди.

 

151-модда

Мазкур сана қўйилган ушбу Конвенция 1949 йил 21 апрелда Женевада очилган конференцияга вакил юборган барча Давлатлар томонидан 1950 йилнинг 12 февралигача имзоланиши мумкин.

 

152-модда

Мазкур Конвенция имкон қадар тезроқ ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари сақлаш учун Бернга топширилади.

Ҳар бир ратификация ёрлиғини топшириш ҳақида протокол тузилади ва унинг тасдиқланган нусхаси Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча Давлатларга Швейцария Федерал Кенгаши томонидан топширилади.

 

153-модда

Мазкур Конвенция камида иккита ратификация ёрлиғи сақлаш учун топширилгандан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

Бундан кейин у ҳар қайси Олий Аҳдлашувчи Томон учун мазкур томоннинг ратификация ёрлиғи сақлашга топширилганидан сўнг олти ой ўтгач, кучга кириб боради.

 

154-модда

Қуруқликдаги уруш қонунлари ва удумлари тўғрисида 1899 йил 29 июлдаги ёки 1907 йил 18 октябрдаги Гаага Конвенциялари билан ўзаро боғланган ва мазкур Конвенция иштирокчилари бўлган Давлатлар ўртасидаги муносабатларда ушбу Конвенция юқорида тилга олинган Гаага Конвенцияларига илова қилинган Регламентнинг II ва III қисмларини тўлдиради.

 

155-модда

Мазкур Конвенция кучга кирган кунидан эътиборан ушбу Конвенцияни имзоламаган ҳар қандай давлатнинг унга қўшилиши учун очиқ бўлади.

 

156-модда

            Ҳар бир қўшилиш тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма равишда баёнот берилади ва ушбу баёнот олинган кунидан бошлаб олти ой вақт ўтгач кучга киради.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча Давлатларни қўшилганлик тўғрисида хабардор қилади.

 

157-модда

2 ва 3-моддаларда кўзда тутилган ҳолатлар ратификацияларнинг сақлашга топширилиши, шунингдек, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатлардан ёки истилодан олдин ёхуд кейин қўшилиш тўғрисида баёнот бериши билан дарҳол кучга киритилади. Швейцария Федерал Кенгаши ратификациялар ёки низолашаётган томонлардан қўшилиш ҳақида олинган баёнотлар тўғрисида энг тезкор йўллар билан хабар етказади.

 

158-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Конвенцияни денонсация қилиш имкониятига эга бўлади.

Денонсация тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма баёнот берилади ва у бу тўғрида барча Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳукуматларини хабардор қилади.

Денонсация Швейцария Федерал Кенгашига бу ҳақда ёзма баёнот берилганидан сўнг бир йил ўтгач кучга киради. Аммо, тегишли Давлат можарода иштирок этаётган вақтда денонсация тўғрисида баёнот берган бўлса, у тинчлик битимига келишилмагунча ва ҳар ҳолда, мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахсларни озод этиш, ўз ватанларига қайтариш ва яшаш манзилларига жўнатиш бўйича ишлар тугалланмагунча кучга кирмаслиги керак.

Денонсация бу ҳақда баёнот берган Давлатга нисбатангина кучга эгадир. У низолашаётган томонлар зиммасига халқаро ҳуқуқ тамойилларидан келиб чиқиб юкланадиган мажбуриятларга ҳеч қандай таъсир этмайди, чунки бу мажбуриятлар маданиятли халқлар ўртасида қарор топган удумлар, инсонийлик қонун-қоидалари ва жамоатчилик виждон амридан келиб чиқади.

159-модда

Швейцария Федерал Кенгаши мазкур Конвенцияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятида рўйхатдан ўтказади. Швейцария Федерал Кенгаши, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятига  мазкур Конвенция юзасидан олинган барча ратификациялар, қўшилишлар ва денонсация қилишлар тўғрисида хабар бериб боради.

Ушбуни тасдиқлаш учун қуйида имзо чекувчилар тегишли ваколатларни тақдим қилган ҳолда мазкур Конвенцияни имзоладилар.

Женевада 1949 йил 12 августда француз ва инглиз тилларида тузилди; мазкур Конвенциянинг асл нусхаси Швейцария Конфедерацияси архивларида сақланади, Конвенциянинг тасдиқланган нусхалари эса Швейцария Федерал Кенгаши томонидан уни имзолаган ёки унга қўшилган ҳар бир Давлатга топширилади.

 

 

I  И Л О В А

 

САНИТАРИЯ ЗОНАЛАРИ ВА ХАВФСИЗ ЗОНАЛАР

ВА ҲУДУДЛАР ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМ ЛОЙИҲАСИ

 

1-модда

Санитария зоналари ва хавфсиз зоналар фақат ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 23-моддасида ва Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 14-моддасида қайд этилган шахслар, шунингдек, зиммасига ушбу зоналар ва ҳудудларни ташкил қилиш, уларни бошқариш ва у ерда тўпланган шахсларни парваришлаш масъулияти юкланган ходимлар учунгина мўлжалланади.

Аммо бундай зоналар ҳудудида доимий истиқомат қилувчи шахслар бу зоналарда бўлиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

2-модда

Қандай асос бўйича эканидан қатъи назар, санитария зоналари ёки хавфсиз зоналардан биронтасида жойлашган ҳар қандай шахс зона ичкарисида ҳам, зона ташқарисида ҳам ҳарбий операцияларга ва ҳарбий материаллар ишлаб чиқаришга бевосита алоқадор бўлган бирор бир фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

3-модда

Санитария зоналари ва хавфсиз зонани ташкил қилаётган Давлат ушбу зонани келиб кўриш ёки унда бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган барча шахсларнинг бу зона ҳудудига киришини тақиқлашга қаратилган барча зарурий чораларни кўради.

 

4-модда

Санитария зоналари ва хавфсиз зоналар қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:

а) бу зоналар уларни ташкил этган Давлат назоратидаги ҳудуднинг атиги кичик бир қисмидан иборат бўлиши лозим;

b) уларда сиғиши мумкин бўлган аҳоли сонига нисбатан камроқ киши жойлаштирилиши керак;

с) улар ҳар қандай ҳарбий объектлар ва ҳар қанақа йирик саноат корхоналари ёки маъмурий муассасалардан узоқда жойлаштирилиши, шунингдек, бундай иншоотларга эга мўлмаслиги шарт;

d) улар уруш олиб бориш учун аҳамият касб этиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудларда жойлаштирилиши мумкин эмас.

 

5-модда

Санитария зоналари ва хавфсиз зоналарга қуйидаги талаблар қўйилади:

а) бу зоналарда мавжуд бўлиши мумкин бўлган қатнов йўллари ва транспорт воситалари қўшинларни ёки ҳарбий материалларни ташиш, ҳаттоки транзит ташиш учун ҳам фойдаланилиши мумкин эмас;

b) бу зоналар ҳар қандай вазиятда ҳам ҳарбий воситалар билан ҳимоя қилинмайди.

 

6-модда

Санитария зоналари ва хавфсиз зоналар уларнинг чекка қисмида ва биноларида ўрнатиладиган оқ сатҳдаги ётиқ қизил чизиқлар билан белгиланади.

Фақат ярадорлар ва касаллар учун мўлжалланган зоналар оқ сатҳдаги қизил хоч (қизил ярим ой, қизил шер ва қуёш) билан белгиланиши мумкин.

Қоронғи пайтларда улар худди шу тахлитда тегишли ёритгичлар ёрдамида белгиланиши мумкин.

 

7-модда

Тинчлик даврида ёки уруш ҳаракатларининг бошланишида ҳар қайси Давлат барча Аҳдлашувчи Давлатларга ўз назоратидаги ҳудудларда таъсис этилган санитария зоналари ва хавфсиз зоналар рўйхатини беради. Давлатлар, шунингдек, томонларга можаро даврида ташкил этилган ҳар бир янги зона тўғрисида маълумот бериши керак.

Қарши томон юқорида қайд этилган маълумотларни олган пайтдан эътиборан зона ҳуқуқий жиҳатдан мавжуд ҳисобланади.

Бироқ, агар қарши томон мазкур битимнинг қайсидир шарти яққол бажарилмаган деб ҳисобласа, зонани эътироф этишдан воз кечиши ва бу ҳақда ушбу зона қарамоғида бўлган томонга зудлик билан маълум қилиши ёхуд ўзининг эътироф қилиши 8-моддада кўзда тутилган назоратнинг ўрнатилишига боғлиқ эканини билдириши мумкин.

 

8-модда

Қарши томон таъсис этган битта ёки бир нечта санитария зоналари ва хавфсиз зоналарни тан олган ҳар бир Давлат бир ёки бир неча махсус комиссия ушбу зоналар мазкур битимда баён этилган талаб ва шартларга жавоб бериш-бермаслигини текширишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунинг учун махсус комиссияларнинг аъзолари ҳар қандай пайтда ҳар қандай зонага эркин кира олиши ва ҳатто у ерда доимий яшаши мумкин. Уларга назоратни амалга ошириш бўйича ўз вазифаларини бажара олишлари учун барча шароит яратиб берилади.

 

9-модда

Махсус комиссиялар, уларнинг фикрига кўра, мазкур битим шартларига зид келадиган фактларни қайд этган тақдирда, бу ҳақда ушбу зона қарамоғида бўлган Давлатга зудлик билан маълум қилиши ва унга ушбу зиддиятларни бартараф этиш учун кўпи билан беш кунлик муддат бериши керак; улар бу ҳақда зонани тан олган Давлатни хабардор қилади.

Агар бу муддат тугаши вақтига келиб, ушбу зона қарамоғида бўлган Давлат ўзига йўлланган огоҳлантириш юзасидан тегишли чора кўрмаган бўлса, у ҳолда қарши томон бундан кейин ушбу зонага нисбатан мазкур битим асосида боғлиқ эмаслиги тўғрисида маълум қилиши мумкин.

           

10-модда

Бир ёки бир нечта санитария зоналари ва хавфсиз зоналар ташкил этган Давлат, шунингдек, бундай зоналар мавжудлиги тўғрисида хабардор қилинган қарши томонлар 8- ва 9-моддаларда қайд этилган махсус комиссиялар таркибига кириши мумкин бўлган шахсларни тайинлайди ёки Ҳомий-Давлатдан ёхуд бошқа бетараф Давлатлардан бундай тайинлашни амалга оширишни сўрайди.

 

11-модда

Санитария зоналари ва хавфсиз зоналарга ҳеч қачон ҳужум уюштирилиши мумкин эмас, улар ҳар доим низолашаётган томонларнинг ҳомийлиги ва ҳимоясидан фойдаланадилар.

 

12-модда

Бирон-бир ҳудуд истило этилган ҳолларда, бу ерда жойлашган санитария зоналари ва хавфсиз зоналар одатдагидай ҳурмат қилиниши ва одатдаги мақсад учун фойдаланилиши зарур.

Бироқ истилочи Давлат бу ерга жойлаштирилган шахсларнинг тақдирини олдиндан таъминлаган ҳолда, зоналарнинг белгиланган вазифасини ўзгартириши мумкин.

 

13-модда

Мазкур битим, шунингдек, Давлатлар томонидан санитария зоналари ва хавфсиз зоналар қандай мақсадларда фойдаланилган бўлса шундай мақсадлар учун фойдаланиладиган ҳудудларга нисбатан ҳам қўлланилади.

 

 

II  И Л О В А

 

ИНТЕРНИРЛАНГАН ФУҚАРО ШАХСЛАР УЧУН ЖАМОАВИЙ ЁРДАМ ПОСИЛКАЛАРИГА ОИД ҚОИДАЛАР ЛОЙИҲАСИ

 

1-модда

Интернирланганлар қўмиталарига ўз ихтиёрларидаги жамоавий ёрдам посилкаларини ўзларига тегишли интернирлаш жойларидаги барча интернирланганлар ўртасида, шунингдек, касалхоналарда, қамоқхоналарда ёки бошқа ахлоқ тузатиш муассасаларидаги интернирланганлар ўртасида тақсимлаш учун рухсат этилади.

 

2-модда

Жамоавий ёрдам посилкаларини тақсимлаш хайрия берувчиларнинг кўрсатмасига мувофиқ ва интернирланганлар қўмиталари ишлаб чиққан режа бўйича амалга оширилади; аммо тиббиёт материалларидан иборат посилкаларни тақсимлашни бош шифокор билан келишув бўйича амалга ошириш маъқул; касалхоналар ва лазаретларда бош шифокорлар юқорида қайд этилган кўрсатмалардан ўз беморларининг эҳтиёжлари талаб этган даражада чекинишлари мумкин. Шу тарзда белгиланган тартиб доирасидаги бу тақсимот ҳар доим адолатли тарзда амалга оширилиши керак.

 

3-модда

Ўзлари олган посилкаларнинг сифати ва миқдорини текшириш ва ушбу масала юзасидан хайрия берувчиларга батафсил маълумот тайёрлаш учун имконият яратиш мақсадида интернирланганлар қўмиталарининг аъзоларига ўзларига тегишли интернирлаш жойлари яқинидаги вокзаллар ва ёрдам посилкалари келиб тушадиган бошқа пунктларга чиқишларига рухсат этилади.

 

4-модда

Интернирланганлар қўмиталари жамоавий ёрдам посилкалари тақсимоти ўзларига тегишли интернирлаш жойларининг барча бўлинмалари ва филиалларида уларнинг кўрсатмаларига мувофиқ тарзда амалга оширилганига ишонч ҳосил қилишлари учун уларга зарур имконият яратилади.

 

5-модда

Интернирланганлар қўмиталарига жамоавий ёрдам посилкаларига (тақсимот, эҳтиёж, миқдор ва бошқаларга) тааллуқли бўлган ва хайрия берувчиларга топшириладиган бланклар ва анкеталарни тўлдириш, шунингдек, бу бланкларни тўлдиришни ишчи командаларидаги интернирланганлар қўмиталарининг аъзоларига ёки лазаретлар ва касалхоналарнинг бош шифокорларига топшириш учун рухсат этилади. Тегишли тартибда тўлдирилган бу бланклар ва анкеталар кечиктирмасдан хайрия берувчиларга етказилади.

 

6-модда

Жамоавий ёрдам посилкаларини ўзларига тегишли интернирлаш жойларидаги интернирланганлар ўртасида мунтазам равишда тақсимлаб туришни таъминлаш ва интернирланганларнинг янги контингенти келиши муносабати билан пайдо бўладиган эҳтиёжларни қондириш мақсадида интернирланганлар қўмиталарига жамоавий ёрдам посилкаларининг етарли миқдордаги заҳирасини ташкил қилиш ва сақлаб туришга рухсат этилади. Шу мақсадда улар тегишли омборларга эга бўлади; ҳар бир омбор иккита қулф билан қулфланади ва қулфлардан бирининг калити интернирланганлар қўмитасида, бошқасиники эса интернирлаш жойи комендантида сақланади.

 

7-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар, хусусан, интернирланганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган Давлатлар кенг имкониятлар доирасида, аҳолининг озиқ-овқат таъминотини тартибга солувчи кўрсатмаларни ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ҳудудида интернирланганлар ўртасида жамоавий ёрдам сифатида тақсимлаш учун зарур бўлган ҳар қандай маҳсулотларни сотиб олишга рухсат этади; улар шунингдек пул фондларини беришда ва мақсади бундай сотиб олишларни бажаришдан иборат бўлган молиявий, техникавий ёки маъмурий тартибдаги бошқа тадбирларни амалга оширишда ҳам ёрдам кўрсатадилар.

 

8-модда

Юқорида қайд этилган қоидалар интернирланганларнинг интернирлаш жойига етиб келгунларига қадар ёки кўчиш даврида жамоавий посилкаларни олиш ҳуқуқларига ҳам, Ҳомий-Давлат, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки интернирланганларга кўмаклашувчи ва зиммасига бу юкларни топшириш вазифаси юкланган ҳар қандай бошқа ташкилотлар вакилларининг олувчилар ўртасида жўнатмаларни ўзлари маъқул кўрган  ҳар қандай усулда тақсимланишини таъминлаш имкониятларига ҳам тўсқинлик қилмаслиги керак.

  

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати