Сайт  харитаси

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи

 

I Женева Конвенцияси. Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни  яхшилаш тўғрисида

II Женева Конвенцияси. Денгиз  қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини  яхшилаш тўғрисида

III Женева Конвенцияси  Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

IV Женева Конвенцияси Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

I Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

II Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган  қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

 

III Женева Конвенцияси.

 Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

 

 

 

 

Женева 12 август 1949 йил

 

 

 

 

 

Тубанда имзо чекувчилар, 1906 йилдаги Женева Конвенцияси асосий тамойилларини денгиздаги урушга нисбатан қўллаш тўғрисида 1907 йилнинг 18 октябридаги X Гаага Конвенциясини қайта кўриб чиқиш мақсадида 1949 йил 21 апрелдан 12 августгача Женевада ўтказилган Дипломатия Конференцияда иштирок этган Ҳукуматлар Вакиллари қуйидаги битимни туздилар:

 

 

I  б ў л и м

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳар қандай ҳолатда ушбу Конвенцияга амал қилиш ва амал қилишга мажбур этишни ўз зиммаларига оладилар.

 

2-модда

Тинчлик давридаёқ кучга кириши лозим бўлган қарорлардан ташқари, мазкур Конвенция икки ёки бир неча Олий Аҳдлашувчи томон ўртасида уруш эълон қилинган ёки бошқа ҳар қандай қуролли можаро юз берган шароитда, ҳатто томонлардан бири уруш ҳолатини тан олмаса ҳам, қўлланилади.

Конвенция, шунингдек, Олий Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди тўлиқ ёки қисман истило этилган барча ҳолларда, ҳатто бу истило ҳеч қандай қуролли қаршиликка учрамаса ҳам, қўлланилади.

Агар низолашаётган Давлатлардан бири мазкур Конвенция иштирокчиси бўлмаса ҳам, иштирокчи бўлган Давлатлар ўзаро муносабатларида у билан боғлиқликларини сақлаб қоладилар. Бундан ташқари, улар юқорида кўрсатилган Давлат мазкур Конвенция қоидаларини қабул қилаётган ва қўллаётган бўлса, бу Давлатга нисбатан Конвенция билан боғланган бўладилар.

3-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида юзага келган ва халқаро характерда бўлмаган қуролли можаро ҳолатида низолашаётган томонлардан ҳар бири энг камида қуйидаги қоидаларга амал қилишга мажбурдир:

1. Ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаётган шахслар, шу жумладан қуролли кучлар таркибидан бўлган ва қуролини ташлаган, шунингдек, касаллиги, ярадорлиги, қўлга олинганлиги ёки бошқа ҳар қандай сабабларга кўра ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тўхтатган шахслар ирқи, танасининг ранги, дини ёки эътиқоди, жинси, насл-насаби, мулкий аҳволи каби белгилар ёки бошқа шунга ўхшаш мезонлар сабабли, ҳеч бир камситишсиз, ҳар қандай шароитда инсоний муомаладан фойдаланиши зарур.

Шу мақсадда юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар тақиқланган ва ҳар доим, ҳамма жойда тақиқланади:

a)      ҳаётига ва жисмоний дахлсизлигига тажовуз қилиш, хусусан, ўлдиришнинг ҳар қандай турлари, жароҳат етказиш, шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қийнаш ва азоблашлар;

b)      гаровга олиш;

c)      инсоний қадр-қимматига тажовуз қилиш, хусусан, таҳқирловчи ва камситувчи муносабатда бўлиш;

d)     маданиятли халқлар томонидан зарурий деб тан олинган судлов кафолатлари мавжуд бўлгани ҳолда ва тегишли равишда таъсис этилган суд томонидан чиқарилган дастлабки суд қарорисиз ҳукм қилиш ва жазо бериш.

2. Ярадорлар ва беморлар йиғиб олинади ва уларга ёрдам кўрсатилади.

Беғараз инсонпарварлик ташкилоти, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, низолашаётган томонларга ўз хизматини таклиф этиши мумкин.

Бундан ташқари, низолашаётган томонлар мазкур Конвенциянинг қолган жами қоидаларини ёки уларнинг бир қисмини махсус битимлар тузиш йўли билан кучга киритишга интиладилар.

Юқоридаги қоидаларнинг қўлланилиши низолашаётган томонларнинг юридик мақомига таъсир қилмайди.

4-модда

А. Душман ҳукми остига тушиб қолган ва қуйидаги тоифалардан бирига мансуб бўлган шахслар Мазкур Конвенция мазмунига кўра ҳарбий асир саналади:

1. Низолашаётган томон қуролли кучларининг шахсий таркиби, шунингдек, ушбу қуролли кучлар таркибига кирувчи ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядларининг шахсий таркиби.

2. Низолашаётган томонга тегишли бўлган ва ўз ҳудудида ёки ундан ташқарида фаолият юритувчи атто бу ҳудуд истило этилган бўлса ҳам) бошқа ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядларининг, шу жумладан, уюшган қаршилик кўрсатиш ҳаракатларининг шахсий таркиби. Бунда ушбу ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядлари ҳамда уюшган қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак, яъни:

a)      ўз қўл остидагилар учун масъулиятни зиммасига олган раҳбарга эга бўлиши;

b)      аниқ ва узоқдан кўринадиган фарқловчи белгига эга бўлиши;

c)      қурол-яроғларни очиқ олиб юриши;

d)     ўз ҳаттиаракатларида уруш қонунлари ва удумларига амал қилиши керак.

3. Ўзини асирликда сақлаб турган Давлат томонидан тан олинмаган ҳукумат ёки маъмурият ихтиёрида ҳисобловчи мунтазам қуролли кучларнинг шахсий таркиби.

4. Қуролли кучлар билан изма-из бораётган, лекин бевосита уларнинг таркибига кирмайдиган шахслар, масалан, ҳарбий самолётлар экипажи таркибидаги фуқаро шахслар, ҳарбий мухбирлар, таъминотчилар, шунингдек, қуролли кучларга маиший хизмат кўрсатувчи ишчи команда ва хизматларнинг шахсий таркиби, агар улар бунинг учун қуролли кучлардан рухсат олган бўлсалар. Бунинг учун уларга ана шу қуролли кучлар томонидан уларга иловадаги намуна шаклида шахсий гувоҳнома берилиши керак.

5. Низолашаётган томонларнинг савдо флоти кемалари экипажининг аъзолари, жумладан, капитанлар, лоцманлар ва юнгалар ҳамда фуқаро авиацияси экипажлари аъзолари, агар улар муайян халқаро ҳуқуқ қоидаларига кўра бошқа, нисбатан имтиёзли имкониятлардан фойдаланмаётган бўлсалар.

6. Истило этилмаган ҳудудларда яшаб турган ва душман яқинлашиб келиши муносабати билан бостириб келаётган қўшинларга қарши кураш учун уюшмаган тарзда ўз ташаббуси билан қўлига қурол олган, лекин мунтазам қўшин тарзида шаклланишга улгурмаган аҳоли, агар улар қуролини очиқ-ойдин олиб юрсалар ҳамда ўз ҳаттиаракатларида уруш қонунлари ва удумларига амал қилсалар.

В. Қуйидаги шахсларга нисбатан мазкур Конвенцияга мувофиқ равишда ҳарбий асирлар сингари муомала қилинади:

1. Истило этилган мамлакат қуролли кучларига мансуб ёки қачондир мансуб бўлган шахслар, агар босиб олган Давлат уларни мансублик сабабларига кўра интернирлашни лозим топса, ҳатто бу Давлат дастлаб, уруш ҳаракатлари ўзи босиб олган ҳудуддан ташқарида кечган вақтда, уларни озод қилган бўлса ҳам, айниқса, бу шахслар ўзлари мансуб бўлган ва уруш ҳаракатларида қатнашаётган қуролли кучларга қўшилишга муваффақиятсиз уринган ёки ўзларини интернирлаш мақсадида қилинган талабга бўйсунмаган бўлса.

2. Ушбу моддада айтиб ўтилган тоифалардан бирига мансуб бўлган ва бетараф ёки урушмаётган Давлатлар ўз ҳудудига қабул қилиб олган ҳамда ана шу Давлатлар халқаро ҳуқуққа мувофиқ интернирлаши зарур бўлган шахслар, агар бу Давлатлар уларга бундан қулайроқ шароит яратишни лозим топмасалар; бироқ бу шахсларга нисбатан 8, 10, 15-моддаларда, 30-модданинг бешинчи хатбошисида, 58-67, 92, 126-моддаларда кўзда тутилган қоидалар, низолашаётган томонлар ва бетараф ёки урушмаётган манфаатдор Давлат ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд бўлса, Ҳомий-Давлатларга тааллуқли моддаларнинг қарорлари ҳам татбиқ этилмайди. Бундай дипломатик муносабатлар мавжуд ҳолларда тегишли шахслар мансуб бўлган низолашаётган томонларга ана шу шахсларга нисбатан мазкур Конвенцияда кўзда тутилган Ҳомий-Давлатга хос вазифаларни бажариш учун рухсат берилади. Бу ваколатлар томонларнинг дипломатия ва консуллик амалиёти ҳамда шартномалар асосида амалга ошириладиган одатий вазифаларига зиён етказмаслиги керак.

С. Ушбу модда тиббий-санитария ходимлари ва диний ходимларнинг мазкур Конвенциянинг 33-моддасида кўзда тутилган мақомига ҳеч қандай таъсир қилмайди.

 

5-модда

Мазкур Конвенция 4-моддада қайд этилган шахсларга нисбатан улар душман ҳукми остига тушиб қолган дақиқадан бошлаб тўлиқ озод этилишлари ва ўз ватанларига қайтарилишларига қадар қўлланилади.

Ҳарбий ҳаракатларда у ёки бу тарзда иштирок этган ва Душман қўлига тушиб қолган шахсларнинг 4-моддада айтиб ўтилган тоифалардан қайси биригадир мансублиги борасида гумон пайдо бўлган тақдирда, бундай шахслар, уларнинг аҳволи ваколатли суд томонидан белгилаб берилгунига қадар, мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланиб турадилар.

 

6-модда

10, 23, 28, 33, 60, 65, 66, 67, 72, 73, 75, 109, 110, 118, 119, 122 ва 132-моддаларда махсус кўзда тутилган битимлардан ташқари, Олий Аҳдлашувчи Томонлар алоҳида тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган ҳар қандай масала бўйича бошқа махсус битимлар тузиши мумкин. Ҳеч қандай махсус битим ҳарбий асирларнинг мазкур Конвенцияда белгилаб қўйилган мавқеига зиён етказмаслиги, уларнинг мазкур ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқларини чекламаслиги шарт.

Ҳарбий асирлар уларга нисбатан мазкур Конвенция қўлланилаётган вақт мобайнида ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланишда давом этадилар. Юқорида тилга олинган ёки кейин тузилган битимларга бошқа шартларнинг махсус киритилиши ёхуд низолашаётган томонлардан бирининг уларга нисбатан қулайроқ бўлган шартларни  қўллаш ҳолатлари бундан мустасно.

 

7-модда

Ҳарбий асирлар уларга нисбатан мазкур Конвенция томонидан ҳамда олдинги моддада тилга олинган махсус битимлар (агар шундай битимлар мавжуд бўлса) томонидан таъминланадиган ҳуқуқларидан қисман ёхуд тўлалигича воз кечишлари мутлақо мумкин эмас.

 

8-модда

Мазкур Конвенция низолашаётган томонлар манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган Ҳомий-Давлатларнинг ёрдами билан ва назорати остида қўлланилади. Бунинг учун Ҳомий-Давлатлар ўзларининг дипломатик ва консуллик хизматлари ходимларидан ташқари, ўз фуқаролари ёхуд бошқа бетараф Давлатлар фуқаролари орасидан делегатлар тайинлашлари мумкин. Ушбу делегатлар тайинланиши учун улар ўз вазифаларини бажаришга киришадиган Давлатнинг розилиги олиниши керак.

Низолашаётган томонлар Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатларининг ишини имкони борича енгиллаштирадилар.

Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатлари мазкур Конвенцияда белгиланган ўз вазифалари доирасидан четга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Хусусан, улар ўз вазифаларини бажаришга киришган Давлат хавфсизлигининг ўта муҳим эҳтиёжларини эътиборга олишлари зарур.

 

9-модда

Мазкур Конвенция қоидалари Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки бошқа ҳар қандай беғараз инсонпарварлик ташкилоти томонидан ҳарбий асирларни ҳимоя қилишга ва уларга низолашаётган манфаатдор томонларнинг розилиги билан ёрдам кўрсатишга қаратилган инсонпарварлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлолмайди.

 

10-модда

Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Конвенция томонидан Ҳомий-Давлатларга юкланаётган мажбуриятларни беғаразлик ва таъсирчанликни тўлиқ кафолатловчи бирор-бир ташкилотга топшириш борасида ҳар қандай пайтда ўзаро муросага келишлари мумкин.

Агар қайсидир сабабга кўра ҳарбий асирларга нисбатан муайян Ҳомий-Давлат ёки биринчи хатбошида кўзда тутилган ташкилотнинг фаолияти қўлланилмаётган ёхуд қўлланилиши тўхтатиб қўйилган бўлса, ҳарбий асирларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат низолашаётган томонлар тайинлаган Ҳомий-Давлат мазкур Конвенцияга мувофиқ бажариши лозим бўлган вазифаларни ўз зиммасига олишини сўраб, бетараф Давлатга ёки шундай ташкилотга илтимос билан мурожаат қилиши лозим.

Агар ҳомийликни юқорида кўрсатилган тарзда амалга оширишнинг иложи бўлмаса, ҳарбий асирларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат бирор-бир инсонпарварлик ташкилотига, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига илтимос билан мурожаат қилиши ёхуд ушбу модда қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, бундай ташкилотнинг мазкур Конвенцияга мувофиқ Ҳомий-Давлатлар томонидан бажариладиган инсонпарварлик вазифаларини адо этишни ўз зиммасига олиши борасидаги таклифларини қабул қилиши керак.

Манфаатдор Давлат томонидан таклиф этилган ёки шу мақсадда ўз хизматини тавсия этаётган ҳар қандай бетараф Давлат ёки ҳар қандай ташкилот мазкур Конвенция ҳимоясидан фойдаланувчи шахслар мансуб бўлган низолашаётган томонга нисбатан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашиши, шунингдек, ўз зиммасига тегишли вазифаларни олишга ва уларни беғараз бажаришга қодирлиги тўғрисида етарлича кафолат бериши шарт.

Давлатлардан бирининг ҳарбий вазият сабабли, айниқса, мазкур Давлат ҳудудининг тўлалигича ёхуд катта қисми истило этилганлиги туфайли у бошқа бир Давлат ёки унинг иттифоқчилари билан эркин музокаралар ўтказиш имконияти, ҳаттоки вақтинча чекланган бўлса ҳам, юқорида келтирилган қоидалар Давлатлар ўртасидаги махсус битимлар билан бузилиши мумкин эмас.

Мазкур Конвенцияда Ҳомий-Давлат эслатиб ўтилган ҳар бир ҳолатда бу ном ушбу моддага мувофиқ унинг вазифасини бажарувчи ташкилотни ҳам билдиради.

 

11-модда

Ҳомий-Давлатлар ҳимоядаги шахслар манфаати йўлида фойдали деб ҳисоблаган барча ҳолларда, хусусан, низолашаётган томонлар ўртасида мазкур Конвенция қоидаларини қўллаш ёки талқин қилиш борасида келишмовчиликлар юзага келганда, бундай келишмовчиликларга барҳам бериш мақсадида ўзларининг хайрли хизматларини кўрсатадилар.

Шу мақсадда Ҳомий-Давлатларнинг ҳар бири томонлардан бирининг илтимосига кўра ёки шахсий ташаббуси билан низолашаётган томонларга уларнинг вакиллари, хусусан, зиммасига ҳарбий асирлар қисматига ғамхўрлик қилиш масъулияти юкланган маъмурлар иштирокида кенгаш ташкил қилишни таклиф этиши мумкин. Кенгаш тегишли тарзда танланган бетараф ҳудудда ўтказилиши мумкин. Низолашаётган томонлар бу борада ўзларига тушган таклифларга йўл очишлари шарт. Ҳомий-Давлатлар, зарурат туғилса, бетараф Давлатга мансуб бўлган ёхуд Халқаро Қизил Хоч Қўмитасидан вакил қилинаётган ва ушбу кенгашда иштирок этиш учун таклиф қилинадиган шахсни маъқуллаш учун низолашаётган томонлар эътиборига тавсия этиши мумкин.

 

II  б ў л и м

 

Ҳарбий асирлар ҳимояси тўғрисида

умумий мазмундаги қоидалар

 

12-модда

Ҳарбий асирлар уларни асир олган алоҳида шахслар ёки ҳарбий қисмларнинг эмас, балки бевосита душман Давлатнинг ҳукми остида бўлади. Алоҳида шахсларнинг зиммасига қандай масъулият юкланишидан қатъи назар, ҳарбий асирларга муомала учун уларни асирликда сақлаб турган Давлат жавобгар ҳисобланади.

Ҳарбий асирлар уларни асирликда сақлаб турган Давлат томонидан фақат мазкур Конвенция иштирокчиси бўлган Давлатга ва ҳарбий асирлар топширилаётган Давлатнинг Конвенцияни қўллаш хоҳиш-истаги ва имконияти борлигига асирликда сақлаб турган Давлат томонидан ишонч ҳосил қилинганидан кейингина топширилиши мумкин. Агар ҳарбий асирлар ана шу шартлар асосида топширилса, қабул қилиб олувчи Давлат ҳарбий асирлар ўз қарамоғида бўлган давр мобайнида уларга нисбатан Конвенция қўлланилиши учун жавобгар бўлади.

Бироқ, агар ушбу Давлат мазкур Конвенциянинг ҳар қандай муҳим бандидаги қоидаларни бажармас экан, ҳарбий асирларни топширган Давлат Ҳомий-Давлатнинг билдиришномасини олиши биланоқ, аҳволни яхшилаш учун самарали чора кўриши ёки ҳарбий асирларни қайтариб беришни талаб қилиши зарур. Бундай талаб қондирилиши шарт.

 

13-модда

Ҳарбий асирларга нисбатан ҳар доим инсоний муносабатда бўлиш керак. Асирликда сақлаб турган Давлат томонидан ўз ҳукми остида бўлган ҳарбий асирларнинг ўлимига сабаб бўлувчи ёки уларнинг соғлиғини жиддий хавф остида қолдирувчи ҳар қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракат ёхуд ҳаракатсизлик тақиқланади ва бундай ҳолатлар мазкур Конвенция қоидаларининг жиддий бузилиши деб қаралади. Хусусан, ҳеч бир ҳарбий асир жисмоний майиб қилиниши ёки унинг саломатлиги ва манфаатлари нуқтаи назаридан оқлаб бўлмайдиган ҳар қандай хусусиятдаги илмий ёки тиббий тажрибаларга жалб этилиши мумкин эмас.

Шунингдек, ҳарбий асирлар ҳар қандай вақтда, айниқса, ҳар хил зўравонлик ва қўрқитиш ҳамда ҳақоратлаш, омманинг қизиқиши ва диққат-эътиборидан ҳимоя қилиниши керак.

Уларга нисбатан жазо чораларини қўллаш тақиқланади.

 

14-модда

 Ҳар қандай шароитда ҳарбий асирлар ўз шахсияти ва ор-номусининг ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгадир.

Аёлларга муносабатда уларнинг жинси нуқтаи назаридан жоиз бўлган алоҳида эътибор кўрсатилади ҳамда ҳар қандай вазиятда уларга эркакларга кўрсатилаётган муносабатдан ёмон бўлмаган даражада муомала қилиниши зарур.

Ҳарбий асирлар асир олинган пайтларидаги ўзларининг фуқаровий ҳуқуқдорликларини тўла сақлаб қоладилар. Асирликда сақлаб турган Давлат ўз ҳудудида ёки ундан ташқарида ана шу ҳуқуқдорлик бўйича бериладиган ҳуқуқларнинг амалга оширилишини фақат асирлик шарт-шароитлари талаби даражасидагина чеклаши мумкин.

 

15-модда

Асирликда ушлаб турган Давлат ҳарбий асирларнинг таъминотини ва уларга саломатлиги талаб қилган даражада тиббий ёрдам кўрсатишни бепул таъминлашга мажбур.

 

16-модда

Мазкур Конвенциянинг унвон ва жинсга тааллуқли қоидаларидан келиб чиқиб, асирликда сақлаб турган Давлат ирқи, миллати, диний ва сиёсий эътиқоди ва шунга ўхшаш бошқа жиҳатлар сабабли ҳеч бир камситишларга йўл қўймаган ҳолда, барча ҳарбий асирларга бир хил муносабатда бўлиши шарт. Ҳарбий асирларнинг соғлиғи, ёши ёхуд малакасидан келиб чиқиб, имтиёзли тартиб ўрнатиладиган ҳолатлар бундан мустасно.

 

 

III б ў л и м

 

АСИРЛИК

 

I қ и с м

 

АСИРЛИКНИНГ БОШЛАНИШИ

 

17-модда

Ҳар бир ҳарбий асир сўроқ вақтида фақат фамилияси, исми ва унвони, туғилган санаси ҳамда шахсий номери, бундай номери мавжуд бўлмаса, шунга мос келадиган ахборотни маълум қилишга мажбурдир.

Агар ҳарбий асир бу қоидани онгли равишда бузадиган бўлса, унга ҳарбий асирларнинг унвони ва мавқеи асосида бериладиган муайян имтиёзлар чеклаб қўйилиши мумкин.

Ҳар бир низолашаётган томон ўз юрисдикцияси остида бўлган ва асирликка тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлган барча шахсларни фамилияси, исми, унвони, шахсий номери ёки шунга мос тегишли маълумот ва туғилган санаси ёзилган шахсий гувоҳнома билан таъминлаши шарт. Бу шахсий гувоҳномада, бундан ташқари, ҳужжат эгасининг имзоси ёки бармоқ излари ёхуд уларнинг иккаласи ҳам, шунингдек, низолашаётган томон ўз қуролли кучлари таркибига тааллуқли шахс тўғрисида қайд этишни лозим топган ҳар қандай маълумот мавжуд бўлиши мумкин. Шахсий гувоҳнома, иложи борича, 6,5 х 10 см ўлчамда тайёрланиши ва дубликатга эга бўлиши керак. Ҳарбий асир шахсий гувоҳномасини талаб қилинган ҳар қандай пайтда кўрсатишга мажбур, аммо бу ҳужжат ундан олиб қўйилиши мутлақо мумкин эмас.

Ҳарбий асирлардан қандайдир маълумотларни билиб олиш мақсадида уларга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий қийноқ ва бошқа бирон-бир мажбурлаш усули қўлланилмаслиги керак. Саволларга жавоб беришдан бош тортган ҳарбий асирларга таҳдид қилиш, уларни ҳақоратлаш ёки қандайдир тазйиқ ва чеклашларга дучор этиш мумкин эмас.

Жисмоний ёки руҳий аҳволи туфайли ўз шахси ҳақида маълумот бера олмайдиган ҳарбий асирлар тиббий хизмат қарамоғига жўнатилади. Бундай ҳарбий асирларнинг шахси, юқоридаги хатбоши қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, имкони бўлган барча воситалар ёрдамида аниқлаб олинади.

Ҳарбий асирларни сўроқ қилиш улар учун тушунарли бўлган тилда амалга оширилиши керак.

 

18-модда

Қурол-яроғлар, отлар, ҳарбий аслаҳа-анжомлар ва ҳарбий ҳужжатлардан ташқари, ҳарбий асирларга тегишли бўлган шахсий фойдаланиш буюмлари, шунингдек, каска, газга қарши ниқоб ва бошқа шу каби шахсий ҳимоя учун берилган воситалар ҳарбий асирларнинг ихтиёрида қолдирилади. Бундан ташқари, расмий жиҳатдан ҳарбий аслаҳа-анжомлар қаторига кирсада, ҳарбий асирларнинг кийинишлари ва овқатланишлари учун хизмат қилувчи нарса ва буюмлар ҳам уларнинг ихтиёрида қолдирилади.

Ҳарбий асирлар ҳеч қачон шахсий гувоҳномаларсиз қолишлари мумкин эмас. Асирликда сақлаб турган Давлат гувоҳномага эга бўлмаганларга бундай ҳужжатларни беради.

Ажратиш белгилари ва давлатга алоқадорлик белгилари, тақдирлаш нишонлари, ва асосан, субъектив жиҳатдан қимматга эга бўлган нарсалар ҳарбий асирдан олиб қўйилиши мумкин эмас.

Ҳарбий асир ихтиёридаги пул маблағи фақат офицернинг буйруғи асосида ва ушбу маблағ миқдори ва унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар махсус реестрда қайд этилиб, пул эгасига тегишли тилхат берилганидан сўнг олиб қўйилиши мумкин. Мазкур тилхатда уни берган шахснинг исм-фамилияси, унвони ва ҳарбий қисми ҳақидаги маълумотлар тушунарли қилиб ёзилади. Асирликда сақлаб турган Давлат валютасида бўлган ёки ҳарбий асирларнинг илтимосига биноан шу валютага алмашилган пул маблағлари, 64-моддага мувофиқ, ҳарбий асирнинг шахсий счетидаги кредитга киритилади.

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирларга тегишли қимматбаҳо нарсаларни фақат хавфсизлик талаблари нуқтаи назаридангина олиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолларда пул маблағларини олиб қўйишга нисбатан жорий этилган юқоридаги тартибга амал қилинади.

Кўрсатилган нарсалар, шунингдек, олиб қўйилган пул маблағлари, агар асирликда сақлаб турган Давлат валютасидан бошқа валютада бўлса ҳамда уларни алмашлаб бериш ҳақида эгалари томонидан илтимослар тушмаган бўлса, асирликда сақлаб турган Давлат ихтиёрида сақланиши ва ҳарбий асирларнинг асирлиги тугаши биланоқ, қандай кўринишда эгаларидан олиб қўйилган бўлса, худди шу кўринишда уларга қайтарилади.

 

19-модда

Ҳарбий асирлар асир олинганларидан сўнг, имкони борича қисқа вақт ичида, улар хавфсиз бўлишлари учун, ҳарбий ҳаракатлар зонасидан етарли даражада узоқда жойлашган лагерларга кўчириладилар.

Хавфли зоналарда фақат ярадорлик ёки беморлик аҳволи туфайли жойида қолдиришдан кўра кўчириб кетиш хавфлироқ бўлган ҳарбий асирларни вақтинча сақлаб туриш мумкин.

Ҳарбий асирлар ҳарбий ҳаракатлар зонасидан хавфсиз жойга кўчиришни кутаётганларида, заруратсиз хавф-хатар остида қолдирилмаслиги керак.

 

20-модда

Ҳарбий асирларни хавфсиз жойга кўчириш ҳар доим инсонпарварлик билан ва асирликда сақлаб турган Давлат ўз қўшинларини кўчиришда уларга яратадигани каби шароитларда амалга оширилиши керак.

Асирликда сақлаб турган Давлат хавфсиз жойга кўчирилаётган ҳарбий асирларни етарли даражада ичимлик сув ва озиқ-овқатлар, шунингдек, керакли кийим-кечак ва тиббий ёрдам билан таъминлаши лозим. У ҳарбий асирларни хавфсиз жойга кўчириш вақтида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча эҳтиёт чораларини кўради ҳамда имконият туғилиши биланоқ кўчирилаётган ҳарбий асирларнинг рўйхатини тузади.

Агар кўчириш жараёнида ҳарбий асирлар транзит лагерлар орқали ўтказилса, уларнинг бу лагерларда имкони борича камроқ муддат бўлишларига эришиш керак.

 

 

II  қ и с м

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИ ИНТЕРНИРЛАШ

 

I  б о б

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

21-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирларни интернирлаши мумкин. У асирларга улар интернирланган лагернинг белгиланган чегарасидан четга ёки, агар лагерь тўсиқ билан ўралган бўлса, ана шу тўсиқдан ташқарига чиқмасликларини шарт қилиб қўйиши мумкин.

Мазкур Конвенцияда кўзда тутилган жиноий ва интизомий санкцияларга тааллуқли қоидалардан ташқари ҳолатларда, ҳарбий асирларни ёпиқ хоналарда сақлаб туриш ёки уларнинг хонадан чиқиш ҳуқуқларидан маҳрум қилиш, агар бу чора уларнинг соғлиғини сақлаш учун зарур бўлмаса, мумкин эмас; ҳар қандай ҳолатда бу чорани қўллашга уни келтириб чиқарган шарт-шароит барҳам топгунга қадар йўл қўйилади.

Агар ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлат қонунчилиги бунга йўл қўйса, уларга чин сўзлари ёки муайян ваъдалари асосида чекланган ёхуд тўлиқ озодлик берилиши мумкин. Бундай чора, хусусан, асирлар соғлиғини яхшилашга ёрдам берадиган ҳолларда қўлланади. Асирларни уларнинг чин сўзлари ёки ваъдалари эвазига озод қилинишларига кўндириш учун мажбурлаш мумкин эмас.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидаёқ, низолашаётган томонларнинг ҳар бири душман томонга ўз фуқароларининг чин сўзлари ёки ваъдалари эвазига озод бўлиш учун розилик билдиришларини маъқулловчи ёхуд тақиқловчи қонун ва қоидаларни маълум қилади. Ана шу тартибда маълум қилинган қонун ва қоидаларга мувофиқ ўзларининг чин сўзлари ёки ваъдалари эвазига озод бўлган ҳарбий асирлар ўзлари мансуб бўлган Давлат билан бир қаторда, уларни асир олган Давлат олдида ҳам зиммаларидаги мажбуриятларини виждонан ва аниқ бажаришга ўз шаъни билан мажбурдирлар. Бундай ҳолларда улар мансуб бўлган Давлат ҳарбий асирлардан чин сўзларига ёки ваъдаларига зид келувчи қандайдир ишларни талаб қилиши ёхуд уларнинг шундай хизматларидан фойдаланиши мумкин эмас.

 

22-модда

Интернирланган ҳарбий асирлар фақат қуруқликдаги ҳамда гигиена ва соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан тўлиқ кафолат берувчи биноларгагина жойлаштирилиши мумкин. Асирларнинг манфаатлари сабаб бўлган алоҳида ҳолатларни истисно қилганда, уларни қамоқхона биноларига жойлаштирмаслик керак.

Иқлими саломатликлари учун зарарли бўлган, носоғлом жойларга жойлаштирилган интернирланган ҳарбий асирлар дастлабки имконият туғилиши биланоқ иқлими нисбатан қулай бўлган жойларга кўчирилади.

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирларни фуқаролиги, тили ва урф-одатларини ҳисобга олиб, айни чоғда, улар асирга олинган пайтда ўзлари хизмат қилган қуролли кучларга мансуб ҳарбий асирлардан ажратмаган ҳолда, лагерларга ёхуд лагерлар бўлимларига жойлаштиради. Ҳарбий асирларнинг бу хусусда розилиги мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

23-модда

Ҳарбий асирларнинг ҳеч бири жанг майдонидан ўққа тутилиши эҳтимоли бўлган ҳудудга ҳеч қачон юборилмаслиги ва у жойда ушлаб турилмаслиги, шунингдек, бирон-бир пункт ёки ҳудудда ҳарбий асирнинг мавжудлигини рўкач қилиш орқали ўша ҳудудни ҳарбий операциялардан ҳимоялашда фойдаланилмаслиги керак.

Ҳарбий асирлар маҳаллий фуқаро аҳоли билан бир хил даражада ҳаво ҳужумлари ва урушнинг бошқа хавф-хатарларидан ҳимояловчи бошпаналарга эга бўлишлари зарур. Хавф-хатар сигнали берилиши биланоқ улар тезда пана жойларга томон йўл олишлари мумкин. Ўзлари турган биноларни уруш хавф-хатарларидан ҳимоялашда иштирок этадиган ҳарбий асирлар бундан мустасно. Аҳоли манфаатлари йўлида қўлланиладиган бошқа ҳар қандай ҳимоя чораси ҳарбий асирларга нисбатан ҳам қўлланилиши зарур.

Асирликда сақлаб турган Давлатлар ҳарбий асирлар лагерларининг географик жойлашуви ҳақидаги зарур маълумотларни Ҳомий-Давлатлар орқали бир-бирига етказади.

Ҳарбий асирлар лагерлари кундузи, урушга хос мулоҳазалар имкон берганда, ҳаводан аниқ кўриниб турадиган тарзда жойлаштирилган «PW» ёки «PG» ҳарфлари билан белгиланган бўлиши керак; бироқ манфаатдор Давлатлар бошқача усулда белгилаш юзасидан ўзаро келишиб олишлари мумкин.

Фақат ҳарбий асирлар учун мўлжалланган лагерларгина шу тариқа белгиланиши мумкин.

 

24-модда

Доимий типдаги транзит ёки саралаш лагерлари ўз тузилиши билан мазкур қисмда кўзда тутилган талабларга жавоб бериши ва уларда ҳам ҳарбий асирлар учун бошқа лагерлардаги каби тартиб мавжуд бўлиши керак.

 

II БОБ

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ХОНАЛАРИ,

ОВҚАТЛАНИШИ ВА КИЙИМ-КЕЧАКЛАРИ

 

25-модда

Ҳарбий асирларни лагерларга жойлаштириш шароитлари асирликда сақлаб турган Давлатнинг шу ҳудудга жойлаштирилган қўшинлари фойдаланаётган шароитлардан кам бўлмаслиги зарур. Бу шароитлар ҳарбий асирларнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши ва ҳеч қандай ҳолатда уларнинг соғлиғи учун зарарли бўлмаслиги керак.

Юқоридаги қоидалар, хусусан, ҳарбий асирлар учун ётоқхонанинг умумий ҳажми ва минимал кубатураси билан бир қаторда, жиҳозлари ва кўрпа-тўшакларига ҳам тааллуқлидир.

Ҳарбий асирлар якка тартибда ёки жамоа тарзида фойдаланадиган хоналар намгарчиликдан тўлиқ ҳимояланган бўлиши, етарли даражада иситилиши ва ёритилиши, айниқса, қоронғилик тушишидан чироқларнинг ўчирилиш вақтигача бўлган оралиқда ёритилиши зарур. Ёнғин хавфига қарши барча чоралар кўрилган бўлиши керак.

Эркак ва аёл ҳарбий асирлар жойлаштирилган лагерларда аёллар алоҳида ётоқ жойлари билан таъминланади.

 

26-модда

Суткалик асосий овқатланиш рациони ўзининг миқдори, сифати ва хилма-хиллигига кўра ҳарбий асирларнинг саломатлигини яхши сақлаб туриш учун етарли бўлиши ва вазн йўқотиш ҳамда овқат етишмаслигидан келиб чиқадиган бошқа ҳолатларга йўл қўймаслиги керак. Шунингдек, ҳарбий асирлар учун одатий бўлган овқатланиш тартибини ҳам инобатга олиш лозим.

Асирликда сақлаб турган Давлат ишлаётган ҳарбий асирларни улар бажараётган ишга мувофиқ равишда зарур қўшимча овқат билан таъминлаши керак.

Ҳарбий асирлар етарли даражада ичимлик сув билан таъминланишлари зарур. Тамаки чекиш учун ижозат берилиши лозим.

Ҳарбий асирлар имкон қадар кенг миқёсда ўзлари учун таом тайёрлаш жараёнига жалб этиладилар; шу мақсадда уларни ошхонадаги ишларни бажаришга жалб этиш мумкин. Бундан ташқари, улар ихтиёрларидаги қўшимча озиқ-овқат маҳсулотларидан ўзлари учун таом тайёрлаш имкониятига эга бўладилар.

Таом истеъмол қилиш учун керакли хоналар таъминланган бўлиши керак.

Овқатланишга халал берувчи ҳар қандай оммавий интизомий жазо чорасини қўллаш тақиқланади.

 

27-модда

Ҳарбий асирларга кийим-бош, ички кийим ҳамда пойафзал асирликда сақлаб турган Давлат томонидан етарли миқдорда берилади ва бунда у ҳарбий асирлар жойлашган жойнинг иқлим шароитларини ҳисобга олиши лозим. Душман армиясининг асирликда сақлаб турган Давлат томонидан қўлга туширилган формали кийими, агарда иқлим шароитларига мос тушса, ҳарбий асирларни кийинтириш учун ишлатилади.

Ушбу буюмларни мунтазам равишда алмаштириш ва ямаш ишлари асирликда сақлаб турган Давлат томонидан таъминланади. Бундан ташқари, ишлаётган ҳарбий асирлар бажарадиган ишларининг хусусиятидан келиб чиқиб, ҳамма жойда тегишли иш кийимларини оладилар.

 

28-модда

Барча лагерларда ҳарбий асирлар озиқ-овқат маҳсулотлари, совун, тамаки ва кундалик эҳтиёж буюмлари сотиб олишлари учун дўконлар қурилади; уларнинг харид баҳоси маҳаллий савдо нархларидан ошмаслиги керак.

Дўконлардан олинадиган даромад ҳарбий асирлар манфаати учун ишлатилади; ана шу мақсадда махсус жамғарма тузилади. Ҳарбий асирларнинг ваколатли шахси дўкон ишида ва ушбу жамғармадан фойдаланишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бирон-бир лагер тугатилаётган пайтда махсус фонднинг кредит қолдиғи келгусида мазкур жамғармани ташкил этган ҳарбий асирлар мансуб мамлакат фуқаролари бўлган ҳарбий асирлар манфаати учун ишлатиш мақсадида бирорта халқаро инсонпарварлик ташкилотига топширилиши лозим. Ялпи репатриация ҳолатида, агарда манфаатдор Давлатлар ўртасида бошқача мазмундаги битим мавжуд бўлмаса, бу даромад асирликда сақлаб турган Давлат ихтиёрида қолади.

 

III  Б О Б

 

ГИГИЕНА ВА ТИББИЙ ЁРДАМ

 

29-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат лагерларда тозаликни ва соғлиқ учун қулай шароитни таъминлаш ҳамда эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун зарур бўлган гигиена чора-тадбирларини қўллашга мажбурдир.

Ҳарбий асирлар куну-тун гигиена талабларига жавоб берадиган ва доимо тоза сақланадиган санитария қурилмаларидан фойдаланадилар. Аёл ҳарбий асирлар жойлаштирилган барча лагерларда улар учун алоҳида санитария қурилмалари бўлиши зарур.

Бундан ташқари, лагерларда қуриладиган ҳаммом ва душхоналар билан бир қаторда, ҳарбий асирларга ҳар куни баданларини тоза тутишлари ва ич кийимларини ювишлари учун етарли миқдорда сув ва совун берилади; уларга бунинг учун керакли хона, имконият ва вақт ажратилади.

30-модда

Ҳар қайси лагерь ҳарбий асирлар ўзлари муҳтож бўлган ёрдамни оладиган ва парҳез овқатланиш учун керакли шароитни таъминлайдиган лазаретга эга бўлади. Зарурият туғилганда, юқумли касаллик билан оғриганлар ва руҳий касалликка чалинганлар учун изоляторлар ташкил қилинади.

Оғир касалликка чалинган ёки соғлиғи махсус даволашни, жарроҳлик муолажасини ёхуд госпиталга ётқизишни тақозо этадиган ҳарбий асирлар, ҳатто яқин вақт ичида репатриация қилинишлари кутилаётган бўлса ҳам, уларнинг даволанишини таъминлай оладиган ҳар қандай ҳарбий ёхуд оддий тиббий муассасага қабул қилинишлари зарур. Ногиронларни, хусусан, кўзи ожизларни парваришлаш, уларни репатриацияни кутиш даврида қайта ўқитиш учун алоҳида шароит яратилади.

Ҳарбий асирларга тиббий ёрдам иложи борича улар тегишли Давлат фуқароси ва, мумкин бўлса, уларнинг миллатдоши бўлган тиббий ходимлар томонидан кўрсатилади.

Ҳарбий асирларнинг тиббий ходимлар қабулига келишларига тўсқинлик қилиш мумкин эмас. Асирликда сақлаб турган маъмурият даволанаётган ҳар қайси ҳарбий асирнинг илтимосига биноан, унга ярадорлиги ёки беморлигининг хусусиятлари, даволаниш муддати ва мазмуни кўрсатилган расмий маълумотнома беради. Ушбу маълумотноманинг дубликати ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентликка жўнатилади.

Даволаш сарф-харажатлари, шу жумладан, ҳарбий асирлар соғлиғини яхши ҳолатда сақлаб туриш учун зарур ҳар хил мосламалар, хусусан, ясама тишлар ва бошқа ясама аъзолар ҳамда кўзойнакларни харид қилиш харажатлари асирликда сақлаб турган Давлат томонидан қопланади.

 

31-модда

Ҳарбий асирлар ойида камида бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўриклар вақтида ҳар бир ҳарбий асирнинг вазнини текшириш ва қайд этиш керак. Бу кўриклар, хусусан, ҳарбий асирлар соғлиғининг умумий аҳволи, тозалиги ва овқатланишини текшириш, шунингдек, юқумли касалликларни, айниқса, сил, безгак ва таносил касалликларини аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Ана шу мақсадлар йўлида имконият доирасида мавжуд бўлган энг самарали усуллардан, масалан, сил касаллигини бошланғич давридаёқ аниқлаш учун мунтазам равишда ялпи рентген суратига тушириш усулидан фойдаланилади.

 

32-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ўзлари хизмат қилган қуролли кучлар таркибида тиббий хизматчи ҳисобланмаган, аммо врач, тиш врачи ва санитар касбини эгаллаган ҳарбий асирлардан ўзлари мансуб бўлган Давлатга тегишли ҳарбий асирлар манфаати йўлида тиббий вазифаларни бажаришларини талаб қилиши мумкин. Бундай ҳолда улар ҳарбий асирлар ҳисоблансалар-да, асирликда сақлаб турган Давлат томонидан қўлга олинган санитария шахсий таркибига нисбатан кўрсатиладиган тегишли муомаладан фойдаланадилар.

Улар 49-моддада кўзда тутилган ҳар қандай бошқа ишлардан озод этилади.

 

IV  Б О Б

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРГА ЁРДАМ КЎРСАТИШ УЧУН

ТУТИБ ТУРИЛГАН ТИББИЙ ВА ДИНИЙ ХОДИМЛАР

 

33-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат томонидан ҳарбий асирларга ёрдам кўрсатиш учун тутиб турилган тиббий-санитарлар таркиби ва диний ходимлар ҳарбий асир ҳисобланмайдилар. Бироқ улар, ҳеч бўлмаса, мазкур Конвенция ҳомийлиги ва имтиёзларидан фойдаланадилар. Шунингдек, уларга ҳарбий асирларга тиббий ва диний ёрдам кўрсатишлари учун барча имкониятлар яратиб берилади.

Улар асирликда сақлаб турган Давлатнинг ҳарбий қонунлари ва низомлари доирасида ҳамда унинг ваколатли органлари раҳбарлиги остида, шунингдек, ўзларининг касб одоби талабларига мувофиқ равишда кўпроқ ўзлари мансуб бўлган қуролли кучларга тегишли ҳарбий асирлар манфаатлари йўлида тиббий ва диний вазифаларини бажаришда давом этадилар.

Ўзларининг тиббий ва диний вазифаларини бажаришлари пайтида улар қуйидаги имтиёзлардан ҳам фойдаланадилар:

a)      уларга ишчи командалардаги ёки лагерлардан ташқарида жойлашган госпиталлардаги ҳарбий асирларни вақти-вақти билан кўриш учун рухсат этилади. Асирликда сақлаб турган Давлат уларнинг ихтиёрига ана шу мақсад учун керакли транспорт воситаларини ажратади;

b)      ҳар бир лагерда унвони ва стажи катта бўлган ҳарбий врач тутиб турилган тиббий-санитария ходимларининг фаолиятига алоқадор барча масалалар бўйича лагерь ҳарбий маъмурияти олдида масъул ҳисобланади. Шу мақсадда, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатларнинг бошиданоқ ўз тиббий-санитария ходимлари, шу жумладан, ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 26-моддасида қайд этилган жамиятлар ходимларининг унвонлари ўртасидаги нисбатлар бўйича ўзаро келишиб оладилар.  Мазкур врач ва, худди шунингдек, руҳонийлар ўзларининг касб фаолиятларига дахлдор барча масалалар юзасидан лагернинг тегишли маъмурларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу маъмурлар уларга ушбу масалалар бўйича ёзишмалар олиб боришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб беради;

c)      гарчи асирликда сақлаб турилган ходимлар ўзлари жойлашган лагернинг ички тартиб-интизомига бўйсунсалар ҳам, уларни ўзларининг тиббий ва диний вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга мажбур этиш мумкин эмас.

Ҳарбий ҳаракатлар вақтида низолашаётган томонлар тутиб турилган ходимларни алмаштириш имкониятлари масаласини ўзаро келишиб оладилар ва унинг тартиб-қоидаларини белгилайдилар.

Юқорида қайд этилган қоидаларнинг биронтаси асирликда сақлаб турган Давлатни ҳарбий асирларнинг тиббий ва диний эҳтиёжларини қондириш борасида зиммасига юкланган мажбуриятларидан озод этмайди.

 

V   Б О Б

 

ДИН, АҚЛИЙ ВА ЖИСМОНИЙ ФАОЛИЯТ

 

34-модда

Ҳарбий асирларга ҳарбий маъмурият томонидан ўрнатилган интизомий тартибга риоя этиш шарти билан ўз динларига хос урф-одатларни адо этишлари, шу жумладан, ибодатга боришлари учун тўла эркинлик берилади.

Диний ибодатлар учун тегишли хоналар ажратилади.

 

35-модда

Душман Давлатнинг ҳукми остига тушган ва ҳарбий асирларга ёрдам бериш учун шу ерда қолган ёки ушлаб турилган ҳарбий руҳонийларга ўз диний эътиқодларига мос равишда диндошлари ўртасида бурчларини эркин адо этишга ҳамда уларнинг маънавий эҳтиёжларига хизмат қилишга рухсат берилади. Улар ўзлари мансуб қуролли кучларга тегишли, тили ёки дини бир бўлган ҳарбий асирлар жойлашган турли лагерлар ва ишчи командалар ўртасида тақсимланадилар. Уларга ўз лагерларидан ташқарида жойлашган ҳарбий асирларни бориб кўришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади, жумладан, 33-моддада кўзда тутилган транспорт воситалари ажратиб берилади. Улар ўзлари қўлга олинган мамлакатдаги диний маъмурият ва халқаро диний ташкилотлар билан ўз эътиқодларига тааллуқли диний масалалар бўйича ёзишмалар олиб бориш эркинлигидан фойдаланадилар. Бу ёзишмалар цензура қилинади. Улар юборадиган хатлар ва почта карточкалари 71-моддада белгилаб қўйилган меъёрга кирмайди.

 

36-модда

Ўзлари мансуб қуролли кучларнинг ҳарбий руҳонийлари таркибига кирмаган, аммо руҳоний ҳисобланувчи ҳарбий асирларга, улар қайси динга эътиқод қилишларидан қатъи назар, ўз диний эътиқодлари асосида диндошлари ўртасида бурчларини эркин адо этишлари учун рухсат берилади. Бу ҳолда уларга нисбатан асирликда сақлаб турган Давлат томонидан қўлга олинган ҳарбий руҳонийларга қилинадиган муомала қўлланилади. Улар ҳеч қандай бошқа ишларни бажаришга мажбур этилмайдилар.

 

37-модда

Ҳарбий асирлар тутиб турилган ҳарбий руҳонийлар вакилидан ёки ҳарбий асир бўлган руҳонийлардан маънавий ёрдам олмаётган бўлсалар, манфаатдор ҳарбий асирларнинг илтимосига кўра, уларнинг динига ёки шунга ўхшаш динга эътиқод қилувчи руҳоний ёхуд, бундай диндор мавжуд бўлмаса ва диний нуқтаи назардан йўл қўйиладиган бўлса, тегишли билимли дунёвий шахс бундай бурчни адо этиш учун тайинланади. Асирликда сақлаб турган Давлат томонидан маъқулланиши зарур бўлган бундай тайинлаш манфаатдор ҳарбий асирлар жамоасининг розилиги бўйича ва, зарур бўлган ҳолатларда, ўша диний эътиқоднинг маҳаллий диний маъмурлари ижозат берган жойда амалга оширилади. Шундай йўл билан тайинланган шахс асирликда сақлаб турган Давлат томонидан интизомни сақлаш ва ҳарбий хавфсизликни таъминлаш учун белгиланган барча тартиб-қоидаларга амал қилиши керак бўлади.

 

38-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳар бир ҳарбий асирнинг шахсий қизиқишларига ҳурмат билан қараган ҳолда, ҳарбий асирларнинг ақлий, маърифий ва спорт соҳаларидаги фаолликларини, шунингдек, кўнгилочар машғулотлар ташкил этиш борасидаги фаоллигини рағбатлантиради; бунинг учун у тегишли бинолар ва зарур асбоб-анжомлар ажратиш йўли билан тегишли амалий чоралар кўриши керак.

Ҳарбий асирлар учун жисмоний машқлар бажариш, шу жумладан, спорт ва спорт ўйинлари билан шуғулланиш ҳамда очиқ ҳавода бўлиш имконияти яратилиши керак. Барча лагерларда ана шу мақсадлар учун етарли ўлчамдаги бўш майдонлар ажратилади.

 

VI  Б ОБ

 

ТАРТИБ-ИНТИЗОМ

 

39-модда

Ҳар бир ҳарбий асирлар лагери асирликда сақлаб турган Давлатнинг мунтазам қуролли кучларига мансуб бўлган масъул офицернинг бевосита раҳбарлиги остида бўлади. Ушбу офицер мазкур Конвенция матнига эга бўлади; у лагернинг барча ходимлари ушбу ҳужжатнинг қоидаларидан хабардор бўлишини назорат қилади ҳамда бу қоидаларга ўз ҳукуматининг назорати остида унинг қўлланилиши учун масъул ҳисобланади.

Ҳарбий асирлар, офицерлар бундан мустасно, асирликда сақлаб турган Давлатнинг барча офицерларига ўзларининг армияларида амалда бўлган низомларда кўзда тутилган тарзда ҳарбийча салом беришлари ва ташқи ҳурмат аломатлари кўрсатишлари зарур.

Ҳарбий асирликдаги офицерлар бу Давлатнинг фақат унвонига кўра ўзларидан юқори бўлган офицерлари билангина ҳарбийча саломлашишлари лозим бўлади.

Лекин улар лагерь бошлиғига, унинг унвони қандай бўлишидан қатъи назар, ҳарбийча салом беришлари зарур.

 

40-модда

Ажратиш белгилари ва давлатга алоқадор белгилар, шунингдек, тақдирлаш нишонларини тақиб юриш учун рухсат берилади.

 

41-модда

Мазкур Конвенция, унинг иловалари матни ва 6-моддада кўзда тутилган, ҳарбий асирлар тилида ёзилган барча махсус битимлар барча лагерларда ҳарбий асирлар ўқий олиши мумкин бўлган жойларга осиб қўйилади. Осиб қўйилган матн билан танишиш имкониятидан маҳрум бўлган ҳарбий асирларга, уларнинг илтимосларига кўра, ана шу матнлар айтиб берилади.

Ҳарбий асирларнинг хулқ-атворига тааллуқли бўлган ҳар қандай турдаги қоидалар, буйруқлар, эълонлар ва хабарлар улар учун тушунарли тилда маълум қилинади. Улар юқорида белгилаб қўйилган тартибда осиб қўйилади ва бир неча нусхаси ваколатли шахсга топширилади. Барча буйруқлар ва фармойишлар алоҳида ҳарбий асирлар учун ҳам улар тушунадиган тилда етказилиши керак.

 

42-модда

Ҳарбий асирларга қарши, хусусан, қочаётган ёки қочишга уринаётганларга қарши қурол ишлатиш фавқулодда чора ҳисобланади ва ундан олдин ҳар доим вазиятга мос равишда огоҳлантириш берилиши керак.

 

VII  Б ОБ

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ҲАРБИЙ УНВОНЛАРИ

 

43-модда

Ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишидаёқ низолашаётган томонлар тенг унвонларга эга бўлган асирларга бир хил муносабатни таъминлаш мақсадида, мазкур Конвенциянинг 4-моддасида қайд этилган барча шахсларнинг унвон ва лавозимлари ҳақида бир-бирларига хабар қиладилар; мабодо унвон ва лавозимлар кечроқ аниқланган бўлса, бу ҳақда ҳам худди шундай хабар қилинади.

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирларнинг унвони ошганлигини бу ҳақда унга асирлар мансуб бўлган Давлат томонидан тегишли равишда билдириладиган маълумотлар асосида эътироф этади.

 

44-модда

Офицерларга ва уларга тенглаштирилган ҳарбий асирларга, уларнинг унвони ва ёшига лозим бўлган ҳурмат билан муомала қилинади.

Офицерлар лагерларига хизмат қилишни таъминлаш учун, ана шу офицерлар ва уларга тенглаштирилганларнинг унвонларини ҳисобга олган ҳолда, етарли миқдорда уларнинг қуролли кучларга мансуб бўлган ва, иложи бўлса, уларнинг тилида сўзлашадиган оддий аскар бўлган ҳарбий асирлар ажратилади; улар ҳеч қандай бошқа ишларга юборилиши мумкин эмас.

Офицерлар қозони офицерларнинг ўз измида бўлишини ҳар томонлама рағбатлантириш лозим.

 

45-модда

Офицер бўлмаган ёки уларга тенглаштирилмаган ҳарбий асирларга уларнинг унвони ва ёши тақозо этган даражада ҳурмат билан муомала қилиш лозим.

Ҳарбий асирлар қозони уларнинг ўз измида бўлишини ҳар томонлама рағбатлантириш лозим.

 

VIII  Б ОБ

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИ УЛАР ЛАГЕРГА КЕЛГАНДАН КЕЙИН

БОШҚА ЖОЙГА КЎЧИРИШ

 

46-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирларни кўчириш масаласини ҳал этишда уларнинг манфаатларини, хусусан, уларни репатриация1 қилиш қийинчиликлари ошиб кетмаслигини ҳисобга олиши зарур.

Ҳарбий асирларни кўчириш ҳар доим инсонпарварлик билан ва асирликда сақлаб турган Давлат ўз қўшинларини кўчиришда уларга яратадиган шарт-шароитлардан ёмон бўлмаган шароитда амалга оширилиши керак. Ҳарбий асирлар мослашган иқлим шароити ҳар доим эътиборга олиниши лозим; кўчириш шароити уларнинг соғлиғига мутлақо зарар етказмаслиги керак.

Асирликда сақлаб турган Давлат кўчириш вақтида ҳарбий асирларни уларнинг соғлиғини яхши сақлаб туриш учун етарли даражадаги ичимлик сув ва озиқ-овқатлар, шунингдек, улар учун керакли кийим-кечак, бошпана ва тиббий ёрдам билан таъминлаши шарт. У ҳарбий асирларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида, айниқса, уларни сув ва ҳаво йўллари орқали ташиш пайтида, зарур бўлган барча эҳтиёт чораларини кўради ва ҳарбий асирларни кўчиришни бошлашдан олдин кўчириладиган асирларнинг тўлиқ рўйхатини тузади.

 

47-модда

Ярадор ва бемор ҳарбий асирлар уларнинг соғайишини хавф остида қолдириши мумкин бўлган давр мобайнида, агар буни уларнинг хавфсизлиги қатъий талаб қилмаса, кўчирилмайдилар.

Фронт чизиғи қайсидир лагерга яқинлашиб келганда, ҳарбий асирларни кўчиришни етарлича хавфсизлик шароитларида амалга ошириш мумкин бўлган ёки уларни кўчиришдан кўра ўз жойларида қолдириш кўпроқ хатарли ҳисобланган ҳоллардагина, ушбу лагерь ҳарбий асирлари бошқа жойга кўчириладилар.

 

48-модда

Кўчириш аниқ бўлган ҳолларда ҳарбий асирларга уларнинг жўнатилиши ва янги почта манзили тўғрисида расмий равишда хабар қилинади. Бу хабар улар ўз юкларини жойлаштириши ва оила аъзоларини огоҳлантириб улгуришлари учун олдиндан айтиб қўйилиши керак.

Уларга шахсий буюмлар, хатлар ва ўз номларига келган посилкаларни ўзлари билан бирга олишларига рухсат этилади. Агар кўчириш шароитлари талаб қилса, бу юкларнинг вазни ҳарбий асир бемалол кўтара оладиган даражагача чеклаб қўйилиши мумкин, аммо рухсат этилган вазн қатъий равишда киши бошига 25 килограммдан ошмаслиги керак.

Аввалги лагерга йўлланган хатлар ва посилкалар янги манзилга кечиктирмасдан жўнатиб юборилади. Лагер бошлиғи ваколатли шахс билан келишган ҳолда, ҳарбий асирларга тегишли жамоат мулкини ва ҳарбий асирлар ушбу модданинг иккинчи хатбошида кўзда тутилган чеклашлар туфайли ўзлари билан бирга олиб кета олмаган буюмларни ташишни таъминлаш учун зарур чораларни кўради.

Кўчириш билан боғлиқ сарф-харажатлар асирликда сақлаб турган Давлат томонидан қопланади.

 

III  қ и с м

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ИШЛАШИ ТЎҒРИСИДА

 

49-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат меҳнатга лаёқатли ҳарбий асирларнинг ёши, жинси, унвони, шунингдек, жисмоний имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, хусусан, уларни яхши жисмоний ва руҳий ҳолатда сақлаб туриш мақсадида, улардан ишчи кучи сифатида фойдаланиши мумкин.

Ҳарбий асирликдаги унтер-офицерлардан фақат ишни назорат қилиш билан шуғулланишни талаб қилиш мумкин. Бундай иш берилмаган унтер-офицерлар ўзлари учун муносиб бошқа ишни сўрашлари мумкин ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, улар шундай иш билан таъминланадилар.

Агар офицерлар ёки уларга тенглаштирилган шахслар ўзлари учун муносиб иш беришларини сўрасалар, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, улар шундай иш билан таъминланадилар. Уларни ишлашга мажбур этиш қатъиян мумкин эмас.

 

50-модда

Ўз лагерларини бошқариш, жиҳозлаш ва тартибга солиш борасидаги ишлардан ташқари, ҳарбий асирлар фақат қуйида кўрсатиб ўтиладиган тоифалардаги ишларгагина мажбурий тарзда жалб этилишлари мумкин:

a)      қишлоқ хўжалиги;

b)      саноатнинг қазиб олиш ва ишлаб чиқариш соҳалари; булар сирасига металлургия, машинасозлик ва кимё саноати, шунингдек, ҳарбий хусусиятга эга ёки ҳарбий мақсадга қаратилган жамоат ишлари ҳамда қурилишлар кирмайди;

c)      ҳарбий хусусиятга ёки ҳарбий мақсадга эга бўлмаган транспорт ёки юклаш-тушириш ишлари;

d)     савдо фаолияти, санъат ва ҳунармандлик;

e)      уй-рўзғор ишлари;

f)       ҳарбий хусусиятга ёки ҳарбий мақсадга эга бўлмаган коммунал хизмат ишлари.

Юқоридаги қоида бузилган ҳолларда ҳарбий асирларга 78-моддага мувофиқ ўзларининг шикоят қилиш ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун рухсат этилади.

 

51-модда

Ҳарбий асирларга ишлашлари учун тегишли шароит, айниқса, турар-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак ва асбоб-анжомлар берилиши зарур; бу шарт-шароитлар асирликда сақлаб турган Давлатнинг фуқаролари худди шундай ишларни бажараётганларида фойдаланадиган шарт-шароитлардан кам бўлмаслиги керак. Шунингдек, иқлим шароитлари ҳам эътиборга олиниши лозим.

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирлар меҳнатидан фойдаланганда уларнинг иш жойларида меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги миллий қонунларга, хусусан, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинишини таъминлайди.

Ҳарбий асирлар тайёргарликдан ўтишлари, уларга нисбатан бажаришлари лозим бўлган ишга мос равишда ҳамда асирликда сақлаб турган Давлат фуқаролари учун кўзда тутилгани сингари меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилиши керак. 52-модда қоидаларини бажариш шарти билан ҳарбий асирлар фуқаро аҳолидан бўлган ишчилар жалб этиладиган одатдаги қалтис ишларга тортилиши мумкин.

Интизомий чоралар қўллаш йўли сифатида иш шароитини оғирлаштирадиган шароит яратиш қатъиян ман этилади.

 

52-модда

Ҳеч бир ҳарбий асир, агар у ўз ихтиёри билан бунга розилик билдирмаса, соғлиғига хавф соладиган ёки хатарли бўлган ишларда ишлатилиши мумкин эмас.

Ҳеч бир ҳарбий асир асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий хизматчиси учун камситувчи деб баҳоланадиган ишларда ишлатилмайди.

Ерларни миналардан ёки бошқа турли снарядлардан тозалаш хатарли иш ҳисобланади.

 

53-модда

Ҳарбий асирлар иш кунининг давомийлиги, ишга бориб-келиш вақтини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, ҳаддан ортиб кетмаслиги ва асирликда сақлаб турган Давлатнинг мазкур ҳудуддаги худди шу иш билан шуғулланувчи фуқаро ишчилари учун белгиланган иш куни давомийлигидан узоқ бўлмаслиги шарт.

Ҳарбий асирларга иш кунининг ўртасида камида бир соат муддатга дам олиш учун фурсат берилади. Бу дам олиш вақти, агарда асирликда сақлаб турган Давлат ишчиларининг дам олишлари учун кўпроқ вақт ажратилган бўлса, шунга мослаштирилади. Бундан ташқари, ҳарбий асирларга ҳафтада бир марта, иложи борича якшанбада ёки уларнинг ватанларида белгилаб қўйилган дам олиш кунида йигирма тўрт соатлик узлуксиз дам олиш вақти қўшимча равишда берилади. Бунга қўшимча сифатида бир йил ишлаган ҳар бир ҳарбий асирга иш ҳақи сақланган ҳолда саккиз кунлик узлуксиз таътил берилади.

Агар меҳнатнинг ишбай усули қўлланилаётган бўлса, бу ҳол иш кунининг меъёрдан ортиқ узайиб кетишига олиб келмаслиги керак.

 

54-модда

Ҳарбий асирлар учун мўлжалланган иш ҳақи миқдори мазкур Конвенциянинг 62-моддаси қоидаларига мувофиқ тарзда белгиланади.

Ишдаги бахтсиз ҳодисаларда жароҳат олиш ёки иш вақтида ёки иш билан боғлиқ касалланиш ҳолларида ҳарбий асирларга уларнинг аҳволи талаб этган даражада тиббий ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, асирликда сақлаб турган Давлат уларга ўзлари мансуб бўлган Давлат олдида тегишли ҳуқуқларини асослашлари учун имкон яратадиган тиббий шаҳодатномалар беради ва бу шаҳодатнома дубликатларини 123-моддада қайд этилган ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентликка топширади.

 

55-модда

Ҳарбий асирларнинг меҳнатга лаёқатлилиги мунтазам равишда камида ойида бир марта тиббий кўрик йўли билан текшириб борилади.

Тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ҳарбий асирлар бажаришга мажбур бўлган ишларнинг мазмуни алоҳида ҳисобга олиниши керак.

Агар ҳарбий асир ўзини меҳнатга лаёқатсиз деб ҳисобласа, унга ўз лагеридаги тиббий ходимларга кўриниши учун рухсат этилади. Врачлар, уларнинг фикрига кўра, меҳнатга лаёқатсиз бўлган асирларни ишдан озод этиш тўғрисида тавсия беришлари мумкин.

 

56-модда

Ишчи командалардаги тартиб-қоида ҳарбий асирлар лагерларининг тартиб-қоидаларига ўхшаган бўлиши зарур.

Ҳар қандай ишчи командаси ҳарбий асирлар лагерининг назорати остида бўлади ва маъмурий жиҳатдан унга бўйсунади. Ҳарбий маъмурлар ва ушбу лагернинг бошлиғи ишчи командасида мазкур Конвенция қоидаларига амал қилиниши учун ўз ҳукуматлари назорати остида масъул бўладилар.

Лагерь бошлиғи ўз лагерига бўйсунувчи ишчи командалар рўйхатини тартибли сақлаши ва бу рўйхатни лагерга келган Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки ҳарбий асирларга кўмаклашувчи бошқа ташкилотлар делегатларига кўрсатиши керак.

 

57-модда

Хусусий шахслар қўли остида ишлаётган ҳарбий асирларга муносабат, ҳатто бу шахслар ҳарбий асирларни қўриқлаш ва уларга ҳомийлик қилиш масъулиятини ўз зиммаларига олсалар ҳам, камида мазкур Конвенцияда кўзда тутилгани сингари бўлади; асирликда сақлаб турган Давлат, ҳарбий маъмурлар ва ҳарбий асирлар лагерининг бошлиғи ҳарбий асирларни сақлаш, парваришлаш, муомала қилиш ва уларга иш ҳақи тўлаш учун тўлиқ жавобгар бўладилар.

Ушбу ҳарбий асирлар ўзлари мансуб бўлган лагерларнинг ваколатли шахслари билан алоқа қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

IV  қ и с м

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ

 

58-модда

Ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишидан бошлаб Ҳомий-Давлат билан ушбу масала бўйича битим тузилгунига қадар асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирлар ўз ёнларида сақлашлари мумкин бўлган нақд ёки шунга ўхшаш бошқа кўринишдаги пул маблағларининг чекланган энг кўп миқдорини белгилаши мумкин. Ҳарбий асирлардан олиб қўйилган ёки чегириб қолинган ва уларнинг қонуний мулки бўлган ҳамма ортиқча маблағлар, уларнинг ҳар қандай пул омонатлари қатори шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади ва уларнинг розилигисиз бошқа валютага алмаштирилиши мумкин эмас.

Ҳарбий асирларга лагердан ташқарида нақд пул ҳисобига харид қилиш ёки хизматлардан фойдаланиш учун рухсат этилган ҳолларда, бундай тўловлар тўланган суммани тегишли ҳарбий асирларнинг ҳисоб рақамларига чиқим сифатида қайд этиш орқали бевосита ҳарбий асирларнинг ўзлари ёки лагерь маъмурияти томонидан амалга оширилади. Асирликда сақлаб турган Давлат бунинг учун зарур бўлган тегишли қоидаларни ишлаб чиқади.

 

59- модда

Ҳарбий асирлардан улар қўлга олинган пайтда 18-моддага мувофиқ олиб қўйилган ва асирликда сақлаб турган Давлатнинг валютасида бўлган пул маблағлари ушбу қисмнинг 64-моддаси қоидаларига биноан ҳар бир ҳарбий асирга тегишли алоҳида шахсий ҳисоб рақамларига қайд этиб қўйилади.

Ҳарбий асирлардан ўша пайтнинг ўзида олиб қўйилган бошқа валютадаги маблағларни асирликда сақлаб турган Давлатнинг валютасига алмаштириш натижасида ҳосил бўлган пул маблағлари ҳам уларга тегишли алоҳида шахсий ҳисоб рақамларига қайд этиб қўйилади.

 

60-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат барча ҳарбий асирларга пул таъминоти ҳисобидан ойлик аванс тўлаб боради. Бу аванслар миқдори ушбу Давлатнинг валютасига қайта ҳисоблаш йўли билан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

I тоифа: сержант унвонли асирлардан қуйи даражадагилар – саккиз Швейцария франки;

II тоифа: сержантлар ва ҳар хил унтер-офицерлар ёхуд шуларга мос келувчи унвондаги асирлар – ўн икки

                Швейцария франки;

III тоифа: капитан ва капитан унвонигача бўлган офицерлар ҳамда шуларга мос келувчи унвондаги асирлар – эллик

                 Швейцария франки;

IV тоифа: майорлар, подполковниклар, полковниклар ёки шуларга мос келувчи унвондаги асирлар – олтмиш

                 Швейцария франки;

V тоифа: генераллар ёки шуларга мос келувчи унвондаги асирлар – етмиш беш Швейцария франки.

Бироқ манфаатдор низолашаётган томонлар махсус битимлар тузиш орқали юқоридаги тоифаларда айтиб ўтилган ҳарбий асирларга берилиши керак бўлган пул таъминоти ҳисобидан аванслар ҳажмини ўзгартиришлари мумкин.

Бундан ташқари, агарда биринчи хатбошида кўрсатилган миқдорлар асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучлари таркибига мансуб шахслар оладиган пул таъминотига нисбатан анча катта бўлса ёки бирон-бир сабабга кўра асирликда сақлаб турган Давлат учун жиддий қийинчиликлар туғдирадиган бўлса, у ҳолда ушбу Давлат юқорида кўрсатилган миқдорлар ҳажмини ўзгартириш тўғрисида ҳарбий асирлар тегишли бўлган Давлат билан ўзаро махсус битим тузилгунига қадар:

a)      ҳарбий асирларнинг шахсий ҳисоб рақамларига биринчи хатбошида кўрсатилган миқдордаги маблағларни ўтказишда давом этади;

b)      ҳарбий асирларга аванс ҳисобида тўланадиган пул миқдорини уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун етарли миқдоргача вақтинча чеклаб туриши мумкин, аммо биринчи тоифага мансуб шахслар учун бу миқдор асирликда сақлаб турган Давлат ўзининг қуролли кучлари таркибидаги шахсларга тўлайдиганидан кам бўлмаслиги керак.

Бундай чеклашлар сабаблари Ҳомий-Давлатга зудлик билан хабар қилиниши керак.

 

61-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирларга уларнинг Давлати томонидан қўшимча таъминот сифатида йўлланган пул маблағларини тегишли шарт асосида қабул қилади. Бу шартга кўра, йўлланган маблағ бир хил тоифадаги ҳарбий асирлар ўртасида тенг тақсимланади ва ўша Давлатга мансуб ҳарбий асирларнинг ана шу тоифадаги барчасига тўланади ҳамда 64-модда қоидаларига биноан уларнинг алоҳида шахсий ҳисоб рақамларига иложи борича қисқа муддатларда кирим қилинади. Бундай қўшимча таъминот асирликда сақлаб турган Давлатни унинг зиммасига мазкур Конвенция томонидан юкланадиган бошқа ҳар қандай мажбуриятлардан халос этмайди.

 

62-модда

Ҳарбий асирлар бевосита уларни сақлаб турган маъмурлардан меҳнатлари учун адолат юзасидан тўланадиган ҳақ оладилар. Унинг миқдори ана шу маъмурлар томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ҳажми тўлиқ иш куни учун чорак Швейцария франки миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Асирликда сақлаб турган Давлат ўзи белгилаган кунбай иш ҳақи миқдори тўғрисида ҳарбий асирларга, шунингдек, Ҳомий-Давлат орқали асирлар мансуб бўлган Давлатга маълум қилади.

Асирларни сақлаб турган маъмурлар лагерни бошқариш, ички ободончилик ёки саришта тутиш ишларига тааллуқли фаолият билан мунтазам равишда банд бўлган, шунингдек, ўз ўртоқларининг тиббий ёки маънавий эҳтиёжларини қондириш учун жалб этилган ҳарбий асирларга маош тўлайдилар.

Ваколатли шахс, унинг ёрдамчилари ва маслаҳатчиларининг, агар улар мавжуд бўлса, хизмат фаолияти учун маошлари дўкон даромади ажратмалари билан тўлдириладиган жамғарма ҳисобидан қопланади; ушбу маошлар миқдорини ваколатли шахс белгилайди ва у лагерь бошлиғи томонидан тасдиқланади. Агар бундай жамғарма мавжуд бўлмаса, бу ҳарбий асирларга адолатли асосда ҳисоблаб чиқилган иш ҳақи уларни сақлаб турган маъмурлар томонидан тўланади.

 

63-модда

Ҳарбий асирларга якка ёки жамоа тарзида почта орқали юборилган пулларини олиш учун рухсат этилади.

Ҳар бир ҳарбий асир кейинги моддада кўзда тутилган ўз шахсий ҳисоб рақамидаги кредит қолдиғидан уни асирликда сақлаб турган Давлат томонидан белгилаб қўйилган миқдорда фойдаланиш ҳуқуқига эга (давлат у талаб қилинадиган тўловларни амалга оширади). Асирликда сақлаб турган Давлат нуқтаи назаридан зарур деб ҳисобланган молиявий ва валютавий чеклашларга амал қилишса, ҳарбий асирлар, шунингдек, чет элларда ҳам тўловларни амалга оширишлари мумкин. Бу ҳолда ҳарбий асирларнинг ўз боқимандалари учун кўзда тутган тўловлари биринчи навбатда амалга оширилиши керак.

Ҳар қандай ҳолда ҳам ҳарбий асир ўзи мансуб бўлган Давлат розилиги асосида ўз мамлакатида қуйидаги тартибда тўловларни амалга ошириши ҳақида кўрсатма бера олиши мумкин: асирликда сақлаб турган Давлат кўрсатиб ўтилган Давлатга Ҳомий-Давлат орқали пулни тўловчи ва олувчи, шунингдек, тўлов маблағининг асирликда сақлаб турган Давлат валютасида ифодаланган миқдори тўғрисида зарур маълумотлар қайд этилган авизо (хабарнома) юборади. Бу хабарнома манфаатдор ҳарбий асир томонидан имзоланиб, лагерь бошлиғининг имзоси билан тасдиқланган бўлади.

Асирликда сақлаб турган Давлат ушбу миқдорни ҳарбий асирнинг шахсий ҳисоб рақамига чиқим сифатида қайд этади. Шу тарзда чиқим миқдорини қайд этган асирликда сақлаб турган Давлат буни ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлатнинг кредит ҳисобига ёзиб қўяди.

Юқоридаги қоидаларни амалда қўллаш мақсадида асирликда сақлаб турган Давлат мазкур Конвенциянинг V иловасидаги намунавий қоидалардан фойдаланиши мумкин.

 

64-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳар бир ҳарбий асир учун камида қуйидагилар мавжуд бўлган шахсий ҳисоб рақами очади:

1)      ҳарбий асирга тўланиши керак бўлган ёки у пул таъминоти ҳисобидан аванс ва иш ҳақи сифатида олган маблағлар ёки бошқа тушумлар; ҳарбий асирдан олиб қўйилган асирликда сақлаб турган Давлат валютасидаги пул маблағлари; ҳарбий асирдан олиб қўйилган ва унинг илтимосига биноан кўрсатилган Давлат валютасига алмашланган пуллар;

2)      ҳарбий асирга нақд ҳолда ёки шунга ўхшаш бошқа хил кўринишда тўланган маблағлар; унинг номидан ва унинг илтимосига биноан амалга оширилган тўловлар; 63-модданинг учинчи хатбоши асосида ўтказилган маблағлар.

 

65-модда

Ҳарбий асирнинг ҳисоб рақамидаги ҳар қандай ёзув унинг ўзи ёки унинг номидан иш кўрувчи ваколатли шахс томонидан имзоланган ёхуд тасдиқланган бўлиши керак.

Ҳарбий асирларга ўз ҳисоб рақамларининг ҳолати билан танишишлари ва ушбу ҳисоб рақамларидан нусха олишлари учун ҳар доим етарли имконият яратилиши керак; бу ҳисоб рақамлари лагерга келган Ҳомий-Давлат вакиллари томонидан ҳам текширилиши мумкин.

Ҳарбий асирлар бир лагердан бошқасига кўчирилганларида, уларнинг шахсий ҳисоб рақамлари ҳам ўша жойга кўчирилади. Ҳарбий асирлар асирликда сақлаб турган бир Давлатдан бошқа Давлатга топширилганда, ҳарбий асирларнинг асирликда сақлаб турган Давлат валютасига алмашланмаган пул маблағлари ҳам ўша жойга кўчирилади. Ҳарбий асирларнинг ҳисоб рақамлари кредитида қоладиган бошқа барча маблағлар учун уларга шаҳодатнома берилади.

Манфаатдор низолашаётган томонлар маълум вақт оралиғида бир-бирларини ҳарбий асирларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағлар тўғрисида Ҳомий-Давлат орқали хабардор қилиб туриш ҳақида ўзаро келишиб олиши мумкин.

 

66-модда

Ҳарбий асирнинг озод этилиши ёки ватанига қайтарилиши натижасида асирлик ниҳоясига етганда, асирликда сақлаб турган Давлат унга ушбу Давлатнинг ваколатли офицери томонидан имзоланган ва ҳарбий асир асирликдаги вақтнинг охирида унга тегишли бўлган кредит қолдиғи қайд этилган ҳужжат бериши зарур. Асирликда сақлаб турган Давлат, шунингдек, Ҳомий-Давлат орқалии ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлатга уларнинг ватанига қайтарилиши, озод этилиши, қочиши, вафот этиши ёки бошқа ҳар қандай ҳолатда асирликда бўлиши ниҳоясига етган барча ҳарбий асирлар тўғрисида тегишлича маълумотлар бўлган ҳамда уларнинг кредит қолдиғи миқдорлари кўрсатилган рўйхатларни йўллайди. Ушбу рўйхатларнинг ҳар бир варағи асирликда сақлаб турган Давлатнинг тегишли мухтор вакили томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Мазкур модданинг юқорида қайд этилган ҳар қандай қоидасига низолашаётган томонларнинг ўзаро келишуви билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Ҳарбий асир мансуб бўлган Давлат асирлик ниҳоясига етганда, асирликда сақлаб турган Давлат томонидан унга берилиши керак бўлган кредит қолдиғи масаласининг ҳал этилиши учун масъулдир.

 

67-модда

Ҳарбий асирларга пул таъминоти ҳисобидан 60-моддага асосан тўланадиган авансларга асирлар мансуб бўлган Давлат номидан берилган аванслар сифатида қаралиши керак.

Пул таъминоти ҳисобидан тўланадиган бундай аванслар, юқорида кўрсатилган Давлат томонидан 63-модданинг учинчи хатбошига ва 68-моддага мувофиқ тарзда амалга оширилган барча тўловлар каби, ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин манфаатдор Давлатлар ўртасида тузиладиган битимлар мавзуси бўлади.

 

68-модда

Ҳарбий асирнинг ишда олинган жароҳати ёки ногиронлиги сабабли товон тўлаш ҳақидаги ҳар қандай талаби Ҳомий-Давлат орқали ҳарбий асир мансуб бўлган Давлатга юборилиши зарур. 54-моддага мувофиқ, асирликда сақлаб турган Давлат барча ҳолатларда ҳарбий асирга унинг жароҳати ёки ногиронлигининг хусусияти, бу ҳол қандай шароитда юз берганлиги ва асирга кўрсатилган тиббий ёрдам ёхуд касалхонада даволаш тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган ҳужжат беради. Бу ҳужжат асирликда сақлаб турган Давлатнинг масъул офицери томонидан имзоланиши, тиббий маълумотлар эса тиббий хизмат врачи томонидан тасдиқланиши керак.

Ҳарбий асирнинг асирликда сақлаб турган Давлат томонидан 18-моддага мувофиқ мусодара қилинган ва ватанига қайтиш чоғида қайтариб берилмаган шахсий буюмлари, пули ёки бошқа бойликлари учун товон тўлаш ёхуд, унинг фикрича, асирликда сақлаб турган Давлат ёки шу Давлатнинг ҳар қандай вакилининг айби билан унга етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ҳар қандай талаби ҳам ҳарбий асир мансуб бўлган Давлатга юборилиши зарур. Аммо ҳарбий асирларга улар асирлик пайтларида зарур бўладиган барча шахсий буюмлар асирликда сақлаб турган Давлат ҳисобидан янгиланиб турилади. Асирликда сақлаб турган Давлат барча ҳолларда ҳарбий асирга унинг шахсий буюмлари, пули ёки бошқа бойликларининг қайтарилмаслик сабабларига оид барча маълумотлар қайд этилган ва масъул офицер томонидан имзоланган ҳужжат беради. Бундай ҳужжатнинг нусхаси 123-моддада кўзда тутилган ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентлик орқали ҳарбий асир мансуб бўлган Давлатга жўнатилиши керак.

 

V  қ и с м

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ТАШҚИ ДУНЁ БИЛАН

АЛОҚАЛАРИ

 

69-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий асирлар ўз ҳукми остига тушиб қолган вақтдан эътиборан, уларни ва Ҳомий-Давлат орқали улар мансуб бўлган Давлатни мазкур қисмга тегишли қоидаларни бажариш учун кўрган тадбирлари тўғрисида хабардор қилади. У ана шу тадбирлардаги ҳар қандай ўзгартиришлар ҳақида ҳам манфаатдор томонларни хабардор этиб боради.

 

70-модда

Ҳар бир ҳарбий асир асирга олинган вақтдан эътиборан ёки энг кечи билан лагерга, ҳатто транзит лагерга бўлса ҳам, жойлаштирилганидан сўнг бир ҳафта ўтгач, шунингдек, касалланган ёки лазаретга ёхуд бошқа лагерга жўнатилган тақдирда, бир томондан, бевосита ўз оиласига, иккинчи томондан, 123-моддада кўзда тутилган ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентликка почта карточкаси жўнатиш имконига эга бўлиши лозим; бу почта карточкаси иложи борича мазкур Конвенцияга илова қилинган намунадагидек тўлдирилиши ва унда асир олинганлиги, саломатлиги ва манзили тўғрисида хабар берилиши керак. Ушбу карточкалар иложи борича тезроқ жўнатилиши зарур ва уларни етказиш жараёни ҳеч қандай йўл билан кечиктирилиши мумкин эмас.

 

71-модда

Ҳарбий асирларга хат ва почта карточкаларини олиш ва жўнатиш учун рухсат этилади. Мабодо асирликда сақлаб турган Давлат бу хат-хабарларни чеклашни зарур деб топса, у ҳолда камида ҳар ойда иккита хат ва тўртта почта карточкаси жўнатиш учун рухсат этиши зарур. 70-моддада кўзда тутилган ва иложи борича мазкур Конвенцияга илова қилинган намуна асосида тайёрлаб жўнатиладиган карточкалар бу ҳисобга кирмайди. Бошқа ҳар қандай чеклашлар фақат асирликда сақлаб турган Давлат тегишли цензурани амалга ошириш мақсадида малакали таржимонларни етарли миқдорда тўплашда муайян қийинчиликларга дуч келиши сабабли уларни Ҳомий-Давлат томонидан ҳарбий асирлар манфаатларига мос деб топилсагина жорий этилиши мумкин. Агар ҳарбий асирлар оладиган хат-хабарларни чеклаш зарур бўлса, бундай қарор фақат асирлар мансуб бўлган Давлат томонидан, баъзи ҳолларда эса, асирликда сақлаб турган Давлатнинг илтимосига биноан қабул қилиниши мумкин. Бу хатлар ва почта карточкалари асирликда сақлаб турган Давлат имкониятидаги энг тезкор усулда жўнатилиши лозим; уларни етказишни тўхтатиб туриш ёки секинлатиш интизомий таъсир чораси бўлиши мумкин эмас.

Узоқ вақт мобайнида хабарлашмаган ёхуд ўз оиласидан хат-хабар олмаган ёки хат олиш ва одатдаги тартибда хат жўнатиш имкониятларидан маҳрум бўлган ҳарбий асирларга, оила аъзоларидан жуда узоқ масофада жойлашган ҳарбий асирлар каби, телеграммалар жўнатиш учун рухсат этилади; бу телеграммалар нархи уларни асирликда сақлаб турган Давлатдаги ҳисоб рақамлари чиқимига қайд этилади ёки улар ихтиёридаги пул маблағлари ҳисобидан тўланади. Ҳарбий асирлар учун бундай имконият, шунингдек, ўта зарур ҳолларда ҳам яратилади.

Умумий қоида тариқасида, ҳарбий асирларнинг ёзишмалари уларнинг она тилида олиб борилади. Низолашаётган томонлар ёзишмалар бошқа тилларда ҳам олиб борилишига рухсат этишлари мумкин.

Асирларнинг хатлари солинган қоплар пухта муҳрланиши, ичидаги нарсалар аниқ кўрсатилган ёрлиқларга эга бўлиши ва улар юборилаётган жойнинг тегишли почта бўлими манзилига жўнатилиши зарур.

 

72-модда

Ҳарбий асирларга почта орқали ёки бошқа ҳар қандай йўллар билан якка ўзи учун ёки жамоа учун посилкалар олишларига рухсат этилади; бундай посилкалар таркиби, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, дори-дармонлар ва уларнинг диний талабларини қондиришлари, таълим олишлари ёки ҳордиқ чиқаришлари учун мўлжалланган нарсалар, жумладан, китоблар, ибодат буюмлари, илмий ишлар учун асбоблар, имтиҳон материаллари, мусиқа асбоблари, спорт жиҳозлари ва ҳарбий асирларнингўқишни давом эттириш ёки бадиий фаолият билан шуғулланишлари учун керакли материаллардан иборат бўлиши мумкин.

Бу посилкалар асирликда сақлаб турган Давлатни унинг зиммасига мазкур Конвенция томонидан юкланадиган мажбуриятлардан асло озод этмайди.

Ушбу посилкаларга нисбатан қўлланиладиган ягона чеклаш сифатида фақат ҳарбий асирлар манфаатларини назарда тутган ҳолда Ҳомий-Давлат томонидан таклиф қилинган ёки транспорт воситалари ёхуд алоқа воситаларининг фавқулодда равишда бандлиги туфайли фақатгина ўзларига тегишли жўнатмалар бўйича Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёхуд ҳарбий асирларга кўмаклашувчи бошқа ҳар қандай ташкилотлар томонидан таклиф этиладиган чеклашларгина амал қилиши мумкин.

Якка ва жамоавий посилкаларни жўнатиш тартиби, агар зарур деб топилса, манфаатдор Давлатлар ўртасида тузиладиган махсус битимлар мавзусини ташкил этиши керак. Бу битимлар ҳарбий асирларнинг ёрдам посилкалари олишларини тўхтатиб қолишлари мутлақо мумкин эмас. Китоблар озиқ-овқатлар ва кийим-кечаклар солинадиган посилкаларга жойлаштирилмаслиги лозим. Тиббий материаллар, одатда, жамоавий посилкалар таркибида жўнатилиши керак.

 

73-модда

Манфаатдор томонлар ўртасида жамоавий ёрдам посилкаларини олиш ва тақсимлаш тартиби тўғрисида махсус битимлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, мазкур Конвенцияга илова қилинган жамоавий посилкаларга доир қоидалар қўлланилади.

Юқорида тилга олинган махсус битимлар ваколатли шахсларнинг ҳарбий асирлар учун келиб тушган жамоавий посилкаларни қабул қилиб олиш, уларни тегишлича тақсимлаш ёки ҳарбий асирлар манфаати йўлида ишлатиш борасидаги ҳуқуқларини чеклаб қўйиши мутлақо мумкин эмас.

Ушбу битимлар билан жамоавий посилкаларни уни олувчилар ўртасида тақсимлаш жараёнини назорат қилиш ҳуқуқи, яъни Ҳомий-Давлат, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки асирларга кўмаклашувчи ва тегишли посилкаларнинг топширилиши учун масъул ҳисобланган бошқа ҳар қандай ташкилотларнинг вакиллари фойдаланадиган ҳуқуқ чеклаб қўйилиши мумкин эмас.

 

74-модда

Ҳарбий асирларга мўлжалланган ҳар қандай ёрдам посилкалари божхона йиғими ва бошқа хил йиғимлардан озод этилади.

Ҳарбий асирлар номига жўнатилган ёки уларнинг ўзи бевосита почта орқали жўнатган ёки 122-моддада кўзда тутилган Маълумотлар Бюроси орқали ёхуд 123-моддада кўзда тутилган ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентлик орқали жўнатилган ёзишмалар, ёрдам посилкалари ва рухсат этилган пул жўнатмалари уларни жўнатган ва қабул қилиб оладиган мамлакатларда ҳам, оралиқ мамлакатларда ҳам барча почта йиғимларидан озод қилинади.

Вазни оғирлиги ёки бошқа бирон-бир сабабга кўра почта орқали жўнатиш мумкин бўлмаган ҳарбий асирларга мўлжалланган ёрдам посилкаларини асирларга юбориш бўйича сарф-харажатлар асирликда сақлаб турган Давлат назорати остида бўлган барча ҳудудларда ушбу Давлат томонидан қопланади. Конвенция иштирокчилари ҳисобланган бошқа Давлатлар посилкаларнинг ўзларига тегишли ҳудудлардан ташиб ўтилиши билан боғлиқ харажатларни қоплайди

Манфаатдор Давлатлар ўртасида махсус битимлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, юқоридаги имтиёзлар таъсир доирасига кирмайдиган бундай посилкаларни ташиш харажатлари жўнатувчи томонидан тўланади.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳарбий асирларга юборилган ёки улар жўнатадиган телеграммалар баҳосини иложи борича камайтиришга ҳаракат қиладилар.

 

75-модда

Агар ҳарбий операциялар манфаатдор Давлатларга 70, 71, 72 ва 77-моддаларда қайд этилган посилкаларни ташиш билан боғлиқ ўз мажбуриятларини бажаришларига халал берса, у ҳолда манфаатдор Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки низолашаётган томонлар эътироф этган бошқа ҳар қандай ташкилот тегишли транспорт воситалари (вагонлар, юк машиналари, кема ёки самолётлар ва шу каби бошқа воситалар) ёрдамида ушбу посилкаларни ташишни таъминлаш билан шуғулланишлари мумкин. Шу мақсадда Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур транспорт воситаларини ажратишга ва уларнинг ҳаракатланиши учун, хусусан, бунинг учун зарур бўлган рухсатномалар бериш йўли билан, ижозат беришга ҳаракат қилади.

Ушбу транспорт воситалари, шунингдек, қуйидагиларни ташиш учун ишлатилиши мумкин:

a)      123-моддада кўрсатилган Марказий Маълумотлар Агентлиги ва 122-моддада назарда тутилган миллий бюролар томонидан алмашинадиган ёзишмалар, рўйхатлар ҳамда маърузалар;

b)      Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёхуд ҳарбий асирларга кўмаклашувчи бошқа ҳар қандай ташкилотлар ўз вакиллари, шунингдек, низолашаётган томонлар билан алмашинадиган ҳарбий асирларга тааллуқли ёзишмалар ва маърузалар.

Мазкур қоидалар низолашаётган томонлардан биронтасининг ўзи лозим топган бошқа хил транспорт воситалари билан таъминлаш ёки ўзаро битим асосида белгилаб қўйилган шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда рухсатномалар бериш билан боғлиқ ҳуқуқларини мутлақо чеклаб қўймайди.

Махсус битимлар мавжуд бўлмаса, мазкур транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тегишли хизматлардан манфаатдор ҳисобланувчи фуқаролар мансуб бўлган низолашаётган томонлар мутаносиб равишда тўлайдилар.

 

76-модда

Ҳарбий асирларга юборилган ёки уларнинг ўзлари жўнатган ёзишмаларни цензурадан ўтказиш жараёни иложи борича қисқа муддатлар ичида амалга оширилиши керак. Бундай назорат жўнатувчи ва олувчи Давлатларнинг ҳар бири томонидан фақат бир мартадангина амалга оширилади.

Ҳарбий асирларга жўнатилган посилкаларни кўздан кечириш ундаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланишига зиён етказмайдиган шарт-шароитларда ва адресат ёки унинг тегишли тартибда вакил этилган ўртоғи ҳузурида амалга оширилиши зарур; матбаа ҳамда ёзма материалларни кўздан кечириш бундан мустасно. Асирларга жўнатилган якка ёки жамоавий посилкаларнинг берилишини цензура билан боғлиқ қийинчиликларни сабаб қилиб, кечиктириш мумкин эмас.

Низолашаётган томонлар ҳарбий ёки сиёсий сабабларга кўра жорий этадиган ёзишмаларга оид ҳар қандай тақиқ фақатгина вақтинчалик аҳамият касб этиши ва унинг амал қилиш муддати иложи борича қисқа бўлиши керак.

 

77-модда

Асирликда сақлаб турган Давлатлар ҳарбий асирларга юборилган ёки улар жўнатган актлар, қоғозлар ва ҳужжатларни, хусусан, ишонч қоғозлари ҳамда васиятномаларни Ҳомий-Давлатлар ёки 123-моддада кўзда тутилган ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентлик орқали жўнатиш учун барча шароитларни яратадилар.

Асирликда сақлаб турган Давлатлар барча ҳолатларда ҳарбий асирларга ушбу ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам кўрсатадилар, хусусан, уларнинг юрист билан маслаҳатлашишига рухсат берадилар ва асирларнинг имзоларини тасдиқлашни таъминлаш учун зарур чораларни кўрадилар.

 

VI  қ и с м

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ МАЪМУРЛАР БИЛАН

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ

 

I  б о б

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ АСИРЛИК ТАРТИБИ ХУСУСИДАГИ ШИКОЯТЛАРИ

 

78-модда

 

Ҳарбий асирлар асирликда сақлаб турган Давлат ҳарбий маъмурларига ўзлари учун белгиланган асирликда бўлиш тартиби юзасидан илтимосномалар тақдим этиш ҳуқуқига эгадир.

Улар, шунингдек, ваколатли шахс орқали ёки, агар лозим топсалар, шахсан Ҳомий-Давлатлар вакилларига асирликда тутиш тартибининг ўзлари шикоят қилаётган жиҳатларига эътибор қаратиш мақсадида ҳеч қандай чеклашларсиз мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Ушбу илтимосномалар ва шикоятларга 71-моддада кўрсатилган ёзишмалар улушининг муайян қисми сифатида қаралиши ёки чекланиши мумкин эмас. Улар зудлик билан берилиши лозим. Улар ҳатто асоссиз деб топилган тақдирда ҳам, ҳеч қандай жазо қўллаш учун сабаб бўлмаслиги керак.

Ваколатли шахслар Ҳомий-Давлатлар вакилларига вақти-вақти билан лагерлардаги аҳвол ва ҳарбий асирларнинг эҳтиёжлари тўғрисида маълумотлар юбориб туришлари мумкин.

 

II  Б О Б

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ВАКИЛЛАРИ

 

79-модда

Офицерлар жойлашган жойлардан ташқари, барча ҳарбий асирлар жойлашган жойларда ҳарбий асирлар ҳар олти ойда, шунингдек, бўш жойлар пайдо бўлган ҳолларда эркин, яширин овоз бериш йўли билан ўз ваколатли шахсларини сайлаб оладилар. Бу ваколатли шахсларга ҳарбий маъмурлар, Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси олдида ва уларга кўмаклашадиган бошқа ҳар қандай ташкилотлар олидида ҳарбий асирлар номидан вакиллик қилиш вазифаси топширилади. Улар қайта сайланишлари мумкин.

Офицерлар ва уларга тенглаштирилган шахслар лагерларида ёки аралаш лагерларда унвони юқори ва хизмат муддати кўп бўлган асир офицер ваколатли шахс сифатида эътироф этилади. Офицерлар лагерларида унга офицерлар томонидан сайланган бир ёки бир неча маслаҳатчилар кўмаклашади; аралаш лагерларда эса унинг ёрдамчиларини офицер бўлмаган ҳарбий асирлар ўз ораларидан танлайдилар.

Ҳарбий асирларнинг меҳнат лагерларига ҳарбий асирлар зиммасига юкланадиган маъмурий вазифаларни бажаришлари мумкин бўлиши учун улар билан бир хил фуқароликка эга бўлган асир офицерлар жойлаштирилади. Ушбу офицерлар мазкур модданинг биринчи хатбоши қоидаларига мувофиқ равишда ваколатли шахс лавозимига сайланишлари мумкин. Бу ҳолда ваколатли шахснинг ёрдамчилари офицер бўлмаган ҳарбий асирлар орасидан сайланади.

Сайланган ҳар қандай ваколатли шахс ўз вазифаларини бажаришга киришишдан аввал асирликда сақлаб турган Давлат тасдиғидан ўтиши зарур. Асирликда сақлаб турган Давлат асирликдаги ўртоқлари томонидан сайланган ҳарбий асирни тасдиқлашни рад этган тақдирда, у Ҳомий-Давлатга рад этишнинг сабабларини маълум қилиши керак.

Барча ҳолларда ваколатли шахснинг фуқаролиги, тили ва урф-одати ўзи вакил бўлган ҳарбий асирларнинг фуқаролиги, тили ҳамда урф-одатлари билан бир хил бўлиши керак. Шундай қилиб, фуқаролиги, тили ва урф-одатлари асосида лагернинг турли бўлимларига тақсимланган ҳарбий асирлар юқоридаги хатбошиларда қайд этилган қоидаларга мувофиқ равишда ҳар қайси бўлимда ўз ваколатли шахсига эга бўлади.

 

80-модда

Ваколатли шахслар ҳарбий асирларнинг жисмоний, маънавий ва ақлий соғломлигига ёрдам беришлари лозим.

Хусусан, агар асирлар ўз ўрталарида бир-бирларига ўзаро ёрдам тизимини ташкил этишга қарор қилсалар, мазкур Конвенциянинг бошқа қоидалари асосида зиммасига юкланган махсус вазифалардан қатъи назар, бундай ташкилот тегишли ваколатли шахснинг измида бўлиши керак.

Ваколатли шахслар ҳарбий асирлар содир этган ҳуқуқбузарликлар учун фақат ўз вазифаларига кўра жавобгар бўлмайдилар.

 

81-модда

Ваколатли шахслар, агар бу уларнинг ўз вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қиладиган бўлса, бошқа ҳеч қандай ишларни бажаришга мажбур этилмайдилар.

Ваколатли шахслар ҳарбий асирлар орасидан ўзларига зарур ёрдамчилар тайинлашлари мумкин. Уларга ўз вазифаларини бажаришлари (ишчи командаларига бориш, ёрдам посилкаларини қабул қилиш ва ҳоказолар) учун амалда барча зарур имкониятлар, хусусан, муайян даражада ҳаракатланиш эркинлиги берилади.

Ваколатли шахсларга ҳарбий асирлар интернирланган жойларни бориб кўришга рухсат этилиши керак; бунда асирлар ўзларининг ваколатли шахслари билан эркин маслаҳатлашиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Худди шу тарзда ваколатли шахсларга уларни асирликда сақлаб турган ҳарбий маъмурлар, Ҳомий-Давлатлар, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва унинг вакиллари, аралаш тиббиёт комиссиялари, шунингдек, ҳарбий асирларга ёрдам берувчи бошқа ҳар қандай ташкилотлар билан почта ва телеграф орқали ёзишмалар олиб боришлари учун барча имкониятлар яратиб берилади. Ишчи командаларнинг ваколатли шахслари асосий лагернинг ваколатли шахси билан ёзишмаларида худди шундай имтиёзлардан фойдаланадилар. Бу ёзишмалар учун ҳеч қандай чеклашлар белгиланмайди ва уларга 71-моддада кўрсатилган ёзишмалар улушининг муайян қисми сифатида қараш мумкин эмас.

Ҳеч бир ваколатли шахсни, унга ўз ўрнига келадиган вакилни иш йўриғидан тегишлича хабардор қилиши учун етарли вақт ажратмасдан туриб, бошқа жойга ўтказиш мумкин эмас.

Ваколатли шахс ўз вазифасидан четлатилган тақдирда, бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида Ҳомий-Давлатга маълум қилинади.

 

 

III  Б О Б

 

ЖИНОИЙ ВА ИНТИЗОМИЙ ЖАЗО

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

82-модда

Ҳарбий асирлар уларни асирликда сақлаб турган Давлатнинг қуролли кучларида амалда бўлган қонунлар, низомлар ва буйруқларга бўйсунадилар. Асирликда сақлаб турган Давлат ана шу қонунлар, низомлар ва буйруқларни бузган ҳар қандай ҳарбий асирга нисбатан судлов ёки интизомий жазо қўллаш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо мазкур боб қоидаларига зид бўлган судлов ҳаракатлари ва жазолашларга йўл қўйиш мумкин эмас.

Агар асирликда сақлаб турган Давлатнинг қонунлари, низомлари ва буйруқларида ҳарбий асирлар томонидан содир этилган муайян ҳаттиаракат учун жазо эълон қилинса-ю, асирликда сақлаб турган Давлатнинг қуролли кучларига мансуб бўлган шахсларга нисбатан худди шу ҳаттиаракат учун жазолаш кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда ҳарбий асирлар фақат интизомий жазога тортиладилар.

 

83-модда

Ҳарбий асирлар айбдор деб топилган жиноят ишларига нисбатан судлов ёки интизомий жазо чораларидан қайси бирини қўллаш лозимлиги билан боғлиқ масала ҳал этилаётганда, асирликда сақлаб турган Давлат тегишли маъмурлар ушбу масалани баҳолашда кўпроқ мурувват кўрсатишлари ва эҳтимол тутилган барча ҳолларда иложи борича судлов ҳаракатларидан кўра интизомий жазо чораларини қўллашларини назорат қилиши керак.

 

84-модда

Агар асирликда сақлаб турган Давлат қонунчилигида фуқаролик судларига ҳарбий асирларни айблашга сабаб бўлгани каби жиноятларни содир этган ушбу Давлат қуролли кучлари таркибига мансуб шахсларни суд қилиш бўйича махсус ҳуқуқ берилмаган бўлса, ҳарбий асирларни фақат ҳарбий судларгина суд қилиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳарбий асир судловнинг мустақиллик ва холислик каби омма томонидан эътироф этилган асосий кафолатларини бермайдиган ва, хусусан, ўз судлов фаолияти жараёнида судланувчини 105-моддада кўзда тутилган ҳуқуқлар ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминламайдиган ҳеч бир суд томонидан судланмаслиги лозим.

 

85-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат қонунчилигига биноан, асир олинишига қадар содир этган ҳаттиаракатлари учун таъқиб остига олинган ҳарбий асирлар, ҳатто судланган тақдирларида ҳам, мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланадилар.

 

86-модда

Ҳарбий асир ўзи содир этган битта ножўя ҳаттиаракат ёки битта айблов учун фақат бир марта жазоланиши мумкин.

 

87-модда

Асирликда сақлаб турган Давлатнинг ҳарбий маъмурлари ва судлари ҳарбий асирларни улар айбланишига сабаб бўлгани каби жиноятларни содир этган ушбу Давлат қуролли кучлари таркибига мансуб шахслар учун кўзда тутилган жазо чораларидан бошқа ҳеч қандай жазоларга ҳукм этмасликлари керак.

Асирликда сақлаб турган Давлатнинг судлари ёки маъмурлари жазо тайинлашда судланувчининг асирликда сақлаб турган Давлат фуқароси эмаслиги ва шу туфайли унинг бу давлатга нисбатан садоқат туйғуси билан боғланмаганлиги ҳамда ўзига боғлиқ бўлмаган вазият тақозосига кўра мазкур Давлат ҳукми остига тушиб қолганлиги каби фактларни иложи борича кўпроқ инобатга олишлари зарур. Улар ҳарбий асир содир этган тегишли ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган жазони юмшатиш имкониятига эга бўладилар ва бунда белгиланган энг кам жазо чорасини қўллашга амал қилишлари мажбурий эмас.

Алоҳида ҳарбий асирнинг айби учун жамоавий жазо чорасини татбиқ этиш, тан жазосини қўллаш, кундузги ёруғлик тушмайдиган хоналарга қамаш ва умуман, қийноқ ҳамда шафқатсизликнинг ҳар қандай турлари тақиқланади.

Асирликда сақлаб турган Давлат бирон-бир ҳарбий асирни унвонидан ёки ажратиш белгилари тақиб юриш ҳуқуқидан маҳрум эта олмайди.

 

88-модда

Интизомий ёки жиноий жазони ўтаётган офицер, унтер-офицер ёхуд аскар ҳарбий асирларга нисбатан асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучларида худди шундай жазо учун бу унвонларга тенг бўлганларга қўлланиладиган муомаладан кўра оғирроқ муомала қилиниши мумкин эмас.

Аёл ҳарбий асирлар асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучлари таркибидаги аёлларга нисбатан худди шундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазодан оғирроқ жазоларга ҳукм этилмаслиги ёки жазони ўташ чоғида уларга нисбатан кўзда тутилган муомаладан кўра оғирроқ муомалага дучор қилинмаслиги керак.

Аёл ҳарбий асирлар асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучлари таркибидаги худди шундай ҳуқуқбузарликлари юзасидан жазоланаётган эркакларга нисбатан оғирроқ жазоларга ҳукм этилиши ёки жазони ўташ чоғида уларга худди шундай ҳуқуқбузарликлари юзасидан жазоланаётган ана шу эркаклар учун кўзда тутилган муносабатлардан кўра оғирроқ муомала қилиниши мутлақо мумкин эмас.

Интизомий ёки жиноий жазони ўтаб чиққан ҳарбий асирлар билан бошқа ҳарбий асирларга қараганда ўзгача муносабатда бўлиш тақиқланади.

 

II. ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАР

 

89-модда

Ҳарбий асирларга нисбатан қуйидаги интизомий жазолар қўлланилиши мумкин:

1)      ҳарбий асирларга 60 ва 62-моддаларга мувофиқ пул таъминоти ва иш ҳақи ҳисобидан берилиши лозим бўлган аванснинг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда жарима солиш, бунда жазо муддати 30 кундан ошмаслиги керак;

2)      мазкур Конвенцияда кўзда тутилганидан ташқари қўшимча равишда берилган имтиёзларидан маҳрум этиш;

3)      бир кунда икки соатдан ошмаган навбатдан ташқари наряд бериш;

4)      қамаб қўйиш.

Учинчи бандда кўрсатилган жазо офицерларга нисбатан қўлланилмайди.

Интизомий жазолар ғайриинсоний, шафқатсиз ёки ҳарбий асирлар соғлиғи учун хавфли бўлиши асло мумкин эмас.

 

90-модда

Битта жазонинг давом этиш муддати ҳеч қачон 30 кундан ошмаслиги керак. Интизомий ножўя ҳаттиаракат содир этилган тақдирда, иш кўриб чиқилгунгача ёхуд интизомий жазо чораси тайинлангунгача олдиндан қамоқда ушлаб турилган муддат ҳарбий асир учун белгиланган жазо муддати ҳисобига киритилади.

Жазо чораси тўғрисида қарор чиқарилаётган пайтда ҳарбий асир бир йўла бир неча ножўя ҳаттиаракати юзасидан жавоб бераётган бўлса ҳам, бу ножўя ҳаттиаракатларнинг ўзаро боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслигидан қатъи назар, юқорида кўзда тутилган ўттиз кунлик энг кўп жазо муддати узайтирилиши мумкин эмас.

Интизомий жазо ҳақида қарор чиқарилган вақтдан уни бажаришгача бўлган муддат бир ойдан ошмаслиги керак.

Агар ҳарбий асирга янги интизомий жазо чораси белгиланса ва жазолардан бири ўн кун ва ундан ортиқ муддатга етса, уларнинг ҳар бирини ижро этиш оралиғида камида уч кун ўтиши керак.

 

91-модда

Қуйидаги ҳолларда ҳарбий асир қочишга эришган ҳисобланади:

1)      агар у ўзи мансуб бўлган Давлат ёки унга иттифоқчи Давлат қуролли кучларига бориб қўшилса;

2)      агар у асирликда сақлаб турган Давлат ёки унга иттифоқчи Давлатнинг ҳукми остида бўлган ҳудудни тарк этса;

3)      агар у ўзи мансуб бўлган Давлат ёки унга иттифоқчи Давлатнинг байроғи остида сузаётган ва асирликда сақлаб турган Давлатга тегишли ҳудудий сувларда турган кемага тушиб қолса, бу ҳолда мазкур кема асирликда сақлаб турган Давлатнинг назорати остида бўлмаслиги керак.

Ушбу модда мазмунига кўра қочишга эришган ҳарбий асирлар қайта асирга тушиб қолган тақдирда, улар қочганлиги учун ҳеч қандай жазога тортилмайдилар.

 

92-модда

Қочишга уринган ёки 91-модда мазмунига кўра қочиши муваффақиятли якунланмасдан ушлаб олинган ҳарбий асир бу ҳаттиаракати учун, ҳатто бундай ҳаракат такроран содир этилган бўлса ҳам, фақат интизомий жазога тортилади.

Қайтадан қўлга олинган ҳарбий асир кечиктирилмасдан тегишли ҳарбий маъмурлар ихтиёрига топширилиши керак.

Амалга ошмаган қочиш учун жазоланаётган ҳарбий асирлар, 88-модданинг 4-хатбошидан чекиниш тариқасида, алоҳида назорат остига олинишлари мумкин. Аммо бунда ана шу назорат уларнинг соғлиғига зиён етказмаслиги, ҳарбий асирлар лагерида амалга оширилиши ва мазкур Конвенцияда улар учун кўзда тутилган кафолатлардан биронтасининг бекор қилинишига сабаб бўлмаслиги лозим.

 

93-модда

Ҳарбий асир қочган ёки қочишга уринган пайтида содир этган ҳуқуқбузарликлари учун суд жавобгарлигига тортилган тақдирда, унинг қочиш ёхуд қочишга уриниш билан боғлиқ бўлган ҳаттиаракатлари, ҳатто бундай ҳаракат такроран содир этилган бўлса ҳам, айбни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қаралмаслиги керак.

83-моддада баён қилинган тамойилга кўра, ҳарбий асирлар томонидан ўзлари учун қочишни осонлаштиришдан иборат ягона мақсади йўлида содир этилган ҳамда инсонлар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи бирон-бир зўравонлик ҳаттиаракатлари билан бирга кечмаган жиноятлари учун, масалан, жамоа мулкига қарши жиноятлар, бойишни кўзламаган ҳолда ўғирлик қилиш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва улардан фойдаланиш, фуқаро кийимини кийиб юриш сингарилар учун фақат интизомий жазо чоралари қўлланилади.

Қочиш ёхуд қочишга уринишда бирга қатнашган ҳарбий асирлар ўзларининг ушбу ҳаттиаракатлари учун фақат интизомий жазога тортилиши мумкин.

 

94-модда

Қочган, аммо ушлаб олинган ҳарбий асир тўғрисида у мансуб бўлган Давлатга, агар унинг қочганлиги ҳақида аввал хабар қилинган бўлса, 122-моддада кўзда тутилган тартибга мувофиқ хабарнома жўнатилиши лозим.

 

95-модда

Интизомни бузишда айбланаётган ҳарбий асирлар фақат қуйидаги ҳоллардагина ҳукм чиққунига қадар суддан олдинги қамоқда сақланади: агар асирликда сақлаб турган Давлатнинг қуролли кучларга мансуб шахсларга нисбатан шунга ўхшаш ҳаттиаракатлари учун суддан олдинги қамоқда сақлаш чораси кўзда тутилган бўлса ёки бундай қамоқ чораси лагерда тартиб ва интизомни сақлаш манфаатлари нуқтаи назаридан зарур ҳисобланса.

Интизомий ҳаттиаракат содир этган барча ҳарбий асирлар учун суддан олдинги қамоқ муддати энг оз муддатгача қисқартирилади ва 14 кундан ошмайди.

Мазкур бобнинг 97 ва 98-моддалари интизомга зид ҳаттиаракати бўйича иши кўрилгунча суддан олдин қамоққа олинган ҳарбий асирларга нисбатан қўлланилади.

 

96-модда

Интизомни бузиш ҳисобланувчи ҳар қандай ҳаттиаракат зудлик билан текширилиши керак.

Судлов органлари ва олий ҳарбий маъмурлар ваколатига мансуб бўлган ҳолларни истисно этганда, интизомий жазо фақат лагерь бошлиғи сифатида интизомий жазо беришга ҳақли бўлган офицер ёхуд унинг вазифасини бажараётган ёки унга маъмурий ваколат топширилган масъул офицер томонидан белгиланиши мумкин.

Ҳеч қандай вазиятда бундай ваколат ҳарбий асирга топширилиши ва у томонидан мазкур ваколатнинг амалга оширилиши мумкин эмас.

Ҳар қандай интизомий жазо берилишидан олдин ҳарбий асир қайси ҳаттиаракати учун айбланаётганлиги тўғрисида батафсил маълум қилинади ва ўз ҳаттиаракатларини тушунтириб бериши ва ўзини ҳимоя қилиши учун имконият яратилади. Унга, хусусан, гувоҳларни чақиртириш ва зарур ҳолларда малакали таржимон хизматидан фойдаланиш учун рухсат этилади. Қарор айбланаётган ҳарбий асирга ва ваколатли шахсга эълон қилиниши лозим.

Лагерь бошлиғи бериладиган интизомий жазо чораларининг рўйхатини тузиши ва бу рўйхат Ҳомий-Давлат вакиллари танишишлари учун очиқ бўлиши керак.

 

97-модда

Ҳеч қандай шароитда ҳарбий асирлар интизомий жазони ўташ учун ахлоқ тузатиш муассасалари (қамоқхона, ахлоқ тузатиш колонияси, сургун қамоқхоналари ва бошқалар)га кўчирилиши мумкин эмас.

Интизомий жазо ўталадиган барча бинолар 25-моддада кўзда тутилган гигиена талабларига жавоб бериши керак. Жазони ўтаётган ҳарбий асирлар 29-моддага мувофиқ тарзда ўзларини озода сақлаш имконига эга бўлишлари лозим.

Офицерлар ва уларга тенглаштирилганлар унтер-офицерлар ва оддий аскарлар билан бирга битта хонада қамоқда сақланмаслиги керак.

Интизомий жазони ўтаётган аёл ҳарбий асирлар эркак ҳарбий асирлардан ажратилган ҳолда алоҳида хоналарда сақланиши ва бевосита аёлларнинг назорати остида бўлиши керак.

 

98-модда

Интизомий жазонинг қамоқда сақлаш тури қўлланилган ҳарбий асирлар мазкур Конвенциянинг қамоқда сақлаш туфайли қўлланилиши мумкин бўлмаган қоидаларидан ташқари, барча моддаларидан фойдаланишда давом этадилар. Уларни 78 ва 126-моддаларда кўзда тутилган ҳуқуқларидан маҳрум этиш мутлақо мумкин эмас.

Интизомий жазога тортилган ҳарбий асирлар ўз унвонлари туфайли эга бўлган имтиёзларидан маҳрум этилмайдилар.

Интизомий жазога тортилган ҳарбий асирлар ҳар куни жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва камида икки соат мобайнида очиқ ҳавода бўлиш имкониятига эга бўладилар.

Уларга, илтимосларига кўра, кундалик тиббий кўрикдан ўтишга рухсат этилади. Уларга соғлиғи тақозо қиладиган тиббий ёрдам кўрсатилади, зарурат туғилган ҳолларда эса, улар лагерь лазаретига ёки госпиталига ётқизиладилар.

Уларга ўқиш ва ёзиш, шунингдек, хат олиш ва жўнатиш учун рухсат берилади. Аммо уларга посилкалар ва почта орқали юборилган пуллар берилиши жазони ўташ муддати тугагунча тўхтатиб турилиши мумкин. Бундай нарсалар жазо муддати давомида ваколатли шахсга топширилади, у эса ушбу посилкалар ичидаги тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини лазаретга беради.

 

III. СУДЛОВ ҲАРАКАТЛАРИ

 

99-модда

Бирон-бир ҳарбий асир асирликда сақлаб турган Давлатнинг амалдаги қонунчилигига ёки халқаро ҳуқуқ қоидаларига кўра жазога лойиқ топилмайдиган ҳаттиаракати учун судга тортилиши ёхуд жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас.

Ўзи айбланаётган ҳаттиаракатни содир этишда айбдорликни тан олдириш мақсадида ҳарбий асирга нисбатан ҳеч қандай руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилиши мумкин эмас.

Ҳеч бир ҳарбий асир, агар у ҳимояланиш имкониятига эга бўлмаган ва унга малакали ҳимоячи берилмаган бўлса, жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас.

 

100-модда

Ҳарбий асирлар ва Ҳомий-Давлатлар асирликда сақлаб турган Давлат қонунчилиги бўйича ўлим жазоси қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида имкони бўлган заҳотиёқ хабардор қилинади.

Кейинчалик ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлатнинг розилигисиз бошқа бирон-бир ҳуқуқбузарлик учун ўлим жазоси белгиланиши мумкин эмас.

Агар суднинг эътибори 87-модданинг 2-хатбошига мувофиқ равишда айбланувчининг асирликда сақлаб турган Давлат фуқароси эмаслиги ва шу туфайли ушбу Давлатга нисбатан садоқат бурчи билан боғланмаганлиги ва ўз хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган шарт-шароитлар туфайли унинг ҳукми остида экани каби ҳолатларга алоҳида қаратилган бўлсагина, ҳарбий асирга нисбатан ўлим жазоси ҳукми чиқарилиши мумкин.

 

101-модда

Ҳарбий асирга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ҳукми бу ҳақда ҳомий Давлат ўзи кўрсатган манзил бўйича 107-моддада кўзда тутилган батафсил маълумотни олган кундан эътиборан олти ойлик муддат ўтмагунига қадар ижро этилмайди.

 

102-модда

Ҳарбий асирга нисбатан чиқарилган суд ҳукми асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучлари таркибига мансуб шахслар учун ўрнатилган тартиб асосида ва уларни ҳукм қиладиган суд томонидан чиқарилган бўлса ва, бундан ташқари, мазкур боб қоидаларига амал қилинсагина, қонуний ҳисобланади.

 

103-модда

Ҳарбий асирга нисбатан ҳар қандай суд терговини вазият имкон берган даражада тез амалга ошириш ва суд жараёнини имкон қадар тезроқ бошлаш зарур. Агар суддан олдинги қамоқда сақлаш чораси ўхшаш ҳуқуқбузарликлар учун асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучларининг шахсий таркибига нисбатан қўлланилмаса ёки буни давлат хавфсизлиги манфаатлари тақозо этмаса, у ҳолда бирон-бир ҳарбий асир суддан олдинги қамоқда сақланмаслиги керак. Бундай қамоқ муддати ҳеч қандай ҳолатда уч ойдан ошмаслиги керак. Ҳарбий асирни суддан олдин қамоқда тутиш муддати у ҳукм қилинадиган озодликдан маҳрум этиш муддатига қўшиб ҳисобланиши ва жазо белгилаш вақтида эътиборга олиниши керак.

Суддан олдинги қамоқда сақланаётган ҳарбий асирлар мазкур бобнинг 97 ва 98-моддалари қоидаларидан фойдаланишда давом этадилар.

 

104-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат томонидан ҳарбий асирга нисбатан судлов ҳаракати қўзғатилган барча ҳолларда, у иложи борича қисқа фурсатда, аммо энг камида ишни судда кўриш бошланишидан уч ҳафта олдин бу ҳақда Ҳомий-Давлатни хабардор этади. Уч ҳафталик муддат Ҳомий-Давлат томонидан асирликда сақлаб турган Давлатга олдиндан маълум қилинган манзилга тегишли хабарнома етиб келган кундан бошланади.

Бу хабарномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

1) ҳарбий асирнинг фамилияси ва исми, унвони, шахсий номери, туғилган санаси, касби (агар бўлса);

2) интернирланган ёки қамоқда сақланаётган жойи;

3) айблов ёки айбловларнинг батафсил баёни ва қўлланилиши лозим бўлган қонун моддалари;

4) ишни кўриб чиқувчи суднинг номи ҳамда ишнинг кўрилиши бошланадиган вақт ва манзил.

Худди шундай хабарнома асирликда сақлаб турган Давлат томонидан ҳарбий асирларнинг ваколатли шахсига ҳам юборилади.

Агар ишни кўришнинг бошланишида Ҳомий-Давлат, ҳарбий асир ва тегишли ваколатли шахс юқорида кўрсатилган хабарномани ишнинг кўрилиши бошланишидан камида уч ҳафта илгари олганлиги ҳақидаги тасдиқ келиб тушмаса, у ҳолда иш кўрилмайди ва кечиктирилиши лозим.

 

105-модда

Ҳарбий асирга асирлар орасидаги ўртоқларидан бирининг ёрдамидан фойдаланиш, ўзи танлаб оладиган малакали адвокатга эга бўлиш, судга гувоҳларнинг чақирилишини талаб қилиш ва, агар у зарур деб ҳисобласа, малакали таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқлари берилади. У ушбу ҳуқуқлари тўғрисида ишни кўриш бошланишидан олдин асирликда сақлаб турган Давлат томонидан хабардор этилади.

Агар ҳарбий асир ўзига ҳимоячи танламаган бўлса, бунинг учун ажратиладиган бир ҳафталик муддат ичида ҳимоячини Ҳомий-Давлат тақдим қилади. Ҳомий-Давлатнинг илтимосига кўра, асирликда сақлаб турган Давлат унга ҳимояни таъминлашга қодир бўлган малакали шахсларнинг рўйхатини тақдим этади. Ҳарбий асир ва Ҳомий-Давлат томонидан адвокат танлаб олинмаган тақдирда, айбланувчини ҳимоя қилиш учун тегишли малакали адвокатни асирликда сақлаб турган Давлат расмий равишда тайинлайди.

Ҳимоячи айбланувчини ҳимоя қилишга тайёрланиш учун ишни кўриб чиқиш бошланишидан олдин камида икки ҳафта муддат унинг ихтиёрига берилади ва бунинг учун зарур бўлган имкониятлар яратилади, хусусан, у айбланувчини эркин кириб кўриш ва у билан гувоҳларсиз суҳбатлашиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, у ҳимоянинг ҳар қандай гувоҳлари, жумладан, ҳарбий асирлар билан кенгашиб олиши мумкин. У бундай имкониятлардан суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят бериш муддати тугагунга қадар фойдалана олади.

Айбланувчи ҳарбий асир суд мажлиси бошланадиган кундан анча олдин унга тушунарли тилда баён этилган айблов актини, шунингдек, асирликда сақлаб турган Давлатнинг қуролли кучларида амалда бўлган қонунлар асосида айбланувчига одатда маълум қилинадиган ҳужжатларни олади. Шу каби ҳужжатлар худди шундай шароитда унинг ҳимоячисига ҳам топширилиши керак.

Ҳомий-Давлатлар вакиллари, давлат хавфсизлиги манфаатлари сабабли истисно тариқасида суд мажлисларининг ёпиқ ўтказилишидан ташқари ҳолларда, суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бундай ҳолатларда асирликда сақлаб турган Давлат Ҳомий-Давлатни бу ҳақда огоҳлантириши лозим.

 

106-модда

Ҳар бир ҳарбий асир унга нисбатан чиқарилган ҳар қандай суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация аризаси бериш ёки ишнинг қайта кўрилишини сўраш борасида асирликда сақлаб турган Давлатнинг қуролли кучлари таркибига мансуб шахслар эга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир. У суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят қилиш ҳуқуқига эгалиги ва қайси муддатда бундай шикоят берилиши мумкинлиги тўғрисида тўла хабардор этилиши керак.

 

107-модда

Бирон-бир ҳарбий асирга нисбатан чиқарилган ҳар қандай суд ҳукми қисқа хабар тарзида зудлик билан Ҳомий-Давлатга етказилади, шунингдек, бу хабарда ҳарбий асир апелляция ёки кассация аризаси бериш ёхуд ишни қайта кўришни сўраш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги кўрсатилади. Бундай хабар тегишли ваколатли шахсга ҳам жўнатилади. Агар суд ҳукми ҳарбий асир йўқлигида чиқарилган бўлса, худди шундай хабар унга ҳам тушунарли тилда етказилади. Бундан ташқари, асирликда сақлаб турган Давлат Ҳомий-Давлатни ҳарбий асирнинг суд ҳукмидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик ҳақидаги муайян қароридан зудлик билан хабардор этади.

Бундан ташқари, агар суд ҳукми қонуний кучга кирган бўлса ва агар биринчи инстанциядаги суд томонидан чиқарилган ўлим жазоси ҳақидаги ҳукм бўйича гап бораётган бўлса, у ҳолда асирликда сақлаб турган Давлат Ҳомий-Давлатга иложи борича тезлик билан қуйидаги маълумотларни қамраб олувчи батафсил хабарнома жўнатади:

1) суд ҳукмининг аниқ матни;

2) суддан олдинги тергов ва суд жараёни тўғрисида айблов ва ҳимоя ҳолатлари алоҳида ажратиб кўрсатилган қисқача ҳисобот;

3) тегишли ҳолатларда суд ҳукми ижро этиладиган жойнинг кўрсатилиши.

Юқорида кўзда тутилган хабарлар асирликда сақлаб турган Давлат томонидан унга  олдиндан кўрсатилган манзил бўйича Ҳомий-Давлатга жўнатилади.

 

108-модда

Қонуний кучга кирган суд ҳукми асосида ҳарбий асирлар ўз жазо муддатларини асирликда сақлаб турган Давлат қуролли кучлари таркибига мансуб шахслар жазони ўтаётган жойларда ва улар билан бир хил шарт-шароитларда ўтайдилар. Бу шарт-шароитлар ҳар ҳолда гигиена ва инсонийлик талабларига жавоб бериши керак.

Шунга ўхшаш ҳукм қилинган аёл ҳарбий асир алоҳида хонада қамоқда сақланади ва аёл назоратчиларнинг кузатуви остида бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий асирлар мазкур Конвенциянинг 78 ва 126-моддаларидаги қоидалар ҳимоясида бўлади. Бундан ташқари, уларга хат-хабар олиш ва жўнатиш, камида ойда бир марта посилка олиш, очиқ ҳавода мунтазам сайр қилиш учун рухсат этилади; шунингдек, улар соғлиғи тақозосига кўра тегишли тиббий ва ўзлари истаган маънавий ёрдам оладилар. Уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо 87-модда учинчи хатбоши қоидаларига мос келиши керак.

 

IV  б ў л и м

 

Асирликнинг тугаши

 

I  қ и с м

 

ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ВАТАНИГА ҚАЙТАРИШ ВА

БЕТАРАФ МАМЛАКАТДА ГОСПИТАЛГА ЖОЙЛАШТИРИШ

 

109-модда

Ушбу модданинг учинчи хатбошида кўзда тутилган ҳолларни истисно этганда, низолашаётган томонлар кейинги модданинг биринчи хатбошига мувофиқ оғир беморлар ва жиддий яраланганларнинг аҳволи уларни ташишга имкон берадиган даражага келганидан сўнг, унвони ва сонидан қатъи назар, уларни ватанига қайтаришга мажбур бўладилар.

Ҳарбий ҳаракатлар даврида низолашаётган томонлар тегишли бетараф Давлатлар кўмагида кейинги модданинг иккинчи хатбошида кўрсатилган ярадор ва бемор ҳарбий асирларни бетараф мамлакатларда госпиталга жойлаштиришни ташкил этишга ҳаракат қиладилар. Бундан ташқари, улар узоқ муддат асирликда бўлган соғлом ҳарбий асирларни ватанига қайтариш ёки бетараф мамлакатда интернирлаш юзасидан битимлар тузиши мумкин.

Мазкур модданинг биринчи хатбошига мувофиқ ватанига қайтариш белгиланган бирон-бир ярадор ёки бемор ҳарбий асир ҳарбий ҳаракатлар даврида ўз хоҳишига зид равишда ватанига қайтарилиши мумкин эмас.

 

110-модда

Қуйидагилар тўғридан-тўғри ватанига қайтарилишлари лозим:

1) ақлий ёки жисмоний қобилияти жуда сустлашиб қолгани яққол кўриниб турган ҳамда тузалмайдиган ярадорлар ва беморлар;

2) врачларнинг ташхиси бўйича бир йил давомида соғайиб кетмайдиган, аҳволи парваришни тақозо этадиган, афтидан ақлий ёки жисмоний қобилияти жуда сустлашиб қолган ярадорлар ва беморлар;

3) даволанган, аммо ақлий ёки жисмоний қобилияти жуда ҳам ёки тамоман сустлашган ярадорлар ва беморлар.

Қуйидагилар бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштирилиши мумкин:

1) яраланган ёки касалланган кунидан эътиборан бир йил мобайнида шифо топиши мумкин бўлган ярадорлар ва беморлар, агар уларнинг бетараф мамлакатда даволаниши нисбатан самаралироқ ва тезроқ соғайиши учун имкон берса;

2) врачларнинг фикрига кўра, бундан кейин ҳам асирликда қолиши жисмоний ёки руҳий аҳволига жиддий хавф-хатар соладиган ва бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштирилиши бундай хатарнинг олдини олиши мумкин бўлган ҳарбий асирлар.

Бетараф мамлакат госпиталига жойлаштирилган ҳарбий асирлар ўз ватанига қайтарилиши учун уларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларнинг статуси манфаатдор Давлатлар ўртасида тузиладиган битимда белгилаб қўйилади. Одатда бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштирилган ҳарбий асирлардан қуйидаги тоифалари ватанига қайтариладилар:

1) соғлиғининг жуда ёмонлашуви тўғридан-тўғри ватанига қайтаришни тақозо этадиган кишилар;

2) ақлий ва жисмоний қобилиятининг сезиларли даражада пастлиги ҳатто даволанишдан сўнг ҳам сақланиб қолган кишилар.

Низолашаётган манфаатдор томонлар ўртасида тўғридан-тўғри ватанига қайтариш ёки бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш учун асос бўладиган ногиронлик ёхуд беъморлик ҳолатларини белгиловчи махсус битимлар мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай ҳолатлар мазкур Конвенцияга илова қилинган ярадор ва бемор ҳарбий асирларни тўғридан-тўғри ватанига қайтариш ва бетараф мамлакатнинг госпиталига жойлаштириш тўғрисидаги намунавий битимда ҳамда қўшма тиббий комиссиялар тўғрисидаги низомда баён этилган тамойиллар асосида аниқланади.

 

111-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат ва ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлат, шунингдек, ушбу икки Давлатнинг ўзаро муносабатга киришишига розилик билдирган бетараф Давлат уруш ҳаракатлари барҳам топгунга қадар ҳарбий асирларни мазкур бетараф Давлат ҳудудида интернирлаш имконини берадиган битимлар тузишга ҳаракат қиладилар.

 

112-модда

Можаро бошланишидаёқ бемор ва ярадор ҳарбий асирларни тиббиёт кўригидан ўтказадиган ва уларга тегишли барча зарур қарорларни қабул қиладиган қўшма тиббий комиссиялар тайинланиши зарур. Бу комиссияларнинг тайинланиши, вазифалари ва фаолияти мазкур Конвенцияга илова қилинган низомга мувофиқ бўлиши керак.

Аммо асирликда сақлаб турган Давлат тиббий маъмурларининг фикрига кўра, жиддий яралангани ва оғир бетоблиги аниқ кўриниб турган ҳарбий асирлар қўшма комиссиянинг мажбурий кўригисиз ҳам ватанига қайтарилиши мумкин.

 

113-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат тиббий маъмурлари томонидан белгиланган ҳарбий асирлардан ташқари, қуйидаги тоифаларга мансуб ҳарбий асирлар ҳам юқоридаги моддада кўзда тутилган қўшма тиббий комиссия кўригидан ўтиш ҳуқуқига эга:

1) лагерда ишлайдиган ватандош врач ёки ҳарбий асирлар мансуб Давлатга иттифоқдош низолашаётган Давлатнинг фуқароси бўлган врач томонидан тавсия қилинган ярадорлар ва беморлар;

2) ўзларининг ваколатли шахси томонидан тавсия қилинган ярадорлар ва беморлар;

3) ҳарбий асирлар мансуб Давлат ёки шу Давлат томонидан эътироф этилган асирларга кўмаклашувчи ташкилот тавсия қилган ярадорлар ва беморлар.

Юқорида санаб ўтилган учта тоифадан биронтасига мансуб бўлмаган ҳарбий асирлар ҳам қўшма тиббий комиссия кўригига келиши мумкин, аммо улар юқоридаги тоифага мансуб шахслардан сўнг кўрикдан ўтказилади.

Қўшма тиббий комиссия кўригидан ўтаётган ҳарбий асирларнинг ватандоши бўлган врач ва уларнинг ваколатли шахслари ушбу кўрик жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

 

114-модда

Бахтсиз тасодифдан азият чекаётган ҳарбий асирлар ватанга қайтариш ёки бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш борасида мазкур Конвенциянинг таъсир доирасида бўлади, ўзининг бирон аъзосини қасддан жароҳатлаш ҳоллари бундан мустасно.

 

115-модда

Ватанига қайтариш ёки бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш учун кўзда тутилган барча шартларга тўлиқ жавоб берадиган бирон-бир ҳарбий асирни, унга нисбатан интизомий жазо қўлланилган бўлса, ўз жазо чорасини ўтаб бўлмаганлигини асос қилиб, ушлаб қолиш мумкин эмас.

Иши терговда бўлган ёки суд томонидан ҳукм этилган ҳарбий асирларни ватанига қайтариш ёхуд бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш белгиланган бўлса, улар тергов жараёни ёки жазо муддати ниҳоясига етмасдан туриб, асирликда сақлаб турган Давлатнинг тегишли розилиги асосида ватанига қайтарилиши ёхуд госпиталга жойлаштирилиши мумкин.

Низолашаётган томонлар тергов иши ёки жазо муддати ниҳоясига етгунига қадар ушлаб туриладиган шахсларнинг исм-фамилияларини бир-бирларига маълум қиладилар.

 

116-модда

Ҳарбий асирларни ватанига қайтариш ёки асирликда сақлаб турган Давлат чегарасидан бошлаб, бетараф мамлакатга кўчиришга доир сарф-харажатларни ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлат ўз зиммасига олади.

 

117-модда

Ватанига қайтарилган бирон-бир кишидан ҳақиқий ҳарбий хизматда фойдаланиш мумкин эмас.

 

II  қ и с м

 

ҲАРБИЙ ҲАРАКАТЛАР ТУГАГАНИДАН СЎНГ ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИ

ОЗОД ҚИЛИШ ВА ВАТАНИГА ҚАЙТАРИШ

 

118-модда

Ҳарбий асирлар ҳарбий ҳаракатлар тугаши биланоқ озод қилинади ва кечиктирилмасдан ватанига қайтарилади.

Низолашаётган томонлар ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тугатиш бўйича тузилган битимга ушбу масалага тегишли қоида киритилмаган ёки бундай битим мавжуд бўлмаган тақдирда, асирликда сақлаб турган Давлатларнинг ҳар бири мустақил равишда юқоридаги хатбошида баён этилган тамойил асосида ҳарбий асирларни ватанига қайтариш режасини ишлаб чиқади ва зудлик билан бажаради.

Ҳар икки ҳолда ҳам ҳарбий асирлар кўрилган чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилинади.

Ҳарбий асирларни ватанига қайтариш билан боғлиқ сарф-харажатлар барча ҳолларда асирликда сақлаб турган Давлат билан ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлат ўртасида адолатли равишда тақсимланади.

Шу мақсадда тақсимот пайтида қуйидаги тамойилларга амал қилинади:

a)      агар ҳар икки Давлат ўзаро чегарадош бўлса, у ҳолда ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлат зиммасига асирликда сақлаб турган Давлат чегараси тугаган жойдан бошлаб ҳарбий асирларни ватанига қайтариш билан боғлиқ сарф-харажатлар юкланади;

b)      агар иккала Давлат ўзаро чегарадош бўлмаса, у ҳолда асирликда сақлаб турган Давлат зиммасига ҳарбий асирларни ўз ҳудуди бўйлаб чегарагача ёки ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлатнинг энг яқин ҳудудидаги жўнатиш манзилига қадар ташиб бориш харажатлари юкланади. Манфаатдор томонлар ҳарбий асирларни ватанига қайтариш билан боғлиқ бошқа сарф-харажатларни адолатли равишда тақсимлаш юзасидан ўзаро келишиб оладилар. Бу борада тузиладиган битимнинг ҳарбий асирларни ватанига қайтаришни тўхтатиб қолиш йўлидаги қандайдир ҳаракатларни оқлашга хизмат қилиши мутлақо мумкин эмас.

 

119-модда

Ватанига қайтариш мазкур Конвенциянинг 46-48-моддаларида белгиланган ҳарбий асирларни кўчириш тартибига ўхшаш шароитда ҳамда 118-модда ва қуйидаги хатбошиларнинг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Ватанига қайтаришда 18-моддага мувофиқ равишда ҳарбий асирлардан олиб қўйилган қимматбаҳо буюмлар ва асирликда сақлаб турган Давлат валютасига алмашилмаган хорижий валютадаги пул маблағлари уларга қайтариб берилади. Қандайдир сабабларга кўра ҳарбий асирларни ватанига қайтариш пайтида уларга қайтариб берилмаган қимматбаҳо буюмлар ва хорижий валютадаги пул маблағлари 122-моддада кўзда тутилган Маълумотлар Бюросига топширилади.

Ҳарбий асирларга шахсий буюмлари, ёзишмалари ва ўз номларига келган посилкаларни олиб кетишга рухсат этилади; ушбу буюмларнинг вазни ватанига қайтариш шароити тақозосига кўра ҳарбий асир бемалол кўтариши мумкин бўлган миқдоргача чекланиши мумкин; ҳар ҳолда ҳар бир ҳарбий асирга камида 25 килограмм юк олишга рухсат этилади.

Ватанига қайтарилаётган ҳарбий асирнинг бошқа шахсий буюмлари асирликда сақлаб турган Давлат ихтиёрида сақлаш учун қолдирилади; ушбу Давлат ҳарбий асир мансуб бўлган Давлат билан бу юкларни ташиш шартлари ва у билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартибини белгилаш тўғрисида битим тузиши биланоқ унга буюмларини жўнатиб юборади.

Жиноятлари учун жиноий иш қўзғатилган ҳарбий асирлар суд жараёни тугагунигача ёки тегишли ҳолатларда жазони ўтаб бўлгунига қадар ушлаб қолиниши мумкин. Бу қоида жиноятлари учун ҳукм қилинган ҳарбий асирларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Низолашаётган томонлар суд жараёни тугагунигача ёки жазони ўтаб бўлгунига қадар ушлаб қолинадига ҳарбий асирларнинг исм-фамилияларини бир-бирларига маълум қиладилар.

Низолашаётган томонлар мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган ҳарбий асирларни қидириш ва уларни қисқа муддатда ватанига қайтаришни таъминлаш мақсадида комиссия тузиш юзасидан ўзаро келишиб оладилар.

 

III  қ и с м

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИНГ ЎЛИМИ

 

120-модда

Ҳарбий асирларнинг васиятномалари ўз ватанлари қонунчилигида ҳақиқий деб тан олиниши учун қўйиладиган талабларга жавоб берадиган ҳолда тузилиши керак; улар мансуб бўлган Давлат бу талаблар ҳақидаги маълумотларни асирликда сақлаб турган Давлатга маълум қилиш учун зарур чораларни кўради. Ҳарбий асирларнинг илтимосига кўра ва уларнинг ўлимидан кейинги барча ҳолларда васиятнома зудлик билан Ҳомий-Давлатга етказилади ва унинг тасдиқланган нусхалари Марказий Маълумотлар Агентлигига жўнатилади.  

Мазкур Конвенцияга илова қилинган намуна асосида тузилган ўлим тўғрисидаги далолатномалар ёки асирликда ўлган барча шахсларнинг масъул офицер томонидан тасдиқланган рўйхатлари 122-моддага мувофиқ тузилган, ҳарбий асирлар ишлари бўйича Маълумотлар Бюросига иложи борича тезроқ жўнатилади. Ўлим тўғрисидаги далолатномалар ёки тасдиқланган рўйхатларда 17-модданинг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳарбий асирнинг шахсига доир тафсилотлар, шунингдек, ўлим юз берган вақт ва жой, ўлим сабаби, дафн қилинган вақти ва жойи, қабрни аниқлаш учун зарур бўладиган барча маълумотлар қайд этилиши керак.

Ҳарбий асирни дафн этиш ёки ўтда ёқишдан олдин унинг ўлганлигини қайд этиш ва далолатнома тузиш, шунингдек, зарур бўлган ҳолларда ўликнинг шахсини аниқлаш учун жасад тиббий кўрикдан ўтказилиши зарур.

Асирликда сақлаб турган маъмурлар асирликда вафот этган ҳарбий асирларнинг дафн маросими ҳурмат билан ва агар иложи топилса, улар мансуб бўлган диний урф-одатлар асосида амалга оширилишини, марҳумлар қабрлари ҳурмат қилинишини, тегишли равишда сақланиши ва уларни доимо қидириб топиш мумкин бўладиган тарзда белгиланишини таъминлаши керак. Иложи бўлса, муайян бир Давлатга мансуб ҳарбий асирлар вафот этган барча ҳолларда, уларнинг бари битта жойда дафн этилиши лозим.

Муқаррар шароит тақозосига кўра уларни биродарлик қабристонига қўйишни истисно этганда, вафот этган ҳарбий асирлар алоҳида қабрларда дафн этилиши керак. Жасадлар фақат қатъий гигиена талабларига кўра ёки марҳумнинг дини шуни талаб этса ёхуд унинг махсус васияти бўлса, ёқилиши мумкин. Ёқиш амалга оширилган тақдирда, ўлим тўғрисидаги гувоҳномада ёқиш факти ва унинг сабаблари қайд этилиши керак.

Қабрларни ҳар қандай пайтда топиш мумкин бўлиши учун дафн ва қабрлар ҳақидаги барча маълумотлар асирликда сақлаб турган Давлат ташкил этган Қабристон хизмати томонидан қайд этиб борилиши зарур. Қабрлар рўйхати ва қабристонларда ҳамда бошқа жойларда дафн этилган ҳарбий асирлар тўғрисидаги маълумотлар ушбу ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлатга жўнатилади. Бу қабрларга қараб туриш ва жасадларнинг кўчирилиши билан боғлиқ кейинги барча маълумотларни қайд этиб бориш масъулияти ушбу ҳудудни назорат остида сақлаётган ва мазкур Конвенция иштирокчиси ҳисобланган Давлат зиммасига юкланади. Ушбу қоидалар марҳум ҳарбий асир ватанининг хоҳиш-иродаси бўйича тақдири ҳал этилгунига қадар Қабристон хизмати ихтиёрида сақланадиган хоклар учун ҳам тааллуқлидир.

 

121-модда

Ҳарбий асирларга соқчи, бошқа ҳарбий асир ёхуд бошқа бирон-бир шахс томонидан етказилган ёхуд етказилганлиги гумон қилинаётган ҳар қандай жароҳат ёки ўлим ҳолати, шунингдек, номаълум сабабларга кўра юз берган барча ўлим ҳолатлари юзасидан асирликда сақлаб турган Давлат тезлик билан расмий тергов ишлари очиши лозим.

Бу ҳақда зудлик билан Ҳомий-Давлатга хабар берилади. Гувоҳлардан, айниқса ҳарбий асирлардан, кўрсатмалар олиниши ва ушбу гувоҳлик кўрсатмалари баён этилган ҳисобот Ҳомий-Давлатга жўнатилиши керак.

Тергов натижасида бир ёки бир неча шахсларнинг айбдорлиги аниқланган тақдирда, асирликда сақлаб турган Давлат айбдорни ёки айдорларни суд қилиш учун барча чораларни кўради.

 

V  б ў л и м

 

Маълумотлар бюроси ва

ҳарбий асирларга ёрдам жамиятлари

 

122-модда

Можаронинг бошиданоқ ва истило этиш билан боғлиқ барча ҳолатларда низолашаётган томонлардан ҳар бири ўз қўл остидаги ҳарбий асирлар ишлари бўйича расмий Маълумотлар Бюросини таъсис этади. 4-моддада кўрсатилган тоифалардан биронтасига мансуб шахсларни ўз ҳудудида қабул қилган бетараф ва урушмаётган Давлатлар ҳам ушбу шахсларга нисбатан юқоридаги тартибда иш тутади. Манфаатдор Давлат ҳарбий асирлар ишлари бўйича Маълумотлар Бюроси бюронинг муваффақиятли фаолиятини таъминлаш учун зарур бинолар, жиҳозлар ва ходимларга эга бўлишини назорат қилиши зарур. У мазкур Конвенциянинг ҳарбий асирлар меҳнатига оид қисмида кўзда тутилган шартларга мувофиқ тарзда ҳарбий асирлар меҳнатидан ушбу бюро фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Низолашаётган томонларнинг ҳар бири ушбу модданинг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида айтиб ўтилган барча маълумотларни, ўз ҳукми остига тушиб қолган ва 4-моддада кўрсатилган тоифалардан бирига мансуб бўлган ҳар бир душман шахс тўғрисидаги ахборотни ўзига тегишли Маълумотлар Бюросига имкон қадар тезлик билан маълум қилади.

Бетараф ва урушмаётган Давлатлар ўз ҳудудларига қабул қилинган мазкур тоифадаги шахсларга нисбатан шу тартибда йўл тутади.

Ушбу бюро, бир томондан, Ҳомий-Давлатлар ва, иккинчи томондан, 123-моддада кўзда тутилган Марказий Агентлик воситачилигида ушбу маълумотларни энг тезкор усуллар билан манфаатдор Давлатларга жўнатади.

Бу маълумотлар манфаатдор оилаларга зудлик билан хабар етказиш имконини беради. Унда 17-модда қоидаларига мувофиқ ҳолда ва Маълумотлар Бюросига маълум бўлган даражада ҳар бир ҳарбий асирнинг фамилияси, исми, унвони, шахсий номери, туғилган жойи ва санаси, у мансуб Давлат, отасининг исми ва онасининг қизлик фамилияси, хабардор этилиши лозим бўлган шахснинг исм-фамилияси ва турар-жой манзили, шунингдек, ҳарбий асирга хат-хабар жўнатиш мумкин бўлган манзил кўрсатилган бўлиши керак.

Маълумотлар Бюроси тегишли ваколатли органлардан ҳарбий асирнинг кўчирилиши, озод этилиши, ватанига қайтарилиши, қочиши, госпиталга жойлаштирилиши, вафот этиши билан боғлиқ барча ҳолатлар ҳақида маълумотларни олади ҳамда уларни юқоридаги учинчи хатбошида кўзда тутилган тартиб асосида жўнатади.

Худди шу тарзда оғир ярадор ва бемор ҳарбий асирларнинг аҳволи ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда, агар иложи бўлса, ҳар ҳафтада жўнатиб турилади.

Маълумотлар Бюроси ҳарбий асирлар, шу жумладан асирликда вафот этганлар юзасидан ўзига йўлланган барча сўровларга жавоб қайтаришга, шунингдек, сўралаётган, аммо бюрода мавжуд бўлмаган зарур маълумотларни олиш учун ҳар қандай сўровларни йўллашга мажбурдир.

Бюро юборадиган ҳар қандай ёзма маълумотлар имзо ва муҳр билан тасдиқланади.

Бундан ташқари, Маълумотлар Бюроси ҳарбий асирларнинг ватанига қайтарилиши, озод этилиши, қочиши ёки вафот этиши туфайли қолдирган барча қимматбаҳо шахсий буюмларни, жумладан асирликда сақлаб турган Давлат валютасидан бошқа ҳар қандай валютадаги пул маблағларини, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари учун муҳим ҳисобланган ҳужжатларни тўплаши ва манфаатдор Давлатларга топшириши шарт. Бу буюмлар бюро муҳри босилган пакетларда жўнатилади ва уларга ушбу буюмларнинг эгаси тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳамда пакетдаги буюмларнинг аниқ рўйхати кўрсатилган ҳужжат илова қилинади. Бундай ҳарбий асирларнинг бошқа шахсий буюмлари манфаатдор низолашаётган томонлар ўртасидаги келишув асосида топширилади.

 

123-модда

Ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Маълумотлар Агентлиги бетараф мамлакатда таъсис этилади. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, агар у зарур деб топса, манфаатдор Давлатларга шундай агентликни ташкил этишни тавсия қилади.

Ушбу агентлик зиммасига ҳарбий асирларга оид расмий тартибда ёки хусусий тарзда олинадиган барча маълумотларни жамлаш ва имкон қадар тезкорлик билан ҳарбий асирлар ватанига ёхуд улар мансуб бўлган Давлатга йўллаш вазифаси юкланади. Низолашаётган томонлар ушбу маълумотларни жўнатиш учун агентликка барча имкониятларни яратиб берадилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонларга ва, хусусан, фуқаролари Марказий Агентлик хизматидан фойдаланаётган Томонларга агентликка, унинг эҳтиёжига қараб, молиявий кўмак кўрсатиш таклиф қилинади.

Бу қоидалар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва 125-моддада қайд этилган ёрдам жамиятларининг инсонпарварлик фаолиятини чеклайди деган мазмунда талқин қилинмаслиги керак.

 

124-модда

Миллий Маълумотлар Бюроси ва Марказий Маълумотлар Агентлиги почта тўловларидан озод этилади ҳамда 74-моддада кўзда тутилган барча имтиёзлардан фойдаланади; шунингдек, уларга имконият борича телеграфдан бепул фойдаланиш ёки энг арзон нархларда ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилади.

 

125-модда

Асирликда сақлаб турган Давлатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур деб ҳисоблаб ёки бошқа ўринли эҳтиёжларини қондириш мақсадида кўрган чоралардан ташқари ҳолларда, диний ташкилотлар, ёрдам жамиятлари ва ҳарбий асирларга ёрдам берувчи бошқа ҳар қандай ташкилотлар вакиллари ушбу Давлатлардан ўзларига, шунингдек, тегишли тартибда рўйхатдан ўтган мухтор вакилларига ҳарбий асирларни бориб кўриш, улар ўртасида ёрдам посилкаларини ҳамда диний ва тарбиявий мақсадларга мўлжалланган ҳар хил буюмларни тақсимлаш, шунингдек, ҳарбий асирларнинг ўйин-кулгилари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкиллаштиришда кўмаклашиш учун керак бўлган барча зарур имкониятлар берилади. Юқорида тилга олинган жамиятлар ёки ташкилотлар асирликда сақлаб турган Давлат ҳудудида ёхуд бошқа мамлакатда таъсис этилган бўлиши, ёки халқаро мақомга эга бўлиши ҳам мумкин.

Асирликда сақлаб турган Давлат ўз ҳудудида ва ўз назорати остида ишлаши учун вакилларига рухсат этиладиган жамият ва ташкилотлар сонини чеклаб қўйиши мумкин. Бунда, ана шундай чекловлар барча ҳарбий асирларга етарли даражада ва амалий ёрдам кўрсатишга халал бермаслиги шарт.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг бу борадаги алоҳида мавқеи ҳар доим тан олиниши ва ҳурмат қилиниши керак.

Ҳарбий асирларга юқоридаги мақсадлар учун мўлжалланган посилкалар ёхуд буюмларни топшириш пайтида ёки ҳеч бўлмаганда, қисқа вақт ўтгандан сўнг уларни жўнатган ёрдам жамияти ёхуд тегишли ташкилот номига ҳар бир олинган посилка учун алоҳида ёзилган ва ҳарбий асирларнинг ваколатли шахси томонидан имзоланган тилхатлар жўнатилади. Шу билан бирга, асирларни ўз ихтиёрида сақлаётган маъмурий ҳокимият томонидан ҳам мазкур юклар юзасидан тегишли тилхатлар тақдим этилади.

 

 

VI  б ў л и м

 

Конвенциянинг бажарилиши

 

I  қ и с м

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

126-модда

Ҳомий Давлатларнинг вакиллари ёки делегатларига ҳарбий асирлар жойлаштирилган барча жойлар, хусусан, улар интернирланган жойларни, қамоқда сақланиш ва иш жойларини бориб кўришга рухсат этилади ва улар ҳарбий асирлар фойдаланадиган барча хоналарга кириш ҳуқуқига эга бўладилар; худди шунингдек, уларга бир жойдан бошқа жойга кўчирилаётган асирларнинг жўнатилиши, транзит ташилиши ёки келиб тушиши билан боғлиқ жойларни бориб кўришга ҳам рухсат этилади. Улар асирлар билан ва, хусусан, уларнинг ваколатли шахслари билан гувоҳларсиз, зарур бўлса, таржимон орқали суҳбатлашишлари мумкин.

Ҳомий-Давлатларнинг вакиллари ёки делегатларига хоҳлаган жойларни бориб кўришлари учун тўла эркинлик берилади; бундай бориб кўришларнинг сони ва муддати чеклаб қўйилмайди. Улар фақат қатъий ҳарбий зарурат сабабли ҳамда фақат истисно тариқасида ва муайян муддатга тақиқланиши мумкин.

Асирликда сақлаб турган Давлат ва ҳарбий асирлар мансуб бўлган Давлат тегишли ҳолларда ана шу бориб кўришда қатнашиш учун ҳарбий асирларнинг ватандошларига ҳам рухсат бериш тўғрисида ўзаро келишиб олишлари мумкин.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси вакиллари ҳам худди шу ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Бу вакилларни тайинлаш аҳволидан хабар олиш истаги билдирилаётган ҳарбий асирларни сақлаб турган Давлатнинг розилигига боғлиқ бўлади.

 

127-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам мазкур Конвенция матнини ўз мамлакатларида имкон қадар кенгроқ тарқатиш ва, хусусан, уни ўрганиш учун ҳарбий, мумкин бўлса, фуқаровий таълим соҳасининг ўқув дастурларига киритиш мажбуриятини зиммаларига оладилар, токи унинг тамойилларидан бутун аҳоли ва уларнинг барча қуролли кучлари хабардор бўлсин.

Уруш даврида ҳарбий асирлар учун жавобгар ҳисобланувчи ҳарбий ва бошқа маъмурлар Конвенция матнига эга бўлиши ва унинг қоидалари билан махсус таништирилиши керак.

 

128-модда

Олий  Аҳдлашувчи Томонлар Швейцария Федерал Кенгаши орқали, ҳарбий ҳаракатлар вақтида эса Ҳомий-Давлатлар орқали мазкур Конвенция таржималарининг расмий матнларини, шунингдек, унинг қўлланилишини таъминлаш мақсадида улар қабул қилишлари мумкин бўлган қонунлар ва қарорларни бир-бирларига етказадилар.

 

129-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз зиммаларига мазкур Конвенция қоидаларининг кейинги моддада кўрсатилган у ёки бу жиддий бузилишини содир этган ёки содир этишга буйруқ берган шахсларга самарали жиноий жазони таъминлаш учун зарур бўлган қонунчиликни кучга киритиш мажбуриятини оладилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири қоидаларнинг қуйида тилга олинган у ёки бу жиддий бузилишини содир этганликда ёки содир этишга буйруқ берганликда айбланаётган шахсларни қидириб топиш ва қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъи назар, уларни ўз судига топширишни зиммасига олади. Тегишли томон, агар хоҳласа, уларни ўз қонунчилигига мувофиқ бошқа манфаатдор Олий Аҳдлашувчи Томон ихтиёрига суд қилиш учун бериши ҳам мумкин. Бунинг учун ушбу Аҳдлашувчи Томон ана шу шахсларни айблаш учун асос бўла оладиган далилларга эга бўлиши керак.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири кейинги моддада айтиб ўтилган жиддий қоидабузарликлардан ташқари, мазкур Конвенция қоидаларига зид бўлган бошқа ҳар қандай ҳаттиаракатларга барҳам бериш учун зарур чораларни кўради.

Барча ҳолатларда айбланувчи шахслар тегишли суд процедураси ва ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатларидан фойдаланадилар. Бу кафолатларнинг ёрдами ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августда қабул қилинган Женева Конвенциясининг 105-моддасида ва ундан кейинги моддаларда кўзда тутилган кафолатлардан кам бўлмаслиги керак.

 

130-модда

Аввалги моддада айтилган жиддий қоидабузарликлар қаторига мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахслар ёки мол-мулкка қарши қаратилган ва қуйидаги ҳаракатларнинг бири билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик ҳаракатлари киради: қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ёки ғайриинсоний муносабатда бўлиш, шу жумладан, биологик тажрибалар ўтказиш, атайлаб оғир азоблаш ёки жиддий шикаст етказиш, соғлиққа зиён келтириш, ҳарбий асирни душман Давлатнинг қуролли кучлари сафида хизмат қилишга мажбурлаш ёки мазкур Конвенцияда кўзда тутилган тартибдаги беғараз ва нормал судлов ҳуқуқидан маҳрум этиш.

 

131-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бирига ўзини ёки бошқа Олий Аҳдлашувчи Томонни юқоридаги моддада кўзда тутилган қоидабузарликлар сабабли ўзига ёки бошқа Аҳдлашувчи Томонга юкланадиган жавобгарликдан халос этиш учун рухсат берилмайди.

 

132-модда

Низолашаётган томонлардан бирининг илтимосига биноан, Конвенция қоидаларининг бузилиши ҳақидаги ҳар қандай айблов юзасидан манфаатдор томонлар ўртасида белгиланадиган процедура тартибида текширув бошланиши лозим.

 Текширув процедураси ҳақидаги масала бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, томонлар ўзаро келишган ҳолда арбитр танлайдилар ва арбитр процедура масаласини ҳал этади.

Қоидабузарлик аниқланиши биланоқ низолашаётган томонлар унга барҳам берадилар ва имкон қадар қисқа фурсатда айбдорни жазолаш чораларини кўрадилар.

 

II қ и с м

 

ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

133-модда

Мазкур Конвенция француз ва инглиз тилларида тайёрланган. Ҳар икки тилдаги матн бир хил кучга эга.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенциянинг рус ва испан тилларига расмий таржималарини таъминлайди.

134-модда

Мазкур Конвенция Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги муносабатларда 1929 йил 27 июлдаги Конвенциянинг ўрнига ўтади.

 

135-модда

Қуруқликдаги уруш қонунлари ва удумлари тўғрисида 1899 йил 29 июлдаги ёки 1907 йил 18 октябрдаги Гаага Конвенцияси билан ўзаро боғланган ва мазкур Конвенция иштирокчилари бўлган Давлатлар ўртасидаги муносабатларда ушбу Конвенция юқорида тилга олинган Гаага Конвенцияларига илова қилинган Регламентнинг II бобини тўлдиради.

 

136-модда

Мазкур сана қўйилган ушбу Конвенция 1949 йил 21 апрелда Женевада очилган конференцияга вакил юборган барча Давлатлар, шунингдек, ушбу конференцияга вакил юбормаган бўлса-да, лекин 1929 йил 27 июлдаги Конвенцияда иштирок этган Давлатлар томонидан 1950 йилнинг 12 февралигача имзоланиши мумкин.

 

137-модда

Мазкур Конвенция имкон қадар тезроқ ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари сақлаш учун Бернга топширилади.

Ҳар бир ратификация ёрлиғини топшириш ҳақида протокол тузилади ва унинг тасдиқланган нусхаси Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча Давлатларга Швейцария Федерал Кенгаши томонидан топширилади.

 

138-модда

Мазкур Конвенция камида иккита ратификация ёрлиғи сақлаш учун топширилгандан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

Бундан кейин у ҳар қайси Олий Аҳдлашувчи Томон учун мазкур томоннинг ратификация ёрлиғи сақлашга топширилганидан сўнг орадан олти ой ўтгач, кучга кириб боради.

 

139-модда

Мазкур Конвенция кучга кирган кунидан эътиборан ушбу Конвенцияни имзоламаган ҳар қандай давлатнинг унга қўшилиши учун очиқ бўлади.

 

140-модда

Ҳар бир қўшилиш тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма равишда баёнот берилади ва ушбу баёнот олинган кунидан бошлаб олти ой вақт ўтгач кучга киради.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиши тўғрисида баёнот берган барча давлатларни қўшилганлик тўғрисида хабардор қилади.

 

141-модда

2 ва 3-моддаларда кўзда тутилган ҳолатлар ратификацияларнинг сақлашга топширилиши, шунингдек, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатлардан ёки истилодан олдин ёхуд кейин қўшилиш тўғрисида баёнот бериши билан дарҳол кучга киритилади. Швейцария Федерал Кенгаши низолашаётган томонлардан ратификациялар ёки қўшилиш ҳақида олинган баёнотлар тўғрисида энг тезкор йўллар билан хабар етказади.

 

142-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Конвенцияни денонсация қилиш имкониятига эга бўлади.

Денонсация тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма баёнот берилади ва у бу тўғрисида барча Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳукуматларини хабардор қилади.

Денонсация Швейцария Федерал Кенгашига бу ҳақда ёзма баёнот берилганидан сўнг бир йил ўтгачгина кучга киради. Аммо, тегишли Давлат можарода иштирок этаётган вақтда денонсация тўғрисида баёнот берган бўлса, у тинчлик битимига эришилмагунча ва ҳар ҳолда, мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахсларни озод этиш ва ўз ватанларига қайтариш бўйича ишлар тугалланмагунча кучга кирмаслиги керак.

Денонсация бу ҳақда баёнот берган Давлатга нисбатангина кучга эгадир. У низолашаётган томонлар зиммасига халқаро ҳуқуқ тамойилларидан келиб чиқиб юкланадиган мажбуриятларга ҳеч қандай таъсир этмайди, чунки бу мажбуриятлар маданиятли халқлар ўртасида қарор топган удумлар, инсонийлик қонун-қоидалари ва жамоатчилик виждон амридан келиб чиқади.

 

143-модда

Швейцария Федерал Кенгаши мазкур Конвенцияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятида рўйхатдан ўтказади. Швейцария Федерал Кенгаши, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятига мазкур Конвенция юзасидан олинган барча ратификациялар, қўшилишлар ва денонсация қилишлар тўғрисида хабар бериб боради.

Ушбуни тасдиқлаш учун қуйида имзо чекувчилар тегишли ваколатларни тақдим этган ҳолда мазкур Конвенцияни имзоладилар.

Женевада 1949 йил 12 августда француз ва инглиз тилларида тузилди; мазкур Конвенциянинг асл нусхаси Швейцария Конфедерацияси архивларида сақланади, Конвенциянинг тасдиқланган нусхалари эса Швейцария Федерал Кенгаши томонидан уни имзолаган ёки унга қўшилган ҳар бир Давлатга топширилади.

  

 

I  И Л О В А

 

ЯРАДОР ВА БЕМОР ҲАРБИЙ АСИРЛАРНИ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ

ВАТАНИГА ҚАЙТАРИШ ВА БЕТАРАФ МАМЛАКАТДА ГОСПИТАЛГА

ЖОЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ МАСАЛАЛАР БЎЙИЧА НАМУНАВИЙ БИТИМ

(110-моддага қаранг)

 

I. ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ВАТАНИГА ҚАЙТАРИШ ВА БЕТАРАФ МАМЛАКАТДА

ГОСПИТАЛГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАМОЙИЛЛАРИ

 

А. Тўғридан-тўғри ватанига қайтариш

Қуйидагилар тўғридан-тўғри ватанига қайтарилади:

1. Жароҳатланиш оқибатида қуйидаги шикастланишларга дучор бўлган барча ҳарбий асирлар: қўл-оёқлардан бирини йўқотиш, шол бўлиш, бўғимлар шикастланиши ва бошқа хил шикастланишлар, агар бу шикастланишлар камида бир қўл ёки бир оёқни йўқотишдан иборат бўлса ёхуд бир қўл ёки бир оёқни йўқотишга тенг бўлса.

Қуйидаги ҳолатлар бир қўл ёки бир оёқни йўқотишга тенг даражадаги шикастланишлар деб ҳисобланади (бу, айни чоғда, бундай ҳолатларни нисбатан кенг миқёсда талқин этиш мумкин эмас, деган маънони билдирмайди):

a)      қўлни, барча бармоқларни ёки бир қўлнинг кўрсаткич ва бош бармоғини йўқотиш, оёқ ёки оёқнинг барча панжалари ва бир оёқнинг кафтидаги суякларни йўқотиш;

b)      анкилоз, суяк тўқимасини йўқотиш, йирик бўғимлардан бирининг ёки бир қўл бармоқларидаги барча бўғимларнинг ҳаракатланишига халал берадиган чандиқли торайиш;

c)      узун суяклар сохта бўғими;

d)     синиш ёки бошқа хил жароҳат оқибатида юзага келадиган ва ҳаракат фаолиятининг ёхуд юк кўтариш қобилиятининг жиддий равишда камайиши билан кечадиган шикастланиш.

2. Аҳволи сурункали оғир тус олган ва даволанишига қарамасдан яраланган кунидан эътиборан бир йил муддат давомида саломатлигини тиклаш имконияти йўқлиги олдиндан маълум бўлган, масалан, қуйидаги ҳолатларга дучор бўлган барча ярадор ҳарбий асирлар:

a)      юракда снаряд парчаси мавжудлиги, гарчи қўшма тиббий комиссия тиббий кўрикдан ўтказишда жиддий касаллик борлигини аниқлай олмаган бўлса ҳам;

b)      мияда ёки ўпкада металл парчаси мавжудлиги, гарчи қўшма тиббий комиссия тиббий кўрикдан ўтказишда қисман ёки ялпи ҳолдаги кескин ўзгариш борлигини аниқлай олмаган бўлса ҳам;

c)      остеомиелит, унинг ярадорланиш кунидан эътиборан бир йил муддат давомида тузалиб кетишига ишонч бўлмаган ҳамда бу касаллик бўғимлар анкилозига ёки қўл ёки оёқни йўқотишга тенг даражадаги бошқа хил шикастланишларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар;

d)     йирик бўғимни тешиб ўтган ва унинг йиринглашига сабаб бўладиган жароҳатлар;

e)      бош суягидаги суяк тўқималарининг ишдан чиқиши ёки кўчиши билан кечадиган жароҳат;

f)       юз тўқималарининг ишдан чиқиши ва фаолиятининг бузилишига олиб келувчи жароҳат ёки куйиш;

g)      орқа миянинг жароҳатланиши;

h)      оқибатлари қўл ёки оёқни йўқотишга тенг бўлган ва даволаш жараёни яраланган кунидан эътиборан бир йилдан кўп муддатни талаб этадиган периферия нервларининг шикастланиши, масалан, елка ва бел-думғаза боғлами, оралиқ ва қуймич нервлар шикастланиши, шунингдек, билак ва тирсак нервлари ёки кичик болдир ва катта болдир нервларининг қурама шикастланиши. Билак, тирсак, кичик болдир ва катта болдир нервлари алоҳида ҳолда шикастланганлар, котрактур ва жиддий невротрофик касалланиш ҳолатларини истисно этганда, ватанига қайтариш учун тавсия этилмайди;

i)        сийдик чиқариш аъзолари фаолиятининг жиддий бузилишига олиб келувчи шикастланишлар.

3. Сурункали касалликка йўлиққан ва даволанишига қарамасдан яраланган кунидан эътиборан бир йил муддат давомида саломатлигини тиклаш имконияти йўқлиги тиббий хулосалар бўйича олдиндан маълум бўлган, масалан, қуйидаги ҳолатларга дучор бўлган барча ярадор ҳарбий асирлар:

a)      тананинг ҳар қандай аъзоси дучор бўлган сил касаллигининг ривожланиб бориши, тиббий хулосалар бўйича уни даволаш орқали саломатлигини тиклаш ёки бетараф мамлакатда даволаш ёрдамида аҳволини сезиларли даражада яхшилаш мумкин бўлмаган ҳоллар;

b)      экссудатив зотилжам;

c)      нафас йўлларининг сил билан боғлиқ бўлмаган ва даволаб бўлмайдиган жиддий касалликка чалиниши, масалан, ўпканинг жиддий эмфиземаси (бронхит билан биргаликда ёки алоҳида), сурункали астма[1], асирлик даврида бир йилдан зиёд давом этган сурункали бронхит1, бронхоэктазия1 ва бошқалар;

d)     қон айланиш органларининг жиддий сурункали шикастланиши, масалан, юрак клапанининг шикастланиши ва миокард1, бунда компенсациянинг бузилиш аломатлари асирлик даврида аниқланганда ва ҳатто қўшма тиббий комиссия кўрик пайтида бу аломатларнинг биронтасини аниқлай олмаса ҳам; юрак халтаси ва томирларнинг яллиғланиши (Бюргер касаллиги, йирик томирлар деворининг кенгайиши) ва бошқалар;

e)                 овқат ҳазм қилиш органларининг жиддий сурункали шикастланиши, масалан, ошқозон ёки ўн икки бармоқли ичак яраси; асирлик пайтида ошқозон атрофида амалга оширилган операция оқибатлари; сурункали гастрит, бир йилдан узоқ муддатга чўзилган ва саломатликни ёмонлаштираётган энтерит ёки колит; жигарнинг циррозли яллиғланиши; сурункали холецистопатия ва бошқалар;

f)                  таносил аъзоларининг жиддий сурункали шикастланиши, масалан, сурункали нефрит ва унинг оғир оқибатли ҳолати; силга чалинган буйракнинг олиб ташланиши; сурункали пиелит ёки цистит; гидро- ва пионефроз; жиддий сурункали гинекологик касалликлар; ҳомиладорлик ҳолати ҳамда у билан боғлиқ хасталиклар, агар бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш имкони бўлмаса, ва бошқалар;

g)                 марказий ва периферик асаб тизимларининг жиддий сурункали касалланиши, масалан, оғир тутқаноқ, асирда сақлангани оқибатида оғир психоневрозга чалиниш каби тегишли тартибда мутахассис томонидан аниқланган яққол намоён бўлувчи психоз ва психоневрозлар1; эпилепсиянинг лагердаги врач томонидан тегишли тартибда аниқланган ҳар қандай тури1, мия артериосклерози; бир йилдан узоққа чўзилган сурункали неврит ва бошқалар;

h)                 ақлий ва жисмоний қобилиятнинг жуда сустлашиб қолиши, сезиларли даражада вазн йўқотиш ва силла қуриши билан биргаликда кечадиган вегетатив асаб тизимининг жиддий сурункали касалланиши;

i)                   иккала кўзнинг ҳам кўрмаслиги ёки бир кўзнинг кўрмаслиги ҳолатида тузатувчи кўзойнак тақишига қарамай иккинчи кўзнинг кўриш қобилияти бирдан кам бўлиши; кўриш қобилиятининг камайиб кетиши ва кўриш қобилиятини бир кўзда бўлса ҳам 1/2 гача тиклаш имконияти бўлмаган ҳоллар1; кўзнинг бошқа хил жиддий шикастланишлари, масалан, глаукома, кўзнинг рангдор пардаси яллиғланиши, кўзнинг томир пўстлоғининг яллиғланиши, трахома ва бошқалар;

k)                 эшитиш қобилиятининг бузилиши, масалан, бир қулоқнинг бутунлай эшитмаслиги ҳолатида иккинчи қулоқ бир метрлик масофадан одатий овозда айтилган сўзларни илғай олмаслик ҳоллари ва бошқалар1;

l)                   модда алмашиниши билан боғлиқ оғир касалликлар, масалан, инсулин ёрдамида даволаш талаб этиладиган қандли диабет касаллиги ва бошқалар;

m)               ички секреция безлари билан боғлиқ оғир касалликлар, масалан, тиреотоксикоз, гипотиреоз, Аддисон касаллиги, Симмондс кахексияси, тетания ва бошқалар;

n)                 қон ҳосил қилувчи аъзоларнинг жиддий сурункали касалланиши;

o)                 жиддий сурункали интоксикация: қўрғошиндан заҳарланиш, симобдан заҳарланиш, морфинизм, кокаинизм, алкоголизм, газлардан ёки турли нурлар таъсири оқибатида заҳарланиш ва бошқалар;

p)                 ҳаракат аъзоларининг фаолияти бузилгани яққол кўзга ташланадиган сурункали касалликлар, масалан: деформацияланадиган артроз, сурункали ва зўраядиган, бирламчи ҳамда иккиламчи полиартритлар, оғир клиник кўринишдаги ревматизм ва бошқалар;

q)                 тузалмайдиган жиддий сурункали тери касалликлари;

r)                  барча хавфли шишлар, ўсмалар;

s)                  бошланганидан сўнг бир йилга чўзиладиган жиддий сурункали юқумли касалликлар, масалан: безгак, дизентерия, учинчи босқичдаги тузалмайдиган висцерал захм, мохов ва бошқалар;

t)                  жиддий авитаминозлар ва дистрофиялар.

 

В. Бетараф мамлакатларда госпиталга жойлаштириш

Қуйидагилар бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштириш учун тавсия этилади:

1. Асирликда тузалмайдиган, аммо бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштирилганда даво топиши ёки аҳволи жиддий яхшиланиши мумкин бўлган барча ярадор ҳарбий асирлар.

2. Асирга тушишига қадар даволанган биринчи босқичдаги сил касаллигини истисно этганда, сил касаллигининг ҳар қандай тури билан хасталанган, тегишли аъзосининг қай даражада зарарланганидан қатъи назар, бетараф мамлакатда даволаниши тўлиқ тузалишига ёки ҳеч бўлмаганда аҳволи сезиларли даражада яхшиланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳарбий асирлар.

3. Нафас йўллари, қон айланиши, овқат ҳазм қилиш, асаб тизими, сезги аъзолари, таносил-сийиш аъзолари, тери тизимлари ва ҳаракат аъзоларининг шикастланиши каби даволанишни талаб этадиган ҳар қандай касалликка чалинган ҳамда уларнинг асирликдагига нисбатан бетараф мамлакатда даволаниши яхшироқ натижалар бериши мумкин бўлган ҳарбий асирлар.

4. Асирликда буйракнинг сил билан боғлиқ бўлмаган шикастланиши оқибатида буйракни олиб ташлаш операциясини бошдан кечирган, даволаниш босқичидаги ёхуд яширинча шаклдаги остеомиелит, инсулин билан даволаш талаб қилинмайдиган қандли диабет ва шу каби бошқа касалликларга чалинган ҳарбий асирлар.

5. Асирлик ёки уруш оқибатида невроз хасталигига чалинган ҳарбий асирлар.

Асирлик туфайли келиб чиққан неврозга чалинган беморлар бетараф мамлакатда уч ой госпиталда ётганидан сўнг тузалиб кетмаса ёки тўлиқ соғайишига умид бўлмаса, улар шу муддат тугаши билан ватанига қайтариб юборилиши керак.

6. Сурункали заҳарланишдан (газлар, металлар, алкалоидлар ва бошқалардан) азоб чекаётган ва келгусида бетараф мамлакатда даволаниши яхши натижа бериши мумкин бўлган барча ҳарбий асирлар.

7. Барча ҳомиладор аёл ҳарбий асирлар ва эмизикли ҳамда ёш болалари бор оналар.

Қуйидагилар бетараф мамлакатда госпиталга жойлаштирилмайди:

1. Тегишли тартибда аниқланган сурункали психоз касаллигига чалинганларнинг барчаси.

2. Даволаш мумкин эмас деб топилган асаб тизимининг органик ёки функционал касаллигига чалинганларнинг барчаси.

3. Юқумли касалликларга чалинганларнинг барчаси, силни истисно этганда, бу касалликлар хатарли ҳисобланган давр мобайнида.

 

II. УМУМИЙ МУЛОҲАЗАЛАР

1. Юқорида қайд этилган шартларнинг барчаси умуман имкон қадар кенг мазмунда талқин қилиниши ва қўлланилиши керак.

Айниқса, уруш ёки асирлик оқибатида юзага келган невропатия ёхуд психопатия касалликларига, шунингдек, барча босқичдаги сил касаллигига нисбатан худди шундай ёндашиш зарур. Кўп сонли жароҳатлар олган, аммо алоҳида ҳолда бу жароҳатларнинг биронтаси уларни ватанига қайтариб юбориш учун асос бўлиб хизмат қилмайдиган ҳолларда ҳам ҳарбий асирларга нисбатан шу тамойил қўлланилиши ва бунда жароҳатларнинг кўплиги оқибатида юзага келадиган руҳий шикастланиш ҳолатлари эътиборга олиниши керак.

2. Ампутация, тўла кўрлик ёки карлик, очиқ турдаги ўпка сили, руҳий хасталиклар, хавфли шишлар каби тўғридан-тўғри ватанига қайтариш учун шак-шубҳасиз ҳуқуқ берувчи барча ҳолатларда беморлар лагерь врачи ёки асирликда сақлаб турган Давлат тасдиқлаган ҳарбий тиббий комиссиялар томонидан тегишли тиббий кўрикдан ўтказилади ва уларни имкон қадар тезроқ ватанига қайтариш белгиланади.

3. Урушгача орттирилган, аҳволи ёмонлашмаган жароҳатлар ҳамда касалликлар, шунингдек, уруш даврида дучор бўлган ва ҳарбий хизматга қайтиш учун халал бермаган жароҳатлар тўғридан-тўғри ватанига қайтариш ҳуқуқини бермайди.

4. Низолашаётган Давлатларнинг барчаси ушбу қоидаларни бир хил мазмунда талқин қилади ва қўллайди. Манфаатдор Давлатлар ва маъмурлар қўшма тиббий комиссияларга ўз вазифаларини адо этишлари учун зарур бўлган барча имкониятларни яратадилар.

5. Юқорида 1 рақами остида қайд этилган мисоллар фақат намунавий ҳолатлар ҳисобланади. Бу қоидаларга тўлиқ мос келмайдиган ҳолатлар мазкур Конвенциянинг 110-моддаси ва ушбу битим тамойиллари руҳида кўриб чиқилиши шарт.

 

 

 

II      И Л О В А

 

ҚЎШМА ТИББИЙ КОМИССИЯЛАР ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

(112-моддага қаранг)

 

1-модда

112-моддада назарда тутилган қўшма тиббий комиссиялар уч нафар аъзодан ташкил топиб, улардан икки нафари бетараф мамлакатлар фуқаролари бўлиши керак, учинчиси эса асирликда сақлаб турган Давлат томонидан тайинланади. Юқорида кўрсатилган иккита бетараф аъзолардан бири комиссияга раислик қилади.

 

2-модда

Бетараф аъзоларнинг иккаласи ҳам Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси томонидан Ҳомий-Давлат билан келишувга мувофиқ асирликда сақлаб турган Давлатнинг илтимоси асосида тайинланади. Улар ўз ватанида ҳам, бошқа бетараф мамлакатда ёки асирликда сақлаб турган Давлат ҳудудида ҳам яшаши мумкин.

 

3-модда

Бетараф аъзоларнинг номзодларини низолашаётган манфаатдор томонлар маъқуллаши керак ва улар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан Ҳомий-Давлатга ўз розилиги ҳақида маълум қиладилар. Бу шахслар бундай хабар келиши биланоқ ҳақиқатан тайинланган комиссия аъзолари деб ҳисобланади.

 

4-модда

Зарур ҳолларда комиссиянинг ҳақиқий аъзолари ўрнини босиш учун, бу аъзоларнинг тегишли миқдордаги ўринбосарлари ҳам тайинланади. Бундай тайинлаш ҳақиқий аъзоларни тайинлаш билан бир пайтда ёки шундан кейинги қисқа муддат ичида амалга оширилади.

 

5-модда

Агар бирон-бир сабабга кўра Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси бетараф аъзоларни тайинлай олмайдиган бўлса, у ҳолда ушбу аъзоларни Ҳомий-Давлат тайинлайди.

 

6-модда

Имкон борича бетараф аъзоларнинг бири хирург, бошқаси эса терапевт бўлиши керак.

 

7-модда

Бетараф аъзолар низолашаётган томонлардан тўла мустақил бўладилар, низолашаётган томонлар эса улар ўз вазифаларини адо этиши учун барча имкониятларни яратишлари шарт.

 

8-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат билан келишувга мувофиқ Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси мазкур низомнинг 2- ва 4-моддаларида кўрсатилган тайинлашларни амалга оширишда манфаатдор шахсларнинг иш шароитларини белгилаши керак.

 

9-модда

Бетараф аъзолар маъқулланган пайтдан эътиборан қўшма тиббий комиссия имкон қадар тезроқ, ҳар ҳолда, маъқуллаш кунидан сўнг уч ойдан кечиктирмай, ўз ишини бошлаши керак.

 

10-модда

Қўшма тиббий комиссиялар Конвенциянинг 113-моддасида қайд этилган барча ҳарбий асирларни тиббий кўрикдан ўтказади ва ватанига қайтариш, ватанига қайтарилганлар рўйхатидан ўчириш ёки қарор қабул қилишни навбатдаги тиббий кўриккача кечиктириш юзасидан ўз таклифларини киритади. Қарорлар кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

 

11-модда

Тиббий кўрикдан сўнг бир ой давомида комиссия ҳар бир алоҳида ҳолат юзасидан қабул қилган қарори тўғрисида асирликда сақлаб турган Давлатга, Ҳомий-Давлатга ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига маълум қилиши керак. Қўшма тиббий комиссия, шунингдек, ўзи қабул қилган қарор тўғрисида тиббий кўрикдан ўтган ҳар бир ҳарбий асирга маълум қилади ва уларнинг ватанига қайтариш учун тавсия этилганларига мазкур Конвенцияга илова қилинган намунадагидек гувоҳнома беради.

 

12-модда

Асирликда сақлаб турган Давлат қўшма тиббий комиссиянинг қарорини бу ҳақда тегишли тартибда хабардор этилганидан сўнг уч ой муддат ичида бажариши шарт.

 

13-модда

Агар муайян бир мамлакатда қўшма тиббий комиссия фаолият кўрсатиши зарур деб топилса-ю аммо бу мамлакатда бетараф Давлат фуқароси ҳисобланган бирон-бир врач мавжуд бўлмаса ёки бирон-бир сабабга кўра бошқа мамлакатда яшаб турган ва бетараф Давлат фуқароси бўлган врачларни жўнатиш имконияти бўлмаса, у ҳолда асирликда сақлаб турган Давлат Ҳомий-Давлат розилиги асосида иш тутиб, қўшма тиббий комиссия фаолиятини бажарадиган ўз тиббий комиссиясини тузиши мумкин, аммо бундай комиссияга нисбатан мазкур низомнинг 1, 2, 3, 4, 5 ва 8-моддаларидаги қоидалар қўлланилмайди.

 

14-модда

Қўшма тиббий комиссиялар доимий асосда ишлайди ва белгиланган вақт оралиғида, камида олти ойда бир марта ҳар бир лагерни бориб кўради.

  

 

 

III  И Л О В А

 

ҲАРБИЙ АСИРЛАР УЧУН ЖАМОАВИЙ

ЁРДАМ ПОСИЛКАЛАРИГА ТААЛЛУҚЛИ ҚОИДАЛАР

(73-моддага қаранг)

 

1-модда

Ваколатли шахсларга уларнинг тасарруфида бўлган жамоавий ёрдам посилкаларини ўз лагерлари ҳисобида турган барча ҳарбий асирлар ўртасида, шу жумладан, госпиталларда, қамоқхоналарда ёки бошқа ахлоқ тузатиш муассасаларидаги ҳарбий асирлар ўртасида тақсимлаш учун рухсат этилади.

 

2-модда

Жамоавий ёрдам посилкаларини тақсимлаш хайрия берувчиларнинг кўрсатмаларига мувофиқ ва ваколатли шахслар ишлаб чиққан режа бўйича амалга оширилади; аммо тиббиёт материалларидан иборат посилкаларни тақсимлашни бош врач билан келишилган ҳолда амалга ошириш маъқул; госпиталлар ва лазаретларда бош врачлар юқорида қайд этилган кўрсатмалардан ўз беморларининг эҳтиёжлари талаб этган даражада чекинишлари мумкин. Шундай белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда, бу тақсимот ҳар доим адолатли тарзда амалга оширилиши зарур.

 

3-модда

Ваколатли шахслар ёки уларнинг ўринбосарларига ўзлари олган юкларнинг сифати ва миқдорини текширишлари ва ушбу масала юзасидан хайрия берувчиларга батафсил ҳисобот тайёрлашлари учун имконият яратиш мақсадида ўз лагерлари яқинидаги ёрдам посилкалари келиб тушадиган пунктларга чиқишга рухсат берилади.

 

4-модда

Ваколатли шахсларга жамоавий ёрдам юклари тақсимоти ўз лагерларининг барча бўлинмалари ва филиалларида уларнинг кўрсатмаларига мувофиқ тарзда амалга оширилганига ишонч ҳосил қилишлари учун керакли имконият яратилади.

 

5-модда

Ваколатли шахсларга жамоавий ёрдам юкларига (тақсимот, эҳтиёж, миқдор, ва бошқаларга) тааллуқли бўлган ва хайрия берувчиларга топшириладиган бланклар ва анкеталарни тўлдириш, шунингдек, бу бланкларни тўлдиришни ишчи командалардаги ваколатли шахсларга ёки лазаретлар ва госпиталларнинг бош врачларига топшириш учун рухсат берилади. Тегишли тартибда тўлдирилган бу бланклар ва анкеталар пайсалга солинмасдан хайрия берувчиларга етказилади.

 

6-модда

Жамоавий ёрдам юкларини ўз лагерларидаги ҳарбий асирлар ўртасида мунтазам равишда тақсимлаб туришни таъминлаш ва ҳарбий асирларнинг янги контингенти келиши муносабати билан пайдо бўладиган эҳтиёжларни қондириш учун ваколатли шахсларга жамоавий ёрдам юкларининг етарли миқдордаги заҳирасини ташкил қилиш ва сақлаб туришга рухсат этилади. Шу мақсадда улар тегишли омборларга эга бўлади; ҳар бир омбор иккита қулф билан қулфланади ва албатта, қулфлардан бирининг калити ваколатли шахсда, бошқасиники эса лагерь бошлиғида сақланади.

 

7-модда

Агар жамоавий ёрдам сифатида кийим-кечаклар жўнатилган бўлса, ҳар қайси ҳарбий асир камида тўлиқ комплект кийим-бошни ўз шахсий мулки сифатида сақлаб қолади. Ҳарбий асирлардан биронтаси бир комплектдан ортиқ кийим-кечакка эга бўлган ҳолларда ваколатли шахснинг нисбатан таъминланган кишилардан ортиқча буюмларни ёки сони меъёрдан ортиқ бўлган айрим нарсаларни (битта буюмни) олиб қўйишига, агар бу нисбатан кам таъминланган ҳарбий асирлар эҳтиёжини қондириш учун зарур деб топилса, рухсат этилади. Ваколатли шахс, айни чоғда, ич кийими, пайпоғи ёки оёқ кийими йўқ ҳарбий асирларни бошқа йўл билан таъминлашнинг имкони бўлмаган ҳоллардагина улар учун бошқалардан бундай буюмларнинг иккинчи комплектини олиши мумкин.

 

8-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар, хусусан, асирликда сақлаб турган Давлатлар кенг имкониятлар доирасида, шу билан бирга аҳолининг озиқ-овқат таъминотини тартибга солувчи кўрсатмаларни ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ҳудудларида ҳарбий асирлар ўртасида жамоавий ёрдам сифатида тақсимлаш учун зарур бўлган турли маҳсулотларни сотиб олишга рухсат этади; улар бундай сотиб олишни амалга ошириш мақсадида пул жамғармаларидан маблағ кўчирилишига ва техник ёки маъмурий тартибдаги бошқа молиявий тадбирларнинг ўтказилишига ҳам худди шу тарзда ёрдам берадилар.

 

9-модда

Юқорида баён этилган қоидалар ҳарбий асирларнинг лагерга етиб келгунларига қадар ёки кўчиш даврида жамоавий посилкаларни олиш ҳуқуқларига ҳам, Ҳомий-Давлат, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки ҳарбий асирларга кўмаклашувчи ва зиммасига бу юкларни топшириш вазифаси юкланган ҳар қандай бошқа ташкилотлар вакилларининг олувчилар ўртасида посилкаларни ўзлари маъқул кўрган ҳар қандай усулда тақсимлашни таъминлаш имкониятларига ҳам тўсқинлик қилмаслиги керак.

 


 

1 Р е п а т р и а ц и я – асирлар, қочоқлар ва кўчирилганларни ўз ватанига қайтариш. –Тарж.

[1] Қўшма тиббий комиссиянинг қарори кўп жиҳатдан лагердаги врачлар ва ҳарбий асирларга ватандош бўлган врачларнинг маълумотига ёхуд асирликда сақлаб турган Давлат мутахассис врачларининг текширувига асосланиши керак.

 

 

1 Қўшма тиббий комиссиянинг қарори кўп жиҳатдан лагердаги врачлар ва ҳарбий асирларга ватандош бўлган врачларнинг маълумотига ёхуд асирликда сақлаб турган Давлат мутахассис врачларининг текширувига асосланиши керак.

 

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати